• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: ҚАШҚАДАРЁ. КИТОБ. ХУШЕВЛАР СУЛОЛАСИ. (1-китоб, 1-боб)

Июн 3, 2017
Оқланмаган ишонч қиссаси (1-1)
Исмат Хушев, Канада.
(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари)
Биринчи китоб. 1 боб.
%d0%be%d1%82%d0%b0%d0%bc-%d0%b1%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d0%bd-%d0%be%d0%bd%d0%b0%d0%bc
Суратда: Отам — Маҳмуд Хушев билан онам — Ҳидоят Хушевалар…
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
ҚАШҚАДАРЁ. КИТОБ. ХУШЕВЛАР СУЛОЛАСИ

 

1.
Отам – Маҳмуд Хушев 1922 – йилда туғилган. Ҳар томонлама билимга эга, фозил инсон булиб, ҳатто ўз замонидан ҳам анча илгарилаб кетган эди. Эҳтимол, урушда қатнашганлиги учунми, рус тилини мукаммал билар, вақтли матбуот билан мунтазам танишиб борарди.
Отамнинг қизиқ-қизиқ одатлари кўп эди.
Маcалан, айрим кишилар ўз болаларини ҳарбий хизматдан олиб қолишга интилса, отам бунинг аксини қилар: «Агар Ўзбекистонни ҳам ёв босиб олса, оиламизнинг номусига тажовуз қилса, хўш, ўшанда болаларимизни сандиққа солиб яшириб қўйиб, бошқалардан ёрдам сўраймизми? – деб уларга қарши қаттиқ-қаттиқ гапирарди:
“Нима учун уларни ватанпарварлик руҳида мард ва жасур қилиб тарбияламаслигимиз керак? Қачонгача биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов деб ўзимизни ўзимиз овутиб юрамиз? Елкасида тўртта юлдузи бор генераллар қачон биздан чиқади?” деб отам ҳамиша куюниб юрарди.
Албатта, отамнинг бундай гаплари кўпчиликка, айниқса ҳарбий комиссарларга гапи ўтадиган бойваччаларга, ўз арзандаларини армиядан олиб қолаётган амалдорларга унчалик ёқмасди…

 

2.
Биз оилада етти фарзанд эдик.
Катта акам – Неъмат Хушев 1950-йилда тyғилган. Ундан кейин 1952-йилда Рахмат акам дунёга келган. 1954-йилда 3ебо опам, 1956-йилда Зулайхо опам ва 1958-йилда мен туғилганмиз. 1961-йилда синглим 3улфия, 1963-йили эcа Гулнора сингилларим дунёга келишган. Ота-онадан уч ўғил, тўрт қиз эдик.
Онам умр бўйи фарзандлар тарбияси билан машғул бўлган, содда ва ҳокиcор рўзғор аёли эди. Доим фарзандларни оқ ювиб, оқ тараб юрарди. Хуллаc, барча ўзбек аёлларига хос бўлган фазилатлар гўё онам тимсолида мужассамлашганди.
Афсуcки, 1992-йилда катта акам автомобиль ҳалокати туфайли 42 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Қарангки, орадан уч ой ўтар-ўтмас, акамнинг доғида куйиб-ёниб онам ҳам оламдан ўтиб кетди.
Отамнинг айтишига қараганда aкaм ўлгандан сўнг онам уч ойгача отамга гап қўшмаган экан. «Нима учун мен ёки сиз ўлмадингиз-у, қирқ ёшли қирчиллама болам йигит ёшида ўлиб кетади?» деб нуқул йиғлаб ўтираркан…

 

3.
Акам врач эди. Туман касалхонасининг қон қўйиш бўлимини бошқарарди. Ҳаммага қўлидан келганича ёрдам берар, дўстлари ҳам жуда кўп эди. Гапу-гаштакларда қўли гул пазанда, ҳар хил газакларни тайёрлашга уста, жуда кўнгилчан, бировни қўлини қайтараолмайдиган улфатижон йигит эди. Ҳаётда ўз ўрнини топган инсон эди.
У аварияга учраб касалхонага тушгач, реанимация бўлимига кечаcи-ю, кундузи одамлар кўнгил сўрагани бостириб кираверишган. Биров қон бермоқчи, яна биров ноёб дори-дармон топиб бермоқчи бўлади ва ҳокозо.
Шунда бош врач отамни ўз ҳузурига чақириб: “Домла, ўғлингизнинг тирик қолишини истаcангиз, эшик олдида ўтириб, ичкарига ҳеч кимни киритманг”, деб шарт қўяди.
Отамнинг қаттиққўллигини бош врач ҳам яхши биларди. Отам эндигина акам ётган палатада посбонликни бошлаган чоғида онам бемор ўғлини кўргани келиб қолади.
Шунда отам: “Ўғлинг яхши, лекин ҳозир кириб кўришинг шарт эмаc деб” ҳатто онамни ҳам ичкарига киритмайди.
Кейин орадан бир кун утгач, акам вафот этади, врачларнинг барча ҳаракатлари зое кетади.
Равшанки, акамнинг охирги дийдори онам учун бир умрлик армон бўлиб қолади. “Нима учун мени ичкарига киритмадинг, ахир болагинамнинг дийдорини кўриб қолардим-ку? деб таъна қилади онам.
Ўшандан сўнг уч ойгача у отамга гап қўшмайди.
Ва ниҳоят уч ойдан сўнг отамдан “Мен бир жойга таъзияга бориб, юрагимни бўшатиб келаман” деб рухсат сўрайди.
Отам ниҳоят хотиним менга гап қўшди деб хурсанд бўлиб, онамга рухсат беради.
Онам тазияга боради-ю, йиғлаб-йиғлаб азахонада инфаркт бўлади. “Мени ўлган ўғлимнинг уйига олиб боринглар” деб акамнинг остонасига етган заҳоти жон беради…

 

4.
Мен ўшанда “Ҳаёт ва иқтисод” журналининг бош муҳаррири сифатида Ўзбекистон ҳукумати делегацияси таркибида Туркияда расмий сафарда эдим.
Афсуски, онам вафот этгандан сўнг беш кун ўтиб Тошкентга келдим. Аэропортда мени ҳукумат одамлари кутиб олишди.
Президентга яқин бўлиб, гуруллаб юрган пайтларим эди. Лекин ҳеч қачон мени чет эл сафаридан бу қадар нуфузли мулозимлар кутиб олишмасди. Ҳайрон бўлдим. Ҳамма ерга қарайди: “Онангиз касал, аҳволи оғир” дейишди. “Иш қилиб тирикми?” дедим қичқириб. “Тирик, фақат тезроқ бориш керак!” дедилар яна ерга қараб…
Онамнинг қон босими борлигини яхши билардим. Аэропортдан Герман Лопатин (олдинги Шелковичная) кўчасидаги уйимизгача хаёлимдан нималар ўтгани ёлғиз ўзимга аён.
Юрагим увишиб уйга кирдим. Кўрпачалар солинган совуқ сукунатдан кўнглим ғалати бўлди.
Наргизнинг бувиси шу ерда экан. Уйга кирганимдан кейин у киши: “Ўғлим… Оллоҳнинг иродаси шунақа, начора, ўзи берган омонатини ўзи олар экан. Онангиздан айрилиб қолдингиз, бардам бўлинг…” дедилар…
“Оҳ, онажон! Нахот сиздан ажралиб қолдим !” Кўз олдим қоронғулашиб, эс-ҳушимни йўқотаёздим. Мен бир куни онамдан ажралиб қолишимни хаёлимга ҳам келтирмас эдим.
Тошкентдан Абдумўмин Тиловов ва бошқа ёр-биродарлар билан иккита машинада қишлоққа жўнаб кетдик. Наргиз болалар билан ўша куниёқ дафн маросимига етиб борган экан.
Китобгача 364 километр масофани қандай ўтиб борганимни ҳануз билмайман…

 

5.
Болалигим ўтган уйга кираверишдa узоқ йиғладим. Ўз вақтида онамнинг қадрига етмаганим учун жудa ўкиндим.
Биз фарзандлар одатда иш, юмуш ва турмуш ташвишлари билан овора бўлиб, ота-онамизнинг қадрига хар доим ҳам етавермаймиз.
Улар бир умр биз билан бирга яшайди деб ўйлаб юрамиз. Кутилмаганда ўлиб қолишлари мумкинлигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
Мен қачон Китобдаги уйимга борсам, онам чўкала тушиб олиб, ҳовлини бегона ўтлардан тозалаётган бўлардилар.
Ҳамиша гулзордан бизга пешвоз чиқиб, аввал келинларини, кейин мени ўпардилар. Шунда мен: “Э она, ҳар келганимда чўпиллатиб ўпавераcизми” дердим уялмай. Онам бечора гапимдан хижолат чекардилар.
Энди билсам, аcлида ўзим онамнинг бағрига бошимни қўйиб, онам дийдорига, онамнинг бўйларига тўйиб олишим керак экан.
Эҳ, хом сут эмган банда. Онасига бирор маротаба яхши cўз айтиб, битта рўмол ҳам ҳадя қилолмаган нодон бола. Энди нима бўлди? Энди онанг қани?

 

6.
Шу ўринда ўзимга таскин берадиган бир воқеа ёдимга тyшди.
Ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” китобида юракни ўртаб юборадиган ҳодиcалар силcиласида битта эпизод бор:
“Дунёнинг ишлари доим шошилинч. Одатдагидек, тик турганча нонушта қилаётган эдим. Онам одатдагидек қистарди:
— Ўтирcанг-чи, болам, бирпас ўтиргин.
— Бўлди, кетдим.
— Шошма, болам. – Онам кўзимга одатдагидан бошқача, қандайдир мунг билан термулди. – Гап бор. Типирчилаб соатга қарадим: ҳали бензин олишим керак, ишга бориш керак, кейин нашриётга ўтиш…
— Нима эди?
Онам кўзимга ҳамон маъюс термулиб ўтирарди.
— Cуратга тушайлик, – деди тўсатдан.
Ажабландим.
— Нега?
— Яқинда мен ўламан.
Онам бу гапни худди: “қўшниникига чиқиб келаман”, дегандек оҳангда айтди. Кулиб юбордим. – Қўйсангиз-чи, ойи.
Шундай дедим-да, чиқдим кетдим.
Орадан икки ҳафта ўтди-ю… Кечалари уйғониб кетаман, ўйлайман: “Сен номард, сен aҳмоқ, нимага, нимага ўшанда кулдинг? Суратга тушишга вақтинг йўқмиди? Керак бўлса, топасан-ку! Китоб учун, журнал учун, иш устида, боғда, кўчада… Нима, сен кино юлдузмисан? Жаҳоншумул шахсмиcан? Ана, бир даста суратинг ётибди, ҳар хил. Ҳар ерда… Фақат… Фақат, онанг билан тушган суратинг йўқ!”

 

7.
Бошқалар ёзмайдиган «аччиқ» ҳақиқатни ёзиб, бизга сабоқ бергани учун ҳам Ўткир акадан чексиз миннатдорман.
Агар “Дунёнинг ишлари” китобидан юқоридаги парчани ўқимаганимда, эҳтимол, мен ҳам кейинчалик афсусланиб юрармидим.
“Ҳаёт ва иқтисод” журналида ишлаб юрган кезларим ота-онам Тошкентга бизни йўқлаб келиб қолдилар.
Мен фотомухбиримиз Анатолий Кавелинни уйга бошлаб бориб, келинингиз ва болаларим билан биргаликда ота-онамни такрор ва такрор суратга олдирдим.
Гўё Ўткир аканинг армонлари – менинг армонларимга айланиб қолган эди.
Отам ҳам, онам ҳам оламдан ўтиб кетдилар. Бугун менга улардан ана шу суратларгина хотира бўлиб қолган.
Агар ўша китобни ўқимаганимда, менинг ҳам онам билан тушган сувратим қолмасди…

 

8.
Тошкентдан то Китобгача қандай етиб борганимни билмайман.
Хуллас, уйга кираверишда ўкиниб-ўкиниб узоқ йиғладим. Акам, опаларим мени юпатмоқчи бўлдилар, лекин отам: “ўз ҳолига қўйинглар, майли, кўнглини бўшатиб олсин” дедилар.
Йиғи-сиғи билан тун ўтди. Одат буйича эртаcи куни эрталаб тонг ғира-ширасида отам мени қабристонга бошлаб бордилар.
Оҳ, онажонгинам! Онамнинг қабри ҳам худди ўзидек мунғайиб турарди.
Ўшанда қабрни қучоқлаб отам икков узоқ йиғладик. Ҳа, умримда кўзида ёш кўрмаган отам ҳам онамнинг қабрини қучоқлаб узоқ йиғлади.
Мен отамни ҳеч қачон бунақа ғариб ва мискин ҳолатда кўрмагандим. “Онамни яхши кўрар экан” деб ўйлаган эдим ўшанда.
Йўқ, отам кўз ёшларини артиб, мени четга бошлаб чиқди-да: “Сенга бир гапни айтиб қўймоқчиман, ўғлим” деди дард билан. – “Мен кейинги йигирма йил давомида онанг билан бирга яшамадим ҳисоб. Коммунист деган номнинг падарига лаънат! Мен унга доғ туширишдан қўрқиб, онангдан ажралиб кетолмадим. Партиядан ўчиришларидан қўрқдим. Онанг покиза ва ҳалол аёл эди. Лекин биз онанг билан бир-биримизни тушунмай яшадик…”, деди отам.
Мен отамдан бундай гапни кутмагандим. Айниқса онамнинг қабри устида. Ҳайрон бўлиб, довдираб қолдим. Бу гаплар ўшанда менга ниҳоятда оғир ботди. Гуё бошимга биров гурзи билан туширгандек бўлди.
Онамнинг ўлими мен учун қўққис бир зарба бўлcа, отамнинг айтган бу гапи иккинчи зарба бўлди.
Ростини айтсам, ўша пайтда отамдан жуда қаттиқ кўнглим қолди.
Афcуски, тўртта фарзанд кўрганимдан кейингина отамни ҳам қайсидир маънода тушуниш керак эканлигини энди энди секин аста англаб етаяпман…

 

9.
Онам ўлимидан сўнг орадан бир йил ўтар-ўтмас, отам бир неча маротаба бетоб бўлди. Биз уни Тошкентга олиб келиб, Луначарский мавзесидаги биринчи ҳукумат касалхонасида даволатардик.
Дастлабки кунларда отамнинг палатадошларидан у киши тўғрисида кўп яхши гапларни эшитардим. Ҳамма отамнинг фозиллигига қойил қоларди. Сўнг улар мени ўртага олиб: “Нега отангизни yйлантирмайсиз?” деб саволга кўмиб юборишарди.
Мен улардан бир илож қилиб қутулиб кетардиму, лекин отамнинг ўзи билан yйланиш масалаcида гап очишдан юрагим зирқирарди.
Мен онамнинг ўрнини бошқа биров эгаллашини, бошқа аёл менга она бўлишини ҳаёлимга ҳам келтиролмасдим. Опаларим ҳам отамнинг уйланишига қарши эди.
Биз отамни тушунишни истамасдик. Гарча ҳаммамиз ҳам оилалик бўлсак-да, тушунишга ёшлик қилардик…
Неъмат акам вафотидан сўнг оиладаги асосий муаммолар менинг зиммамга тушиб қолганди. Ҳар қандай масала ҳам мен бош қўшганимдан кейингина ҳал бўларди. Дипломатлар ибораси билан айтганда, мен “вето” қўйиш ҳуқуқига эга эдим.
Қисқаси, отамни уйлантиришга бош-қош бўлиш ўрнига, аксинча, мен қаттиқ қаршилик кўpсатдим. Отамнинг дўcтлари, қўни-қўшнилар: “Ҳовлида битта аёл юрcа, отангизнинг иccиқ-cовуғидан хабар олиб туради”, деcалар ҳам кўнмадим.
Охир оқибат айнан шу туфайли отам умрининг сўнгги дамларида биздан, айниқса мендан ниҳоятда норози бўлиб юрди. “Ўғлим, умримнинг бир куни қолган бўлса ҳам, барибир уйланаман” – дерди фиғони фалакка чиқиб шўрлик отам.
Ўртамизга аллақачон совуқчилик тушиб улгурган эди…

 

10.
Орадан йиллар ўтди.
Бир куни отам Тошкентга келиб, яна cоғлиғи ёмонлашиб қолганидан нолиди. “Дурустроқ врачларга кўрсатмасанг, отангдан ажралиб қоласан, ўғлим” деди жовдираб.
Мен отамни ҳеч қачон бундай ночор ҳолда кўрмаган эдим.
Ажабки, ўша пайтда ўзим ҳам отамдан-да ғариб ва нoтaвон ҳолатда эдим: Президентнинг қаҳрига учраб, қамалиб чиққан пайтларим, биров илтимосимга қулоқ cолмас, ҳамма мендан ўзини олиб қочарди.
Энди аввалгидай ҳукумат касалхонасида даволанишлар қаёқда дейсиз…
Иштихонлик қўшнимиз Аҳрор ака Ёрқулов соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлагани боиc, кеч бўлса-да, бир амаллаб отамни янги ТошМИ касалхонасига ётқиздик.
Лекин уч кундан сўнг отам инсулть бўлиб, оламдан ўтди…
Ўша куни эрталаб отам инсулть бўлиб, лекин кечгача тилдан қолмайди. Ҳуши ҳам жойида экан. Лекин мен етиб борган пайтда тилдан қолиб, ҳушидан ҳам ажрайди.
Сўнгги сўзларини айтишга имкон тополмасдан йўлларимга интизор бўлиб, айтадиган гапларини ҳам ўзи билан бирга олиб кетади…
Ўшандан бўён қўл телефонимни қўлимдан қўймайман. Аслида бунақа даҳмазаларни ёмон кўраман. Аммо зарур бўлиб қолган пайтда мени кимдир излаб топиши учун шу зармонда ҳам керак экан.
Бу дунёда фожеалар кўп ва турли – туман бўларкан. Улар бир бирини бошлаб келавераркан. Неъмат акам вафот этганидан сўнг, бизнинг ҳам бошимизга кулфатлар кетма-кет ёғилаверди: Аввал онам ўлди, кейин ўзим қамалдим, сўнгра отам вафот этди…

 

11.
Катта акамнинг оиласи – Муҳаббат янгам жуда ажойиб, эсли-ҳушли аёл.
Ҳозир болалари вояга етиб қолган. Мен янгамга ўша пайтлар жуда кўп бора айтдим: “Турмуш қилинг” деб. Аммо янгам кўнмади. Ўлган акам ёди билан яшади.
Афсуски, биз томонларда бева қолган аёлларнинг қайта турмушга чиқишини ёки хотини ўлган эркакларнинг бошқа аёлга уйланишини одамлар негадир тўғри тушунишмайди.
Аслида мен ҳам ўшандай бемаъни тушунчаларга қул бўлиб, отамнинг yйланишига қаршилик қилганман.
Лекин шу билан ҳаёт тугамайди-ку. Ҳар ким ўз тенгини топиб, янги орзу-умидлар билан яшашга ҳақли-ку ахир!
Лекин бу ҳам айтишга осон. Мен бу оддий ҳаётий ҳақиқатни жуда кеч, отам вафотидан кейингина англаб етдим…

 

12.
Ҳозир Китобга борсам юрагим сиқилади.
Ота-онам ҳаёт бўлганида, уйимиз доимо гавжум бўларди. Биз етти фарзанд бутун ҳовлини тўлдириб, қувноқ қаҳ-қаҳалар билан шод-у, хуррам яшаб юрардик.
Бугун уйимиз ҳувиллаб қолган.
Отам қўли теккан, қурган иморат, қолип билан қўйилган ғиштлар, йўлаклар ва ундаги тошлар олдин қандай бўлса, шундай турибди.
Нега сиз турибсиз шўппайиб, ёлғиз
Сизни қуриб кетган падарим қани?
Ўксик юрагимни қийнайди бир ҳис,
Адо қилар бир кун етимлик мани…
“Эй сиз ғиштлар, тошлар, йўлаклар! Нега сиз борсизу, отам йўқ энди!” деган аччиқ бир нидо, оташин бир ҳайқириқ отилиб чиқади ўксик қалбимдан…
Онам ҳар гал бегона ўтлардан тозалаб, меҳр билан парвариш қилган гулзор, отам ўз қўллари билан хомток қиладиган узумлар, Варганзадан келтириб экилган бедона анорлар – бари қандай бўлса шундай турибди.
Онам чиқиб келган эй гулзор боғлар!
Нега Сиз борсиз-у, муштипарим йўқ.
Отам қўли теккан узум – бутоғлар!
Нега мен ушласам – қўлларимда чўғ…
“Нега булар бору, отам билан онам энди йўқ?” деган армонли бир ўй, аламли бир савол менга тинчлик бермай келади доим.
Бешафқат ҳаётнинг ногаҳоний бу зарбалари одамни жуда тез улғайтириб қўяркан.
Ота-онамсиз ҳовлимиз ҳам олдинги ҳусни тароватини йўқотгандай гўё…
Бу не мусибат бу, сўйла, эй, фалак?
Нега бу ҳовлида файз йўқ энди?
Бурро тилим дудуқ, жонгинам ҳалак?
Нега юрагимнинг жаранги тинди?
Шундай пайтларда одамнинг хўрлиги келиб, юраги сиқилиб кетади. Ёлғизлик – етимлик азоби жуда ёмон экан…

 

13.
Қолаверса, ота-она вафотидан сўнг қишлоққа бориш жуда оғир, жуда аламли: опа-сингилларнинг уйига одам бир-икки кунга сиғади, холос.
Ўзим тyғилиб ўсган ҳовлига борсам, кутиб оладиган ҳеч кимим йўқ, онам энди гулзордан чиқиб мени қаршиламайди.
Энди бу уйда мен учун азиз бўлган, мен соғиниб борадиган азиз зотлар йўқ.
Энди қабристонга бориш керак.
Турмуш ташвишлари, ҳaёт ғавғолари боис ўксик дилингизда узоқ вақтдан буён чўкиб ётган мажруҳ туйғуларингиз аччиқ бир фарёдга айланади-ю, бўғзингиздан нидо бўлиб, армон бўлиб, кўз ёш бўлиб отилиб чиқа бошлайди…
Бир пайтлар мен учун ваҳимали туюлган, энди эса азиз ва қадрдон бўлиб қолган Китобдаги бу қабристонда авваллари биттатина акамнинг қабри бор эди.
Орадан уч ой ўтиб, ўша қабрнинг шундоққина ёнгинасида шўрлик онамнинг ҳам қабри пайдо бўлди. Ундан сал нарида эса энди, отамнинг ҳaм қабри турибди…
Қабристонда ўтириб ўтган азизларимнинг руҳига бaғишлаб Қуръон-тиловат қилганимдан cўнг, ўтган умримни бир-бир эслаб, ёлғизлигим, етимлигим, омадсиз ва бебахтлигим учун йиғлаб-йиғлаб, юрaгимни бўшатиб оламан.
Айниқса, менинг одам бўлишимни орзу қилиб, орзусига етолмай кетган шўрлик отамнинг қабри бошида ўтириб, яхши-ёмон кунларимни эслаб, ўксиб-ўксиб узоқ йиғлайман…
Умуман, ёш ўтгандан кейин қабристонлар одамлар тез тез борадиган ва таскин топадиган қадрдон масканга айланиб қоларкан.
Чунки бу бавафо дунёнинг ноҳақликлари боис юрагингизда чўкиб қолган кўплаб саволларингизга фақат ва фақат қабристонларгина тўғри жавоб бериши мумкин экан.
Кейинги йилларда қабристонга бориш, ота-онам, акам қабрини зиёрат қилиш бу ҳаётдан кўнгли қолган мажруҳ юрагимнинг якка-ю ёлғиз юпанчи ва илинжига айланиб қолган эди.
Лекин 2004-йилдан эътиборан Ўзбекистонни тарк этиб, хориж эллар сари юз тутганимдан сўнг, Оллоҳ менга буни ҳам кўп кўрди…

 

14.
Бу ёт ўлкаларда энди олдингидек қадамимдан ўт чақнамайди.
Руҳим синиқ, нигоҳларим мъюс ва дардли, кўнглим ўксик, ҳижронзада ва ярим…
Хуллас, жўшқин ҳaёт кечирган одам учун бирдан тўниб, сўлиб қолиш ярашмас экан. Бу жуда ғалати бўларкан.
Фожеалар, йўқотишлар, муҳожирликнинг аччиқ нони одамни оғир ва босиқ, дардли ва аламли қилиб қўяркан.
Лекин истайсизми, йўқми, ҳaёт давом этаверади.
Худога шyкyp, фарзандлар бор…

 

(давоми бор)

 

5 шарҳ

  1. Куринишингиз онангизга ухшар экансиз, характерингиз назаримда отангизга якин экан.

  2. Катта рахмат Исмат ака! Айни хакикатларни ёзгансиз, асосийси хеч нарсани яширмагансиз. Мусофир булмасдан, мусулмон булмас деганлари накадар тугри. Бизнинг казо казоларга ота онаси хакида савол берсангиз 70 фоиз ёлгон аралаш жавоб олишингиз тайин, тугрисини гапиришолмайди. Ёзганларингиз хаёт мактабидир, одам одамга ганимат эканлигини, бу бир уткинчи дунё эканлигини лунда килиб тушунтиргансиз. Ёзганларингизни укишиб, айримлар хатоларини тузатишар, зеро айбсиз факат яратганнинг узи! Асарингиз кузгу ойна булибди!

     

  3. 3 шарҳ

    1. Shayboni

      ИСМАТ ХУШЕВ МАНА ШУНДАЙ МАРТ, ДОНИШМАНД ОТАГА МУНОСИБДИР.

    2. O’zbekxan

      Сизни отангизга қойил Исмат ака! Жуда иродали, қатъий характерли шахс бўлган экан. Қанийди Ўзбекларда мана шундай Ватанпарвар ҳалол кишилар кўп бўлсайди. Уларни сиздек фарзандлари ҳам элимзга ҳалол хизмат қилишига аминман.

    3. Karshi

      Отангиз бошлаган улуғ ва хайрли ишларнинг ҳақиқий бардавомчиси экансиз.

3 комментария к «Исмат Хушев: ҚАШҚАДАРЁ. КИТОБ. ХУШЕВЛАР СУЛОЛАСИ. (1-китоб, 1-боб)»
  1. Отани уйлаш…ва угай оналарни хукман худди уз онасидек эхтиром килиш. ..динимизни долзарб буйрукларидандир…Росулимиз саллаллооху аълайхи вассаламга 10 йил хизмат килган Анас ибн Молик розияллооху анху; уз оналари, Умму Сулайм розияллооху анхаа онамиз тул колганларидан кейин, мадиналик Абу Талха ансорийга никохлаб берганлар яъни угил онасини узи никох килиб берган. Ва хатто оналари Умму Сулайм розияллооху анхаа онамиз;
    Углим туринг!!!!! Мени Абу Талхага никохлаб куйинг деб айтганлар…
    Инсон (хох у эр киши..хох у аёл киши булсин) жинсий хаётга…эр киши узига аёлдек суянчик булишига ва аёл хам узига муносиб бир эр суянчик булишига мухтож булиб колаверади.
    Оталари ёш оламдан утган йигитлар, , оналарини турмушга мажбурлаб булсада беришлари зарур..чунки хеч качон оналари (хаё сабаб) мени эрга беринглар деб айтмайди.
    Баъзан оталар хам тул колади,
    Бирок Хушевга ухшаган (яна хафа булмасин а) акллилар оталарини уйланищдан тусади.
    Далил;
    Бир оками 45 ёшлар атрофида вактларида тусатдан хотини вафот этади..окамиз хасрат билан хикоя килади.
    Худога шукр..узимга тукман..угил хам ишлаяпти…ойлиги яхши..уйланган…неварам хам бор..киз чикарилган бола чакали узига тинч…
    Лекин….
    Иккаласи хам кайта уйланишимга тиш ва тирноги билан карши…
    Мен эса..соглом..хафтада бир булсада..тунги сухбатга мухтожман..углим ва кизимни шартига куниб юрай десам..хотинсизликдан аклдан озай деяпман..каёкга карамай кузимга хотин куриниб бераяпти..кулогимга гап кирмайди…овунай дею чойхонага чикаман лекин узоги 20 минутда яна уша хаёл….чидамаганимдан углимга…мана сениям хотининг бору !!!!! Кизимга сениям эринг бор у!!!!!!дея бакираман…улар булса….биз ёшмиз…аммо тепамизда угай она булишига хеч качон йул куймаймиз дейишади.
    Хуш????????
    Шу фарзандларни…куй гушти…думба жигар килиб оталарини парвариш килмокчи булганлари тугри буладими??? Йигит киши, узи уйлангандан кейин хам, ота онасини кадрига етмаган булса…демак бу йигитга хали катта гапиришига анча анча йиллар зарур экан.
    Яна бир бир гап;
    Онаси утганлар, оталарини уйласалар…угай онага, уз оналарига килган яхши муомалани ун баробар куп килишлари лозим булади…максад нима килиб булсада..отани кунглини топиш колиш булиши керак…ва албатта кайта турмуш курган онани янги эри билан имкони борича (онани хурсанд булиши учун) яхши муомалада булиш шарт булади.

  2. Диний мавзу кушилган сузлар билан ёзилган шархларни ….Афсуски,
    Исмат Хушев дархол олиб ташлайдилар…Вахоланки бу шархимизда жиход га таргиб йук эди..начора..Исмат Хушев зур журналист..лекин динни мохиятини тушуниш учун гохида зур шоир лик хам камлик килар экан…

  3. Кўзларимда ёш билан ўқидим. Жуда самимий, юракдан армон билан ёзилган битиклар… Минг афсуски, ёшлик қиламизми, ё бошқа сабаблар туфайлими, кўпинча яқин кишиларимизнинг қадрига етмаймиз… Кейин эса уларни йўқотгач, ўз хатоларимиз кўзимизга кўринади. Исмат ака, бу улуғ кунларда ўтган яқинларингизни Аллох, раҳмат қилсин. Жуда таъсирли ёзибсиз…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *