Ўзбекистон махсус хизмат салтанати — МХХ раҳбарининг туғилган куни…
Рейхсфюрер Адольф Гитлер билан Генерал полковник Рустам Иноятовнинг тақдиридаги туташ қутблар…
СНБ генераллари дин пешволари билан «Жаслиқ»да ўрин алмашмасалар эди…
Давлат раҳбари яхшиликни кўзлаётган кўринади…
1.
Бугун 22 июнь 2017 йил.
Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов туғилган кун.
1944 йил Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида дунёга келган Рустам Расулович бугун роппа роса 73 ёшга тўлди…
2.
«Дунё ўзбеклари» маълумоти:
Рустам Расулович Иноятов ҳамдўстлик давлат хавфсизлик идораси раҳбарлари орасида энг узоқ ишлаётган, тажрибали чекист. Оғир, босиқ, мулоҳазали, камтар мулозим. Айни пайтда — ўта ҳушёр, ва айёр раҳбар. Уйда ва хизматда асосан рус тилида гапиради. Ҳужжатлар ҳам унинг учун фақат рус тилида тайёрланади.
Рустам Иноятовнинг отаси — Расул Иноятов — КГБ полковниги бўлган. Онаси ҳақида маълумот йўқ.
1968 йилда Тошкент Давлат университетининг (Ҳозирги Шарқшунослик институти) филология факуьтетининг Эрон филологияси бўлимини битирган.
Ўқишдан сўнг Совет Армияси сафида хизмат қилган. Айни хизмат даврида СССР КГБ сига ишга олинган. Ўзбекистон ССР ва СССР махсус хизматларида турли офицерлик лавозимларида ишлаган.
1976-1981 йилларда Афғонистонда дипломат ниқобидаги СССР резидентураси агенти бўлиб фаолият олиб борган. Сўнг отасининг ёрдами билан Ўзбекистон КГБ га ишга олинган. Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан сўнг, хизмат пиллапояларидан жуда тез кўтарилиб, махсус хизмат раҳбарининг ўринбосарлигигача кўтарилган.
1995 йилнинг 27 июнидан эътиборан Ғулом Алиевнинг ўрнига Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари этиб тайинланган. 1996 йилда — «генерал лейтенант», 1999 йилда эса — «генерал полковник» унвонларини қўлга киритган.
Ўзбекистон теннис Федерацияси президенти. «Шон-шараф» ордени билан мукофотланган.
Андижон фожеаларидан сўнг, Европа Иттифоқининг «Қора рўйхати»га киритилган…
3.
22 июнь — Ўзбекистонда МХХ раиси Рустам Иноятовнинг таваллуд топган куни сифатида аҳамиятли бўлса, айни пайтда, дунёда Гитлер бошчилигидаги фашистлар Германиясининг СССРга уруш эълон қилган мудҳиш кун сифатида ҳам тарихга кирган.
Ҳаётда ҳар бир кун ва сананинг ўз хислат ва фазилати бўлгани каби, ўз даҳшат ва кулфати ҳам бўлар экан.
МХХ раиси, генерал Иноятовнинг туғилган куни билан Адольф Гитлернинг қирғинбарот уруш очган куни билан қўшилиб кетганида ҳам тақдирнинг ажиб бир фалсафасини кўргандек бўламан.
22 июнь — СССРга фашизмнинг уруш бошлаган куни. Бу кун — СССР халқлари фожеаси билан бирга Ўзбекистондаги ўзбеклар фожеасини ҳам ёдимга солади. Ҳаётнинг мудҳиш ҳақиқатини кўринг: Рейхсфюрер Гитлер бош бўлган фашизм баттоллиги тўрт-беш йилда барҳам топган бўлса, генерал полковник Иноятовнинг Ўзбекистонни қамал қилиши — чорак асрдан бўён давом этиб келяпти.
Агар Мирзиёев ҳокимият тепасига келмаганида, бу қамал ҳали узоқ йиллар давом этиши муқаррар эди…
4.
Тарихдан маълумки, ҳар қандай баттол урушнинг бошланиш ва муқаддимаси бўлганидан, унинг якуни ва хотимаси ҳам бор.
Мен бугун комил ишонч билан айтишим мумкинки, жаноб Иноятовнинг ўзбек халқи тарихида озмунча аянчли из қолдирмаган бу қамалининг ҳам ниҳояси борлиги аниқ. Ҳамма гап — бу қамал ва унинг лашкарбошиси тарихда қандай из қолдиришига боғлиқ. Излар эса ниҳоятда оғир ва аянчли, қанчадан қанча бегуноҳ одамларнинг кўз ёшлари ва қонларига ботган…
Ўзбекистондаги янги давр шабадаси бу изларни тўғрилаш ва тарихимиздаги мудҳиш қамал даврини бир қадар юмшатиш учун имконлар бермоқда.
Бу қамал даврининг энг кўп жафо чеккан қатлами — намозхон ва диндорлар бўлди. Юртимизнинг дин уламолари ва пешволари, не бахтки, бугунги кунда президент билан бир даврада суҳбат қуриб, бир столда ифторлик қилиш имкони ва бахтига муяссар бўлдилар.
Тасавур қилинг: Ўзбекистоннинг энг машҳур тўйхоналарида дин ва ислом уламолари ифторликка ташриф буюрганда — эшик олдида баттоллик армиясининг казо казо генераллари қўл қовуштириб энг олий ва муҳтарам зотларни кутгандек илтифот билан уларни ифторликка чорлаб туришди.
Ким тасаввур қилганди буни! Аҳли мухолифатнинг ҳам тушига кирмаган эди бу. Айни пайтда минг минглаб дин пешволарини, диндорларни борса келмас зоналардан қайтариш ҳақида илиқ ва ширин суҳбатлар бўлди. Ваъдалар бўлди. Бу ҳам бор гап. Лекин диндорлар бошига шунча қора кунларни солган жаноб Иноятов ва унинг армияси кўзини очармикан, замон ўзгарганини ҳис қилармикан?
Акс ҳолда кеч бўлади. Унда Ўзбекистон қамоқхоналари ва зоналарида генераллар билан дин пешволарининг ўзъаро жой алмашишини кузатиш мумкин бўлади.
Нима бўлганда ҳам, бу баттол армия ва унинг жоҳил саркардаси бошига ҳам фашизмнинг Нюренбургдаги халқаро маҳкамаси куни тушмаса дейман…
5.
Бугун ҳеч иккиланмай бир ҳақиқатни дадил ва ошкор айтиш мумкин.
Бу қутлуғ ва муборак ишларнинг барчаси Шавкат Мирзиёевнинг мурувват ва марҳамати, шижоат ва жасорати маҳсулидир.
Ҳар бир нарсанинг яхшилик билан битганига нима етсин. Менинг назаримда янги замон ижодкори бўлмиш муҳтарам Президент «Генераллар иши»нинг яхшилик билан битишини истаётган кўринади…
6.
Бугун 22 июнь.
Ҳаётнинг қалтис ўйиними бу, билмадим.
Нима бўлганда ҳам бугун Рейхсфюрер Адольф Гитлер билан Генерал полковник Рустам Иноятовнинг тақдиридаги қутблар туташган кун.
Бугун Гитлер бутун дунёни қамал қиламан деб, СССРга уруш очган кун.
Айни пайтда бугун — Ўзбекистонни 25 йилдан бўён сирли қамалда сақлаб келаётган генерал полковник Рустам Иноятовнинг ҳам туғилган куни.
Рейхсфюрер Гитлер билан генерал полковник Иноятов орасидаги ўхшашликни кўринг…
Ҳаётнинг қалтис ўйиними бу, билмадим…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 22 июнь, 2017 йил…
Исмат ака, юрагизга койил… бундек макола ёзиш учун, инсон Шер юрак булиши керак
Букрини ГУР тугрилайди деб бежиз айтишмаган булсалар керак.
Лекин ЖАНОБ ИНОЯТОВГА ХАМ МУСТАХКАМ ИЙМОН ВА КИЛГАН ИШЛАРИГА ТАВБА КИЛИБ КОЛИШЛАРИНИ ЯРАТГАНДАН СУРАБ КОЛАМИЗ.АКС ХОЛДА ОРАДАН БЕШ ТУРТ ЙИЛ УТАДИ КЕТАДИ ЯЪНИ ЮЗ ЁШГА ЕТСАЛАРДА БИР КУН УЛИШ..ДУНЁДАН КЕТИШ БОР…
ЯЪНИ АЗРОИЛ,
ПОРА ОЛМАЙДИ..ГЕНЕРАЛ ДЕГАН УНВОНГА КИЁ БОКМАЙДИ…
ХАТТО МЕН УЗ ВАКТИДА БЕДИЛХОН БУЛГАНМАН ДЕСА ХАМ БАРИБИР ЖОНИНИ ОЛАДИ…
ИНСОН ЯРАТГАНГА ХАР КАНЧА ШАККОКЛИК КИЛСА (ХАТТО ЗИНА ВА УГИРЛИК КИЛГАН БУЛСА ХАМ)ТАВБА КИЛСА КЕЧИРАДИ…АММО…ИНСОН БИЛАН ИНСОН УРТАСИДАГИ ОЛДИ БЕРДИЛАРГА АЛЛОХ ХАМ АРАЛАШМАЙМАН ДЕЯ ВАЪДА БЕРГАНДИР.ЯЪНИ ИНСОНЛАРГА КИЛИНГАН НОХАКЛИК ЖАЗОЛАРИ ДУНЁДА..СУНГ КАБРДА..ВА НИХОЯТ ОХИРАТ КУНИДА КАТТИК АЗОБЛАНИШГА САБАБ БУЛАДИ.