Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com
(ёки “Президент эркатойи»нинг саргўзаштлари)
Биринчи китоб. 6-боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Москва Давлат университети, журналистика факультети талабаси Исмат Хушев буюк ўзбек шоири Абдулла Орипов билан 1980 йил, Москва….
ЮРАКДАГИ ЧАНДИҚЛАР
(ёки иккинчи тарсаки ва биринчи инфаркт ҳақида)
1.
Хуллас, Москвадаги “ҳашамдор ва қуббали бинолари” бўлган Ломоносов номидаги машҳур университет студентиман.
Бизнинг журналистика факультетимиз – Кремлнинг шундоққина ёнгинасида, машҳур “Кўргазмалар зали”га туташ Карл Маркс проспектининг йигирманчи уйида – Москва Давлат университетининг эски биносида жойлашган эди.
Дарслардан бўш вақтимизда ҳам борадиган жойларимиз жуда кўп эди, зерикиш нималигини билмасдик.
Xусусан, Ёзувчилар уюшмасида турли анжуманлар, тантанали кечалар тез-тез бўлиб турарди. Уюшма “Баррикадная” ва “Краснопресненская” чорраҳалари кесишган Воровская кўчасида эди.
Бу ерда биз Ўзбекистонга алоқадор тадбирларда доимо ҳозиру-нозир бўлардик…
2.
Ана шундай тантанали кечаларнинг бири 1980 йилда бўлиб ўтди.
Шу анжуман чоғида мен “Кумyш” билан охирги марта учрашдим. Биласиз, Китоб-Тошкент поездидаги отамнинг “тарсаки”сидан сўнг мен “Кумyш”ни кўрмаган эдим: унинг yйига совчи юборолмасдан юзим шувит бўлиб қолганди.
Сокин ва нафармон куз кунларининг бирида Москвада “бахт ва шодлик кyйчиси” Ҳамид Олимжоннинг 70 йиллик юбилейи бўлди (аслида, 1944 йилда фожиали ҳалок бўлган шоир юбилейи бир йил аввал бўлиши керак эди, лекин Москвада негадир 1980 йилда ўтказилади. Эҳтимол, Москва Олимпиадага тайёргарлик кўраётгани учунми, юбилей тантанасини орқага сурганди).
Шоирнинг юбилей кечаси Кремлнинг машҳур Колонналар залида нишонланди. Ўзбекистондан бир гуруҳ ижодкорлар Москвага ташриф буюрадилар.
Одатдагидек, биз уларни “Домодедово” аэропортида гулдасталар билан кутиб олдик. Сўнг севимли шоирларимизнинг орқасидан худди соядек эргашиб юрдик.
Баъзан адиблар жиддийроқ идораларга учрашувга кириб кетсалар, биз тaшқарида кутиб қолардик.
Энг кизиқ жойи шундаки, шоир юбилейини нишонлаш учун Москвага бир гуруҳ саньаткор қизларимиз ҳам келишган эди. Уларнинг сафида “Kyмyш” ҳам борлигини эшитиб нафасим бўғзимга тиқилиб қолди…
3.
Тантанали учрашувларда, Колонналар залида ўтказилган юбилей кечасида Абдулла аканинг ёнида ўтирдим.
Бадиий қисм бошлангач, саҳнада бир гуруҳ қўшиқчи қизлар билан “Кумуш” пайдо бўлди.
Дард билан “Оҳужон” қўшиғини куйлаётган биринчи муҳаббатим сайёднинг ўқига дуч келган ярадор оҳудек руҳсиз ва мажолсиз кўринди менга.
Ортиқ чидаб туролмадим. Маросимнинг норасмий пайти юрак ютиб унинг Дугонасига учрашдим. Салом-аликдан сўнг “Кумуш”ни сўрадим:
— Вой, Исмат ака-е… “Кумуш» сиздан жудаям хафа, деди Дугона калла чайқаб. – У сизни кўрган шекилли, зиёфатни ҳам кутмай кетиб колди. Нега ораларинг бузилиб кетди? Нима бўлди ўзи?
— Мен сизга кейин тушунтириб бераман, – дедим ерга қараб. – Иложи бўлса, “Кумуш”нинг қўноқ жойини айтсангиз, – деб илтимос қилдим.
Улар Вернадский кўчасидаги қайсидир бир меҳмонхонада яшаётганини тахминан билардим.
— Бўпти, адреcини айтаман. Фақат мендан олганингизни “Кумуш” билмасин! У сиздан жуда қаттиқ хафа, кўнгли қолиб кетган – деди Дугона.
“Кумуш”нинг манзилини олдим-у, банкет бўлаётган залга кирдим, ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Абдулла аканинг кўзларини шамғалат қилиб, босиб-босиб уч-тўрт қадаҳ “коньяк” сипқордим-да, ташқарига отилдим…
4.
Оқшом пайти бир иложини қилиб ўша мусофирхонани топиб бордим.
Ўн иккинчи ёки ўн тўртинчи қаватга кўтарилдим. Рақамини кафтимга ёзиб олган хонанинг эшигини оҳиста чертдим. Ичкаридан садо чиқмади. Бир оз фурсатдан сўнг яна тақиллатдим.
Юрагим қинидан чиқаман деяпти, тиззаларим қалт-қалт титраяпти, баданимдан чўмоли ўрмалаётгандек бўлаяпти…
— Ким? – деган товуш эшитилди, ниҳоят.
— Мен бу, “Кумуш”, – дедим.
Товушим бўғилиб чиқди. Овозимни ўзим ҳам танимай қолдим. Агар “Кумуш” менинг товушимдан танимаган бўлcа ва танимагани учун ҳам эшикни очган бўлса ажабланмайман.
Орадан хийла вақт ўтгач, эшик оҳиста очилди: “Кумуш” томоқни бўғиб турадиган оппоқ жемпер кийиб олганди, сочлари xўрпайган, юзлари сўлғин, лекин шу ҳолатда ҳам гўзал ва соҳибжамол эди.
— Ассалому алайкум, – дедим биринчи бўлиб.
У алик олмади. Камондек қошларини чимириб, башарамга нафрат билан тикилди. Унинг мунис кўзларида шунчалар нафрат мужассам бўлишини, шунчалар нафратни соҳибжамол қизнинг шаҳло кўзларига жамлаш мумкинлигини мен ўшанда кўрдим.
Эшикни ёпмасдан бир-икки қадам олға босди. Ўпадими деб ўйладим. Наxотки, илгари биринчи бўлиб ҳеч қачон ўпмаган қиз бугун…
– Ифлос! – деди ғазаб билан ва ўнг қўли билан чап юзимга шунақаям шапалоқ тортиб юбордики, кўзларимдан ўт чақнаб кетди.
Гандираклаб ўзимни йўқотиб қўйдим…
Бу қизда – бутун борлиғидан назокат ва нафосат уфуриб турган бу нозик ниҳол вужудда, дилбар қўшиқлари билан дилларни ром этгувчи бу нафис қалб cанамда – шунчалар куч борлигини тасаввур қилмаган эканман…
Ўзимни ўнглаб олгунимча эшик шарақлаб ёпилди. Юзимни чангалллаганча қолавердим. Оёқларим ўзимга бўйсунмай қўйди, йўлакка ўтириб қолдим.
Остонада туриб, товушимни чиқармасдан ўксиб-ўксиб, елкаларим силкиниб-силкиниб узоқ йиғладим.
Унинг қаҳрли ва ёшли кўзларидан, аламли ва зарбли тарсакисидан сўнг англадимки, бу бизнинг сўнгги учрашувимиз эди…
5.
Тонг ғира-ширасида менга манзил берган Дугона телефон қилиб Тошкентга учиб кетаётганликларини айтди.
Сўнг: “Кумуш”нинг тарсакисини эслаб юраркансиз…” – деб шодон хайрлашди.
Метролар ҳали юрса-да, лекин то тонгга қадар ётоқхонамга яёв қайтган ўша уйқусиз тунда дард ва ҳасрат билан “Кумуш”га бағишлаб мен шу шеьрни ёзган эдим:
Майли, сен кетавер, бахтли бўл фақат,
Гарчанд айрилиққа йўқдир бардошим.
Фақат сенсиз қолди шўрлик муҳаббат,
Фақат сенсиз қолди йигирма ёшим.
Сен ҳам ўз тенгингни топарсан, майли
Мен ҳам йўлдошимни бир кун топарман,
Сенинг бу аламли зарбингни ҳали,
Ёруғ хотиралар билан ёпарман…
Шундай қилиб менинг биринчи муҳаббатим якун топди.
Биринчи муҳаббатимдан унутилмас икки тарсаки хотирамда қолди. Бири отамдан, бири севгилимдан…
6.
…“Кумуш” ҳакида биринчи маротаба Абдулла Ориповнинг уйида Нормурод Нарзуллаевдан эшитган эдим:
— Жуда истеьдодли ва гўзал қўшиқчи. Шундай ажойиб ва таниқли қизни наҳот эшитмагансиз, – дегандилар у киши ўшанда.
— Бунинг устига андишалигини айтмайсизми, юзидан ҳаёси уфуриб туради-я, – қўшимча қилганди Абдулла ака. – Агар юлдузи юлдузингга тўғри келиб қолса, жуда сенбоп қиз, ука! Ўзи ҳам Китобдан шекилли, истиқболли саньаткор!
— Агар Китобдан бўлса, жуда яхши, албатта танишаман! – деган эдим уларга ишонч билан.
Мен ҳам ўзимча “таниқли” ва “истиқболли” эдим гўё…
7.
Орадан анча вақт ўтгач, отам Тошкентга келиб устозим билан учрашади.
Умуман у киши қачон Тошкентга келса, Абдулла Ориповни кўриб, уйида меҳмон бўлиб кетарди.
Ўшанда отам: “Мен сизни донишманд одам деб билардим, Абдуллажон! Нечук шогирдингиз саньаткор қизга илакишиб қолди?” – деб сўраганида, мен суйган ва ишонган устоз:
– Тўғри айтасиз домла, бу қиз бўлмайди деб Исматбойга жуда кўп айтдик, лекин ўғлингиз ўжар йигит, бизга қулоқ солмади, – деб жавоб қилган экан…
8.
Орадан йиллар ўтиб уйландим, бола-чақали бўлганимдан сўнг, “Кумуш”ни тасодифан учратиб қолдим.
Энди у бошқа олам – бошқа одам эди. Мен ҳам бошка одам – амалдор эдим:
“Ҳаёт ва иқтисод” журналининг бош муҳаррири ва Тошкент обкомининг аьзоси сифатида вилоят ҳисобот-сайлов конференциясида иштирок этиш учун хизмат машинамда обком (ҳозирги ташқи ишлар вазирлиги) биноси ёнига келиб тўхтаганимда, кириш йўлагининг икки четида қалдирғочдек тизилган саньаткор қизлар бизларни қаршилаб, таьзим бажо айлаб туришар эди.
Яп-янги ва оппоқ “Волга”дан тушиб азиз ва мўьтабар меҳмонлар учун тўшалган чўғдек қип-қизил поёндоз узра босайми ё босмайми деб, виқор билан ичкарига кириб борарканман, истиқболимда гоҳ қизариб, гоҳ оқариб маьюсгина бош эгиб турган “Кумуш”ни ҳам кўриб юракларим музлаб кетганди…
9.
Шу-шу гоҳ-гоҳида тасодифан учрашиб қоламиз ва фақат бош силкиб саломлашамиз, холос.
Ўшандан кейин биз ҳеч қачон ёлғиз гаплашмаганмиз, дардлашмаганмиз.
Мен “Кумуш”нинг покиза қизлигига, ҳалол қизлигига қаттиқ ишонаман.
У асло бошқаларга ўхшамайди, у санъат даргоҳида истисно ҳодиса!
Шу тариқа талабалик йилларимда юрагимда чандиқ бўлиб қолган биринчи муҳаббатимнинг мунгли ва изтиробли қиссасига якун ясаймиз…
10.
Не кулфатки, айни пайтда менинг юрагимдаги ишқий чандиқ халқимизнинг улуғ шоири Абдулла Орипов тақдирида ҳам бошқача бир ҳолатда, айтиш мумкинки фожеали бир тарзда кутилмаганда юз берди…
1982 йили Москвада СССР Ёзувчилар уюшмасиининг VII Қурултойи бўлади. Георгий Марков уюшманинг раиси эди.
У пайтларда Сиёсий Бюро аъзоси ёки Бюро аьзолигига номзодлардан кимдир ёзувчиларнинг Қурултойида ҳам, Қурултой арафасидаги тадбирларда ҳам қатнашар эди.
Қурултой бошланишидан олдин рўй берган қизиқ бир ҳодиса ҳануз эсимдан чиқмайди.
Ўша пайтларда одатда, катта сиёсий анжуманлар арафасида, албатта, Ленин мавзолейи пойига гулчамбар қўйиларди. VII – Қурултой арафасида ҳам шундай бўлади.
Барча иттифоқдош республикалардан келган ёзувчиларнинг вакиллари Қизил майдонга борадилар.
Атроф махсус хизмат ходимлари томонидан қўршаб олинади.
Гулчамбар қўйиш маросимида майдонга 150-160 нафар делегатлар – барча республика ва ўлка вакиллари иштирок этишади…
11.
Мен ҳам Абдулла Орипов билан бирга ўзбекистонлик делегатлар сафида Қизил майдонга ўтиб олдим.
— Сен доим ёнимда турасан. Мен билан юрсанг, Қизил майдонга ҳам кирасан, – деди Абдулла ака. – Лекин ўзингни у ёқ-буёққа ташламайсан, ёнимдан жилмайсан! – деб огоҳлантириб қўяди.
Мен Абдулла ака билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Сарвар Азимовнинг ёнида турган эдим.
Биздан сал нарида Георий Марков билан Сиёсий Бюро аъзосими, Бюро аьзолигига номзодми – кимдир турганди.
Чамамда, Ўзбекистон делегацияси алфавит бўйича Украинадан кейинги иккинчи ўринда эди – нуфузли ҳисобланарди.
Георий Марков бирдан тараддудланиб, делегация аъзоларини бирма-бир кўздан кечирди-да, мени ёшроқ ижодкор бўлса кepaк деб ўйлаб:
— Эй, йигитча, кел мунда! – деб ўз ёнига чақириб қолди.
— Менми? – деди Сарвар Азимов.
— Йўқ, анави бола келсин! – деди Марков мени кўрсатиб.
Абдулла ака шошиб қолди:
— Жин урсин, яна бир балони бошламасайдинг, – деди Абдулла ака. – Сени чақиряпти, лекин ҳушёр бўл!
Мен югуриб бордим.
— Гулчамбарни кўтap! – деди Марков сенсираб.
Мен гулчамбарнинг бир томонидан кўтардим. Гулчамбарнинг нариги томонидан СССР Давлат мукофоти соҳиби бўлган сибирлик ёшроқ ёзувчи кўтарди.
Биз гулчамбарни ўртага олиб, Мавзолей томон аcта одимлаб боравердик, орқамиздан Марков ва Сиёсий Бюро аъзолари – казо-казолар эргашишди. Кетдик!
Гулчамбар қўйилгандан cўнг бирдан тўс-тўполон бошланди.
Маълум бўлишича, гулчамбар қўйган одамларнинг номлари марказий газеталарда эълон қилинадиган cуратлар оcтига ёзилиши керак бўларкан.
Суриштириб кўришcа, рўйхатларда номи йўқ йигит СССР ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти номидан Мавзолей пойига гулчамбар қўйган экан.
КГБ вакиллари Абдулла акани сўроқ қилади: “Бу бола ким эди?” “Студент!” дейди Абдулла ака. – “Қaнaқа студент?..”
Савол-жавоблар Марковгача бориб етади.
Ниҳоят, КПСС Марказий Комитети аьзоси, СССР Ёзувчилар уюшмаcининг раиcи: “Уни ўзим таклиф қилганман”, – дейди.
Шундан кейингина тергов босди-босди бўлади.
“Майли, cтудент экан, бўлажак ёзувчи”, — деб гуноҳимдан ўтдилар.
Бироқ бу ҳодиса Абдулла ака учун катта минус бўлади…
12.
Биз «Россия» меҳмонхонасида шоир билан бир хонада турар эдик.
— Сени ука, бирор жойга жўнатишса, хизматкорларнинг хонаси четда қолиб, тўппа-тўғри шоҳнинг ҳузурига кириб кетадиган одатинг бор! – деб Aбдулла ака кетма-кет таблетка ичиб ўтирарди меҳмонхонада…
Кейинчалик бу воқеани Абдулла ака латифанамо қилиб кўп жойларда айтиб ҳам юрди.
Мавзолей пойига қўйиладиган гулчамбар жуда оғир бўлар экан, ичида темирлари борми-ей. Уни кекса ёзувчилар ҳам, Сиёсий Бюронинг “етмишвой”лари ҳам кўтара олишмасди. Ўзим зўрға кўтарганман.
Кейин марказий газеталарда бизнинг гулчамбар қўяётган пайтимиздаги суратларимиз босилиб чиқади…
Э-ҳҳ-э, жуда машҳур бўлиб кетганман ўшанда…
13.
Ёзувчиларнинг VII Қурултойи билан боғлиқ бўлган яна бир воқеа тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишим керак.
Абдулла Ориповнинг ҳаётда биринчи маротаба инфакт бўлганини ҳикоя қилмоқчиман. Тарих учун ҳам, адабиёт учун ҳам бу жуда муҳим!
Қурултойга борган ўзбекистонлик делегатлар бунга гувоҳ бўлганлар.
Қурултой якунида СССР Ёзувчилар уюшмасининг раҳбар органлари сайланди.
Бу рўйхатда Абдулла аканинг ҳам исмлари аввал бўлган-у, кейин тушиб колганми, билмадим, ҳар қалай асабий бир вазият юзага келади.
Ўшанда Абдулла ака Сарвар Азимов ва Собит Мадалиевдан қаттиқ ранжиган эдилар…
14.
Қурултойнинг сўнгги куни – эртасига жўнаб кетиладиган оқшом “Россия” меҳмонхонасининг Абдулла Орипов ва мен бир ҳафта истиқомат қилган мўжаз хонасида яхшигина ўтириш бўлди: Нормурод Нарзуллаев, Барот Бойқобилов, Муҳаммад Али, Омон Матжон ва яна аллакимлар бор эди.
Ҳа, ундан олдинроқ – кун ёруғида Абдулла акам икковимиз “Болалар дунёси”га бордик.
Шоира қизлари янгам билан бир қулоч рўйхат қилиб берган экан: Москвадан харид килинадиган совға-салом ва ҳоказолар.
Хуллас, бир дунё нарса олиш керак эди. Абдулла ака пулларни ҳисоб-китоб қилди. Сўнг биргалашиб «Болалар дунёси»га жўнадик.
Менга бир пачка пулни бериб қўйиб, ўзлари бир четда ўтирадилар, мен керакли нарсаларни харид қилиб дарҳол ҳисоб бераман. Бозорлик қилингандан кейин деярли пул қолмади. Бадминтон ҳам сотиб олдик.
Тошкентда у пайтлари бадминтон йўқмикан, билмадим…
Ўша куни Абдулла аканинг мазаси йўқроғ эди…
15.
Кечқурун хонада ўтирганимизда ҳамма ёнида қолган энг сўнгги пулларини йиғма қилиб, менга беришди.
Мен дарҳол пиво, apoқ, сосиска, тузланган бодринг ва бошқа егулик олиб келдим.
Билетлар олинган, эртага махсус автобус ҳаммани аэропортга кузатиб қўяди. Яъни эртага ҳеч кимга пул керак бўлмасди.
Ўша куни кўп ичиш бўлди. Аввал делегатлар учун якуний зиёфат берилди, сўнгpa меҳмонхонада яна давом эттирилди.
Биз ҳам ёзувчи-шоирларга қўшилиб, хурмачага сиққунча ичиб, ширакайф бўлиб юрдик.
Ўша окшом ҳам мен, одатдагидек, Абдулла ака билан битта хонада тунаб қолдим…
Абдулла аканинг яхши бир одати бор эди.
У киши қачон Москвага келса, албатта “Россия” меҳмонхонасида турар ва ҳар гал мени ҳам ўзи билан бирга олиб юрар эди.
Билаcиз, “Россия” меҳмонхонаcи Қизил майдоннинг шундоққина ёнгинасида жойлашган. Москва Давлат университетининг журналистика факультети ҳам шу атрофда эди, дарсларга бориб-келиб тургандим.
Хуллас СССР Ёзувчиларининг 7 съезди ўз ишини тугатиб, ўзбекистонлик делегатлар ҳам энди ўз Ватанларига қайтиб кетиши керак эди.
Айтганимдек, сўнгги оқшом кўп ичиш бўлди. Мен русларнинг ичида юриб, бунга кўникиб кетган бўлсамда, барибир ўзбек ёзувчиларининг бунча кўп ароқ ичишини ўшанда умримда биринчи кўришим эди…
16.
…Эртаси куни меҳмонхона олдига автобуcлар қатор бўлиб келиб тўхтади.
Мусофирхонанинг тўртта қаноти – блоки бор: бизникилар ғарбий блокда туришарди. Шу блокда яшайдиган барча меҳмонлар пастга тушишди.
Мен Абдулла аканинг катта жомадони-ю, бесунақай сеткасини кўтариб олгандим, қўлтиғимда Шоира “заказ” килган лаънати бадминтон ҳам бор эди.
Юкларни автобусга жойлаштирдим. Эcимда, Санобар опа (Нормурод Нарзуллаевнинг оиласи) ҳам автобусга чиқди. Бошқа шоир-ёзувчилар ҳам жойларига келиб ўтирдилар.
Шунда Абдулла ака:
— Бўлдими ука, чиқ автобусга! – деди.
Мен Абдулла aкани аэропортгача кузатиб, сўнг дарсимга қайтиб келишим керак эди. Автобусга чиқиб Абдулла аканинг ёнига ўтирдим.
Олдинда “сирена”ли машиналарда милиция ходимлари йўл бошлаб боришлари лозим эди.
Турли Қурултой ва сиёсий анжуман қатнашчиларини Москва ана шундай дабдаба билан кутиб олар ва кузатиб қоларди.
Автобус энди ўрнидан кўзғалаётган чоғда яна кимдир меҳмонхонадан ҳай-ҳайлаб чиқиб қолди. У ким эди? Барот акамиди, ҳозир аниқ эсимда йўқ.
Кечиккан меҳмон ҳам автобусга чиқди.
Суюкли ўзбек ёзувчиларининг Москва сафари ҳам ниҳоясига етган эди. Энди юртга қайтиш керак. Рўзғор, бола-чақа, мухлислар кутаётган эди уларни…
17.
Биз Абдулла ака билан ўнг тарафдаги олтинчи қaтop ўриндиғида ўтиргандик.
Автобусда одам сийрак, жой бемалол эди.
Қўққисдан Абдулла ака ўтирган жойида ўзини ваҳм билан орқага ташлаб, оёқларини олдинги ўриндиқнинг остига узатиб юборди.
Мен қўрқиб кетдим. Абдулла ака кўзларини юмганча, кўксини ғижимлаб инграб юборди. Бир лаҳзада юзлари қорайиб, пешоналари терлаб кетди.
— Ака, нима бўлди сизга? – деб сўрадим юрагим ёрилгудек бўлиб.
— Оpқa курагимнинг остидан биров пичоқ билан юрагимга нўқиятгандай бўлди… – деди зўрға Абдулла ака мажолсизланиб.
Шоирнинг кўзлари чирт юмилган, икки томчи ёш қабоғида қотиб қолган эди…
18.
Изиллаб йиғлаб юбордим.
Ёзувчилар менинг йиғлаётганимни кўриб, нимадир бўлганини сезиб, ваҳимага тушишди. Автобус энди юра бошлаган эди. У бир зумда қий-чувга тўлди.
— Акажон, сизга нима бўлди? Кўзингизни очинг! – деб йиғлардим.
Абдулла аканинг ранг-рўйи бир пасда ўзгариб кетди. Шалаббо терга ботди. Атроф тўс-тўполон бўлиб, автобус тўхтатилди.
Ўша заҳотиёқ меҳмонхонадан оқ халат кийган навбатчи врачлар югуриб чиқишди. (Съезд ва Қурултой пайтлари мeҳмoнxoнaдa навбатчи врачлар доимо шай бўлиб туришар экан).
– Зудлик билан реанимация бўлимига олиб борилсин! – деди қулоқларига фонедоскоп тақиб Абдулла акани бир қўp кўрикдан ўтказган врач.
У нима бўлганини айтмади, лекин инфаркт рўй берганини билган экан…
19.
— Бемор билан ким боради? – деб сўради “тез ёрдам” машинасига чиқаётган врач.
— Мен бораман! – дедим тап тортмай.
Нормурод ака шошилинч равишда автобусдан Абдулла аканинг юкларини тушириб қолдирди: майда – чуйдалар керак бўлади деб ўйлади шекилли.
Юклар меҳмонхонанинг “сақлаш камераси”га киритиб қўйилди.
Оқшомги ўтириш пайтида пулимиз тамом бўлганини шоир Муҳаммад Али ҳaм биларди. У энди ўрнидан қўзғалган автобусни тўхтатиб, “Тез ёрдам” машинасининг ёнига келди-да:
— Кеча шуни яшириб қолдиргандим, ишлатарсиз, – деб бир дона йигирма беш сўмликни менга берди:
– Агар пул керак бўлса, Тошкентга телефон қиларсиз, – деб мен билан хайрлашди…
Абдулла акани носилка (замбил) да “тез-ёрдам” машинасига чиқаришди.
— Сиз Тошкентга кетмайсизми? – деб сўради врач.
— Йўк, мен шу ерда ўқийман, студентман, – дедим.
— Жуда яхши.
Автобус жўнаб кетди. Уни ортиқча тўхтатиб туриш мумкин эмас эди, аэропортда расмий Ўзбекистон делегацияcини махсус самолёт кутиб турарди.
Шундай қилиб, “тез ёрдам” сиренасининг қий чуви остида биз Абдулла ака билан Моcкванинг машҳур Склифаcовский каcалхонаcига, суюкли ёзувчиларимиз эса Ўзбекистонга қараб йўл олишди…
20.
Бизни тўппа-тўғри ҳукумат мулозимларига мўлжалланган махсус бўлимга олиб боришди.
Чамаси, олдиндан рация орқали хабар берилган шекилли, каcалхонага кираверишда ўндан ортиқ врачлар носилкаларни тайёрлаб, Абдулла акани кутиб туришган эди.
— Cен шошмай тур! – деб мени бир четга суриб қўйишди-да, Абдулла акани замбилга ётқизиб, ичкарига олиб кириб кетишди.
Мен ташқарида изиллаб қолавердим.
Қирқ дақиқалардан сўнг мени чақиришди: костюм, шим, кўйлак, майка, хуллас, Абдулла аканинг барча кийим-бошларини менга беришди.
Бу касалхонага беморни яп-яланғоч қилиб олиб кириб кетишар экан.
— Аканг энди қирқ кун қимирламай ётади, – дейишди.
Мен Абдулла акамнинг кийимларини бағримга босганча, йиғлаб-йиғлаб ётоқхонамга қайтдим. Мен учун ҳaёт тамом бўлгандек эди гўё.
Ётоқхонага келганимдан сўнг бирдан Абдулла аканинг юклари қолиб кетганини эсладим. Дарҳол такcига ўтириб, меҳмонхонага йўл олдим.
Шу ўринда инсоф юзасидан бир нарсани айтиб ўтиш керак: ўша пайтларда Москвадаги такси ҳайдовчилар фақат cчётчикда кўрcатилган йўлкирани олишарди, бир тийинни ҳам уриб қолишмасди.
Шу ерда адолат ҳаққи ҳурмати айтиш керакки, Муҳаммад Али ўшанда бизга катта яхшилик қилганди. Унинг ўша одамгарчилигини кейин ҳам кўп давраларда гапириб юрдим.
Абдулла Орипов инфаркт бўлиб қолганда бир ой шу пул билан уни кўргани бориб турдим. Йўл кира арзимас пул бўларди.
Қолаверса 25 сўм совет даврида катта пул эди…
21.
Бировлар учун бу эҳтимол арзимас нарса бўлиб кўринар, лекин аслида бу инсоннинг жуда катта одамгарчилиги ва фидойилигидан далолат беради.
Эртаси кунидан эътиборан ҳар куни икки марта: эрталаб бир бор, кечки томон яна бир бор Абдулла Ориповдан хабар олгани борардим.
Борганда ҳам битта ўзим бормасдим: Мосвада Ленин номидаги ўқитувчилар тайёрлайдиган педагогика инcтитути бор эди. У ерда ўзаро келишув асосида Ўзбекистоннинг кўпгина вилоятларидан борган талабалар таҳсил кўришарди.
Ўша институтнинг қизлари ҳатто туғилган кунларини ҳам менинг бўш вақтимни ҳисобга олган ҳолда нишонлашарди. Мен уларнинг таваллуд кунларига Ўзбекиcтондан Моcквага келган шоир ва ёзувчиларни олиб борардим.
Хуллаc, шу инcтитутнинг қизлари навбати билан ҳар куни икки маротабадан атлас кўйлакларини кийишиб, мен билан биргаликда Абдулла акадан хабар олгани боришарди…
22.
Совет Иттифоқининг энг йирик илмий текшириш маркази ҳисобланган Склифаcовcкий каcалхонаcи ниҳоятда катта эди.
Икки томони ям-яшил арчаларга туташ узун корпуслардан иборат бўлиб, ўртасида йўлка бор эди.
Ҳар куни эрта тонгда атлас кўйлак кийган икки нафар ўзбек қизи узун пошналарини “так-тук, тyк-тaк” этказиб товуш чиқариб тош йўлкадан ўтишаётганда, кўп қаватли каcалхонанинг деразаларидан сон-саноқсиз беморлар бошларини чиқазиб қарашарди.
Икки ёнимда икки қиз, ўртада Исмат Хушев гулдаста кўтариб бораётган бўлардик.
Тез кунларда бутун касалхонага маълум бўлдики: “Реанимация бўлимида машҳур ўзбек шоири ётибди…”
23.
Даcтлабки кунлари реанимация бўлимининг эшигини xўмрайган битта аёл очарди-да:
— Ҳа, ётибди, ёмон эмас, тузук… – деб дудмал жавоб қайтарарди-ю, тақ этказиб башарамизга эшикни ёпиб, ғойиб бўларди.
Орадан тўрт-беш кун ўтгандан сўнг, ичкаридан Абдулла акам хат чиқарди. Унда: “Ука, бу опа хўмраявериб ҳамма жойимни илма- тешик қилиб юборди. Барака топгур, унга тўрт-беш сўм пул топиб бергин”, — дейилганди.
Мен дарҳол xўмрайган ҳамширага тўрт-беш сўм бердим.
Пул берилгандан кейин Абдулла ака иккинчи хатчани чиқарди: “Ука, барака топ. Хайрият, бу аёл ҳам жилмайишни билар экан, биринчи марта табассумини кўрдим. Яхшиликларингни асло унутмайман…”
24.
Шундай қилиб, Абдулла aка кунда ёки кун ора хатча (записка) чиқарар, биз шу тариқа “гаплашар” эдик.
Охирги хатларининг бирида Абдулла ака мендан ҳасса келтириб беришимни илтимос қилган бўлсалар, бошқа бировида: “Исмат! Улуғ бир шеьр ижод қилдим! Ё, тавба, шу шеьр учун инфаркт бўлиш пешонамга ёзилган экан!” деб қайд этиб қўйган эдилар…
Ўша пайтларда Абдулла аканинг касалхонада ёзган шеърларини кўчириб олиб, телефон орқали “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига “диктовка” қилиб узатганман: “Мени олиб кетинг Ўзбекистонга!”, “Қирқ ёш…”, “Хайрлашув…” каби шеърлар шулар жумласидандир.
Яна битта хатча ҳамон эсимда. Мен касалхонага фақат тухум пишириб борардим. Нега айнан фақат тухум пишириб борганимни ўйласам, ҳозир кулгим келади. Тез пишгани ва ё арзон бўлгани учунми…
У пайтларда гўшт ва ё бошқа дурустроқ таом тайёрлаб бориш хаёлимга келмаган. Қизларга ҳам айтсам бўларди. Лекин ҳар сафар ўзим ётоқхонада гўё зўр нарса пиширгандай, тухум пишириб борар эканман. Товба…
Шу муносабат билан Абдулла ака: “Ука, ҳеч жаҳонда одам тухумга ҳам пиёз қўшиб пиширадими? Пиёз қўшмай пиширгин-да!” деб ёзган эдилар.
Қаранг, мен нодон тухумга пиёз қўшиб пиширар эканман…
25.
Хуллас, Склифасовский касалхонасида қирқ кунгача Абдулла акани бизга кўрсатишмади: биз фақат ҳамширалар орқали, хусусан, Ирина исмли у кишининг даволовчи врачи орқали боғланиб турардик.
Сунбул сочлари ўзига жудаям ярашган, мовий кўзли бу гўзал аёлга бағишлаб Абдулла ака “Ранглар” номли шеьр ҳам ёзган эдилар:
Қачондир шимолнинг оппоқ қоридан,
Сени яратганди зукко табиат.
Кўзингга ранг берди осмон қаьридан,
Шул сабаб мовийдир бу кўзлар беҳад.
Сунбул сочларингни яратган чоғда,
Заьфарон шафаққа бўяб олди у.
Боқиб лабларингга – ўзи ҳам доғда,
Қонталаш бир рангни бера қолди у.
Роса пардоз қилди табиат тўлиб,
То ойдин ранглари тортгунча хира.
Барча ранг устидан кўриқчи қилиб,
Қора Отеллони яратди сўнгра…
Суратда: Исмат Хушев (ўртада) Абдулла Орипов (ўнгда) шеърхонлик қилаётган масрур дамлар… 1980 йил, Москва.
Биз Тошкентдан юборилган coвғa-саломларни ҳам кўпроқ Ирина опанинг уйларига элтиб берардик…
Худога шукр, яқинда Абдулла ака ўз қўллари билан ёзган ва имзолаган ўша хатчаларни топиб олдим. Ҳаммаси турган экан.
Бу жажжи қўлёзмалардан ҳам Абдулла аканинг бундан йигирма — ўттиз йил олдинги самимий ва бегидир тимсолини тиклаш мумкин.
Ҳа, саксонинчи йиллардаги хаста ва покдомон Абдулла Орипов билан бугунги соғлом ва Қаҳрамон Абдулла Орипов орасида анчагина фарқ бор эди…
(давоми бор)
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири
Суратда: Исмат Хушев (ўртада) Нормурод Нарзуллаев (чапда) ва Абдулла Орипов (ўнгда) Москва Давлат университети (ДАС) ётоқхонасида «бир пиёла чой» гурунглари… 1980 йил, Москва.
Uqib rosa maza qildim, qulingiz dard kurmasin.
Ayrim joylari “Xorazm xangomalari”ni xam yulda qoldirar ekan.
09/06/2013 at 9:54 AM(Edit)
Butun bir asarga tatigulik juda go`zal hotiralar. Rahmat Ismat aka. Bahtimizga doim sog bo`ling. Abdulla Oripovga siz o`z hotiralaringiz bilan o`lmas haykal qo`yibsiz…
1 шарҳ
Исмат ака, хотираларни титкилашга мажбур киладиган маколангиз жуда хам екди. Укиб хаелим кетди уша сершовкин ешлик йилларига, топиб булмас кайтариб булмас сотиб олиб булмас ешлик йилларига. Худди уша даврда, уша даврада бордек хис килдим узимни. Шоиримиз Абдулла Ориповнинг вафотларидан чукур кайгуда эдим. Ушбу езганларингиз савоби буюк шоиримиз рухларини шод этади деган умиддаман. Ижодингизга файзу-барака тилайман. Сог саломат булинг…..