Дарё бўйлаб, кўприкдан ўтиб бориладиган мактабим билан бирга ота-онам қабрини ҳам зиёрат қилгандим.
Ажаб, болалигим ўтган мактабимиз ҳануз ўша ўша – ўз жойида ҳеч ўзгармай турган эди. Фақатгина бир оз кичрайиб, мунғайиб қолгандай туюлди, холос…
Давлат ишларида ишлаб, мулозимликнинг дадабаларидан кўзларим қамашиб юрган йилларда бу ерларга келишни хаёлга ҳам келтирмас эдим.
Ҳар гал хизмат машинаси билан ваҳима қилиб район борарканман, синфдош дўстлар-у, меҳмондўст мулозимлар даврасидан ортмасдим.
Шундоққина дарё бўйидаги ўн йил ўқиган жонажон мактабимизга бир-ров кириб, ўқитувчилардан ҳол-аҳвол сўраб ўтишни хаёлга ҳам келтирмас эдик.
Бу пайтларда “кимсан палончи” бўлиб юрганингда қандайдир назардан қолган ва кўримсиз мактаб биносига кириб чиқиш, муаллимлар билан кўришиш бизга малол келарди…
Ишдан урилиб, қамалиб чиққандан кейин эса мактабга боришга ор қиларкансан…
2.
Ана шундай кунларимнинг бирида, одатдагидек, навбатдаги базми жамшидга кетаётган пайтим отам мени ёнига имлаб, шу сўзларни айтган эди:
– Ўғлим, ҳозир амалдасан, Президентга яқинсан, улар ҳурматингни қилиб туришибди. Сен уларнинг бу ялтоқлиги ва хушомадидан осмонга учиб кетма. Билиб қўй, бу ҳаммаси вақтинча. Сени бу амалга ҳеч ким умрбод боғлаб қўйган эмас. Кеча ҳам жуда кеч келдинг. Бугун ҳам, агар огоҳлантирмасам, кеч келадигансан. Бизлар энди қариб қолдик. Бизни ҳам боғлаб қўйган эмас бу ҳаётга. Сен бошқаларга ўхшаб, бир кун эртачироқ уйга келиб, мен билан, онанг билан дилдан суҳбатлаш. Биз сени жуда соғинганмиз. Кейин армон қилиб юрасан…
Ўша куни район прокурори уйига меҳмонга чақирган эди. Барибир алламаҳалгача қолиб кетишга тўғри келди. Эртаси куни эрталаб, юз қўлларимни ювиб, узум ишкомлари остидаги чорпояга бориб ўтирарканман, отам саломимга совуққина алик олиб, яна ўша гапини такрорлади:
Кейин армон қилиб юрасан…
3.
Бугун олис Канаданинг сўлим ва фаровон гўшаларида ўтган кунларимни қайта ва қайта сарҳисоб қиларканман, отамнинг айтган ўша гапларига вақтида амал қилмаганим учун қаттиқ ўкиндим.
Ажаб, худди у киши айтгандай бўлди тақдирим. Фақат энди бориб дардлашай, суҳбатини олай десам, отам ҳам, ҳатто Ватаним ҳам йўқ.
Яқинда Китобдаги танишларимдан бири Вашингтондан Канадага телефон қилиб қолди.
У “Карл Маркс”номли, мен эса “Алишер Навоий” номли мактабларда ўқиган эдик.
“Грин карта” ютиб, Америкага келганига эндигина бир ҳафта бўлган экан. Гап айланиб Китобдаги ёру дўстлар, ўқитувчилардан кейин, ўзимиз ўқиган мактабларга бориб тақалди.
Шунда у кутилмаганда ҳозир мактабларнинг номлари олиб ташланганини айтиб қолди.
“Биринчи”, “Иккинчи” ва “Учинчи” мактаб деб юритиларкан, холос.
Аксар мактабларнинг номи совет давридаги тарихий шахслар номи билан аталгани учун ҳам шундай қилинган экан…
4.
Унинг бу гапларига ишонмай, Китобдаги синфдошларимга телефон қилдим. Рост экан.
Кейин Тошкентдаги шу соҳага дахлдор танишларим бўлган мулозимлар билан гаплашдим. Улар ҳам аслида бу ташаббус хато эканини, лекин у энг юқори даврадан келганини айтиб, гапни калта қилишди.
Бу нима деган гап? Аввал рус исмларига қарши бўлишган эди: Пушкин, Есенин, Лермонтов, Толстойлар ўзбекка нима берди деб…
Улар бизга ўз мамлакатининг адабиёт дарвозаларини очишган эди.
Уларнинг айби нима? Уларга фақат рус деб қараш мутлақо нотўғри! Улар умумжаҳон адабиётининг тан олинган даҳолари-ку!
Тўғри, уларни балки Николай 2 ёки Пётр 1 билан таққослаш нотўғридир. Лекин нима бўлганда ҳам улар аксар дунё халқлари тан олган, асарларини ўз тилларида таржима қилиб ўқиётган адабиёт юлдузлари эди!
5.
Масалан, Гагариннинг ҳам номи олиб ташланибди Ўзбекистон мактабларидан.
Ахир у дунёни якдил қилди, ер шарини бир бутун қилди. Унинг муборак номига тегиниш мутлақо мумкин эмас эди!
Мен Ўзбекистонда мулозим бўлиб юрган пайтларда хизмат сафари билан дунёнинг қайси бурчига борган бўлсам, у ерларда Гагарин номидаги кўча ва мактабларни жуда кўплаб учратган эдим…
Ўзбекистон бўйича номи олиб ташланиб, фақатгина рақамлари қолган мактаблар сони 10 000 дан зиёд экан.
Эрта бир кун бу давр ўзгарганда, энг биринчи бўлиб мактаблар яна қайтадан номланиши турган гап!
Наҳот Президент атрофидагилар буни тушунмаса? Унинг мазкур соҳага алоқадор маслаҳатчилари қаёққа қарашяпти?!
6.
Яқинда Канададан Китобга телефон қилиб, Қобил деган синфдошим билан гаплашдим, мактаб йилларини эслашдик:
– Синфдошларимизнинг деярли ҳаммаси бобо ва момо бўлишган. Сен Ўзбекистонда бўлганингда вақт-бевақт келиб, бизларни тўплаб турардинг. Бугун энди унақа гаплар йўқ. Ҳамма ўз рўзғори, ўз ташвиши билан овора. Баъзан кўча-куйда учрашиб қоламиз. Ҳамма мендан сени сўрайди. Телефон қилиб турибди дейман. Ўқитувчиларимизнинг кўпи дунёдан ўтиб кетишди…
Қобил шу гапларни айти-ю, негадир қўққисдан йиғлай бошлади:
– Менинг ҳам мазам йўқ, жўра. Юрагим сиқиладиган бўлиб қолган. Билмадим, сени кўраманми, йўқми…
– Ундай дема, жўра, ҳали албатта кўришамиз!
– Худо хоҳласа де…
Қобил энди ошкор йиғлай бошлади. Унинг овозидаги бу ўксиклик ва бу сўниқлик, умидсизлик кайфияти мени қаттиқ ўйлантириб қўйди.
Энди менинг ҳам бўғзимга аччиқ бир нарса келиб тақалди. Кўзларимда ёш пайдо бўлди…
Зурия Саитхасанова деган қрим татар аёли бизга синф раҳбари эди.
Биз мактабда ўқиганда, бугунги ёшлар каби севги ва муҳаббат нималигини билмаганмиз. У ҳақда сўзлашиш тугул, ўйлашни ҳам гуноҳ деб билардик.
Қизларимиз бир тараф, ўғил болалар бир тараф синф раҳбаримизга бир биримиздан нолиб, ранжиб, ўз ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилиш билан овора эдик…
Физика фанидан Раҳмонберди Беков, математикадан Аҳмаджон Латипов, инглиз тилидан Анна Ищенко, химиядан Юсуф Содиқов, астронимиядан Самандар Эшонқулов деган домлалар бизга дарс ўтишарди.
Отам математика ўқитувчиси бўлгани боис, мен ҳам бу аниқ фанларни пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилардим. Лекин инглиз тилидан жуда нўноқ эдим. Инглиз тили ўқитувчимиз Анна Сергеевна Ищенко ҳар гал дарсдан йиғлаб чиқиб кетарди. Биз бу тилни ўқиб ўрганиш ўрнига уни бизга ўргатмоқчи бўлган муаллимани калака қилиб, дарсларида тўполон қилиб ўтирардик.
Орадан йиллар ўтиб, тақдир тақозоси билан Ватанни тарк этиб, Канада давлатидан қўним топганимдан кейин инглиз тилини — энди болаларим билан бирга қайтадан ўқиб, ўрганишга тўғри келди.
Ана шундай пайтларда Анна Сергеевнани ранжитиб, дарсларини калака қилиб ўтирганим учун қанчалар пушаймон қилганимни билсангиз эди…
8.
Ҳолбуки, адабиётни кўпроқ севардим.
Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Есенин, Маяковский, Ҳамза, Ҳамид Олимжон, Зулфия шеърларини дарс ўтилган куниёқ ёд олиб, эртаси куни биринчи бўлиб синфдошларга айтиб, олқиш олишни яхши кўрардим…
Синфимизда чиройли қизлар кўп эди: Фароғат, Матлуба, Гулбаҳор, Муяссар, Зулфия…
Улар асосан яхши ўқийдиган болалар билан гаплашишар, уларни ҳурмат қилишарди.
Синфимизда ўғил болалардан фақат икки киши яхши ўқирдик: мен ва Нуриддин.
Бошқа болалар бизга ҳавас қилишарди…
9.
Бир куни Матлуба деган синфдошимиз менинггит билан оғриб, район касалхонасига тушиб қолганини эшитдик.
Уч кун ўтиб Зурия опа бошчилигида йигирма саккиз синфдош уни кўргани бордик.
Бутун касалхона бизга термулади. Матлуба ётган палата кичкина экан, уч тўртта бўлиб навбати билан унинг олдига кириб чиққанимиз ҳануз ёдимда.
Синфимиздаги уни зимдан яхши кўрадиган болалар кейин ҳам алоҳида ва яширинчи Матлубани кўргани боришганини эшитдик.
Биз у пайтларда сиёсат нималигини ҳали билмасдик. Ва табиийки, унга қизиқмасдик ҳам.
Лекин райком секретари келганини билишимиз — унинг икки гўзал қизи мактабимизга ўқишга келгани билан боғлиқ эди.
Улардан бирининг исми Гулнора бўлиб, у бизнинг синфимизда ўқий бошлади. Унинг Лола исмли синглиси биздан икки синф пастда ўқирди.
Гулноранинг дадаси асли Китоблик бўлиб, Севаз қишлоғида туғилган. Кейин Тошкентда ўқиб, сув хўжалиги бўйича инженер бўлиб, раҳбарликка кўтарилиб кетган эди.
Сурхондарё область ижроқўми раислигидан Китоб райкомига биринчи секретарь бўлиб келган эди.
Улар Китобда икки йил яшашди, холос.
Биз ҳам райком секретарининг гўзал қизи билан атиги икки йилгина синфдош бўлиш бахтига муяссар бўлдик.
Кейин улар Бухорога кўчиб кетишди. Гулноранинг отаси Абдувоҳид Каримов — Бухоро обкомининг биринчи секретари бўлиб кўтарилиб кетди…
Мен ўз келажагимни излаб, Москва Давлат университетида ўқиб юрган кезларим Бухоро обкомининг “Қизил” дачасида синфдошларимнинг данғиллама тўйлари бўлиб ўтди.
Қалбимизда ажиб бир ҳавас ва ҳайрат билан қабул қилдик бу бу янгиликни.
Синф раҳбаримиз Зурия опа билан баъзи қизларимиз тўйга боришибди. Унинг донғини эшитиб, оғзимиз очилиб қолди…
Кейин йиллар ўтиб, Нуриддин Китобга қора “Волга”нинг орқа ўриндиғида – Бухоро обкоми биринчи секретарининг куёви сифатида атлас ёстиқларга суянганча, ястаниб келиб-кетиб юрганини эшитдим…
Яширмайман, мен раҳбар бўлишни болалагимдан орзу қилган бўлсам-да, синфдошимнинг “донғи”ни эшитиб, бу мақсадим юрагимда янада кучлироқ аланга ола бошлади…
12.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Бир синфда ўқиган икки синфдошдан аввал Нуриддин обкомнинг биринчи секретарига куёв бўлиб, мулозимлик кайфу сафосини сурган бўлса, кейин менга насиб этди бу шонли қисмат.
Фақат мен обком секретарига куёв бўлмадим, холос. Айтиш мумкинки, раҳбарликнинг барча имтиёзларига ўзим, ўз меҳнатим билан эришдим.
Албатта, Ислом Каримов туфайли менга бу толе насиб этган эди. Лекин асосан бу истиқболга мен ўз кучим ва интилишларим туфайли эришган эдим.
Энди мен ҳам Китобга оппоқ “Газ – 31” волгасининг орқа ўриндиғида ястаниб келиб кетадиган бўлдим…
13.
Лекин афсуски, бу пайтга келиб Нуриддиннинг олдинги довруғидан асар ҳам қолмаган эди.
Бухоро обкомининг биринчи секретари Абдувоҳид Каримов — Гдлян ва Ивановлар томонидан аллақачон ҳибсга олинган бўлиб, у Россиянинг қамоқхоналаридан бирида маҳбусликнинг аччиқ нонини еб юриб, кутилмаганда — Свердлов турмасида бу ёруғ оламни тарк этган эди.
Худди шу йилларда Ўзбекистонга раҳбар бўлиб келган Ислом Каримов менинг раҳбарликка кўтарилишимда асосий сабабчи бўлди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўшанда Нуриддин қайнонаси Меҳринисо ая ва Гулноралар билан бирга мендан Абдувоҳид Каримов жасадини Ўзбекистонга олиб келиш учун Президентга айтиб, битта самолёт ажратиб беришимни илтимос қилишди.
Мен у пайтларда бунақанги илтимосларни бажара оладиган даражадаги қудратга эга эмас эдим.
Мен бу гапларни фақат Президентга етказишим мумкин эди, холос…
14.
“Бизга шунинг ўзи етарли, агар у киши эшитсалар, бизга албатта самолёт ажратиб берадилар” деди комил ишонч билан Нуриддин.
Лекин Меҳринисо ая негадир жим эди.
Демак, Нуриддиннинг бу гапларига опа ишонмаётганликларини сезиб турардим.
Мен синфдош дўстларимнинг илтимосини Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқовга айтдим.
“Сиз бу ишга аралашманг. Ислом акага ҳам айтиш бефойда!” деди Мавлон ака…
Ноилож қолган Нуриддин қайнонаси билан самолётга билет олиб Свердловск шаҳрига учиб кетишди.
Абдувоҳид Каримов жасадини Тошкентга олиб келишганларидан кейин таъзияга бордик.
Нуриддин ҳамма ишга бош қош эди. Айтиш мумкинки, Абдувоҳид ака қамоқда вафот этганидан кейин Нуриддин бу оиланинг асосий суянчиғи бўлиб қолди…
15.
Маросимнинг эртайиси куни Меҳринисо ая мендан бир конвертни Исмоил Жўрабековга элтиб беришимни илтимос қилди.
Самолёт ажратиб бера олмаганимдан хижолат чекиб юргандим, йўқ дея олмадим.
Ўша кунлари Олий Кенгашнинг навбатдаги сессияси бўлаётган эди.
Эртаси куни танаффус пайтида мажлислар залидан Жўрабековни излаб топдим ва дадил олдига бориб, “Мана шу хатни Сизга бериб юборишди. Олиб қўяр экансиз!” деб кўзларига тик қараганча конвертни қўлига бердим…
Бугун орадан шунча йиллар ўтиб кетганидан кейин ўтган кунларимни хаёлан таҳлил қиларканман, ўшанда нега шу хатни Жўрабековга олиб бориб бердим деб кўп пушайман қиламан.
Опа бу хатида Жўрабековни қаттиқ ҳақорат қилиб, эридан олган пулларини қайтариб беришини талаб қилган экан…
Кейин то ишдан урилиб, қамалиб кетгунимга қадар Жўрабеков мен билан умуман очилиб кўришмади. У Президент билан ҳам, Мавлон акалар билан ҳам жуда яқин эди.
Баъзи баъзида, менинг ишдан урилиб, ҳибсга олинишимни тезлаштирган эмасмикан Жўрабековга қилган шу одобсизлигим деб ўйлаб қоламан…
16.
Менинг юрагимда адолатга бўлган чанқоқлик, “оқни оқ, қорани қора” деб аташ шаккоклиги раҳбарликда узоқ ишлаб қолишимга имкон бермаганлигини энди – муҳожирликда, Ўзбекистондан олис диёрларда секин-аста англаб етгандай бўляпман.
Менинг Ўзбекистон Президентига бўлган самимий ҳурмат ва эҳтиромимни ана шу енгилтаклик ва шошма шошарлик призмаси асносида таҳлил ва тадқиқ қилинса, кўп нарсалар ўқувчилар учун тушунарли бўларди деб ўйлайман.
Уларнинг ўғил ва қизлари бугун камолотга етиб, уйли-жойли бўлиб кетишган…
17.
Гулноранинг биздан кейинги синфда ўқиган Лола исмли синглиси бугун таниқли ҳуқуқшунос, Олий Кенгашнинг салкам йигирма беш йиллик депутати, ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор Акмал Саидовнинг рафиқаси.
Ўзи ҳам фан номзоди. Ҳуқуқшунос. Бугун энди орадан шунча йил ўтиб, докторликни ҳам ҳимоя қилган бўлса, ажаб эмас.
Уларнинг тўйлари агар адашмасам, Акмал Ўзбекистоннинг Франциядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланишидан бир муддат олдин бўлиб ўтган эди…
Хуллас, Исмат Хушев билан ўн йил бир синфда ўқиган Нуриддин – Президентнинг бугунги эркатойи Акмал Саидовнинг божаси бўлади.
Фақат Исмат Хушев — “собиқ” эркатой, Акмал Саидов эса — “ҳозирги” эркатой…
18.
Ҳаёт ростдан ҳам қизиқ.
Мен Ислом Каримовга яқин бўлиб юрганимда Абдувоҳид Каримов туфайли бошига минг бир маломат ва ҳақорат ёғилган бу оилани имкон қадар қўллаб қувватлаб келдим.
Бу ҳақда ҳали китобда ҳам айтилади, ёзилади.
Хусусан Исмоил Жўрабеков билан мен айнан янга учун, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Абдувоҳид Каримов оиласи шаъни учун уришиб, тортишиб яхши ёмон бўлганимни қисман айтдим. Яна батафсил айтилади.
Лекин тақдир тақозоси билан амалдан урилиб, хориж эллар сари юзланганимдан кейин Нуриддин билан кўришмаганимга ҳам кўп йиллар бўлди.
Баъзан уни кўргим келади, ёшлик ва бебошлик, синфдошлик дамларимни соғинаман.
Лекин начора. “Осмон узоқ, ер қаттиқ” деган бир гап бекорга айтилмаган экан…
19.
“Янги дунё” сайтида ўтган йили “Оқланмаган ишонч қиссаси” нинг иккинчи китобидан мен юқоридаги воқеаларни қаламга олган боблар эълон қилинганидан кейин, Америкада яшайдиган бир мухлисдан хат олдим:
“Ассалому алайкум Исмат ака! Мен бир пайтлар “Ўзбектуризм”нинг кадрлар бўлимида ўша Сиз тилга олган синфдошингиз Нуриддин билан бирга ишлаганман. Жуда камтар, оғир-босиқ, келишган йигит эди. У Сизни кўп эсларди. Сиз ҳақингизда жуда яхши гаплар айтарди. Ҳатто Сиз билан фахрланган жойлари ҳам бўлган…”
Мен мактубнинг Сиз билан бизга тааллуқли жойларинигина келтирдим, холос.
Нуриддин билан боғлиқ болалик ва ўспиринлик хотираларимни эсларканман, у Абдувоҳид Каримовга куёв бўлиб — менинг ҳам юрагимда раҳбарликка бўлган интилиш орзусини янада алангалантирганини бугун очиқ ойдин тан олиб ўтишим керак. У обкомнинг биринчи секретарига куёв бўлиб донг таратган бўлса, мен — Ислом Каримовга яқин бўлиб, шон шуҳрат чўққисига чиққанман.
Нуриддиннинг синфимиздан биринчи бўлиб машҳурликка қилган сафари — менинг ҳам кейинли мулозимлик тақдирим тамал тошини қўйишга яхшигина асос бўлиб хизмат қилганини ҳам бугун очиқ ойдин айтиб ўтишим керак…
20.
Майли, мавзуга қайтск.
Мен Китобдаги синфдошларим ҳақидаги маҳзун хотираларга берилган эдим.
Бу хотираларнинг яна бири Афғонистон уруши билан боғлиқ.
Синфимизда Нуъмон Усмонов деган йигит бўлиб, у мактабда яхши ўқимаган эди.
Университетнинг учинчи курсида ўқиб юрган пайтимизда уни армияга чақирилганини эшитиб қолдим. Бу хабарни менга Нуриддин айтди.
У ҳам университетнинг — тарих факультетида, мен эса — журналистика факультетида ўқир эдик.
Саксонинчи йиллар эди.
Кўп ўтмай Низомий номли педагогика институтида ўқийдиган синфдошларимиз Зулфия билан Зулайхолар (суратда) бизга нохуш бир хабарни етказишди. Тошкент шаҳридаги ҳарбий госпиталга Афғонистондан синфдошимиз Нуъмонни олиб келишганини, унинг аҳволи оғирлигини айтишди.
Ҳаммамиз тўпланиб, у бу нарса харид қилиб, Нуъмонни кўргани госпиталга бордик.
Бошидан ўқ еган экан. Узоқ даволанди. Бир икки йил ҳузурига бориб турдик…
Кейин Китобга кетганини эшитдик.
Кейин…кейин унинг ақлдан озганини эшитдик…
21.
Исмоил деган бир синфдошимиз бўларди.
Отаси Шаҳрисабз ёғ мой заводида раҳбар эди. Ўзи ўртача ўқир, лекин синфимизда энг бадавлат оиланинг боласи ўша эди.
Мен мактабга онам тикиб берган брижа (чолвор иштон) ни кийиб борардим. Шимим йўқ эди. Бошқалар ҳам асосан мендек юпун ва камхарж оиланинг фарзандлари эди…
Лекин Исмоил кийинишни жойига қўярди. Бир гал у мактабга “олимпийка” деган яп-янги спорт адедаси кийиб келди.
Агар эсингизда бўлса, етмишинчи йилларнинг ўрталарида бўйнида оқ паласа бўлган, шойи матодан тикилган кўм кўк спорт кийимларини кийиш ёшлар ўртасида урф бўлган — модага айланган эди.
Биз Исмоилга жуда ҳавас қилардик. Лекин уйга бориб отамизга менга ҳам шундай спортга киядиган жимфер — шойи адедас олиб беринг деб айта олмасдик.
Чунки отамизнинг бунақа башанг нарсаларни олиб берадиган пули йўқлигини яхши билардик…
Кейин йиллар ўтиб, Исмоил — Фрунзе шаҳридаги “химтехнология” институтининг сариқ ёғ ишлаб чиқарадиган факультетини битириб, ўша отасининг касбини давом эттирди.
Мактаб давридаги йилларимиздан тортиб, то олий ўқув юртига киргунимизча давом этди унинг биздан моддий ва маиший жиҳатдан устунлиги.
Шу пайтга қадар биз ундан маънан устун бўлсак-да, лекин барибир унинг олдида ўзимизни ночор ва камбағал сезардик.
Кейин йиллар ўтиб ҳаммаси изига тушиб кетди.
Биз у билан ҳар жиҳатдан тенглашганимиздан кейин болаликдаги бу хижолатпазликдан асар ҳам қолмади…
22.
Камолов Абдурасул деган бошқа бир синфдошимиз мактабда фақат “икки” баҳо оларди.
Физика фани ўқитувчимиз Раҳмонберди Беков ҳар сафар уни доскага чиқараркан: “Эртага бола-чақа қилиб, рўзғор қурсанг, бу туришда болаларингни нима билан боқасан?” деб унга савол берар, у эса домлани ҳар гал миқ этмай сукут сақлаш билан енгарди…
Ўрта мактабни битиргандан кейин ҳаммамиз ўз бахтимиз ва иқболимизни излаб, ҳар тарафга учиб кетдик. У Китобда қолди.
Мен Бош муҳаррир бўлиб Китобга бориб турган пайтларда у колхоз бозорида аравача судраб, одамларнинг юкини ташиб, тирикчилик қилар, аллақачон уйланган, икки боланинг отаси эди.
Физика фани ўқитувчимизнинг ёшлигимизда у ҳақда айган сўзларини эслаб, ажиб ҳайратларга ошно бўламан — нақадар тўғри башорат қилган экан ўқитувчимиз ўшанда Абдурасулнинг кейинги ҳаётини.
Шунинг учун ҳам мен доим уйга борганимда, Абдурасулнинг кўнглини олишга ҳаракат қилардим.
Бир гал Китобда борганимда унинг оиласи мен билан учрашмоқчи эканини айтишди. Район марказидаги ошхонада ишларкан. Бордим.
– Уйда тинчлик йўқ. Синфдошингиз мени хиёнат қилаётганликда айблаяпти. Худди ёш боладай ким нима деса, ишонаверадилар. Иккита боламиз бор, ахир. Бу гаплар ёлғон эканини унга айтинг… – деб зорланди келин.
Зудлик билан Абдурасулни топтириб, оиласи билан юзлаштирдим. Бир-бирларини тушунгандай бўлишди…
23.
Кейин ундан оиласи ҳақидаги бу миш-миш гапларни кимдан эшитганини сўрадим. Райондаги бир безорининг номини айтди.
Хасан Эштемиров деган чироқчилик дилкаш бир акамиз ўша йиллари Китобда прокурор бўлиб ишларди. Бизнинг муносабатларимиз жуда яхши эди. Унинг ҳузурига бориб, бўлган воқеани айтиб бердим. Ўша безорини прокуратурага чақиртириб, танобини тортиб қўйишларини илтимос қилдим.
Бир ҳафта ўтар ўтмай Хасан ака Тошкентга телефон қилиб, ўша йигит билан гаплашганини маълум қилди. У Абдурасулга оиласи ҳақидаги гапларни ҳазиллашиб айтганини, уни жинни қилиб юришини айтиб, прокурордан узр сўрабди…
Тошкентда Бош муҳаррир бўлиб юрганимда, ҳар гал яп-янги ва ваҳимали хизмат машинаси билан Китобга борсам — район марказидаги колхоз бозорида аравача судраб юрган дарвешнамо Абдурасулни кўриб, ҳол-аҳвол сўраб, суҳбатлашардим. Синфдошлар билан давра қурсак, албатта уни ҳам топтириб келардим.
Орадан беш-олти йил ўтиб, бир гал Китобга борсам, у менга оиласи билан ажралиб хато қилганини айтиб, энди яраштириб қўйишимни илтимос қилди.
Лекин оиласи бу гал у ҳақда эшитишни ҳам истамаслигини маълум қилди:
– Менга тўҳмат қилиб, хиёнатда айблаган одам билан қандай қилиб яна бирга яшашим мумкин, Исмат ака? Пешонамда борини кўрарман. Лекин у хонадонга қайтиб оёғимни ҳам босмайман…
Орадан йиллар ўтди. Шу-шу Абдурасул бошқа оила қурмади…
24.
Мен одатдагидек Китобга борганимда уни колхоз бозоридан топиб, суҳбатлашиб, кўнглиини кўтариб юрдим.
Ҳар гал хайрлашар пайти қўлига бир икки сўм пул бериб, “бойиб кетганингда берарсан” деб ҳазиллашиб қўярдим…
Бу воқеаларга ҳам энди анча йиллар бўлиб қолди.
Бу орада СССР деган қудратли ва маҳобатли бир мамлакат парчаланиб, Ўзбекистон мустақил бир давлат бўлди.
Ана шу мустақиллик шарофати боис мен ҳам Ислом Каримов салтанатига яқинлашиб, салкам подшо салтанатининг эркасига айландим.
Алал оқибат — уч маротаба амалга чиқиб, уч маротаба қамалдим.
Охир оқибат ҳаётим остин устун бўлиб, бола чақам билан хориж эллар сари юзландим.
Бу даврда Ўзбекистон ва жаҳонда менга ўхшаб не не ўзбекларнинг қисмати ва тақдири инқироз ва парвозларга юз тутди…
Лекин фақат Китоблик бир йигитнинг — Абдурасулнинг ҳаёти сира ўзгармади, холос.
Баъзан ўзимнинг фожеаларга тўла, муҳожир бўлиб ер юзини кезиб юрган ҳаётимдан кўра — бир қишлоқда тинчгина яшаб ўтган Абдурасулнинг ҳаётига ҳавас қилиб қоламан…
Исмат ака мен ҳеч ҳам таассовур қилаолмаймн сиздек кўп ёзган ижодор ёки зиёлийни Ўзбекистонда кейнги йигирма беш йилда топиш амримаҳол бўлса керак. Агар битганларингизни китоб қилса ўнтадан ошса керак.
Ўтмишга қараб иш тутиш хайирли диганидек. Инсондан охир оқибат хотира қолади. Агарда барча хотираларни сиздек қоғозга туширса киши ким билади 200 йилдан кейин ҳам келадиган авлодлар томонидан ўқилиши мумкин.
Odamlar uzlarini ishini bitkazib olish uchun boshqalarni potistavka qilishga tayr. Ismat aka sizni yragingiz tozaligini bilib sizni taniganlar ha deb iltimos qiloverganda.
Tugru aytasiz Ismat aka odam mansabga chiqsa uz utmishini tez unutadi. Lekin yоsh utkan sayin qarash baribir uzgaradi albatta hamma emas. Meni ishonchim komil xozir siz hayotga butunlay boshqacha ijobiy qaraysiz.
Жўрабековга аянинг хатини бериб қоил қилган экансиз.
Жўрабеков хатнинг мазмунидан бунинг хабари бўлса керак, деб сиздан қочиб юрган.
Нима бўлганида ҳам ҳаётингизнинг ўзи бир тирик тарих экан.
Катта рахмат сизга Исмат ака! Жуда ажойиб ва таъсирли асар.Укир экансан, узингнинг хаётинг куз олдингдан утаверади. Хаётни кандай булса шундайлигича баён килгансиз! УМР накадар тез утади, кеча мактабни битирганлар бирпастда бобо, момо булиб колганини сезишмайдиям. Кани энди ёзганларингизни казо казолар хам укиб чикишса, одам булиб колишармиди деб уйлаб коласан киши. Исмоил Журабеков хакида хам тугри ёзгансиз, пулни кайтаргунча жони чикиб булади! Бугунги кундаги халкга зулм килаётганлар шу кишининг кадрлари.
Muxlis
08/21/2013 at 10:25 AM(Edit)
JUDA TA`SIRLI CHIQIBDI. SIZ YAXSHI YOZUVCHI BO`LIB SHAKLLANDINGIZ SHU KITOBNI YOZISH JARAYONIDA. QO`LINGIZ DARD KO`RMASIN. OLGA, ISMAT AKA.
8 шарҳ
Ismat aka, siz toza qalbli insonsiz!
Ўқиб мени ўзимни синфдошларим эсимга тушиб кетди қандай ажойиб “Болалигим пошолигим” деб бежиз айтилмаган дамлар
Кейинги хотираларингизни кутиб қоламиз.
Исмат ака мен ҳеч ҳам таассовур қилаолмаймн сиздек кўп ёзган ижодор ёки зиёлийни Ўзбекистонда кейнги йигирма беш йилда топиш амримаҳол бўлса керак. Агар битганларингизни китоб қилса ўнтадан ошса керак.
Ўтмишга қараб иш тутиш хайирли диганидек. Инсондан охир оқибат хотира қолади. Агарда барча хотираларни сиздек қоғозга туширса киши ким билади 200 йилдан кейин ҳам келадиган авлодлар томонидан ўқилиши мумкин.
Odamlar uzlarini ishini bitkazib olish uchun boshqalarni potistavka qilishga tayr. Ismat aka sizni yragingiz tozaligini bilib sizni taniganlar ha deb iltimos qiloverganda.
Tugru aytasiz Ismat aka odam mansabga chiqsa uz utmishini tez unutadi. Lekin yоsh utkan sayin qarash baribir uzgaradi albatta hamma emas. Meni ishonchim komil xozir siz hayotga butunlay boshqacha ijobiy qaraysiz.
Жўрабековга аянинг хатини бериб қоил қилган экансиз.
Жўрабеков хатнинг мазмунидан бунинг хабари бўлса керак, деб сиздан қочиб юрган.
Нима бўлганида ҳам ҳаётингизнинг ўзи бир тирик тарих экан.