• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Олий мақом истеъфолар бошланди. Энди навбат Рустам Иноятовгами?

Июн 14, 2017
«Дунё ўзбеклари»дан:
Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётидаги воқеалар шиддат билан ривожланмоқда.
Кадрлар сиёсатида ҳам жиддий  ўзгаришлар содир бўлмоқда. Бугун Ўзбекистонда Президентдан тортиб — ҳамма ўзгарди.
Фақат бир идора раҳбари ҳануз ўзгармай турибди. Агар шу раҳбар ҳам ўзгарса, Ўзбекистонда ҳақиқий ўзгаришлар бошланади..
Ана шундай умидли туйғулар билан 2015 йилнинг 26 апрелида эълон қилинган «Олий мақом истеъфолар бошланди. Энди навбат Рустам Иноятовгами?» номли мақолани яна бир бор чоп этишга қарор қилдик.
Ҳавола — Биздан, хулоса — Сиздан…
14 июнь, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
«Дунё ўзбеклари» таҳририяти

Исмат Хушев:

Олий мақом истеъфолар бошланди. Энди навбат Рустам Иноятовгами?

Исмат Хушев —  Олий мақом истеъфолар бошланди. Энди навбат Рустам Иноятовгами?

Бош прокурор ўрни эгалланди.

Кадрлар бўйича Давлат маслаҳтчиси тайинланди.

Бу лавозимларга хуфия идорасининг кўчасидан юрмаган  одамлар келишди.

МХХ раиси нега ғафлатда қолди?

Бунинг сири нимада?

 

1. 

Ўтаётган ҳафта – Ўзбекистон сиёсий ҳаётида муҳим воқеа юз берди. 

Ўзбекистоннинг ўн беш йиллик “Ўтда куймас, сувда чўкмас” Бош прокурори Рашитжон Қодиров ишдан олинди.

Бир қараганда бу оддий воқеа. Лекин яхшилаб таҳлил қилиб кўрилса, бу Олий мақом истеъфо  – Ўзбекистон сиёсий ҳаёти ва қонунчилигида жиддий ўзгаришлар бошланганидан  дарак беради…

2. 

Рашитжон Қодиров  бир пайтлар – Андижонда обкомнинг биринчи  котиби бўлган Бектош Раҳимовнинг куёви эди.

Бектош ака – Рашидов даврида Андижонни – Андижон қилган, обкомнинг биринчи секретари сифатида андижонликлар орасида катта обрў эътибор қозонган инсоф ва диёнатли, яхши инсон эдилар.

У киши ишдан кетганларидан кейин мустақиллик арафасида, миннатдор андижонликлар томонидан  Андижондаги  бош кўчага – Бектош Раҳимов номи берилгани ҳам бежиз эмас эди.

Рашитжон Қодиров ана шундай ажойиб ва фидойи инсоннинг гўзал қизи – Назокатхонга уйланган эди.   

Отаси обкомнинг биринчи секретари бўлганида унинг қизига уйланган Рашитжон, Бектош ака  1984 йил ишдан олиниб, қамалганида  хотинини қўйиб юборган.

Рашитжон Қодиров КГБ нинг Тергов гуруҳида  ишлагани учун ҳам ҳушёрлик қилган ва қайнотаси ҳибсга олинган  ўша куниёқ хотини билан ажралган. 

Назокат Бекташевна  – бугун таниқли шифокор,  Чинобод санаторияси Бош врачи…

3. 

Инсон умри доим бир хил кечмаган.

Шароф Рашидовнинг кутилмаган вафотидан сўнг Бектош ака учун ҳам шундай бўлди.

Тарих ғилдираги тескарига айланди. Рашидовчилик тўлқинидаги энг биринчи гурзилардан бири Бектош акага тегди.  У ишдан кетди.  Тергов воизлари ишдан олиш билан кифояланмай, уни ҳибс ҳам этдилар.  Сиёсий сабабларга кўра Рашидовга яқин бўлган бошқа раҳбарлар ҳам бирин кетин ишдан олина бошланди. 

Ўша давр ўлчови билан айтганда – бундай жазоланганлардан ягона Бектош Раҳимов эмас эди. У киши тақдирнинг бу зарбасини “Кўпга келган тўй”деб, мардларча кўтариши мумкин эди.  Лекин у кишига оила томонидан яна бир зарба берилдики, уни кўтариш қийин эди.  Чунки, Бектош Раҳимов оиласининг бошига тушган зарба – ҳар томонлама ҳам оғирроқ эди. У оиланинг ичидан берилган зарба бўлиб, оила аъзоларининг, шу жумладан, ҳали КГБ подвалида сўроқсиз ва гуноҳсиз ётган Бектош Раҳимовни ҳам жуда довдиратиб қўйди.

Бектош ака ҳибсга олинган куннинг эртасигаёқ, унинг суюкли куёви  Рашитжон Қодиров “Ўзбеклар ва пахта иши” бўйича Москвадан келган КГБчилар олдига ўз қўли билан ёзган “Тушунтириш хати”ни қўяди.

Сиёсий ҳушёр куёв – келажакдаги узоқ истиқболини кўзлаган Ўзбекистон КГБ сининг ёш мулозими – ўз каръерасини ўйлаб, КГБ раҳбарлари столига қўйган аризасида ҳеч иккиланмай: “Мен қайнотам Бектош Раҳимовдан воз кечдим”  деб ёзган ва жижимадор имзосини қўйган эди…

Бундай сотқинлик ҳамиша юқори баҳоланадиган КГБ раҳбарларини ва айниқса ўша пайтда Ўзбекистоннинг собиқ раҳбариятига беомон ўт очган – Москва тергов гуруҳи аъзоларини бефарқ қолдирмади.

Рашитжон Қодиров – “ишончли кадрлар” рўйхатига ана шундай ўзига хос “жасорат”  билан кириб келган эди…

 4.

Рашитжон Қодиров ҳақида гап кетганида, тўқсонинчи йилларнинг бошида рўй берган бир воқеа  ёдимга тушади.

Мен у пайтлар Бош муҳаррир эдим. Рашитжон Қодиров —  Бош прокурор ўринбосари. Бектош Раҳимов  эса – Ўзбекистон ветеранлар Кенгашининг раиси.

“Наврўз” ресторанида қандайдир маърака бўлиб, Бектош ака билан суҳбатлашиб тургандик. Узоқдан бир гуруҳ ҳамкасблари билан Рашитжон Қодиров кўринди. Бектош ака кўз қири билан Рашитжонни кўрган заҳотиёқ  келаётган собиқ куёвига орқа ўгириб, бошқалар билан гаплаша бошлади. Шундай бўлса-да, Рашитжон Қодиров  собиқ қайнотасининг орқа томонидан келиб,  қучоқлаб, биз билан ҳам сўрашган бўлиб, ўтиб кетди…

— Бети бетимга тушишини истамайман… – дегандилар ўшанда биз шу пайтга қадар ниҳоятда  кечиримли  ва хокисор деб билган Бектош ака босиқ бир ғазаб билан…  – Уччига чиққан карьерист ва юзсиз одам экан бу йигит….

 Ажабки шундай одам бизда ўн беш йил Бош прокурор бўлиб турди…

5.

Рашитжон Қодировнинг ўрнига келган Янги Бош прокурор ким?  У кимнинг “одами” ёки қайси идоранинг вакили?

Бу саволларнинг аниқ жавоби – бугун Ўзбекистон сиёсий ҳаётидаги жиддий ўзгаришларни билиш учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Президентининг кадрлар билан ишлаш сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Ихтиёр Абдуллаев – Ўзбекистоннинг янги Бош прокурори этиб тайинланди.

Сиёсий таҳлилчилар, хусусан “Озодлик” ва “ББС”га бу хусусда  интервью берган таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев  фикрича  —  Ўзбекистоннинг янги Бош прокурори  жуда оддий оилада туғилган. Ота она зурриёди – қўқонлик. Отаси – Қўқон автомобиль техникумини битириб, олтмишинчи йилларда Гулистонга ишга келган ва гулистонлик бўлиб қолган оддий фуқаро эди.

Кейинчалик Гулистон ГАИ сига бошчилик қилиб, милиция соҳасида ишлаган. Ажабки, куч ишлатар тизимида ишласа-да, уни Сирдарёда кўпчилик яхши кўрган ва ҳурмат қилган.  Қорачадан келган, истараси иссиқ бу инсонни кўрган одам, машҳур боксер Муҳаммад Алини кўргандай бўлади. Шу боис бўлса керак, уни  сирдарёликлар то ҳануз “Муҳаммад Али” деб аташади…

Ана шу “Муҳаммад Али” нинг ўғли  – Ихтиёр Абдуллаев Премь вилоятида Совет Армияси сафида хизмат қилади. Отаси “Муҳаммад Али”нинг: “Болам, имкон топсанг ўша ерларда қолиб ўқи, бу ерларда таълим соҳаси  бузилиб кетди” деган насиҳатига амал қилиб, армия хизматини тугатгач, Пермь Давлат университетининг юридик факультетига ўз кучи ва билими билан ўқишга киради.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида қизил диплом билан юридик факультетни битириб келиб,   баъзи таҳлилчилар башорат қилгандай милицияда эмас, балки суд ва прокуратура соҳасида иш бошлаган. Фарғона шаҳрида судьялик қилган. Демоқчимизки, Ихтиёр Абдуллаев бир кун ҳам милицияда ишламаган.

Фарғонадан Президентнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимларини назорат қилувчи Давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Ғуломов назарига тушиб,  Аппаратга олиб келинган. Президент Девонида “Судьяларни танлаш ва лавозимга тавсия қилиш” сектори  бошлиғи лавозимида ишлаган.

Аппаратдан бир муддат Андижонга – область суди раиси бўлиб кетган. Бу ердан яна Президент Девонига  қайтган. Кейин Адлия вазирлигига биринчи муовин қилиб юборилган.   Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон  Худойберганов Ихтиёр Абдуллаевни  вазирликка шахсан олиб бориб,  коллективга таништирганини соҳа ходимлари яхши эслашади…

6.

Ихтиёр Абдуллаев Ислом Каримовнинг ишончини нима билан ва қандай қилиб қозонгани менга номаълум. 

Лекин уни болалигидан яхши билган, отасининг ишончли дўсти бўлган журналист Шароф Убайдуллаевнинг  “Озодлик”даги сўзларини  тинглаб,  Ихтиёр Абдуллаев ўз ҳалоллиги ва тўғрисўзлиги, фидойилиги  билан Президент назарига тушган ва ишончини қозонган деб ўйладим.

Шу боис бўлса керак, кўп ўтмай у Ўзбекистон Президентининг кадрлар билан ишлаш сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб Девонга чақириб олинган. Аппаратда  обрўси баланд бўлган. Уни яқиндан билганлар: “Фарғонача дангаллиги бор,  ҳалол ва диёнатли, камтар ва камсуқум, самимий одам” —  деб  таърифлашади.

Илгари Президент Девонида ойлаб ўз тақдирини кутиб ётган “Дело”ларни Ихтиёр Абдуллаев   бир куннинг ўзидаёқ  “бўлиш ё бўлмаслигини” ҳал қилиб берган. Оддийлиги, соддалиги ва тўғри сўзлиги билан Аппаратга бутунлай бошқача руҳ бағишлаган. 

Олдинги Давлат маслаҳатчиси  Тимур Алимовга ўхшаб бирорта ҳам мулозимнинг  “Бурни қонаши ва ё  боши ёрилиб, калласининг узилишига” йўл қўймаган. 

 Ҳатто гуноҳкорларни ҳам, меҳр мурувват билан сийлаган…

Билмадим, янги  лавозимда Ихтиёр Абдуллаев  Бош прокурорлик учун ғайри табиий бўлган ўзидаги бу яхши ва ниҳоятда керакли  инсоний фазилатларини сақлаб қола олармикан?

Буни энди вақт кўрсатади…

7. 

Ихтиёр Абдуллаевнинг ўрнига Ўзбекистон Ички Ишлар вазирининг биринчи ўринбосари,  полковник Даврон Назармуҳамедов – Президентнинг кадрлар билан ишлаш сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Даврон Назармуҳамедов  – Ички Ишлар соҳасининг билимдон ва профессионал ходими.

Меҳнат фаолиятини  — жиноят қидирув соҳасидан бошлаган. Президент қошидаги Хавфсизлик Кенгаши Аппаратидаги масъул вазифадан – Ички Ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш Бош Бошқармаси Бошлиғи лавозимига юборилган…

 8.

Кўриб турганингиздек, на Ихтиёр Абдуллаев ва на Даврон Назармуҳамедовнинг, қолаверса, на куни кеча Адлия вазири этиб тайинланган Музрафхўжа Икромовларнинг МХХ га мутлақо алоқаси йўқ. Бири – суддан, бири – прокуратурадан, яна бири – милиция соҳасидан чиққан кадрлар.

Хўш, авваллари бундай муҳим ва нуфузли лавозимларда аксар ҳолларда миллий хавфсизлик хизмати мулозимлари тайинланган бир пайтда, нега энди бу одатга амал қилинмади?

Нега МХХ раиси Рустам Иноятов «одамлари» тайинланмади? Унинг тавсия қилган кадрлари тасдиқланмади?

Нега энди бу ўта муҳим креслоларни МХХ раисининг кадрлари қўлдан чиқариб қўйишди?

Бу ерда қандай сир бўлиши мумкин? Бунинг сабаблари нимада?

Ҳар бир қадамини улар билан бамаслаҳат босадиган ўта ҳушёр ва тажрибали Президент нега энди ўз одатига хилоф равишда МХХ раисини четлаб ўта бошлади?

Одатда бу вазифаларга МХХ томонидан нафақат ўз кадрларини, балки олдиндан ўз тавсияномаларини ҳам бериш анъанаси бор эди-ку. Бу анъанага ҳам энди чек қўйилдими?

Тошкентдаги турли нуфузли манбаларнинг билдиришича, бу икки тайинлов ҳам МХХ раиси Рустам Иноятов учун кутилмаган янгилик бўлган.

Ҳолбуки, Бош прокурор Рашитжон Қодировни Президент айнан МХХ таклифи ва «ашёвий далиллари» билан ишдан олган эди…

Бундай муносабатлар одатда тасодифий бўлмайди…

 

9.

Мен бир пайтлар Ўзбекистон Президентига: «Мамлакат жилови қўлингиздами, Ислом ака!» деб олис Канададан хат ёзган эдим. Ўшанда давлатни бошқарув жилови МХХ раиси Рустам Иноятов қўлига ўтиб кетган деб ўйлаган эдим. Бундай ўйлашимга – Президентнинг тўнғич қизига нисбатан МХХ томонидан қилинган ҳужум ва таъқиб сабаб бўлган эди.

Назаримда, ўтган йили Рустам Иноятов идорасидаги элликдан зиёд масъул вазифадаги офицерларнинг ишдан олиниб, ҳибс этилиши, Раисга жуда яқин бўлган генерал Шарифхўжаев бошчилигидаги жиноий гуруҳнинг фош этилиб,  инқирозга юз тутиши  – буларнинг ҳаммаси МХХ нинг айнан Президент оиласи ва унинг қизи билан бўлган тўқнашуви оқибатида келиб чиққан икки қудратли тўлқин орасидаги  исталмаган – аянчли ва  шармандали натижалар силсиласи бўлиши ҳам мумкин.

Ким билади дейсиз, қадим машойиқларимиз: «Қизлар оталарнинг жигаридан ва юрагидан пайдо бўлади» деб айтишган. Ислом Каримов ҳам кўп нарсаларни ўйлаб кўриб, суюкли қизи Гулноранинг аччиқ ва аламли қисматидан тегишли хулоса ва сабоқ чиқариб, Ота сифатида ўз қарашларини ўзгартирган бўлиши ҳам мумкин.

Қолаверса, тўртинчи ва энг охирги муддатга сайланганидан кейин Ўзбекистон халқи ундан Олий истеъфолар бобида инқилобий ўзгаришлар қилишини кутаётганини ниҳоят англаб етган бўлса, не ажаб.

Мен ҳали Тошкентда Бош муҳаррир бўлиб ишлаб юрган кезларда Рустам Иноятов Президент номига ишдан бўшаш ҳақида бир неча маротаба ариза ёзганини яхши биламан. Буни Девондагилар – Президентнинг ёнидагилар ҳам  ҳам яхши билсалар керак.

Мен Тошкентдан жуда олис Канадага кетганимдан кейин бундай аризалар яна неча маротаба ёзилган, бу энди Яратган Эгамга аён.

Ислом аканинг бир одати бор: У ўз атрофидаги нуфузли ва муҳим ўринларда турган мулозимларнинг қайси бири Президент айтган заҳотиёқ ишдан кетиш учун ариза ёзишга тайёр эканини доим эслатиб ва таъкидлаб турса, унга кўпроқ ишонади ва уни ўзига яқинроқ олиб юради.

Назаримда Рустам Иноятовнинг айнан ана шундай «бўш-баёвлиги», сиёсий амбицияси йўқлиги – уни йигирма йилдан бўён МХХ раиси креслосида ушлаб турган бўлса, не тонг!

10. 

Хулоса ўрнида шуни айтмоқимизки, яқин келажакда Ўзбекистон сиёсий ҳаётида Олий мақом истеъфолар давом этади.

Агар мамлакат жилови ростдан ҳам Ислом Каримовнинг қўлида бўлса (Кейинги воқеалар – бу жилов ҳеч қачон унинг қўлидан тушмаганлигини яна бир бор тасдиқлаб турибди), Президент энди МХХ раисини ўзгартиради.

Бунинг учун эса бир нечта жиддий сабабларни кўриш мумкин:

МХХ кейинги пайтларда Президентнинг энг яқин одамлари, хусусан, Аппарат бошлиғи (Олдинги – Девон Ишлар Бошқармаси бошлиғи) Зелемхон Ҳайдаров, Президентнинг «Ўтда ёнмас, сувда чўкмас» Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Марказий Банк Бошқарувчиси Файзулла Муллажоновлар устидан факт ва материаллар йиғиб, уларни Ислом Каримовга билдирган ё кўрсатган бўлиши ҳам мумкин.

«Ўзбеккино» раҳбарияти амалга оширган  жиноий  ҳатти ҳаракатларнинг фош этилиши ва бу ишга бевосита Хайриддиннинг қўли ва алоқаси борлиги, Марказий Банк Бошқарувчисининг ўғилларига уюштирилган ҳужумлар оқибатида уларнинг ишдан олиниши ва инқирозга юз тутиши – буларнинг бари албатта Рустам Иноятов томонидан Президент командасига берилган зарба, хавфли ва ташвишли сигнал сифатида кўрилган ва баҳоланган бўлиши ҳам мумкин.

Демак, хулосага келсак, агар МХХ ва унинг раисига Президент бу ишни давом эттиришга изн берса, яқин кунларда биз юқорида номи келтирилган Олий мақом мулозимлар истеъфосини кутишимиз мумкин.

Ёки аксинча, Ислом Каримов МХХ раиси Рустам Иноятовнинг ўзини ишдан олиши мумкин.

Одатда бундай вазифадаги мулозимлар бизда ишдан олинганидан кейин кўчада қолдирилмайди. Президент ва мамлакат дахлсизлигига оид, Давлат миқёсидаги  муҳим сирлардан воқиф ўта ноёб мулозим сифатида худди олдинги раис Ғулом Алиев каби, Президент орбитасида маълум муддат айланиб туриши мумкин…

11. 

Рустам Иноятов ўз табиатига кўра Президентга қарши боролмаслигини биз юқорида айтиб ўтдик.

Қолаверса, у билан бирга ўқиган ва факультет комсомол комитети секретари бўлган таниқли дипломат Тошпўлат Йўлдошев ҳам Рустам Иноятов характеридаги заиф томонларни, ютуқ ва камчиликларни бизга батафсил ҳикоя қилиб берган эди.

Лекин шу билан бирга русларда: «Чем черт не шутит» деган бир гап ҳам бор.

Ўз қуёши бешак сўнишини билса, бунинг оқбатлари ўта аянчли тугашини сезса, «Сиёсий амбицияси»бўлмаган ҳар қандай одам, жумладан мен ҳамиша ҳурмат қилиб келган Рустам Иноятов ҳам ўзида ажиб қудрат кўриб, бир дақиқадаёқ кутилмаган «жангчи»га айланиб қолиши мумкин…

Президент ҳам анойи одам эмас.

Қайси хўрознинг қай пайт «муддатидан олдин қичқириши» мумкинлигини у киши яхши билади. Мана йигирма етти йилдирки, Ислом ака ўз атрофидаги бундай «ноёб» ва «хўроз» мулозимларнинг сиёсий фаолияти ва каръерасига бехато ташҳис қўйиб келяпти.

Нима бўлганда ҳам Президентнинг олдида бугун жуда  оғир ва  мураккаб вазият  пайдо бўлди. Йигирма етти йилда эҳтимол бундай қалтис вазият Президент учун биринчи бор пайдо бўлган бўлса, не тонг!

12. 

Бугун Ўзбекистон ўта муҳим ва жиддий ўзгаришлар арафасида турибди.

Москва Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиб юрганимда, Кремлнинг шундоққина ёнгинасида жойлашган Ленин номли кутубхонага кириб, бадиий китоб ўқишдан зерикканимда, пролетариат доҳийсининг  асарларини тез тез варақлаб турардим.

Ўшанда ўқиганим – В.И.Лениннинг  тўла асарлар тўпламидаги қуйидаги доно фикр то ҳануз хотирамда сақланиб қолган:

Ленин ёзади: «Верхи» не могут больше управлятьа «низы» больше не хотят жить по-старому».

Буни ўз билганимизча ўзбек тилига ўгирсак Ўзбекистон Президенти учун: «Юқоридагилар» – тамомила бошқаролмай қолди, «қуйидагилар» эса – энди олдингидек яшашни мутлақо исташмайди!» деган жиддий ва хавфли бир огоҳлантириш келиб чиқади.

Менга бугун хорижда ва муҳожирликда ҳам чексиз бир қувонч бахш этадиган нарса шуки, мен  ўн йилдан бўён адолатли ва диёнатлигига заррача ҳам шубҳа қилмаган Ислом Каримов Владимир Илъич Лениннинг бу доно ва ҳикматли сўзларини ниҳоят англаб етган кўринади…

13. 

Ҳа, она Ватанимиз – Ўзбекистон бугун жиддий янгиланиш ва муҳим ўзгаришлар арафасида турибди.

Одатда мамлакатда сиёсий ўзгаришлар мукаммал бўлиши учун Президент атрофидаги уч тўрт арбоб бир ёқадан бош чиқариб, фидойилик ва садоқат билан, куйиб-ёниб ишлаши керак. Булар – Президентнинг энг муҳим участкалардаги ёрдамчилари – Куч ишлатар тизимларини назорат қилувчи ва Кадрлар сиёсати билан шуғулланувчи Давлат маслаҳатчилари, Бош вазир, Бош прокурор, Ички Ишлар вазири ва албатта СНБ раиси.

Бугун – бу  вазифаларнинг иккитаси янгиланди. Табиийки, бу икки янги раҳбар – Ихтиёр Абдуллаев ва Даврон Назармуҳамедовларнинг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов чизиб берган улуғ ва муқаддас ғоялар йўлидаги бирлиги ва муштараклигига шубҳа йўқ.

Энди ҳамма гап – бу катта ўзгариш ва янгиланиш йўлига – СНБ раисининг қай даража ёндашишига боғлиқ.

Табиийки, Рустам Расулович ўз хизмат ваколати ва жамиятда бугунга қадар тутган мавқеи ва ҳолатига кўра  — янги тайинланган бу икки  мулозим билан  чин юракдан ҳамкорлик қилолмайди.

 Бош вазир эса – табиатига кўра ҳар икки томонга ҳам бемалол ўйнаб кетавериши мумкин.

Ана шундай бир вазиятда Ислом Каримовга ҳам осон эмаслигини унутмаслик керак.

Мен буни – Президентни, унинг фели-атворини  яхши билган ва мукаммал ўрганган журналист сифатида алоҳида таъкидлашни истардим…

14. 

Хуллас, энди  бу командага ўзини тўла-тўкис бағишлай олмайдиган битта одам қолди.

Бу – Ўзбекистон сиёсий ҳаётида ва Президент Ислом Каримов салтанати барқарорлигида энг муҳим ва асосий роллардан бирини ўйнайдиган МХХ раиси Рустам Иноятовдир.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунлар – МХХ раиси Рустам Иноятов учун – йигирма йиллик қудратли мулозимлик ҳаётидаги энг хавфли ва муракаб, сирли ва синоатли, синовли кунларга айланди.

Мени бир пайтлар узоқ йиллик ноҳақ тўҳмат ва адолатсиз қамоқдан – ҳибс ва хўрлик жазосидан муқаррар сақлаб қолган Рустам Иноятов олдидаги бурчдорлик ҳисси – бугун  ушбу мулоҳазаларимни очиқ ойдин қоғозга тушириб, уни — рўпарасида турган  оғир ва таҳликали синовлардан яна бир бор огоҳ этишга ундади.

Бу синовдан Рустам Расулович Иноятов қай даражада ўтади, буни энди яқин келажак кўрсатади…

 

Исмат Хушев,

«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,

 

26 апрель, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада.

3 шарҳ
  1. Ажойиб таҳлил бўлибди Исмат ака. Барибир сизга, юрагизга қойил қолиш керак. Сиз ҳотираларизда Ислом Каримовни мардлигини таърифлаб, унда отнинг юраги бор эди деб ёзгансиз. Бизнинг назаримизда, Каримовда эмас, сизда бор уша отанинг юраги. Ҳеч бўлмаганда сўнгги президентлик муддатида И.Каримов мамлакат бошқарувидаги соғлом ҳалол кадирларга тайаниб, қандайдир ўзгаришлар қилиб бир оз ўзини оқламаса, тарихга қора ном билан кириши ҳеч гап эмас. Мамлакатдаги аҳвол ҳаммага маълум. Одамлар кар ва сақов билгани ичида. Давлат ҳеч кимни эшитмайди, ўзи хон куланкаси майдон. Ана шундай бир пайтда сиз ўз халаскорингиз Иноятов дода ҳақида гапириб, уни кейинги хатолардан огохлантирдингиз. Буни хар ким хам килолмайди. Сизни КГБ нинг айғоқчиси деганлар ростдан хам узиз айтгниздай ё нодон , ё тентак одамлар. КГБ айғоқчиси уз хужалари хакида бундай гапни икки дунёда хам ёзалмайди. Яна бир бор қойил ва офарин сизга, Исмат Хушев!!!

  2. Албатта катта рахмат Исмат ака! Маколанинг давоми анча кизикарли чикибди ва албатта яна давом этади деб умид киламиз! Ихтиёр Абдуллаев хакидаги илик гаплар албатта умид уйготади.

  3. Офарин Исмат ака! Яна улок сизда кетди. Бу ифлос ва порахур, ва яна санаса одамнинг сочи етмайдиган айбларга эга бир кимса 15 йил мамлакат конуни эгаси булганлигини эшитишнинг узи дахшатлик. Биз булсак буни уз такдиримизда синаб келаяпмиз. Жуда хам купчилик маддох журналистлар хали иккиланишда, эртага бу, ВАТАН ва Миллат хоинлари устидан махкама бошланса камида олти юзта журналист, миллионта лаганбардор сиёсатчининг ур туполонида сизга навбат хам тегмай колади. Шеър ёзгани кайсию, гурига гиштлар калагни кайси, катта-катта танкидий ва тахлилий маколалар, хали кураверамиз. Ким нима жиноят килган худди ушандай жазолар буларни кутаяпди. Конституцион суд булар учун, жиноятчиларни бир жойга туплаш учун камера булиб колсин. Нимани оёк ости килган булса, уша жойда утириб турсин дейилганидек, Бектош Рахимовичдек инсонлар 100 йилда бир маротаба келади, уша табаррук инсонларнинг каргиши ва яна миллионлаб жабр курган инсонлар каргишлари албатта тутди ва давоми хали жуда хам дахшат. Буюк Шароф акамиз айтганларидек “РАШИТ КОДИРОВ СУД КИЛИНИБ ЖАЗОСИНИ ТОРТИШИ ШАРТ, БУНИ ХАЛКИМИЗ КУТАЯПДИ, МЕН ХАМ ШУ ЖУМЛАДАН, ЖАБР КУРМАГАН БУЛСАМ ХАМ” дедилар. буюк инсон Мурод Жураев якинда турмада сураган, рашит Кодир хали хам ишлаяпдими деб. Милиция менинг боришимга хали карши, кидирувни олмаяпди, улар учун Рашид Кодир хали тирик, бир ярим миллиарди бор, мансаб тегади хали деб туришибди! Халк ва давлат чарчади, аммо тирик! Жуда куп соф виждонлик инсонлар жим туришибди, балким Зелимхон ака хам халк томонига утгандир ,Президентга хакикатларни етказгандир, яна юзлаб казолар бор. Бу шайкадан хавсираб жим туришган. Бахор келди халк ва виждонлар уйгониб бошлаган булса не ажаб!

Один комментарий к “Исмат Хушев: Олий мақом истеъфолар бошланди. Энди навбат Рустам Иноятовгами?”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *