• Сб. Янв 18th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: ИНСОН РУҲИЯТИДАГИ ИНҚИЛОБ (Биринчи китобга кириш сўзи)

Июн 3, 2017

 

«Ҳаёт ва Иқтисод» — «Жизнь и Экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов билан…

 

 

БИРИНЧИ КИТОБГА КИРИШ:
МУАЛЛИФДАН
ЁКИ
ИНСОН РУҲИЯТИДАГИ ИНҚИЛОБ
(Кумушбибини излаб – Марғилонга, Григорий Мелеховни қидириб – Вешенская станицасига борганман)

 

1. 
Ёшлигимдан китоб ўқишга айрича меҳр қўйган эдим.
Адабиётни севардим. Бадиий аcарлардаги воқеаларга чиппа-чин ишонардим, асар қаҳрамонлари ва пратотиплари менинг жонажон дўстларимга айланиб қолишарди.
Масалан, Александр Фадеевнинг “Ёш гвардия” романини ўқиб, анчагача унинг таъсиридан чиқолмай юрдим. Бутун фикру хаёлим улар билан, улар яшаган Краснодон билан бирга эди.
Москвада таҳсил кураётган кезларим Олег Кошевой, Ульяна Громова, Сергей Тюленин, Любовь Шевцова, Иван Земнухов каби “ёш гвардия”чиларнинг юртини зиёрат қилиш учун Краснодонга ташриф буюрганман.
Олег Кошевойнинг онаси Елена Николаевна ва Иван Земнуховнинг опаси Мария Алексеевалар билан дийдор кўришганман – учрашиб, суҳбатлашганман…

 

2.
Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини ўқиган бетакрор ва беғубор талабалик давримизда Кумушбибини кўриш учун Марғилондан Тошкентга ўқишга келган қизларни излаб юрардик.
Шунинг учунми, билмадим, студентликда курсдошларнинг тўйу, тантанаси баҳонасида энг кўп сафар қилган юртим – сўлим ва сирли гўша – Фарғона водийси бўлиб қолди.
Бир сўз билан айтганда, ҳаётдаги қизларни кўриб, уларни ўзимиз ўқиган «Ўтган кунлар»даги Кумушбиби билан хаёлан қиёслаб юрардик.
Ўша пайтдаги руҳий изтиробларимни шеърга ҳам туширган эканман:

 

Отабек, Кумушни қайдан топгансан,
У ахир фаришта — оддий қиз эмас.
Доим Марғилонга суйиб чопгансан,
Отабек, мен сенга қилурман ҳавас!
Отабек, Кумушни қайдан олгансан,
Қандай севолгансан сен уни беҳад.
Муҳаббат қасрида мангу қолгансан,
Отабек, мен сенга қилурман ҳасад!

 

Лекин Отабекка ҳам ҳавас, ҳам ҳасад қилиб Марғилонга қанча бормайлик, барибир ҳаётдаги Кумушбибини топиш жуда қийин бўлган…

 

3.
Ёки бўлмасам, Нобель мукофоти соҳиби Михаил Шолохов асарларини студентлик пайтимизда, пахта йиғим-теримида юрган кезларимизда қўлма-қўл қилиб ўқиб юрардик. Кейин чексиз ҳаяжон билан таассуротларимизни ўртоқлашардик.
Курсдошларим Фароғат Камолова (Жиззах), Дилором Исмадиёрова (Гулистон), Клара Бозорова (Қизилтепа), Зулайҳо Ғойибназарова (Конибодом), Баҳодир Содиқов (Хоразм), Fулом Абдиев (Сурхондарё), Раҳимжон Ирисов (Наманган), Ботиржон Мадумаров (Ўш), Абдужалил Бобожонов (Фарғона), Фарруҳ Расулов (Андижон), Фарҳод Ибодуллаев (Элликқальа), Бобоназар Хасанов (Ғузор), Сафарали Эштўхтаев (Сурхондарё), Нурпес Ўтегенов (Қорақалпоғистон) лар билан “Тинч Дoн” романининг тўртта китобини навбат билан ўқиб чиққанмиз.
Сирдарё вилоятининг “Оқ олтин” туманидаги Сардоба депарасида пахта терардик…

 

