«Дунё ўзбеклари»дан:
Куни кеча нашримизда «Эркин Воҳидовнинг аҳволи оғир» деб мақола чоп этган эдик.
Бугун у кишининг вафот этганини эшитиб, юрак-бағримиз эзилиб кетди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири вафоти ҳақида «ББС», «ОЗОДЛИК» ЗИЁ.ЎЗ», «ДАРЁ» интернет нашрлари хабар беришибди, холос.
Ҳукуматнинг расмий нашрлари эса жим?
Ўзбекистон Ахборот Агентли нашри — «ЎзА» га кирдим, ўзбекча ва русчасида ҳам улуғ ўзбек шоири вафоти ҳақида ҳеч гап айтилмаган.
«Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди» номли мақола эса ЎзА нинг бош матнлари сафида қўр тўкиб турганини кўрдим.
«Эркин Воҳидов ҳукуматга нима ёмонлик қилган эди?» деган ўй ҳануз менга тинчлик бермай келади…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада,
30 май, 2016 йил
“Дунё ўзбеклари”дан:
1936 йил Фарғонанинг Олтиариғида дунёга келган устозимиз, таниқли ўзбек шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 28 декабрь куни муборак 79 ёшга тўлдилар. Биз буюк ва бетакрор шоиримизни қутлуғ ёшлари билан олис Канададан бўлса-да, муборакбод этарканмиз, у кишига узоқ умр, сиҳат саломатлик, бахт саодат тилаб қоламиз.
Лекин устоз юбилейи боис қалбимизда ўксик ва аламли бир иштибоҳ қолди. Биз бугунги табрикни ҳам атай, ўзбек матбуотини кузатайлик деб кечроқ бераяпмиз. Дилда қолган хижолат шуки, ўзбекнинг юз йилларда бир туғилиши мумкин бўлган буюк шоири таваллуд топган кун – Ўзбекистонда нишонланмади, матбуотда эсланмади.
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган улуғ бир инсоннинг таваллуд топган куни кам сонли одам кирадиган интернет оламидаги баъзи ижтимоий тармоқларни ҳисобга олмаганда – расмий Тошкент томонидан ҳукумат тизимидаги оммавий ахборот воситаларида мутлақо эсланмагани мени маҳзун туйғуларга ошно этди.
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ҳукуматга нима ёмонлик қилган эди? Бундай улуғ ва муборак зотларни тиригида қадрига ета олмасак, ўлганидан кейин юз бора номини тилга олиб, аюҳаннос солганимиз билан фойдаси йўқлигини наҳот давлат тепасида ўтирганлар тушунмаса, билмаса?
Шу боис Эркин ака билан боғлиқ бир воқеа ёдимга тушди.
Президентга ва ҳукуматга яқин бўлган Бош муҳаррирлик даврим эди. Олтиариқлик таниқли журналист Шокирали Нуралиев мен раҳбарлик қилаётган “Ҳаёт ва иқтисод” журналига ўз ҳамюртларидан хабар олмаётган Ўзбекистон халқ депутати Эркин Воҳидовни танқид қилиб, мақола юборибди.
Мақола шоир шахси ва ижодига чуқур эҳтиром билан ёзилган бўлса-да, лекин кўтарилган мавзу ва муаммо барча депутатларга тааллуқли бўлгани учун уни журналда чоп этишга қарор қилдим.
Одатда газета ва журналнинг илк “сигнальный” сони чоп этилиб, махсус идора (“Ўзлит”, Матбуот Қўмитаси, Президент Девони) лар назаридан ўтказилиб, улар розилиги олинганидан сўнггина Бош муҳаррирлар нашрнинг қолган тиражини босиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Бўлмаса, бу нашр тўталиши ҳам мумкин. Эркин Воҳидов ҳақидаги танқидий мақола боис “Ҳаёт ва иқтисод”нинг ўша нашри тўхтаб қолгани ҳануз ёдимда.
Президентнинг биринчи ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов телефон қилиб, Ислом ака мени йўқлаётганини айтиб қолди. Бордим. Мен Ислом акани бундай хушнуд ҳолда камдан кам кўрардим. У киши одатдагидан ўзгача бир меҳр билан ишларимни сўраб суриштириб, сўнг кутилмаганда Эркин Воҳидов ҳақидаги мақолани олиб ташлашимни илтимос қилиб қолдилар.
Ҳа, буюрмадилар, балки илтимос қилдилар. Лекин у кишининг бу илтимосида менга нисбатан қаҳр ва ғазабдан кўра, аллақандай фахр ва ғурур, қувонч ва ифтихор ҳисси устунроқ эди…
Шундагина нима учун Ислом ака мени айнан ҳузурига чақириб, бу гапларни шахсан ўзимга айтгани сабабини англагандай бўлдим.
Ҳолбуки, давлат раҳбари Крайнов орқали бир оғиз топшириқ берса, биз уни бажармай қаерга ҳам бора олардик…
Кейин маълум бўлишича, реадкцияда ишлайдиган фарғоналик Шуҳрат Иброҳимов орқали Эркин Воҳидов ўзи ҳақидаги танқидий мақоладан хабар топиб, Президентга мурожаат қилган экан. Ислом ака эса, журналнинг “сигнальный” сони чиқишини кутиб, унгача шоирни ялинтириб юрган эканлар.
Ҳатто мақола босилиб чиққан ўша сонни Эркин аканинг ўзига кўрсатиб, шундан кейингина у кишининг олдида Крайновга айтиб, менга телефон қилишини буюрган эканлар…
Бугун энди орадан йиллар ўтди. Бир пайтлар Президентнинг энг яқин “одами” бўлган Бош муҳаррир Исмат Хушев бугун Ватанидан олис ва хориж юртларда сиёсий муҳожирликнинг аччиқ нонини еб юрибди.
Ўшанда Президентнинг меҳри ва карамига ёр бўлиб, нуфузли журнал танқидидан қутулиб қолган машҳур шоир энди ҳукумат томонидан мутлақо эсланмайди.
Биз хорижда эмигрант бўлсак, Эркин ака энди Ватан ичидаги “эмигрант”га айланган…
Энди уни таваллуд куни боис эслаш нари турсин, аксинча – ким қанча танқид қилса, номини булғаса ҳам майли, Ислом ака учун энди барибир…
Майли, давлат раҳбарининг бу ғайритабиий ҳатти ҳаракатига баҳо беришни тарих ҳукмига қолдирайлик-да, ўзимиз энди улуғ шоиримизнинг муборак номини имкон қадар эъзозлаб юрайлик.
Майли, олисдан ва хориждан бўлса ҳам…
– Умрингиз узоқ бўлсин, Эркин ака. Сизга сиҳат саломатлик, метиндек мустақкам ирода ва сабр-тоқат тилашдан ўзга иложимиз йўқ…
Сўнг сўз ўрнида: Бугун Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповдек шеърият осмонидаги ёруғ ва мунаввар юлдузларининг қадрига етмаган ҳукумат, эртага адабиёт ва келажак авлод олдида сўзсиз шармандаи-шармисор бўлади, пушаймон қилади.
Лекин унда кеч бўлмаса деб қўрқаман…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
Торонто шаҳри, Канада,
30 декабрь, 2015 йил.
“Дунё ўзбеклари”дан:
Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари, барча яқинлари ва мухлисларига Яратган Эгамдан – Тангримдан чиройли бир сабр тиламиз.
Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган улуғ инсон, халқ шоирини сўнгги йўлга кузатишни истамаган ва эп кўрмаган, унга икки оғиз илиқ сўз айтмаган давлат ва ҳукуматга лаънатлар бўлсин!
Шоҳлар ва подшолар, ҳукмдор ва диктаторлар, Президентлар келиб кетаверади.
Эрта бир кун уларнинг бу дунёга келиб кетганини биров билиб, биров билмай қолиши ҳам мумкин.
Лекин Эркин Воҳидов шеъриятимизнинг порлоқ юлдузи бўлиб ўзбек адабиётида абадул абад яшаб қолажак!
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
30 май, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
21 шарҳ
-
Исмат ака сув энг юқоридан лойқаланган, бунга мен аминман. Машҳур халқ таниган шахсларни, оёқ ости қилишни сабаби кўролмаслик, ҳасад қилиш, буларни машҳурлигидан қурқиш туфайлидир. Шу бўлса керак, ҳамма халқларда бўлгани каби бизда ҳам мавжуд бўлган қусурларни, афсуский олий минбарларга чиққани. Булар бари тассодифий эмас,бунга казолар томонидан шарт шароит яратилди. Сиз айтгандек “Бугун Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповдек шеърият осмонидаги ёруғ ва мунаввар юлдузларининг қадрига етмаган ҳукумат, эртага адабиёт ва келажак авлод – олдида сўзсиз шармандаи-шармисор бўлади, пушаймон қилади”. Бугунги ҳукумат бизга муносиб эмас, улар замонанинг зўри билан ўз ичимиздан чиққан, ўтирган мансабларига нолойиқ, фикр дунёқарашлари тор, ўзоқни кўра олмайдиган, бугунги кун билан яшайдиган, тор шахсий манфаатларига ўралашиб қолган, майда кишилардир. Сиз меҳр қўйган устозингиз уларнинг йўлбошчисидир, Исмат ака. Биз сизни яхши кўрамиз ва ҳурмат қиламиз. Шунинг учун биздан ранжиманг, илтимос.
-
Исмат ака ҳукумат ўлган, шу учун ўз васифасини унутган. Яхши ҳам буюкларимиз бахтига сиз бор экансиз. Бўлмаса уларни ким ҳам эслар эди. Юқоридагилар бир бирини тагига сув қўйиш билан овора,нафс балосига берилиб .
-
Э.Вохидов ихтидорли талантли шоир. Бундайларни рақиби қолаверса душмани талантсиз, иши юришмаганлар бўлиши табий бир ҳолатдир. Исмат ака сизга яна бир бор офарин!
-
Хозирги мамлакатни бошқараётганлар ичида тоналаб кўмир бор. Бошқаларни обрўйига кўролмаслик билан қарайди шуринг қурғур бечоралар. Исмат ака улуғ шоирни ҳимоя қилгани учун ҳам биз унинг тарафидамиз…
-
Олмос ва олтинни тупрокда етса хам кадри баландир !
-
” Ёзувчилар уюшмаси ва шу каби ўткинчи курсиларни АмирТемурнинг тахтидай махкам қучоқлаб “шу столда ўламан!” деган арбоблар бор экан, Навоий тирилиб келса ҳам шу куйга тушарди…”
Manashu tashbehning o’zi bir adabiy asarga o’xshabdi. Talant deb shuni aytsalar kerak-da.
-
Эркин Вохидовга каби улуғ шоирлар юз йилда кўп бўлса, бармоқ билан саналадиган туғилади. “Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган улуғ инсон, халқ шоирини сўнгги йўлга кузатишни истамаган ва эп кўрмаган, унга икки оғиз илиқ сўз айтмаган давлат ва ҳукуматга лаънатлар бўлсин”!
Биз ҳам сизга қўшилиб лаънатлаймиз бу жоҳил бебурт, ичи қора кўролмайдиган бахиларни. Исмат ака, Эркин Воҳидовнинг ҳукумат томонидан оёқ ости қилинган хотирасини туғри такидлаган. Улар хали жавоб беради бу килмиши учун. -
Xudo rahmat qilsin. Uzbek adabiyoti katta yo’qotishga uchradi.
Haqiqiy jonkuyar va kuyinchak jurnalist, millat fidiyisi shunday bo`ladi. Rahmat sizga!
2 шарҳ
-
Ismat aka
Yaratgan Egam -Tangrimni eslaganlingiz uchun barcha ijodingiz kun sayin rivojlanmoqda. Bardavom bo’ling. -
Э.Вохидов нафақат ихтидорли талантли шоир шунинг билан биргаликда жамоат арбоби ҳамдир. Эркин ака 1989 йилда бошланган миллий озодлик ҳаракатида актив қатнашди “Бирлик” сафида, кейинчалик Эрк ҳаракатини тузишда ҳам бош қош бўлдилар бундан кўпчилик беҳабар.
Ассалому алайкум хурматли Эркин ака! Таваллуд аёмингиз муборак булсин, Янги йилингиз омадлик келсин. Анча йиллик саргардонликлардан кейин узлигингизга кайтганингиз билан муборакбод этаман. Буни купчилик биларди айтолмасди. ОЛТИН ЗАНГЛАМАС ДЕГАНЛАР. КАРИЙСАН-КАРТАСАН, УЗ НАСЛИНГГА ТОРТАСАН! Бу буюк хикматлар сизлардек забардаст, мард ва авлоди тоза инсонлар тугрисида башорат килинган. Буюкликнинг йуллари шундай мураккаб ва шарафликдир, ХАЛКНИНГ ФАРЗАНДИ ХАЛКИ БИЛАН АСРЛАР ОША КОЛАЖАКДИР.
Hurmatli muhlislar, Erkin Vohidov akamiz umri boyi eng yaxshi lavozimlarda va butun hukuöatlarning eng yuksak mukofotlarini olib yashagan “omadli” akalarimizdan, nega noshukurlik qilayapsizlar?
Nimasi kam Erkinjon akamizning? Villalari bisyor, mashinalari tagida, avlodlari atrofida sokin sarishta yashayaptiku? Qamoqqa tashlandimi? Qiynoqqa solindimi, surgun qilindimi boshqa yozuvchi va shoirlarga oxshab?
INsofli bolinglar! Erkinjon akamiz hurmatli akamiz İslom Abduganeyevichdan rozi!
Биз университетга бош суққан йили Эркин ака охирги, А,Орипов 3-курсда эдилар. Курсдошимиз Рауф Парфи:”Улар Пушкин ва Лермонтов, мен- Байрон” деб қўярди. “Яшасин, улуғ оғам!” деган қўшиқ оммавий янграб турган замонда “Ўзбегим”ни яратиб қўйган даҳо Эркин Воҳидовни кимга ўхшатиш мумкин? Фақат Эркин Воҳидовнинг ўзига! Бугунги муносабатга келсак, Ёзувчилар уюшмаси ва шу каби ўткинчи курсиларни АмирТемурнинг тахтидай махкам қучоқлаб “шу столда ўламан!” деган арбоблар бор экан, Навоий тирилиб келса ҳам шу куйга тушарди…
Етмишдан ўтиб, энди кетияпсиз саксонга, саксонни ҳам қолдириб, етажаксиз тўқсонга, Чунки инсонлараро халолу пок юриб сиз, йўл қўймадингиз хеч қачон хато ёки нуқсонга. СУхайлий домла тўғри айтган экан илоим Эркин ака соғ-омон бўлинг, ижодингизга барака
Эркин Вохидовга ўхшаган шоирлар юз йилда кўп бўлса, бармоқ билан саналадиган миқёсда юзага чиқади. Биз бугун уни триклигида қадрига етмасак, ўлганида қадрига етамизми. Кўзимизни каттароқ очайлик ватандошлар.