• Сб. Ноя 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Адлия вазири Президентга қаршими ёки НОТАРИАЛ ИДОРАДАГИ НАЙРАНГЛАР

Май 27, 2017

Адлия вазирлиги халқ ҳимоячиларини судга бермоқчи

 

Яқинда “kun.uz” сайтида бир мақолани ўқидим. Унда айтилишича, «Жамият» газетасида чоп этилган «Нотариал идорадаги найранглар» номли мақолага Адлия вазирлиги раддия ёзилишини талаб қилиб дўқ пўписа қилинганлиги баён этилган. Узундан-узоқ дўқ-пўписаларда Нотариал идораларда ишлар бир маъромида кетаётгани, котиблар томонидан таъмагирлик қилинмаётгани айтиб ўтилган.
Бу сўзга ишониш учун инсон лақма ёки ахмоқ бўлиши керак. Ушбу дўқ-пўписага Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Нодижон Жўраев имзо чеккан экан. Нодиржон Жўраевнинг шахсан ўзи Нотариал идорага борса барча ишини текин битказиб бериши мумкин. Аммо ундан бошқа ҳаттоки, МХХ ходими ҳам борса устига қўшимча ҳақ олиши бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Сабаби ҳам аниқ. Нотариал идорага ишга кириш бугунги кунда 30 000 (ўттиз минг) АҚШ доллари қилиб ёзилмаган қонунлар асосида белгилаб қўйилган. (Бу суммани исбот сифатида келтиришимга сабаб — бир танишим 30 000 АҚШ доллари топиб бера олмагани учун нотариал идорага ишга ўта олмай қолди.)
Бу рақамни кўпчилик билади. Аммо бу “халол” пуллар қайга бориб тўхташи номаълум эди. Адлия вазири биринчи муовини Нодиржон Жўраев жон куйдириб нотариал идорадагиларни ҳимоя қилишга қараганда долларларнинг борар жойи аниққа ўхшайди. Албатта, еб қўйгандан кейин халоллаш керак. Ундан ташқари Нотариал идорада ишлайдиган опаларга назар солсангиз, бўйнидан тортиб оёғигача тилла-тақинчоқлар билан безалган. Унча-мунча бойлар минолмайдиган иномарка машиналарда юришади. Уларнинг яшаши учун икки қаватли ҳовли пастлик қилади. Улар камида уч қаватли ҳовлиларда яшаши шарт. Акс ҳолда “нотариус” деган номига доғ тушади. (Аниқ ишонч билан айтаман: бу мақоладан кейин Адлия вазири томонидан нотариал идора ходимларига оддий машинада юриш ва тилла тақинчоқ тақмаслик оғизаки равишда бирма-бир тушунтирилиб чиқилади.)
“Жамият” газетасининг таҳрририятига йўлланган дўқ-пўписада журналистика соҳасида қабул қилинган бир қанча қонунларни келтириб шу асосда судга топширилиши айтиб ўтилган. Шу кунгача журналистларга гапириш маън этиб келинди. Энди бугун гапириш ҳуқуқи берилганда уларга қарши қўйилган қонунларни пеш қилиб жим томоша қилиб ўтириш ўқтирилмоқда. Қонун ижрочилари қонун билан қўрқитса, қонун чиқарувчилар журналистика учун ваколатли қонунларни бекор қилиш билан қўрқитса унда жамиятдаги иллатларни ким элга ошкор қилади.
Ҳурматли Нодиржон Савриддинович! Сизга илтимосим, муаммони ўзингизнинг ходимларингиздан қидиринг. Бугун қонунларингиз билан бир журналистни судга берарсиз, икки журналистни ишдан ҳайдаттирарсиз, борингки, бир газетани ёптирарсиз, лекин таъмагирликни санъат даражасига олиб чиққан Нотариал идора ходимлари бир кун келиб сизнинг бошингизга етиши аниқ. Қўпол ва ноҳақ бўлсамда айтаман: гар оддий ходимларингизга сўзингиз ўтмаётган бўлса ёки улар олдида тилингиз қисиқ бўлса, дарҳол номингизга доғ туширмасдан лавозимингизни топширинг. Мен Сизни ҳам журналист Ж.Ниёзовни ҳам танимайман. Мени ушбу мақолани ёзиб бир арбобга қарши чиқишга мажбур қилган нарса – топталаётган оддий халқ ҳуқуқи. Ҳақиқат учун қўлимга қалам олганим учун мени маъзур тутинг. Оддий журналист бўлиб ўз ҳамкасбимни ҳимоя қилмаяпан. У кўтариб чиққан ҳақиқатни ҳимоя қилаяпман холос. Аслида бундай ҳақиқатлар учун журналистиканинг тепасига ўтириб олганлар курашиш керак эди. Аммо улар болаларини катта пулга сотиб юборган ота каби бир чеккада тиржайиб кавшаниб ўтирибди. Ўзи бош бўлган соҳани хору-зор қилган Ғайриддин Султонларни эсласам бир тарафдан ходимларини ҳимоя қилаётган Нодиржон Жўраевга раҳмат айтгим келади. Таъмагирликни санъат даражасига олиб чиққан ходимларининг “ҳунарларини” била-туриб уларни ҳимоя қилмоқда. Бунинг учун тан берган ҳолда Сизга минг раҳмат, тепамизда бош-қош бўлиб турган Ғайриддин Султонга эса минг ланъат айтаман.
Шунча йил журналистлар жамиятдаги талончиликка томошабин бўлиб оғзидан сўлаги оқиб турган вақтда журналистларнинг гапирмасликлари учун бир неча қонунлар ҳам чиқариб қўйилган экан. Адлия вазирлигининг эътирозларида ҳаттоки Жиноят кодексларидан бандлар келтирилган. Мақоладан англашимча, жамиятдаги иллатнинг олдини олишга ҳаракат қилган журналист жиноятчи бўлиб қолмоқда. Бемалол порахўрлик ва таъмагирлик қилаётганларнинг тинчини бузиш балки ватан хоинлигидир.
Вазир биринчи  ўринбосари Н.Жўраевнинг эътирозида Ўзбекистон Республикаси «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист ўзи тайёрлаётган материалларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши ҳамда шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.
  • дея қонундан мисол келтириб ўтган.
Кўриб турганингиздек, журналистларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар ҳам журналстларга қарши ишлатилмоқда. Мисолни тўғри келтирган. Аммо Ж.Ниёзовнинг мақоласида ҳеч қандай шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати таҳқирланмаган. Агар нотариал идора ходимларининг белгиланган суммадан юқори пул талаб қилиши унинг ҳуқуқ ва эркинлиги бўлса унда журналистни албатта судга бериш керак.
Шахсан ўзим фарзандли бўлганимда Юнусобод ФҲДЁ бўлимига бордим. У ерда ўтирган ёшгина ва чиройли қизча туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ёзиб бериш учун белгиланган суммадан уч баравар кўп пул талаб қилди. Мен унга белгиланган суммани эслатиб қўйдим. Унинг эса ҳаммага айтадиган жавоби бор экан: гувоҳнома уч тилда ўзбек, рус, инглиз тилида ёзилар эмиш. Шу сабабдан уч баравар кўп олаётган эмиш. Ёзиш шунчалик қийинми? Йўқ тепага узатиладигани кўп. Мен сўзимни исботламоқчи бўлиб яна тиқирлик қилаётгандим. “Унда квтанцияни олингда ўзингиз кассага тўлаб келинг” деб Чилонзор туманидаги касса манзилини берди.
Буни – Таъмагирликнинг энг чўққига чиққан санъати дейиш мумкин. Уларнинг иш услуби шундай экан: Юнусободдаги Чилонзорга, Чилонзордаги Юнусободга, Яшнободдаги Қора-қамишга, Қора-қамишдаги Яшнободга жўнатилар экан. «Санъатингга қойил!» дедимда мен ҳам тақдирга тан бериб уч баравар сумма тўлаб кетавердим. Тўлаганда ҳам жаҳл билан “мана бу давлатга, мана бу ўзингга, буниси эса раҳбарингга” деб алоҳида-алоҳида қилиб тўлаб чиқдим. Яқинда ота бўлган одам учун бу сумма ҳеч нарса эмасдир. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан инсон ҳуқуқи очиқ-ойдин оёқ ости қилиниши жамият ва давлат учун шармандали ҳолдир.
Нотариал идора ходими билан ҳуқуқингизни талашиб-тортишингиз бефойда. Бари-бир мағлуб бўласиз. Улар йиллар давомида тўпланган тажрибалар асосида профессионал бўлиб кетишган. Агар улар талаб қилган суммани беришдан бош тортсангиз йиғиб келган ҳужжатингиздан барибир камчилик топади. Ҳеч бўлмаганда мухр сал қийшиқ қўйилибди, имзо ҳунук бўлибди, қоғозингиз букланиб қолибди ва ҳоказо баҳоналарни қалаштириб қўйишади.
Яхшиямки қоғозбозликка қарши қонунлар бор. Агар уларга қўйиб берилса, ўлиб кетган қариндошингизизнинг ҳақиқатдан қабристонда эканлиги ҳақида қабристон қоровулидан маълумотнома талаб қилади. Бу сўзларни ҳиссиётга берилганимдан қўшиб-чатиб ёзмаяпман. Баён қилаётганларим ҳақиқатдан бор ҳақиқат. Ушбу мақолани ўқиётган ҳар бир ўқувчи ич-ичидан маъқулламоқда. Жамиятдаги ушбу иллатни баён қилиб ҳозир кўпчиликнинг ярасига туз сепаётганимни ҳам сезиб турибман. Аммо бугунги ислоҳотлар даврида биринчи бўлиб ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлардаги иллатиларни йўқотмас эканмиз бошқа соҳалардаги ислоҳотларга тўсиқ бўлиб қолаверади. Ҳар бир раҳбар жамиятдаги салбий иллатларга қарши курашувчилар билан курашмасдан аксинча иллатларни бартараф қилиш йўлларини излаб топса смақсадга мувофиқ бўлар эди.
Нотариал идорадаги муаммоларни йўқотишнинг бирдан-бир йўли ушбу идорага ишга олинаётганлардан 30 000 АҚШ долларини талаб қилишни тўхтатиш керак. Шундагина муаммо ўз-ўзидан йўқолади. Нотариал идора ходимлари қўрқмасдан таъмагирлик қилишининг сабаби ҳам шуки, улар олдиндан бериб қўйган маблағини камида икки баравар қилиб чиқариб олиши лозим. Уларда ҳаттоки, “олиб қўйганлар ҳимоя қилади” деган тушунча ҳам мавжуд. Ўша ҳимоячи эса журналистлар билан курашишни бошлади.
Яна бир мисол: бир танишим ижарага берган квартирасини ижара шартномаси асосида расмийлаштириб қўймоқчи бўлди. Нотариусга борганида у ердаги навбат кутиш ва асаб бузилишларни кўриб “ундан кўра шартномасиз қўя қолганим маъқул” дея ижарачини шартномасиз қўйди. Ушбу танишимга ўхшаб Нотариал идорадан безганлар озчиликни ташкил қилмайди. Бундан келиб чиқадики, Нотариал идора ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари давлатга тушиши лозим бўлган катта миқдордаги солиқларни йўққа чиқармоқда. Нотариал идора ходимлари эса ўзларининг “ставкаларини” ошириш учун атайлаб навбат кутишларни кўпайтиради. Ҳар бир вақти пул турадиган чаққонлар эса навбат кутишни истамай яхшигина пул эвазига навбатсиз ишларини битказиб кетишга мажбур бўлишмоқда.
Шу ўринда юқори ташкилотларга бир таклифим бор: Ижара шартномасини расмийлаштиришни Нотариал идоралардан олиб “Маҳалла” раисларига топшириш лозим. Чунки, улар қайси домда, қайси квартирада ким ва неча киши турганлигини аниқ билишади. Шунда одамлар ижара шартномасини тузишлари бемалол бўлади, вақтлари зое кетмайди, кимларгадир пул кўтриб ялиниб юришмайди, шу билан бирга давлатга  солиқ тўловлари тушими кўпаяди. Бу жуда самарали ва фойдали қарор.
Сўнгсўз ўрнида шуни айтмоқчиманки, мен ушбу мақолани “Дунё ўзбеклари” сайти учун ёзиш баробарида кўнглимдан шундай хаёллар ўтмоқда: Табобат илмининг султони бобокалонимиз Ибн Сино вафот этаётганида шогирдлари “биз энди нима қиламиз” дея устозидан сўрашган экан…
Айтмоқчи бўлганим, бугунги кунда Ўзбекистондаги барча ОАВларига гапириш қонун билан чеклаб қўйилган экан. Хорижда туриб журналистларнинг оғир кунига яраб келаётган Исмат Хушевнинг ҳам Ўзбекистонга қайтиш кунлари яқинлашмоқда. Бир кун келиб у ҳам журналистлар учун гапириш маън қилинган юртига қайтгандан кейин биз бечора журналистлар нима қиламиз?
 Адлия вазирлигига ўхшаган юқори ташкилотлардан биз ҳимоясиз журналистларни ким ҳимоя қилади.
ШОГИРД дилидаги дарду изтиробни оққа кўчирувчи:
Шокир Саъдуллаев,
«Дунё ўзбеклари»нинг Тошкентдаги махсус мухбири

«Дунё ўзбеклари»дан:
1.
Тошкентдаги махсус мухбиримиз тайёрлаган мазкур мақолани эълон қилишдан олдин унда номи келтирилган Адлия вазирининг биринчи ўринбосари шахси ва унинг вазирликдаги вазифалари билан қизиқдик:
Адлия вазирлигининг расмий нашрида мақоламиз қаҳрамони ҳақида қуйидаги маълумот берилган:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари
Жўраев Нодиржон Савриддинович — 1981 йил 6 январда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. Маълумоти-олий, ҳуқуқшунос.
2001 йил Тошкент давлат юридик институтини (бакалавр), 2006 йил Тошкент давлат юридик институтини (магистратура) тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган. Кейинчалик мазкур бошқарманинг бош маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган.
2003–2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармасининг бўлим бошлиғи, 2006–2007 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш марказининг етакчи маслаҳатчиси, бош маслаҳатчиси, бўлим бошлиғи, 2007–2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодий қонунчилик бошқармасининг бошлиғи, 2008-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармасининг бошлиғи, 2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот марказининг директори, 2016-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 27 августдаги Фармонига асосан Н.Жўраев “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.04.2017 йилдаги ПҚ-2904-сон Қарори билан Н.Жўраев Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Фуқароларни қабул қилиш ҳафтанинг душанба куни соат 15.00 дан 17.00 гача.
Телефон: (0371)233-35-98
Манба: http://www.minjust.uz/uz/about/biography/
2.
Вазирнинг биринчи ўринбосари ваколатига кирувчи вазифалар:
— Қонунчилик бош бошқармаси фаолиятига раҳбарлик қилиш;
— Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси фаолиятига раҳбарлик қилиш;
— Иқтисодий қонунчилик бошқармаси фаолиятига раҳбарлик қилиш;
— Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси фаолиятига раҳбарлик қилиш;
— Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси фаолиятига раҳбарлик қилиш;
— Ҳуқуқий ахборот билан таьминлаш маркази фаолиятига раҳбарлик қилиш вазифалари белгиланганн.
Шунингдек, Адлия вазирлиги тизимида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича масъул раҳбар этиб тайинланган…»
Манба:/kun.uz/ нашри
3.
Адлия вазирининг биринчи ўринбосари ёш ва ғайратли йигит экан.
Биз бугун бу мулозимга журналистлар билан олишишдан кўра, улар тилга олган муаммоларни бартараф этиш билан шуғулланишини маслаҳат берган бўлардик. Чунки Ўзбекистонда бу соҳада аҳвол чатоқ ва Адлия вазирлиги ўз ходимларини кўр кўрона ҳимоя қилишдан кўра, тизимдаги таназзул ва коррупция билан курашиши лозимлигини эслатиб ўтмоқчимиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Президенти, Бош прокуратура ва МХХ раҳбарлари ҳам бу масалага алоҳида эътибор берадилар ва ўз назоратларига оладилар деб умид қиламиз.
«Дунё ўзбеклари» Тошкентдаги махсус мухбиримиз кўтарган бу масалани ўз назоратига олади ва бу борадаги журналистик суриштирув ишларини давом эттиради.
Биз бу масалага яна қайтамиз…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
26 май, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…

2 шарҳ

  1. Абулқосим Мамарасулов:

    Уч йил бурун бир муддат Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган юрист Равшан Муҳиддинов қўли билан хусусий нотариуслар қонунан тугатилди. Бу ишни атайлаб уюштиришди.Атайлаб рақобатни йўқ қилишди. Токи адлия вазирлигида ўтирганларнинг қора қозони шақиллаб қайнаб турсин…
    Хусусий нотариусларни қайтадан тиклаш керак. Ўшанда яна рақобат қужудга келади. Давлат нотариуслари ўйлаб иш қилишга мажбур бўлади. Нотариуслар ҳузуридаги турнақатор навбатлар ҳам йўқолади

  2. 1 шарҳ

    1. Абулқосим Мамарасулов:

      Уч йил бурун бир муддат Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган юрист Равшан Муҳиддинов қўли билан хусусий нотариуслар қонунан тугатилди. Бу ишни атайлаб уюштиришди.Атайлаб рақобатни йўқ қилишди. Токи адлия вазирлигида ўтирганларнинг қора қозони шақиллаб қайнаб турсин…
      Хусусий нотариусларни қайтадан тиклаш керак. Ўшанда яна рақобат қужудга келади. Давлат нотариуслари ўйлаб иш қилишга мажбур бўлади. Нотариуслар ҳузуридаги турнақатор навбатлар ҳам йўқолади

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *