ИСМАТ ХУШЕВ: «ПОДШО ЭРКАСИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ»
“Оқланмаган ишонч қиссаси”
(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари)
Биринчи китоб. 2 боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Беш ёшли Исмат Хушев отасининг Тюмень шаҳри (Россия) дан Китобга ташриф буюрган фронтдош дўсти Евгений Дунаев билан. Меҳмоннинг ўнг томонида акаси Рахмат Хушев, 1963 йил, Қашқадарё, Китоб.
ЖУРНАЛИСТИКАНИ ТАНЛАГАНИМНИНГ САБАБИ
(Ёки отамни нима учун фелъетон қилишгани ҳақида)
1.
Отам қаттиққўл ва талабчан математика муаллими эди…
Адашмасам, устоз ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг «Ён дафтари»да: «Энди қарибман, товуқни ҳайдамоқчи бўлсам, мушук ёнимга югуриб келяпти», деган ёзув бор эди.
Яъни, тишлари тўкилиб кетган киши “кишт-кишт” демоқчи бўлса, оғзидан “кис-кис” деган товуш чиқишига ишора қиладилар.
Маълумки, руcча тарбия курган мушуквойлар “кис-кис” деб чақирилади.
Агар устознинг кузатиши бўйича “ш” товуши билан “с” товушининг алмашиб қолиши – кексаликнинг биринчи аломати бўлса, яна бир муҳим аломати – эзмаликдир.
Кўпинча кекcа одамлар эзма бўлишади. Аслида улар эзма бўлишмайди, лекин битта гапни бошлаб олгунча гоҳ боғдан, гоҳ тоғдан келавериб, тингловчини зериктириб юборишади.
Агар каминада ҳам “иккинчи аломат” сезилиб қолса, ўқувчидан узр сўрайман.
Хотира худди “тутқич бермас қасоскорлар”га ўхшар экан. Энди калаванинг учини топдим деганингда, асосий гап бир четда қолиб кетганини фаҳм этасан. Ва яна – тағин “бисмилло”га қайтишга мажбур бўласан…
Отам районимиздаги ягона рус мактабида ўқитувчи эди, математикадан дарc берарди. У таълим-тарбия маcалаcида қаттиқ тypap, ўқувчиларнииг олифтагарчилик қилишига асло йўл қўймасди.
Биров истайдими-йўқми, лекин ҳамма даврнинг ўзига хос расм-русумлари, “модалари” бўлади.
Етмишинчи йилларнинг бошларида ўғил болалар кўйлакларини шимнинг ичига тиқмасдан, этак учларини тугунча қилиб юриш урф бўлган эди. Бу ҳунар улариинг “крутой” лигидан нишона эди гўё.
Ўша “мода” дастлаб, кўча-кўйда санғиб юрадиган ёшлар ораcида пайдо бўлади. Сўнгра секин-аcта мактабларга кириб боради. Айниқса, товуши дўриллаб қолган юқори синф ўқувчилари дарсларга ҳам кўйлакларининг учини тугиб кирадиган бўлишади.
Отам қаттиққўл муаллим эмасми, шу боис кўчадан келган “мода”га тоқат қилолмайди. Агар кўйлаги этагини тугиб юрган ўқувчини учратиб қолса, дарҳол унга дашном бериб, тугунчани ечтириб қўяди, ҳатто ота-оналар мажлисида ҳам ўша масалани кун тартибига қўйиб, муҳокама қилдиради.
Бундан ташқари, мактабда таълим олаётган, ўзбек бўлмаган ўз ўқувчиларини катталарга биринчи бўлиб салом беришга ўргатади.
Айниқса, рус болаларини ана шундай миллий таомилга бўйсунишга қаттиққўллик билан мажбур қилади: “Сенлар Ўзбекистонда яшаяпсан, шундоқ бўлгач нега ўзбекларнинг урф-одатига амал қилмайсанлар”, – деб танбеҳ берарди уларга.
Отам нафақат ўз ўқувчиларига, балки ҳамкасбларига нисбатан ҳам хийла талабчан эди.
Ҳуллас, отамнинг принципларидан ҳамма безор бўлиб, ундан қутилиш йўлларини излайдилар. Излаган имкон топади деган гап бор. Камчилик ҳаммада ҳам бўлади…
2.
Отам – менинг биринчи устозим эдилар.
Фелъетон машмашаси тўғрисида гапиришдан аввал бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Менинг биринчи шеърларимни отам таҳрир қилиб берган.
Отамнинг ўзи ҳам мумтоз адабиётимиз йўлида ғазалнамо шеърлар ёзарди: шахсий кутубхонамизда Бедил, Фузулий, Машраб, Огаҳий, Отоий каби алломаларнинг кўплаб девонлари бор эди.
Отам ўзига яраша фозил одам эди.
Агар у киши урушдан кейин, масалан, Тошкентда қолиб ишлаганларида юксак мартабаларга эришмоғи мумкин эди.
Илм соҳасида академик бўлишларига ҳам асло шубҳаланмайман.
Айниқса, қуролдош дўстлари отамни ҳурмат қилишарди.
Ажабки, ҳозирга қадар Украинадан отамнинг номига хатлар, табрикномалар келиб туради.
Улар халоскорлари вафот топганини то ҳануз билмасалар керак…
3.
Отам – Украинада…
Отам Украинанинг Бердичев райони фахрий фуқароси эди.
Бердичев озод қилинишининг 50 йиллиги тантаналарини нишонлашга отамни ҳам таклиф қилгандилар.
Вафотидан уч-тўрт йил олдин отам Бердичевга боради.
Ўшанда у киши бир неча минг киши тўпланган район марказидаги митингда рус тилида нутқ сўзлаб, сал кам бир соат давомида одамларни ҳайратга солиб гапирган экан.
Ўша сафардан видео кассетасини олиб қайтган. Отамнинг нутқини эшитиб, ўзим ҳам қойил қолганман. Эҳ-ҳе, у ердаги олқиш-у қарсакбозликларни кўрсангиз, оғзингиз очилиб қолади. . .
Отам Бердичев туманини немислардан озод қилиш пайтида думбасидан ўқ еб, оғир ярадор бўлган экан.
Орадан эллик йил ўтгач, ўзи халос қилган ерларга бориб, ярадор бўлган пайтда ўзини даволаган ўн саккиз ёшли қизни топади.
Бу аёл энди етмишни қоралаган кампир бўлиб қолган бўлса-да, лекин: “Маҳмуд, Миша, бу сенмисан?” деб отамни қучоқлаб олиб, роса йиғлаган экан.
Уни қандай топдингиз деб сўраганимда “кўзларидан таниб топдим” деган эди отам…
4.
Отам – Москвада…
Дарвоқе, Москвада ўқиб юрган кезларим отам мендан хабар олгани бориб қолдилар.
Универcитетнинг журналистика факультетида деканимиз Ясен Николаевич Засурский отамдан аудиторияда чиқиш қилиб беришни илтимос қилганди.
Ўшанда отам бир соатдан зиёд рус тилида маъруза қилиб, Москва аудиториясини ҳам лол қолдирган эди.
Талабаларнинг кўплаб саволларига содда ва равон жавоб қайтарганди, ўшанда отамга ҳамма қойил қолганди.
Ўзбекистон тўғрисида, пахта етиштириш машаққатлари ҳақида қоғозга қарамасдан жуда зўр гaпларни айтганди.
У пайтларда ҳали СССР ҳаёт, биз Иттифоқ таркибида эдик.
Ясен Николаевич ҳозир Москва Давлат университетида – журналистика факультетининг Президенти…
Шу киши отамнинг соф рус тилидаги маърузасини эшитганидан сўнг, менинг олти ойлик стипендиямни тиклаб берганди: Қарзларим туфайли ярим йилдан буён стипендия ололмай юргандим.
“Шундай ажойиб инсоннинг фарзанди экансан-ку!” деб деканимиз бир яхшилик қилганди менга…
5.
Нима учун фамилиямиз Хушев бўлгани хусусида…
Бир куни отамдан: “Нима учун бизнинг фамилиямиз “Хушев”? Бунақасини ҳеч кимда учратмадим?” деб сўрадим.
Шунда у киши: “Отамнинг исмлари Қўш Муҳаммад Ҳожи эди. Бизнинг фамилиямиз аслида Муҳаммадиев ёки Қўшмуҳаммадиев бўлиши керак.
Чунки бувангнинг пастки лаби қилич тиғидан иккига бўлиниб, “қўш” бўлиб қолган экан.
Буванг мужоҳидлар сафида (“босмачилар” дейишарди) босқинчиларга қарши беармон урушган экан.
Мен ўн бир яшарлик пайтимда у Афғонистонга муҳожирликка кетади.
Афсуски, мен узоқ йиллар мобайнида отамнинг ким бўлганини яшириб юрдим. Акс ҳолда, менга кун бермай қўйишарди”, – деб жавоб берган эди отам.
Бувамлар Ҳажга ҳам борган эканлар.
Момом раҳматли ҳам ўттиз уч йил мобайнида бувамнинг келишини кутиб, кўзлари тешилиб оламдан ўтиб кетди.
Баъзан отам: “Афғонистондан авлодларимиз келиб қолади”, деб қўярди. Афcуски, қариндошларимиз топилмади.
Мана отам ҳам дунёдан ўтиб кетди…
Ажаб, бир кун келиб шу муҳожир бобомнинг тақдири менинг ҳам бошимга тушади, сиёсий тузум боис Ўзбекистонни тарк этиб, Канадада яшаб қоламан деб деб сира ўйламаган эдим…
6.
Исмат Хушев – “миллатчи”нинг ўғли…
Ана энди отамнинг “миллатчилиги” тўғрисида.
Қизиғи шундаки, рус мактабида математикадан дарс берадиган отамни миллатчиликда айблайдилар.
Дастлаб биз нима бўлганини билмаганмиз. Ҳар куни ишга кетиб, кеч қайтадиган отам бирдан мактабга бормай қуйди.
Уйда ҳамма ҳайрон, лекин нима бўлганини сўрашга ҳеч ким ботина олмайди.
Биз фарзандлар отамиздан жуда ҳайиқардик. Ўзлари бирор нарса сўрамасалар, гап қўшиш ва ё бирор нарса сўрашга журъат этолмасдик.
Бир кун ўтди, икки кун ўтди, уч кун…
Отам ҳар куни эрталаб чопонини елкасига ташлаб, томорқани айланиб келади, холос. Сиртдан соппа-соғ эди, касалга ҳам ўхшамасди.
Орадан бир ҳафта-ўн кун ўтгач, уйимизга рус мактабида ўқийдиrан йигирма саккиз нафар йигит-қизлар (аксарияти рус болалари) бостириб келишди.
Улар юқори синф ўқувчилари эди.
Отам улар билан анча пайтгача гаплашиб турди, сўнг ўқувчиларнинг аксарияти очиқ-ошкор йиғлай бошлашди.
Уларга қўшилиб отамнинг ҳам кўзларида ёш пайдо бўлди…
Ўша манзара сира кўз олдимдан кетмайди: отам ўз ўқувчиларини бир-бир бағрига босиб йиғлаганди.
Кейин маълум бўлишича отам ноҳақ фелъетон қилинганидан кейин мактабга бориб дарс беришга ор қилган, энди бунга менинг маънавий ҳаққим йўқ деб ўйлаган экан…
Эртаси куни уйимизга райОНО ходимлари келишди: “Бориб, ўжар ўқувчиларингизни ўзингиз йўлга солинг, улар ўқишга бормай, дарсларни “байкот” қилишяпти” дейишди.
Ҳақиқатан ҳам болалар ноҳақ фелъетон қилинган отамни ҳимоя қилиб: “Агар Хушев домламиз мактабга қайтмаса, биз ўқишга бормаймиз” деб шарт қўйишган экан…
Руслар, барибир русларда.
Баъзан ўйлаб кетаман. Ана шунақа – ўз ҳақимизни талаб қилишни билмаганимиз учун ҳам, биз ўзбекларнинг мудом косамиз оқармаётган бўлса, не ажаб…
Бугун орадан шунча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам, ўша воқеаларни эслаб, бир нарсага қойил қоламан.
Ўша пайтларда бошқа миллат болаларида биз ўзбекларга қараганда бўйсунмаслик ва исёнкорлик руҳи кучли экан.
Аслида отам ўша олифта ва шаккок болаларни мусулмончилик қоидаларига риоя қилишини, катталарга биринчи бўлиб салом беришини талаб қилган ва бунга уларни қайсидир маънода мажбурлаган ҳам эди.
Ажаб, айнан ўша “ҳуқуқи камситилган” болалар кейинчалик отамнинг мактабга қайтишини истаб уйимизга ялиниб келишдан уялишмади, ор қилишмади…
Бизда эса тепанинг оғзига ва қовоғига қараб туриш, мутелик ҳисси ҳануз кучли. Хафа қилган ва ё ранжитган одамимиздан узр сўраш, кези келганда уни ноҳақликдан ҳимоя қилиш, кўнглини олиш бизга ёт.
Балки шунинг учун ҳам биз ўзбеклар ҳануз ўз ҳақимизни талаб қилолмай, мутеълик ҳисси билан, Чечен ва русларга ўхшаш исёнкор одамларга ҳавас қилиб яшаб юрган бўлсак, не ажаб!
Майли, мавзуга қайтсак.
Хўш, ўшанда отам билан боғлиқ масалада аслида нима бўлган эди?
Кейинчалик маълум бўлишича, республикамизнинг “Правда Востока” газетасида Қамариддинов деган китоблик мухбир отам тўғрисида фелъетон эълон қилган экан.
Отамнинг қаттиққўллигини миллатчиликка йўйибди, бошқа миллат фарзандларига мусулмончилик қоидаларини мажбурлаб тиқиштирганликда айблаб, сира куракда турмайдиган гaпларни ёзибди…
7.
Исмат Хушев – саккиз йиллик қишлоқ мактабида…
Шу воқеадан сўнг кўп ўтмай, отам олис қишлоқдаги мактабларнинг бирига директор бўлиб кетди.
Номи директор-у, лекин фелъетон боис сургун қилинди десак, тўғрироқ бўларди…
Бу даражадаги илмли ва тажрибали одам бундай овлоқ жойга ўз ихтиёри билан бормаса керак…
Мен ҳам отам билан бирга жўнадим.
Бешкалтак қишлоғидаги саккиз йиллик мактабда ўқий бошладим.
Отам икковимиз мактаб қоровулхонасида яшардик.
Қиш келиб, ҳаволар совуб кетди, ёғин-сочин бўлди. Мен бирдан касал бўлиб қолдим.
Бизга рус тилидан дарс берадиган домламизнинг мотоцикли бор эди. Отам ўша ўқитувчидан: “Мотоциклингни бериб тур, ўғлимни район касалхонасига олиб бораман”, деб илтимос қилди. Лекин ўқитувчи мотоциклини бермади.
Чунки мен ўша ўқитувчимизни нос чекиб, носини синфхонамизнинг бурчагига туфлашини отамга айтиб қўйган эдим.
Синфхонамиз торгина, полсиз эди, деразалари ҳам кичкина. Ҳаво етишмайди, бўғилиб зўрға қирқ беш минутга чидаб ўтирамиз.
Устига устак, рус тили дарсида носнинг бадбўй ҳидига ҳам чидашимиз керак эди. Ахир, бундан ортиқ азоб бўладими?
Хуллас, менинг “чақимчилигим”дан сўнг отам рус тили ўқитувчимизга (ўзи ўзбек эди) дашном берган экан.
Отамдан гап эшитган ўқитувчи мендан ўч олиш учунми, билмадим, мотоциклини бермади, қизғанди.
Отам мени узоқ масофага, катта йўлга чиққунча елкасига опичлаб борди.
Лойгарчилик, coвуқ эди. Анча пайтгача йўловчи машина келишини кутиб, дийдираб турганимиз ҳануз хотирамдан кетмайди…
8.
Исмат Хушев – журналист бўлиши шарт!
Мундоқ ўйлаб кўрсам, отам ноҳақ фелъетон қилингани туфайли мен муштимга туфлаб: “Ўзим журналист бўлиб адолатни қарор топтирмасам, Исмат отимни бошқа қўяман!”, деб ўзимга ўзим сўз берган эканман.
Аста-секин Китоб туманида чиқадиган “Fалаба” газетасига хабарлар ёзишни ўргандим. Кейин Бешкалтакда бўладиган ҳар хил тадбирлар тўғрисида мақолалар ёзиб юрдим.
Баъзан газетанинг битта сонида “И.Хушев” имзоси билан икки-учта хабар ёки кичик мақолаларим чоп этиларди.
Эҳ-ҳе, у пайтлардаги шуҳратимни бир кўрсангиз эди! Билмадим, район газеталарининг мухбирлари ҳозир ҳам ўшандай обрў-эътиборга эгамикан?
Менимча, матбуотнинг – тўртинчи ҳокимиятнинг мавқеи ўша пайтлар даражасида тикланиши лозим!
Ишонасизми-йўқми, ўша фелъетондан сўнг отам бирдан ўзгариб қолди.
Чунончи, отам уч-тўртта ўжар олифта йигитчани завуч хонасига олиб кириб, уларнинг кўйлаги туrилган учларини қайчи билан кесиб, қўлларига берган экан.
Ўша кўйлак нимталари “ашёвий далил” сифатида рўкач қилинади: отам ўқувчиларга нафақат маънавий зарар етказади (яъни, миллатчилик кайфиятига берилиб, ўзбеклаштириш сиёсатини юритади), балки “жабрланувчилар”га моддий зарар ҳам етказган бўлиб чиқади…
Хуллас, фелъетон туфайли отамни овлоқ бир қишлоққа сургун қиладилар.
Шу воқеа сабаб бўлиб “мухбирлик” фаолиятим бошланди.
“Fалаба” газетасида хабарларим чоп этилиб, кўзга ташланиб қолганимдан кейин мактаб директорлари даражасидаги катта-катта одамлар ҳам мен билан тенгма тенг муомала қиладиган бўлиб қолишди.
Мактабимизда қандайдир саналарга бaғишланган тадбирлар ўтказиладиган бўлса, мендан маслаҳат сўрардилар. Шундай пайтларда “мундоқ қилиш керак, ундоқ қилиш керак” деб йўл кўрcатишдан ўзимни тия олмасдим…
9.
Исмат Хушев – мактаб лидери!
Шундай қилиб, дастлаб синфимиз, сўнгра мактабимиз ўқувчиларини орқамдан эргаштириб юрадиган бўлдим.
Ўз-ўзидан мактаб лидерига айланиб қолдим.
Ростини айтсам, ўзим доим “аъло” баҳоларга ўқирдим, бошқаларга ўрнак бўладиган ижобий хислатларим ҳам бор эди.
Муқаддам таъкидлаганимдек, онамнинг жонсараклиги туфайли кийим- бошларим тоза бўларди, тирноқларимнинг остида кир бўлмасди (ажабки, синфимиздаги “Тозалик комисcиясининг раиси” Матлуба ҳар куни эрталаб биринчи соатдаги дарс бошланишдан аввал ўқувчиларнинг қўлларини парта устига қўйдириб, тирноқлар остида кир бор-йўқлигини текшириб кўрарди: агар кимнинг тирноғи остида кир бўлса, токи ўша бола “микроблардан халос бўлиб” келмагунча синфхонага киритмасди).
Дарвоқе, менинг маҳаллий “лидер”га айланишимга сабаб бўлган бирталай омиллар бор эди:
Биринчидан. Мактабимизда ўқувчилар бевосита ўрнак олишга арзийдиган битта намунавий “қолип-андоза” тимсоли яратилиши лозим эди.
Ўша андоза район, вилоят, ҳатто республика ва Бутуниттифоқ миқёсида кўз-кўзланса, “фалон мактабда таълим-тарбия ишлари кўнгилдагидек йўлга қўйилган” деб “раҳмат” эшитиш мумкин бўларди (охир-оқибат, шундоқ ҳам бўлади).
Бу – шўро тузумининг синалган усули эди (“стахановчилик ҳаракати”, “кўпмингкилограммчи теримчилар ҳаракати”, “Турсунойчи қизлар ҳаракати” ва ҳоказоларни мисол тариқасида эслашингиз мумкин).
Иккинчидан. “Мухбирлик” фаолиятим бошланар-бошланмас “Fалаба” газетасининг масъул ходимлари уйимизга ёки мактабимизга атайлаб сим қоқишиб: “Илтимос, Исматжон, фалон мавзуда бизга шошилинч хабар ёзиб юборинг!” деб махсус буюртма берадиган бўлишди.
Албатта, мен бу топшириқларни бажонидил адо этардим.
Кейинчалик ўзим республика матбуотида ишлаб, муҳаррир бўлиб билдим-ки, таҳририятлар доимо яхши ёзадиган иқтидорли қаламкашларга муҳтож бўлар экан.
Яъни, истеъдодли ёшларни матбуотга жалб этиш тажрибаси одатдаги ҳол ҳисобланар экан.
Мен бўлсам, ўқувчилик пайтимда матбуотнинг ички сир-асрорларини билмасдан: “аканг қарағай зўрлиги ва алоҳида талант соҳиби бўлгани учун шундай қилишяпти!” деб ўйлардим.
Ўзимнинг ноёб истеъдод эгаси эканлигимни ўйлаб, кечалари ухламасдан хаёл суриб чиқар эдим…
Хуллас, “И. Хушев” деган номни олдин кичкина гуруҳ, кейин жамоа, қишлоқ, ундан кейин бутун район таниб қолади…
Ва эрта бир кун йиллар ўтиб, ўша – болаликдаги “мухбир Исмат” кейинчалик менга оғир ва аччиқ қисмат бўлишини, албатта, мен ўша пайтлар ўйламаган эдим.
Ҳаётим турли-туман баланд- пастликлар ва сиёсий шикастликлар боис муҳожирлик томон юз буришини хаёлимга ҳам келтирмаганман.
Бундай шарафли ва фожеали қисмат, рости, етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди…
Учинчидан. Кўп ўтмасдан Китоб тумани менга торлик қилиб қолди. Мақола, хабар ёзиб орттирган шон-шуҳратим ҳам менга камлик қилаётгандек, энди газеталарга шеьрий машқларимни ҳам юборадиган бўлдим.
Ўшанда “Ленин учқуни” газетаси “Ватанимни куйлайман” мавзусида кўрик-танлов эълон қилган экан. Лекин мен бундан бехабар эдим…
10.
Исмат Хушев – “Артек”да…
Ажойиб кунларнинг бирида уйимизга “Ленин учқуни” газетасининг махcуc конвертида хат келди.
Қишлоғимиз почтачиси Шўра опа ўша конвертни махсуc келтириб берди, отам билан бирпас гурунглашиб, бир-икки пиёла чой ҳам ичиб кетди.
Сўнг конвертни очиб қapacaк, ичидаги ўша cонида “Ватанимни куйлаймaн” рукни оcтида менинг шеърларим билан cуратимни босишибди!
Энг қувончлиcи шундаки, мен республикамиз миқёсида ўтказилган кўрик-танловда ғолиб чиқибман ва Бутуниттифоқ пионерлар лагери “Артек”ка бепул йўлланма билан тақдирланибман.

Суратда: Исмат Хушевнинг “Артек”ка жўнаб кетишдан олдин тушган расми…
Ана шунақа.
Шундан кейин битта ўзим эмас, мени танийдиган бошқа одамлар ҳам “Исмат Хушевнинг фавқулодда ҳодиса” эканлигига асло шубҳаланмай қўйишди.
Хуллас, мени “ёш мухбирлар” сафида Қримга жўнатишди…
11.
Бутуниттифоқ пионерлар лагери “Артек”…
“Артек” – Қора денгиз соҳилида – сўлим Қрим оромгоҳининг шундоққина биқинидаги Гурзуф қишлоғи яқинида жойлашган Бутуниттифоқ пионерлар лагери.
У ерда бутун дунёдан (аcосан cоциалистик мамлакатлардан) келган ўқувчи- ёшлар дам олишарди.
Ўтмишда Советлар Иттифоқининг энг машҳур соғломлаштириш лагери, бутун дунё пионерларининг суюкли ва нуфузли маскани бўлган “Артек” узоқ вақтга қадар нафақат болаларнинг, балки катталарнинг ҳам (узоқ ва яқин шарқдаги давлат раҳбарларининг) ўзъаро учрашиб, музокаралар олиб борадиган жойи эди.
Жан-Бедель Бокасса, Леонид Брежнев, Юрий Гагарин, Индира Ганди, Урхо Кекконен, Никита Хрущёв, Джавахарлал Неру, Отто Шмидт, Лидия Скобликова, Пальмиро Тольятти, Хо Ши Мин, Бенджамин Спок, Михаил Таль, Валентина Терешкова, Лев Яшин каби дунёнинг машҳур кишилари ҳам ўз вақтида “Артек”нинг фахрий меҳмонлари бўлишган.
1983 йили эса ўша даврда бутун дунёга донғи кетган Саманта Смит ҳам “Артек”ка ташриф буюрган эди.
Ўша даврда “Артек”ка йўлланма олиш совет ва чет эллик ёшлар учун жуда катта мукофот ва камдан кам болаларгагина насиб этадиган бахтли бир тасодиф эди…
Суратда: “Артек”даги “Қора денгиз”дан сув ичмоқчи бўлиб энкайганича қотиб қолган Айиқ тоғи…
12.
Ўша пайтларда “Ленин учқуни” газетасида ишлаган ходимларнинг ҳалоллигидан ҳанузгача миннатдорман…
Чунки, сал инсофсизроқ кишилар бўлса, қофия тузиш қўлидан келадиган бирорта таниш қаламкаш арзандалари номидан эълон қилинган шеърларни рўкач қилиб, бизга ўхшаган қишлоқ болаларини бир четга суриб қўйишлари ҳам мумкин эди.
Лекин улар бундай қилишмайди. Ўшанда ёшлар матбуотида, айниқса “Ленин учқуни” газетасида асосан ҳалол ва халқпарвар одамлар хизмат қилишар экан.
Йўқса, “Артек” деб аталмиш иттифоқ меридианида парвоз қилиб, бу муқаддас масканга холис бир редакция тарафидан келиши – Исмат Хушев сотиб олишга қурби етадиган мукофот эмас эди.
Китобдаги оддий бир қишлоқ мактаби ўқувчисининг сиёҳ билан ёзилган оддий бир хатига кўрсатилган оддий бир эътибор эди бу!
Бугун Ўзбекистонда чиқадиган газета ва журналларда очиқ-ойдин ёзиб қўйилган: “Хатингизга жавоб берилмайди деб”…
Ўша пайтларда бир миллион нусхадан зиёд нашр этилаётган ёшлар газетаси ўзининг минглаб ўқувчиларини қайси жасорат билан хат ёзиб, йўқлаб турди экан деб ўйлаб кетаман баъзан.
Бунга қанча куч ва меҳр керак. Миллатга меҳр керак. Газетага эмас…
Кейин катта бўлиб, ўзим ҳам республика миқёсидаги нашрга раҳбар бўлгач, сўраб суриштирдим.
Ўша пайтларда “Ленин учқуни” газетасига Суҳроб Юлдошев деган ажойиб бир инсон бош муҳаррир бўлган экан. У киши сурункали 20 йилдан зиёд болаларнинг суюкли газетасига раҳбарлик қилибдилар.
У киши, Эркин Маликов, Абдусаид Кўчимов, Икром Ўтбосаров, Муқаддас Абдуазимовалар бевосита сабабчи бўлишган экан менинг “Артек”ка боришимга.
Ўзим Тошкентга келиб, бош муҳаррир бўлгач, улар билан танишдим. Олис болалик хотирамда ўчмас ва нурли бир шуур бўлиб қолган ўша яхшиликлар учун уларга миннатдорчилик билдирдим…
13.
Ўн бир сўм пул билан «Артек»ка кетганман…
Сира эсимдан чиқмайди, “Артек”ка жўнаб кетишим арафасида отам қўлимга роппа-роса ўн бир сўм пул берган эди: “Ўғлим, мана сенга ўн бир сўм пул, китоб-қалам харид қиларсан. Бориб-келиш харажатларингни комсомол Марказқўми тўлар экан”, дейди.
Шундай қилиб ўн бир сўм пул билан “Артек”ка жўнаб кетганман…
Ўша пайтлар биз болалар учун бу катта пул эди.
У ерда бир ой эмас, нақд олтмиш тўрт кун ўзбекистонлик ва чет эллик тенгдошларимиз билан дам олдик.
Негаки, бутун дунёдаги бўлажак ёш қаламкашлар учун атайлаб, “Ёш мухбирлар” сменаси ташкил қилинган бўлиб, биз ана шу ноёб шарофатга муяссар бўлган эканмиз…
Ажаб, отаси фельетон бўлганидан сўнг Бешкалтак қишлоғидаги саккиз йиллик мактабда ўқиган, атрофи тоғлар билан ўралган қолоқ ва овлоқ бир районда яшаб юрган Исмат Хушев, “Артек” баҳонасида ниҳоят, Бутуниттифоқ даражасига чиқади.
У жаҳон мухбирларининг Қримдаги энг машҳур оромгоҳида улар билан бир сафда туриб бу сирли ва синоатли катта дунёга энди кенгроқ ва каттароқ нигоҳ билан қарайдиган бўлди…
Ким билади дейсиз, агар ўшанда тақдир унга кулиб боқмай, “Артек”ка юбормаганида эди, у ҳам бошқа тенгдошлари каби бир умр ўша қишлоқ қобиғида ўралашиб, нари борса отасига ўхшаб мактабда муаллим бўлиб қолиб кетармиди…
“Ҳар кимнинг тақдирига даврони сабаб бўлгай. Мен шеър ёзсам умримнинг ҳар они сабаб бўлгай!” деб ёзган эди Абдулла Орипов ўзининг “Онажоним – шеърият!” номли машҳур бир шеърида.
Айтиш мумкинки, менинг дунё кўрган жаҳонгашта йигит бўлиб камол топишимда ҳам – “Артек”нинг роли сўзсиз беқиёс эди.
Демакки, мени бетаъма ва беминнат бу қутлуғ даргоҳга йўллаган – давримнинг, давронимнинг илтифоти эди бу!
Айтиш мумкинки, оддий бир қишлоқ муаллимининг оқ кўнгил ва хаёлпараст ўғлига кўрсатган каромати эди бу сийлов…
14.
Болалик ҳаётимнинг икқилобий ўзгариши…
Бир сўз билан айтганда, “Артек” менинг болаликдаги бир маромли ва зерикарли ҳаётимни тамомила остин-устин қилиб юборган эди!
Одатда биз совет даври ҳақида гапирганда унинг салбий томонлари билан бирга албатта ижобий ҳолатларини ҳам эътироф этиб ўтишимиз керак.
Масалан, бугун “Артек”ка уч ҳафталик йўлланма олиш нархи 3550 – 5550 доллар атрофида экан. Шароити ва комфортиги қараб. Бу ҳам ҳамма болаларга насиб этавермайдиган “бахт”…
Демак, энди у ерга оддий одамларнинг иқтидорли ва муносиб фарзандлари эмас, балки пулдор ва казо-казоларнинг эркатой болаларигина бора олади, холос.
Мустақил бўлганимиздан кейин “Артек”ка бориш имкониятлари ана шундай торайиб, нархи эса қимматлаб кетди.
Бугун энди Ўзбекистондаги қанча- қанча иқтидорли Исмат Хушевлар фақат “уй лагерлари”да ўтирибди, холос…
15.
«Артек»даги рус мактабида икки ойлик сабоқ…
Ўқиш мавсуми бошлангач эса, “Артек”даги Ленин номидаги мактабда рус тилида ўқий бошладик.
Отам рус тилини урушда ўрганган эди. Мен эса бу тилни яхши билмасдим.
Ҳаёт ва фронт отамга яхши мактаб бўлганди. Мен эса бу мактабни ўтамагандим.
“Артек”да шу менга панд берди. Отам қанчадан-қанча мактаб ўқувчиларини ўргатганига қарамай, мен рус тилига нўноқ эдим.
Лекин шунга қарамай, руҳимни туширмай, рус тилини ўрганишга жиддий киришдим. Илтимосимга биноан менга алоҳида ўқитувчи ажратишди.
У ерга бутун дунёдан энг яхши мураббийлар танлов асосида ўқитувчи ва “пионер вожатий” (етакчи ёки йўлбошчи) этиб ишга юборилар экaн. Алла Владимировна деган дилкаш ва меҳрибон аёл шу пайтгача ҳеч эсимдан чиқмайди, болалик хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган.
Улар ҳар томонлама билимга эга бўлган етук инсонлар эди.
Албатта, иқтидорли ўқувчиларга дарс беришнинг ўзи бўлмасди, уларни қизиқтирадиган саволлар қамрови чексиз эди…
16.
Рус тилида ёзган биринчи шеърим…
Биз “ёш мухбирлар” сменасида бўлганимиз учун ҳам мактаб дастуридан ташқари махсус ижодий мулоқот ва машғулотлар ҳам ўтказиларди.
Хуллас, «Артек» менинг ҳаётимга ўзгача бир шуур, ўзгача бир нур олиб кирди…
Бир ярим ойдан сўнг рус тилида ҳатто шеър ҳам ёзганман.
Мана, унинг бир парчаси:
В “Артек”е много ребят,
Они друг-друга любят.
Например Ирина,
Приехала из Уқраины.
А мой друг Вова,
Приехал из Тамбова…
Ёки “Ленин учқуни”да эълон қилинган “Чайкалар” номли мана бу шеърга бир эътибор қилинг-а:
Қopa денгиз шўх денгиз,
Кеча-кундуз чайқалар.
Денгиз узра баҳслашиб,
Ўйнаб учар чайкалар.
Мен ҳам худди чайкадек,
Осмонда учгим келур,
Бутун борлиқ, оламни,
Фазони қучгим келур!
Ё товба, “Артек”да шунақа шеърлар ҳам ёзган эканман!
17.
Исмат Хушевнинг Қримдаги сўлим ва жаннатмакон “Артек”дан жазирама ва қайноқ хумдон Қашқадарёга – саҳродаги қишлоққа қайтиши…
Ниҳоят, “Артек”дан қишлоққа қайтиб келдим. Энди менга Китоб ҳам торлик қилаётганини дарҳол англадим.
Ўша 13-14 ёшида кутилмаганда Исмат Хушев ҳаётига кириб келган “Артек” унинг дунёқарашида инқилоб қилгани ва ўта муҳим роль ўйнагани табиий эди, албатта.
Энди мен ўзимни гўё Расадхонада туриб бутун оламни, чексиз коинотни кузатаётгандек ҳис этардим.
Битта қишлоқда, битта туманда биқиниб яшаш мумкинлигини тасаввуримга ҳам сиғдира олмасдим.
Тўғри, ёши бир жойга етган одамлар зинҳор-базинҳор иccиқ ўрнини совутишни истамайди – ўз уйинг, ўлан тўшагинг деган гап бор, ахир.
Бироқ, ёшлик шижоати кўксида типирчилаб турган йигитча ҳикматли гапларга қулоқ солармиди!
18.
Нега мен «Артек»дан кейин ўз юртимга — қишлоғимга сиғмай қолдим?
Хўш, “Артек” нимаси билан менинг болалик тасаввурларимни бу қадар ўзгартириб юборди?
Негаки, мен “Артек”дан уйга қайтарканман, ота-оналарим ва синфдош дўстларим дийдоридан қувониш ўрнига, худи ўз Лайлисидан бир умр ажралиб, кимсасиз биёбонга сафарбар этилган Мажнундай маҳзун ва тушкин бир ҳолда эдим?
“Apтeк” дa энг аввало менинг одамларга муносабатим, дунёқарашим кескин ўзгарди.
У ерда сен ёш бола бўлсанг ҳам, фикр айтишга, у ё ки бу масалада ўз муносабатингни билдиришга ҳақли эдинг. Ҳамма сени катта одамдай қабул қилар, шунга яраша муносабатда бўларди.
Бизда эса бунинг тамомила акси: ёш болалар катталар гапирганида, улар ҳақми, ноҳақми, сўзсиз тинглаши ва итоат этиши шарт эди…
19.
Дунё адабиёти билан танишиш…
Хуллас, “Артек”дан кейин Исмат Хушевнинг тафаккури ва дунёқараши бутунлай ўзгара бошлади.
Энди мен фақат ўзбек ижодкорларининг эмас, балки бошқа ёзувчиларнинг ҳам асарларини ўқишга ўзимда эҳтиёж сеза бошладим.
Алексей Фадеевнинг “Ёш гвардия”, Ким Костенконинг “Краснадон фожеаси”, Мушфиқ Козимийнинг “Қўрқинчли Теҳрон”, Хидир Деряевнинг “Қисмат”, Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина” асарлари билан бирга Пушкин, Есенин, Тютчев, Ахматова, Шолохов, Достоевский ва Жек Лондонларнинг қатор асарлари ҳам энди менинг мутолаа қиладиган суюкли машғулотимга айланди.
Тўққизинчи ва ўнинчи синфларда ўқиб юрганимда адабиёт бўйича ўтказилган республика олимпиадаларида қатнашиб, кўп бора ғолиб бўлдим.
Эсимда, 1975-йили олимпиаданинг якунловчи босқичи гуллар шаҳри – Наманганда ўтказилди.
Мен ўшанда ғолиблар сафидан ўрин олиб, олий ўқув юртига кириш учун муайян имтиёзларга эга бўлгандим.
Шу тахлид бедард ва беташвиш ёшлигим ҳам ўтиб кетди…
Ассалому алайкум.Исмат Ака ,болалик хотираларингиз хакида ёзилган хикоянгиз менга жуда ёкди.Кузларимга ёш милдираб озгина йиглаб хам олдим.Негаки кай бир томонлама болалигингиз кечмиши меникига ухшаш экан.Болаликдаги орзуларимни чил чил синдирган “авгон уруши”ва россияда юрган миллионлаб узбек ватандошлар каторидаги саргардонликлар менинг хам такдиримда ёзуглик экан.Худога шукр ,узининг мусаффо осмони ва унда милдираб нур сочиб турган миллионлаб юлдузларининг тиник жилваси билан оламга машхур сиз билан бизнинг Китобимиз уз багрига кайтишини кутиб фарзандлари йулига мушток булиб куз тикиб турибди.Кашкадарё ва ок дарё хали хам мавжланиб окмокда.Салобатли донишманд тоглари Эса, доимгидек сукутда.Исмат Ака оилангиз,дусту ёрларингиз бахтига сог саломат булинг.Эзгу ишларингизга ОЛЛОХ ёр булсин!Салим.Екатеринбург.
Раҳматли Қўш Муҳаммад Ҳожи бобомизнинг ўғиллари бўлмиш Маҳмуд Хушевдек фозил ва донишманд оталари билан – Исмат Хушев бир умр фахрланса арзир экан. Жуда қизиқш билан ўқиб чиқдим. Содда ва самимий тилда ёзилган. Раҳмат, Исмат ака.