• Чт. Фев 6th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

“Президент эркатойининг саргўзаштлари» 
Биринчи китоб. 16 – боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Ниҳоят узоқ ва беомон курашлардан сўнг Исмат Хушевга ҳам ўз севган қизига уйланиб, куёв бўлиш бахти насиб этди… 
“МЕН СУЙГАН СУЮКЛИ…”
(Юрагимнинг бир парчасига айланган ул санам қиссаси…)
1.
Ётоқхонага бориб алламаҳалгача тўлғониб ётдим.
Бир пайт Абдулҳамид Чўлпоннинг “Гўзал” номли шеъри ёдимга тушиб қолди. Бу шеър Тошкентда талабалар ўртасида қўлма-қўл бўлиб юрадиган шаҳиди шариф шоиримизнинг чоп этилмай қолган энг охирги тўпламида ҳам бор эди.
Ўша муборак кўлёзмани ўқиш навбати менга келганда тун бўйи ухламасдан ўттизтача шеърларини кўчириб олгандим. Кейинчалик кўлёзмадан кўчирилган қўлёзмамни кимларгадир бергандим…
Танишларим эса ўз навбатида, Чўлпон шеъриятидан олган ҳис-ҳаяжонларини дарҳол ўртоқлашиш ниятида яқинроқ танишларига тақдим этишади.
Чунки битта мавзу ҳақида гаплашиш учун ўша мавзуни суҳбатдош ҳам билиши керак.
Хусусан, Чўлпон тўғрисида тўлқинланиб гаплашиш учун шоир шеъриятидан қисман хабардор бўлган ҳамсуҳбатга эxтиёж сезилади.
Шундай қилиб, Чўлпоннинг ўттизинчи йилларда таъқиқланган тўплами талабалар орасида қўлма-қўл бўлиб юрарди.
Студентлар “таъқиқланган адабиёт” ни ўқиётганини айрим ўқитувчиларимиз билишарди, амма ўзларини билмасликка олишарди.
Баъзан: “Ҳушёр бўлинглар! Катта давраларда Чўлпон тўғрисида гап очманглар, ораларингда “қуда” томоннинг одамлари бўлиши мумкин”, деб огоҳлантириб қўйишарди…
Биз талабалар Чўлпоннинг шеърларини кўз корачиғидек авайлаб-асрардик.
Китобларим орасидан Чўлпоннинг “Гўзал” шеъри қўлёзмасини қидириб топдим.
Коронғи кечани безовта қилиб бор овоз билан ўша шеърни ифодали ўқий бошладим:
Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадур: “Мен уни тушда кўрамен,
Тушимда кўрамен, шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!”
Кўзимни оламен ой чиққан ёққа,
Бошлаймен ойдан-да сени сўрмоққа,
Ул-да айтадурки: “Қизил ёноққа
Учрадим тушимда, кўмилган оққа.
Оққа кўмилганда шунчалар гўзал,
Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!”
Эрта тонг шамоли сочларин ёзиб,
Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен.
Айтадур: “Бир кўриб йўлимдан озиб,
Тоғу тошлар ичра истаб юрамен,
Бир кўрдим мен уни, шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!”
Ул кетгач кун чиқар ёруғлик сочиб,
Ундан-да сўраймен сенинг тўғрингда.
Ул-да уятидан беркиниб, қочиб,
Айтадир: “Бир кўрдим, тушдамас ўнгда,
Мен ўнгда кўрганда шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, мендан-да гўзал!”
Мен йўксил на бўлуб уни суюбмен?!
Унингчун ёнибмен, ёниб куюбмен.
Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен.
Мен суйиб… мен суйиб… кимни суюбмен?
Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!!!
Албатта, талабалар уйғониб кетишади, деразадан бошларини чиқаришиб, ғаройиб шеърни эшитадилар, шеър сеҳрига маст бўладилар, асир бўладилар:
– Исмат ака, раҳмат, кам бўлманг! Илтимос, яна бир марта қайтариб юборинг! Бошини эшитмай қолдик! – деган хитоблар янграйди.
Шеърни яна бир марта янада тўлқинланиб ўқийман. Ётокхона сув қўйгандек жим-жит бўлиб қолади…
2.
Эрта тонгда комсомол ташкилотининг секретари Исмат Хушевнинг бедаво дардга мубтало бўлганини ҳамма эшитади. Мен бўлсам, ҳеч нарса бўлмагандек ишга бордим.
Одатда, иш пайтида режалар дафтаримни кўздан кечириб, аввало муҳим топширикларни бажаришга киришардим. Бу гал эса шеърий иктибосларни ўзимча ўзбекчага ўгирдим.
Китобдан нохуш хабарлар кела бошлади. Отам биринчи марта совчиликка борганда: “Қизимиз ҳали ёш, ҳали-бери куёвга бермаймиз!” деб жавоб беришибди…
Яна икки-уч кун кутдим. Кейинги хабар мени яна-тағин жанговар ҳолатга қайтарди қўйди. Отам иккинчи марта совчиликка борганда: “Ўғлингиз бизнинг қизимизнинг тенги эмас. Ҳар ҳолда тенг-тенги билан…” дейишиб, узил-кесил рад жавобини беришибди.
– Йўг-э! – дедим телефон килган Зулайхо опамга. – Xали коммунистлар бойларнинг қизига тенг бўлмай қолибдими?…
– Исматжон, ўзингни босгин, Китоб тўла қиз, келгунингча беш-олтитасини кўз остига олиб қўямиз, танлаганингни оласан!
– Менга бошқа киз керак эмас! Хотинсиз ўтсам ўтиб кетаманки, лекин бошқа қизга уйланмайман! Уйлансам, фақат Наргисга уйланаман! Бу қанақаси ахир, отам совчиликка бориб, бошини эгиб, қайтиб келаверадими? Йўқ, бундай бўлмаслиги керак, биз ғолиб келишимиз лозим!
Наргисга атаб кечалари шеър ўқиб ётсаму, отаси ишқимни паймол қиладими?
Ажаб, бизга қизини бермайдиган одам ҳам бор экан-да…
Коммунист бўлганимдан сўнг маиший ҳаётим xам изга тушиб кетиши лозимдек туюларди. Келажагим порлоқ бўлишига асло шубҳаланмасдим.
Ҳавойи орзулар қанотида учиб юрган йигит учун Наргиснинг отаси эскилик сарқитларига муккасидан кетган феодал бўлиб кўриниши табиий ҳол эди.
Мен ҳали у кишини танимасдим, фақат Шаҳрисабзда “Заготзерно”нинг директори эканини эшитгандим, холос.
Ғалла тайёрлов ташкилоти у пайтларда ҳар қандай кишида ўз-ўзидан шубҳа уйғотарди. Раҳбари ҳалол бўлиши мумкин, намозхон бўлиши мумкин, халқ мулкига хиёнат қилмайдиган қип-қизил коммунист бўлиши мумкин, аммо очиқ омборларда тўлиб-тошиб ётган ғалладан, ҳеч бўлмаса, “сичқонлар ташиб кетди, каламушлар еб кетди”, деб инсоф билан чегириб ташланмаслигига, қонуний йўсинда, ими-жимида ўзлаштирилмаслигига ҳеч ким ишонмасди.
Жумладан, ўзим xам кўпчилик қатори шундай фикрда эдим. Майли, дедим, xозирча у ёғини ковлаштирмай турайлик, эртага қайнота-куёв бўлиб қолсак, кўз-кўзга тушганда ўсал бўлиб қолмайлик, деб шайтонга ҳай бердим.
3.
Шошма, Исматбой, аввал қизнинг ўзи билан бир гаплашай-чи, дедим.
Сўраб-суриштирсам, Наргис шамоллаб, район касалхонасига тушиб қолибди. Воҳ, дедим, қулай фурсатни қўлдан бой бермаслик керак, дедим.
Ўша кеча ҳам ухламасдан Наргисга хат ёздим, хатни ишхонамда яхшилаб машинкада кўчирдим, у ёқ-буёғига сайқал бердим.
Хат унчалик катта бўлмаса-да, лекин ниxоятда пурмаъно эди: биринчидан, “мен муҳаббатни қандай тушунаман?” деган масалага фалсафий жавоб бергандим.
Иккинчидан, “Мен севган қиз қандай бўлиши керак?” деган саволга ҳам ўз қарашларимни баён этгандим.
Учинчидан, “Қизлар учун замонавий йигитлар қандай фазилатларга эга бўлиши керак?” деб масалани кўндаланг қилиб қўйгандим.
Албатта, учинчи саволга жавоб бераётиб, ўзимни бутун дунё йўқсилларига намуна этиб кўрсатишни ҳам эсимдан чиқармагандим.
Хат шоирона руҳда ёзилганди:
“Юрагимнинг бир парчасига,
Айланган ул санамга салом!
Салом азизим Наргиза! Ҳозир сенга хат битаяпман-у, сенсиз келгуси ҳаётимни тасаввур ҳам қилолмаслигимга ақлим етди:
Сен экансан менинг бир умр,
Зор-зор кутган бахт-у, иқболим.
Бахт-иқболим ҳаққи-ҳурмати,
Доим соғ бўл, соҳибжамолим!
Мана xозир соат тунги бир. Менинг эса уйқум келмайди. Хаёлимда фақат сен ўзинг. Шу қадар қалбимга кириб келгансан. Биласанми, бу нима?
Бу – муҳаббат! Бу – севги! Бу – бахт! Қанча йиллар кутган эдим мен бу дамларни. Ҳамма-ҳаммаси учун сенга раҳмат, азизим.
Наргизам, яхшиям дунёда борсан,
Мен учун бир умр сўлмас баҳорсан!
Сен менинг шунча йил кутган умидим,
Мен учун иймонсан ва ифтихорсан!
“Мен ўз рафиқамни қандай тасаввур зтаман?” Назаримда, мен бу саволга олдинги мактубларимда тўлиқ жавоб беролмагандекман.
Менинг рафиқам дунёдаги энг бахтли аёл бўлмоғи шарт деган эдим. Ҳа, азизим! Биринчидан, мен суйган суюкли ўзини энг бахтли деб ҳисоблаши шарт!
Иккинчидан эса, у худди сендек журъатли, жасоратли, ўз фикрини дадил айта оладиган бўлиши керак эди. Не бахтки, сен худди шунақа экансан. Ҳам чиройинг, ҳам ақлинг, ҳам фикринг билан.
Мен – бир оз ўйчан, бир оз мулоҳазали ва албатта майда-чуйда гап-сўзларга, иғво-ю бўҳтонларга ишонмайдиган маҳбубани орзу қилардим.
Сен худди шунақа қиз бўлиб чиқдинг. Бўлмаса, мен ҳақимдаги гап-сўзлар дадангнинг хаёлларини паришон қилиб қўйган бир пайтда, сен ҳеч иккиланмасдан бир фикрга келган бўлармидинг? Йўқ, албатта!
Кейин бизнинг оиламизда ҳамма нарса ҳавас киладиган даражада бўлиши керак: Рўзғор ҳам, фарзандларимиз тарбияси ҳам, яшаш ҳам, эр-хотин орасидаги муносабат ҳам, меҳр-оқибат ҳам.
Ва албатта, оиламиз – турмушимиз иқтисодий томондан ҳам одамларнинг ҳавасини келтирадиган даражада бекаму-кўст бўлиши керак. Бу албатта, кўпрок, оила бошлиги – эркакнинг зиммасига тушади. Мен эса шубҳасиз ишонаман – сен билан чиройли турмуш қуришимизга!
Ана шуларнинг ҳаммаси – бир сўз билан айтганда – чиройли турмуш – кишининг умр йўлдошига боғлиқ. Нима учунлигини ҳозир сенга айтолмайман. Лекин менинг фикримча шундай!
Эр кишини бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам – хотин деб бежиз айтишмаган. Ана шунинг учун ҳам, азизим, мен сени, сенга етишишни илоҳий бир ҳол деб ёзганларим ёдингдадур.
Кеча ушбу хатни тугатолмай, иккиларда ухлаган эдим. Ҳозир соат етти бўлибди. Яна давом этаяпман. Дарвоқе, бугун сенинг туғилган кунинг. Агар билсанг, бу менинг ҳам туғилган – қайта дунёга келган куним!
Нима учунлигини – мен ёзган мактубларимни бир-бир ўқиб чиқсанг, ҳар бир жумласини яхшилаб таҳлил қилсанг, эҳтимол жавоб топарсан…
Бугун албатта олдингга бораман. Шаҳло кўзларингга, нурли нигоҳларингга боқиб сени туғилган кунинг билан, ўзимни эса қайта дунёга келган – сендек бир дилбар фариштамни – соҳибжамол малагимни топган куним билан табриклайман!
Наргиза! Мен сен билан учрашганимда ҳам, хатларимда ҳам бу дунёда сени мендек xеч ким тушуна олмаса керак деб кўп бор айтганман. Нима учун шундай деганимни мана энди тушунаётгандирсан. Чунки ҳамма йигитлар ҳам мен сенга ёзаётган нарсаларни худди мендек тушунавермайдилар-ку.
Уларнинг кўпчилиги учун хотин – бу шунчаки уй бекаси, хизматкор, болаларнинг онаси, холос. Мен учун эса шулар билан бирга у – ҳаётимнинг мазмуни, умрим безаги!
Юрагимнинг бир парчасига айланиб қолиши шарт бўлган вафодор ёрим!
Хуллас, мен умр йўлдошимни ана шундай – умрим мўъжизаси деб биламан.
Сен менинг йигирма саккиз ёшимда кашф этилган ноёб мўъжизамсан! Кашфиётимсан! Бир сўз билан айтганда эндиги – ҳаётимсан!
Бу ҳаётимнинг қандай кечиши сенга боғлиқ. Ёлғиз ўзингга!
Мен сени – умрим йўлдошини – дилбар рафиқамни хаёлимда ана шундай тасаввур қилган эдим. Ва, не бахтки, худди шундай ҳолда учратдим! Шунинг учун сенга раҳмат, азизам!
Энди кечгача хайрлашамиз. Китобда дийдор кўришгунча. Сени соғиниб қолувчи – Исмат Хушев.
25-26 август 1986 йил, Қарши шаҳри.”
Зўр чиқди, ҳатто ёш Вертер ҳам ўзининг севгилиси – Шарлоттага бунчалар оташин мактуб йўллай олмаган бўлса керак.
4.
Хат тайёр бўлгач, милицияда ишлайдиган Бурҳон исмли укахонимни чақирдим.
У институтимизнинг сиртқи бўлимига кираётганда бир-икки балл етмай қолганди. Шунда аппеляция ҳайъатининг бошқа аъзоларига эмас, менга арзи-ҳолини айтганди.
Қарасам, хушмуомала, оқ-корани танийдиган йигит экан. Уни ректор ҳузурига эргаштириб кирдим. Муҳаммаджон Назаровичга: “Милиция таркибида Бурҳонга ўхшаган инсонпарвар йигитлар хизмат қилса, менимча, жамиятимизга фойда бўлади. Домла, келинг, шу йигит институтимизда таҳсил кўрсин, ўзингиз қўллаб юборинг!” деб илтимос қилгандим.
Ректоримиз мандат пайтида Бурxонни қўллаб юборади – у сиртқи бўлим студенти бўлади. Шу-шу қачон учрашиб колсак: “Исмат ака, айтинг, қанақа хизмат бор?” деб самимий салом-алик қилиб юрарди. Хуллас, ўша йигитни ҳузуримга чақириб, вазиятни тушунтирдим:
– Мана шу хатни Китобдаги район касалхонасида даволанаётган Наргис исмли қизга – бўлажак келинга элтиб берасиз. Отаси Ғалла тайёрлов ташкилотининг директори, қизини ҳамма врачлар таниса керак, – дедим.
– Бўпти, ака, буёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин, машинам янги, тезда қайтаман, – деб Бурxон Китобга жўнаб кетди.
Чопар кечга томон қайтиб келди.
– Жавобини ҳам ёздириб олдим, мана, деб бир варақ коғозни узатди.
– Койилман, раҳмат Бурҳонжон! – дедим қувониб.
Наргиснинг жавоб бериши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Бурҳон эса милиция ходимлиги учунми, дарҳол ашъёвий далилни ҳам қўлга киритади.
Тўғри, жавоб хатида “Менинг измим дадамларда…” деган қисқагина бир жумла ёзилганди, холос.
Бари-бир эмасми, мен оғзимни тўлдириб: “Наргисдан хат олганман, жавоб олганман, деярли кўндириб қўйганман”, дейишим учун қўлимда дастак бор эди…
5.
Кайфиятим кўтарилиб, руҳим тетиклашиб қолди. Кўнглимда умид уйғонди.
Кечқурун Китобга бориб Наргизни туғилган куни билан табриклаш истаги энди қаъий қарорга айланди. Шеърий сатрлар ҳам ўз-ўзидан туғилиб кела бошлади:
Бугун сендан йирокларда,
Юрибман мен ғариб, ёлгиз
Мени сен бу фироқлардан,
Халослар айлагил, эй қиз.
Сени деб бу аламларда,
Куйиб кул бўлмасам ҳаргиз.
“Ихтиёрим дадамларда…”
Деб мени қийнама, Наргиз!
Ана шундан кейин ректорнинг олдига кирдим:
– Домла, келинликка номзодни ўзим топдим. Лекин отам совчиликка борган экан, қизини беришмабди. Энди ваъдангизнинг устидан чиқасизми? – деб масалани кўндаланг қўйдим.
– Бўлмасам-чи, Исматжон, йигит – сўзидан, арслон – изидан қайтмайди! – деб Муҳаммаджон Назарович дарҳол обрў-эътиборли профессорларни ҳузурига чақиртирди. – Фақат ўша қизни оласизми, бошқаси бўлмайдими?
– Йўк, фақат Наргисни дейман! Унга уйланмасам, йиғиб-териб қўйган иқтибосларим xайф бўлиб кетади…
Кўп ўтмасдан ректор кабинетида институтнинг машҳур профессорлари Даврон Шодиев, Анвар Чориев, Обод Жўрақулов ва Малла Очиловлар ҳозир бўлишди. Улар менинг партия аъзолигига ўтишимга йўлланма бериб, менинг масалам кўрилган сон саноқсиз партия йиғилишларида қўллаб қуватлаган  эдилар.
– Отаси ким экан? – деб сўрашди даставвал домлалар.
– Ғалла тайёрлов идорасида ишлайди, – деди ректор. – Хуллас, мана   шу комсомолни уйлантириб қўймасак бўлмайди. Маъқулми?
– Бажонидил, – дейишди профессорлар қўлларини қовуштиришиб.
Ректор кабинетида пухта режа тузилди. Совчиликка кимлар бориши аниқланди, ҳар эҳтимолга қарши, қўшимча вариантлар ҳам белгилаб олинди.
6.
Маълумки, у пайтларда институтнинг иккита профессори совчи бўлиб борса, ҳеч ким “йўқ” демасди. Тирик профессорларни кўрган одамлар ўзларини бахтли инсон ҳисоблашарди.
Битта декан уловини тўғрилаб:
– Хизматни, мана, биз қиламиз! – деди қўлини кўксига қўйиб.
“Жигули”га ўзим ҳам чиқиб олдим. Қаршидан Китобга йўл олдик.
Икки соатлик йўлни ишқ муҳаббат мавзуси билан бир пасда босиб ўтдик.
Наргизларнинг уйи район ҳарбий комиссарлигининг ёнида – Ҳамид Олимжон номли маҳаллада эди.
Совчилар виқор билан менинг тақдирим риштаси боғланиб қолган хонадонга кириб кетишди.
Мен бўлсам, машинани ичидан қулфлаб, хушхабар келишини пойлаб ётдим.
Ўчакишгандек, совчилар гўё бир йил йўқ бўлиб кетишди. Охири кайфиятлари чоғ бўлиб қайтиб чиқишди. Қайтиб чиқишди-ю, лекин нуқул дастурхонга қўйилган ноз-неъматларни таърифлайдилар.
Ҳа, совчилар тансиқ таомлару сарҳил ичимликлар билан меҳмон қилинган бўлса, демак ишлар “беш” бўлган деб ўйладим. Наргиснинг отаси рози бўлган… Тўй кунини қачон белгилашди экан?..
Машина ўрнидан кўзғолди. Ҳамон бояги ноз-неъматлар мавзусидаги суҳбат давом этарди. Китоб ҳудудидан ҳам чиқиб кетдик, Қарши йўлига тушиб олдик…
Лекин лаънати дастурхон ниҳоятда тўкис бўлган экан, сира таърифининг чек-чегараси кўринмасди. Охири юрагим торс ёрилай деди, ўзимни тутолмадим:
– Бўрими, тулки? – деб сўрадим. – Ишқилиб розилигини олдиларингми?
– Ҳозирча… чиябўри, – деди профессор Обод Жўрақулов. – Қизи борнинг – нози бор дейдилар. Яна бир марта келмасак бўлмайди, комсомол, таомил – урф-одатимиз шунақа…
Дарҳақиқат, меҳмондорчилик зўр бўлибди. Бўлажак қайнотам ҳам ниҳоятда зиёли, одамухон инсон экан.
– Қанийди вақтимиз бемалол бўлса-ю, ётиб олиб эрталабгача суҳбатлашсак! Одамнинг тафтини одам олади, жонон суҳбатлардан сўнг кўнгилдаги ғуборлар ҳам тарқалиб кетади, – деди Анвар ака Чориев мамнун қиёфада.
Кўнглим бир оз хотиржам бўлди.
Ректоримиз Муҳаммаджон Назарович ҳам бизни кутиб ўтирган экан. Тўғри у кишининг кабинетига кириб, ахборот бердик.
– Шунақами? – деди ректор xомуш тортиб. – Майли, кейинги гал Жалил Шукуровични ҳам қўшиб юбораман, – деди.
7.
Орадан уч кун ўтгач, институт партия ташкилотининг секретари Жалил Шукурович раҳбарлигидаги делегация яна Китобга жўнаб кетди.
Лекин бу сафар мени олиб кетишмади. Ишни бузиб қўйишимдан чўчишди. Агар рад жавобини эшитсам, Наргизнинг уйига бостириб кириб тўполон қилишим ҳам мумкин эди…
Афсуски, иккинчи маротаба ҳам совчиларга рад жавоби берилади. Аммо бу гал ҳам жуда зўр меҳмон қилишади. Мен баттар жиғибийрон бўлардим: қизини бермайдиган бўлса, нега совчиларни шоҳона меxмон қилади?…
Қайнотам азбаройи машҳур профессорларнинг юзидан ўтолмасдан ўзбекчилик одати бўйича меҳмондўстлик қилаётганини ақлимга сиғдира олмасдим.
Иккинчи маротаба ҳам совчилар “тулки” бўлиб қайтишгач, ректорнинг кабинетида жиддий машварат бўлди. Мен аллақачон ўзимнинг курашчанлик ҳолатимга қайтиб, навбатдаги ўзоқ давом этадиган жангларга ўзимни чоғлаб қўйган эдим.
Бу орада Наргисга бир иккита ишқий-фалсафий хатлар ёздим, бир икки марта телефонда гаплашдим…
Ректор бошини чангаллаб хийла ўйланиб қолди ва:
– Энди оғир артиллерияни ишга солмасак бўлмайди, шекилли, – деди.
– Мен ҳам шундай фикрдаман, Муҳаммаджон Назарович, – деди Обод Жўрақулов. – Озод Пармонов ҳам: “Ишларинг нима бўляпти?” деб қизиқиб юрибди. У киши Исматжоннинг мухлиси бўлади.
– Бўлмасам, ўзингиз Озод ака билан маслаҳатлашиб кўрасизми? – деб таклиф қилди ректор.
– Бўпти, гаплашиб кўраман, – деди Обод ака.
– Шундай қилинг, бизнинг номимиздан илтимос қилинг, қўллаб юборсинлар!
– Албатта ёрдам берадилар…
– Исматжон, ука, сиз бемалол ўйнаб кулиб юраверинг. Буёғини ўзимизга қўйиб беринг! Бирор гап бўлса, ўзим сизни топтираман, – деб ректор менга руxсат берди.
Ректор кабинетидан ғалати бўлиб чиқдим. Озод Пармонов ўша пайтларда вилот партия кўмитасида Видешиннинг ўрнига эндигина парткомиссия раиси этиб тайинланган эди. Энди менинг уйланишимга обкомнинг парткомиссия раиси ҳам жалб этилди…
Озод Пармонов ректор ва профессорларнинг илтимосини ерда қолдирмабди. “Бажонидил ёрдам бераман”, – дебди.
У киши Шаҳрисабз район партия қўмитасининг биринчи котиби Январь Пўлатовичга муддаони тушунтирибди. “Хўп, ёрдам бераман, сиз айтасиз-у, йўқ дейманми, Озод ака!” дебди Иноятов. Лекин аввал куёвнинг ўзи билан гаплашиб кўрай…
– Яхши, – дебди Озод Пармонов. – Эртага олдингизга “Совет Ўзбекистони” газетасининг Қашкадарё вилояти бўйича мухбири Муса Каромов билан бўлажак куёв Исмат Хушев боради. Районингиздаги “Заготзерно”нинг директорига менинг номимдан айтинг, шу йигитга қизини берсин, бўладиган ишни ҳадеб пайсалга солавермасин!
8.
Хуллас, профессорлар менга шу гапларни етказдилар. Мен суюниб кетдим.
Муса ака жуда самимий ва камтар бир одам эди. Эртаси куни  у киши  билан оппоқ “Волга”да Шаҳрисабзга жўнадик.
У пайтларда “Совет Ўзбекистони” газетасининг вилоят мухбирларини обком гаражига қарашли “КФО” рақамли “Волга” олиб юрарди.
Мухбирнинг хизмат машинасига йўл ҳаракатини назорат қиладиган ГАИ ходимлари “честъ” бериб қолишарди.
Бу гал ҳам Қаршидан Шаҳрисабзгача бўлган йўлни тез босиб ўтдик.
Муса ака билан райкомнинг биринчи котиби Январъ Пўлатовичнинг кабинетига кирдик.
У киши бизни кутиб ўтирган экан. Муса ака билан Иноятов қуюқ сўрашдилар.
Лекин Январ ака мен билан совуққина сўрашди.
– Исмат Хушев деган партизан сенмисан? – деди котиб.
– Ҳа, менман.
– Сен учун қанча тўполон бўлаётганини биласанми?…
Мен ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Назаримда, у юқори партия ташкилотининг топшириғини қулоқ қоқмасдан бажариши керак эди.
– Ҳа, энди… – дедим чайналиб.
– Ука, бизлар уйланган пайтларда бунақа гаплар йўқ эди. Энди райком, обком уйланиш масаласига ҳам аралашадиган бўлса, бизни Xудо урибди-ку! Ё тавба! – деди Январъ Пўлатович энсаси қотиб. – Озод Давронович айтганидан кейин… бажарамиз, ука!
У столда турган редукторнинг тугмачасини босди-да: – Ҳузуримга Раҳматовни чақиринг! – деди. Сўнг: – Сиз анави дам олиш хонасига кириб ўтиринг, – деди менга совуққина.
Муса ака ҳам саркотибнинг бу муомиласидан ноқулай аҳволга тушиб қолганди. Мен дарҳол дам олиш хонасига равона бўлдим.
Деразадан ташқарини кузатиб турсам, бирпасдан кейин дўппи кийган, узун бўйли бир киши биринчи котибнинг кабинети томон ўтиб кетди. Бўлажак қайнотам шу киши экан.
Орадан бор-йўғи ўн дакика ўтган бўлса ҳам, мен учун гўё ўн  йил ўтгандек туюлди. Кейин Январъ Пўлатович дам олиш хонасининг эшигини очиб: – Буёққа келинг-чи, комсомол! – деди зардали оҳангда.
У кишининг авзойи бузуқ эди.
Кабинетга ўтдим. Муса ака ҳам бир чеккада хомуш ўтирибди. Котиб босиб-босиб сигарет симирарди.
– Бўлмади, комсомол, – деди Январъ ака оғзидан паға-паға тутун буруқситиб. – Мана, ариза ташлаб кетди, – деб қўл остида ётган бир варақ коғозни кўрсатди. – Илтимос, менинг оилавий ишларимга аралашманглар, деди. Мен у йигитга қизимни бермайман, агар сизларга менинг ишим керак бўлса, мана олинглар деб шартта ариза ёзиб берди. Билмайман, сен қанақа йигитсан ўзи? Нима қилгансан, нима қўйгансан – мен қайдан биламан. Қизиқ йигит экансан! Энди нима қилишга ҳам ҳайронман. Аслида, сени буёққа чақиртириб бекор қилган эканман…
Бу гапларни эшитиб жаҳлим чикиб кетди:
– Битта “Заготзерно”нинг директорига гапингиз ўтмаса, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?! Наҳотки, муттаҳам бир кишини йўлга сололмасангиз?! Қанақа биринчи секретарсиз ўзи? – деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим.
Назаримда, отамни менсимагани, институт профессорларини ранжитгани, иззат-нафсимга теккани учун Раҳматовга заҳримни сочмоқчи бўлдим.
Бирок, рўпарамда Раҳматов эмас, бу ишларга мутлақо алоқаси бўлмаган, бизга хайрихоҳ райком котиби ўтирарди. Унинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди, аввал бир оз саросимага тушиб қолди-да, сўнг сапчиб ўрнидан турди:
– Ҳой бола, оғзингга қараб гапир! – деди ўшқириб. – Олий Совет депутати, райкомнинг биринчи секретари билан қанақа гаплашишни ҳозир мен сенга кўрсатиб қўяман! – деб устимга бостириб кела бошлади.
– Ҳай-ҳай, Январъ ака, ўзингизни босинг! – деб Муса ака унинг йўлини тўсди.
– Шаҳрисабздан ҳайдаб, Қаршида адабингни бериб, жуда тўғри қилишган экан! Ҳозир мен сени қаматиб юбораман!
Январъ Пўлатович шундоқ ҳам асабийлашиб турганди, менинг ноўрин (адресга нотўғри йўналтирилган) гапларимни эшитиб бирдан фиғони фалакка чиқиб кетди.
Биринчи котибнинг шовқин-суронини эшитиб, остонада навбатчи пайдо бўлди. Бизнинг бир-биримизга ўдағайлашиб турганимизни кўргач, донг қотди, Прокурорни чақир! – деб бўкирди котиб. – Мана бу лўттивозни қамаб кўйсин! Эс-ҳуши жойига киргандан сўнг қўйиб юборади.
Навбатчи зудлик билан ташқарига чикиб кетди.
Қизиқ, коммунист бўлганимдан сўнг райком, обкомлар ҳам менинг хизматимни қилиши керак, деб ўйлардим. Қолаверса, мен маҳаллий раҳбарларнинг илтимосини ерда қолдирмайман деб ўйланишга розилик берган бўлсам, хўш, нега булар битта ишни ҳам эплашолмайди?…
Назаримда, агар обком аралашгандан кейин ҳам Наргиснинг отаси қизини менга беришга розилик бермаса, ҳаёт-мамотим тамом бўладигандек эди.
Шу боис энди кимга нима деяётганим тўғрисида ўзимга ҳисоб ҳам бермасдим.
Лекин барибир жон ширин экан. Котиб: “Прокурорни чақир!” деб навбатчига қатьий буйруқ бергандан сўнг кабинетдан қўлимга кишан солиб олиб чиқиб кетишларини кутиб ўтирмасдан ташқарига отилиб чиқдим. Бўйинбоғим қийшайиб кетган, лабларим пир-пир учиб турар, рангларим бўздай оқариб кетган эди.
Райком ҳовлисининг тўхташ жойидаги сояга машинасини қўйиб, ўзи ўриндиқда мудраб ўтирган Муса аканинг ҳайдовчиси авзойимни кўриб кўрқиб кетди. Мен орқа ўриндиққа ўзимни ташладим-да:
– Ҳайданг, ака! – дедим. – Қаршига босинг! Юзга қўйиб босинг!
– Хўжайин-чи, хўжайинни кутмаймизми? – деди ҳайдовчи машинани ўт олдирар экан.
– Босинг, ака, хўжайин бошка мошинда боради! Муҳим топшириқ чиқиб қолди! – дедим ҳовлиқиб.
Шафёр ҳам қандай топшириқ чиқиб қолганини сўрамасдан газни босди.
Шундай қилиб, Шаҳрисабз район партия қўмитасининг биринчи секретаридан қочиб қутилдим.
Эртаси куни Муса ака: “Мени ташлаб кетибсиз-ку, куёв!” деб ҳазиллашди.
Уни Январь Пўлатович бошқа машинага чиқариб юборибди. (Кейинчалик Январь Пўлатович билан ака ука бўлиб кетдик, ўша воқеани эслаб кулишиб юрардик…)
9.
Энди ҳаммаси тамом бўлганди. Сўнгги чора ҳам натижа бермагач, ректордан рухсат сўраб Тошкентга жўнадим.
Қизнинг “феодал” отасига нисбатан қалбимда нафрат олови кучайиб кетди, ундан қасос олишга аҳд қилдим.
Тарихдан маьлумки, муҳаббатга ғов бўлган одамнинг ҳеч қачон косаси оқармаган. Ана, Мирзакаримбойни олинг ёки Солиҳбойни кўринг: иккови ҳам ялангоёқларнинг соф муҳаббатига ғов бўлганлиги учун тарихда ёмонотлиқ бўлиб қоладилар…
Бу “Заготзерно” нинг директори мени ким деб ўйлаяпти ўзи?! Улуг Октябрь социалистик инқилобидан илгари бойлар соф севгига тўсқинлик қилишарди. Лекин ҳокимият камбағалларнинг қўлига ўтганига салкам етмиш йил бўлди-ку! Қачонгача камбағални туянинг устида ит талайди? Ахир партия билетим мени битта туячалик ҳимоя қилолмайдими?
Хуллас, телба-тескари хаёллар билан аччиқ устида Тошкентга йўл олдим. Тўппа-тўғри устозим Маҳмуд Сатторовга учрашдим.
– Раҳматов деган қолоқ феодални танийсизми, домла? – деб сўрадим томдан тараша тушгандек.
– Нимайди, тинчликми?
– Ўша одам қизини менга бермаяпти! Соф севгига тўсқинлик қиляпти. Маслаҳат беринг, қандай қилсам унинг қизига уйланишим мумкин?
Домла узоқ сукут сақладилар. Лекин кесиб бир гап айтмадилар. Устоз билан хайр-хушлашиб Қулмон Очилнинг олдига бордим. У пайтларда Қулмон дўстим гуриллаган, “Ёш ленинчи” газетасида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ишларди.
– Шунақа-шунақа, – дедим. – Қисқаси, Шаҳрисабздаги “Заготзерно”нинг директорини фелъетон қилиб, қаматиб юбориш керак. Бир пайтлар Солиҳбой шўрлик Ғофирни қаматиб юбориб, унинг севган ёрини хотин қилиб олганди. Энди биз камбағаллар Ғофирнинг қасосини олишимиз керак!
– Ие, жўра, қизиқ экансан-ку, ҳеч қандай гуноҳи бўлмаган одамни қандай қилиб фелъетон қиламиз, ахир! Қўлимизда унинг кирдикорларини фош қиладиган далил-дастак, факт йўқ-ку! – деди Қулмон Очил ажабланиб.
– Ие, жўра, сен ҳам Январъ Пўлатович билан тил бириктириб олганмисан, нима бало! Ҳеч жаҳонда “Заготзерно”нинг директоридан битта фелъетонга етадиган айб топиб бўлмайдими? У халқнинг нонини туя қилиб ётибди-ку!
– Йўқ, жўра, сен мени тўғри тушунгин, ахир биз уни Исмат Хушевга қизини бермаяпти деб фелъетон қилолмаймиз-ку, тўғрими?
– Тўғри.
– Шунинг учун ҳам фаолияти билан боғлиқ камчиликларни топиш керак деяпман.
– Бўпти, “Заготзерно”ни ковлаштириб керакли фактларни ўзим топиб бераман! Бутун бошли “Заготзерно”дан нафақат директорни, ҳатто райком секретарини ҳам чирпирак қилиб уришга етадиган фактларни топиш қийин эмас, – дедим ишонч билан. – Лекин райкомнинг биринчи секретари Январъ Пўлатовични ҳам қўшиб уриш керак! Гапни исмидан сиёсий айб қидиришдан бошлаш керак: маълумки, 9-январъ куни “Қонли якшанба” бўлган. Хўш, Январъ Пўлатович биринчи рус инқилобини қонга ботирган золим чор ҳукуматини шарафлаш учун бу исмни танлаганми?
– Шошма, жўра, аравани қуруқ опқочма… Ўзига учрашганмисан? – деб сўраб қолди Кулмон кутилмаганда. – Бўлажак қайнотангга учрашганмисан?…
Мен бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эдим.
– Йўк, учрашмаганман. Учрашайми? – дедим нимадандир умидвор бўлиб.
– Ўзига учрашгин, жўра, кейин бир қарорга келамиз. Фелъетон қилиб, қаматиб юборишга ҳар доим улгурамиз, – деди Қулмон.
Қулмоннинг таклифини устозим Маҳмуд Сатторов ҳам қўллаб-қувватлади. Билмадим, улар мендан тезроқ қутулиш учун шундай маслаҳат беришдими ёки учрашувдан бир иш чиқишига ишонишдими, ҳартугул янги режа билан яна Қаршига қайтдим.
10.
Институтнинг Физкулътура ва спорт факулътетида Сайфулла ака деган бир домла бор эди. У киши мени жуда яхши кўрарди. Бир куни тўйиб ароқ ичдим-да ўша кишидан мени Шаҳрисабзга олиб бориб келишини илтимос қилдим. Сайфулла аканинг оппоқ “Волга”сида Шаҳрисабзга жўнадик.
Шаҳрисабздаги “Заготзерно”га Китоб станциясига кетаверишдаги поезд йўлини кесиб борилар экан. Ўнг тарафга бурилиб, ўша феодал раҳбарлик қиладиган идорага бордик. Шу куни қабул кунимикан ёки мажлис бўлганмикан, директорнинг қабулхонасида ўн беш-йигирма чоғли одам навбат кутиб ўтиришган эди.
– Ўзларидами? – деб сўрадим.
– Кутиб туринг, ўзлари рухсат берсалар кирасиз, – деди котиба.
Мен котибанинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамасдан эшикни дадил очдим-у, ичкарига кирдим.
Ҳайҳотдек кабинетнинг ўртасида узун стол қўйилганди, бу столнинг атрофига қирқ киши бемалол сиғарди, столнинг бошида дўппи кийган, барваста, очиқ чеҳрали, лекин ғамгинроқ ўша мен тунов куни райком секретарининг деразасидан кўрган одам бир нималарни ёзиб ўтирган экан. Эшикни тарақ этказиб ёпдим-да, менга ярқ этиб қараган директорга тикилиб:
– Урф-одатларимизни бузиб ўзим келганим учун кечиринг, – дедим. – Мен Исмат Хушевман! Нима гуноҳларим учун мени қизингизга муносиб кўрмаяпсиз?.. – дедим кўзларим жиққа ёшга тўлиб.
У киши менинг гапимни эшитиб беихтиёр ўрнидан худди тепасидан биров кўтаргандек вазнсиз бир ҳолатда турди-ю, яна қайтиб ўтирди. Мен энди нима дейишимни ҳам эсимдан чиқариб юборгандим, йўл-йўлакай ичимда тайёрлаб келган монологларим паққос ёдимдан кўтарилиб кетди. У киши хийла вақт ўйланиб турди-да:
– Менга қара, ҳой ука, сени ҳам, қизимни ҳам аллақачон бир ёқлик қилиб қўярдим-у, лекин тўртта боламнинг етим қолишини ўйлаяпман, – деди xорғин, лекин ғазабнок бир бир товушда. – Китобда бош кўтариб юролмай қолдим-ку! Вилоятда сен совчи қилиб юбормаган раҳбар қолмади-ку, инсон! Аввал илтимос қилиб келишарди, энди ошкора дўқ-пўписага ўтишди… Айтиб қўяй, бошимга қилич келса ҳам бировларнинг дўқ-пўписасидан қўрқиб қизимни эрга бермайман! Ахир, бу нима деган гап: “Менда қизининг хати бор деб бутун дунёга жар солибсиз?! Ким келса, қизингизнинг хати бор, деб юзимга солади. Ҳали менинг қизим бегона йигитга хат ёзадиган бўлиб қолибдими? Агар хат ёзса, ундай қизнинг қўлларини синдираман! Мен бундай иснодни кўтара олмайман! Яхшиликча, бундан кейин мени ҳам, қизимни ҳам тинч қўйинг, акс ҳолда…
– Хўш, менинг нима айбим бор?! – дедим ўпкам тўлиб. – Хунукманми? Ёки камбағаллигим айбимми?..
– Майли, аммо бундан кейин Наргисни урманг! – дедим кўзларим ёшланиб.
Дарҳақиқат,  Тошкентга кетишдан  олдин қизига қўнғироқ қилганимда: “энди бўлмайди. Дадам аямни уришди, мени урди…” деганди пиқ-пиқ йиғлаб. – Эшитяпсизми, бундан кейин Наргизни урманг! – деб такрорладим.
Бу гапимни эшитганидан кейин у киши қотиб қолди. Чамамда, бу гапни қизи айтмаса, бошқа ким ҳам айтиши мумкинлигини ўйлади. – Мен тирик эканман, Китобда ҳеч ким Наргисга уйланолмайди! Сиз отаси бўлсангиз, шу гапимни эшитиб олинг! Ўлганимдан кейингина Наргисга мендан бошқа йигит уйланиши мумкин. Факат Наргисни урманг! – дедиму бирдан йиғлаб юбордим.
Тўғри, ширакайф эдим. Лекин қўлимдан ҳеч иш келмаслигидан, камбағаллигимдан, омадсизлигимдан, хуллас, ҳамма-ҳаммаси учун хўрлигим келиб ўкраб-ўкраб йиғлардим…
Столга бошимни қўйиб, ўпкамни босолмасдан узоқ йиғладим, столнинг усти ҳўл бўлиб кетди.
Аслида, мен бу одамни ҳақорат қилмоқчи эдим, сўкиб-сўкиб хуморимдан чиқмокчи эдим. Лекин ҳеч нарса қилолмай қолдим. Фақат столга бошимни қўйиб, елкаларим силкиниб-силкиниб йиғлардим, холос.
Институтдан – ишдан кетишим керак, совчилар мулзам бўлиб қайтишди, хуллас, мени деб отамнинг боши эгилди, кейинги пайтларда омадсизлигимдан кўксим тўлиб юрган эканманми, бутун xаётим кўз ўнгимдан бир-бир ўтдию, ўзимни тутолмасдан ўксиб-ўксиб, узоқ йиғладим…
Бир пайт оғир бир қўл елкамга қўйилди. У киши паҳлавонлардек барваста эмасми, қўллари ҳам оғир эди.
– Уят бўлади, кўп йиғламанг… Қабулхонада одамлар кутиб қолишди, – деди босиқ товушда.
Ялт этиб бошимни кўтариб қарасам, боягина ғазабланиб турган одамнинг кўзлари ёшланиб турибди. Нима дейишимни билмадим-у, қўлларим билан кўзларимни яширганча қабулхонага отилиб чиқдим. Аҳволимни кўриб ҳамма ҳайрон бўлди. Мен бўлсам, xеч кимга эътибор бермасдан кўзларимда шашқатор ёш билан ташқарига отилдим…
Мен у кишига яна кўп гапларни айтмоқчи эдим, лекин айтолмадим.
“Кимдир сизни дадамга ёмонлаган кўринади, – деганди Наргис. – Сизни одамларнинг гапларига ишониб ёмон кўриб қолган…” Ўша гап ташиб юрадиган хумсалар кимлигини сўрамоқчи эдим. Қаёқда!
Югуриб чиқдим-у, машинага ўтирдим. Энди ҳаммаси тамом бўлганди…
11.
– Қаршида зўр-зўр қизлар бор, ўзим бош бўлиб бир ҳафтадаёқ уйлантириб қўяман, комсомол, – деб ваъда берди Сайфулла ака. – Қўйинг, кўп куйинаверманг! Дунёда эр қиламан деган қизга қирон келибдими?! Ана, институт тўла қиз! – деб кўнглимни кўтармоқчи бўларди бояқиш.
Қаршигача йиғлаб келдим. Шу ёшга етиб ҳали бирорта қизга оғиз солмаган эдим (“Кумуш” истисно бундан). Кўнглимга қил ҳам сиғмасди, ҳаётдан безиб бўлгандим, дунё кўзимга гўристонга ўхшаб кўринарди.
Ётоқхонадаги талабалар аҳволимни кўриб ваҳимага тушиб қолишди. Бирпасда ҳамма ёққа дув-дув гап тарқалди: “Исмат акага битта феодал қизини бермабди! Исмат аканинг севгиси паймол бўлибди…”
Бутун ҳаётим одамларнинг кўз ўнгида ўтар эди, нима қилаётганимни ҳамма биларди. Одамлардан яширадиган ҳеч қандай сирим йўқ эди.
Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан хонамга кириб кетдим.
Одатда, салом-алик қилиб, бир пиёла чой устида гурунглашиб ўтирадиган қоравул чоллар ҳам ҳайрон бўлишади. Улар мени жиддий ҳурмат қилишарди: “Исматжон, бирорта ҳам комсомол секретари биз билан Сиздек гаплашмасди, бизни назар-писанд қилишмасди”, дейишарди.
Бу гал ўзим ҳурмат қиладиган чолларнинг ёнидан ҳам бегонасираб ўтдим. Юрагимга ҳеч нарса сиғмасди…
12.
Эртаси куни институтга бориб, комсомол қўмитаси фаолларини тўпладим. Навбатдан ташқари Бюро йигилишини чақирдим.
Энди институт билан хайр-хушлашиб, бошимни олиб кетишга аҳд қилгандим. Лекин ҳозирча қаёққа кетишимни ўзим ҳам билмасдим.
Лекин нима бўлганда ҳам тезроқ Каршидан даф бўлиш лозим эди!
Бюро мажлиси бошланди. Ҳисобот бердим.
– Агар кимгадир қаттиқ гапирган бўлсам, кимнидир ноҳақ хафа қилган бўлсам, кечиринглар. Иш юзасидан баланд-паст гаплар бўлаверади, лекин кўнгилларингга оғир олманглар… – дедим энтикиб…
13.
Энди йиғилишга якун ясаётган пайтимда дафъатан столимнинг устида турган телефон жиринглаб қолди. Трубкани кўтардим.
– Китобга жавоб беринг! – деди шаҳарлараро алоқа тармоғида ишлайдиган қиз.
Телефондан Зулайxо опамнинг ҳаяжонли товуши эшитилди:
– Исматжон, нима бўлди ўзи? Суюнчини тайёрлаб қўй!..
– Тинчликми, опа?
– Кеча кечқурун Наргиснинг дадаси Муқимжон ака уйига бориб хотинини роса уришибди: “Нега оғзига кучи етмайдиган одамларнинг гапларига ишониб менга Исматжонни ёмонладинг?! Нега мени алдадинг?! Енгилтак экан дединг! Ёши катта экан, дединг…  Бинойидек йигит экан-ку! Мен қизимни ўшандай кўнглида кири йўқ йигитга бермасам, кимга бераман?! Айт уларга, совчиларни қайтадан юборишсин! Мен розиман”, дебдилар. Исматжон, отам билан онам бугун тўй кунини белгилаб келиш учун уларникига кетдилар. Саруполар муборак бўлсин!..
Зулайxо опам яна узоқ гапирди, лекин кейинги гаплари қулоғимга кирмади. Чеҳрам ёришиб кетганини кўриб Бюро мажлисида ўтирган қадрдонларимнинг юзларига ҳам қон югурди.
Трубкани жойига кўйдиму Бюро аъзоларини бир-бир қучоқлаб:
– Улар тўйга розилик беришибди! – деган хушхабарни етказдим…
14.
Шу воқеалардан бир ой ўтар-ўтмас тўйимиз бўлди. Ваъдага вафо қилиб, ректоримиз ва умуман, институт жамоаси кўп ёрдам берди. Эсимда, ўшанда пахта мавсуми эди. Тўй оқшомида узоқ-яқиндан келган дўстларимиз ҳозир бўлишди.
Кимдир сўз олиб: “Бугун, ўртоқлар, тарихий кун бўляпти. Чунки Исландиянинг пойтахти Рейкявикда АКШ Президенти Роналд Рейган билан Михаил Горбачев учрашяпти. Китобда эса Исмат Хушев уйланяпти. Худо хоҳласа, энди “совуқ уруш” ҳам тугайди, дока рўмоллар ҳам тезда қурийдиган бўлади…” дегани ёдимда қолган.
Тўйимиз 1986 йилнинг 11-октябрида бўлганди. Тўйдан кейин бир ҳафта ўтгач, отам берган “94-40” ракамли “Москвич”га келинни миндириб пахта теримига жўнаб кетгандим. Э-э, бу ёғи жуда аломат бўлган…
Пахта мавсуми пайтида шийпонларда домлалар учун алоҳида жой ҳозирлаб кўйиларди – мен ўқитувчилар, Наргис эса ошпаз қизлар билан яшай бошладик. Кечалари мушоиралар уюштириларди, энди қизлар билан ачомлашиб рақсга тушишлар йўк, чунки келин шу ерда…
15.
Курашлар вақтинча тўхтатилади.
Одамларга муносабат ҳам ўзгарди, ҳамма кўзимга бирдай яхши кўринарди.
Боз устига, яқин кунларда берилган ваъдамга мувофиқ Қаршини тарк этишим лозимлигини билардим.
Шундай бир пайтда биров билан олишиб юришни истамасдим.
Пахта мавсуми тугагач, комсомол ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилишига тайёргарлик кўрилди. Бу орада янги комсомол секретари тўғрисида гап-сўзлар бўла бошлади.
Мен навбатдан ташқари Бюро йиғилишини чақириб, комсомол фаолларини тўплаб ёруғ юз билан хайрлашдим, янги секретарга чин юракдан омадлар тиладим.
Ректорга берган ваъдага кўра, ўз хоҳишим билан ишдан бўшаб, Тошкентга йўл олдим.
Домлалар билан ҳам хайр-хушлашдим, айниқса, институт ва талабалар билан хайрлашиш жуда оғир кечди.
Улар мени кўзда ёш билан кузатиб қолишган, ўзим ҳам кўз-ёшларимни яширмаганман. Чунки бу даргоҳ икки йил давомида менга ниҳоятда азиз ва қадрдон бўлиб қолганди.
Янги йилни янги келин билан уйда кутиб олдим. Отам ва онамнинг қувончи чексиз эди.
1987 йилнинг январь ойида Тошкентга жўнаб кетдим.
Тошкентдаги ҳаётим алоҳида мавзу бўлади…
355
Суратда: Ниҳоят узоқ ва беомон курашлардан сўнг Исмат Хушевга ҳам ўз севган қизига уйланиб, куёв бўлиш бахти насиб этди… 

 

340
Суратда: Ўша пайтларда ёш келин куёвларнинг Улуғ Ватан уруши жангчилари хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйиш кенг урф бўлган эди. Жумладан Исмат Хушев ҳам ўз рафиқаси билан бундай ёқимли миссияни шараф билан бажарган эди…
360
Суратда: Исмат Хушевнинг никоҳ (ЗАКС) дан ўтиш тантаналари Ҳисор тоғларининг нақ этагидаги “Минг чинор” ресторанида бўлиб ўтганди…

Наргизам, яхшиям дунёда борсан, Мен учун бир умр сўлмас баҳорсан…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
(Давоми бор)
2 комментария к «Исмат Хушев: “МЕН СУЙГАН СУЮКЛИ…” 1-китоб, 16-боб»
  1. Укиб мазза килдим . жуда хам тиниб тинчмас булган экансизда Исмат ака.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *