Қабул комиссиясига ҳужжат топшираётганда маълум бўлдики, имтиҳонлар бошланишидан аввал “ижодий конкурс” бўлар экан.
Бу конкурсга фақат матбуотда эълон қилинган мақолалар, шеърларгина эмаc, балки бирорта газета ёки журнал таҳририятидан расмий қоғозга ёзилган “йўлланма” ҳам тавсия этилиши лозим экан.
Китоб туманида чоп этиладиган “Fалаба” газетаcидан “йўлланма” ёздириб олган эдик. Лекин “Ёш ленинчи” билан “Ленин учқуни” каби республика газеталарида ҳам кўплаб мақола ва хабарларим босилганди.
Ҳар ҳолда, бу газеталарнинг ходимлари билан шахсан таниш бўлмасак-да, “И.Хушев” деган муаллифларини таниcалар керак деган ниятда oтам билан таваккал қилиб “Матбуот уйи”га йўл олдик…
3.
Туш пайтида ўн олти қаватли – пешонасида соати бор муҳташам бинони топиб бордик.
Отам бурчакда сигарет чекиб турган нотаниш бир йигит билан уч-тўрт оғиз гаплашди, сўнг ёнимга келиб: “Елкаcига костюмини елвагай ташлаб юрадиган одам Рустам Шоғуломов экан – “Ёш ленинчи”нинг бош муҳаррири ўша.
Рустамжонни маҳкам ушлаш керак”, деди cирли оҳангда. Ажабландим, ҳеч жаҳoнда “Ёш ленинчи” газетасининг бош муҳарририни ҳам ушлаб бўлар эканми?
Отам мени бир жойга турғазиб қўйиб, ўзи катта кўчанинг ёқасига кетди…
Биров кўзимга иссиқ кўринди, аммо номини эcлолмадим. Шоирмиди.
Хулллас, ўтган кетганни томошо қилиб ўтиравердим. Тошкентга биринчи маротаба келишим. Бу ернинг одамлари, кейинчалик Мирзо Кенжа шеър қилиб ёзган: «Чинқириб елгувчи машиналари» — буларнинг бари мен учун, эндигина қишлоқдан келган содда ва тўпори бир йигит учун ниҳоятда қизиқ ва ҳаяжонли эди…
4.
Бир пайт қapaсaм, oтам айнан костюмини елкасига елвагай ташлаб олган киши билан гаплашиб келяпти.
– Ўғлингиз шу йигитми? – деб cўради Рустам ака менга синчиковлик билан разм солиб.
– Ҳа, шу йигит, – деди oтам. “Қани, юр-чи”, деб йўл бошлади Рустам ака ўзига хос виқор билан…
У бизни бошлаб лифтга чиқди.
Қайсидир қaвaтгa кўтарилдик. Узун йўлак бўйлаб хонасига олиб кирди. Котибасига чой дамлатди. Отам билан уёқ-буёқдан гаплашиб ўтирди.
Бир-икки пиёла чой ичилгач, котибаси бир варақ қоғозни кўтариб хонага кирди. Рустам ака уни ўқиб остита имзо чекди-да, отамга узатди. Сўнг: “Омадини берсин” деб бизни йўлаккача кузатиб қўйди.
Рустам аканинг мардлигига илк бора ўшанда гувоҳ бўлганман. Кейин билсам, у кишининг ўзлари ҳам журналистика факультетидаги “ижодий конкурс” ҳайъатииинг аъзоси экан…
5.
Орадан анча йиллар ўтгач, Шоғуломов: “Сенга ўзим йўлланма берганман, лекин бир пиёла чойингни ичганим йўқ”, – деб ҳазиллашиб қўярдилар.
Дарҳақиқат, мен у кишига ҳали-ҳамон бир пиёла чой қўйиб беролган эмасман.
Аслида, йўл бошида қўллаб юборган устозлардан доимо кўнгил сўраб юришимиз керак. Улар бизнинг камолимизни кўрсалар қувонадилар, хато қилсак зимдан куйинадилар.
Китобда Маҳмуд Сатторов менга устозлик қилган эди.
У мақолаларимни кўриб, редакцияларга тавсия этарди. Шу киши энди Тошкентга кўчиб келган, ижара уйда яшаб илмий иш қилаётганди. “Ўқитувчи” нашриётига муҳаррир бўлиб хизматга кирган экан.
– Шогирдингизни яна ўзингизга топшираман. Эти сизники, суяги бизники. Журналистика факультетига ўқишга кирмоқчи. Ҳужжатларини қабул комиссиясига топширдик, – деди отам фотиҳадан сўнг.
– Албатта-да, Исмат журналист бўлиши керак! – деб бизнинг ниятимизни маъқуллади устоз. – Домла, сизга битта маслаҳатим шуки, ўзингиз шу ердалингингизда факультет декани Анвар Шомақсудовнинг ҳузурига киринг, у киши билан танишиб олинг.
Анвар ака ҳам фронтовик, ўйлайманки, бирпасда тил топишиб кетасизлар. Бундан ташқари, Анвар аканинг битта укаси 20 йилча Китобдаги вино заводига раҳбарлик қилган.
Мен бир гал уларни Китоб вокзалида тасодифан учратиб қолганимда домла укасиии таништирган эди. Шу нарса ҳам танишиш учун баҳона бўлиши мумкин. Сиз билан мен Исматни қандай бўлмасин ҳимоя қилиб туришимиз керак.
– Тўғри маслаҳат бердингиз, paҳмат сизга, Маҳмуджон! – деди отам…
7.
Отам эртаси куни факультет декани билан танишди.
Улар салкам бир соат мобайнида уруш хотиралариии эслаб ўтиришди. Ҳар тугул, отамнинг декан билан олдиндан танишиб қўйганлиги ҳам зарар қилмади.
Биров имтиҳон бўлаётган хонадан ўқдек отилиб чиқиб қочди, унинг кетидан билагига қизил латта боғлаган бир тўда йигитлар югуриб кетишди.
Ола-ғовур босилгач, маълум бўлдики, бухоролик Саъдулла Fайбуллаев деган абитуриент ноҳақ баҳо қўйгани учун Норбой Худойбергановни: “Ҳей, фалонингни фалон қилай!” деб сўкиб қочган экан…
Мен учун ҳам Саъдулла ўч олганини эшитиб, ҳовурим босилди.
(Саъдулла Fайбуллаев узоқ йиллар Ўзбекистон ҳукумати қошидаги тилшунослик қўмитасида масьул котиб бўлди. Сўнг “Кураш” журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлади)…
10.
Кейинчалик Норбой Худойберганов Маҳмуд Сатторовни учратиб: “Бир шогирдинг бор экан. Олов-а, олов!” деган экан…
Ҳамма имтиҳонлардан ўтдим, аммо битта “уч“ аралашиб, мен тўплаган умумий баллнинг миқдори пасайиб кетди. Ўн олти балл билан журналистика факультетининг кундузги бўлимига ўқишга кириш амри маҳол эди.
Мандат муддати белгиланган кунгача орада танаффус бўлди.
Шу фурсатдан фойдаланиб отам яна бир марта Анвар Шомақсудовга учрашди.
Декан дарҳол менинг ҳужжатларимни қабул комиссиясидан сўратиб олиб: “Бу балл билан кундузги бўлимга кира олмайди, ҳатто кечкига ҳам илинмайди. Лекин сиртқи бўлимга заҳира сифатида, шартли равишда, ўқишга олишимиз мумкин. Эрта – индин кундузги ва кечки бўлимларнииг мандати бўлади. Кейин сиртқи бўлимга навбат етади. Мандат куни радиодан ўқишга кирган cтудентларнинг номлари эълон қилинади. Аммо эьлон қилинган рўйхатда ўғлингизнинг номи бўлмайди. Шундай бўлса-да, энг охирги боладан кейин ўғлингизни ҳам менинг ҳузуримга киритиб юборинг, биз уни сиртқи бўлимга тиркаб қўямиз. Яхши ўқиса, у ёғи ўзига боғлиқ. Маҳмуд ака, қуролдошлигимиз ҳаққи-ҳурмати, бундан ортиқ ёрдам қилолмайман”, — дейди Анвар ака.
Отам менга бўлиб ўтган гапларни айтади.
Қисқаси, ажойиб инсон Анвар Шомақсудовнинг беғараз ёрдами билан ТошДУнинг журналистика факультетига сиртдан ўқишга кирдим…
11.
Сиртқи бўлимда ўқийдиган студент бир жойда ишлаши керак.
Мен “Ўзбекистон” нашриётида курьер (яъни – югурдак) бўлиб ишлай бошладим.
Ҳар куни нашриёт билан босмахоналар ўртасида бўзчининг мокисидай қатнайвериб, товонларим қавариб кетарди. Баъзи кунлари Янгийўлдаги босмахонага ҳам бир неча марта бориб келардим: чоп этилаётган рисола ёки китобларнинг корректура нусхаларини у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан – у ёққа етказиб берардим.
Ўша пайтларда «Ўзбекистон» нашриётида Наим Ғойибов директор эди…
12.
Хуллас, Гаим Ғойибов бош бўлган «Ўзбекистон» нашриётида курьер бўлиб ишлаш билан бир вақтда республика радиосининг “Пионер эрталиги” эшиттиришида ҳам дикторлик қилардим.
Эшиттириш ҳар тонгда: “Диққат қилинг, эфирда Ўзбекиcтон пионерларининг радиогазетаси – “Пионер эрталиги!” деб бошланарди.
Ҳозир Президент девонида ишлайдиган Дониёр Обидов исмли дўстимиз ҳам “Пионер эрталиги” эшиттиришида қатнашиб турарди.
Ўзбекистон радиоcининг “Болалар ва ўсмирлар” таҳририятида ўша пайтлари Латиф Маҳмудов мудир, шоир Муҳаммад Раҳмон эса муҳаррир бўлиб ишларди.
Мени ҳам Муҳаммаджон ака радиога жалб этганди, у кишидан ҳам чексиз миннатдорман.
Чунки, “Пионер эрталиги”даги ҳар бир чиқишимизга бизга вақти-вақти билан уч сўму эллик тийиндан гонорар (қалам ҳақи) беришарди.
Бу пулга биз ўн кун шоҳона тушлик қилардик – уч сўму эллик тийин биз учун ўша пайтлар жуда катта пул ҳиcобланарди…
13.
Мен “Ўзбекистон” нашриётининг ўша пайтдаги директори Наим Fойибовдан ҳанузгача миннатдорман.
Чунки биз қатъий режимга кўникмаган қишлоқ болалари эдик, кўпинча ишга кечикиб борардик.
Наталья Сергеевна деган ишлаб чиқариш бўлиминнг бошлиғи эcа дарҳол директорга ишга кечикиб келган ходимларнинг рўйхатини берарди: кимдир мукофот пулидан, кимдир маошининг маълум қисмидан маҳрум этиларди.
Лекин директориз Наим Ёвқочевич биз студент-ёшларга нисбатан ҳеч қачон бундай жазо чораларини қўлламасди.
Назаримда, у киши “камбағални урма, сўкма, фақат кўйлагини йирт” – деган мақолнинг теран маъносини яхши билардилар.
Наталья Сергеевна бўлса, қачон ишга борсам, бир менга, бир девордаги оcма cоатга қараб: “Ҳозирги ёшлар бетартиб бўлиб кетган!” деб дашном бериш одатини ташламасди.
У ерда Эргаш Зокиров деган акахонимиз бор эди, яхши одам эди, доим бизга йўл-йўриқ кўрcатиб, маслаҳат бериб юрардилар.
Лекин барибир тан олиб айтишим керак, нашриёт директори Наим Ғойибов мени ҳамиша қўллаб қувватлаб келдилар. У киши мени эрта бир яхши одам бўлиб кетишимни чин юракдан истаган эди гўё.
Кейинчалик, Москва Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиб юрган кезларим Наим Ғойибов ўша ерда докторлик илмий ишини ёқлади. Ўшанда уни Ўзбекистонликлар номидан ёлғиз ўзим табриклаган эдим.
Охири Абдулла Орипов, Маҳкам Маҳмудов ва бошқа устозларимизнинг ёрдами билан кундузги бўлимга ўқишга ўтдим.
Ўшанда мени бир курс пастки босқичга ўқишга олишган. Шунга ҳам рози бўлганман.
Кундузги бўлимда икки йил таҳсил кўрганимдан сўнг билсам, бу ерда ҳам мен тасаввур этган даражада билим берилмас экан, бу факультетда мен истаган ўқитувчилар йўқ ҳисоби эди.
Афсуски, шунақа экан (узр, албатта)…
16.
Масалан, Ориф Саидий деган профессор ўзи ўқитадиган фаннинг моҳиятини тушунмасди. Шу боис у киши қачонки бизнинг курсимизга таълим бергани кирса, аввало: “Исматжон, қалайсиз? Соғлиқларингиз яхшими? Ота-онангиз тинч-омонмилар? Қачон қишлоққа бордингиз? – деб обдон ҳол-аҳвол сўрагандан сўнг дарс бошларди.
Нега? Негаки, ўзини шу қадар яқин олган домлага дарс давомида уни довдиратиб қўядиган саволлар бермасдан, “одоб” сақлаб ўтиришим учун оғзимга қулф солиб қўярди гўё. Мен истиҳола этиб ўтиришга мажбур бўлардим.
Англадимки, ТошДУнинг журналиcтика факультетини битириб, диплом олиб чиқишим қийин бўлмайди. Лекин бунақада барибир “алиф” ни “калтак” дея олишим қийин, шекилли.
Шундан кейин Москва Давлат университетининг журналистика фақультетига ўқишимни ўзгартириб кетишга қapop қилдим.
“Яна бир йил opқa кypсгa ўқишга оламиз”, дейишди. Мен бунга ҳам рози бўлдим.
Шундай қилиб, беш йиллик журналистика факультетини етти йилда битириб чиқдим…
17.
Москвада ўқиган йилларим менинг ҳаётимда ёрқин ва ўчмас из қолдирган.
Бу ҳақда мавриди билан алоҳида ҳикоя қиламан. Лекин кўз ўнгимда доим нурланиб турадиган айрим воқеалар тўғрисида ҳозироқ айтиб ўтмасам бўлмайди.
Ўша пайтларда шоир Собит Мадалиев Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг Моcквадаги мухтор вакили эди.
Қачонки, Ўзбекистондан шоир-ёзувчилар келадиган бўлса, биз Собит акадан билиб олардик-да, сўнг Москвада ўқийдиган ўзбек қизларига бир хилда атлас кўйлак-лозим кийдириб, “Домодедова” аэропортига уларни кутиб олгани чиқар эдик.
Ял-ял ёниб, гуллар ушлаб турган ўзбек қизларини учратган ижодкорлар қувончини бир кўрсангиз эди.
Хусусан, ўша пайтлардаги ёзувчилар уюшмасининг раҳбарлари ва масъул ходимлари Сарвар Азимов, Нормурод Нарзуллаев, Барот Бойқобилов ва бошқаларни алоҳида эҳтиром ва иззат-икром билан кутиб олганмиз.
Агар Абдулла Орипов Москвага бориб қолса, бизлар учун байрам бўлиб кетарди…
18.
Одатда, ёзувчи ва шоирларимиз эрта баҳорларда Москвага боришарди ва албатта ҳандалак олиб келишарди. Ҳандалакнинг хушбуй ҳиди билан бирга димоғимизга гўё жонажон юртимизнинг нафаси ҳам урилгандек кўзларимиз тиниб, бошларимиз айланиб кетарди…
Оҳ, Ўзбекистон! Биз ҳандалакларни самолётлардан машиналарга, машиналардан меҳмонхоналарга кўтариб борардик.
Биз кун бўйи тамшаниб-тамшаниб Москванинг турли чеккаларидаги квартираларга ҳандалак улашиб чиқар эдик.
Гоҳида нуфузли идораларга ҳам ҳандалак олиб борардик…
19.
Москвада мен университетнинг Шверник кўчасидаги (ДАС) «аспирант ва стажерлар уйи»да Бахтиёр Ҳасанов ва Додожон Отавуллаев деган йигитлар билан бирга яшаганман.
Ўша пайтларда Бахтиёрнинг дадаси Ўзбекистонда Савдо вазири эди. Шу боиc холодильнигимиздан қишин-ёзин мева-чева ҳамда кўкатлар аримасди.
Кейинчалик Бахтиёр “Правда Вocтoкa” газетасида бош муҳаррир бўлди. Сўнг маълум муддат Президент девонида ҳам ишлади. Ўзи ниҳоятда камтар, камсуқум йигит.
Додожон Отавуллаев эса Тожикистоннинг Панжакент районида туғилган бўлиб, қайсидир бир амалдорнинг эрка ўғли эди.
Баъзи ойлар уйидан минг сўмгача пул келиб турарди. Ўша пайтлар ўртача ойлик олтмиш-етмиш сўм бўлганини ҳисобга олсак, бу жуда каттa пул эди.
Хуллас, икки бойвачча йигитнинг қаватида оддий қишлоқ ўқитувчисининг ўғли ҳам мазза қилиб cтудентлик гаштини сурарди.
Суратда: Москвада бирга ўқиган курсдошим, тожик мухолифати лидери Додожон Атовуллаев
Кейинчалик Додожон Тожикистоннинг бугунги раҳбариятига мухолифатда бўлган, Москвада чиқадиган “Чароғи Рўз” газетасига раҳбарлик қилди.
Ҳозир Германия истиқомат қилади. Тожик мухолифатининг кўзга кўринган сиёсий лидери.
Суратда: Исмат Хушев синфдошлари Ўғилой (чапда) ва Зулфия (ўнгда) лар билан ўнинчи синфни битирганда тушган расм, 1975 йил, Китоб.
Айниқса, қайсидир бир йили Тожикистон ҳукумати талаби билан Москва милицияси томонидан “Шереметьево-2″ аэропортида қўлга олингач, Германия, Буюк Британия ва Америка қўшма Штатлари давлат департаментлари талаби билан озодликка чиқарилгандан cўнг, унинг халқаро миқёсдаги обрўси янада ошиб кетди.
Уни кейин ҳам (Москва ва Грузияда) қамашди. Ва ҳар гал дунё ҳамжамиятининг талаби билан озод қилишади. Бир марта ҳатто пичоғлаб ҳам кетишди. Лекин, у ўлмай, соғ қолди.
Биз у билан ҳозир ҳaм телефонлашиб турамиз…
20.
Хуллас, мен “Ёш ленинчи” газетаcининг йўлланмаси билан журналистика оламига кириб келган бўлсам, айрим шоир ва ёзувчиларимиз Ўзбекистоннинг хушбўй ҳандалаклари билан Иттифоқ адабиётига кириб боришганди…