• Ср. Фев 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com
(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари)
Биринчи китоб. 15 – боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
370
Отам — Маҳмуд Хушев — Бердичев шаҳри (Украина) фахрий фуқароси эди…  
Суратда: Отам (минбарда — ўнгдан тўртинчи — дўппилик мўйсафид) Бердичев шаҳри тантаналарида…
НИҲОЯТ ОТАМ УЙЛАНИШИМГА РОЗИ
“ЎҒЛИМ КОММУНИСТ БЎЛМОҚЧИ…”
(ёки Усмон Азимов таьбири билан айтганда
“Ленин тирик экан, ишондим!”)
1.
Демак, охирги ҳисоб етти-ю беш бўлди. Яна Лозицкий ғолиб келди.
Энди ўйлаб қарасам, бизнинг муносабатимиз ҳам Шимолий Америка (Канада) да ўтказиладиган (НХЛ) хоккей чемпионатига ўхшар экан.
У ерда қайси команда биринчи бўлиб уч марта ғалаба қозонса, ўша жамоага Стенли кубоги торширилади – чемпионат ғолиби деб эълон қилинади…
Қаршида эса мен шаҳар партия қўмитасининг Бюросида уч марта мағлубиятга учрадим.
Охирги Бюрода вилоят партия қўмитасининг махсус вакили – парткомиссия раиси менга тарафдор сифатида иштирок этган бўлса-да, аммо Лозицкий барибир мени партия аъзолигига номуносиб кўрди.
Энди партиядан ҳам, Қаршидан ҳам бутунлай бош олиб чиқиб кетиш мумкин эди…
2.
Қанчадан-қанча одамлар коммунист бўлмасалар ҳам бинойидек яшаб юрганини, ҳаётдан ўз ўринларини топганини билардим.
Устозим Маҳмуд Сатторов бунга жонли мисол эди.
У киши Китобдаги Навоий мактабида бизга адабиётдан дарс бериб юрганида, мактаб директори Салима Қаҳҳорова КПСС сафига ўтишини тавсия қилади.
Райком бюроси куни М.Сатторов бир нимани баҳона қилиб Тошкентга жўнаб қолади.
Иккинчи гал “Ўқитувчи” нашриёти директори Наримон Хотамов “Сен номенклатурадаги одамсан, раҳбарсан, коммунист бўлмасанг бўлмайди”, деганида “Мен бу партия аъзолигига муносиб эмасман, талабларига жавоб беролмайман” деб қутилади.
Саксонинчи йиллар охирларига келиб Тошкент Маданият институти ректори Азиз Тўраев “Маҳмуджон, сиз партияга керак одамсиз, унга қарши ҳужумлар кетаётган шу кунларда КПСС сафига кириб, унга муносиб ҳимояда бўлинг” деганида, “Мен ҳозиргача ҳеч бир уюшма, фирқа, ҳаракатга аъзо бўлмадим. Мустақил экспертлигимча қолақолай” деб узрини айтади…
3.
Мен ҳам партияга аъзо бўлмасам, усмон узилиб ерга тушмасди.
Лекин негадир партияга аъзо бўлиш мен учун ҳаёт-мамот масаласига айланиб қолганди.
Хуллас, дилтанг бир ҳолатда Китобга кетдим. Ҳовлимизга кириб борсам, отам чорпояда газет ўқиб ўтирган экан. Салом-аликдан сўнг:
— Ота, яна бўлмади, мени партияга қабул қилишмади, – дедиму кўксим тўлиб ҳунграб йиғлаб юбордим…
— Наҳотки, ўша маллавой сенга шунчалик ашаддий душман бўлса?!
Наҳотки, унга ҳатто вилоят партия қўмитасининг ҳам гапи ўтмаса?! Йўқ, бу ишни шу ҳолатда қолдириб бўлмайди! Энди мен ҳам бўш келмайман, сен ҳам бўш келмайсан! – деди отам бағоят дарғазаб бўлиб.
Биласиз, кўпгина хусусиятлар менга отамдан ўтганди. Отам ҳам ушлаган жойини юлиб олмагунча қўйиб юбормайдиган инсонлар тоифасидан эди.
— Бўпти, ота, нима қил дейсиз? – дедим кўзларимни жавдиратиб.
— Бу ёғи билан ишинг бўлмасин! Сен бир ҳафта ўйна, кул… Ҳеч нарсани ўйлама, бу ёғини ўзимга қўйиб беравер! –деди отам қатъий оҳангда.
Мен ҳеч нарсага тушунмадим.
— Хўп, – дедим.
Орадан бир-икки кун ўтгач, отам кўринмай қолди. Қаёққа кетганини ҳеч ким билмасди, ҳатто онамга ҳам тайинли бир гап айтмабди…
4.
Бизнинг Лозицкий билан муносабатимиз ўзига хос мусобақага ўхшаса-да, лекин қатъий қоидаларга амал қилинмасди. Боя айтганимдек, бир қарашда хоккейга ўхшарди.
Бироқ, уч ғалабадан кейин ҳам Лозицкий ўзини ғолиб деб ҳисоблай олмасди, мен бўлсам мағлубиятни тан олишни истамасдим.
Учинчи Бюро мажлисидан кейинги вазият гўё шахмат ўйинидаги “мат” ҳолатини эслатарди: мен ҳар томонлама кучсиз бўлсам-да, абадий “шоҳ” бериладиган йўлни топиб олгандим.
“Шоҳ!” деган заҳотим рақиб шоҳни олиб қочарди, такрор “шоҳ!” берсам, шоҳни изига қайтариб қўярди.
Аслида, бир юриш уч марта қайтарилгандан сўнг, томонлар “дуранг”га рози бўлишлари лозим. Аммо ҳеч ким “дуранг” бўлишини истамасди.
Қолаверса, бизни яраштириб – “дуранг”га рози қиладиган ҳакамнинг ўзи йўқ эди. Шу боис бизнинг “ўйин” асаббузарликка айланиб кетади.
Мен “шоҳ” дейишдан чарчамасдим, Лозицкий шоҳни олиб қочиб, изига қайтариб қўйишдан чарчамасди…
Вазият шундай эдики, агар Лозицкий шоҳини “дуранг”ни нақд қилиб қўйган иккита катакдан бошқа ҳар қандай жойга олган заҳоти мен битта юриш билан “мот” қўйишим мумкин эди.
Фақат бунинг учун қандайдир ташқи таъсир ёрдамида рақибни учинчи йўлга юришга, яъни “хавфсиз зона” ни тарк этишга мажбур қилиш зарур эди.
Шунда у шахмат тахтасида яққол моддий устунликка эга бўлишига қарамасдан, шармандали ҳолатда мағлубиятга учрарди…
5.
Маълум бўлишича отам Москвага жўнаб кетган экан!
Ростини айтиш керак, собиқ иттифоқ даврида партия Марказий Қўмитасига арз-дод килиб борган одамга албатта муносиб жавоб бериларди. Маҳаллий республикалардан кўтариб борилган муаммо адолатли ҳал этиларди: хоҳ ижобий бўлсин, хоҳи салбий – барибир бир ёқлик қилинарди.
Отам тўппа-тўғри Марказқўмнинг қабулхонасига бориб масъул ходимга учрашади:
— Ота, нима гап? Қандай масала билан келдингиз? – деб сўрайдилар.
— Ўғлим коммунист бўлмоқчи, лекин партия аъзолигига қабул қилишмаяпти…
Қабулхонада ўтирган масъул ходимлар бир-бирларига қараб елка қисадилар, сўнг:
— Ажабо, шу масалани Москвага кўтариб келдингизми? Бу гапни маҳалладан чиқмасдан ҳам ҳал этса бўларди-ку, ўзбак! Айтинг-чи, Москвага келгунча неча километр йўл босиб ўтдингиз? Неча пулга тушдингиз? – дейишиб роса куладилар.
— Кулманглар! – дейди отам дағдаға қилиб. – Агар сенлар ҳам партияга ўтолмасдан икки йил сарсон бўлганларингда борми, ўғлимга ўхшаб йиғлардиларинг. Хўш, менинг арз-додимга қулоқ соладиган одам борми ёки Америка элчихонасига мурожаат қилайми?
Элчихона сўзини эшитиб, ходимлар шошиб қолишади: отамнинг кўкрагида “Улуғ Ватан уруши фахрийси” нишонини кўриб жиддий тортадилар.
Ота, бир оз сабр қилинг, – дейишади. Қаёққадир сим қоқадилар.
— Бу ўзбек меров экан деб ўйламанглар! Мен Америка элчихонасига коммунист сифатида эмас, балки иттифоқчи армиянинг оддий аскари сифатида мурожаат қиламан! – деб писанда этиб қўяди отам.
У сиёсий жиҳатдан етук инсон эди, кимга нима дейиши кераклигини яхши биларди.
Қабулхонада ўтирган ходимлар қайсар чолни Марказқўмнинг каттароқ амалдорига рўпара қиладилар. Отам унга ҳам бояги гапларни айтади.
— Ўғлим коммунист бўлмоқчи, — дейди. – Лекин…
Амалдор мийиғида кулади.
— Жуда қизиқ бўлибди-ку, ота! – деб хахолаб юборади.
— Менга қара, болам, эшикда осилиб турган лавҳада фамилиянг “Чумаченко” деб ёзилибди. Ҳойнаҳой, украин бўлсанг керак! Қаерликсан ўзи? – деб сўрайди отам.
— Шимолий Украинаданман, ота.
— Қаеридан?
— Житомирданман.
— Ҳа, балли! Бердичев деган шаҳарни эшитганмисан?
— Нега эшитмас эканман! Аҳолиси 86 минг киши, станоксозлик, кимё асбоб-ускуналари заводи, енгил, озиқ-овқат саноати корхоналари бор. 1545 йилдан бери маълум, тўққиз йилдан кейин шаҳарнинг 450 йиллиги нишонланади…
— Мен ўша Бердичевни босқинчилардан озод қиламан деб қон тўкканман! – дейди отам ўрнидан туриб шимини тиззасига туширади ва Марказқўм инструкторига кетини кўрсатади. – Кўряпсанми, думбамнинг ярмини Бердичев учун бўлган жангда снаряд парчаси ўпириб кетган! Бердичевни озод қилиш учун бўлган жангда ўлишим ҳам мумкин эди, ўлимга ҳам тайёр эдим! Хўш, сенинг юртингни босқинчилардан озод қилиш учун ўлимга ҳам тайёр бўлган, қон тўккан инсоннинг арз-додига қулок солмасанг, бу ерда нима қилиб ўтирибсан?! Наҳотки, мен бекорга қон тўккан бўлсам? Наҳотки…
-Бўлди, ота! Мени кечиринг! Йўқ, мен нонкўр эмасман, лекин расмиятчилик одамни одам қаторидан чиқариб қўяр экан! Узр, тартиб бўйича сиз айтган масала билан жойлардаги маҳаллий партия кўмиталари шуғулланиши керак, Москвага республика миқёсидаги, жилла қурса, областъ миқёсидаги муаммоларни олиб келадилар… Майли, сиз бундай расмиятчиликдан истисносиз! – деб Чумаченко столдаги тугмачани босади, Остонада котиба пайдо бўлади: — Дарҳол чой дамланг! –дейди. Сўнг: — Кўк чой ичасизми, қора? – деб сўрайди отамдан.
— Москванинг ҳавоси паст, қора чой дамласин. Шундоқ ҳам совуқлигим ошиб кетди, – дейди отам…
Чумаченко отамни диванга ўтиришга таклиф қилади. Котиба чой дамлаб киради, инструктор чой қўйиб узатади.
— Оғир ярадор бўлган экансиз… Ишқилиб асорати қолмаганми?
— Асоратини кўриб турибсан-ку, болам, думбанинг ярмини снаряд ўпириб кетади-ю, асорати қолмайдими!
— Бирорта санаторияга йўлланма тўғрилаб берайми?
— Йўқ, рахмат. Яхшиси, сен менга ўғлимнинг масаласини ҳал этиб бергин!
— Хотиржам бўлинг, ота! Сизнинг битта илтимосингизни бажо келтирмасам, бу ерда нима қилиб ўтирибман! – деб ўрнидан туриб жойига бориб ўтиради, яна тугмачани босади. Котиба хонага киради. – Надя, ҳузуримга ҳеч кимни киритма!
— Хўп бўлади…
Чумаченко тўртта рақамли ҳукумат телефонидан Тошкентга қўнғироқ қилади. Ўзбекистон Компартияси Марказқўмига боғланиб, Шавкат Тўлаганов деган масъул ходимга кўрсатма беради.
— Маҳмуд Хушев деган отахон олдингизга боради. У кишининг ўғлини партия аъзолигига қабул қилишмаётган экан. Қарши шаҳрида… Бу масалани ижобий ҳал этиб, дарҳол менга ахборот берасиз! Хўп, хайр! – деб трубкани жойига қўяди. Сўнг Марказқўмнинг “брони” билан отамга билет олиб бериб, Тошкентга учириб юборади…
Дарҳақиқат, отамнинг белларини уқалаб қўйган пайтларимда чап думбасидаги чуқурчага қўлим тегиб кетса, этларим жунжикиб кетарди.
Бердичевда снаряд учириб кетган жойи чуқурча бўлиб қолганди…
6.
Хуллас, отам Тошкентда Шавкат Тўлагановга учрашади. У дарҳол Марказқўм номидан керакли жойларга сим қоқиб, топшириқлар беради.
Орадан икки кун ўтиб, Исмат Хушев масаласи яна қайтадан Қарши шаҳар партия қўмитасининг Бюросида кўрилади.
Эсингизда бўлса, Лозицкий: “Мен шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретари эканман, сен икки дунёда ҳам бу ердан партия билетини ололмайсан!” деб тантанали ваъда берганди.
Мен ҳам: “Айнан шу ердан партия билетини оламан, лекин у пайтда сизнинг бу ерда бўлиш-бўлмаслигингизни аниқ айтолмайман!” дегандим.
Отам Москвадан Китобга қайтиб келиши билан Қаршида менга муносабат кескин ўзгарди.
Қаранг-ки, Лозицкий ҳам гапининг устида турди. Бюро мажлиси бўладиган куни у шошилинч равишда Тошкентга командировкага кетиб қолади…
“Мен йўғимда ўша болага билетини бериб юборинглар!” деб тайинлаган экан. Бюрога кирсам, биринчи котиб кўринмайди, унинг ўрнида Розия Аёзовна қўр тўкиб ўтирибди.
Бюро мажлиси бошланди. Кун тартибида фақат битта масала – Исмат Хушевни номзодликдан аъзоликка қабул қилиш масаласи қўйилганди.
Ё тавба, дейман ёқамни ушлаб. Нима бало, бутун бошли партия қўмитасининг мендан бошқа қиладиган иши йўқмикан?!
Бирдан кун тартибидаги масала овозга қўйилса, жон-поним чиқиб кетай деди!
— Ҳай, шошманглар! Савол бермайсизларми? – деб юбордим нохос.
Менинг саволимга опа жавоб беришга ҳам улгурмади – ҳамма бир овоздан мени ёқлаб чиқди!
Тавба, ўн беш кун бурун менга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатган етти киши қаёқда қолди?
Наҳотки, мен ҳавас қилган коммунистлар шу қадар тутуриқсиз бўлишса?
Ахир улар бошига қилич келса ҳам ўз принципларидан воз кечмаслиги керак-ку!
Қаёқда! Назаримда, Самарқандга борганимда Евгений Березиков ҳақ гапни айтган шекилли: “Буларнинг ҳаммаси беҳуда – чепуха!” деб…
Эс-ҳушимни йўқотиб қўйдим. Ие, дейман ўзимга ўзим, нега ҳеч ким менга қарши чиқмаяпти?
Бирданига таранг тортилган мушакларим бўшашиб, шалвираб қолдим. Энди ўзим кимга қарши курашаман?
Курашларга ўрганган одам кутилмаган ғалабадан сўнг ғалати аҳволга тушиб қолар экан. Нима қилишимни, нима дейишимни билмайман.
Розия Аёзовна, олдиндан ёзиб қўйишган шекилли, чўғдек кўринаётган партия билетини тантанали равишда топширди. Билетни олдиму, опани қучоқлаб олдим!
Кўзларимдан ёш тирқираб кетди. Бюро мажлисида ўтирганлар ҳам менинг бу ҳаяжонли ҳолатимдан ғоят мутаассир эдилар. Ҳар томондан:
— Табриклаймиз, Исматжон! Муборак бўлсин! – деган садолар эшитиларди.
Ҳаммага таьзим қилдим, ҳамма менга меҳрибон бўлиб кўринарди. Дунёда мендан бахтиёр инсон йўқ эди гўё.
Менинг партияга аьзо бўлишим Бюро аьзоларига жуда қимматга тушди, улар икки ўт орасида қовурилдилар. Битта Лозицкийнинг ўзи ҳаммани ётқизиб-турғизди.
Мана, энди ҳаммаси орқада қолди. Бюро аьзоларининг фикрича, мен “келажаги порлоқ, талантли йигит” эдим.
Москванинг таьсири туфайли Қарши шаҳар партия қўмитаси ағдар-тўнтар бўлди, коммунистлар бир юзу саксон даражага ўзгариб кетишди…
7.
Партия қўмитасининг биносидан дикир-дикир сакраб ташқарига чиқиб борсам, тахминан, йигирма-ўттиз чоғли институт талабалари гуллар билан мени кутиб туришган экан.
Уларни горкомга “тушунтириш хати” ёзган дўстларим бошлаб келишганди. Улар қизғин табрикладилар, партия билетимни ҳамма бирма-бир қўлига олиб кўрди.
Шунда қишлоқдан келган Робия исмли талаба қизнинг айтган гапи ҳанузгача эсимдан чиқмайди:
— Исмат ака, шу бир парча қизил дафтарчани қўлга киритаман деб икки йилдан бери анавилар билан олишдингиз-а? – деди ажабланиб. – Қизиқ, шунинг нимасига шайдо бўлдингиз?
Робиянинг назарида партия билетининг ҳеч қандай қадр-қиммати йўқ эди, оддийгина қоғозга ўхшарди, холос. Лекин кўпчилик бошқа фикрда эди: гўё мен улкан довондан ошиб ўтгандек кўринардим.
Институтда ростакамига байрам бўлиб кетди:
— Бизнинг комсомол секретаримиз партияга аьзо бўлибди! – деган хушхабар яшин тезлигида тарқалди.
Ҳатто бошланғич партия ташкилотида менга қарши овоз берган “қаршибойлар” ҳам мени самимий табрикладилар. Улар рақибга тан беришни ҳам биладиган мард инсонлар экан.
Менинг партияга аьзо бўлишим давлат миқёсидаги долзарб масалага айланиб кетганди десам асло муболаға бўлмайди…
Байрамона хуш кайфиятда Китобга бордим. Отам бечора ниҳоятда хурсанд бўлди. Сўнг институтга қайтиб келдим. Гўё осмонда учиб юрардим.
Кунларнинг қандай ўтганини билмасдим, чарчоқ нималигини билмасдим. Олам гўзал эди, одамларнинг ҳаммаси ижобий қаҳрамонларга ўхшарди…
8.
Хуллас, беташвиш капалак мисоли гулдан-гулга учиб-қўниб юрган сурурли кунларимнинг бирида мени ректор йўқлаётганини айтиб қолишди. Нима сабаб билан йўқлаётганини ҳеч ким билмасди.
Дарҳол ректор ҳузурига етиб бордим. Хонасига кирсам, партком секретари Жалил Шукурович билан ректор хийла хомуш бўлиб ўтиришибди. Ажабландим. Ахир, шундай сурурли кунларда ҳам одам хомуш бўладими!
Мен ректорнинг оғзига тикилиб, қалам-дафтаримни ҳозирлаб ўтирардим.
Одатда, у киши бирор-бир топшириқ берсалар, дарҳол ёзиб олардим, сўнг ўз вақтида ахборот беришни ҳам унутмасдим – ниҳоятда чаққон, “ижрочи” ходим эдим.
Бу сафар ҳам қандайдир муҳим топшириқ бўлса кера, деб ўйлагандим.
Оғир-босиқ Муҳаммаджон Назарович аста гап бошлаб:
— Ука, бизда қанча ишладингиз? – деб сўради.
— Бир-икки йил бўлиб қолди, домла, – дедим ҳайрон бўлиб.
— Э-э, икки йил тўлиб, ўтиб ҳам кетди! – деди зарда аралаш партком котиби.
— Ука, гап бундай, – деб босиқлик билан давом этди ректор, – кеча мени Лозицкий яна хузурига чақирди. Биласизми-йўқми, мен ҳам Бюро аьзолигига номзодман. Майли, номзодлигим ўз йўлига, лекин горком секретари кўзимнинг олдида парткомиссиянинг раиси, Халқ контролининг раиси, сўнг шаҳар прокурорига телефон қилиб: “Эртадан бошлаб пединститутда тафтиш бошланглар!” деб буйруқ берди.
Қизиталоқ, мағлубиятни тан олишни ҳам билмас экан, фиғони фалакка чиқиб ётибди. Шу қадар дарғазабки, асти қўяверасиз. “Ўша партизанга айт, Қаршидан чиқиб кетсин! Акс холда, мендан ўпкаламайсан! Эшитдинг, эртадан институт ёппасига тафтишдан ўтказилади!” деб шарт қўйди…
— Вой, аблаҳ-ей! – деб юбордим беихтиёр.
— Аблаҳ ҳам гапми, ҳудди ҳеч нарса бўлмагандек: “Мен унга партия билетини берганим йўқ! Мен туфлаган тупигини қайтариб оладиган аҳмоқ эмасман!” деяпти, – деб илова қилди ректор. – Исматжон, ҳаёт жуда мураккаб, сиз бизни тўғри тушунинг, биз сизни ҳимоя қилиб чарчадик. Очиғини айтсам… сиқилиб кетдик! Партия билетини олиш жуда катта ютуқ. Масалан, мен – профессорман, ректорман, лекин мен ҳам сизнинг партияга аьзо бўлишингизга умуман ишонмасдим. Шу муҳитда – Лозицкий партия қўмитасининг биринчи секретари бўлиб турган Қаршида – сизнинг партияга аьзо бўлишингизни тасаввур этаолмасдим. Мен отангизга қойил қолдим. У кишига минг раҳмат! Москвага борибди деб эшитдим. Оббо, азамат-ей! Хуллас, жуда катта ютуққа эришдингиз. Энди сиз, ука, кўрдингиз, Лозицкийнинг нималарга қодирлигини биласиз – агар бояги шартига кўнмасак, бизнинг ишлашимиз қийин бўлади…
— Қийин эмас, бу одам умуман бизни ишлагани қўймайди, – деди Жалил Шукурович нолиган оҳангда ва кўзларимга мўлтираб тикилди.
— Тошкентга боринг, мен қўлимдан келганча ёрдам қилай… Уйланинг, бола-чақа қилинг… Укажон, курашлардан чарчамадингизми? – деди ректор жон куйдириб. – Ахир, одам бу дунёга икки марта келмайди-ку!
Ниҳоятда ҳайрон қолдим. Партия билетини олганимдан сўнг горкомга, обкомга ишга ўтаман деган режаларим бор эди. Аслида, мен чучварани хом санаган эканман…
— Қайдам, – дедим мужмал қилиб.
— Яхшиси, уйланинг, – деб маслаҳат берди Муҳаммаджон Назарович. – Институтда шунча чиройли қизлар бор, оилали бўлинг, ола хуржун бўйнингизга тушсин, кейин ўзингизни ўтга-чўққа уравермайсиз…
— Дарвоқе… – дедим, – дарвоқе, уйланиш керак…
— Ким айтади сизни Москвада ўқиган деб! Қаранг, Муҳаммаджон Назарович, бу йигит уйланишни паққос эсидан чиқариб юборибди-ку! – деди партком котиби чеҳраси очилиб.
— Айтишларига қараганда, руслитдаги бир-иккита қизларга бефарқ эмас экансиз, – деди ректор ўтирган ўрнида бир қўзғалиб. – Ука, энг гўзал қизни олиб берсам, уйланасизми? Агар бу ишга мен аралашсам, ҳеч ким рад қилмайди, ота-онасини ўзим рози қиламан. Ука, майли, бир умр ота-бола бўлиб қолайлик, фақат ростини айтинг…
— Бўпти, уйланаман, – дедим мен ҳам дангалига.
— Яхши. Хўп, уйланганингиздан кейин… ишдан кетасизми?
Мен хийла ўйланиб қолдим. Кулишимни ҳам билмайман, йиғлашимни ҳам.
— Майли, домла, ишдан кетаман… – дедим товушим бўғилиб. Томоғимга муштдек бир нима тиқилиб, кўзларимдан дув этиб икки томчи ёш тўкилди.
– Сизларга ҳам раҳмат, жуда қийнаб юбордим…
— Бўпти, келишдик, – деди ректор. Сочлари оппоқ бу ўйчан ва меҳрибон инсон ҳам сўнгги икки йилда менга жуда қадрдон ва азиз бўлиб қолган эди. – Бир қарорга келишингиз билан жавобингизни ўзимга айтасиз. Хоҳлаган қизингизни олиб бераман…
— Раҳмат, – дедиму хонадан чиқдим. Қабулхонада кўз ёшларимни артаётганимни кўрган котиба ҳайрон бўлди.
Кабинетимга кирдим. Ишхонам кичрайиб, бефайз бўлиб қолгандек эди.
Тамом, энди комсомол қўмитасининг секретари эмасман. Тавба, Бюро йиғилишларида партия аьзолигига ўтмаганимда ҳам бунчалик ғариб аҳволга тушмагандим. Унда руҳим тетик, юрагимда ҳақлигимга ишонч бор эди, эртанги кундан умид бор эди.
Энди-чи? Партия билетим чўнтагимда, курашлар ортда қолган, орзулар ушалган…
Ажаб, ҳаёт энди нурсиз ва маьносиз бўлиб қолгандек эди. Наҳотки, бу ҳаётнинг маъноси фақат уйланишдан, бола-чақа орттиришдан иборат бўлса? Ахир, инсон фақат биологик ҳодиса эмас-ку!
9.
Хуллас, ана шундай телба-тескари ўй-хаёллар билан, боши-кети кўринмайдиган чучмал фалсафа оғушида Китобга йўл олдим. Тўғри, Қаршида чиройли қизлар кўп эди. Бироқ, уларнинг бирортасини ҳам ўзимга муносиб умр йўлдоши сифатида тасаввур этолмасдим.
Ўзимни замонавий йигит деб ҳисоблардим, аммо ўзини замонавий қиз деб ҳисоблайдиган гўзалларни негадир унчалик хушламасдим, шекилли. Уларда қандайдир жозиба борлигини сезмасдим чоғи. Яна қайдам. Агар ноўрин сафсата сотаётган бўлсам, барча гўзаллардан кечирим сўрайман…
Уйга бордим. Бор гапни отамга айтдим. Отам гапларимни эшитиб асло ажабланмади. Хотиржамгина ўтираверди.
— Ота, хурсандчилигим узоққа чўзилмади, ректор ишдан бўшашимни таклиф қиляпти, – дедим. Албатта, отамга “энг гўзал қизни олиб бераман” деяпти демадим.
Отам узоқ ўйланиб турди-да:
— Шунақа бўлишини ўзим ҳам билардим, – деди мени ҳайрон қолдириб. – Сал ҳовурингдан тушганингдан кейин ўзим ҳам шу гапни сенга айтишга чоғланиб юргандим…
Аввало, ректорнинг таклифини эшитиб бир ҳайрон бўлгандим, энди отамнинг гапларини эшитиб яна бир марта ҳайратда қолдим – нима бало, тил бириктириб олганми булар ўзи? Нима учун ҳаммасининг гапи бир жойдан чиқяпти?
Равшанки, кўпни кўрган одамлар партия қўмитасининг биринчи секретари билан олишув қандай якунланишини жуда яхши билишарди – ректор босимни ўз бошидан кечираётган бўлса, отам институтда нималар бўлиши мумкинлигини ўзича хомчўт қилиб ўтирарди ва менинг сўзларимдан кейин ўзининг хато қилмаганига ишонч ҳосил қилади.
— Ректор тўғри айтибди, дарҳол Қаршидан чиқиб кетиш керак! – деб таъкидлади отам. – Лозицкий барибир сени ўз ҳолингга қўймайди… Энг муҳими – ғалаба қилдинг, партияга аъзо бўлдинг. Институт раҳбарияти, жамоаси сени охиригача ҳимоя қилди. Уларга минг раҳмат! Аммо-лекин , Лозицкий – аблаҳ одам. Мен ундан “Ўғлимнинг гуноҳи нима?” деб сўраганимда “Мен шундай бўлишини хоҳлайман!” деб жавоб берганди, ярамас! “Сенга ҳам худонинг боққан балоси бордир!” деб ҳузуридан чиқиб кетгандим.
Падар лаънат атеистлар худодан ҳам қўрқишмайди! Умрингни беҳуда ўтказиб, ўшалар билан қачонгача олишасан? Яхшиси, энди уйлан, ўғлим. Ҳаётнинг иссиқ-совуғини кўргин. Ахир, одам фақат курашиш учун дунёга келмайди-ку…
Қаранг, отам ҳам уйланиш масаласида гап очиб қолди. Эҳ, бу катталар. Ниҳоят, отам мени уйланишга муносиб кўрибдилар. У кишидан тарсаки еб кетганимга ҳам, мана, саккиз йил бўлибди. Ўшандан буён уйланиш тўғрисида оғиз очмагандим…
Шукрки, отам менинг ишдан кетишимни фожеа сифатида қабул қилмади. Ўзим ҳам ишдан кетиш фожеа эмаслигига ишонч ҳосил қила бошладим. Қаршидан кўнгилни узиб, бамайлихотир уйқуга кетдим.
Тамом, энди мен уйланишим керак!
10.
Тонг-саҳарда уйқуга қониб уйғондим.
Ювиниб-тараниб китоб жавонимизни титкиладим. Қандайдир бир китобни эрмак учун варақлаб кўрмоқчи бўлдим, шекилли.
Лекин қўлимми, кўнглимми истеъдодли адибимиз Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссасини излаб топди. Бир варақладим-у, нигоҳларим сеҳрли саҳифага мухрланиб қолди:
биродарлар, сиз сўраманг, мен айтмай… Оти Момосулув эмиш. Юзлари кулчадайми, ё, сулувми? Кўзлари қорами ё зиғир гулидайми? Қошлари қуюқми? Қуюқ бўлса, қайрилмами? Кечасилигидан кўрмас эмишман, билмас эмишман.
Кўройдин эмиш. Момосулувлвр кўчасида телба бўлиб юрар эмишман. Бир нима йўқотгандай тентирир эмишман. Йўл четидаги тошга чўнқайибман, кафтларимни иягимга тирабман. Ойга маҳлиё бўлиб-маҳлиё бўлиб термулибман. Ойнинг бети кир эмиш. Ойга сонсиз ошиқлар маҳлиё эмиш. Ой қайси ошиққа бир ўпич берди? Ой қайси ошиққа вафо қилди?
Ойга қўл силтаб, ўрнимдан турибман. Момосулувлар деворидан ошибман. Ити йўқ эмиш. Дарахтлар паналаб деразаларига термулибман. Олмаларидан узиб-узиб ебман. Кейин, айвонига, ундан ичкарига кирибман.
Тимирскиланиб, тўшагини топибман. Момосулув уйғониб кетибди, чириллайман, кет, дебди. Мен ёлворибман. Қўлимни узатибман. У қўлимни қайтариб, ўзимга сурибди. Кейин Момосулувнинг қўйнига кирибман!
Биродарлар-ей, жамики олам бир тараф, қўйин деганлари бир тараф экан! Аҳай-аҳай!
Борига шукр қилсам бўлмасмиди? Тек ётсам бўлмасмиди? Қўйнига қаноат қилсам бўлмасмиди?
Мен тинмас, Момосулувнинг кўнглига-да кирибман! Ошиқона-ошиқона қадамлар босиб, кўнглини овлабман. Зим-зиё эмиш. Теварак ҳувиллаб ётармиш. Қимирлаган жон йўқ эмиш. Эркак зотининг ўзи тугул, излари-да йўқ эмиш. Беҳиштдай бир олам эмиш…”
Бу – Зиёдулла калнинг тушлари. Ажаб тушлар…
Ёзувчи Тоғай Муродни ҳурмат қилардим.
Унинг сўлим қиссаларида беғубор туйғулар жонланиб, ҳаракат қиларди. Яъни, туйғулар ўқувчини ўзига ром қилиб оларди. Ростлигига ишонардим, ўшандай туйғуларнинг соҳиби ҳам, соҳибаси ҳам юлдузлар мисоли мангу яшайди деб ўйлардим…
“Беҳиштдай бир олам…”
Оҳ, қанийди ўшандай оламнинг фуқароси бўлсанг! Йўқ-йўқ, фуқароси эмас, шаҳаншоҳи бўлсанг арзийди. Чунки ўша оламда маликамиз бўлмиш бир паризод яшайдилар. Демак, ул гулрухсорга муносиб бўлиш учун шаҳаншоҳ бўлмоқ лозим…
11.
Ҳовлимизда аста-секин опаларим, янгаларим тўплана бошладилар.
Кеча отам икковимизнинг ўртамизда бўлиб ўтган суҳбат аллақачон бутун оила-аъзоларимиз даврасида муҳокама этилган, уларга маиший турмуш масаласи билан шуғулланиш вазифаси топширилган эди.
Нонушта қилинди. Боягина “От кишнаган оқшом” қиссасида ўқиганим ғаройиб парчани эслаб кулимсираб ўтирибман. Боз устига, кайфиятим чоғ эканини намойиш этмоқчи бўляпман. Яъни бўлажак куёв ўзини қандай тутишини машқ қиляпман. “Ўтган кунлар” даги Отабекни кўз олдимга келтирдим…
Йўқ, у вазият тўғри келмайди. Негаки, Бек фақат ота-онаси иштирокида уйланиш муаммосига дуч келади. Аниқроғи, ота-онаси ўғлига Тошкентдан иккинчи хотин олиб бериш ниятида кенгашадилар. Боз устига, ўзлари аллақачон қабул қилган қатъий қарордан Отабекни хабардор этиб қўядилар, холос.
Ҳозир эса, вазият бутунлай бошқача эди. Ҳали ҳеч қандай қарор қабул қилингани йўқ, фақат айрим таклифлар ўртага ташланаяпти. Таклифлар қизғин муҳокама қилиняпти. Аксарият таклифлар дарҳол рад этиляпти. Келинликка муносиб номзод топиш жуда қийин бўлди.
— Ҳар тўкисда – бир айб, – деб қўйди онам хомуш тортиб.
— Бўлди, ўртоқлар, энди баҳс-мунозараларга якун ясаймиз. Агар қаршиликлар бўлмаса, якунловчи сўзни Муҳаббат янгамга бераман. Марҳамат! – дедим.
— Нима, яна комсомол мажлиси ўтказяпсанми? – деди Неъмат акам ҳазил аралаш.
— Йўқ, “Что, где, когда?” мусобақаси бўляпти. Мен фақат ҳақиқатга яқин жавобни топган Муҳаббат янгамга сўз бердим, холос.
Дарҳақиқт, янгам бир-икки ой аввал Китобдаги бир қиз тўғрисида гапирган эди: “Ой деса – ой, кун деса – кундай, кош-кўзлари попукдай. Қанийди, шунуқа овсиним бўлса! Исматжон, илтимос, ўша қизни бир кўринг! Бир кўринг, ёқмаса, майли, дардим ичимда қолади, қайтиб бу ҳақда оғиз очмайман”, деганди…
12.
Янгамнинг ўша гаплари эсимга тушиб қолганди.
Курашлар билан овора бўлиб илгари эътибор бермагандим. Ҳозир ўша гапга маҳкам ёпишиб олдим. Шу боис ҳамманинг гувоҳлигида яна Муҳаббат янгамдан нажот изладим.
— Ниҳоятда гўзал бир қиз бор… Лекин ота-онаси жуда бадавлат, билмадим, қизларини бизларга беришга рози бўлишадими-йўқми…- деди янгам чайналиб.
— Бой-бадавлат деган гапларни қўйинг! – дедим шаккоклигим қўзиб. – Бизда бойлар аллақачон синф сифатида тугатилган… Нима, ўша одам қизини курашчан коммунистга бермаса, контреволюцеонерга берадими! Бўлди, ўша қизни кўраман! – деб аҳд қилдим.
Қиз район марказидаги тикувчилик цехида ишлар экан. Бахтимизга, Неъмат акамнинг бир таниши ҳам ўша цехда бошлиқ экан. Неъмат акам билан цехга бориб, ўша танишига муддаони тушунтирдик.
— Жўра, шунақа гаплар, ёрдам берасиз, савобли ишга ўзингиз бош қўшмасангиз бўлмайди, – дейилди.
— Бош устига, мен ҳозир бирор нарсани баҳона қилиб, уни ташқарига чиқариб юбораман, кўриб оласизлар, – деди акамнинг таниши жилмайиб.
Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, иккинчи қаватдан бир қиз тушиб келди. У атрофга аланглади-да:
— Вой, ҳеч ким йўқ-ку! – дедию, чопқиллаб ичкарига кириб кетди…
— Оҳ, дедим юрагимни чангаллаб. Гўё юрагимни олд томондан кимдир косов билан нуқиб кўргандай бўлди (ажабки, Абдулла акамнинг юрагини орқа тарафдан – курагининг остидан биров нуқигандай бўлганди) – Юрагим санчяпти, – дедим ҳолсизланиб. Пешонамда совуқ тер пайдо бўлди…
— Демак, юракдан урибди, кетдик! – деди Неъмат акам.
Ҳақиқатан ҳам, Муҳаббат янгам муболаға қилмаган эди – қош-кўзлари попукдай, нозик-ниҳол, беқиёс бир гўзалга дуч келдим! Хаёлимга келган биринчи ўхшатиш ҳиндларнинг “Сангам” филъмидаги Радҳа бўлди.
Ҳа, мен кўрган қиз нимаси биландир ўша Радҳани эслатарди…
Москвада ўқиганман, қанчадан-қанча санъат музейларини томоша қилганман. Лекин ҳатто Жаконда ҳам китоблик чевар қизнинг олдида Ялмоғиз кампирга ўхшаб қоларди…
— Исми нима экан? – деб сўрадим уйга қайтиб келганимиздан сўнг янгамдан.
— Вой, исмини айтмаганмидим?! Исми – Наргис-ку!
— Бўлди! – дедим ҳаяжонланиб. – Янга, энди бу ёғига ўзингиз бош-қош бўласиз. Отамга айтинг, шу қиз менга маъқул бўлди. Наргисни севиб қолдим… – дедим ерга қараб. – Радҳага ўхшар экан…
— Вой, ростданми, Радҳага ўхшашлигини сезмабман! Бўлмаса, мен ҳам “Сангам”ни йигирма беш марта қайта-қайта кўрганман!..
— Бўпти, янгажон, ҳамма умидим сиздан! – дедим-у, Қаршига қайтдим…
13.
Пединститутга келдим-у, тўппа-тўғри кутубхонага йўл олдим.
Кутубхоначилар мени яхши танишарди, иззат-икром билан кутиб олдилар. Чой дамлаб келтирдилар. Бирпасда сўраган китобларимни муҳайё қилдилар. Дастлаб, “Ўзбек тилининг изоҳли лўғати”ни варақладим. “Наргис (ф-т) – оқ ёки сариқ гулли кўп йиллик ўт ва унинг чиройли гули”, деб изоҳ берилганди.
— Буни ўзим ҳам билардим, – дедиму ёстиқдек китобни улоқтириб юбордим. – Ўт эмиш, нима бало, наргис ҳайвонларнинг емиши эканми?! Ҳеч бўлмаса, “гиёҳ” демайсанми, пандавақи!
Хунобим ошиб, “Ўзбек совет инцеклопедияси”ни варақладим.
“Наргис – чучмомодошларга мансуб кўп йиллик ўтлар туркуми. Олтмишга яқин тури маълум. Асосан Ўрта денгиз атрофида ўсади. СССРда бир тури (Карпат ортида) учрайди. Кам қолган. “CCCР Қизил китоби”га киритилган. Наргиснинг кўпгина турлари манзарали гул сифатида ўстирилади.”
Қизиқ, булар Наргисни фақат жисм сифатида талқин қилишни биладиларми? Ахир, Наргис менинг жоним-жаҳоним-ку! Нега бу ҳақда миқ этишмайди…
Йўқ, Наргиснинг маъносини аслиятдан, яъни форс-тожик тилидан қидирганим маъқул. “Фарҳанги забони тожик”ни топтириб олдим. Янглишмаган эканман, бу китобда Наргисга муносиб изоҳ берибдилар.
Тўғри, бунда ҳам дастлаб Наргисга жисм сифатида таъриф берилади, лекин латофатли таъриф берилади: ”номи гиёҳи хурду нозук, ки гулҳои хушбўйи сафед ё зард дорад”.
Чакки эмас, тожикча изоҳни сўзма-сўз тушунмаган бўлсам-да, лекин маъносини англадим. Айниқса, “гиёҳ”, ”нозук”, ”хушбўй” сўзлари ўз ўрнида ишлатилганидан мамнун бўлдим.
Бу лўғатда, ўзбек тилшуносларининг фаҳм-фаросати етмаган жиҳатларга алоҳида эътибор берилганди. Яъни, Наргиснинг мажозий маъноси ”чашм, чашми маҳбуба” (кўз, маҳбубанинг кўзлари) эканлиги таъкидланади. Боз устиги, бири-биридан гўзал мисоллар келтирилади:
Пас он хоҳарони жаҳондор Жам, Зи наргис гули сурхор ждода нам (Фирдавсий), Чун шуда сер анргиси ту зи хоб, Гули рўйи ту шустаам ба гулоб (Жомий), Ба он ду наргиси бемори нотавон, ки барад Ба як назар зи дили аҳли ишқ тобу тавон… (Восифий), Агарчи маст бувад гул, хароб нест чу ман, Ки рози наргиси махмур бо шумо гўяд (Шамс Табризий), Фарас меронд чун беиорхезон, Зи наргис бир суиан симоб резон (Низомий), Ҳар кужо он шохи наргис бишкуфад, Гулрухонаш дида наргисдон кунанд (Ҳофиз)…
Хуллас калом, хуфтонгача кутубхонада ўтириб, керакли иқтибосларни дафтарчамга кўчириб олганимдан сўнг ётоқхонамга йўл олдим.
Наргисга битта эмас, бир неча ишқий мактублар ёзажагимни билардим. Ўшанда бу иқтибослар керак бўлиб қолиши мумкин.
— Яшасин, муҳаббат! – деб ҳайқирдим кўчага чиқиб. – Наргис, мен сени севаман! – дедим осмондаги тўлин ойга қараб.
Менинг ҳаётимда янги давр бошланаётганини сезиб турардим…
(давоми бор)
16 шарҳ
  1. Axmad hoji Xorazmiy
    Раҳмат, маза қилдик ўқиб.
    Наргис сабаб яхшигина ботаник ҳам бўлибсиз.
    Давомини кутиб қоламиз.

     

  2. 15 шарҳ

    1. Tangriyor

      Исмат ака,
      Нега менинг изоҳларимни чиқармаяпасиз. Бу исломпарастлар яна оғзимни ёпишга ҳаракат қилмоқда. Сизни демократ деб ўйлаган эдим.

      Ислом дини қанча одамларни террорга ва жиҳодга буюрди. Ўзбек мусулмонлар арабларнинг буйруғини бажараман деб ўлиб кетмоқда ва миллий манфаатларимизга зарба беришмоқда. Сиз эса менинг оғзимни исломпарастларнинг талаби билан ёпаяпсиз.

    2. Холида

      Баъзилар Исмат акани хатолар килганликда айиблашади. Дойим Исмат аканинг китобини укисам уйлайманки яхши хам Исмат ака хатолар килганлар адашганлар булмаса бугун шундай хеч кимга ухшамаган узбек халкининг бую ва суюк инсони Исмат Хушев булмасмидилар. Инсонлар булар эканки хаетдаги хато ишлари баъзан юксак акл заковатли буюк инсонга айланаркан. Исмат ака Сиздай инсон булишга орзу киладиганлар куп. Сиз бу борада энг бахтли инсонсиз. Саломатлик тилайман дойим.

    3. Исмат Хушевга

      Жуда таъсирли қисса бўлибди, барака топинг. Фақат бу ерга ҳам ана у тангрипарастнинг изоҳларини қўшганингиз асар қийматини пасайтирган. Мен ҳам асли Тангри тарафдори эдим. Лекин шу Тангрипарастнинг Исломга қарши асаббузар изоҳларидан кейин Тангридан воз кечдим…

    4. BU LOZISKIY DIGANI CHINDAN HAM ABLAX, MANQURT KOMUNEST EKAN-KU! ODAM BUNCHALAR KEK SAQLASH UCHUN QANCHALAR PASTKASH BO’LISHI KERAK. OLA! MANSABNI XUSUSIY QILIB OLGAN EKAN. KOMUNESTIK PARTIY MANA SHUNAQALAR TUFAYLI INQIROZGA YZ TUTDI.

    5. Otangiz juda ajoiyb, kupni kurgan tajribali uz zamonasini ilg’or shaxsi bulgan ekan. Ismat aka! Sizga haqiqatdan ham otangizdan kub narsalar utgan. Otangiz bilan har qancha faxirlansangiz arziydi.

    6. Bunchalik tasirli maqolani umrimda birinchi marta o’qishim. Ismat aka sizni haytingiz romantik sarguzashlarga to’la utgan ekan. Rosa o’qib tasirlandim hech ham kam bo’lmang. Sabirsizlik bilan davomini kutaman.

    7. Ўқитувчи

      Исмат Хушевнинг отаси менда катта таассурот қолдирди. Ҳақиқий улуғ ватан урушини кўрган одамнинг, адолатпарвар ветераннинг ўғли бугун ўзбек халқининг таниқли журналисти бўлиб етишди. Отангизнинг жойлари жаннатдан бўлсин, руҳи поклари сизни қўллаб юрсин доим…

    8. Mazza qildim, zo’r yozilibdi.

    9. Muhabbatingiz abadiy bo’lsin!

    10. Tangriyorga

      Сиздан бир илтимос агар сиз мусулмон булмасангиз Ислом ва мусулмонларна куп тош отаверманг. Хар бир езилган шархга албатта динни кушмасдан езса буладику. Ислом бошка динларни хам хурмат килишга чакиради ва шуни билинки калима келтириб Оллох деган одам Мусулмон булади у хох намоз укисин хох угрилик килсин охиратда жавобини узи беради.

    11. Tangriyor

      Нега коммунистлар ҳаммани сафига қабул қилишмаган? Бизда ҳамма коммунист деб жар солиш мумкин бўлар эди. Ахир мусулмонлар Ўзбекистонда ҳамма мусулмон дейишади-ку! Бирон марта ҳам мачитга бормаса ҳам Қуронни ўқимаса ҳам сен мусулмонсан деб айтишади.

      Коммунистлар ўз номини ҳурмат қилишган. Мусулмонларга эса барибир. Ўғри қаззобни ҳам мусулмон деб пулини олишади. Коррупционер мачитга совға олиб келса бўлди номига намоз ўқиб юборишади. Мана шунинг учун ҳам мусулмонлар ривожланишдан қолиб кетишган. Коммунистлар эса 70 йил ичида Ўзбекистонни ривожланган мамлакатлар қаторига қўшишди. Мусулмонлар энди ҳаммани яна ишдан қолдириб Ўзбекистонни ривожланишдан қолдирмоқда.

      Nega kommunistlar hammani safiga qabul qilishmagan? Bizda hamma kommunist deb aytsa mumkin bo’lar edi. Axir musulmonlar O’zbekistonda hamma musulmon deyishadi-ku! Biron marta ham machitga bormasa ham Quronni o’qimasa ham sen musulmonsan deb aytishadi.

      Kommunistlar o’z nomini hurmat qilishgan. Musulmonlar esa baribir. O’g’ri qazzobni ham musulmon deb pulini olishadi. Korrupsioner machitga sovg’a olib kelsa bo’ldi nomiga namoz o’qib yuborishadi. Mana shuning uchun ham musulmonlar rivojlanishdan qolib ketishgan. Kommunistlar esa 70 yil ichida O’zbekistonni rivojlangan mamlakatlar qatoriga qo’shishdi. Musulomonlar endi hammani ishdan qoldirib rivojlanishda qoldirmoqda.

      • Замира

        Курашчанлик Исмат акада болаликдан бор экан. Қандай гўзал хотиралар. Раҳмат.

      • Tangriyor

        Исмат ака,
        Нега менинг изоҳларимни чиқармаяпасиз? Бу исломпарастлар яна оғзимни ёпишга ҳаракат қилмоқда. Сизни демократ деб ўйлаган эдим.

        Ислом дини қанча одамларни террорга ва жиҳодга буюрди. Ўзбек мусулмонлар арабларнинг буйруғини бажараман деб ўлиб кетмоқда ва миллий манфаатларимизга зарба беришмоқда. Сиз эса менинг оғзимни исломпарастларнинг талаби билан ёпаяпсиз.

        Ismat aka,
        Nega mening izohlarimni chiqarmayapasiz. Bu islomparastlar yana o’gzimni yopishga harakat qilmoqda. Sizni demokrat deb o’ylagan edim.

        Islom dini qancha odamlarni terrorga va jihodga buyrdi. O’zbek musulmonlar arablarning buyrug;ini bajaraman deb o’lib ketmoqda va milliy manfaatlarimizga zarba berishmoqda. Siz esa mening og’zimni islomparastlarning talabi bilan yopayapsiz.

    12. Ахли Расул Мухаммад

      Исматжон! Чинакам дили дарё шоирсиз!

    13. Muhammad Rahim

      Maroqli hikoya, naqadar ta’sirli.. Tasvirlar, tashbehlar uz urnida, ahir Bu hayotiy voqealarku! Qoyil!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *