• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com
ОҚЛАНМАГАН ИШОНЧ ҚИССАСИ
(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари)
Биринчи китоб. 12-боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
 Исмат Хушев армияда
Суратда: Совет Армияси сафидан заҳирага бўшатилган Исмат Хушев Шолохов Ватанига жўнаб кетишдан олдин ўзининг эндиликда собиқ ротадошлари билан. Ростов Дон шаҳри, май — 1986 йил.
ШОЛОХОВ ВАТАНИДА
(ёки санъаткор ёзувчи билан сиёсатчи Сталиннинг
ўзьаро муносабатлари хусусида)
1.
Шундай қилиб, Совет Армияси сафидан заҳирага бўшатилган сержант Исмат Хушев она юрти Ўзбекистонга эмас, балки Шолохов ватанига йўқ олади.
Байрамона ҳарбий форма эгнимда. Баҳор насимлари майин эсади.
Бир ярим йиллик азоб-ўқубатлар ортда қолган.
Устоз Абдулла Орипов ёзганидек: “Худди шеьри чиққан шоирдай дунё, жилмайиб қўяди барчага масрур…”
2.
Ростов-Дондан Вёшенская станицаси томон автобусда йўлга чиқдим.
Дон даштларининг бепаёнлигини ўшанда кўрдим. Эҳ-ҳа, йигирманчи йилларда гражданлар уруши айнан мана шу дашту-далаларда бўлган эди.
Отларнинг пишқириши, қиличлар жаранги, пулемётларнинг тириллaши, ола-тасир милтиқ ўқларининг визиллаб ўтиши кўз ўнгимдан лип–лип ўтиб, қулоқларим шовқин-сўрондан битиб қолай дерди.
Буюк ёзувчи ўзининг ўлмас асари “Тинч Дон” романида тасвирлаган воқеалар менга ёд бўлиб кетганди.
Ўзбек журналистлари орасида Анвар Жўрабоев биринчи бўлиб Шолохов хонадонига борган ва ёзувчидан интервью олиб қайтган эди. Кейинчалик ўша суҳбатнинг тўлиқ матни Нурали Қобул раҳбарлик қиладиган “Ўзбекистон санъати” журналида чоп этилганди.
Энди мен иккинчи бўлиб (у пайтларда А.Жўрабоевнинг Вёшенскаяга борганидан бехабар эдим) Шолоховнинг юртига бордим.
Афсуски, мен борган пайтда Михаил Александрович вафот этганди. У киши билан юзма-юз учрашиш, суҳбатлашиш каминага насиб этмади…
3.
Мен Шолоховга сидқидиллиги, ҳалоллиги, худо берган талантига хиёнат қилмагани учун миннатдорлик рамзи сифатида чиройли гулдаста ҳадя қилиш ниятида эдим.
Бироқ, минг афсуски, ўша гулдастани унинг қабрига қўйдим.
Cўнг ёзувчининг уй-музейини зиёрат қилдим. Вёшенская станицасида яшайдиган одамлар ҳарбийдан қайтган ўзбек солдати Шолоховни йўқлаб келганини эшитиб, мени уйларига таклиф қилишарди.
Дарҳақиқат, дастлабки мўлжалим бўйича мен Вёшенскаяда икки-уч кун туриб, кейин уйга – Ўзбекистонга қайтмоқчи эдим.
Лекин Шолоховнинг Ватанига қадам қўйганимдан сўнг режаларим бутунлай ўзгариб кетди: Дон казаклари мени олтмиш ва тўқсон даражали самагон (қўлбола ароқ) лар билан меҳмон қилишарди.
Ойдин кечаларда Шолоховнинг бетакрор ва ўжар қаҳрамонлари чўкиб кетган Дон дарёсига бориб чўмилардик.
Дон – асов дарё экан, бўтана бўлиб, лойқаланиб оқарди. Балчиқ жойига тушиб қолган одам қайтиб чиқа олмайди. Дон – азим дарё, нариги соҳилини кўз илғамайди.
Дарёнинг сир-асрорини яхши биладиган одамлар бўлмаса, бизга ўхшаган меҳмонлар чўкиб кетар экан. Дарёда паромлар сузиб юрарди.
Икки соҳил кўм-кўк ўрмон, бепоён кенгликларга туташиб кетган сокин казак қишлоқлари ҳалигача кўз ўнгимдан нари кетмайди.
Ҳаётимнинг нурли онлари Дон хотиралари билан боғлиқ…
4.
…Вёшенская станицасига юмшоқ ўринли Ростов – Базки автобусида саккиз соатда етиш мумкин. Базки – Дон дарёсининг ўнг соҳилидаги Вёшенскаяга элтадиган энг охирги қишлоқ.
Дондан паромда сузиб ўтилади. Ҳали паромдаёқ кўз ўнгимизда бутун дунёга номи кетган ўша машҳур станица намоён бўлади.
“Тинч Дон” романида бу макон шyндай тасвирланган: “Вёшенская сариқ қум тепалар устида жойлашган. На боғи бор, на роғи, қуп-қуруқ хунук станица. Майдоннинг ўртасида ранги оқариб кетган кўҳна бир черков қаққайиб туради. Станицанинг Дон бўйлаб узунасига чўзилган олтита кўчаси бор. Дон дарёси станицадан айланиб ўтиб, Базки томонга бурилган жойда теракзор ичига кириб кетган кўприк бор, унинг эни – камсув маҳалдаги Доннинг энигa тенг келади. Кўлнинг этагига етар-етмас станица тамом бўлади”.
Қачонлардир дайди чўл шамоллари изғиб юрган бу кўримсиз ва саҳройи жойлар эндиликда кўм-кўк табиат бағрида чамандек яшнаб турибди.
Бири-биридан сўлим ва оромижон боғлар қўйнидаги оқ шиферли турар жой бинолари, маданий ва маиший хизмат муассасалари, кафтдек текис, равон йўллар, асфальт кўчалар, ям-яшил йўлкалар, Дон соҳилида қад кўтарган “Колос” кинотеатри, “Тинч Дон” ресторани…
5.
Йиллар ўтиши билан мунғайиб қолган ўша черков эндиликда қайта таъмирланиб, унинг тиллоранг гумбазлари қуёш нурида ял-ял товланади.
Бутунги Вёшенcкая ана шундай кўркам ва кўримли.
Станица марказидаги хиёбонда Михаил Александрович Шолоховнинг ҳайкалчаси бор. Бюcт атрофидa ғалаба боғи барпо этилган: “Бу боғ ғалнбанинг қирқ йиллиги арафаcида уруш фахрийлари ташаббуcи билан ташкил этилган”, – дейди Вёшенская район ижроия қўмитасининг раиcи Юрий Филиппович Каратков.
Fалаба боғининг хушманзара бурчагида улуғ Ватан урyши йилларида ҳалок бўлган Вёшенскаяликларга ёдгорлик ўрнатилган.
Унинг пойидаги мармар лавҳага Михаил Шолоховнииг ушбу сўзлари нақш этилган: “Азиз ва нурли диёр! Бизнииг беқиёс фарзaндлик мeҳpy-муҳаббатимиз, бутун фикру-хаёлимиз ҳамиша сен билан бирга эди!”
Мангу олов ёниб турган бу ёдгорлик қошида ҳар куни минглаб кишилар бош эгадилар, пойига гул қўядилар.
Урyш йилларида фашистлар Вёшенская станицасини ишғол этишга кўп уринади, “Мессершмидт”лар Шолоховнинг уйини нишонга оладилар.
Чунки немис учувчилари “Тинч Дон”нинг муаллифини яхши билардилар…
6.
Тақдир ўйинини кўринг-ки, чет мамлакатлардан биринчи бўлиб Михаил Шолохов асарларини чоп этган ҳам, сўнг биринчи бўлиб “ғоявий жиҳатдан зарарли асарлар” сифатида ўқилишини ман этган мамлакат ҳам – Германия эди.
1928-йилдаёқ немис коммунистларининг “Роте фане” (Қизил байроқ) газетасининг биринчи ноябрь сонида “Тинч Дoн” романи тўғрисида ижобий тақриз эълон қилинади: бу роман немис халқининг тақдиридаги ўзгаришлар чоғида муҳим қўлланма бўлиши мумкинлиги башорат қилинади.
Кўп ўтмасдан романнинг биринчи китоби коммунистларнинг “Литератур унт политик” нашриётида босиб чиқарилади. Уни истеъдодли қаламкaш Ольга Иосиповна Габор (Гальперн) таржима қилган эди.
