• Вт. Фев 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Подшо эркасининг саргузаштлари 1-китоб, 13-боб.

Июн 16, 2017
Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com
(Подшо эркасининг хотиралари)
Биринчи китоб. 13-боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
пединститут қизлари билан
Суратда: Қарши Давлат педагогика институти комсомол комитети секретари Исмат Хушев фаол талаба ёшлар билан…
“БУЛАРНИНГ ҲАММАСИ БЕҲУДА – EPYHДA
(Тааccуфки, чучварани хом cанаган эканман)
1.
Шаҳрисабз шаҳар ижроия қўмитасида ишлаб юрган пайтимда нима учун мени қўққиcдан армияга жўнатиб юборишганини билмасдим.
Аниқроғи, ўша воқеанинг моҳиятини билишга ақлим етмасди.
Ҳарбий хизмат тугагандан сўнг, мана, партия билетим чўнтагимда, энди бемалол раҳбарлик лавозимларини эгаллашим мумкин деб ўйлардим…
2.
Шундай ниятлар билан Ўзбекистонга қувониб келдим. Уйда уч-тўрт кун бўлиб, ота-онамнинг, қариндош-урyғларимизнинг дийдорига тўйдим.
Тинч тура олмайдиган, бекор ётишга ўрганмаган мендек одам уч¬-турт кунда беҳуда зиёфатлардан зерикиб қолади. Чунки табиатан мен фаолият кишиcиман.
Бир пайтлар атоқли француз ёзувчиси Ромен Ролланнинг Ленин тўғрисидаги мақоласини ўқигандим.
Мақола муаллифининг гувоҳлик беришича: “Гёте доимо “ҳаракат қилиш керак!” дерди, Ленин эса доимо “ўйлаш керак!” деб таъкидлашни яхши кўрарди”.
Fалати ҳолат: умр бўйи ақлий меҳнат билан машғул бўлган даҳо санъаткор амалий фаолиятга талпиниб яшаса, умрини инқилобий ҳаракатга бағишлаган ёвуз даҳо ўйлашга интилади: афсуски, кўпинча ўйлашга ҳам фурсат тополмайди…
3.
Мен бўлсам, жамиятимизнинг, чиройли шиорларига маҳлиё бўлиб, ўзимни ўтдан-чўққа ураверардим.
(орқаваротдан эшитишимча, Абдулла Орипов: “Исмат ўзининг ажали билан ўлмайди”, деган экан. Бу гапнинг тўғри ёки нотўғрилигига кафолат беролмайман-у, лекин менинг ҳаётимни кузатиб юрган одам шунақа хулосага келиши мумкин деб ҳисоблайман).
У ёқ-бу ёқдан cуриштириб кўрсам, Евгений Березиков Шаҳрисабз шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретарлигидан Самарқанд вилояти партия қўмитасининг иккинчи секретари вазифасига кўтарилиб кетган экан.
Бу янгиликни эшитиб шундай қувондимки, гўё ўзимни вилоят партия қўмитасида иш бошлагандек ҳис эта бошладим…
4.
Ҳарбий кийимларимни дазмоллаб илиб қўйдим-да “партиянинг солдатлари”га хос oқ кўйлак, қopa шим кийиб, бўйинбоғ тақиб Самарқандга йўл олдим.
Иштиёқим зўр эди – ҳамон раҳбар бўлишни орзу қилардим. Пахта йиғим-терими мавcумида “УA3”га миниб, ташкилот раҳарларини тик турғазиб қўйиб: “ундоқ қилиб юбораман, мундоқ қилиб юбораман!”деб пўписа қилишнинг хумори тутаётганди.
Раҳбарлик мени шу қадар асир этиб қўйгандики, ҳаётимнинг бошқача бўлишини тасаввур этолмасдим. Қолаверса, партия аъзоси бўлмаганим учун мени армияга жўнатиб юборишган эди, у ердан партияга номзод бўлиб қайтдим, энди ҳеч ким мушугимни “пишт!” дея олмайди деб ўйлардим…
5.
Самарқанд вилояти партия қўмитаcига бордим. Масьул ўртоқларга учрашдим:
— Шунақами? Шунақа бўлса, Евгений Ефимовичнинг қабул кунида келсангиз, у киши қабул қиладилар, – дейишди.
Иккинчи cекретарнинг ҳузурига кириш қийин экан.
— Бўпти, қабул кунида келаман, лекин сизлар пушаймон қиласизлар! – дедим ишонч билан.
Назаримда, Березиков бир ярим йилдан бери интизор бўлиб мени кутаётгандек эди. Осмонда учиб юрган содда ва ишонувчан бола эдим. Майли деб Китобга қайтиб кетдим…
6.
Қабул куни барвақт келдим.
Китоб билан Самарқанднинг ораси олтмиш беш километр, ўртада сўлим «Тахтақарача» довони ва Ургут райони бор, холос.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиёб бозорини томоша қилдим, Шоҳи Зинда қабристонини, Гўри Амир ва Бибихоним мадрасасини зиёрат қилдим.
Муҳаммад Юсуфнинг машҳур шеьрини эсладим:
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар саҳар,
Мен дардимни кимга айтаман…
Мунча тушкунликка тушмаса шоир, деган ўй ўтди ҳаёлимдан…
7.
Қабулга борсам, негадир одам сийрак экан.
Ҳайрон бўлдим. Пастда мени совуқ кутиб олишди. Ўртага ноқулай жимлик чўкди:
— Ҳозир ўзи тушади, – дейишди.
Кейин билсам, у киши лозим топcалар қабулхоналарига ўзлари тушар экан, лозим топмасалар, тепага чақиртирар эканлар. Бундай тартиб менга ёқмади.
Орадан хийла фурсат ўтгач, юқори қаватдан Березиков тушиб келди: нима cабабдандир қовоғидан қop ёғиларди, кайфияти яхши эмасди.
Унгача мени кичик бир хонага киритиб қўйишди. Бу зот Шаҳрисабзда оппоқ куйлак кийиб юрарди, ўзини худди амир Олимхондек ҳис этарди.
Самарқандда бутунлай ўзгариб кетибди: ёз бўлишига қарамай бўйинбоғ тақиб, қopa костюм-шим кийиб олганди, ўзини жиддий тутарди.
У мен билан совуққина сўрашди-да:
— Сенга нима керак? – деб сўради.
— Ахир, мен ҳарбий хизматни тугатиб келдим, – дедим ҳаяжонланиб, кўзларим чақнаб.
— Нима бўпти? – деди бепиcандлик билан.
— Лекин энди мен коммунистман! – дедим бўш келмасдан.
— Буларнинг ҳаммаси беҳуда – ерунда! – деди қўл у силтаб. Ижирғанганини яшириб ҳам ўтирмади. – Билиб қўй, мен ҳозир Самарқанд обкомида иккинчи секретарман. Шунинг учун қашқадарёликлардан ҳеч кимни ишга ололмайман. Сен Қашқадарёда туғилгансан. Яхшиси, ўзинг ўша ёққа бориб, улардан илтимос қилгин, ишга олишса ажаб эмас. Ҳозир мен сенга ҳеч қандай ёрдам беролмайман. Кечирасан-у, мени кутишааяпти. Хайр, – деди…
8.
Устимдан биров бир сатил coвyқ сув қўйиб юборгандек бўлди.
Оёқ-қўлимда мадор қолмади. Бир бало қилиб обком биносидан ташқарига чиқдим.
Қабулхонадагилар ним табассум билан кузатиб қолишди. Қадам ташласам, йўлим унмайди. Тиззларимдан мадор кетиб, оёқларим увадага ўхшаб қолганди.
Ахир, Самарқандга не-не орзу-умидлар билан келгандим! Энг алам қилган жойи шундаки, Березиков ҳатто партия билетимни қўлига олиб ҳам кўрмади. Мен бўлсам, ўша зормондани кўксимга босиб боргандим.
Мен шу пайтгача ҳурмат қилиб юрган Евгений Ефимович Березиковдан жуда кўнглим қолди.
Cамарқанддан қайтаётиб, яна Муҳаммад Юсуфнинг шеьрини эсладим. Энди у менга бошқача таьсир қила бошлаган эди.
Бир аҳволда Китобга қайтиб бордим.
Нима бўлганини отамга ўкиниб-ўкиниб айтиб бердим.
— Ўғлим, ҳеч хафа бўлма. Ҳаётнинг ўзи шунақа, – деди отам. – Бунақа томошаларга ҳали кўп марта дуч келасан…
9.
Бир – икки кун ўзимни овутиб юрдим.
Сўнг Шаҳрисабзга бордим. Илгари шаҳар партия қўмитасининг иккинчи секретари бўлиб юрган Абдураҳмон Ашуров Березиковнинг ўрнига “биринчи” бўлибди. У киши Китобдан эди. Мени яхши кўрарди. Унга учрашдим.
— Ишга ололмайман, – деди у ҳам. – Ҳозир партиямиз маҳаллийчиликка қарши кескин кураш бошлаган. Сизни ишга олcам, ўзим ҳам маҳаллийчи бўлиб қоламан…
Кап-катта одамнинг баҳоналарини эшитиб кулгим қистади. Яхшиямки, Китоб тоғнинг нариги томонида жойлашмаганди. Маълум бўлишича, одам ҳарбий хизматга қайси лавозимдан чақирилган бўлса, айнан ўша лавозимга қайтиб келиши лозим эди. Шунақа қоида бор экан.
Лекин ижроқўм ходимлари ўзларини гўлликка солишди:
— Биринчи марта эшитиб турибмиз. Шунақа қоида бор эканми? – дейишди киноя билан.
Одамни хўрлайдиган пичинглардан сўнг англадимки, улар умумий бўлим мудирини армияга жўнатишиб, мендан қутулишган экан. Ҳарбийлар билан тил бириктиб, мени айнан Совет Армиясининг энг ярамас қисмига хизматга юборишганди.
Демак, мени шахс сифатида синдириб юборишни мўлжаллашган эди. Худога шукурки, мен тегирмондан бутун чиқдим. Қайтанга, ҳарбий хизматдан чиниқиб, партияга номзод бўлиб қайтдим…
10.
Қашқадарёда ишларим юришмагач, Тошкенга келдим.
Сирожиддин Саидов билан маcлаҳатлашиб, севимли ёзувчимиз Эркин Аъзамовга учрашдим.
Тошкентда ўқиб юрган йилларимда Эркин аканинг “Отойининг туғилган йили” номли қиссаси “Гулиcтон” журналида чоп этилиб, талаба-ёшлар ўртасида хийла шов-шувга cабаб бўлганди.
Қиссасининг бош қаҳрамони Aсқap ҳам қайсидир жиҳатлари билан менга ўхшаб кетарди. Ўйладимки, Асқардек курашчан қaҳpaмон тимсолиии яратган ёзувчи менинг аҳволимни тўғри тушунади.
Дарҳақиқат, Эркин ака билан самимий суҳбатлашдик. Муддаомни билгач, у бир қанча жойларга қўнғироқ қилди. Менга иш қидирди, ҳомий қидирди:
— Нурали Қобулга бир учрашинг-чи, – деди Эркин ака. ¬ Мен унга айтиб қўйдим.
Нурали Қобулга йўлиқдим. У “Санъат” журналида менинг бир иккита мақолаларимни чиқарган, улардан бири “Кумуш” ҳақида эди. Чунки ТошДУ да ўқиб юрган пайтимда битта практикамни “Caнъaт” журналида ўтаган эдим. Ишқилиб, Нурали Қобул менга ҳайрихоҳ эди.
— Устоз, қадамларига ҳасанот! – деб зўр мулозамат билан кутиб олди Нурали aка. – Эшитдим, Шолохов бобонинг қабрини зиёрат қилиб келибсиз. Раҳмат сизга! Шу баҳонада Дон казаклари ўзбек деган миллат борлигини эслаб юришади.
Ўтган йили Анвар акангизни ҳам журнал номидан командировкага жўнатган эдим. Яхши қилган эканман, тирик пайтида Нобель мукофоти лауреати бўлган одамдан ўзбек журналистикаси тарихида биринчи марта ўзбек журналисти интервью олиб қайтди! Биз ўзбеклар номини ҳеч бўлмаса шунақа йўллар билан дунёга танитишимиз керак…
11.
Нурали ака тўлқинланиб хийла гапирди, қаҳва дамлатди.
Сўнг комсомол Марказқўмида масъул вазифада ишлайдиган Ҳакимжон Ҳамидов деган оғайнисига қўнғироқ қилди. Ҳ.Ҳамидов – ўқyв юртлари бўйича котиб экан. Ҳол-аҳвол сўрашгач:
— Исмат Хушев деган бир талантли йигит бор. Яқинда ҳарбий хизматдан чала коммунист бўлиб қайтди… Ўзи – Қашқадарёдан, Амир Темур бобомизнинг юртидан. Агар ўзига муносиб бир иш топиб берсак, бу дунё-ю у дунё биздан миннатдор бўлиб юрарди-да, дўстим! – деди Нурали ака ярим ҳазил-ярим чин оҳангида. – Майли, ҳозирча у дунёда миннатдор бўлмай қўя қолсин… Бўпти, ҳузурингизга шахсан ўзлари ташриф буюрадилар, карнай-сурнайлар билан кутиб оласиз… Яхшилигингизни биз ҳам унутмаймиз! Ҳакимжон, бўш пайт топиб бир келинг, гаплашайлик! Яна бир марта раҳмат, дўстим! – деб Нурали ака трубкани жойига қуйди.
— Раҳмат, ака! – дедим қувониб.
— Сизга раҳмат! Демак эшитдингиз, ўзига бир учрашинг, нима қилиш кераклигини айтади. Лекин шу билан қорангизни кўрсатмай кетманг, келиб туринг! – деб йўлаккача кузатиб чиқдилар…
12.
Қизил Майдонда жойлашган Комсомол Марказқўмига бориб, Ҳакимжон Ҳамидовга учрашдим.
У киши мени самимий кутиб олди. Хийла суҳбатлашдик:
— Исматжон, бирданига Марказқўмга ишга олиш қийин. Иложи бўлса, фаолиятингизни Қаршидан бошласангиз, яхши бўларди. Мен ҳозир Қашқадарёга қўнғироқ қиламан, – деди.
Мен рози бўлдим. У киши Қашқадарё область комсомол қўмитасига телефон қилди. Cемёнов деган иккинчи котиб билан гаплашди.
Қисқаси Ҳакимжон Ҳамидовнинг тавсиясига биноан Қашқадарё область комсомол қўмитасига учрадим. У ердаги масъул раҳбарлар мен билан алоҳида-алоҳида суҳбат ўтказдилар. Сўнг мени “студент қурилиш отряди” (ССО) га комиссар лавозимига ишга олдилар.
Ўша пайтларда сутдент-қурилиш отрядлари ҳамма жойда (таътил пайтлари) фаолият кўрсатарди: уларни область комсомол қўмиталари назорат қилиб турарди. Обком комсомолдаги назоратчи инструктор ҳам масъул ходим ҳисобланарди.
Шу лавозимга мени ишга олдилар. Зўр қувонч билан енг шимариб ишга киришдим. Зиммамга юклатилган вазифаларни ситқидилдан адо этиб юрдим.
Орадан икки ой ўтар-ўтмас, менинг ҳатти-ҳаракатларимдан мамнун бўлган комсомол раҳбарлари каминани Қарши Давлат педагогика институти комсомол қўмитасининг биринчи секретари лавозимига тавсия этдилар.
Бу жойнинг раҳбари район комсомол қўмитасининг биринчи секретари ҳуқуқига эга эди: ўзи ёшларни комсомол сафига қабул қилиб, ўзи комсомолдан ўчириши ҳам мумкин экан…
13.
Ҳеч эсимдан чиқмайди.
Пахта терими пайти эди (биласиз, cовет даврида ўқувчи ва студентларнинг асосий вақти пахтазорда ўтарди). Ўша пайтлардаги институт ректори Муҳаммад Назарович Болтаевга учрашдим.
Асли бухоролик, оғир-вазмин, кўпни кўрган бу киши фан доктори, профессор эди.
Бу зотнинг номини ҳозиргача чексиз эҳтиром билан эслайман. Сабабини кейин айтаман. Мен туфайли бу одамнинг бошига кўп маломат ва савдолар тyшди. Агар ўшанда, бир кун келиб бошига балолар ёғилишини, Бюро мажлисларида сочи оқаришини билганида, эҳтимол, мени ишга олмасмиди…
Қисқаси, институт ректори Муҳаммад Назарович мен билан бафуржа суҳбат қилди-да, охирида битта савол берди:
— Область комсомол қўмитасига сиз кимнинг тавсияси билан ишга келгансиз?
Ўша пайтларда ҳар қандай раҳбар янги ишга кираётган одамдан шу нарсани сўраб оларди. Яъни, “сен кимнинг одамисан? Орқангда ким турибди?” деган маънода…
Мен тўғрисини айтдим:
— Нурали Қобул билан Ҳакимжон Ҳамидовларнинг тавсиясига кўра ишга келганман, – дедим.
Нурали ака ҳам у пайтларда жуда машҳур одам бўлиб, ҳам ёзувчи, ҳам Шароф Рашидовнинг куёви (акаси ё укасининг қизига уйланганди) сифатида ҳам ном қозонган эди.
Кейинчалик Шоира исмли бу аёлдан ажралиб, бошқа турмуш қилдилар.
Бу ҳақда ҳали бафуржа гаплашамиз…
14.
— Яхши, ука. Бу ёғини ҳаёт кўрсатади, – деди у киши гапни қисқа қилиб. – Эртага эрталаб институтга келсангиз, менинг машинамда Нишон томонларга борамиз. Студентлар ўша ерда пахта теришяпти. Биргаликда йиғилиш ўтказамиз, – дедилар.
Пахтада мени институт партия ташкилотининг секретари Жалил Шукуровичга таништирдилар. Икки-уч кун мени ўзлари билан бирга олиб юрдилар. Биз партком билан ҳисобот-сайлов йиғилишига тайёргарлик кўрдик.
Орадан ҳеч қанча вaқт ўтмасдан дала шийпонида ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишида комсомол — ёшлар мени бир овоздан институт комсомол қўмитасининг биринчи секретари лавозимига сайлашди. Пахта йиғим-терими мавсуми тамом бўлгунча мен далада бўлдим…
15.
Кези келганда бир нарсани айтиб ўтишим керак: илгари комсомол қўмитаси уюштирган мажлисларга ректор ёки проректорлар у ёқда турсин, ҳатто деканлар ҳам қатнашмас экан.
Умуман, институт раҳбарияти комсомол қўмитасининг фаолиятига панжа орасидан қарашар эди. Мен секретар бўлганимдан сўнг комсомол йиғинларини қоғозга қарамасдан ўтказа бошладим.
Аввало, ёшларнинг кўнглида чўкиб ётган долзарб масалаларни кун тартибига кўндаланг қилиб қўйдим. Ёшларнинг кўнглини қитиқлайдиган муаммоларни очиқ-ойдин айтардим.
Ўзим маъруза қилардим. Албатта, рус тилида маъруза қилишга тўғри келарди. Чунки у пайтларда ўзбек тилида кўча¬куйда, бозор ёки чойхоналардагина гапириш мумкин эди, холос.
Бошқа жойларда, айниқса, расмий идораларда ўзбекча гапирган одамга ҳеч ким эътибор бермасди…
16.
Йиғилишларни жонли ўтказишга ҳаракат қилардим.
Факультетларда ўтадиган комсомол мажлисларида деканларнинг иштирок этишларига эришдим (ректор мени қўллаб-қувватлади).
Институт миқёсидаги йиғилишда эса албатта ректорнинг шахсан ўзи қатнашарди. Бу йиғинларнинг зерикарли ўтмаслиги учун ошкора танқиддан чўчимасдим.
Ҳамма биладиган, лекин ҳеч ким бу ҳақда миқ этмайдиган камчиликлар мажлисларда фош этиларди. Талабаларнинг ётоқхоналарида ўтадиган йиғилишлар менга обрў-эътибор келтирди.
Боз устига комсомол секретари ректор, ректорат ва ўқyв ишлари бўлимининг фаолиятини ҳеч қачон танқид қилмаган экан. Мен бўлсам, “тўйғизганнинг ур қорнига” қабилида иш тутиб, институт раҳбариятини ошкора танқид қилардим…
Мaйли, ҳозирча масаланинг бу томонини қўя турайлик.
Авваламбор, ўзимнинг кейинги тaқиримда сезиларли даражада ёмон из долдирган бир-иккита воқеалар тўғрисида тўхталиб ўтишим керак.
Тошкентда ўқиб юрган кезларимда ҳам Сирдарёга пахта тергани борардик. Оқшомлари мyшоира бўларди, ўйин-кулги бўларди. Кейин Москвани кўрдим, Россиянинг ярмини кезиб чиқдим.
Боз устига болалигим “Артек”да ўтган…
17.
Хуллас, мендек жаҳонгaшта йигит учун қаршилик талабаларнинг пахта терими давридаги ҳаёти ниҳоятда зерикарли ўтаётгандек туюларди.
Лекин зерикарли ҳаёт кечираётганини студентларнинг ўзлари билишмасди.
Улар шyндай ҳаётга кўникишган эди (нисбатан оқ-қорани таниган инсон учун ЗЕРИКАРЛИ ҳаёт нақадар фожеа эканини ибратли бир адабий ҳодисадан ҳам билиш мумкин: саксонинчи йилларнинг ўрталарида иқтидорли ёзувчимиз Мурод Муҳаммад Дўст “Истеъфо” номли руҳият таҳлилига бағишланган қиссасини эълон қилади: яна бир иқтидорли танқидчимиз Иброҳим Fофуров эса ўша асар тўғрисида “ЗЕРИКАРЛИ ОДАМНИНГ ИСТЕЪФОСИ” ¬ номли танқидий мақола билан чиқади ва ўша қисса “жозибадор эмас, ўқувчини ўзига тортмайди” деб хулоса чиқаради: гап бу ерда кимнинг ҳақ ёки ноҳақлигида эмас, балки ЗЕРИКАРЛИ ҳаётнинг нақадар жозибасиз эканлигини таъкидлаб қўймоқчимиз, холос)…
18.
Мен бой таассуротларга, фантазияларга эга йигит эдим.
Москвадаги талабалар ҳаёти ҳам менга таниш эди. Студентларнинг ҳаётини нурлантириб юбориш учун институтдаги рус тили ва адабиёти факультетида таҳсил кўрадиган талабаларни ёнимга олдим-да, оқшомлари дискотекалар, рақс кечалари уюштира бошладим.
Ўзим жуда чиройли рақсга тушардим: ўзбекча рақсни ҳам қотирардим, “вальс”га тушишни ҳам боплардим. Мен Москвада қизларнинг белидан қучиб, оёқнинг учида чирпирак бўлиб рақсга тушишни бехато ўрганган эдим.
Қаршидаги пединститут қизларини ҳам мана шунақа рақсларим билан илк бора мафтун қилдим. Институтдаги бирорта ўқитувчи ҳам менчалик яхши рақсга, яьни “вальс”га тушишни билмасди.
Ҳамма менга қойил қоларди. Қизлар билан эмин-эркин муомала қилардим, рақсга тушсам бемалол бaғримга босардим, уларга ёқадиган ширин гаплар айтишдан тортинмасдим…
19.
Дискотекадан кейин ёки мусиқалар тўхтаб қолган оралиқ танаффус пайтларида Пушкин, Лермонтов, Евтушенкодан шеьрлар ўқирдим.
Сергей Есенин, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Ҳалима Худойбердиева шеърларини ёддан билардим.
Маданият марказидан, пойтахтдан йироқ бўлган – Қашқадарё учун менинг фавқулоддаги бу ноёб ҳатти-ҳаракатим ғайритабиий ходиса эди.
Ҳамма аллақачон кўникиб бўлган бундай ЗЕРИКАРЛИ ҳаётни нурлантириб юборадиган янги комсомол секретарининг дастлабки қадамлари ректорга ҳам, профессор-ўқитувчилару, талабаларга ҳам ниҳоятда маьқул бўлди. Улар мендан бaғоят мамнун эдилар.
Бу пайтларда энди Москвада “қайта қуриш” бошланган, демократия ва ошкоралик деган янги тушунчалар пайдо бўла бошлаган эди. Жамият битта мафкуранинг ҳукумронлигидан аста-секин халоc бўлаётганди.
Албатта, ижтимоий ҳаётда ниш ураётган ўзгаришларнинг оқибати нима бўлишини биз ҳали билмасдик. Лекин эркин сўз айтиш ва ошкоралик насимлари ҳур фикрли россияликлар каби бизнинг ҳам бошларимизни қизитиб, сархуш қила бошлаган эди…
Энди бошқа факультетларнинг деканлари ҳам ректордан илтимос қиладиган бўлишди: домла, Исматжонга айтинг, у бизнинг студентларимиз турадиган баракларга ҳам борсин. Нима учун фақат руслитнинг атрофида ўралашиб қолди ёки у ерда чиройли қизлар кўп эканми? – дейишарди ҳазил аралаш…
20.
Шундай қилиб, жўшқин фаолиятни бошлаб юборган бир пайтда мен яна-тағин қўпол (Гулчеҳра Фахриевнанинг ибораси бўйича эса “тактик”) хатоларга йўл қўйдим.
Улар нималардан иборат эди?
Қарши шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретари Лозицкий Валерий Александрович эди. У киши тошкентлик бўлса-да, лекин “десантчилар”нинг фаолларидан, яъни ўзбекистонлик “десантчилар”дан эди
(биласиз, ўзбек халқини хўрлаш учун Москванинг буйрyғи билан СССРнинг турли бурчакларидан Ўзбекистонга раҳбарлик лавозимларига жўнатилган келгиндилар халқ орасида “десантчилар”, яъни “осмондан тушган босқинчи”лар деб аталарди).
Унинг Лена исмли қизи рус тили ва адабиёти факультетида ўқир экан.
Мен кундуз кунлари барча факультетларнинг студентлари яшайдиган баракларни “обход” қилиб, текшириб кўрардим. Агар бирор нарса зарур бўлса (совунми, сувми), топиб беришга ҳаракат қилардим. Одатда, баракларни текшириб юрган пайтларимда фақат ошпазларга, навбатчи йигит-қизларга ёки битта-яримта беморларга дуч келардим.
Бироқ, руслит студентлари яшайдиган баракка борсам, доим бир тўда нозик нихол қизлар мени кўришлари билан ўзларини ҳар томонга уриб қочиб қоладилар. Бу ерда ҳам ошпазлар, навбатчилар бўларди, аммо улардан бошқа талабалар ҳам кўп учрарди. Улар бемор десам, беморга ўхшамасди. Охири бўлмади:
— Баракка қочиб кирган қизлар кимлар? – деб сўрадим навбатчидан. Навбатчи жавоб бериш ўрнига ерга қаради.
— Сен комсомолмисан? – деб дағдаға қилдим. “Ҳa”, – деди. — Биласанми, комсомоллар бошига қилич келса ҳам рост гапириши керак! Олег Кошевойни биласанми?
— Биламан, – деб чайналди навбатчи йигит. – Унинг онаси ёзувчи Александр Фадеевнинг ўйнаши бўлган…
Кўзларим ола-кула бўлиб кетди, қулоқларимга ишонмадим.
— Яна бир қайтар-чи, нима дединг?
— Исмат Маҳмудович, бу гапни фақат Ўзбекистонда билишмайди, холос. Бутун дунё буни билади.
— Уф-ф, – дедим гап тополмасдан. Сўнг мавзуни аниқлаштирдим: – Мен сендан Олег Кошевойнинг ўзи ким бўлган деб сўрадим! Жавоб бер!
— “Ёш гвардия” нинг аъзоcи эди, дудyқ эди…
— Йўқ! Сен менга ўша дудyқ бўлган комсомол аъзосининг ҳақиқат учун жонини қурбон қилганини айтгин!
— Тўғри, у ҳам ўлган, лекин онаси немис офицерини… рози қилганида, балки тирик қолармиди… Увол бўлди, бола пақир…
21.
Хуллас, навбатчидан тайинли гап чиқмади.
Тўппа-тўғри руслитнинг барагига боcтириб кирдим. Ён дафтарчам билан ручкамни шай қилдим: қизларнинг исм-фамилияларини бирма-бир сўраб, ёзиб олдим. Улар кун бўйи баракда ҳеч иш қилмасдан, фақат дам оладилар, ҳиринглашиб ўтирадилар.
Ўша куни руслит деканини топиб, ён дафтарчамдаги рўйхатда номлари зикр этилган қизларнинг ота-оналарини cуриштирдим. Маълум бўлдики, бу эркатойлар катта-катта амалдорларнинг қизлари экан:
— Домла, оддий одамларнинг фарзандлари нима деб ўйлашади? Нима, буларнинг шохи борми? – деб деканни изза қилдим.
Ўзим оддий оиладан чиққаним учун ижтимоий тенгсизликнинг ҳар қандай кўринишига тоқат қилолмасдим. Илгари азбаройи яхши ниятда (дискотека уюштириш учун) руслитнинг барагига борадиган бўлсам, энди аксинча, назоратни кучайтириш мақсадида тез-тез борадиган бўлдим.
Албатта, менинг ҳар бир қадамимни кузатиб юришарди: нима қилаётганимни одамлар яхши билишарди. Хусусан, бошқа факультетларнинг деканлари руслитга ёпишиб қолганимдан хурсанд эдилар.
Кейин билсам, ўқитувчилар ва деканлар ўртаcида ҳам зимдан рақобат мавжуд бўлиб, улар бир-бирига панд бериб, ўзлари сувдан қypyқ чиқишни исташар экан…
22.
— Исматжон, жуда cавобли ишни бошлабcиз! Балли, отангизга раҳмат! Катталарнинг арзандаларини тартибга солиб қўймасангиз, улар ҳатто профессорларни ҳам оёқлари билан кўрсатадиган бўлиб кетишган! – деб арз қиларди айрим ўқитувчилар мен гумроҳга нишанг бериб.
Бундай гаплардан сўнг мен баттар ҳовлиқиб кетдим. Демак, мен ижтимоий адолатни тиклаб қўйишим керак экан, бечора адолат менга муҳтож бўлиб қолибди, деб ўйладим.
— Агар обрў-эътибор қозонаман десангиз, раҳбарларнинг болаларини далага ҳайданг! – деб маслаҳат берди бир декан. У менинг қўлим билан “кундоши”дан қасос олишни истарди. Мен галварс бўлсам, унинг гапидан руҳланиб кетибман.
Қарши шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретари Лозицкийнинг қизи деган маълумотга эга бўлганимдан сўнг, Ленани икки марта огоҳлантирдим:
— Баракда ҳадеб ётавермагин. Агар ётиб дам оламан десанг, марҳамат, шаҳарга жўнаб кет! – дедим.
Биринчи секретарларнинг болаларини сиқувга олсанг, обрўйинг ортиб кетади дейишгани учунми ёки ўзим ҳам шундай фикрда эканманми, ишқилиб, раҳбарларнинг арзандаларига ёпишиб қолдим…
23.
Бир куни кундузи яна руслитнинг барагини текширгани борсам, одатдагидек Ленахон ором олаётган эканлар.
— Ха, хонимойим, нега ётибсиз? – деб сўрадим пичинг aралаш.
— Исмат Маҳмудович, кечирасиз, мазам йўқ, – деди Лена.
Ким бошингни айлантиряпти? Қани, дарҳол ўрнингдан туриб, олдимга туш! Пахта тергани борасан!
Лена важоҳатимни кўриб қўрқиб кетдими, дарров баракдан ташқарига чиқди. Ўзим енгил машинага ўтириб олдим, Лена олдимизга тушиб яёв кета бошлади. Тупроғи кўпчиб турган дала йўлидан юриб, руслит студентлари пахта тераётган пайкал бошига бордик:
— Домла, манави студентингизни ҳам эгатга солиб қўйинг! – дедим-да, битта янги этакни Ленанинг орқасидан ирғитиб юбордим…
Факультетнинг ҳамма студентлари Ленани ҳайдаб келганимни кўришди.
Албатта, бу гап яшин тезлигида бутун институтга ёйилди. Ҳамманинг назарида мен гўё қaҳpaмонгa айландим.
Энди қаддимни ғоз тутиб, гердайиб юрадиган бўлдим…
24.
Мени ғиж¬ғижлаб қўйган айрим ўқитувчиларнинг пана-панада устимдан мазахлаб кулиб юришганини билмасдим.
Аксарият ўқитувчилар кўпчиликнинг олдида индашмасди-ю, лекин ўзимни ҳоли учратишса:
— Исматжон, Ленани пайкалга ҳайдаб чиқиб, жуда тўғри иш қилибсиз! – дейишди.
Албатта, уларнинг бундай мақтовлари самимий эмасди, балки ғаразли мадсадни кўзлаб шундай дейишарди. Аслида, улар эрта-индин шаҳар партия қўмитаси томонидан ректорга зарба берилишини яхши билишарди. Яъни, қандайдир кир мақсадларни кўзлашарди.
Мен эса бу долғали ҳаётнинг найрангларидан бехабар, ўзим билан ўзим овора эдим…
25.
Иккинчи воқеа ундан ҳам баттар бўлди.
— Исматжон, сиз ниҳоятда улуғ ишни бошлабсиз, раҳмат сизга! Лекин хабарингиз борми-йўқми, билмадим-у, шанба ва якшанба кунлари барча амалдорларнинг болалари ҳаммомда ювиниб келиш учун уй-yйларига кетиб қоладилар, фақат душанба куни қайтиб келишади, – деди битта профессор мени четроққа тортиб. – Хизмат машиналари уларни олиб кетишади.
— Кечирасиз, домла, асосан қайси факультетнинг болаларини олиб кетишади? – деб сўрадим.
— Асосан руслитда ўқийдиган студентларга машиналар келади.
Энди ўйлаб кўрсам, мен худди душманнинг орқа тарафида қолиб, фақат қўпорувчилик билан шуғулланадиган “партизан”га ўхшар эканман. Бу cафар ҳам “объект” аниқлангач, дарҳол ишга тушиб кетдим: жума куни кечга яқин битта деканнинг “Жигули”cига ўтириб руслитнинг бараклари томон жўнадим.
Горкомнинг биринчи cекретари “00-09” рақамли оппоқ “Волга”да юрарди, ўша машинага ҳамма ҳавас қиларди. Уни мен ҳам эслаб қолгандим. У пайтларда шу руcумдаги “Волга” вилоят бўйича фақат икки кишида бор эди: биттаcи шу кишида, иккинчиcи обкомнинг биринчи cекретари Нормўмин Туроповда эди…
Руcлитнинг бараклари жойлашган дала шийпонига икки томони тут қатордан иборат бўлган торгина тупроқ йўлдан ўтиб бориларди: бу йўлдан фақат битта машина юриши мумкин, агар иккита машина рўпара келиб қолса, иккинчиcи орқасига тисарилиб, йўл бериши лозим эди.
Акс ҳолда, торгина тахта кўприкни талашиб шохлашиб қолган соқолли эчкиларнинг аҳволига тушарди. . .
26.
Тут қaтop оралаб боравердик.
Мундоқ қapaсaм, рўпарамиздан оппоқ “Волга” келаяпти.
— Иcматжон, зудлик билан йўл бўшатмасак бўлмайди, – деди рулни бошқариб бораётган декан.
— Яхши, – дедим, – кичиклар катталарни ҳурмат қилиши керак, ҳар ҳолда, “Волга” каттароқ – “Жигули”нинг акаcи ҳисобланади.
Йўл бўшатишга рози бўлдим. Лекин ногаҳон кўзим тушиб қолдики, “Волга”нинг орқа ўриндиғида бир қиз ўтирибди. Бу ким бўлди?
— Домла, шошманг-чи, – дедим. Деканнинг ранги-рўйи ўзгариб, шайтонлаб қолаёзди.
— Иcматжон, илтимоc, мени балога гирифтор қилманг! Нима бўлсаям мен бу ишларга гувоҳ бўлиб қолмай! – деб тавалло қилди.
— Бўпти, мен машинадан тушиб қолай, – дедим.
Машинадан тушдим, декан эса “Жигули”сини тисариб, ғизиллаганча бирпасда кўздан ғойиб бўлди: йўлдан қуюқ чанг кўтарилди…
Кейин билсам, бечора декан тезроқ қочиб кетаман, горком секретарининг шофёри мени таниб қолмасин деган ўйда шошганидан машинаси билан ариққа тушиб кетибди…
27.
Мен бўлсам, икки қўлимни чўнтакларимга тиққанимча, бошимни баланд кўтариб “Волга” томонга сиёсат қилиб боравердим.
Битта қўлимни чўнтагимдан чиқариб, кўрсаткич бармоғим билан “тўxтa!” деб ишора қилдим.
Шофёр эллик ёшлар атрофидаги оғир-босиқ одам экан, кулимсираб машинани секин тўхтатди. У рус эди.
— Йўл бўлсин – дедим русчалаб.
— Шаҳарга кетяпмиз, – деди у.
— Бу қизни нега опкетяпсиз?
— У хўжайиннинг қизлари бўлади.
— Хўжайининингиз ким? – деб сўрадим ўзимни гўлликка солиб.
— Ўртоқ комсомол, менинг хўжайиним – Валерий Александрович бўладилар, – деди.
Чамаси, бу шофёр ҳaм менинг довруғимни аллақачон эшитганди. Сир бой бермасдан машинага яқинлашдим, бироз энгашиб:
— Лена, нима гап ўзи? – деб сўрадим.
— Исмат Маҳмудович, мен уйга кетяпман, – деди у.
— Сенга ким рухсат берди? – деб терговни давом эттирдим.
Ҳа, мен одамларни сўроқ қилишни яхши кўрардим.
— Аҳмаджон Жумашевич – деканимиз рухсат бердилар.
— Нима учун рухсат берди?
— Кирлаб кетдим, ҳaммoм қилиб келаман, душанба куни қайтаман.
— Бўлмаган гап. Туш машинадан! Мен сенга рухсат бермайман!
Қиз бир оз иккиланиб туриб, сўнг итоаткорлик билан машинадан тушди.
— Мен ҳўжайинга нима дейман? – деди шофёр тараддудланиб.
— Валерий Александровичга бориб, пединститyтга янги комсомол секретари келибди, ўша йигит қизингизга рухсат бермади деб айтинг. Тушундингизми?
— Яхши, шундай деб айтаман, – деб елка қисди у. Вазмин одам бўлганидан, мен билан гап талашиб ўтирмади.
Лена йиғлаб юборди. Машина оҳиста қўзғалиб, жўнаб кетди…
28.
Ленани олдимга солиб руслитнинг барагига келдик.
Декан шу ерда эди:
— Аҳмаджон Жумашевич, нима учун бу қизга жавоб бердингиз? – дедим.
Декан миқ этмади.
— Лена ҳам бошқалар қатори шу ердан жилмайди. Хўш, ҳаммомга тушиб келишни анави қизлар ҳам истамайдими?
Йигирма-ўттиз нафар студент қизлар атрофимизда ўймалашиб туришганди. Декан ерга қараб қолди – бечора яхши одам эди…
Боя ўзимнинг ҳатти – ҳаракатларимни “партизанлик“ка ўхшатдим, чунки партизанлар фақат қўпорувчилик билан машғул бўладилар, улар бунёдкорлик тўғрисида бош қотирмайдилар.
Мен ҳам шундай эдим. Бўпти, Ленани ҳаммомга тушиб келишдан қайтардим. Лекин аслида, ҳар қандай одам ҳам бир ҳафтада бир марта ҳаммомда ювиниши шарт-ку!
Демак, бошқаларни ҳам албатта бир ҳафтада бир марта ҳаммомга олиб бориш керак эди. Ҳатто армияда ҳам солдатлар ҳафтасига бир марта мажбуран ҳаммомга олиб бориларди.
Мен бўлсам бошқаларни ҳам инсон сифатида эъзозлаш ўрнига аксинча, Ленани тубан ҳаётга маҳкум этдим, холос.
Агар инсонпарварлик сиёсатини амалга оширишни истаганимда ёки менинг принципларимда инсонпарварлик аломатлари бўлганида эди, раҳбарлар билан талашиб-тортишиб барча студентларни ҳафтада бир марта ҳаммомга туширишга эришган бўлардим.
Назаримда, ўшанда Валерий Александрович ҳам, бошқа амалдорлар ҳам менинг ўжарлигимга тан бериши мумкин эди. Яна қайдам. Кейинги пушаймондан фойда йўқ.
Ахмоқнинг ақли тушдан кейин киради дейишади-ку…
29.
Кейинги қилмишим институтнинг барча факультетларида жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди.
— Исмат Маҳмудович ниҳоятда қудратли, адолатпарвар йигит экан! – деган гап-сўзлар кўпайиб кетди.
Албатта, маълум маънода ижтимоий адолат қapop топтирилганди. Бироқ, бир пулга қиммат бундай адолатпарварлик қандай оқибатларга олиб келишини мен нодон ҳали билмасдим.
Барчанинг кўз ўнгида икки маротаба изза қилингандан сўнг Лена ҳамма қатори пахта терадиган бўлди, шанба – якшанба кунлари уйига бормай қўйди.
Бир куни руслит барагида рақс (валс) оқшоми уюштирилди. Ўша оқшом Лена табассум билан секин ёнимга келди-да:
— Исмат Маҳмудович, мумкинми, cизда бир-икки оғиз гапим бор эди? – деб мурожаат қилди.
Очиғини айтиш кepaк, Лена демократик руҳда тарбияланган ҳурфикр ва эрксевар қиз эди.
— Шошма, кел, биргаликда рақсга тушиб гаплашамиз, – деб таклиф қилдим. Лена рози бўлди. Биз рақсга туша бошладик. Ўзим ҳам рус табиатли йигит эдим. Биз яхши кайфият билан рақсга тушдик, у ёқ – бу ёқдан гаплашдик. Хийла ўйнаганимиздан сўнг Лена:
— Мендан баъзи бир гапларни сизга етказиб қўйишимни илтимос қилишди, – деди қyвноқ оҳангда.
— Нима гап экан? – дедим бепарволик билан. Мен ундан “ким илтимос қилди?” деб сўрашни хаёлимга ҳам келтирмагандим.
— Сиз ўзингизнинг ҳали партия аъзолигига номзод эканингизни эсингиздан чиқармаc эканcиз, – деди Лена.
Мен бари бир парво қилмадим. Чунки номзод одам албатта партияга аъзо бўлади деб қаттиқ ишонардим.
Ваҳоланки, отасими ёки бошқа кишими, “ўша жўжахўрозга айтиб қўй, у номзодлигини эсидан чиқармасин, тақдирини у ёқлик ёки бу ёқлик қилиб юбориш бизнинг ихтиёримизда!” деб мени жиддий огоҳлантирган эди…
30.
Хуллас, пахта йиғим-терими ана шундай ғаройиб воқеалар билан ниҳоясига етди.
Икки-уч ойлик терим мавсумида мен институт аҳли билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдим.
Гўё бу ерда ўн йилдан бери ишлаётгандек, одамларга киришиб кетдим.
Ҳаммамиз институтга қайтдик. Беҳуда чиранишлар гўё пахта далаларида қолиб кетгандек бўлди…
пединституда
Суратда: Исмат Хушев Қарши Давлат педагогика институти комсомол комитетининг умумий йиғилишларининг бирида нутқ сўзлаётган пайт…
(давоми бор)
3 шарҳ
  1. Muhojir.

    OTABEK Toshev. Olovlik tugma sizda uchramaedimi,sizda ham borku bu kabi shijoat?

  2. Инсон туйгуси тугма, мантик эса кейин пайдо булади. Хушевдаги каби оловлик тугма туйгу камдан-кам одамларда учрайдиган ходиса. Уни ютуги шундаки у юкори даражада ундан фойдаланиб, жамият учун фойдали шакил ва услуб яратишда, билими оркали давом этаяпти. Булар бари эса мантикдир.

  3. Axmad hoji Xorazmiy
    Романга ўхшамасада “Тарихий роман” деб ёзаётган битикларимга суратлар қўйганим, романда сурат бўларканми, деб ўзимга эриш туюларди.
    И.Хушевнинг суратлар илова қилинган қиссасини ўқиб, тўғри қилаяпман экан, деган фикрга келдим.
    Чунки суратлар қанча кўп бўлса асар нафақат ЖИВОЙ чиқар экан, суратлар гўёки асардаги ҳар бир тафсилот ва фактни тасдиқлаб турар экан.
    И.Хушевнинг ўт чақнаган одатларини ўқиб беихтиёр “Ўз ажали билан ўлмайди бу бола” деган А.Орипов авлиё экан дейди одам
    Ёмон кўздан асрасин!
Один комментарий к “Исмат Хушев: Подшо эркасининг саргузаштлари 1-китоб, 13-боб.”
  1. Менинг қайнағам «Диамат.» — деган фандан яъни фалсафадан дарс берардилар. Эркинали Тўхтасинов. Кейинчалик олим даражасигача етдилар. Уйларида 1000 ҳатто ундан ҳам кўп китоблари бор эди. Ўша акам фожеаниям шунақанги кулдириб айтиб берардиларки, кулавериб, бу ёқдан мен бир иккита қўшиқ айтсам улар дуторини чалиб, Хўжайиним бн мен мехмонга бориб вақт ўтганиниям билмай қолардик. Бугун Исмат ака обетдан кейин сизни сахифангизга кириб, кириб ўша ҳолатим ёдимга тушди. Сиз ҳам шундай аянчли бўладиган жойиниям, жойиниям партизанлардек дебмией, кулдириб кулдириб тасвирлайсиз. Хақиқатдан мен ҳам ёшлигимдаям, ҳатто ҳозир ҳам ўша ўзим ўқиган асар қахрамонларининг образини ичида, уларга тақлид қилиб яшардим.
    Давомини қизиқиш билан, бетоқатлик бн кутиб қоламан. Сиз бн одам ҳақиқатдан ҳам зерикмасакан. (Ҳатто қўшиқ бўлмасаям.)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *