«Нуроний» жамғармасида Ҳалима Худойбердиева билан учрашув бўлиб ўтди
Май 25, 2017
«Дунё ўзбеклари»дан:
Республика «Нуроний» жамғармасида Ўзбекистон халқ шоираси, «Эл юрт ҳурмати» ордени соҳибаси Ҳалима Худойбердиева билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда, айни пайтда, журналист Дилбар Маҳмудованинг — шоиранинг ҳаёти ва ижодига бағишланган «Ҳалима» номли янги китоби тақдимоти ҳам ўтказилди.
Учрашувни «Нуроний» республика жамғармаси фонди раиси, давлат ва жамоат арбоби Шуҳрат Жалилов олиб борди. Унда сўзга чиққан «Ҳалима» китоби муаллифи Дилбар Маҳмудова, шоира Шарифа Салимова, «Халқ сўзи» газетаси Бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов, «Нуроний» газетаси Бош муҳаррири Олимжон Ўсаров, таниқли ўзбек журналисти, устозимиз Шароф Убайдуллаевлар Ҳалима Худойбердиева ижоди, унинг ўзбек адабиётидаги ўрни ва нуфузи ҳақида жўшиб гапирдилар.
Ҳассос шоира Ҳалима Худойбердиевани соғинган халқ уни бутун диққат эътибори билан тинглади.
Учрашувда жумладан, таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев ҳам нутқ сўзлади. У кишининг ўзларига хос донишмандлик ва ажиб бир эҳтирос билан нутқ сўзлаганини эшитиб, юрагимда ажиб бир туйғулар бош кўтарди. Негаки, устозимиз Шароф Убайдуллаевнинг кейинги йигирма беш йилда илк маротаба расмий анжуманда иштирок этиши ва нутқ сўзлаши эди бу. Каримов даврида ҳақ сўзни айтувчи эл суйган инсонлар учун расмий минбар ва эшикларнинг тақа тақ ёпиб қўйилиши одат тусига кирган эди.
Янги давр келиб, энди бу адолатсизликлар секин аста барҳам топмоқди. Эл суйган тўғри сўз ва ҳур фикрли истеъдод соҳиблари яна халқимизга қайта бошлади.
Шуҳрат Жалилов Шароф акага: «Ўзбекистоннинг биринчи рақамли журналисти» деб бежиз сўз бермади. Дарҳақиқат, Шароф Убайдуллаевнинг нутқини залда йиғилганлар катта ҳаяжон ва меҳр билан тинглашди. Нотиқ ўз сўзида Сирдарёнинг Боёвутида туғилиб ўсган жажжигина қизалоқнинг Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов назарига тушиб, ўзбек шеъриятининг Нодира-ю, Увайсийлардан кейинги маликасига айлангани, босиб ўтган етмиш йиллик шонли ва суронли умри, ибратли ва шуҳратли ҳаёти ҳақида мароқ билан ҳикоя қилди:
— Шароф Рашидовнинг муборак юз йиллиги арафасида Ҳалиманинг яна қуёшдек чарақлаб балқиб чиқишида мен ажиб бир ҳикмат кўргандек бўлдим. Ё ҳассос шоира Ҳалима Худойбердиева Шароф Рашидовни қайтадан ёруғликка олиб чиқди ёки Шароф Рашидовнинг улуғ руҳи Ҳалимани қайта юксакка кўтарди…
Ҳалима Худойбердиева Мирзачўлда туғилган. Тошкент ва Москвада ўқиган. Бугун у Ўзбекистоннинг энг таниқли ва ардоқли аёли. Ўзбек шеъриятининг ўчмас маёғи.
Унинг босиб ўтган оғир ва мураккаб ҳаёт йўли ҳақиқий қаҳрамонликдир.
Тақдирнинг бундай адолатсиз зарбаларига ҳамма ҳам дош ва бардош бера олмайди. Лекин Ҳалима Худойбердиева чорак аср бу адолатсизликларга чидам ва матонат билан билан чидаб келди. Шу маънода у халқ назарида аллақачон ҳақиқий Қаҳрамонга айланиб улгурди…
Шароф Убайдуллаевнинг оташин дилрозини тинглаб, мен бу сўзларнинг чин юракдан отилиб чиққанлигига ишондим. Ҳалима Худойбердиева ўз ҳаёти ва матонати билан, адабиёт ва ҳаётдаги даги улкан жасорати билан ростдан ҳам аллақачон ўзбек халқининг ҳақиқий Қаҳрамонига айланиб улгурган…
Учрашувда шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Исмоил Шодмонқулов, Республика «Нуроний» жамғармаси Тошкент шаҳар фонди раиси Рустам Калонов каби бир қатор таниқли давлат ва жамоат арбоблари иштирок этишди…