Энди – маломатлар масаласида.
Мухолифат мени ҳукуматпарстликда, олдин Ислом Каримов, бугун эса Шавкат Мирзиёев тарафини олишда, ўзбек махсус хизматлари билан ҳамкорликда айблайди. Шу ўринда таъкидлаб ўтишни истардим: “Дунё ўзбеклари” ҳеч ким билан, на ҳукумат ва на мухолифат билан ҳамкорликда ишламайди.
Кўпчилик ўйлагани каби, махсус хизматлар билан эса — «тем более!!!»
Биз – мустақил нашрмиз. Унинг Бош муҳаррири ҳам ўзини — мустақил журналист деб билади. Айни пайтда биз — умидбахш шабадалар эсаётган она Ватанимиз – Ўзбекистонни, унинг янги ва жасоратли, ҳайратли Президентини ҳурмат қиламиз ва қадрлаймиз.
Биз журналистларнинг энг асосий вазифаси — Шавкат Мирзиёевга жамиятни эркинлаштириш ва одамларнинг кўзини очишида унга ёрдам беришимиз, камарбаста бўлишимиз керак. Чорак аср давомида ўзбек халқининг турли туман гипнозлар таъсирида уйқусираган кўзини — очмоғимиз, уни уйқудан уйғотмоғимиз лозим.
Бу улуғ ва муқаддас вазифа моҳиятини биз — журналистлар туғри тушунишимиз, унинг масъулият ва бурчини ҳам тўла тўкис англаб етмоғимиз даркор.
Шу билан бирга Ватанимизга иғво ва бўҳтон тоши отаётганларни, Президентнинг иши ва сиёсати қолиб, ўзига ва оиласига лой чаплаётганларни, қадр қиммати ва инсоний шахсини оёқ ости қилаётганларни тушунмаймиз ва тушунишни ҳам истамаймиз.
Бу борада нафақат ўзини мухолифатман деган баъзи тутуриқсиз гуруҳ ва кимсаларни, ҳатто Ватан ва Президент номига доғ тушираётган ҳукумат мулозимлари, Олий раҳбарият вакилларини ҳам аяб ўтирмаймиз.
Нашримизда эълон қилинаётган мақола ва матнларни ўқиган одам бунга яққол ишонч ҳосил қилиши мумкин…
6.
Лекин, яна бир бор таъкидлаб ўтишни истардим, “Дунё ўзбеклари” ва унинг Бош муҳарририни бирор бир сиёсий гуруҳ ва ё махсус хизматлар тарафдори деб ўйлаш нодонлик ва кулгили бўларди.
Биз бундан кейин ҳам она Ватанимиз обрў эътиборига, унинг нуфузига доғ тушираётган ҳукумат ва “тўра”ларни, мухолифат ва “жўра”ларни аёвсиз фош этаверамиз.
Бу борада, агар керак бўлса, ҳатто ўзимиз яхши кўрган ва меҳр қўйган Ислом Каримовни ҳам, чорак асрдан бўён унинг салтанатини тиш-тирноғи билан қўриқлаб келаётган — махсус хизмат идораси ва унинг «Ўтда куймас, сувда чўкмас» раиси Иноятовни ҳам аяб ўтирмаймиз. «Дунё ўзбеклари»да «МХХ ҳақидаги айтиб бўлмайдиган гаплар» рукнида берилган махсус хизмат идораси ҳақидаги бир қатор таҳлилий мақолалар шулар жумласидандир. Бугун 73 ёшга тўлган Рустам Иноятов энди пенсияга чиқиб, ўз ўрнини бошқаларга бўшатиб бермагунча бу танқидий мақолаларни чоп этишда давом этаверамиз.
Шу ўринда — болалагимдан шууримга муҳрланиб қолган қайсидир бир шоирнинг қуйидаги шеърини бир оз ўзгартириб, яна айтмоқчиманки:
Мен биламан — душманим кимлар,
Сергак бўлиб боқдим йўлимга.
Чунки сайтим барча тилсимлар
Калитини берди қўлимга…
7.
Туғилган куним муносабати билан менга аччиқми, чучукми, бир сўз бўлса ҳам айтган, бир сатр бўлса ҳам калом юборган ҳамма ҳаммага аллоҳида раҳмат айтгим келади.
Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда — уларнинг ҳаммасини бирма бир, алоҳида миннатдорчилик билан бағримга босгим келади.
Афсуски, бугунги ўта ривожланган юксак технологик жараёнда ҳам бу имконсиз бир ҳол.
Шу боис уларга икки қўлимни кўксимга қўйиб, умумий бир ташаккур айтишдан ўзга иложим йўқ.
Ушбу ёзганларим – дил сўзларимни менинг туганмас ва битмас ташаккурим сифатида миннатдорчилигим рамзи деб қабул қилишингизни ўтиниб сўрайман – устозларим, ҳамкасбларим, ғанимларим, дўстларим ва ҳамюртларим.
Ҳар бирингизнинг қутлуғ кунингизда Сизларни ҳам яхши ва ёруғ кунлар билан муборакбод этиш менга ҳам насиб этишини Яратган Эгам – Тангридан сўраб қоламан.
Ижодкор учун табиатнинг энг олий инъоми ва неъмати бўлмиш — мухлис ва ўқувчилар меҳру муҳаббати битилган — сон саноқсиз табрик ва қутловлар ҳануз келишда давом этаётган шу муборак кунларда Йўлдош Эшбекнинг қуйидаги тўрт мисра шеъри бугунги дориломон кунда ҳар бир ўзбек хонадонининг ҳаёт мазмунига айланишини орзу қилиб қоламан:
Биз бахтиёр бўлгаймиз хўп,
Бизни зафар қучажак.
Бошимиздан чарх айланиб,
Қалдирғочлар учажак!!!
Барчага ҳурмат ва эҳтиром билан:
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
22 июнь 2017 йил…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
Агар адашмасам МХХ билан хамкорликни тухтатдим деган макола чикарган эдингиз ёки Озодликда шу мавзу остида интервью бергандингиз. Бундан ташкари бу баёнотингиздан олдин МХХни рухсати билан Узбекистонга эмин эркин бориб келгандингиз. Андижон вокеаси ортидан Америкага кочган аёллардан бири кечирамиз деса хам Узбекистонга борганда ишониб, аэропортда ушлаб кн 10 йилга камаб юборишди шекилли. Сизга эса тегишмади