Китоб аннотациясида шундай дейилади: “Тахминан, уч йил бурун рус адабиётида пайдо бўлган бу ёшгина казак йигити ҳозирда янги Россиянинг энг кўп ўқиладиган истеъдодли ёзувчиси ҳисобланади. У ўзининг “Тинч Дoн” романида бугунги Дон казакларининг Степан Разин, Пугачёв, Булавин каби исёнкор авлодлари изидан бориб, адолатсизликка қарши қизғин кураш олиб бораётган кишилар ҳаётини ёрқин бўёқларда юксак маҳорат билан кўрсатиб беради. Шолоховнинг бу асари Ғарбий Европа сафсатабозларининг Дон казаклари ҳақидаги уйдирмаларини батамом йўққа чиқаради. Асарнинг катта қизиқиш билан берилиб ўқилиши – ёш совет ёзувчисининг ноёб истеъдодидан нишонадир!”
7.
1929- йилнинг хазонрез куз ойларида немис  китобхонларининг меҳрини қозонган “Тинч Дон” дунё бўйлаб ўз сафарини бошлайди.
Афсуски, “Тинч Дон” Германияда дастлаб узоқ умр кўрмайди: 1933- йилда демократик сайловлар оқибатида ҳокимият тепасига чиқиб олган Адольф Гитлер дарҳол мамлакатда диктатура ўрнатади.
Албатта, биринчи навбатда компартиянинг фаолияти тақиқланади. Сўнгра эълон қилинган Буюк Германия империясининг қонунлари тўпламнинг 4-бўлимида махсус таъкидланганидек: “Рус ёзувчилари Владимир Ленин, Максим Горький, Михаил Шолохов, Алексей Толстой китобларини ёқиб юбориш” зарур эди.
Дарҳақиқат, 1933- йилнинг 10- май куни Берлиндаги Гроссоперплатц майдонида Маркс-Энгелс-Ленин асарлари, Вольтер, Максим Горький, Генрих Гейне, Стефан Цвейг, Теодор Драйзер, Гарсиа Лорка, Томас Манн, Михаил Шолохов, Ромен Роллан, Алексей Толстой каби коммунистларга хайрихоҳликда гумон қилинган муаллифларнинг китоблари ёқиб юборилади.
Китоб гулханини шахсан фюрер Гитлер билан нацизмнинг бош тарғиботчиси Геббельс томоша қилиб турадилар (ҳайҳотки, орадан беш йил ўтар-ўтмас НКВДнинг Тошкентдаги қароргоҳида ўзбек халқининг Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Фитрат, Боту, Элбек каби буюк адибларининг ¬ қўлёзмалари, улардан мусодара қилинган китоблари ҳам ёқиб юборилади! Демак, фашистлар билан комунистлар маданий меросга муносабат масаласида бир-бирларидан унчалик фарқ қилишмасди, моҳият эътибори билан иккови ҳам бир гўр эди)
8.
Уруш йилларида босқинчилар Шолоховнинг уйини обдон бомбардимон қиладилар.
Ёзувчининг етмиш яшар онаси Анастасия Даниловна бомбардимон пайтида ҳалок бўлади. Шолоховнинг шахсий кутубхонаси, қўлёзмалари ёниб кетади.
Одатда, ёзувчини адабий муҳит тарбиялайди, дейдилар. Эҳтимол, довpуғи тўйтепадан нарига ўтмайдиган” (Абдулла Қaҳҳop ибораси) ёзувчиларни “инкубатор”да тарбиялаб вояга етказиш мумкиндир.
Лекин Шолоховга ўхшаган том маънодаги забардаст адиблар ҳеч қачон махдуд адабий муҳитда ўралашиб қололмайди, улар ҳеч қандай қолипларга сиғмайдилар.
Шу боис Михаил Шолохов – ғаразгўй, ҳасадгўй, манфаатпараст қаламкашлар отнинг тезаги мисоли тўпланиб олган пойтахтда яшай олмайди, 30-йиллардаёқ ўзи туғилиб-ўсган Вёшенская станицасига қайтиб келади. Кейинчалик Москвага фақат меҳмон сифатида бориб туради, холос…
9.
Улуғ Ватан уруши бошланган кезларда Шолохов Bёшенcкаяда (репреccиядан омон қолганига шукр қилиб) “Очилган қўриқ” романининг биринчи китоби устида ишлаётганди.
Урушнинг дастлабки кунларидаёқ “Тинч Дон” романи учун берилган Сталин мукофотининг пулини СССР Тинчлик фондига ўтказиб: “Мен Ватан ҳимоясига ҳамиша тайёрман!” деб Марказқўмга телеграмма жўнатади.
Агар шундай қилмаса, Москвада сичқоннинг инини минг тангага cотиб олишга ҳам рози бўлиб ўтирган ҳасадгўй шоирлар унинг устидан бўҳтон уюштириб, куткилаши мумкинлигини жуда яхши биларди.
Уруш йиллари А.М. Шолохов бир гуруҳ ёзувчилар билан ғарбий фронтга боради. Хусусан, генерал-лейтенант И.С.Конев қўмондонлик қилаётган армия жангчилари билан учрашади.
Кейинчалик И.С.Конев ўзининг жанговар хотираларида: “Михаил Шолохов каби cевимли ёзувчимизнинг олдинги маррада пайдо бўлиши, аскарларимизни ниҳоятда руҳлантириб юборди, ғалабага бўлган ишончини янада мустаҳкамлади”, деб эътироф этади…
10.
Маълумки, иккинчи жаҳон уруши пайтида АҚШ, Буюк Британия ва СССРнинг давлат раҳбарлари Теҳронда учрашиб, иккинчи фронтни очиш тўғрисида келишиб оладидар.
Лекин ғарблик иттифоқчилар иккинчи фронтни очишга унчалик шошилмайдилар. Тўғрироғи, СССРни тобора ҳолсизланиб, тавбасига таяниб қолишини кузатиб тураверадилар.
Ўшандай кунларда Михаил Шолохов “халқлар отаси”нинг таклифига кўра “Америкалик дўстларга мактуб” йўллайди. Бу мактуб зудлик билан “Правда” газетасида эълон қилинади:
Иккиланишларнинг оқибати ёмон бўлишини унутмаслик керак. Сиз ҳали уйингизнинг остонасида қонга беланиб ётган жигарбандингизни кўрмагансиз. Мен эса кўрганман. Шунинг учун ҳам мен Сиз билан очиқчасига гаплашишга ҳақлиман, дейди у мактубида…
11.
Большевиклар ўз сиёсатини амалга ошириш учун обрў-эътиборли ёзувчилардан қандай йўсинда фойдаланишни яхши биларди.
“Совуқ уруш” даврида собиқ Иттифоқда иккинчи фронт гитлерчилар устидан қозонилган ғалабага ҳеч қандай улуш қўшмаган деб даъво қилиш одат тусига кириб қолганди.
Fарбда эса, агар иккинчи фронт очилмаганда, иккинчи жаҳон уруши яна ўн йил давом этиши мумкин эди, большевиклар билан фашистлар бир-бирларини батамом қириб юборишарди, деб ишонтирадилар.
Ваҳоланки, урушдан ўзбек қишлоқларига соғ-саломат қайтиб келган кишилар окопларда америкаликлар юборган консерваларни еб тирик қолганини, АҚШдан замонавий қурол-яроғлар муттасил келиб турганини гапириб юришади…
12.
Тўғри, ғарблик иттифоқчилар иккинчи фронтга ўз аскарларини жўнатишга шошилмайдилар: беҳуда қурбон берилишини истамайдилар.
Лекин ҳарбий техник воситалар билан ёрдам бериб турадилар.
Яъни, улар учун қимматбаҳо ҳарбий техникалар инсон ҳаётига нисбатан қадрсиз ҳисобланса, большевиклар учун миллион-миллион кишилар ҳаётининг бир пуллик қиммати йўқ эди.
Шу боис ғолиб мамлакат (СССР) – мағлуб мамлакат (Германия) га нисбатан беш баробардан ортиқ қурбон беради.
Шу боис урушдан кейинги чорак аср давомида Германиянинг иқтисодий қудрати деярли тикланади, лекин интеллектуал заҳирадан маҳрум бўлган советлар мамлакати на иқтисодий, на маънавий потенциалини тиклади!
13.
Тўғри, чорак аср мобайнида янги авлод туғилиб вояга етди.
Бироқ, минг афсуски, бу авлоднинг аксарияти (айниқса, шаҳарларда) эрсиз хотинлардан, бевалардан туғилган никоҳсиз болалар эди.
Урушдан кейинги йилларда СССРда “мать одиночка” (ёлғиз она) деган атама пaйдо бўлгани ҳам, уларга ҳар хил имтиё’злар (навбатсиз уй-жой, машина олиш каби) яратилиб берилиши бежиз эмасди. Чунки ривожланган социализм шароитида ахлоқсизлик ҳаётий нормага айланиб қолади.
Афсуски, ахлоқсиз одамлар билан на иқтисодий, на ижтимоий-сиёсий ютуқларни қўлга киритиб бўлмаслигини Сиёсий Бюронинг калтафаҳм ва мункиллаган аъзолари ҳеч қачон тушуниб етмайдилар.
Маънавий жиҳатдан пок бўлмаган жамиятнинг келажаги забун бўлади…
Шолохов ҳақиқатгўй ёзувчи эди.
Ҳақиқатгўй ёзувчининг Ватанида киши беихтиёр аччиқ ҳақиқатлар тўғрисида хаёл сурар экан…
14.
Шолохов ҳақида гап кетса, ёзувчининг Сталин билан муносабати диққатимизни тортади.
Улуғ Ватан уруши ғалаба билан якунлангач, Михаил Шолоховга “Биринчи даражали Ватан уруши” ордени берилади. Шу муносабат билан Иосиф Сталин Вёшенскаяга махсус телеграмма йўллаб, Шолоховни юксак мукофот билан табриклайди ва ёзувчини Кремлга таклиф этади.
Албатта, Шолохов “халқлар отаси”нинг таклифини оқибатсиз қолдирмайди – Москвага боради. Умуман, Сталин билан Шолохов бир неча марта учрашганлар, бафуржа суҳбатлашганлар…
15.
1959- йилда “Правда” газетасида “Очилган қўриқ” романининг иккинчи қитобидан парчалар эълон қилинади. Кўп ўтмай америкалик журналист Гарри Сольсбери “Нью-Йорк таймс”да эълон қилинган мaқоласида:
“Ниҳоят, узоқ йиллик мажбурий танаффусдан сўнг бечора совет ёзувчиси ўз китобининг охирги бобларини матбуотда эълон қилишга эришди. Аслида, жаноб Шолохов бу асарини анча йиллар муқаддам ёзиб тугатганди, лекии хотима қисми ўртоқ Сталинга маьқул келмагани боис қайта ёзиш тўғрисида буйруқ олганди. Чунки асарнинг бош қаҳрамони – коммунист Давидов ўттизинчи¬ йилларда ноҳақ қамoққа олиниб, ҳибсхонада ўз жонига қасд қилган эди. Энди китоб якунидан кўриниб турибдики, Кремлдаги Сталин билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг, Давидов совет қамоқхонасида эмас, балки оқ гвардиячиларга қарши курашда ҳалок бўлади”, деб ёзади…
 Исмат Хушев сержант
 Исмат Хушев умрида бир маротаба ҳарбий форма кийган, холос. Бошқа ҳарбий кийим кийиш унга ҳеч қачон насиб этмасин… 
“Coвyқ уруш” даврида бундай мақолаларга қарши дарҳол совет матбуотида муносиб зарба бериларди.
1960- йилпинг 1- март куни “Правда” газетасида Михаил Шолоховнинг Гарри деган кичкинтой ва каттакон мистер Сольсбери ҳақида номли мақоласи чоп этилади:
“Мистер Сольсберининг маълумотлари бемаъни бўҳтондан бошқа нарса эмас. Мистер Сольсберидан сўрагим келади: маҳбуслар бемалол тўппонча тақиб юрадиган ва ўзларини ўзлари ўлимга ҳукум қиладиган қамоқхонани қаерда кўрган экан?” деб ўзини ҳимоя қилади Шолохов…
16.
Мақола муаллифининг жузъий хатоларидан ўзига ҳимояси учун фойдаланганидан ҳaм сезиш мумкинки, Шолохов бутун ҳақиқатни инкор этишга ожизлик қилади.
I965- йилда Михаил Шолоховга халқаро Нобель мукофоти берилганидан сўнг, айниқса, ёзувчининг асарлари ва муаллифнинг ҳокимият билан муносабати тўғрисида кўплаб мақолалар эълон қилинади.
Ғарб матбуотида ёритилган аксарият мақолалар тўғри эди, ростгўйлик билан ёзилганди. Шу боис совет ҳукумати Шолоховни ҳақиқатдан тонишга мажбур қилади. 1967- йилнинг 27- июль куни Вёшенскаяда Шолохов пресс-конференция чақиради.
Бу матбуот анжуманида бирталай хорижий журналистлар ҳам қатнашади…
17.
Кейинчалик (I983 йилда) Константин Прийманинг “Тинч Дoн” курашмоқда” номли китобида (“Pocтoв” нашриёти) ўша пресс-конференциядаги cавол – жавоблар қисман эълон қилинади.
Мана, ундан айрим намуналар:
— Михаил Алекеандрович, айтинг-чи, “Тинч Дoн” китобини ёзиш пайтингизда Сталин ижодий ишларингизга аралашганми? У cизга тазйиқ ўтказганми? Қувғин қилмоқчи бўлганми?
— Йўқ, буларнинг бари уйдирма! Сталин мени ҳеч қачон сиёсий таъқиб қилмаган. Аксинча, у “Тинч Дон”нинг ўтa донишманд, сезгир ва мулоҳазали ўқувчиси эди. У ўзининг ўткир хотираси, кишини ўзига ром этадиган фазилатлари, теран фикру-мулоҳазалари, хушмуомилалиги, суҳбатдошига нисбатан катта ҳурмат-эҳтироми билан мени ҳамиша мафтун этарди. Бир гал “Тинч Дон”нинг айрим саҳифаларини китобга қарамасдан ёддан ўқиб берганида мен анча пайтгача ҳаяжонланиб, ҳанг-манг бўлиб ўтиргандим. Кейин айтишларича, ҳатто ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юборган эканман! Албатта, қувончдан йиғлаган бўлсам керак.
Биз Сталин билан “Тинч Дон”нинг бази бир тарихий қаҳрамонлари хусусида бошқача қарашларга эга бўлсак-да, лекин асардаги кўплаб муаммолар тўғрисида ҳамфикр эдик. Ўзаро суҳбатлар чоғида Сталиннинг менга бирор марта ҳам кўрсатма берганини ёки ижодий ишимга аралашганини эслай олмайман.
Ростини айтганда, Сталин ўша пайтлардаги Ёзувчилар уюшмасининг айрим манфаатпараст раҳбарларига нисбатан ўн чандон кўпроқ беғараз эди.
Сизлар биласизларми-йўқми, Ёзувчилар уюшмасига ин қуриб олган бир гуруҳ ҳаромзодаларнинг касофати туфайли “Тинч Дон”нинг учинчи китоби “Октябрь” журналининг ғаладонида уч йилча ушлаб турилди. Улар кейинчалик асаримнинг китоб ҳолида чоп этилишига ҳам қаршилик кўрсатишди, ҳар хил идораларга бўҳтон хатлари уюштирдилар.
Агар ўшанда бу маш-машаларга Сталиннинг ўзи шахсан аралашмаганида, эҳтимол, китоб умуман дунё юзини кўрмасди!
— Сталин “Очилган қўриқ”нинг қўлёзма нусхасини ўқиган дейишади. Шу гап ростми?
— Ха, ўқиган. 1931- йилнинг охирларида романни “Новий мир” журналига топширганимда, улар мендан бойларнинг муштумзўрлар сифатида бартараф этилишига бағишланган бобни олиб ташлашни талаб қилдилар. Ҳар қанча уринсам-да, лекин уларни кўндира олмадим. Охири ўртоқ Сталинга мурожаат қилишга мажбур бўлдим.
— Хўш, кейин-чи?
— Иосиф Виссарионович “Очилган қўриқ”нинг қўлёзмасини ўқиб чиққанидан cўнг бундай деди: “журнал тепасида қанақа каллаварамлар ўтиришибди! Биз колхозлаштириш даврида бойларни синф сифатида тугатишдан, уларнинг мол-мулкинн мусодара этишдан чўчимадик-ку, нега энди бу ҳақда ёзилган асарни эълон қилишдан чўчишимиз керак экан?! Бу роман эълон қилиниш шарт!”
Шундай қилиб, “Очилган қўриқ” дунё юзини кўрди”…
Бундан ташқари, қузғунлар уюшмасидаги ғаламислар 1938- йилда Шолоховни туҳмат билан қаматмоқчи бўладилар.
Лекин Сталин уни ёқлаб чиқади. Шундан кейин Шолоховни тинч қўядилар.
Хуллас, cиёсатчи Сталин билан санъаткор Шолохов ораларидаги муносабатлар кўпчилик ўйлаганидан бошқачароқ бўлган эди…
18.
Мен Шолоховнинг юртидан кўплаб китоблар, фотоальбомлар олиб қайтган эдим.
Рангли китоблардан бири “Вёшенекая” деб аталарди.
Шолохов юртидан олган таассуротларим, хотираларим Ўзбекистонга қайтгандан сўнг вақтли матбуотда, хусусан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган эди.
Ўшанда бу газетага устоз адибимиз Одил Ёқубов раҳбар эди.
У кишининг таҳрири остида эълон қилинган «Шолохов Ватанида» номли мақолам — ижодимдаги биринчи жиддий чиқишим бўлиб, у ўзбек журналистикасига Исмат Хушев деган бир янги ном кириб келганини илк бор Ўзбекистон халқига маълум қилган эди…
19.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтишни истардим.
Ёшлигимда бадиий адабиётни севар эдим. Бадиий аcарлардаги воқеаларга чиппа-чин ишонардим, асар қаҳрамонлари менинг жонажон дўстларимга айланиб қолишарди.
Масалан, “Ёш гвардия” романини ўқиб, Москвада таҳсил кураётган кезларим Олег Кошевой каби “ёш гвардия”чиларнинг юртини зиёрат қилганман (бу ҳақда айтилди).
Биз Шолоховни студентлик пайтимизда, пахта йиғим-теримида юрган кезларимизда қўлма-қўл қилиб ўқиб юрардик. Кейин  чексиз ҳис ва ҳаяжон  билан таассуротларимизни ўртоқлашардик.
Курсдошларим Фароғат Камолова (Жиззаҳ), Дилором Исмадиёрова (Гулистон), Клара Бозорова (Қизилтепа), Зулайҳо Ғойибназарова (Конибодом), Fулом Абдиев (Сурхондарё), Раҳимжон Ирисов (Наманган), Ботиржон Мадумаров (Ўш-Худо раҳмат қилсин), Абдужалил Бобожонов (Фарғона), Фарруҳ Расулов (Андижон), Фарҳод Ибодуллаев (Элликқальа), Бобоназар Хасанов (Ғузор) “Тинч Дoн” романининг тўртта китобини навбат билан ўқиб чиққанмиз. Сирдарё вилоятининг “Оқ олтин” туманидаги Сардоба депарасида пахта терардик…
20.
Дон дарёси соҳилларида юрган кезларимда беғубор студентлик давримизни эсладим.
Ўз-ўзидан равшанки, Шолоховнинг юртида Наталья каби гўзал казак қизларини изладим, “Тинч Дoн” романида тасвирланган қаҳрамонларнинг прототипларини қидирдим…
Ажабки, умр бўйи Совет тузимига қарши курашган Григорий Мелеховнинг ҳам прототипларини топдим. Аслида Григорий Мелехов “ижобий” қaҳpaмон эмаcди, лекин унинг мураккаб ҳаёти, аччиқ қисмати беғубор қалбимизни ўзига мафтун этиб қўйганди.
Агар “Тинч Дoн” романидаги қаҳрамонларга тақлид қилиш лозим бўлса, албатта, қизил аскарларнинг додини берган Григорий Мелеховга тақлид қилардик, у биз учун ватанпарвар йигитнинг ёрқин тимcоли эди.
Эҳтимол, бизнинг томиримизда ҳам ёвқур боболаримизнинг муборак қонлари гупуриб оқаётгани учун, бизнинг боболаримиз ҳам босқинчи қизил аскарларга қарши жонларини жабборга бериб курашганлари учун Григорий Мелехов қалбимизга яқин бўлиб қолгандир.
Тўғри, бу ҳақда тилимиз гапирмасди – гунг эдик, дилимиз йиғламасди – дийдамиз қотиб кетганди, лекин томиримизда оқаётган қонимиз гапирарди, қонимиз йиғларди.
Қонимизда қолган “қилич занги”ни (А.Орипов ибораcи) беихтиёр кўзларимиз фош этиб қўярди, вайрон бўлган ўксик дилларимиз фош этиб қўярди.
Григорий Мелеховга ўхшаган бадиий адабиёт қаҳрамонлари гўё детонатор вазифасини ўтар эди.
Биз Михаил Александрович Шолоховга чин юракдан раҳмат айтишни истардик: ёвқyp боболаримизнинг руҳини шод этгани учун биз ундан чексиз миннатдор эдик. Чунки Мелехов тимсолида шаҳид кетган боболаримизнинг ёрқин қиёфалари жонланар эди, уларнинг ўлмас сиймоларини кўз олдимизга келтирардик.
Шу боиc “Тинч Дон” мутолааси жараёнида беихтиёр дилларимиз вайрон бўларди: дефолиант ҳиди анқиб кетган пахта эгатларига ётиб олиб хунг-хунг йиғлардик…
Э-э, нимасини айтаcиз, жин урcин!
Тақдир ҳазилини қарангки, ўзим ҳам ҳаётда Григорий Мелеховга ўхшаб ғайриинсоний жамиятнинг “ўгай” фарзанди бўлиб қолдим.
Ўзимизникилар орасида бегона бўлдим, алал оқибат ўз юртимни қўйиб, хориж эллар сари юз тутдим.
Ўзбекистондан олис ва бегона юртларда муҳожирликнинг аччиқ нонини еб юришга маҳкум этилдим…
21.
Шолоховнинг буюклиги шундаки, у бизнинг қалбимизни ағдар-тўнтар қилиб юборганди, у инcон руҳиятида инқилоб ясаганди.
Тўғри, тўртта безорини ёки каллакесар қароқчини ёллаб, уларни эргаштириб қонли инқилоб қилиш унчалик мушкул эмас, лекин инсон қалбида инқилоб ясаш унча-мунча “даҳо”ларнинг қўлидан келмайди (“Инcон қалби билан ҳазиллашманг сиз!” деган оташин cатрлар ҳам айнан қалбда рўй берган инқилоб ифодасидир).
Шолоховнинг юртида икки-уч кун бўлиб, журналист сифатида керакли маьлумотларни тўплаб олганимдан сўнг, Тошкентга жўнаб кетишим мумкин эди.
Бироқ, кейинги етти-cаккиз кун мобайнида ҳар куни эрталаб Шолоховнинг қабрига бориб сукутда ўй сурардим.
Демак, мен Шолоховнинг хузурига оддий бир журналист сифатида эмас, жафокаш ўзбек халқининг куюнчак бир фарзанди сифатида боргандим.
Менинг Вёшенскаяга боришим – мазлум халқимиз армонларининг ифодаси эди. Тўғри, у пайтларда менда бундай қатъий шаклланган фикр-мулоҳаза йўқ, эди, лекин мени бошқариб турган “инстинкт” айнан миллатимизнинг армонлари эди…
22.
1984- йилнинг 24- май куни Вёшенскаядаги Шолоховнинг қабри устида мотам митинги бўлиб ўтди.
Биринчи марта Шолоховнинг туғилган куни ёзувчининг ўзисиз нишонланди.
Ҳар тарафдан кўзга яққол ташланиб турадиган муқаддас тепаликда жойлашган қабрга гуллар қўйилди (cурат берилади).
Митингда Роcтов обкомининг биринчи секретари, КПСС Марказий Комитети аьзоси А.Бондаренко ҳам иштирок этди.
Мотам митингида ўзбекистонликлар номидан ҳали солдат фармасини ечмаган мен — сержант Исмат Хушев қатнашгандим…
23.
Шолохов Ватанини зиёрат қилганимдан сўнг чексиз орзу-умидлар билан Ўзбекистонга қайтиб келдим.
Партия аъзолигига номзод бўлганман, чўғдек қип-қизил билетим чўнтагимда, гўё ҳамма мени қучоқ очиб кутиб оладигандек эди.
Бевосита раҳбарлик ишларига ўтиб кетишимга асло шубҳаланмасдим.
Салом, Она-Ватан, жон Ўзбекистон!
Мен бағрингга қайтиб келдим. Тиниб-тинчимас, оташин ва ўжар, лекин   софдил фарзандингни қабул қил!
Билиб-билмай қилган гуноҳларимни ўзинг кечир…
 Исмат Хушев ҳарбийда шеър ўқимоқда
Суратда: Исмат Хушев ротадошлари билан хайрлашув онидаги шеър ўқиган лаҳзалар…
Шеърим! Яна ўзинг яхшисан,
Боққа кирсанг, гуллар шарманда.
Бир мен эмас, ҳаёт шахсисан,
Жоним каби яшайсан манда.
Юрагимнинг дарди — нақшисан,
Қилолмайман сени ҳеч канда!
Ўт бўлурми ишқи йўқ танда?
Дардимсанки, шеърим яхшисан.
Сен орада кўприк бўлдинг-да,
Гейне билан ўртоқ тутиндим.
Лермонтовдан кўмак ўтиндим.
Бутун умрим сенинг бўйнингда.
Саҳарда қон тупурсам, майли.
Мен — Мажнунман, шеърим, сен –
Лайли!
(Усмон Носирдан)
2 шарҳ
  1. Сталин-Шолохов суҳбатлари жуда қизиқ. Буни ўқиб Франция Президенти Шарл-де Голнинг: “Сталиннинг яхши ишлари унинг ёмон ишларидан кўп чандон ортиқдир”, дегани эсимга келди.

  2. Muxlis
    Bu qism ham odatdagiday juda go`zal, huddi bir hikoyaday odamni o`ziga tortib ketadi…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *