• Вс. Апр 20th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: “ОШКОРА ҚОТИЛЛИК ҚИССАСИ” 1-китоб, 14-боб, 2-қисм

Июн 17, 2017
(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари)
Биринчи китоб. 14-боб, 1-қисм
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
439
Суратда: Исмат Хушев Қарши Давлат педагогика институти комсомол комитети йиғилишида нутқ сўйлаётган пайт… 
“ОШКОРА ҚОТИЛЛИК ҚИССАСИ”

 

7.
Xуллас, Қаршида таъқиб-тазйиқ кучайиб кетди, бедодлик авж олди.
Бошимга ёғилаётган мусибатлардан шикоят килиб, КПСС Марказий Қўмитаси ва “Литературная газета”га шикоят ёзиб юбордим.
Салкам бир босма табоқдан иборат ўша мактубимнинг нусхаси шахсий архивимда сақланиб қолган экан.
Бу дилномани, сизга маълум бўлган тафсилотларни тушириб қолдирган ҳолда, эътиборингизга ҳавола этаман:
“Ҳурматли ўртоқлар!
Кейинги йилларда менинг ҳаётимда pўй берган бирталaй сўронли вокеалар ушбу мактубни ёзишга мажбур қилди. Илтимос, унинг ҳажми ва мазмунидан ҳайратланманг!
Мен бугун сизга институтимиз ва шаҳримиздаги айрим раҳбар ўртоқлар ҳанузгача танқид билан келиша олмаслигини, ҳақ гапни айтган ҳалол ва журъатли кишиларни таьқиб остига олиб, бадном қилишга, ҳеч бўлмаганда, маьнан маҳв қилишга одатланиб қолганликлари ҳақида ёзмокчиман.
Худди шу ўринда Карши шаxар партия кўмитасининг биринчи на иккинчи секретарлари Валерий Александрович Лозицкий билан Розия Аёзовна Рўзибоеваларни айбламокчиман.
Шаҳар партия қўмитасининг баъзи Бюро аъзоларини эса, лаганбардор ва маънавий пораxўрлар деб атамоқчиман.
Хўш, нима учун?
Бу саволга жавоб бериш учун эса, гапни узоқдан бошлашга тўғри келади.
Совет Армияси сафида хизмат қилиб юрган вақтимда КПСС аьзолигига номзод бўлдим.
Қарши Давлат педагогика институтида комсомол қўмитасининг секретари вазифасида ишлаб юрган пайтимда номзодлик муддатим тамом бўлди. Ўзим ҳисобида турган Филология факультетининг бошланғич партия ташкилотига ариза бердим.
Керакли xужжатлар тўплангач, улар мени партия аъзолигига ўтказиш тўғрисида қарор қабул килдилар. Лекин уч киши ўша қарорга қарши чиқди. (“Каршибойлар” xакида кейинрок тўxталиб ўтaмaн).
Бошланғич партия ташкилотининг мен учун тарихий бўлган ўша қарорини институт партия ташкилоти ҳам, Қарши шаҳар партия қўмитаси ҳузуридаги Партия комиссияси ҳам бир овоздан тасдиқлайди.
Бирок, шаҳар партия қўмитасининг 1985 йил 17 декабрь куни бўлиб ўтгaн Бюро мажлиси биринчи ва иккинчи секретарларнинг босими остида, партия Уставининг 16 -параграфига мувофиқ мени аъзоликка қабул қилмади.
Мен Бюро қароридан норози бўлдим. Бу ҳақда вилоят партия қўмитасига мурожаат этдим. Шундан cўнг Валерий Лозицкий Бюро номига кайта ариза ёзишим кераклигини айтди.
Аризамда ўзимга қўйилаётган айблар асоссиз эканлигини исботлаб бердим. Мени навбатдаги Бюро мажлисига таклиф этажакларини билдирдилар.
Ўшa мажлис икки ойдан кейин бўлиши керак экан. Афсуски, икки ой мобайнида шаҳар партия қўмитаси менинг устимдан ёлғон¬яшиқ маьлумотлар тўплаш билан машғул бўлишини мен ҳали билмасдим…
Бошланғич партия ташкилотининг йиғилишида менга рўйхушлик бермаган “қаршибойлар” тўғрисида.
Биринчиси – доцент Tуpcyн Сафарович Бозоров.
Ўтган йилги кабул имтиҳонлари даврида бизнинг муносабатларимиз бузилган.
Мен Аппеляция комиссиясининг аъзоси сифатида ёзма ишига кўйилган баҳодан норози бўлган бир абитуриентнинг “K-20” рақамли иншосини қайта текширган эдим. Иншо “ўpтача” ёзилган, жиддий хатоларга йўл қўйилмаган, бир cўз билан айтганда, “уч” баҳога арзирди.
Комиссия аъзоларига ўз ¬ мулоxазаларимни айтдим. Лекин уларнинг фикри бир жойдан чиқмади. Шу боис четдан бетараф бир мутахассис таклиф этишга қарор қилдик. Ўша “бетараф” мутахассис – Турсун Сафарович эди. У иншони текшириб: “қониқарсиз” баҳо тўғри кўйилган, деди.
Мен унинг ноҳақлигига чидолмай: “Адолат қилинг, доцент” деб ўшқирдим. Биз гап талашиб қолдик. Охири вазиятни юмшатиш учун: “Бўпти, узр, ҳазиллашдим, – дедим. – Домла, эсингиздами, Отабек xам Худоёрхонга “адолат борми сизда, жаноб!” деганди… Мен Отабекка тақлид қилдим, холос”.
Хуллас, доцент узримни қабул қилмади: “Ўша Отабек ҳам аҳмоқ эди! Аҳмоқ бўлмаганда Худоёрхондан эмас, балки Мусулмонқулдан кечирим сўраган бўларди!” деди ғазаби қўзиб…
Даҳанаки жангдан сўнг Бозоров менга нисбатан кек сақлаб юрарди – кек партия ташкилотининг мажлисида битта “қарши” кўринишида ўз ифодасини топди…
Иккинчи “қаршибой” – доцент Амир Ҳазраткулов эди.
Ўтган йили институт партия қўмитасининг қарорига кўра Бухгалтерия бўлимининг фаолиятини текшириш учyн махсус комиссия тузилади.
Мeн ўша комиссиянинг аьзоси сифатида талабаларнинг стипендияларига алоқадор ҳужжатларни текширишим лозим бўлиб колди.
Айрим маълумотларга қараганда, 1981 йил тaйёрлов бўлимида талабаларга икки ойлик стипендия берилмаган экан. Шу маьлумотни аниқлашга киришган кунимиздан эьтиборан Амир Ҳазраткулов менга нисбатан тўнини тескари кийиб олди.
Сабабини суриштирсам, айнан ўша йили у киши тайёрлов бўлимида декан бўлиб ишлаган экан. Албатта, у аллақачон ҳужжатларни тўғрилаб, чокини-чокига бостириб қўйганди. Гувоҳларнинг оғзаки кўргазмалари эса ҳеч қандай “ашёвий далил” бўлолмасди.
Домланинг кирдикорлари бир кўтарилиб, остидан шабада ўтказилиб, янгилаб қўйилди, холос…
Учинчи “қаршибой” – доцент Кенжа Усмонов эди. У Турсун Бозоровнинг поччаси экан.
Ўтган йили филология факультетининг сиртқи бўлимида ўқийдиган талабалар менинг номимга шикоят хати ёзишиб, ғўзани яганалаш даврида Кенжа Усмоновнинг антиқа ишларидан норози бўлишганди.
Кейинчалик ўша шикоят юзасидан у проректоримиз Абдусалом Ўроқовнинг номига тушунтириш хати ёзиб беради.
Ажабки, Кенжа Усмонов ўз қўли билан ёзган хатда талабалардан 240 сўм пул йиғиб олганини, уйида боқиб юрган ориқроқ битта қўйни студентларга сўйиб берганини тан олади…
Ваҳоланки, 240 сўмга битта эмас, бешта қўчқор харид килиш мумкин эди.
Йўқ, аслида, доцент талабаларни сийлаш ниятида эмас, балки пора сифатида (битта “зачёт”нинг баҳоси ҳар бир талабадан ундириб олинса, 240 cўм бўларди) пул олади. Лекин талабалар номидан шикоят ёзилганини эшитгач, қишловдан тавбасига таяниб чиққан қўйини далага элтиб “қон чиқариб” юборади…
Бошланғич партия ташкилотининг мажлисида менга рўйхушлик бермаган “қаршибойлар”нинг ҳақиқий қиёфаси ана шундай эди.
Қизиғи шундаки, улар мени “тарбиясиз” деб айбладилар.
Яъни ёши катталарни ҳурмат қилиб, қадрламайдиган, “тирноқ остидан кир қидириб” бўлар-бўлмас гаплар билан уларни ранжитадиган бетга чопар, шаккок эмишман…
Мана шунақа машмашалар билан Карши шаҳар партия қўмитасининг биринчи Бюросига етиб бордим.
Бюро мажлисининг ўзимга алокадор бўлган қисмининг протоколидан кейинчалик кўчирма олгандим.
Мана ўша кўчирма:
Лозицкий В.А. (шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретари) – Ўртоқлар, рўпарангизда турган бу йигит узоқ вақтдан бери шаҳар комсомол қўмитаси билан суришиб келади. Биз бугун yнинг масаласини узил-кесил ҳал этишимиз керак. Сўз – шаҳар комсомол қўмитасининг биринчи секретари, ўрток М.Р. Хидировага берилади. Марҳамат!
Хидирова М.Р. – Биз ўртоқ Исмат Хушевни партияга тавсия килдик. Эҳтимол, коммунист бўлгач, масьулият туйғуси кучаяр…
Лозицкии В.А. – Нега принципсизлик қиляпсиз? Ахир, илгари унга тавсиянома бермаган эдингиз-ку! Энди уни қўллаб-қувватлаб ўтирибсиз! Ё сизни биров мажбур қилдими, зўpладими?
Xидирова М.Р. – Очиғини айтсам, Валерий Александрович, шундай бўлди. Вилоят комсомол қўмитаси мени зўpлади. Аслида, қарши эдим…
Лозицкий В.А. – Тушунарли, ана энди ўзингизга келяпсиз!
Алиев С.А. (шаҳар прокурори) – Ўртоқлар, бу йигитга ўxшаганларни умуман партияга яқинлаштирмаслик керак! У бир пайтлар пора олиб қўлга тушган институт ўқитувчисини ҳимоя килиб, талабаларни сотқинликда айблаган эди…
Рўзибоева Р.А. (шаҳар партия қўмитасининг иккинчи секретари) – Очиғини айтсам, ўpтоклар, мен сафимизга Исмат Хушевга ўxшаганларнинг суқилиб кириб олишига батамом қаршиман! Сизлар биласизларми-йўқми, институтда руҳий¬маънавий аҳвол ниҳоятда ёмон. Бу йигит бир гуруҳ нуфузли профессорларнинг ҳомийлиги остида коммунистларнинг ҳисобот-сайлов йиғилишида институт партия ташкилотининг секретарини танқид қилиб чиқди!
Шукуров А.И. (шаҳар ижроия қўмитаcининг раиcи) – Вой ярамас-эй, партком секретарини танқид қилишни сенга ким кўйибди! – Ундан кўра, ётоқхоналардаги иситиш қурилмаларини таьмирлаш билан, ошхона ёки ҳожатхоналар билан шуғуллансанг бўлмасмиди, маҳмадона!
Лозицкий В.А. – Ўртоқ Хушев, Москвада бўлиб ўтган СССР Ёзувчиларининг VII- курултойи делегатлари сафида Қизил Майдондаги Ленин мавзолейига гулчамбар қўйиш маросимида қандай қилиб ўралашиб колган эдингиз?
Хушев И. – Мени КПСС Марказий Қўмитасининг аъзоси, икки марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Георгий Марков таклиф қилганди…
Лозицкий В.А. – 1978 йил cтудентлик вақтингизда Ўзбекистон телевиденияси орқали қандай қилиб чиқиш қилгансиз? Эшитишимга қараганда, ўшанда операторнинг кўзини шамғалат қилиб, камеранинг рўпарасида ғўддайиб туриб олган экансиз.
Хушев И. – Бўлмaган гап! Агар, Валерий Александрович, уч cўм берсангиз, Сизни ҳам телевизордан кўрсатишлари мумкин… (3алда гурр этиб кулги кўтарилади).
Лозицкий В.А. – Нима учун тўйларда раислик киласиз? Айтишларича, ғирт маст бўлиб юмалаб колар эмишсиз. Хурмачангизга cиққунча ичсангиз бўлмайдими?
Хушев И. – Тўйларда раислик килишим рост, шу баҳонада шонли партиямизнинг доно сиёсатини халқ орасида беминнат пропаганда қиламан. Лекин қанча ичишнинг меъёрини ҳам биламан…
Лозицкий В.А. – Ўша меъёрни биз ҳам билсак бўладими?
Хушев И. – Атоқли ёзувчимиз Абдулла Каҳҳорнинг “Ёшлар билан суҳбат” китобини ўқисангиз, билиб олишингиз мумкин. Лекин сиз “Прaвдa”нинг бош мақоласидан бошка нарсани ўқимайсиз, буни биламан. Шунинг учун, майли, ўзим айтиб бераман: одам ўз елкасидан ошириб тупурадиган даражага етгунча ичиши керак. Елкасидан ошириб тупура олмай колса, дарҳол ичишни тўхтатиши лозим. Шунда хурмачаси тўлган бўлади…
Овоз. – Вой аблаҳ-эй, биринчи секретарга ақл ўргатаяпти-я!
Шукуров А.И. – Ўртоқлар, бу йигитнинг институтдa ишлаб юришининг ўзи жамиятимиз учун хавфли! Уни тезроқ бирор жойга гумдон қилишимиз керак. Всё!
Лозицкий В.А. – Яхши, ҳаммаси тушунарли. Ана энди, ўртоқлар, марҳамат қилиб ўртоқ Хушевга партия Устави ва Программаси бўйича саволлар беришингиз мумкин…
Хидирова М.Р. – Айтинг-чи, ўртоқ Хушев, биз ҳозир қандай жамиятда яшаяпмиз?
Хушев И. – Биз ҳозир синфсиз жамиятда яшаяпмиз.
Хидирова М.Р. – Аниқроғи?
Хушев И. – Ривожланган социалистик жамиятда яшаяпмиз.
Алиев С.А. – Гражданин Хушев, қачон коммунизм бўлади?
Хушев И. – Лениннинг ҳисоб-китоблари бўйича, биз қирқ йилдан бери коммунизмда яшаяпмиз…
Овоз. – Ёлғон! Тўҳмат!
Хушев И. – Ишонмасангиз, yйингизга бориб яна бир марта Лениннинг “Коммунистик ёшлар союзининг вазифалари” асaрини синчиклаб мутолаа қилиб кўринг!
Лозицкий В.А. – Ўртоқлар, мана, кўpиб турибсиз, бизнинг Бюромизни лақиллатиш осон эмас. Мен бу йигит тўғрисида кўпдан буён ўзимнинг қатьий фикримга эга эдим. Бугун ўша фикрим тўғри зканлигига яна бир бора ишонч ҳосил қилдим. Ўрток Хушев, энди сиз институтда ишламайсиз. Сизни чиниқтириш учун ишчилар орасига жўнатамиз. Ана ўша жойда ўзингизни ҳар томонламa кўрсатишингиз мумкин. Лекин сизга битта маслаҳатим бор, эшитишимга қараганда, шикоят қилишга уста экансиз. Мен сизгa шикоятбозликни маслаҳат бермайман. Беҳуда, бемаъни ишлар билан машғул бўлманг! Чунки, охири вой бўлади, ўзингизга ёмон бўлади. Партиямиз ҳозир ўз сафини сизга ўхшаган лўттибозлардан тозалаяпти, биз бу савобли ишни албатта охирига етказамиз! Эътиборларингиз учун ташаккур!
Биринчи Бюро йигилиши мана шундай “қopa томоша” билан якунланади…
… Бюрода партия масалам кўрилишидан бир оз илгарироқ райком ҳуқуқига эга бўлган комсомол кўмиталарининг секретарларини Валерий Лозицкий xузурига таклиф этишди. Биринчи секретарь билан “ошкора суҳбат бўлади” деб бизни ишонтиришди. Дарҳақиқат, ошкора суҳбат бўлди. Валерий Александрович ҳамма секретарларнинг гапларини сабр-тоқат билан тинглади-да, навбат менга етганда: “Ўтиринг, сиз институтда тасодифий одамсиз!” деб ўшқириб берди.

пединститут қизлари билан

Суратда: Қарши Давлат педагогика институти комсомол комитети секретари Исмат Хушев студент ёшлар билан…
Бошка бир куни шаҳар партия қўмитасининг конференцияси чақирилди. Комсомол ташкилотларининг секретарлари ҳам анжуманга таклиф этилди. Жумладан, мен ҳам бордим. Горкомнинг масьул ходими Ботир Эгамов:
— Сиз иккинчи қаватда кутиб туринг… – деди.
Шу пайт Валерий Лозицкий мени кўриб қолди ва горком инструкторига:
— Анавини ҳайдаб юборинг! – деб кўрсатма берди. Ўзи эса виқор билан конференция ўтказиладиган залга кириб кетди…
Қарши шаҳар партия қўмитасининг иккинчи секретари Розия Аёзовна Рўзибоева ҳақида ҳам қисқача тўxталиб ўтишим лозим. Бу аёл билан тўқнашувимиз ҳам иш пайтида рўй беради. Философия кафедрасининг доценти Т.Узоқов шу кафедра мудири профессор Анвар Чориевнинг устидан шаҳар партия қўмитасига шикоят қилади. Гўё кафедра мудири Узоқовнинг устидан уни хотинига айтиб туриб ариза ёздириб олган эмиш. Ваҳоланки, Узоқовнинг хотини эрининг устидан шикоят қилиб, ўзи институтга келганди. Лекин эр-хотиннинг можаросига ректор аралашишни истамайди ва уни қабул ҳам қилмайди. Негадир ўша аёл менга рўпара келиб қолади. Эҳтимол, кимдир уни атайлаб менинг ҳузуримга юборгандир.
— Эримнинг бошлиғи билан учрашмокчиман. Илтимос, менга ёрдам беринг, – деди аёл ҳунг-xунг йиғлаб. Мен философия кафедрасининг мудири Анвар Чориевга сим қоқдим:
— Битта аёл келибди, илтимос, гаплашиб кўринг, – дедим.
Хуллас, Чориев менинг илтимосим билан ўша аёлни қабул қилади. Кейин нима бўлганини билмайман. Орадан бир неча кун ўтгач Р.А Рўзибоева институтга ташриф буюради. Қизиғи шундаки, бу ташриф самараси ўлароқ доцент Узоқов билан профессор Чориевнинг ўзаро муносабати муҳокама қилинди. Домлани атайлаб ариза ёздириб олганликда айблашди. Шунда мен ўрнимдан туриб бояги бўлган воқеани рўй-рост айтиб бердим. Аёл шикоят қилиб, ўзи келганлигини айтдим. Бирдан Розия Аёзовнанинг жаҳли чиқиб кетди:
— Ҳамма ишга бурнини тиқиб юради дейишганди, тўғри экан. Бировларнинг тўшагига суқилиб нима қиласан! Аслида, Анвар Чориев ҳам, сен ҳам бир гўрсан! – деди Рўзибоева.
— Кечирасиз, Розия опа, горкомнинг секретари бўлсангиз ҳам, оғзингизга қараб гапиринг! – дедим нафсониятим оғриб. – Эҳтимол, бировларнинг тўшагига ўзингиз аралашаётгандирсиз. Мана, атайлаб шу масалани муҳокама қилгани келиб ўтирибсиз-ку!
Рўзибоева аразлаб мажлисдан кетиб қолади. Назаримда, у оилавий можарони ҳал этиш учун эмас, балки профессор Анвар Чориевни жазолаш мақсадида келганди. Лекин мен унинг режаларини бузиб юборгандим…
Сўнгра институт партия ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлди. Унда Рўзибоева ҳам иштирок этди. Мен йиғилишда сўзга чиқдим: институтдаги камчиликларни танқид қилдим. Раёсатда қўр тўкиб ўтирган Розия Аёзовна ўрнидан туриб:
— Танқид қилишни сенга ким қўйибди, зумраша. Ундан кўра, дил сўзларингни шеьр қилиб, бирорта редакцияга юборсанг бўлмайлими? Оббо маҳмадона-ей, жуда жонга тегдинг-ку! – дейди.
Йиғилишда иштирок этган институтнинг 105 нафар коммунисти горком секретарининг бу сўзларига гувоҳ бўлишган…
Энди шаҳар комсомол кўмитасининг биринчи секретари Хидирова Манзура Рўзиевна ҳақида. Институтга ишга келганимга эндигина бир йил бўлди, лекин шаҳар комсомол қўмитасида мени олти марта муҳокама қилишга улгуришди. Икки марта ишдан четлатишди. Икки сафар ҳам инсититут жамоаси билан вилоят комсомол қўмитаси аралашганидан сўнг ишга қайта тикландим.
Манзура Рўзиевнанинг лаёқатсиз раҳбар эканини дастлабки кундардаёқ пайқагандим. Кейинчалик бунга амин бўлдим. Йиғилишларда менга умуман сўз беришмасди. Шунга қарамасдан, қайсидир бир йиғинда сўз олдим ва: “Комсомол ишлари оқсаётган бўлса, бунга биринчи навбатда Манзура Рўзиевна айбдор!”, дедим очиқчасига. Ўз фикр-мулоҳазаларимни қатор далиллар билан исботлаб бердим. Ўшандан кейин у ҳам Валерий Александровичнинг ноғорасига ўйнай бошлади.
Орамизда бўлиб ўтган паст-баланд гапларни ёзадиган бўлсам, бутун бошли “Уруш ва тинчлик” эпопеясига айланиб кетади. Аммо мен бекорга вақтимни сарфлаб ўтирмайман. Ундан кўра, биринчи Бюродан кейин содир бўлган воқеалар тўғрисида гапириб бераман.
Биринчи воқеа: Қарши шаҳар партия қўмитаси ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири М.Т. Тиркашев билан шаҳар ички ишлар бўлимининг бошлиғи М.Н. Нурматов ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбатдан кўчирма:
М. Тиркашев. – Ўртоқ Нурматов, сиздан илтимос, пединститутга беркитилган участка инспектори, лейтенант Хўжамуродовни дарҳол бизнинг ҳузуримизга жўнатсангиз!
М. Нурматов. – Тинчликми ишқилиб.
М. Тиркашев. – Тинчлик. Институт комсомол ташкилотининг секретари Исмат Хушев масаласида гаплашмокчимиз. Эшитишимизча, Исмат қайсидир бир тўйда ичиб олиб, тўполон қилган экан. Ўша воқеани кўрган гувоҳларни топиш лозим. Қисқаси, комсомол секретарининг ичиб олиб, тўполон қилгани тўғрисидаги маьлумот исботланиб, расмийлаштирилиши шарт.
М. Нурматов. – Кеча Валерий Александрович ҳам шу ҳақда сўраб-суриштирганди. Лекин ўша воқеага салкам бир йил бўляпти…
М. Тиркашов. – У ёғи билан ишингиз бўлмасин. Йигитча бизнинг қароримиздан норози бўлиб, ҳар жойларга шикоят қилиб юрибди. Хуллас, участка инспекторини топиб, ҳузуримизга жўнатинг! Қолган ишларни ўзимиз эплаймиз…
Иккинчи воқеа: Жисмоний тарбия ва спорт факультетининг 1- курс студенти Наримон Шодиевнинг менга ёзиб берган “Тушунтириш хати”дан кўчирма:
Мени яқинда, аниқроғи, 20- декабрь куни шошилинч равишда шаҳар партия қўмитасига чақириб қолишди. Мен коммунист эмасман, лекин партияни ҳурмат қиламан, чақирилган жойга дарҳол етиб бордим. У ерда “Исмат Хушев битта тўйда ичиб олиб, тўполон қилган” деган мазмунда хат ёзиб беришимни илтимос қилдилар. Менга чой дамлаб беришди, оилавий аҳволим билан қизиқишди, келажакда ёрдам қиламиз дейишди. Майли, ёрдам берадиган бўлсангизлар, мен бор гапни ёзиб беришим мумкин, дедим.
Бор гап шундан иборат эдики, бундан олти-етти ойлар муқаддам ётоқхонамизга яқин жойдаги маҳаллада ярим кечагача дабдабали тўй давом этганди, тўйхонада музикани овоз кучайтиргич билан бақиртириб қўйишгани учун талабалар дарс ҳам таёрлай олмадилар, уxлашмади ҳам. Шунда сиз уч-тўртта бақувват студентларни (мен ҳам шулар орасида эдим) ёнингизга олиб тўйхонага боргандингиз ва музикани ўчиртириб қўйгандингиз. Мен “тушунтириш хат”имда шуларни ёздим. Уларга ўша воқеанинг тафсилотлари нима учун керак бўлиб қолганини дастлаб тушунмадим. Ҳатто менга ёрдам бериш мақсадида атайлаб синаб кўришяпти деб ўйладим. Кейин билсам, улар сизни партия аьзолигига қабул килишмаган экан. Ўлай агар, ўша “тушунтириш хат”имдан сизга қарши дастак сифатида фойдаланишлари мумкинлигини xаёлимга ҳам келтирмагандим. Биз студентларнинг назарида сиз, Исмат ака, партияга муносиб инсонсиз! Биз ҳам сиздек ҳақиқатпараст бўлишни орзу қиламиз. Горкомга ёзиб берган “тушунтириш хат”им учун мени кечиринг…
Н. Шодиев. 10- январь, 1986- йил. (Имзо).
Учинчи вокеа: Жисмоний тарбия кафедраси ўқитувчиси Тоштемир Арслоновнинг менга ёзиб берган “Тушунтириш xати”дан кўчирма:
“Бир куни шошилинч равишда горкомга чакириб колишди. Ўзимни йўқотиб кўйдим. У ерда мендан Исмат Хушев тўғрисида бўлмаган гапларни ёзиб беришимни талаб қилишди. Ўртоқ Тиркашевнинг хонасида участка инспектори ҳам бор эди. Масьул ўртоқларнинг юзларидан ўтолмасдан, битта тушунтириш хати ёзиб бердим. Кейин маьлум бўлишича, ўша хатни дастак қилишиб, сизни партия аьзолигига кабул қилишмабди. Мен бундай бўлишини хаёлимга xам келтирмагандим. Мен комсомол секретаримизни яхши дўст, қизларга гап отмайдиган ҳушёр сиёсий раҳбар деб биламан.
Т. Арслонов, 7- февраль, 1986- йил. (Имзо).
Тўртинчи воқеа: Ўша кунларда вилоят партия қўмитасининг Бюро аьзолари вилоят комсомол фаоллари билан ушрашдилар. Мен учрашув чоғида сўз олиб, шаҳар партия қўмитаси ва унинг такаббур биринчи секретари фаолиятини танқид қилдим.
Газета хабаридан: “Транспорт муаммолари, студентларнинг овқатланиши ва маиший турмушига доир шаҳар партия қўмитасининг бевосита фаолиятига доир масалаларни Қарши Давлат пединститути комсомол ташкилоти секретари И. Хушев кўтариб чиқди. Вилоят партия қўмитасидаги учрашув комсомол ташкилотларига партиявий раҳбарликни янада яхшилаб юборади”.
(“Кашкадарьнская правда” газетасининг 1986- йил 8- февраль сонидан).
Бешинчи вокеа: Депутат В.А. Лозицкийнинг сайловчилар билан учрашуви чоғида унга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдим:
1.“Ҳурматли Валерий Александрович, Сиз биринчи секретарь ва Республика Олий Советининг депутати сифатида ўз ишингизда ва умуман, шаҳар партия қўмитасининг фаолиятида кечириб бўлмас ва қўпол хатоларга йўл қўйилаётганини тан оласизми?”
2.“Мана, Ўзбекистон Марказкўмининг ХVI- Пленумидан кейин бир ярим йил вақт ўтди. Сиз, Валерий Александрович, ўз ишингизни ХVI- Пленум кўрсатмалари бўйича қайта қуришни қачон бошлайсиз?”
В.А. Лозицкийнинг сайловчилар билан мазкур учрашуви 1986- йилнинг 15- февраль куни Қарши шаҳрида бўлиб ўтади. Мени эртаси куниёқ шаҳар партия қўмитасига чақиртиришди.
Биринчи Бюродан сўнг турли йўллар билан тўпланган “айбларим” билан ўзимни таништиришди:
— Энди аьзоликка тавсия этилмайсиз. Буниси аниқ. Бундан кейин жимгина юрмасангиз, шаҳардан бадарға қилиб юборамиз! – деди Лозицкий.
Мен ўзимни тутиб тура олмадим:
— Валерий Александрович, Сиз менинг устимдан бўҳтон уюштиришга қанчалик ҳаракат қилманг, лекин мен партия аьзолигига барибир ўтаман. Сиз ҳали бу қилмишларингиз учун жавоб берасиз! Мен партия билетимни шу ерда, биринчи секретарнинг қўлидан оламан! Аммо ўша пайтда Сиз бу кабинетда бўласизми-йўқми, буни аниқ айтолмайман, – дедим ҳаяжонланиб.
— Токи мен бор эканман, икки дунёда ҳам коммунист бўлолмайсан! – деди Валерий Александрович ўшқириб.
— Менга ўшқирманг! Уйингизга бориб арзанда қизингизга ўшқирасиз! – дедим-у, эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетдим…
Орадан бир соат ўтар-ўтмас, мени партия аьзолигига ўтишим учун тавсиянома ёзиб берган коммунистлар – тарих фанлари доктори, профессор Обод Жўракулов билан доцент Неьмат Элмуродовлар шошилинч равишда шаҳар партия қўмитасига чақиртирилади.
Улардан менга берган тавсияномаларини қайтариб олиш талаб қилинади. Лекин улар бундай талабни қатьиян рад этадилар.
Шундан сўнг менинг устимдан бўҳтон уюштириш компанияси янада қизитиб юборилади.
Ғаюр кимсалар ҳар бир қадамамни кузата бошлайдилар. Кейинги кунларда рақамсиз оқ “Жигули” изимдан тушганини сезиб қолдим.
4- февраль куни Казакова кўчасида турган машинамнинг орқа рақамини (94-40) ечиб кетишди. Маьлум бўлишича, рақамни участка инспектори Маҳмудов ечиб олган экан
(Ўрток Маҳмудовнинг Қарши шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи номига 1986- йилнинг 10- февраль куни ёзган 576- сонли рапорти ҳам буни тасдиклайди).
Уч сўм жарима тўлаб, машина рақамини қайтариб олдим. Лекин нима учун жарима тўлаганимни ҳалигача билмайман. Чунки ўша кўчада ҳар куни машинамни қолдирардим, бошқаларниинг машинаси ҳам ўша ерда турарди
(агар ўша уч сўмни “Пахтакор” стадионига футбол кўргани кириб, операторга берганимда, мени беш-олти марта ашаддий мухлис сифатида экранга яқин келтириб кўрсатган бўларди).
13- февраль куни шаҳар партия қўмитаси биносининг рўпарасида кичик зобит Эшонқулов тўсатдан талонимни тешиб берди. Айбим нималигини айтмади. Ваҳоланки, бир йилдан буён машинамни шу жойга қўярдим, ҳеч ким миқ этмасди…
17- февраль куни вилоят партия қўмитасининг иккинчи секретари М.Ф. Солдатов қабулида бўлдим. Обком биносидан чиқиб машинамга ўтирган пайтимдан эьтиборан ўша рақамсиз ок “Жигули” изимдан таьқиб этиб келаверади – орқани кузатиш кўзгусидан уни зимдан кузатиб боравердим.
“Заря” меҳмонхонасининг рўпарасида у мени қувиб ўтиб йўлимни тўсди-да, яна талонимни тешиб берди. Суриштириб билсам, рақамсиз машина ҳайдовчиси – ГАИ ходими Ўрол Жумаев экан. Унвони – старшина.
Ўша ўзбошимча устидан шикоят қилиш учун Қарши шаҳар ички ишлар бўлимига бордим. Бўлим навбатчиси Йўлдош Раҳмонов арз-додимга қулоқ солиш ўрнига ҳамма ҳужжатларимни олиб қўйди…
5, 11, 16, 21- февраль кунлари участка инспектори Xўжамуродов ётокхонамга келиб, менинг ичган-ичмаганимни текшириб кетди. Март ойида ҳам унинг кузатуви остида бўлдим.
Бир куни вилоят партия қўмитасига бориб:
— Қандайдир шубҳали кимсалар мени кузатиб юришибди, – дедим. – Агар менга бирор кор-ҳол бўлса, ўзларидан кўришсин! Шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретари Лозицкий мени ёлланма қотилларнинг қўли билан йўқотиб юбормоқчи деб хат ёзиб, ишончли одамларга тарқатиб қўйганман. Бир неча нусхада. Айтиб қўяй, менинг ўлигим жуда қимматга тушади! – деб очиқчасига огоҳлантирдим.
Ажабки, эртаси кунидан бошлаб мени ҳеч ким кузатмай қўйди.
Қўрқишдими ёки менга раҳмлари келдими – билмайман…
15- февраль куни Ленин кўчаси бўйлаб кетаётсам, узун бўйли, келишган ГАИ ходими машинамни тўхтатди. Ҳужжатларимни текшираётиб, паст товушда:
— Сиз ростдан xам Хушевмисиз? Институт комсомол ташкилоти секретаримисиз? – деб сўради.
— Xа, менман, – дедим негадир юрагим ғашланиб.
— Қайси райондансиз, ука?
— Китобданман. Нимайди? – дедим.
— Ёнингизга ўтирсам майлими? – деб изн сўради. Бир оз ўйланиб ўтиргач: – Мен сизга бир гап айтаман, лекин кимдан эшитганингизни бировга айтмайсиз. Келишдикми?
— Бўпти, айтмайман, – деб ваьда бердим.
— Вилоят ГАИси дачасининг биллиардхонасида 1- февраль куни шаҳар ички ишлар бўлимининг бошлиғи Нурматов билан вилоят ГАИсининг бошлиғи Азимов учрашишди. Улар Исмат Хушев тўғрисида гаплашдилар. Суҳбат давомида Валерий Александрович билан шаҳар паррандачилик фабрикаси директори Меркуловларнинг номлари бир неча марта тилга олинди. Улардан сизни кузатиб, устингиздан маьлумот тўплаш тўғрисида топшириқ олишган. Вилоят ГАИсида завхоз бўлиб ишлайдиган Хасан ака ўша суҳбатни эшитган. У меҳмонларга палов дамлаб берган, косагуллик қилган. Ўша куни эрталаб Меркуловни Азимовнинг қабулхонасида учратишган. Биласизми, йўқми, Меркулов Лозицкийнинг божаси бўлади. Шунинг учун ҳам паррандачилик фабрикасининг хизмат машинаси рақами “11-70 КФО”. Ҳолбуки, бундай рақамлар факат обком ва облисполкомга қарашли машиналарга берилади. – деди ГАИ ходими. – Синглим институтда ўқийди, биз ҳам сизга xайрихоҳмиз. Ҳушёр бўлиб юринг…
ГАИ ходимлари орасида ҳам инсофли, диёнатли инсонлар бор экан.
Кейин Қаршида сайловчиларнинг И.Б. Усмонхўжаев билан учрашуви бўлиб ўтди. Ўша учрашувда қатнашадиган сайловчилар ҳам олдиндан “сайлаб” олинди. Мен сайлаб олинган сайловчилар рўйхатида йўқ эдим. Институт парткоми Жалил Шукуровичдан:
— Нега рўйхатга мени киритмадингиз? – деб сўрадим.
— Узр, Исматжон, горкомдан шундай кўрсатма беришган, – деди у рўй-рост.
— Лекин мен барибир учрашувга бораман ва сўзга ҳам чиқаман! Керак бўлса, шоир Усмон Азимовнинг ХVI- Пленумга бағишланган балладасини ёддан ўқиб бераман! – дедим одатдагидек ҳаяжонланиб.
— Қанақа баллада? – деди Жалил Шукурович хавотирланиб.
— “Ёшлик” журналида эьлон килинган, “Тазарру” деб аталади. Охири: “Ленин тирик экан, ишондим!” деб якунланади…
— Ҳа-а, – деди партком секретари енгил тин олиб, – мен ўйлабманки, партияга қарши шеьрмикан деб…
Лекин ўша куни воқеалар бошқача тус олиб кетди. Соат ўн иккиларда институтга шаҳар ҳарбий комиссарлигидан майор Муродов келиб, мени роса қидиради. Мен бўлсам, кутубхонада ўтириб, оташин нутқ сўзлашга ҳозирланаётган эдим.
— Зудлик билан военкоматга етиб борсин! – деб майор Муродов менга чақириқ коғози ташлаб кетибди. Бу расмий коғоз (повестка) бўйича, кечки соат 16.00 да ҳарбий комиссарликда ҳозир бўлишим лозим эди.
Айтилган муддатда комиссарликка бордим. Улар мендан паспорт билан ҳарбий билетимни талаб килишди. Бердим.
— Ўрток сержант, сизни уч ойлик ҳарбий хизматга сафарбар этамиз, – дейишди.
— Майли, Афғонистонга урушга юборсаларинг ҳам боравераман, – дедим пинак бузмасдан.
— Нима бало, у ёқда сизни Аҳмадшоҳ билан Ҳикматёр нон-туз ила кутиб олишадими? – деб пичинг қилди иккинчи бўлимнинг бошлиғи.
Индамадим. Девордаги соатга қараб ўтиравердим. Билардимки, менга хайрихоҳ бўлган “партизанлар” аллақачон ҳаракатни бошлаб юборишганди.
Дарҳақиқат, “партизанлар”им (фаол комсомоллар) мени кўққисдан ҳарбий комиссарликка чақириб кетишганидан отамни xабардор қилгандилар.
Отам эса керакли жойларга телефон қилиб, шов-шув кўтаради. Шу боис роппа-роса кечки соат саккизда менга комиссарликдан жавоб беришди.
Лекин Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев билан учрашув аллақачон бошланган, ҳозир якунланиш арафасида эди…
Хуллас, В.А. Лозицкий 7- апрель куни республика раҳбарининг олдида ўзини фош этиши мумкин бўлган потенциал “сайловчи”ни шу йўсинда зарарсизлантириб қўяди.
Қизиғи шундаки, Китоб район партия қўмитасининг биринчи котиби Ю.А Мелентьев бир куни отамни ҳузурига чақиртириб:
— Маҳмуд ака, агар ота-бола яна уч-тўрт ой жим юрсаларингиз, Исматжоннинг ишлари ҳам ижобий ҳал этилади, – дейди. – Ҳадеб шикоят қилаверишдан фойда чиқмайди. Ростини айтсам, менга вилоят партия қўмитасидан сим қоқиб шундай дейишди.
Отам тўғри гапни рўй рост айтгани учун унга ташаккур билдиради…
Ниҳоят, шаҳар комсомол қўмитаси мени ишдан бўшатиш тўғрисида Бюро қарорини чиқарди. Ўртоқ М.Р. Хидирова виқор билан институтга келди:
— Исмат Маҳмудович, марҳамат қилиб комсомол секретари хонасини бўшатиб қўйинг! Сейфнинг калитини, муҳрни менга топширинг! – деди у.
— Кечирасиз, яхши қиз, мен бу вазифага институт комсомол ёшларининг умумий йиғилишида сайланганман. Агар йиғилиш чақирилиб, институт ёшлари менга ишончсизлик билдирсалар, ана ўшандагина мендан ишимни ҳам, кабинету сейфларнинг калитини ҳам олишингиз мумкин…
Манзура Хидирова дарҳол шаҳар партия қўмитасига телефон қилиб, маслаҳат сўрайди: “Милиция чақириб, кабинетидан қувиб чиқаринг, муҳрни тортиб олинглар!” деб кўрсатма беради Розия Аёзовна.
Лекин Хидирова бундай қилишга журьат этолмайди. Чунки менга тарафдор бўлган институт комсомол ёшлари милицияни менинг кабинетимга яқин йўлатмаслигини у яхши биларди…
27- февраль куни мени шаҳар партия қўмитасининг иккинчи Бюросига таклиф этишди.
Ўша куни эрталаб горком инструктори Ботир Эгамов институтга келиб партком секретари Ж. Шукуров ва унинг ўринбосари Л. Яковенколарга учрашади:
— Агар Исмат партияга аьзо бўлишни истаса, биз тайёрлаган ҳужжатларда кўрсатилган камчиликларни тан олиши ва йиғилишларда сайрамасдан, жим ўтириши лозим, – деб огоҳлантиради.
— Қанақа ҳужжатлар, нималар ёзилган экан? – деб сўрадим улардан.
Инструктор қандай ҳужжатлар тўғрисида гапирганини партком секретари билмасди.
Бюро йиғилишига бордим, лекин мени қабулхонага чиқариб қўйишди. Бир соатлардан сўнг ичкарига таклиф этишиб:
— Яна номзод бўлиб юриб турасиз… – дейишди.
Иккинчи Бюро йиғилишидан сўнг мен шаҳар партия кўмитаси Бюроси аьзолари орасида ўзининг мустақил фикрига эга бўлган бирорта ҳам коммунист борлигига ишонмай кўйдим.
Тўғри, икки киши ўша Бюрода мени қўллаб овоз берибди, бир киши “бетараф” бўлиб қолибди.
Ўша кунларда Москвада КПССнинг XXVII Қурултойи иш бошлаган эди. Мен ўйлаб-ўйлаб, ахийри Қурултой номига телеграмма йўллашга қарор қилдим. Мана, ўша телеграмманинг ўзбекча нусxаси:
“Қурултой кунларида мен сизларни коммунист сифатида табрикламоқчи эдим. Бирок, Қарши шаҳар партия қўмитасининг фаолиятини кескин танқид қилганимдан сўнг, уларнинг менга муносабатлари тубдан ўзгариб қолди. Шахсан биринчи секретар В.А Лозицкийнинг таьқиб ва тазйиқига учрадим. Шаҳар ички ишлар бўлимининг ходимлари изимдан пойлаб юришибди. Горкомнинг ташкилий ишлар бўлими эса менинг устимдан бўҳтон ва сохта маьлумотлар тўплаш билан машғул. Ҳатто мени КПСС сафига тавсия этган коммунист ўртоқларни шаҳар партия қўмитасига чақиришиб, менга берган тавсияномаларини қайтариб олишларини талаб этишяпти. Бундай кўнгилсиз вокеалардан сўнг одамлар мендан ўзларини олиб қочадиган бўлиб қолишди. Шунинг учун менинг партиявий масаламга шошилинч равишда аралашиб, бу ишни бир ёқлик қилиб беришланингни сўрайман”.
Орадан икки кун ўтиб, мени шошилинч равишда вилоят партия қўмитасига чақиришди. Парткомиссия аьзолари мен билан суҳбатлашдилар.
Сўнгра вилоят партия қўмитасининг ташкилий ишлар бўлими мудири Яков Михайлович мени ўз ҳузурига чақириб:
— Баҳористон район газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлашни хоҳлайсанми? – деб сўради.
— Партия мени қаерга юборса, ўша ерда ишлайвераман! – дедим ҳаяжон билан.
— Жума куни масалангни яна Бюрога қўямиз. Ҳар қалай партияга номзод одамни Бош муҳаррирга ўринбосар қилиб юбора олмаймиз, аввал партияга ўтишинг керак – деди Яков Михайлович.
Вилоят комсомол қўмитасининг биринчи ва иккинчи секретарлари Муҳаббат Саидмуродова ва Пётр Семёновлар ҳам ушбу суҳбатга гувоҳ бўлганлар.
Мен қувонганимдан йиғлаб юбордим: партияга аъзо бўлсам, Мадагаскарга бориб ишлашга ҳам рози эдим…
13 март куни мени учинчи маротаба Бюрога таклиф қилишди. Унда вилоят партия қўмитаси ҳузуридаги Партия комиссиясининг раиси Николай Михайлович Видешин ҳам шахсан иштирок этди.
Одатдагидек бу Бюрода ҳам ҳеч қандай савол жавоб бўлмади. Бирданига менинг аъзо бўлиш ё бўлмаслик масаламни овозга қўйишди. Олти киши менга қарши, беш киши ёқлаб овоз берди.
Валерий Александрович қўл кўтаришга шошилмади. Агар у ҳам мени ёқлаб овоз берса, ҳисоб “дуранг” бўлиб қоларди. Бундай вазиятда биринчи секретарь қайси тарафда бўлса, ўша томон ғолиб келарди.
Бироқ В.А.Лозицкий “қаршибойлар” тарафига ўтиб кетди…
Ҳаммаси яна қайта бошдан бошланадиган бўлди…
Мен ҳам бўш келадиган анойилардан эмас эдим. Демак, Лозицкий ҳатто обком партиянинг фикрини ҳам инобатга олмади.
Ўзимнинг кимлигим тўғрисида ҳужжатлар тўпладим. Қалингина папкадан иборат бўлган ҳужжатлар билан В.А.Лозицкийнинг оғзига уришни истардим.
“Ўртоқ Хушев И.М. интизомли, ижрочи ходим сифатида ўзини кўрсатди. У институтнинг жамоат ҳаётида фаол, комсомол етакчиси сифатида партия ва Совет ҳукуматининг қарорларини зўр ғайрат ва сабот билан ҳаётга тадбиқ этади. Студентлар ва профессор ўқитувчилар орасида катта обрў эътиборга сазовор бўлган. Унинг характеридаги ташкилотчилик қобилиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим”.
(Қарши Давлат пединститути ректори, профессор М.Н.Болтаев (имзо), партия ташкилотининг секретари Ж.Ш.Шукуров (имзо), маҳаллий қўмита раиси А.А.Аминов (имзо)
Худди шундай “характеристика” Москвага ўқишга кетаётган пайтимда ТошДУ ректори, академик Т.А.Саримсоқов томонидлан ҳам берилган эди.
Унинг нусхасини ҳам “шахсий папка”га тиркаб қўйдим.
Булардан ташқари В.А.Лозицкийнинг Ленин мавзолейи пойига қандай қилиб гулчамбар қўйганим сўраб, ажабланганига жавобан ўша пайтларда қандайдир сабаблар билан Абдулла ака ёзиб берган хатни ҳам “папка”га қўшдим:
Мен яқинда бир талай ўзбек адиблари билан СССР Ёзувчиларининг 7 съездида иштирок этиш учун Москвага борган эдим.
Биз ҳар гал Москвага борганимизда Ленин мавзолейини зиёрат этишни одат қилганмиз.
Бу сафар ҳам биз Съезд делегатлари билан Қизил Майдонда бўлиб, доҳий мавзолейини зиёрат қилдик.
Шу маросимда адабиётимизнинг ёш авлодига мансуб бўлган талаба укамиз Исматжон ҳам иштирок этди.
У ҳаммамизнинг номимиздан саф олдида туриб гулчамбар кўтарди.
Мен ушбу ҳолатни кўриб ниҳоятда фахрландим.
Шу фахр бизни сира ҳам тарк этмасин!
(Абдулла Орипов, Ўзбекистон Ленин комсомоли мукофотининг лауреати, 1981 йил, 5 июль, Москва шаҳри. Имзо).
“Шахсий папка”мга ҳатто ҳарбий хизматда юрган кезларимда олган Фахрий Ёрлиқ билан “ташаккурнома”ни ҳам илова қилдим…
8.
Ҳозир, орадан шунча вақт ўтиб кетганидан кейин партияга аъзо бўлгандаги азобларимни ўйласам, гоҳида кулгим қистайди, гоҳо хўрлигим келади.
Ғўр эканман дейман ўзимга ўзим. Исматбой, аҳмоқ экансан дейман ўзимга ўзим.
Беҳуда ўтган кунларимга ачинаман, увол бўлган соф туйғуларимга мотам тутгим келади.
Лекин барибир беҳуда курашлар билан ўтган кунларим ҳаётимда ёрқин из  қолдирди-ку деб ўз-ўзимга таскин бераман.
Тўғри ўша курашлар орадан шунча вақт ўтганидан кейин бугун кулгули туюлади, беҳуда чиранишларга ўхшаб кўринади.
Бироқ мен ўша пайтларда ҳам ўзим учун муқаддас бўлган принципларни, ўзим билган ҳақиқатни ҳимоя қилган эдим.
Яъни қорним учун эмас, балки қадрим ва оёқ ости бўлган туйғуларим учун курашган, ўз ҳузур ҳаловатимдан воз кечган эдим.
Бу курашлар менга сабоқ бўлди, кўзларимни мошдек очиб қўйди…
Хўш, менинг кўрган кечирганларим ҳам айнан “Ошкора қотиллик қиссаси”га ўхшамайдими?
Афсуски, бу қисса учун номзодимни Нобель мукофотига тавсия этиш нари турсин, ҳатто қарғиш теккан партия аъзолигига ҳам раво кўришмаган эди…

435

Суратда: Қарши Давлат педагогика институти комсомол ёшлар етакчиси Исмат Хушев (ўртада) шаҳар мактабларида ўқувчиларни пионерга қабул қилиш тантаналарида…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *