Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com
(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари)
Биринчи китоб. 17 – боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: журналист Исмат Хушев (ўнгдан иккинчи) «Саодат» журнали ходимларининг умумий йиғилишида. Чапдан биринчи — журнал Бош муҳаррири вазифасини вақтинча бажарувчи Санъат Маҳмудова. Тошкент, 1987 йил.
ТОШКЕНТНИ ЗАБТ ЭТИШ ЙЎЛИДАГИ УЧИНЧИ XУЖУМ
(ёхуд журналистикага кириш)
1.
Хуллас, пахта мавсуми якунлангач, ваъдамга вафо қилиб ишдан бўшадим.
Ишдан бўшаётган пайтимда институт ректори Муҳаммаджон Назарович касаба уюшмасидан Кримдаги сўлим санаториялардан бирига имтиёзли йўлланма тўғрилаб бердилар. Аслида бу путёвкани у киши номидан тўйда иштирок этган институт вакиллари тўй куни тўйёна деб эълон қилган эдилар.
Биз Наргис икковимиз бир ой давомида Ялта ва Сочида дам олдик, Ботуми ва Сухуми шаҳарларини, гўзал Абхазия ва Одессани роса сайр қилдик (Сурат берилади).
Мен ўқувчилик пайтимда “Артек”ка боргандим. Қора денгизни, табиатнинг ҳайратли мўъжизасини ўшанда кўргандим.
Бу сафар чилласи чиқмаган келинингиз билан Исмоилбей Гаспиралининг муборак ватанини зиёрат қилдик, Боғчасаройни томоша қилиб, бир олам таассурот билан Китобга қайтдик…
2.
Янги йилни оилавий даврада кутиб олдик-да, ҳайё-ҳуйт деб Тошкентга жўнадик.
Мен Тошкентга ишлаш ва яшаш учун – суюб уйланган дилбар рафиқам билан тинч ва осойишта умргўзаронлик қилиш учун келган эдим…
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишим керакки, Наргиснинг аяси асли тошкентлик эди. Қайнонам билан қайнотам талабалик йилларида танишиб қоладилар, турмуш қурганларидан сўнг Китобга кетадилар.
Наргис – ота-онаси студент бўлган йилларда туғилади. Уни Октепада яшайдиган бувиси тарбиялайди. Китобга кўчиб кетишгандан сўнг ўттиз йилдан зиёд иноқ яшайдилар.
Лекин, минг афсус, бир йил аввал кайнонам эллик бир ёшида вафот этдилар. Ёш кетдилар. Илоҳим, Худо раҳмат қилсин…
Ҳозир Оқтепада бувимиз яшайдилар. Наргиснинг ажойиб тоғалари бор.
1987-йилнинг январъ ойида кўрпа тўшаксиз тўппа-тўғри бувимизнинг хонадонига келгандик. Тўрт кун меҳмон бўлдик. Мен йўлакда ётиб юрдим, Наргис эса бувиси билан болохонада яшарди.
Тўрт кундан сўнг шоир Муҳаммад Раҳмонга учрашдим. У киши ота-онадан эрта етим қолиб, Китобдаги болалар уйида тарбияланган вақтида отамдан таълим олгани боис биз ҳам ака-ука бўлиб қолгандик.
Талабалик йилларимда мени “Пионер эрталиги” эшиттиришига ҳам Муҳаммаджон ака таклиф қилганди. Қисқаси, у кишининг уйида ҳам икки кун меҳмон бўлдик.
Кейин Муҳаммаджон аканинг рафиқаси Холтош опа рўпарадаги домдан ижарахона топиб бердилар. Икки ойлар чамаси Анҳор бўйидаги ўша уйда турдик.
Лекин бу хонадоннинг эгаси пиёниста экан, xар куни маст бўлиб келиб хотини билан тўполон қиларди. Фариштасиз уйда яшаш бизга тўғри келмади.
Холтош опа яна овора бўлиб, Оқтепа айланаси атрофидаги домлардан бизга бошқа бир ижарахона топиб бердилар. Янглишмасам, таниқли шоир Рауф Парфи ҳам ўша домларнинг бирида яшарди…
3.
Маҳмуд Сатторов мутойиба билан айтмоқчи, “Ғойибнинг учинчи сафари” яъни менинг Тошкентни забт этиш йўлидаги ҳал қилувчи – учинчи ҳужумим кенг фронт бўйлаб бошланиб кетди.
Биласиз, биринчиси – ўқишга кириш учун қопимни орқалаб “Қайдасан, Тошкент” дея устозим Маҳмуд Сатторовнинг Бешёғичдаги ижара уйига келганман.
Иккинчиси – Москва университетини битказиб яна Тошкентга тузукроқ ишга жойлашиш умидида сармон кезганман.
Тақдир насибамни Қашқадарёнинг чўллари-ю, Россиянинг ўрмонзорларига сочиб юборган экан, уч-тўрт йил у ёқларда қисматимда борини кўриб келдим…
Вилоятлардан пойтахтга талпинган барча ёшлар каби ижарахонада яшай бошладик.
Мен Тошкентга келганимдан сўнг биринчи бўлиб “прописка” масаласи билан шуғулландим, яширмайман, бу жуда қийин бўлди, анча вақт кетди.
Чунки, ишга кириш учун Тошкентда биринчи навбатда “прописка” сўраш каби бемаъни одат борлигини яхши биласиз.
Ниҳоят, Камол Комилов деган ижодкор бир акамизнинг ёрдами билан расмий “тошкентлик” деган мақомга эга бўлгач, дастлаб Навоий кўчасининг 30-уйида жойлашган “Китобхонлар жамияти”да бир муддат ишлашга тўғри келди.
Адашмасам, Муҳаммад Юсуф ҳам ўша пайтлар биз билан бирга ишларди…
4.
Лекин кўнгил бирибир газета-журналлар редакциясига талпинарди.
Шу боис “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномасининг масъул котиби Маматқул Ҳазратқуловга учрашдим. У кишидан маслаҳат сўрадим.
Чунки, “Адабиёт” газетасида чоп этилган мақолаларим хийла шов-шув бўлган, газета раҳбарлари мени таниб қолишган эди.
Тошкентга қилинган ҳал килувчи учинчи бу сафар – Москва университетини битириб, журналист дипломини олганимдан сўнг илк бора газета редакциясига иш сўраб боришим эди.
— Ҳозир бизда бўш жой йўқ, лекин бошқа редакциялардан вақтинча иш топиб бераман, – деди Маматқул ака.
Аҳмаджон Мелибоев “Адабиёт” газетасининг бош муҳаррири эди. Негадир у киши менга ўшанда рўйхушлик бермади…
Шу боис Маматқул акадан ёрдам сўрадим. У киши “Саодат” журналининг бош муҳаррири Ҳалима Худойбердиевага телефон қилди.
— Бизда чоп этилган зўр мақолалар муаллифи Исмат Хушев Тошкентни забт этгани келибди… “Шолохов Ватанида” деган мақоласи эсингизда бўлса керак? Шу пайтгача Қарши пединститутида комсомол ташкилотининг котиби бўлиб ишлаган…
— Нега ишдан кетибди? – деб сўрайди Xалима опа.
— У ёғини билмайман, ўзи гапириб беради… Раҳмат, Ҳалимахон! Бўпти, ҳозир ҳузурингизга боради, – дея Маматқул ака трубкани ўрнига қўйгач: – Дарҳол Ҳалима опангизга учрашинг! – деди.
Маматқул Ҳазратқулов Самарқанд вилоятининг Ургут районидан бўлиб, оғир-босиқ, ҳалол ва ўйчан ижодкор эди. Китоб билан Ургутни Тахтақарача довони ажратиб турарди, холос.
Мен у кишини ҳозиргача ажиб бир меҳр ва орзиқиш билан эслаб юраман…
5.
Маматқул акага раҳмат айтиб “Саодат” журналига бордим.
Ҳалима опа мен билан узоқ суxбатлашди. Нима учун ишдан кетганимни сўраб-суриштирди.
Кўрган-кечирганларимни, Қарши ва Шаҳрисабзда рўй берган “жангнома”ларни гапириб бердим. Ҳикояларимни опа гоҳ кулиб, гоҳ куйиниб тинглади.
Ҳалима опа ўзининг бетакрор шеърлари каби таъсирчан, нозик дидли ва самимий инсон эди.
— Исматжон, ука, мен сизни қалами ўткир журналист сифатида ҳурмат қилардим. Мана, энди муросасиз, ҳақиқатпарвар шахс сифатида танидим. Албатта, сизга ўхшаган жанговар йигитлар қанчалик кўп бўлса, халқимизнинг юки ерда қолмайди. Ҳозир бизда муқим ўрин йўқ, лекин вақтинча ишга оламан, – деди. – Ишлаб турсангиз, кейин доимий ўрин ҳам бўшаб қолар…
Адашмасам, ўша пайтларда Миразиз Аъзамнинг рафиқаси Қутлибека Раҳимбоева декрет таътилида экан. Мен шоира опамизнинг ўрнида вақтинча иш бошладим.
Ҳаяжонланиб ижодий фаолиятимни бошлаган чоғларимда шунга амин бўлдимки, “Саодат” журналида муҳит яхши эмас экан. Бу ерда икки гуруҳ ўзъаро кураш олиб борарди.
Ҳалима опа, масъул котиб ва бошлангич партия ташкилотининг секретари Жўра Холматов – бир тараф бўлса, бош муҳаррир ўринбосари Санъат Маҳмудова измидаги бошка ходимлар – яна бир тараф эдилар.
Зиддият ниҳоятда авж олганди. Равшанки, мени Ҳалима опа ишга олгач, ўз-ўзидан Худойбердиеванинг “одами” бўлиб қолдим. Нариги гуруҳ аъзолари мени ҳол-жонимга қўйишмасди…
6.
Қарангки, орадан бир ой ўтар-ўтмас Ҳалима опа ҳам декрет таътилига чиқиб кетади. (Кейинчалик кенжатойлари Мирзо Улуғ туғилади)
Биласиз, декрет таътили анча давом этади.
Бу орада нариги гуруҳ етакчиси Санъат Маҳмудова “бош муҳаррир вазифасини бажарувчи” (“и.о.”) бўлиб қолди.
Ўша кезларда редакцияга Паркент туманидан бир даста шикоят хати келганди.
Ҳалима опа таътилга кетишдан аввал мени Паркентга командировкага жўнатади.
У пайтларда шикоят изидан борган мухбир дастлаб район партия қўмитасининг биринчи секретарига учрашарди.
Мени ҳам Исмоил Иброҳимович жуда яхши кутиб олади. Ижроқўм раиси Ҳамид Шарафутдинов ҳам, биринчи котиб ҳам шикоят хатларида зикр этилган нуқсонлардан бехабар эканликларини айтишади.
Аслида, Паркентдаги тикувчилик фабрикасининг бир гуруҳ ишчилари иш шароитининг ёмонлигидан, меҳнатга яраша ҳақ тўланмаётганидан шикоят қилишганди.
Бундан ташқари, район марказидаги туғруқхонада порахўрликка ўхшаш ҳодисалар рўй бераётгани тўғрисида хабар берилганди.
Хуллас, фактлар билан танишиб, “Паркентдан келган хатлар” номли танқидий мақола ёздим. Мақола чоп этилмасданоқ машмашалар бошланиб кетди. Мақолани тўхтатиб қўйишди.
Ҳалима опа мақолани дарҳол эълон қилиш тарафдори бўлса, Санъат Маҳмудова тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатарди. Ўзимга ҳам зуғум ўтказилди.
Шунга қарамасдан “Саодат” журналининг 1987-йил 7-сонида “Мактуб йўлга чорлади” рукни остида Исмат Хушевнинг узоқ танаффусдан сўнгги биринчи жиддий маколаси босилиб чиқади.
Унда “Тикувчи қизларнинг изтироблари”, “Муқаддас қасамни бузаётганлар” тўғрисида асосли фикр-мулоҳазалар баён этилади.
Хуллас, “Исмат Хушев” имзоси билан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг нашри “Саодат” журналида Паркент туманида тўпланиб қолган бир талай долзарб муаммолар дадил кўтариб чиқилади.
Мақола охирида редакциядан шундай изоҳ берилади: “Ҳали эълон қилинмаган мақола ва унинг муаллифи атрофида содир этилган зиддиятлар паркентлик раҳбарлар ўз районларини ҳануз “танқиддан xоли зона” ҳисоблаб келаётганликларини кўрсатди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг аралашувидан сўнггина мақола чоп этишга қарор қилинди”…
7.
Маълумки, ўша пайтларда партия саркотиби М.С.Горбачёв: “Танқиддан xоли зона йўқ”, деб эълон қилганди.
Яъни, ҳар қандай ташкилот, ҳар қандай раҳбар асосли равишда танқид қилиниши мумкин эди.
Бироқ, мақола чиққандан сўнг шунақаям тўс-тўполон бўлдики, асти қўяверасиз!
Журнал июлъ ойининг ўрталарида ўқувчилар қўлига бориб тегади.
Дарвоқе, “Саодат” журнали ўша пайтда бир миллион йигирма беш минг нусхада тарқатиларди. Баҳоси йигирма беш тийин эди…
Мақола чиққандан кейин нималар бўлгани “Советская кулътура” газетасининг 1987-йил 23-июлъ кунги бир саҳифали мақоласида тўла-тўкис акс эттирилади.
“Советская кулътура” – КПСС Марказий Комитетининг газетаси эди.
Газета махсус мухбирлари В.Долганов билан В. Ниёзматов ёзган бу мақола дарҳол кўплаб ўзбекча газеталарда ҳам эълон қилинади.
Менимча, “Қайта қуриш шахслар ва вазиятлар тимсолида” рукни остида “Советская кулътура” газетасида эълон қилинган “Ўзимизникилар” орасидаги бегона” номли ўша мақолани шу ўринда тўлиқ келтириб ўтсак, Ўзбекистон матбуотининг ўша пайтлардаги қиёфаси кўз ўнгимизда яққол намоён бўлади.
Демак, мақола билан танишамиз…
8.
“ЎЗИМИЗНИКИЛАР” ОРАСИДАГИ БЕГОНА…
(Қайта қуриш шахслар ва вазиятлар тимсолида)
“Советская кулътура” редакцияси Тошкентдан ёрдам сўраб ёзиб юборилган телеграмма олган куни газетанинг Тошкентдаги мухбирлар ваколатхонасига Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг журнали – “Саодат”нинг янги, 7-сони келди.
Журналнинг шу сонидаги ғоят муҳим мавзуда ёзилган “Паркентдан келган хатлар” фелъетонига илова қилишган сўнгги сўзда “Саодат” редакцияси фелъетон эълон қилинмасданоқ унинг муаллифи теварагида носоғлом ҳатти-ҳаракатлар бошланганлигини ва фақат Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аралашувидан сўнггина фелъетонни эълон қилиш мумкин бўлганлигини таъкидлади.
Телеграммада эса қуйидаги сўзлар ёзилган эди: “Мени ишдан бўшатишди. Амалдор шахсларнинг таъқиби ва кувғинидан ҳимоя қилишингизни сўрайман”. Журналдаги фелъетон остига ҳам, телеграммага ҳам бир хил имзо чекилган – Исмат Хушев…
Қайта қуриш мухолифларининг пухта ўйлаб тузилган макр-ҳийлаларини ҳар доим ҳам тушуниб, англаб олиш осон бўлавермайди. Бундай кишиларнинг кирдикорлари ахлоқ нормаларига мутлақо зид, аммо охирини пухта ўйлаб қилинган ножўя ҳатти-ҳаракатлардан иборат бўлади.
Бунинг устига улар бизнинг ҳамкасбларимиз бўлишса-чи? Агар улар матбуотда босиладиган мақолаларида, мажлислардаги баландпарвоз нутқларида ўзгаларни янгиланишга даъват этсалар-у, ўзлари нопок бўлсалар, шахсий манфаатлари учун кураш йўлида ҳеч қандай қабиҳликлардан қайтмасалар-чи?
Бу иш республикада катта акс-садо берди. Бироқ, кўп ҳолларда у бузиб, миш-миш сифатида талқин этилмоқда.
…Исмат Хушев янги коллективга ишга келганининг иккинчи ҳафтасидаёқ “Саодат” журналининг ходими сифатида биринчи марта хизмат командировкасига борди. Лекин у бу соҳадаги ишда янги эмасди.
Москва Давлат университетининг журналистика факулътетини битирган, матбуотда жуда кўп мақолалар эълон қилган.
Армияда хизмат қилаётган пайтида қўмондонликнинг кўплаб раҳматнома ва ёрлиқларини олган. Партия аъзолигига кандидат бўлган.
Унинг армиядан қайтиши республикада ошна-оғайнигарчилик, қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик ва бошқа иллатлар айни гуркираган пайтга тўғри келди.
Уларга дуч келгач, жим тура олмади. Шунинг учун ҳам кўп кўнгилсизликларни бошидан кечирди. Унинг илгариги ҳаётий нохушликлари ҳақида ҳали тўхталамиз.
Хушевни Паркентдан келган “шикоят хатлари” йўлга чорлаган эди.
Паркент районининг маркази кўп йиллар давомида нотинч жойлардан бири ҳисобланиб келган. Тикувчилик фабрикасининг бир группа ходимлари корхонадаги оғир меҳнат шароити, социал-маданий соҳалардаги нуқсонлар ҳақида ёзишган эди.
Намданак қишлоғида яшовчи ўқитувчи Гулсара Абдукаримова эса Паркент район касалхонасида тўртинчи фарзанди туғилгач, туғруқхона бўлими ходимларига суюнчи бермай туриб уларнинг эътиборини жалб қилиш мумкин эмаслигидан зорланган эди. Суюнчининг бошқача номи ҳам бор, яъни – пора…
И. Хушев район партия комитетининг биринчи секретари И.Салимовга учрашиб, нима мақсад билан келганлигини унга тушунтира олгач, райком инструктори М.Эгамбердиева ҳамда район халқ контроли комитети инспектори Д.Рўзиев билан фабрикада ва туғруқхона бўлимида бўлди.
Жуда кўп кишилар билан суҳбатлашди, уларнинг редакцияга ёзма мурожаатларини олди. Орадан бир неча кун ўтгач, Паркентга яна келди ва М.Эгамбердиева билан бирга касалхонага борди. И.Салимов билан ўз хулосалари бўйича атрофлича суҳбатлашди.
Шуниси ажабланарлики, унинг хулосалари туғруқхона бўлими раҳбарларини ҳам қизиктирди. Хушевни ишлаб чиқариш мажлисига чақиришиб, ўзининг бу даволаш муассасидаги мавжуд тартиб тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини айтишини зўр бериб талаб қилдилар.
Тушунишимизча, журналистдан ортиқча кўп гапларни билиб олишга уринишган эди. У тажрибасизлигига бориб буни сезмай қолди, ўзининг энг асосий даъволарини ва фелъетоннинг журналда тахминан қайси вақтда босилишини ошкор қилиб қўйди.
“Суюнчи”ни аниқлаш йўлидаги унинг изланишларини кенг таҳлил этиб ўтирмаймиз. Бунинг учун қонунни муҳофаза қилувчи республика органлари бор. Бироқ, бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчимиз: тўла исботланиб, фелъетонга киритилган дастакларнинг ўзиёқ медицина ходимларини жиддийроқ жазолаш учун етиб ортади.
Улардан бири, айниқса, кишини даҳшатга солади. Янги туғилган чақалоқларни палатадан палатага олиб ўтиш пайтида махсус аравачанинг ғилдираги чиқиб кетиб, мўрғак гўдаклар ерга сочилиб кетишади. Бу воқеани яширмоқчи бўлишади-ю, аммо бутун касалхонага ёйилиб кетади. Буни эшитган ёш оналар қандай аҳволга тушганлигини тасаввур қилиш қийин эмас…
Энди фелъетон ва унинг муаллифи тақдирига қайтайлик.
Бу ерда рўй берган воқеалар шундай чалкашки, биз уни ўз тилимиздан эркин ҳикоя қилиб бера олмаймиз. Расмий ташкилотлардан олинган ҳужжатлар ва ё жанжал иштирокчиларининг ёзма тушунтириш хатларидан парчалар келтирамиз.
Ж. ХОЛМАТОВ, “Саодат” журналининг масъул секретари, партия ташкилоти котиби: “Хушев командировкадан қайтиб келгани заҳотиёқ Ўзбекистон Журналистлар Союзи бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Х.Назиров менга телефон қилди ва Хушевнинг кимлиги ва Паркентга нима учун борганлиги тўғрисида ғазабланиб сўради.
Назировнинг ўзи асли паркентлик. Орамизда шундай суҳбат бўлиб ўтди:
— Бу ишга менинг жиянимнинг ҳам алоқаси бор, – деди Назиров.
— Хушев ҳали менга мақолани бергани йўқ. Шунинг учун сизга аниқ бирор нарса дея олмайман.
— Мен у билан суҳбатлашишим керак. Уни менга жўнатинг.
И.ХУШЕВ: “Назиров телефон қилмасидан аввал Паркент район касалхонаси ҳомиладорлик паталогияси бўлими мудири Зулфия Неъматованинг эри курсдошим орқали мени қидириб топди. У касалхонадагиларнинг ёзма гувоҳликлари – тушунтириш хатларини унга беришимни илтимос қилди ва “хурсанд қилиш”ликка ваъда берди. Мендан рад жавобини олгач эса, бу қилмишинг учун ҳали афсусланасан, деб дўқ қилди. Мен Назировнинг олдига борганимда З.Неъматова унинг қабулхонасида конфет билан чой ичиб ўтирарди. Назиров ўз кабинетида менга қўполлик билан бақира кетди, агар фелъетонни эълон қилишга уринсам, аямай жазолайман, деди. Чидаб туролмай мен ҳам бақирдим. Шундан кейин у муомиласини ўзгартирди, мени “ўғлим” деб атаб, агар қайсарлик қилмай кўнсам, журналистлар уюшмасига қабул қилишликка ваъда берди”.
Х.НАЗИРОВ: “Мен ҳеч кимга бақирмадим, ҳеч нарса талаб қилмадим. Хушевнинг ўзи одобсизлик қилди. Хат олиб келган хотин (исм-фамилиясини эслолмайман) билан қабулхонада учрашдим. У қаттиқ йиғлади. Менимча у паркентлик, медицина ходимларидан бўлса керак. Хўш, мен паркентлик бўлсам нима қилибди?”
Х.Назировнинг бу сўзларини тўғри дейлик. У ўзини босиқ тутганлигига, ҳеч кимга зуғум қилмаганлигига ишонайлик. Ҳаттоки, Зулфия Неъматова унинг гапларини инкор этган бўлса ҳам:
“Эркаклар бир-бирларига бақиришди. Қаттиқ бақиришди. Лекин мен уларнинг сўзларини илғай олмадим”.
Лекин шундан кейинги воқеаларни қандай тушунмоқ керак?
С.МАXМУДОВА, “Саодат” журнали бош муxаррири вазифасини бажарувчи: “Ўртоқ Назиров мендан фелъетонни босмай туришни сўради. Лекин унинг кўнглида ҳеч кандай ёмон ният йўқ эди”.
X.XУДОЙБЕРДИЕВА – журнал бош муҳаррири (Ҳозир декрет отпускасида): “Мен эса фелъетонни xеч тўхтатмай дарҳол эълон қилиш керак эди, деб ҳисоблайман. У Маҳмудованинг ғаразгўйлиги билан номердан олиб қолинган ва эълон қилинмаган. Муаллиф Исмат Хушев атрофида эса ғаразли мақсадлар билан ўйлаб топилган “гиж-гижлаш” бошланди. Акс ҳолда Назировнинг уйимга телефон қилиб, Хушевни ишдан бўшатиш ва фелъетонни эълон қилмасликни талаб этганлигини қандай баҳолаш керак? Ўринбосарим С.Маҳмудованинг Хушевни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни менинг хоҳишимсиз ва редколлегиянинг қарорисиз имзолаганлигини қандай тушунмоқ керак? Нима учун у журналистикага алоқаси бўлмаган аёлни ишга қабул килди. Мен уни рад этган эдим”.
Х, Назиров билан бўлган суҳбатдан сўнг бўлажак фелъетон муаллифи ҳамсуxбатини тўғридан-тўғри маҳаллийчилик, қариндош-уруғчиликда айблаб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига мурожаат қилди.
“Совет Ўзбекистони” ҳамда “Правда Востока” газеталарининг тажрибали ходимлари А.Маннопов билан В.Магайдан иборат махсус комиссия Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети топшириғи билан Паркентда бўлиб, автор (Исмат Хушев) нинг қўлёзмасини ўрганди.
Хулоса равшан эди. Фактлар асосан тасдиқланди, материални эълон қилиш мумкин.
Алоқадор томонларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети пропаганда ва агитация бўлими мудирининг биринчи ўринбосари С.Ризаев хонасига салкам икки ой чўзилган бу тортишувни ҳал этиш учун мажлисга таклиф этилдилар.
Республика Журналистлар союзи правленияси бошланғич партия ташкилотининг очиқ партия мажлисида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети пропаганда ва агитация бўлими мудирининг ўринбосари О. Саидов шундай деди: “Назировнинг редакцияга тазйиқ ўтказмоқчи бўлганлиги тўғрисидаги факт тасдиқланмади, бироқ унинг маълум даражадаги таъсири натижаси аён. Фелъетонни эълон қилиш тўхтатиб қўйилди, бу ҳақда катта шов-шув кўтарилди, муҳокама қилинди, фелъетонда баён этилган фикрлар эса эскириб борди, унинг моҳияти кескин сусайди…”
Комиссия хулосаларига ишончсизлик билдирмоқчи эмасмиз.
Бизнингча, республика партия газетасидан бўлган ҳамкасбларимизнинг бир оз омадлари юришмаган кўринади ёки уларда ҳам қатъийлик етишмаган.
Уларнинг хулосаларини янги фактлар билан тўлдиришга ҳаракат қиламиз. Назаримизда бу фактлар зуғум бўлган ёки бўлмаганлиги масаласига сўнгги нуқтани қўяди.
Гапни Назировнинг турли манбаларда Правленияга неча киши келганлигини ҳар хил кўрсатганлигидан бошлайлик. Журналистлар союзи правлениесининг юқорида айтиб ўтилган йиғилиши протоколида аниқ ёзиб қўйилган: “Правлениега “Саодат”дан келган журналист устидан шикоят қилиб Паркент касалхонасидан икки (таъкид бизники) ходим мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, мухбир материаллар тўплар экан, ўзини беодобларча тутди, ҳаммани нопок, порахўр деб ҳақоратлади, ҳаммангизни жазолашлари, суд қилишларига эришаман, деб пўписа қилди ва ҳоказо”.
“Жуда қаттиқ йиғлаган” аёл нима учун икки киши бўлиб қолди?
Чунки шикоятга коллектив, жамоатчилик урғусини бериш керак эди-да.
Дарвоқе, аризадаги еттита имзодан учтаси бир одам томонидан қўйилган. Бу ерда графология мутахассисининг кераги йўқ.
З.Неъматованинг ўзи ҳам буни тасдиқлади. Лекин шикоят қачон ёзилган эди?
З.НЕЪМАТОВА: “Хушев Паркентга яна қайта келганидан сўнг орадан 2-3 кун ўтгач, (муддатларга эътибор берайлик, бу қизиқ тафсилот – эслатма авторларники) мен журналистлар союзига келдим. Журналистларнинг устидан турадиган катталар шу ерда деб ўйладим. Союзнинг қаерда эканлигини тасодифан билиб олдим ва дуч келган биринчи эшикка кирдим. Бу ерда мени Хайриддин Назирович қабул қилди, сўзларимни тинглади ва ёзиш керак деб маслаҳат берди”.
Врач, коммунист, партия ташкилоти секретарининг ўринбосари З.Неъматова, Паркент район партия комитети ходимлари ҳузурида қарийб беш соат давомида тўхтовсиз уялмай-нетмай ёлғон гапирди. Хушев тўғрисида аввал бир гапни айтиб, кейин бошқа воқеани эслади. Сўнгра эса ҳар иккаласидан ҳам тонди.
У фақат бир нарсани тўғри тан олди: Назиров ҳузурига борганида қўлида ҳеч қандай ёзма шикоят йўқ эди. Шикоят Х.Назировнинг маслаҳати билан бир ҳафтадан кейин ёзилди. Уни З.Неъматованинг ўзи ҳеч қаерга олиб бормади. Ё эри, ёки ака-укаси олиб борган.
Республика Компартияси Марказий Комитети ташкил этган нуфузли комиссия ишлаётган пайтда Назиров тенгма-тенг, шахсий ташаббуси билан Хушевнинг таржимаи ҳолини ўрганишга киришиб кетди.
Хизмат машинаси билан Паркентга боришдан ҳам эринмади. Мухбирнинг Шаҳрисабз ва Қаршида ўтган суронли ҳаёти билан қизиқди, унинг меҳнат дафтарчасини талаб қилди…
Бунга – иззат-нафсига тегилган раҳбарнинг шунчаки хархашаси, “масъул шахс”нинг жиззакилиги, деб қўя қолиш мумкин эди.
Коммунист Л.Пак журналистлар союзи правлениесининг партия мажлисида ўз раҳбарининг худди ана шундай иш услубига мойил эканлиги ҳақида гапирди. Унинг ўз қўл остидагиларга амр қилиш, бошқаларга ўз фикрини зўрлаб ўтказиш одатини кескин танқид қилди.
Бунга жавобан эса Х.Назиров сўз олиб, ҳар бир киши ва ҳамма ўз ишини қайта қуриши зарурлиги ҳақида гапирар экан, Л.Пакни ҳам яхшигина “туртиб” ўтди…
Наҳотки, Х.Назиров учун И.Хушевнинг фелъетони билан шуғулланишдан бошқа иш йўқ эди?
Ўзбекистон Журналистлар союзининг яқинда бўлиб ўтган съездида ижодий союз ишида камчилик ва нуқсонлар ҳали жуда кўп эканлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари И.Усмонхўжаев съездда нутқ сўзлаб, кейинги икки йил ичида бир қатор редакция коллективларидаги вазият яхши эмаслиги, редакцияларда малакали мутахассисларнинг жуда камлиги ҳақида, Марказий Комитет бу ҳақда 200 дан зиёд хат олганлиги тўғрисида, шунингдек, журналистлар союзи юксак ғоявий-ахлоқий ва малакали матбуот ходимлари тайёрлаши хусусида жиддийроқ шуғулланиши лозимлиги хусусида гапирди.
Х.Назировнинг ташвиши эса бошқа эди. У ёш ва истеъдодли журналист Исмат Хушев билан жанг қиларди. Фелъетон тақдири хусусидаги назировчасига зуғум масаласини охиригача тўла ҳал этайлик.
Собиқ паркентлик – яъни бу ерликларнинг фахрли ҳамюртларининг паркентчасига таниш-билишлиги тўғрисидаги бизнинг тахминларимизга фақат биргина эпизод етишмасди, холос.
Паркентга бориб, район партия комитетининг биринчи секретари И.Салимов билан учрашган кунимизнинг эртасигаёқ Х.Назировнинг ўзлари И.Салимовнинг уйига борди. Ёнида биринчи секретарнинг қариндоши ҳам бор эди. “Ўз” кишиси – З.Неъматова ҳақида ғамхўрлик қилиб, у ҳақда ва туғрукхона бўлимидаги ишлар ҳақидаги масалани райком Бюросига қўймаслигини илтимос қилди. Шу ерда ора узилди…
И.Салимов бу кампания учун “ўзиники” бўлишни истамади. Ташриф буюрувчининг уйига келганлигини бизга очиқ-ойдин гапириб берди.
Шуни ҳам таъкидлаш керак-ки, Х.Назировнинг фелъетон тақдирига аралашуви бемаънигарчиликни ёқтирмайдиган кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Уларнинг бири ушбу мақола авторларига ўта қизиқ мазмундаги аризани топширди:
“И.Хушевнинг шикояти ҳакида билиб, қуйидагиларни маълум қиламан. Республика Журналистлар союзи раисининг биринчи ўринбосари ўр. Назиров бизнинг нашриёт ҳисобига ғайриқонуний олган икки қаватли ҳашаматли дачаси бор. Ер саҳни қонунда рухсат этилган 6 сотих ўрнига 16 сотихни ташкил этади. Назиров билан 1951 йилдан – ТошДУда бирга ўқигандан бўён танишмиз. Худбинлик, ўзига ортиқча баҳо бериш ва ўзини улуғ деб фаҳмлаш унинг характерига хос белгилардир. У ва унинг дўстлари туфайли Ўзбекистон Журналистлар Союзи системасида ошна-оғайнигарчилик вужудга келтирилганки, бу ҳол носоғлом маънавий-психологик вазиятга олиб келган. Правлениянинг штатдаги ходимлари кадрларининг қўнимсизлиги юқори даражада, бошланғич журналистлар ташкилоти ҳаётининг кўпгина муҳим масалалари йиллаб муҳокама қилинмайди…
М.ШАРИПОВ, “Ўзбекистон” нашриётининг китоб нашр қилиш редакцияси мудири, нашриёт боғ-ширкат правленияси раиси (имзо).
Ҳақиқатда ширкатнинг қонуний эгалари қурган оддий уйлар ва ҳисобдан чиқарилган вагончалар орасида борадиган йўли алоҳида асфалътланган бино жуда ажралиб турарди.
Тошкентдаги ижодий сафаримиз давомида бизга ҳамроҳлик қилиб юрган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети пропаганда ва агитация бўлими мудири ўринбосари О.Саидов бу ерда бўлгач, шундай деди: “Кўрмаган эканмиз, охиригача шуғулланмаган эканмиз…”
Назиров билан ҳамма нарса равшан бўлди.
Лекин “Саодат” журнали ижодкорлари ўз ўртоқлари – ҳамкасбларини нега ҳимоя қилмадилар? Ҳаддидан ошган маъмуриятчи бошлиқларнинг ишига аралашганда, ҳақгўй ва адолатли журналистни бадном қилишга ёрдамлашганда уларнинг профессионал иззат-нафси қаерда эди?
Бу саволнинг жавоби унчалик мураккаб эмас. Редакциянинг ўзи “ўзимизникилар” ва “бегоналар” га бўлинган. Таниқли адабиётчи X.Худойбердиева яқинда бош редактор бўлиб келгандан сўнг кадрлар алмашинуви, эски одатларга қарши кураш бошланди.
Бу ҳол “ўзимизникилар” орасида кескин норозиликка сабаб бўлди.
X.Худойбердиева ишга қабул килган Ж.Холматов ва И.Хушев дарҳол “бегоналар” бўлиб қолдилар.
Бош редактор декрет отпускасига кетгач, ажралиш ва нифоқчилик кучайди ҳамда ҳозир унинг ўринбосари С.Маxмудова таъсирида ортиб бормоқда.
С.Маҳмудова ходималари (“Саодат” журнали хотин-қизларга бағишланган, шунинг учун коллективни ҳам асосан xотин-қизлар ташкил этади) шундай дейди: агар асосий раҳбар бўлиб қолсам – бу аёл юқори лавозимга қўйиларди, буниси кўпрок маош олган бўларди…
Миш-мишлар, ғийбат гаплар, бир-бирини кавлаштиришлар редакцияда вазиятни яхшиламаяпти. Ветеран журналист, техник редактор Олимжон Ҳакимов бутун ижодий коллектив иштирокида вазиятни, бизнингча, жуда аниқ таърифлаб берди: “Бизда ўзгалар калласи билан фикр юритадилар, ўзгалар қуло0и билан эшитадилар ва ўзгалар тили билан гапирадилар”.
Группа ва группачалар доимо ўзаро ниманидир бўлишиб юрадилар.
Фақат бир ҳолда: “бегона”ни “ўзимизникилар” кучи билан йўқ қилишда бирлашадилар.
Исмат Хушев билан ҳам худди шундай бўлди.
Аввалига И.Хушев декрет отпускасига кетган адабиёт ва санъат бўлимининг мудири К.Раxимбоева ўрнига вақтинча ишга қабул қилинган эди.
Бош редактор X.Худойбердиева истеъдодли ва истиқболли ходим учун ҳадемай жой бўшаб қолади деб ўйлаган эди.
Жой бўшади ҳам. Лекин X.Худойбердиева йўқлигида бош редактор вазифасини вақтинча бажарувчи С.Маҳмудова журналистикадан узоқ, тасодифий аёлни ишга қабул қилди. Айни бир пайтда уч ойлик чақалоғи бор К.Раҳимбоевани ишга чиқишга кўндирди…
С.Маҳмудова ва Р.Рамонова очиғини дангал айтадилар:
— Хушев жонимизга тегди…
Ёш болали она редакцияга 2-3 соатга келиб кетади (эмизикли боласи бўлганидан сўнг нима ҳам қила оларди), лекин маошини тўлиқ олади.
Аммо у лозим пайтда “суюнчи” беришга тайёр – ўзига хос журналистик кўринишда буни шундай тушунтириш мумкин: айтайлик, Маҳмудованинг – “ўз одамининг” адабиётга ҳеч қандай алоқаси йўқ қизи рус тилидан ўзбек тилига амаллаб таржима қилган ҳикояни босиш учун имзо чекади.
Масъул секретар Ж.Холматов – “бегона одам” – босиб чиқаришга эътироз билдиради, бунинг устига Маҳмудованинг ўғли чизган суратни маъқулламайди.
Ана шу тариқа “ўз одамлари”га “бегоналар”ни аяб ўтирмай баҳридан ўтиш фикрини чуқурроқ сингдиради…
Шуни ҳам айтиш керакки, “ўз одамлари” ҳам алоҳида-алоҳида ва С.Маҳмудованинг ҳушёр назаридан четда қолганда – якдил эмаслар.
Бутун коллектив билан учрашув ўтказганимиздан сўнг ярим соат ўтмаёқ газетамиз мухбирлар пунктига (“Саодат” – саккизинчи қаватда, ваколатхонамиз – тўртинчи қаватда жойлашган) “Саодат”чилар бир -бирлари билан учрашиб қолишдан чўчиб, олазарак бўлиб келганликларини кўрсангиз эди.
Бир-бирлари устидан ғийбат қилиш учун, ҳамкасблари, ўртоқлари, дугоналари тўғрисида айтилмай қолган яна бир миш-мишни айтиш учун келган эди улар…
Улар И.Хушевнинг илгариги “даҳшатли иғвогарлик” ҳаёти тўғрисидаги миш-мишларни ҳам худди шундай йўл билан тарқатган бўлсалар керак. Биз бу ёлғон маълумотларга учиб ёш йигитни ҳақиқатдан анча йироқ, бошқача тасаввур қилаётган касбдошларига қуйидагиларни тушунтириб қўймокчимиз:
Армияда хизмат қилгандан сўнг у Қарши педагогика институтида комсомол комитетининг секретари бўлиб ишлади. Бир кун эҳтиётсизлик қилиб одамлар олдида бир масъул кишининг қизи олий ўқув юртига нопок йўл билан кириб қолганлиги, отасининг хизмат лавозими уни бошқа студентлар билан бир қаторда пахта далаларида ишлашдан озод қилмаслигини айтиб қўйган.
Ана шундан сўнг Карши шаҳар партия комитетининг Бюроси уни КПСС га кандидатликдан аъзоликка қабул қилишни уч марта рад этган эди.
Бу ҳол институтнинг кўпгина коммунистларини ғазаблантирганди. Бу воқеа билан КПСС Марказий Комитетининг тавсияси асосида Қашқадарё область партия комитети жиддий шуғулланди.
Хушев “ўзимизникилар”нинг тўсқинлигига қарамай коммунист бўлди.
Лекин унинг “иғвогарлиги” ва Москвага ёзиш қўлидан келиши тўғрисидаги овозалар “Саодат”га ҳам етиб елди…
Хушевнинг қатъиятли ва курашчан характерини таъкидлаган ҳолда биз уни оппоқ килиб кўрсатмокчи ҳам эмасмиз. У ўзини тутолмайдиган ва қаттиқ кетган ҳоллар ҳам бўлади – биз буни ўзимизда ҳам ҳис этдик.
Баъзан ортиқча қизишиб кетади ва қатъий хулосалар чиқаради, баъзан ҳамма одамларнинг ҳам самимийлигига шубҳа қилади.
Уни кечирмаган ва оқламаган ҳолда биз ўзимизни И.Хушевнинг ўрнига қўйиб кўришга ҳаракат қилдик: унинг аҳволига тушганда виждони билан келишишга бормаслик, таслим бўлмаслик осонми?
Сени ҳамма ёқдан “ўзимизникилар” ўраб турганда, сен “бегона” бўлиб қолганда – ҳақиқатга барибир эришолмаслигингга тан бериш фикридан воз кечиш ва нопокларга бўйин эгмай ўзлигингни сақлаб қолиш осонмиди?
Ёш ва умидли журналист ўз фелъетонини М.С.Горбачёвнинг қайта қуриш учун тўлиқ маънода жанг қилиш кераклиги тўғрисидаги сўзлари билан тугатган.
Биз ишонамизки, яхши устозлар қўлида, профессионал ва ҳаётий тажриба орттира бориб, у бунинг уддасидан чиқади.
…Бизнинг биримиз Москвага ҳали етиб келмаган пайтда, “Советская кулътура”нинг мухбирлар пунктига ёзувчи Неъмат Аминов ариза билан мурожаат қилди.
Унинг хабар беришича ўтган йили айнан ўша Х.Назиров ўша Паркент район касалхонаси тўғрисида республика газетаси учун Н.Аминов томонидан тайёрланган фелъетон теварагида ҳам худди шундай тўполон уюштирган эди.
Ўшанда ҳам ҳозиргига ўхшаб фелъетон эълон қилинганди, бироқ ”ўз одамлари”нинг ҳимоячилари жазоланмагандилар.
Бу сафар қандай бўларкин?
В.ДОЛГАНОВ, Вил.НИЁЗМАТОВ.
Тошкент – Моска
(“Советская кулътура” газетасининг 1987-йил 23-июлъ кунги сонидан олинди).
9.
…Бу мақола билан танишиб билиш мумкинки, матбуотга том маънода эркинлик берилаётганди.
Тўғри, жамият ҳали бутунлай мафкуравий исканжадан халос бўлмаганди, аммо мамлакатимизда демократия шабадаси эса бошлаганди.
Ўша пайтларда матбуотда эълон қилинган мақолаларни кўздан кечирсангиз, матбуот тенгсиз курашларда ўз эркинлигини ҳимоя қила олганига ишона бошлайсиз.
Бу орада юқоридаги – Москва газетасидаги мақолада номлари зикр этилган айрим кимсалар менинг таржимаи ҳолим билан жиддий қизиқа бошладилар.
Улар нима учун Қарши пединститутидан бўшаб кетганим тўғрисида ҳар хил куракда турмайдиган маълумотларни тўплайдилар.
“Саодат” журналидаги гуруҳбозлар иғво тарқатиб: “Қаршидан ҳайдалиб келган йигит редакциямиз шаънига доғ туширяпти”, деб шикоят ёзадилар.
Ҳалима опа доим мени қўллаб-қувватларди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, қачонки КПСС Марказий Комитетининг нашри бўлмиш – “Советская кулътура” газетаси мени ҳимоя қилиб мақола эълон қилганидан кейингина Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети бир тарафга ўтади.
Унгача эса Марказқўм ҳам Санъат Маҳмудова ёнини олиб, фелъетоннинг эълон қилинишига имкон қадар тўсқинлик қилиб келди.
Хуллас, Тошкентга келган заҳотим жиддий синовларни бошимдан кечирдим…
(Давоми бор)