4.
Шимолий Кавказ ҳарбий Қўмондонлигида ўтган бир ярим йиллик ҳарбий хизматимни тугатиб, Шолоховни излаб, Ростов Дон шаҳридан – Вёшенская станицасига борганман.
Дон дарёси соҳилларида юрган кезларимда беғубор студентлик давримизни эсладим.
Ўз-ўзидан равшанки, Шолоховнинг юртида Наталья каби гўзал казак қизларининг изларини изладим.
 “Тинч Дoн” романида тасвирланган қаҳрамонларни қидирдим…

 

5.
Ажабки, умр бўйи Совет тузимига қарши курашган Григорий Мелеховнинг ҳам прототипларини топдим.
Аслида Григорий Мелехов “ижобий” қaҳpaмон эмаcди, лекин унинг мураккаб ҳаёти ва аччиқ қисмати беғубор қалбимизни ўзига мафтун этиб қўйганди.
Агар “Тинч Дoн” романидаги қаҳрамонларга тақлид қилиш лозим бўлса, албатта, қизил аскарларнинг додини берган Григорий Мелеховга тақлид қилардик, у биз учун ватанпарвар йигитнинг ёрқин тимcоли эди.
Эҳтимол, бизнинг томиримизда ҳам ёвқур боболаримизнинг муборак қонлари гупуриб оқаётгани учун, бизнинг боболаримиз ҳам босқинчи қизил аскарларга қарши жонларини жабборга бериб курашганлари учун Григорий Мелехов қалбимизга яқин бўлиб қолгандир.
Тўғри, бу ҳақда тилимиз гапирмасди – гунг эдик, дилимиз йиғламасди – дийдамиз қотиб кетганди, лекин томиримизда оқаётган қонимиз гапирарди, қонимиз йиғларди.
Қонимизда қолган “қилич занги”ни (А.Орипов ибораcи) беихтиёр кўзларимиз фош этиб қўярди, вайрон бўлган ўксик дилларимиз ошкор қиларди.
Григорий Мелеховга ўхшаган бадиий адабиёт қаҳрамонлари гўё детонатор вазифасини ўтар эди…

 

6.
Биз Михаил Александрович Шолоховга чин юракдан раҳмат айтишни истардик: ёвқyp боболаримизнинг руҳини шод этгани учун биз ундан чексиз миннатдор эдик.
Чунки Мелехов тимсолида шаҳид кетган боболаримизнинг ёрқин қиёфалари жонланар эди, уларнинг ўлмас сиймоларини кўз олдимизга келтирардик.
Шу боиc “Тинч Дон” мутолааси жараёнида дилларимиз вайрон бўларди: дефолиант ҳиди анқиб кетган пахта эгатларига ётиб олиб хунг-хунг йиғлардик.
Э-э, нимасини айтаcиз, жин урcин!
Тақдир ҳазилини қарангки, ўзим ҳам ҳаётда Григорий Мелеховга ўхшаб ғайриинсоний жамиятнинг “ўгай” фарзанди бўлиб қолдим, “Советская Культура” газетаси ёзгани каби – ўзимизникилар орасидаги бегона бўлиб қолдим…

 

7.
Шолоховнинг буюклиги шундаки, у бизнинг қалбимизни ағдар-тўнтар қилиб юборганди, у инcон руҳиятида инқилоб ясаганди.
Тўғри, тўртта безорини ёки каллакесар қароқчини ёллаб, уларни эргаштириб қонли инқилоб қилиш унчалик мушкул эмас, лекин инсон қалбида инқилоб ясаш унча-мунча “даҳо”ларнинг ҳам қўлидан келмайди.
Бир сўз билан айтганда, Михаил Шолоховнинг “Тинч Дон” асари қалбларимизни бир умрга нотинч қилиб, руҳимизда абадий инқилоб ясаб улгурди.
(“Инcон қалби билан ҳазиллашманг сиз!” деган оташин cатрлар ҳам айнан қалбда рўй берган инқилоб ифодасидир).
Ўз қалбида инқилоб ясай олган одамгина бошқалар онгида ҳам инқилоб ясаши, давлат ва жамият учун, одамлар бахти саодати учун улуғ ва муборак жангга кира олиши мумкин…

 

8.
Шу маънода биз энди ҳаётга, атрофимиздаги одамларга бошқача кўз билан қарай бошладик.
Шу бошқача қараш ва шу синчковликни зукколик билан сезган Ислом Каримов бизни аввал ёнига олди.
Чунки у ҳам ўз қалбида инқилоб ясай олган, одамларга ва жамиятга нисбатан бошқача қараш ва бошқача нигоҳга эга бўлган, одил ва оташқалб, энг муҳими – ҳур фикрли мулозим эди.
Шу боисдан ҳам тўқсонинчи йиллар бошида, янги ва мустақил Ўзбекистон давлатчилиги шаклланиб, унинг дастлабки тамал тошлари қўйилаётган муборак дамларда Ислом Каримовнинг ёнида – Президент командасида ҳур фикрли мулозимлар жуда кўп эди.
Биринчи ва охирги Вице Президент, Бош вазир Шукрилла Мирсаидов, Ислом оламининг дунё тан олган энг йирик намоёндаси, ўзбек халқининг биринчи ва охирги ҳақиқий диний раҳнамоси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, биринчи ва охирги Давлат котиби, Президентнинг курсдош дўсти Раҳим Ражабов, биринчи ва охирги Вице премъер Исмоил Жўрабеков, Ислом Каримовнинг ўз ўрнига тушган биринчи ва охирги матбуот котиби, истеъдодли журналист Шароф Убайдуллаев, Президентнинг ҳур фикрли шоирлардан тайинланган биринчи ва охирги Давлат маслаҳатчиси Усмон Азимов, Президент девонида таҳорат қилиш учун обдасталар бўлишини, намоз ўқиш учун шароит яратилишини талаб қилиб чиққан биринчи ва охирги масъул ходим Мирзо Кенжабоев, Депутатлик мандатини ўз ихтиёри билан топширган биринчи ва охирги ҳақиқий жангчи, ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ, ўзбек журналистикаси ва сиёсатида -уч марта қамалганига қарамай яна ўз лавозимига тикланган биринчи ва охирги Бош муҳаррир Исмат Хушев ва бошқалар шулар жумласидандир…

 

9.
Лекин кейинчалик биз суйган ва ҳурмат қилган, садоқат қўйган Ислом Каримов ўз салтанатини мустаҳкамлаб олганидан сўнг ўзига ва ўз идеалларига хиёнат қилди.
Атрофидаги – командасидаги – Президент салтанатидаги ҳур фикрли мулозимлар ўрнини секин аста элу-юртнинг дарду ташвишидан узоқ бўлган – хайриддинлар, ўзбек халқи сиймосида хоин ва террорчини кўрадиган – ғайридинлар эгаллаб олди.
Оммавий ахборот воситаларидаги адолат ва диёнат минбарлари абадий ёпилди, микрафонлар ўчирилди. Фақат мақтов ва ҳайбаракаллачиликка кенг йўл берилди.
Ўзбекистон радиоси ва ойнаи жаҳон – концертхонага айланди.
Элнинг олди ва ойдинлари – ёзувчи ва ижодкорлар, адабиёт, маданият ва санъат, журналистика  намоёндалари, илм-фан вакиллари ва зиёлиларга, уларнинг фикру-ўйларига қулф солинди.
Уларга талантсиз ва ҳиссиз, саводсиз ва манқурт мулозимлар бош бўлиб келди.
Биз юқорида: “Ўз қалбида инқилоб ясай олган одамгина бошқалар онгида ҳам инқилоб ясаши, давлат ва жамият учун, одамлар бахти саодати учун улуғ ва муборак жангга кира олиши мумкин!” деб бежиз айтмадик.
Энди – давлат бошқарувидаги ўз рутбасини бир умрга – абадий мустаҳкам олган Ислом Каримовга бундай одамлар керак эмас эди.
Зўрланган ва хўрланган, калтакланган ва ҳақоратланган, таъқиб ва тазйиққа олинган шўрлик ва бечора ўзбек халқи бир гуруҳ ҳарбийлар – куч ишлатар тизими раҳбарлари, хусусан, Иноятов бошчилигидаги МХХ мулозимлари қўлига банди қилиб берилди.
Энди Ислом Каримов мамлакатда ва салтанатда бемалол ва беҳисоб – истаганча давру даврон суриш мумкин.
Ҳеч ким унинг мушугини пишт деёолмайди.
“Пишт” дейдиганлар аллақачон ҳибс ва хорижга, қуллик ва йўқликка сургун қилиб бўлинган…

 

10.
“Президент эркасининг саргўзаштлари” – одамлар қалбида ҳақиқий инқилоб ясаши мумкин бўлган, ҳур фикрли ва оташқалб йўлбошчи Ислом Каримовнинг – салтанатдаги чорак асрлик умри давомида қандай қилиб ўз халқини таъқиб ва тазйиқ билан қўрқув ва исканжада ушлаб турувчи зулмкор ва қасоскор диктаторга айлангани ҳақида.
Айни пайтда Исмат Хушев – Ислом Каримов пошшолигидаги –  ўзи йўл қўйган хато ва камчиликларни ҳам қандай бўлса шундайлигича, очиқ ойдин ва рўй рост айтишга азму қарор қилган.
Яъни, Исмат Хушев нафақат ўзи яхши кўрган ва меҳр қўйган Ислом Каримовнинг, балки ўзининг ҳам барча айтилмаган гуноҳ ва савоблари, ечилмаган савол ва жавобларини ҳам элга ошкор қилишга жазм этган.
Асосий гап бунда ҳам эмас. Бугун энг муҳими – умр йўлларида йўл қўйилган ана шу хато ва камчиликларни мардлик билан тан ола билишда.
Агар шундай қилинмаса, Исмат Хушев –  Исмат Хушев бўлиб қололмас эди.
Чунки, у  китобининг бошидаёқ:  “Ислом Каримов пошшолигида ўтган кунларимни қандай бўлса шундайлигича, холислик ва одиллик билан, йўл қўйган хато ва камчиликларни ҳам яширмай, очиқ ойдин айтаман ва ёзаман!  – деб чин юракдан азму қарор қилган эди…
Ҳа, агар шундай қилинмаса, мен – мен бўлиб қололмас эдим.
Қолаверса, мени ҳамиша одил ва адолатли бўлишга чорлаб келган раҳматли отамнинг муборак ва пок руҳи ҳаққи ҳурмати мен бошқача йўл тутолмасдим.
Ўзимни – мақтаб, ўзгаларни – ёмонлаш йўлидан боролмасдим…

 

11.
Бу дунёда “Беайб – Парвардигор!” деган бир сўз ҳам бор.
Инсон ўз хато ва камчиликларини рўй рост тан олса, буни тўғри тушуниш ва олқишлаш керак.
“Қуръони Карим” китобидаги 17-Исра сурасининг, 84-оятида бир ҳикмат бор, мазмуни тахминан шундай: “Тангри Таолло Расулуллоҳ Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу аллайҳи васалламга шундай дейди: Ҳар бир инсон ўзининг кўнгли ва ақли буюргани бўйича яшайди. Қайси инсон тўғри йўлдан бораётганини ёлғиз Раббинг билади деб одамларга айтгин!” – дейди.
Яъни: “Одамлар бир бирини маломат қилишга ҳақли эмас. Бу ёлғиз Худонинг – Яратган Эгамнинг ихтиёрида!”  – деб таълим беради Қуръони Карим.
Ана шундан келиб чиқиб, қолаверса – истеъдодли ўзбек шоири Усмон Азимов айтгани каби, инсонни тушуниш керак, тушунишга ҳаракат қилиш керак.
Бир пайтлар – бедард ва бетакрор талабалик йилларимда яна бир талантли шоир дўстим Мирзо Кенжабоевнинг ажойиб бир шеърини ўқиган эдим.
Унда – ёши бир жойга бориб қолган ота, ҳақиқий шоир бўламан деб орзу қилган ва шу улуғ ният билан пойтахтни забт этиш учун Тошкентга йўл олган ўғлига “Оқ йўл” тиларкан: “Умримда хатолар кўп бўлди, ўғлим!” деб уни бешафқат ҳаётнинг шафқатсизликларига доим тайёр бўлиб юришга ундайди.
Шунда ҳали ҳаёт синовларига дуч келиб улгурмаган, лекин китоб ўқиб – ҳаёт кўрган донишманд ўғил, яъни Мирзо — отасига қарата: “Сизнинг хато ўтган умр – хатомас, хатосиз умрнинг ўтгани – хато!” деб отасига таскин ва тасалли беради.
Аслида мен бу китобнинг номини ҳам Мирзонинг шеъридаги ўша  ўлмас сатрлар билан: ”УМРИМДА ХАТОЛАР КЎП БЎЛДИ, ЎҒЛИМ!” – деб қўймоқчи эдим.
Ҳа, бу дунёда хато қилмай яшаган ким бор?
Ҳамма гап шу хатоларни ўз вақтида тан ола билишда.
Очиқ ва самимий тавба тазаррунинг одамлар меҳрини қозонувчи оҳанграбодек сирли ва сеҳрли сири ҳам шунда эмасми?

 

 12.
“Дунё ўзбеклари”ни бугун дунёнинг 166 давлат ва мамлакатидаги Ватандошлар ўқиётгани боис бўлса керак, ҳар куни мухлис ва ўқувчилардан ўнлаб хат ва хабарлар келади.
Уларнинг кўпчилиги нашримизда чоп этилаётган мақолалар ҳақида бўлса, лекин асосий қисми – Исмат Хушев қаламига мансуб: “Президент эркасининг саргўзаштлари” номли китоб ҳақида.
Яширмайман, бу хатларда ўқувчилар менинг Ислом Каримов пошшолигига алоқадор бўлган шонли ва сўронли, шу билан бирга ғалвали ва мураккаб ҳаётимга ўта қизиқиш билан қарашларини, ҳатто ҳавас қилишларини ошкор этишади.
Мен эса ўз навбатида – кўплар ҳавас қилаётган ана шу салтанат ва шайтанатга аралаш ҳаётнинг ожиз ва хато томонлари ҳам борлигини одамлар билишини ва бундан тегишли сабоқ олишини истайман.
Яхши ва соф ният билан келажакда раҳбар бўлишни орзу қилган ёшлар биз йўл қўйган хатоларни такрорламаслигини орзу қиламан.
“Президентга ҳурмат – Ватанга муҳаббат”, “Давлат раҳбарига бўлган садоқат – Бу дунёда энг олий саодат!” – деб биздек ўзларини ўзлари алдаб, сароб орзу умидлар билан яшаб юрмасликларини, одил ва адолатли – Президентга, озод ва обод, саодатли – Ватанга меҳр қўйишларини ва содиқ бўлишларини Яратган Эгамдан сўраб қоламан…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
5 март, 2012 йил, чоршанба…

 

Суратда:  “ЎЗбекистон адабиёти ва санъати” газетаси махсус мухбири Исмат Хушев (чапдан биринчи) Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримов (ўртада) бир гуруҳ СССР халқ депутатлари билан Москванинг “Россия” меҳмонхонаси олдида. 1989 йил, 30 май…

 

Суратда: Журналист Исмат Хушев Президент Ислом Каримов билан…
Суратда: Исмат Хушев (чапда) Ислом Каримов билан – депутатлар орасини ёриб, Президентни кичик зал томон бошлаб бораётган пайт…



Суратда: журналист Исмат Хушев (орқа планда) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан Тошкент аэропортида, 1993 йил.  

я Президент и Хушев

Суратда: Журналист Исмат Хушев Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан Тошкент аэропортидаги матбуот анжуманида. Орқа планда Президентнинг биринчи матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов журналист Шаҳноза Ғаниева билан,  1992 йил…

Исмат Хушев ва Дадахон Ислом Каримов билан

Суратда: Журналистлар Исмат Хушев ва Дадахон Ёқубов Президент Ислом Каримов билан…
Ислом Каримов ва Шовруқ Рўзимуродов тортишмоқда. Сурат "Дунё ўзбеклари" веб саҳифаси асосчиси Исмат Хушев томонидан тақдим этилди
Ислом Каримов ва Шовруқ Рўзимуродов тортишмоқда.
Суратда: Ўзбекистон халқ депутатлари Алижон Қўчқоров (ўнгдан биринчи), журналист Исмат Хушев (иккинчи), Шовруқ Рўзимуродов (учинчи), Ислом Каримов (ўртада), Мурод Жўраев (чапдан) Олий Кенгаш сессиясида…

Мен ва Президент

Суратда: Журналист Исмат Хушев (ўртада) Президент Ислом Каримов билан аэропортдаги матбуот анжуманида, Тошкент – 1994 йил.  

сарой

 Суратда: Журналист Исмат Хушев Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан юзма-юз туриб…

%d0%b8%d1%81%d0%bb%d0%be%d0%bc-%d0%b0%d0%ba%d0%b0-%d0%b1%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d0%bd-%d1%81%d1%8a%d0%b5%d0%b7%d0%b4%d0%b4%d0%b0

Суратда:  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси махсус мухбири Исмат Хушев (чапдан биринчи) Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримов (ўртада) бир гуруҳ СССР халқ депутатлари билан Москванинг “Россия” меҳмонхонаси олдида. 1989 йил, 30 май…
(Cуратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

3 шарҳ

  1. Ассалому алайкум Ҳурматли Исмат ака!
    Сизнинг ёзганларингиз хақиқий тарихий ва қолаверса тарбиявий дурдоналардир.
    Ёзганларингизни ўқиб туриб, ўйланиб қоламан. Худди ана шу фикрларингизни Ислом Каримов ёнида пайтларингизда хам айта олганлигингиз учун дунёнинг у чеккаси Канадага сургун қилингансиз шекилли.
    Агарда Рустам ака Иноятов сақлаб қолмаганларида концлагерлардан бирининг чорак асрлик тутқуни бўлиб қолаверар эдингиз!
    Худонинг сақлагани шу бўлса керак. Бу хам бўлса миллионлаб четга бадарға бўлган ватандошларнинг хам бахти, сиздек инсон бор бўлгани учун хам кўпчилигимиз ўзга элларда йўқ бўлиб кетмадик.
    Ёлғиз суянчимиз, ишончимиз ва умидимиз “Дунё Ўзбеклари” бўлиб келди ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолажак.
    Бошланишида биз хам сизга қўшилиб ишондик, кейин сизга қўшилиб, қўлни ювиб қўлтиққа урдик!!!
    Токи бугунги кунларгача хам ўзбек журналистикасида ёки юқори рахбарият доирасида емлаганларнинг биронтаси ўзини ўзи сиз каби танқид қила олгани эмас ёки бўлмаса қилган айбларининг мингдан, миллиондан бирини хам тан олганлари эмас.
    Сиз Ислом Каримовни бир қанча вақтлар илгари тўғри йўлга солмоқ илинжида бўлдингиз.
    Ёзганларимни ўқиб қолса, зора аввалги холларига қайтадилар деб умид билан кутиб юрдингиз.
    Тарих ўз бахосини бериб бўлди. Кўплар бироз андиша қилиб турган бўлсалар, улардан хам кўпроқ кимсалар ол-киш имосини кутиб турибдилар.
    Худо кўрсатмасин кейин кўрасиз ким ўзарга пойгасини!
    Аммо янги рахбарият бу нарсага йўл қўйиб бермайди, бошланишида хам йўл қўйилмади.
    Бу ўта мардлик ва олижаноблик белгисидир.
    Бош ёрилса дўппининг тагида қилиб ўзлигимизга қайтишимиз лозим.
    Бутун дунёнинг кўзи ва қулоғи бизларда бугун.
    Аммо сизнинг танбехларингизда бугунги кунлардаги кўплаб тепса тебранмас ва бурни осмондаги рахбарлар тарбия олса ўзларига яхши бўлар эди.
    Сизга қойил қолмай илож йўқ!!!

  2. Бу китобингиз, Исмат ака, чинакам санъат асари бўлган. Қанча кутдик давомини ва ниҳоят мириқиб ўқийдиган бўлдек. Раҳмат сизга.

  3. Исмат ака бу навбадаги китобингизни интизорлик билан кутаяпмиз оиламиз қариндошларимиз билан илоий 100 дан ошинг.

Один комментарий к “Исмат Хушев: ИНСОН РУҲИЯТИДАГИ ИНҚИЛОБ (Биринчи китобга кириш сўзи)”
  1. Кўп китоб ўқиган одамларга ҳавасим келади.
    Афсуски ҳаётим изланишда, ўрганишда ва меҳнатда ўтаяпти.
    Маза қилиб китоб ўқиш ва дам олиш насиб қилмади менга.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *