• Вт. Фев 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: “Талаблик ётоқлари — соғинч Ватани» (Москва билан хайрлашув)

Июн 12, 2017
Илҳом билан МосквадаманИсмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com
(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари)
Биринчи китоб. 9-боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Отам билан Москвада
Юқоридаги суратда: Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти Исмат Хушев Абдулла Ориповнинг яккаю ягона ўғли Илҳомжон билан Қизил майдонда. Пастдаги суратда эса: Исмат Хушев (ўнгдан иккинчи), Собир Маманов (чапдан биринчи),  Москва Автомобиль йўллари институти студенти Олимжон Пўлатов Москвага Ўзбекистондан меҳмон бўлиб келган Исмат Хушевнинг отаси Маҳмуд Хушев (ўртада) билан Кремлнинг Қизил Майдонида. 1982 йил, Москва…
“ТАЛАБАЛИК ЁТОҚЛАРИ – СОҒИНЧ ВАТАНИ…”

(ёки Москва билан хайрлашув)
1.
Москвада ўқиганлар “Студентлик – олтин даврим” деса, ҳақиқатан ҳам ярашаркан. Бу ерда кунимиз қандай ўтиб кетганини, зерикиш нималигини билмасдик.
Дарслар тугагандан сўнг, шомдан то тонгга қадар чироқлари ўчмайдиган бедор ва чароғон шаҳар барча кўнгилочар масканлари билан бизнинг ихтиёримизда эди.
Ётоқхонамиз ҳам худди кичик ва қувноқ шаҳарчадек доимо гавжум ва файзли эди, унга жуда ўрганиб қолгандик. Дам олиш кунлари, умуман ташқарига чиқмай яшасак ҳам бўлаверарди, барча шароитлар муҳайё эди.
Бир нечта ошхона ва барлар, кинотеатр, спорт заллари, сузиш бассейни, кутубхона, почта, телеграф ва қатор магазинлар улкан ётоқхонамизнинг ичида жойлашган эди…
2.
Бўш вақтларимизда кўпинча Максим Горький номидаги Адабиёт институтига борардик. У ерда ўзбекистонлик талабалар билан учрашардик, пивохўрлик қилардик.
Мақсуд Бекжон билан ҳам ўшанда танишган эдим. Мен уни – Муҳаммад Солиҳнинг укаси эканлигини эшитгандим-у, лекин ўзини танимасдим.
Мақсуд акасига ўхшаб – камтар ва камсуқум, лекин ундан фарқли ўлароқ – анчайин сертабассум, сертакаллуф йигит эди. Биз бу самимий ва бўйчангина “ёшулли” билан тезда тил топишиб кетдик. У мендан уч-тўрт ёш кичик эди шекилли, сизлаб мурожат қиларди.
Бир куни Мақсуд билан Ойгул Суюндиқовани кўргани ётоғига бордик.
Москвага эндигина келган Ойгул билан яқинда танишган эдик. Қуруқ бормайлик деб торт ва …гул харид қилдик.
Лекин икки-уч кундан бўён “касалман” деб дарсларга бормай қўйган Ойгул хонасида йўқ эди. Бундан бир оз ранжиган Мақсуд:
— Сиз гапга чечанроқсиз, бирор нима ёзинг, эшигига қистириб кетамиз, — деди.
Мен ўйлаб-ўйлаб икки сатр ёздим:
Сизни бетоб дейишганда,
Хаёлимиз қочди-ку…
Ёздим-у, лекин уйда йўқлигидан бироз ранжиганимизни қандай билдирсам экан деб, анча ўйланиб қолдим. Қанча ўйласам ҳам, фикрлар тутқич бермас, хаёлга ҳеч нарса келмас эди.
Шунда балконга чиқиб хаёл суриб турган Мақсуд ёзганларимни ўқиди-да, бироз ўйлаб тургач, шуларни қўшимча қилди:
Излаб келсак ёпиқ эшик,
Кўзимизни очди-ку…
Мақсуд яхши
Мақсуд адабиёт институтини битирганидан сўнг, мен каби маьлум муддат ҳарбий хизматда бўлганини эшитдим.
Сўнг бирин-кетин шеърий китоблари чоп этилди. Улардан бирининг номи, агар адашмасам, “Мўьтадил ранглар” эди назаримда.
Бу мўьжаз ва юпқа тўплам – кечаги мен Москвада билган новча ва хипчагина шоиртабиат йигитнинг салоҳиятли ижодкор бўлиб шаклланганидан далолат берарди…
3.
Москва хотираларининг яна бири Машраб Бобоев ва Баҳор Холбековалар билан боғлиқ.
Бир куни Машраб ака Абдусаид Кўчимов, Баҳор Холбекова, Ўрол Ўтаевлар билан қандайдир адабий анжуманда иштирок этиш учун Москвага келиб қолдилар.
Биз бир ҳафта давомида бирга бўлдик. Гоҳ уларнинг Бутуниттифоқ комсомол қўмитасига қарашли меҳмонхонасида, гоҳ ўзимизнинг университет ётоқхонасида бир-биримизни меҳмон қилиб, мушоира оқшомлари уюштирардик.
Ана шундай тонготар кечаларнинг бирида Баҳор ўқиган шеьр ҳануз ёдимда:
Ҳеч кимга айтмаган қўшиғингни айт,
Тингламоқ истайман шундай қўшиқни,
Одамлар бизлардан ўргансин ишқни,
Ҳеч кимга айтмаган қўшиғингни айт.
Бу қалбим бир нозик қўшиққа ташна,
Сен айтмадинг уни, кимлардир айтди,
Қўшиқнинг қаноти синди-ю қайтди,
Бу қалбим бир нозик қўшиққа ташна,
Ҳеч кимга айтмаган қўшиғингни айт…
Ўшанда Баҳорнинг бу шеьрига кўпчилигимиз, айниқса Ўрол ака, муносиб жавоб беришга кўп уриндик, лекин эплолмадик.
Ажабки, шеьриятдан йироқ бўлса-да, биздан бир-икки курс юқорида ўқувчи Юсуф Ҳамдамов бу борада ҳаммамизни доғда қолдирган эди…
Сўнг орадан кўп йиллар ўтиб, ўзбек матбуотида Акрам Аминов исмли бир йигитнинг шеьрлари эьлон қилинди:
Қўшиғим ягона сенга аталган,
Ўзгалар беҳуда афғон чекмасин,
Йўлимда умидвор гуллар экмасин,
Қўшиғим ягона сенга аталган…
Бу – биз Москвада эшитган Баҳор Холбекова шеьрларига ёзилган муносиб жавоб эди…
4.
Машраб Бобоев Москвадаги ўша ташрифи якунида қўлимга 150 сўм пул бериб, “менга костюм-шим олиб борасиз, 48- размер, 5- рост Тошентда топилмайди” деб илтимос қилиб кетган эди.
Машраб акам
Орадан кунлар, ҳафта ва ойлар ўтса ҳамки, костюм-шим ололмадим. Студентнинг қўлида пул турмас экан.
Бир куни Тошкентга келганимда Машраб акани тўрт-беш ижодкорлар даврасида учратиб қолдим. Костюм-шим ололмаганимни айтиб, узр сўрадим.
— Ҳеч хижолат чекманг, Исматжон! Шуни эслаганингизнинг ўзи катта гап. Қолаверса, менга лойиқ костюм – шимнинг топилиши амри маҳол… – дедилар кулиб.
У кишининг яхши муносабатими, билмадим, нимадир менга қаттиқ таьсир қилди. Уришганларида ҳам бунчалик хижолат чекмасдим.
Устозим Маҳмуд Сатторов менга ҳар келганимда 40-50 сўм пул бериб турарди. Бу гал Москвага борган заҳоти ўша пулга олган “стипендия”мни ҳам қўшиб, костюм-шим сотиб олдим. Ҳеч эсимдан чиқмайди: Машраб ака менга 150 сўм берган бўлсалар, мен олган костюм-шим роппа-роса 80 сўм турарди.
Олти ой – бир йил ўтиб яна Тошкенга келдим. Костюм-шимни қўлтиғимга қистириб, Машраб ака ишлайдиган Ғафур Ғулом нашриётига бордим.
Ўшанда у кишининг қувончини кўрсангиз эди. Низом Комилов ва яна тўрт-беш улфатлари билан ишни ташлаб то кечгача мени меҳмон қилдилар.
Москвадан олинган костюм ва унинг соҳиби, бу матони олис пойтахтдан эсон омон олиб келган студент шарафига кўп қадаҳ сўзлари айтилди. Зиёфат ҳақини ҳам Машраб ака тўлаган эдилар…
5.
Юқорида айтдим, Абдулла Орипов Москвага келганида, “Россия” меҳмонхонасида туришни ёқтирарди.
Кўпинча у киши: “сен мен билан бирга тургин, менга қараб юрасан” деб мени ҳам ёнига чақириб оларди.
Мен бажонидил рози бўлардим. Чунки “Росcия” меҳмонхонасининг хоналари кенг ва ёруғ, cосискаси зўр, пивоси машҳур эди.
Устоз баҳонасида ресторанларга кириб, мазза қилиб тансиқ таомларга тўйиб юрардик.
Абдулла ака ёқаси кир бўлган кўйлакларини менга ҳадя қилар, мен у кишининг бу кир кўйлакларини ювиб, дазмоллаб фахр билан кийиб юрардим.
350
Мана, Қизил майдонда иккаламиз тушган суратдаги мен кийган кўйлак ҳам у кишиники (сурат берилади).
Мен кўп вақтлар мобайнида Абдулла аканинг эски кўйлакларини ана шундай табаррук қилиб, кийиб юрганман…
Абдулла ака Кремлда
Суратда: Улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов Москванинг Қизил Майдонида, Кремль, 1981 йил. 
6.
Абдулла ака Москвага ҳар келганида ўзбекистонлик талабалар билан албатта учрашувлар ўтказар эдик. Бу учрашувлар алал-оқибат албатта гўзал бир мушоирага айланиб кетарди.
414
Суратда: Исмат Хушев (ўртада) Абдулла Орипов (ўнгда) шеърхонлик қилаётган масрур дамлар… 1980 йил, Москва.
Абдулла ака билан МГУда
Суратда: Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти Исмат Хушев ётоқхонасида Абдулла Орипов билан «бир пиёла чой» учрашувидан лавҳалар… 
320
Суратда: Исмат Хушев (чапдан биринчи) Склифасофский касалхонасига ҳар куни Абдулла Ориповни бориб кўриб турган Москвада таҳсил олаётган ўзбек талабалари билан. Чапдан тўртинчи — Москвадаги Адабиёт институти тингловчиси шоир Абдулла Шер, 1981 йил, Москва, Исмат Хушевнинг ётоқхонасида.
Хоразмлик Гавҳар билан Света, бекободлик Нурали, ўшлик Раьно, косонлик Ботир билан китоблик Муҳаббат…
Гарчи тақдир кейинчалик бизларни турли баҳонаи – сабаблар билан учраштирмаган бўлса-да, мен уларни ҳануз эслаб юраман.
Абдулла ака Москвада
Абдулла ака талаба ёшларни кўрганида худди ўзи ҳам студентлик олтин даврига қайтгандай ёшариб, ғурурланиб, яшнаб кетарди.
Ажиб ва бетакрор бир завқ, шавқ билан шеър ўқир, шоирлигидан фахрланар ва ўша дамларда ундан-да бахтлироқ, ундан-да машҳурроқ шоирни бу дунёда топиб бўлмасди…
7.
Бир гал ёзувчиларнинг Қурултойида иштирок этиш учун Москвага келган Абдулла Орипов, Нормурод Нарзуллаевларни анжумандан бир кун олдин Ленин номидаги педагогика институти ётоқхонасига меҳмонга олиб бордим.
Нормурод аканинг оиласи – Санобар опа ҳам биз билан бирга эди. Ўшанда уларнинг қизлари Норхол Москвада аспирантурада ўқирди, шекилли.
Севган шоирлари билан бўлган бу учрашув ўзбекистонлик талабалар учун ҳақиқий шеьрият байрамига айланиб кетди.
Учрашув лаҳзалари акс этган суьратлар менда ҳануз сақланиб қолган. (Улардан баъзиларини эълон қилиш мумкин).
 
417

Суратда: Ломоносов номли Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти  Исмат Хушев (ўртада) Абдулла Орипов (ўнгда) ва Нормурод Нарзуллаев (чапда) билан.   Москвада, май, 1980 йил.
391
Суратда: Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти Исмат Хушев (ўнгдан биринчи) таниқли ўзбек шоири Нормурод Нарзуллаев (орқа планда – чапдан иккинчи) қизи Норхол (орқа планда – чапдан учинчи), ёзувчи Исфандиёр (ўртада) ва бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар билан. 1982 йил, Москва Давлат университети ётоқхонасида.
Мен қўлимдан келганча ёзувчи-шоирларимизнинг хизматини қилишга интилардим. Ўша пайтларда Москвада хорижий ёзув машинкалари ёзувчилар учун махсус чек билан бериларди.
Уларнинг кўпчилигига, хусусан Нормурод Нарзуллаевга бу матоҳни арзон нархда ўзим олиб берганман…
8.
Москва вилоятининг энг баҳаво ва дилбар гўшасида жойлашган Переделкинодаги Ёзувчиларнинг дам олиш уйига ҳам тез-тез бориб турардик.
Ўзимиз ётоқхонада палов дамлаб, қозонни адёлга ўраб, совутмасдан, электричкада олиб борардик.
Шуҳрат домла, Асқад Мухтор, Омон Матчонлар кўпинча Переделкинода дам олишарди. У ерда ҳам кўп қизиқ ҳодисалар бўлган. Палов кўтариб борганимиздан сўнг, икки-уч кун ўша ерда қолиб кетардик: машҳур адибларимиз билан ёзувчиларнинг ошхонасида бирга овқатланардик.
Аксарият ёзувчилар ёлғиз бўлсалар-да, Асқад Мухтор ҳамиша оиласи билан бирга дам оларди. Тўғриси, янгамиз бизни унча ёқтирмасди. Энди билсам, ёқтирмасдан тўғри қилар эканлар. Бунинг сабабини кейинчалик билдим.
Биз гоҳ Шуҳрат домланинг, гоҳ Асқад Мухторнинг столида ўтириб овқат еяверардик. Ваҳоланки, улар ўз ёнларидан биз еган таом учун ҳам пул тўлашар экан!
Буни билиб, жуда хижолат бўлиб юрдик. Асқад ака ҳам, янгамиз ҳам жуда ажойиб инсонлар эди…
Бизга Шуҳрат домла кўпроқ меҳрибон эди. Қизиғи шундаки, у киши Переделкинодан кейин, ёзувчиларнинг Малеевка деган боғида ҳам дам олишни давом эттирардилар.
Шуҳрат ака менга Малеевкадан хат ҳам ёзган эдилар.
Дастхатлари унчалик чиройли эмас эди-ю, аммо дона дона эди: “Исматжон! Ўзбекистондан Москвага ўқишга келган сиздай йигитлар бор экан, оллоҳга шукр! Сира кам бўлманглар!” деб ёзган эдилар…
9.
Москвадаги ётоқхонамизга Одил Ёқубов ҳам тез-тез келиб турарди.
У киши шахмат ўйнашни яхши кўрарди. Айниқcа, Cобит Мадалиев билан ярим кечагача дона суришиб, кейин менинг хонамда тунаб қолишарди.
Ўша пайтларда Ўзбекистоннинг бош прокурори бўлиб ишлаган Бўрихўжаевнинг ўғли Тоҳиржон ҳам доим биз билан бирга эди.
 
Одил ака билан Москвада
(Суратда: Чапдан ўнгга – Исмат Хушев, Собит Мадалиев, Одил Ёқубов, Тохиржон Бўрихўжаев. Шверник кўчасидаги Москва давлат университети ётоқхонасида. 1980 йил).
Қорачадан келган, хушбичим ва дилкаш бу йигит ҳам Одил ака билан шахмат ўйнашни яхши кўрар, лекин кўпинча ютқизиб, эвазига дастурхон тузаб, зиёфат беришни ўрнига қўярди.
Одил Ёқубов ҳам Абдулла Орипов каби менга айрича меҳр қўйган эдилар. «Қани энди мен ҳам сиздай ёш бўлсам, Москва университетида ўқисам. Қандай катта имконларингиз бор, сиздан бахтлироқ йигит бормикан бу дунёда?» — деб менга чин юракдан ҳавас қилардилар.
Орадан беш йил ўтиб, МГУни битириб, Ўзбекистонга борганимда ўзлари Бош муҳаррир бўлган «Адабиёт» газетасига бир муддат мени ишга ҳам олганларида Москвада ўтган ўша бетакрор учрашув ва давралар ҳаққи ҳурматини қилган бўлсалар, не ажаб…
10.
Москвада ўтган талабалик йилларим ҳаётимда ёруғ ва мунаввар из қолдиргани шубҳасиз.
Агар кечалари кўпроқ ичилган бўлса, эрталаб пивохоналар ёнидан бефарқ ўтиб кетолмас эдик: ҳеч эсимдан чиқмайди, бир кружка пиво – йигирма олти тийин турарди, шимириб ичсангиз мазза қилардингиз.
Хуллас, баъзан тонгги бош оғриққа пиво ичиб, дарсларга ҳам бормай қўяверардик…
Москвада ўқиб юрган пайтларимда, қандай қилиб вақт ўтиб кетганини – умр ўтганини билмасдик. Москвадаги ҳаёт жуда бошқача эди. У ўзининг қувончлари, ҳаяжон ва ҳайратлари билан бизни тамомила асир қилиб олганди.
Қашқадарёнинг чекка бир қишлоғида туғилиб ўсган жаҳонгашта йигит учун бу йирик маданий ва сиёсий марказ дунёқараш ва феьл-атвор шаклланишида шубҳасиз муҳим рол ўйнарди, албатта.
Мен ҳали Москва университетида студентлигимдаёқ, келажагим порлоқ ва фаровон бўлишини, ўзимни нурли бир истиқбол кутаётганини яхши билардим. Машҳур бўлишимга ишонардим.
Лекин бу иқбол ва истиқбол, бу машҳурлик алал оқибат мени хориж эллар сари етаклашини, мешонамга ватансизлик ва муҳожирлик ёзилганини хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Бундай аччиқ ва аламли қисмат етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди…
11.
Ниҳоят сўнги курсни ҳам тугатиб, “Ўзбек публицистикасида ахлоқ ва одоб, ишқ ва муҳабббат масалалари” мавзусида диплом иши ёзганман.
“Caoдaт” журналида эълон қилинган мақолалар, хусусан, журналист Шароф Убайдуллаевнинг “Яшасин, муҳаббат!” номли тўплами мисол қилиб олинганди.
Биринчи муҳаббатидан ажраган, қалби ишққа зор, бунинг устига ҳали уйланмаган йигит учун ўша пайтларда қойилмақом қилиб ёзиш учун бундан ортиқ яна қандай мавзу бўлиши мумкин эди…
387
Суратда: Москва Давлат университети, журналистика факультетининг ўзбекистонлик талабалари Исмат Хушев ва Марат Абдуллаев, 1982 йил, Москва.
Андижонда туғилиб, Тошкентда ўрта мактабни тугатган Марат Абдуллаев исмли йгит ётоқхонада биз билан бирга турар, журналистика факультетининг тўртинчи курсида ўқирди.
Унинг рус тилида ёзган ҳикояларини ўқиб, шундай ажойиб йигит билан дўстлигимдан фахрланиб юрардим.
Ўзбекистондан олиб борган қозонимни унга қолдириб, охирги марта Қизил Майдонга бориб, Ленин мавзолейини зиёрат қилдим.
Гўё Владимир Ильичдан «оқ фотиҳа» олиб Ўзбекистонга қайтсам, мустақил ҳаётим ҳам, келажагим ҳам гуркираб яшнаб кетадигандек эди.
Хуллас, Тошкент ва Москвада ўтган студентлик йилларимдан ана шу хотиралар ёдгорлик бўлиб қолди…
12.
Бу ёдгорликлар орасидаги энг ёруғ ва нурли эсдалик – шоир дўстим Мирза Кенжабоев билан Сирожиддин Саидовларнинг талабалик давримиздан хотира сифатида менга бағишлаб ёзган қуйидаги шеьрлари бўлди:
Мирзо Кенжабоев: 
МИРЗО

 Исмат Хушевга
Талабалик ётоқлари – соғинч ватани,
Қолиб кетар хотиротнинг сўқмоқларида.
Унда яшнар эҳтироснинг ёрқин чамани,
Ёшлик янграр талабалик ётоқларида.

Шафақларнинг оловида булутлар ёнар,
Сўнгсиз осмон кенглигида бетакрор жамол.
Хотиротнинг кўчалари чалкашиб борар,
Мана, сўлим хиёбондан жой топар хаёл: —

Энг суюкли китобларни излаб чопамиз,
Энг умидли дўконлардан қайтамиз қуруқ.
“Пул йўқми – топамиз,
Қиз йўқми – топамиз!” —
Бироқ Нозим Ҳикмат ҳеч қаерда йўқ.

Ўқиб қалин журналларнинг ноёб нашрини,
Тўрт томонга аланглаймиз билдирмай кейин.
Ахир шеъри муҳаббатдек ёниқ шоирни,
Кутубхона жавонида қолдирмоқ қийин…

Талабалик ётоқлари – согинч ватани,
Қолиб кетар Исматжоннинг кулгуларида,
Завққа тўла ул ижара уйларни қани
Ким топaди тушларида – уйқуларида.

Тўрт талаба. Ижарачи кампир жонсарак,
Зангор шуъла Абдулланинг шеъридан титрар.
Кампир дейди: “Ё худоё, бу қандай эркак,
Қандай унинг овозида бақувват қудрат!..”

Талабанинг жисми юрак, исми ҳам юрак,
Кўринг, юрак кўзгусида ҳаёт сурури.
Унда қитмир башаралар фош бўлар, бешак,
Ҳамда писмиқ кимсаларнинг сохта
cукути.

Шеьр ўқиса оҳанг кезар юлдузлар аро,
Не-не қизлар юрагида титрайди армон.
Улар билмас бир бахтли қиз – шу қизлар аро,
Исматжоннинг юрагида умрлик ҳижрон.

Тала6анинг дарди йўқдек, ҳамроҳи кулгу,
Ҳамроҳидир қаҳқаҳалар, бор ҳайқириқлар.
Ётар чоғи тўшагига кирар экан у,
Кўзларида жимирлайди пинҳон оғриқлар…
Сирожиддин Саидов:
я сирожиддин саид
Исматбекка
Умр бизга берилган фурсат.
Чегарачи ўлим қўймайди.
Умр тўхтар, вақт бешафқат,
Умр тўхтар, вақт ўлмайди.
 
Тирикликнинг кирмай сўзига,
Чегарага элтар қадамлар.
Кетмоқдамиз ернинг юзидан,
Яшамоққа шошинг одамлар.
 
Ҳаёт, сен ҳам англаб етасан,
Ҳеч иш келмас у пайт қўлингдан.
Сен бизларни ташлаб кетасан,
Поёни йўқ мангу йўлингдан.
 
Умрин яшар бардошу сабот,
Тарк этаман қисматларимни.
Сен бир куни кўрмайсан ҳаёт,
Сирожиддин, Исматларингни…
 
Гоҳ омад ёр, гоҳо беомад,
Ишқ дилларга солганда асос.
Тўлқин уриб келган шеърият,
Юрагимга санчилган қасос.
 
Бу ҳаётнинг баланд, пастига
Парво қилмай, дўстим, сен югур.
Биз яшаган умр остига
Хайрлашув деб босгаймиз муҳр…
Бу илоҳий шеър ёзилганида Сирожиддин эндигина йигирма ёшлар атрофида эди…
13.
… Машҳур дорилфунун билан ҳам, Москва билан ҳам хайрлашиш биз учун жуда оғир бўлди.
Биз унга шунчалик ўрганиб қолган эдик-ки, усиз ҳаётимиз қандай кечишини тасаввур ҳам қила олмасдик.
Илҳом билан Москвадаман
Биз ҳали бешафқат ҳаёт зарбаларига учрамаган, гўзал ва покдомон туйғуларга ошно бўлган, ўзининг мўҳташам ва порлоқ келажагига ишонган шеърпараст ва хаёлпараст ёшлар эдик.
Шоир айтганидек, равон йўллар қаршимизда муштоқ турибди деб ўйлардик.
Қаҳр ва разолат, жабр ва адоват, зулм ва ҳақорат бизнинг ойдин ва мунаввар йўлларимизни ҳеч қачон кесиб ўтмайди деб қаттиқ ишонардик.
Суратда: Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти Исмат Хушев Абдулла Ориповнинг тўрт ойлик  ўғилчаси Илҳомжон билан Қизил Майдонда. Москва, Кремль, 1981 йил…
Биз ҳали яхшилик билан ёмонлик, садоқат билан хиёнат, эзгулик билан ёвузлик ҳамиша ёнма-ён яшаб юришини тасаввур ҳам қилолмасдик.
Бу шафқатсиз ва доғули замонда диёнатнинг – кўзи ёшли, ҳақиқатнинг – эгик бошли эканини биз ҳали билмасдик…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 2012 йил
(Давоми бор)

1 шарҳ

  1. Xotira desa arzigulik ekan.
    Suratlarni kurib odamning yuragi entikib ketadi.
    Ismat akaning talabalikdagi sochlari elkasiga tushgan suratlarini kurib beixtiyor: “Qaydinsan ey majnuni gumrox?” degim keldi-yu, arazlab qoladimi deb andisha qilaman.

Один комментарий к “Исмат Хушев: “Талаблик ётоқлари — соғинч Ватани» (Москва билан хайрлашув)”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *