Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com
(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари)
Биринчи китоб. 17 – боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: журналист Исмат Хушев (ўнгдан иккинчи) «Саодат» журнали ходимларининг умумий йиғилишида. Чапдан биринчи — журнал Бош муҳаррири вазифасини вақтинча бажарувчи Санъат Маҳмудова. Тошкент, 1987 йил.
ТОШКЕНТНИ ЗАБТ ЭТИШ ЙЎЛИДАГИ УЧИНЧИ XУЖУМ
(ёхуд журналистикага кириш)
10.
Илгари адабий жамоатчилик Исмат Хушев деган журналист борлигини фақат сиртдан билса, энди ўзим Тошкентдаги адабий муҳитга шиддат билан кириб келдим.
Агар мен ўзим билан матбуотга жанговар руҳни олиб келдим десам, назаримда, унчалик муболаға бўлмас.
Тўғри, қайта қуриш йилларида ўзбек матбуотида бир қатор истеъдодли журналистлар пайдо бўлганди.
Жумладан, телеведениеда “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” номли туркум кўрсатувлари билан Дадахон Ёқубов тилга тушган бўлса, Дадахон Нурий, Қодиржон Собиров, Ёқубжон Хўжамбердиев, Мурод Абдуллаев, Қулмон Очил, Карим Баҳриев каби қаламкашлар долзарб мавзулардаги мақолалари билан эл назарига тушадилар.
Бундан ташқари ёзувчи-шоирларимизнинг публицистик чиқишлари ҳам яхши маънода шов-шувларга сабаб бўларди.
Мирзо Кенжабек, Сирожиддин Саййид, Хуршид Дўстмуҳаммад, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Эркин Аъзам каби адибларимизнинг салмоқли мақолалари, суҳбатлари кўпчиликка манзур бўларди.
Хуллас, ана шундай журналистлар орасида энди Исмат Хушев деган янги ном ҳам пайдо бўлади.
Очиғини айтганда, “Саодат” журналида босилган машмашали фелъетонимдан ва айниқса Москвада мен ҳақимда эълон қилинган юқоридаги мақоладан сўнг Ўзбекистонда номим хийла машҳур бўлиб кетди.
Шунинг учун Санъат опадан ҳам унчалик хафа эмасман…
Маълум пайт ишсиз қолдим. Санъат опа “и.о.” сифатида декрет таътилида бўлган ходимани мажбуран ишга чақириб олгач, мен Қутлибека опага ўрнини қайтариб беришим шарт эди.
Лекин “Советская кулътура”да мени ҳимоя қилиб мақола эълон қилингач, Марказқўм Аҳмаджон Мелибоевга кўрсатма бериб мени адабиёт газетасига ишга жойлаштиради.
Аслида, Аҳмаджон ака мени ишга олишни истамасди.
Чунки, мен ҳақимда ҳар хил нотўғри маълумотлар тарқатилгач, у киши ўз бошига жанжалнинг уясини сотиб олишни хоҳламасди.
“Адабиёт” газетасига ҳам вақтинча ишга кирдим. Бу ерда ҳам кимдир декретга чиққан экан.
Муҳаббат опа Туробова бош бўлган хатлар бўлимида ишлай бошладим.
Карим Баҳриев ҳам ўшанда «Адабиёт» газетасида ишларди…
11.
Бу пайтларда жамиятда сўз эркинлигига зўр эҳтиёж пайдо бўлганди.
Шу боис мен каби жанговар журналистлар дарҳол эл меҳрини қозонарди.
Тошкент мени қучоқ очиб кутиб олди.
Шу ўринда, нон-туз ҳаққи-ҳурмати, икки қўлимни кўксимга қўйиб эътироф этишим лозимки, менинг журналист бўлиб, инсон бўлиб шаклланишимда “Саодат” журнали ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси асосий мактаб вазифасини ўтади.
Буни мамнуният билан тан олишим керак. “Саодат” ҳақида муқаддам айтдик.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг, адашмасам, ўша пайтлардаги тиражи етти юз минг нусхадан зиёд эди.
Бу газета республикамизда ниҳоятда катта нуфузга эга бўлиб, унда салмоқли ижтимоий муаммолар дадил кўтариб чиқиларди.
Чунончи, Мирзо Кенжабекнинг “Тил – бу дил эҳтиёжи” номли мақоласида ўзбек тилининг мақоми тўғрисида инқилобий таклифлар ўртага ташланади.
Эркин Юсуповга ўхшаган мослашувчан зиёлилар “икки тиллилик” тўғрисида сафсата сотаётган бир пайтда, бизнинг миллатпарвар шоирларимиз ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги масалани кўтариб чиқадилар.
Ажабки, Рафиқ Нишонов раҳбарлик қилаётган Марказқўм тил тўғрисидаги баҳс-мунозараларни томошабин сифатида кузатиб туради, холос.
Ана шундай бир вазиятда мен газетада иш бошладим.
Мен адолатга чанқоқ эдим, ҳақиқатга ташна эдим.
Бунга эҳтимол Қарши ва армияда бошимдан ўтган машмашалар, ноҳақликлар сабаб бўлса, болаликдан олган тарбиям, отамнинг адолатпарварлиги ҳам асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилса, ажаб эмас…
12.
Эҳтимол, менинг аксарият ёзганларим хомроқдир, лекин ўша йиллардан эсдалик сифатида асраб қўйган мақолаларимни бугун қайтадан ўқиб кўрсам, унда даврнинг долзарб масалалари кўтарилганига гувоҳ бўлиш мумкин.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бор-йўғи ўн учта ё ўн тўртта мақолам чоп этилган экан.
Ана шу мақолаларим мени Ўзбекистонга танитади. Улар қуйидагилар:
1. “Номус ўғрилари” («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1987 йил, 27 ноябръ).
2. “Давр – инсон – эътиқод” (Нуриддин Акрамович Муҳиддинов билан суҳбат, ЎАС, 1987-йил, 11-декабръ).
3. “Ижодкорга ҳурмат шуми? Сирдарёлик ёш ёзувчи нега ёлғизлаб қўйилди?” (ЎАС, 1988-йил, 12-февралъ).
4. “Дўстлик байтининг икки сатри” (ЎАС, 1988-йил, 25-март).
5. “Хориж эллар шамоли” (ЎАС, 1988-йил, 5-август).
6. “Маҳкумалар. Хотин-қизлар қамоқхонасида бир кун (ЎАС, 1988-йил, 30-сентябръ).
7. “Чақалоқ ўғилмиди?” (ЎАС, 1988-йил, 28-октябръ).
8. “Қўлингиз пок, кўнглингиз оқми?” (ЎАС, 1988-йил, 2-декабръ).
9. “Арман жароҳатлари” (ЎАС, 1988-йил, 23-декабръ).
10. “Таажжуб” (ЎАС, 1989-йил, 3-март).
11. “Прокурорни қандай қўлга туширишди?” ЎАС, 1989-йил, 12-май).
12. “Гуноҳсиз гуноҳкорлар” (ЎАС, 1989-йил, 8-сентябръ).
13. “Ўз қадрини билиш – миллатчилик эмас!” (ЎАС, 1989-йил, 30-ноябръ).
Шу мақолаларимнинг ҳаммасини нуқтадон адибимиз Иброҳим Ғофуров таҳрир қилган эдилар.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: киши кўк сиёҳ ёки қизил ручка билан таҳрир қилардилар.
Яхшиямки, таҳрир қилинган ўша нусхаларни йўқотиб юбормай, сақлаб қўйган эканман.
Айнан Иброҳим аканинг таҳриридан чиққан мақолаларим менга жуда катта обрў келтирганди.
Ўзимнинг ёзганларим ҳис-ҳаяжонга, ноўрин лирик чекинишларга тўла экан.
Иброҳим ака қалам урган саҳифалардан эса ниҳоятда зукко, теран ақл-идрок соҳибининг нафаси сезилиб туради.
Иброҳим ака нуктадон инсон, у киши ёзувчилик санъатининг нозик сир-асрорларини мукаммал билардилар.
Мана, орадан ўн йилдан ортиқ вақт ўтиб, Иброҳим Ғофуров таҳриридан чиққан мақолаларимни кўздан кечириб, кўп нарсаларни ўрганяпман.
Кўп нарсаларга энди ақлим етяпти.
Агарда эрта бир кун журналистика факулътетининг талабалари билан амалий машғулот ўтказиш лозим бўлиб қолса, албатта мен уларга мана шу ашёвий далилларимни, кўргазмали қуролимни кўрсатаман…
Ҳеч ким журналист бўлиб туғилмайди. Ёзувчилар ҳам бирдан ёзувчи бўлиб қолмайди. Биз ҳам секин аста ўрганиб, изланиб одам бўлганмиз. Биз ҳам устозларимизнинг этагидан тутганмиз.
Кимнидир “устоз” деб этагидан маҳкам ушлаган одамгина яхши журналист бўлади, яхши ёзувчи бўлади. Ҳеч ким ўзидан-ўзи катта майдонларга чиқиб кетолмайди.
Мана, Иброҳим ака таҳрир қилган мақолалар чарақлаб туради, у киши қалам урмаганларини ўқисам кулгим қистайди.
Ҳис-ҳаяжонларни матбуот саҳифасига олиб чиқиш баъзи жойларда керак бўлса, баъзан ортиқча бўлар экан.
Бунда меъёрга амал қилиш лозим. Меъёрга амал қилиш учун эса, ўша меъёрнинг ўзи нималардан иборат эканини билиш керак.
Иброҳим ака айнан ўша меъёрни билардилар ва нозиктаъблик билан таҳрир қилардилар…
Хўш, Иброҳим Ғофуров таҳриридан чиққан ва менга обрў келтирган ўша мақолаларим қандай мавзуларга бағишланган эди?
Нима учун Иброҳим ака кўзларининг нурини аямасдан бу мақолаларни таҳрир қилганлар?
13.
“НОМУС ЎҒРИЛАРИ”.
Редакцияга Шаҳрисабздан хат келади. Бозоргул Самандарова бундай деб ёзади:
“Яқинда шаҳримизда рўй берган бир воқеа менга ҳануз тинчлик бермайди.
Фоҳишабоз ва қўшмачилар бир қизни уч кун давомида мажбуран зўрлаб, уйларида сақлаб номусига тегишган.
Сўнг пул эвазига бошқаларга тортиқ қилишган…
Мен бу ҳақда жуда кўп ўйладим.
Шунча таҳқир ва ҳақоратдан сўнг яна умид билан яшаш учун кишига қанчалар ирода керак бўлади.
Нега биз ажойиб қизларимизнинг пок туйғуларини ҳамма вақт ҳам асраб қололмаймиз?
Бунга фақат жиноятчилар айбдор десак, тўғри келармикин?..”
Газетхон йўллаган мактуб изидан бориб мақола ёздим.
Уни журналистлар тилида “суд очерки” дейишади.
Тубандаги кўчирмадан ҳам унинг мазмунини билиб олиш мумкин:
“Вақт – оқар дарё, дейдилар.
Бугун қабиҳ жиноятлари учун озодликдан маҳрум этилганлар эрта бир кун жазо муддатини ўтаб уйга қайтишади.
Гулдай умри бевақт хазон бўлган, бокира туйғулари топталган Муҳайё ҳам эрта бир кун бу даҳшатли воқеаларни унутиб, кимнингдир қувончу ташвишларига, орзу-умидларига шерик бўлади.
Эҳтимол, ушбу мақолани ўқиб кимдир: “Кишиларнинг исмларини аниқ кўрсатиб, элга достон қилиш шартмиди?” деб эътироз ҳам билдирар.
Узоқ мулоҳазадан сўнг “Шарт!” деб ўйладим.
Зотан, бунга ўхшаш аянчли воқеалар ортиқ такрорланмаслиги учун, балоғат остонасига не-не орзу-умидлар билан қадам қўяётган бошқа Муҳайёлар ортиқ бахтсизликка маҳкум этилмаслиги учун бор ҳақиқатни очиқ-ойдин ёзиш шарт деб ўйладим.
Шаҳрисабзда рўй берган бу жиноят Қашқадарёда катта шов-шувга сабаб бўлди.
Олти ой давом этган тергов ва суд жараёнидан сўнггина адолат қарор топди…”
14.
“ИЖОДКОРГА ҲУРМАТ ШУМИ?”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ҳамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятига Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманидан бир вақтнинг ўзида иккита шикоят хати келади.
Уларнинг бирида Абдурашид Пардаев СССР Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси деган номга доғ тушираётгани, ижод қилиш ўрнига иғво ва бўҳтон билан шуғулланаётгани, меҳнат интизомини мунтазам бузгани учун туман газетасидан ишдан ҳайдалгани, энди уни Ёзувчилар уюшмасидан ҳам ўчириш лозимлиги айтилган эди.
Туман партия қўмитасининг биринчи котиби Пиримқул Йўлдошев номидан ёзилган бу расмий хатга райкомнинг иккинчи котиби Валентин Роспасиенко билан мафкура котиби Ҳидоят Шарипова имзо чекишганди.
СССР Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Абдурашид Пардаев томонидан редакцияга ёзилган хатда эса қуйидаги сўзлар бор эди: “Ноҳақ ишдан ҳайдалганимга уч йилдан ошди. Курашиб чарчадим. Номимни иғвогарга чиқаришди. Ҳақиқат борлигига ҳам ишонмай қўйдим. Мени ҳимоя қилишингизни сўрайман…”
“Саодат” журналида эълон қилган фельетон боис ўзимнинг бошимга тушган ҳодисанинг айнан ўзига ўхшарди бу воқеа ҳам. Ажиб бир ғайрат билан қаламкаш ҳамкасбимизни ҳимоя қилишга отландим.
Сирдарёга бордим. А.Пардаев нафақат ёзувчи сифатида, ҳатто оддий инсон сифатида ҳам кучли зуғум остида яшашга маҳкум этилганини кўриб, бу йигит ростдан ҳам ҳимояга муҳтож эканлигига ишондим.
Мақоламда тасвирланган бир парча воқеадан ҳам шунга амин бўлиш мумкин:
“Абдурашид Пардаевнинг Сардоба посёлкасидаги уйида унинг кексайиб қолган муштипар онаси, рафиқаси Муяссар ва болалари билан бир пиёла чой устида узоқ суҳбатлашдик.
— Сўнгги пайтларда уйимизга сиздан бошқа меҳмон келганини эслай олмайман, – дейди бошларини эгиб Муяссар.
Абдурашид эса уйни тўлдириб турган китобларга термилганча сукутга чўмган.
Китоблар! Унинг дунёга келиб топгани шу бўлди.
— Бу киши худди Ватан хоинидек ҳеч ким уйимизга келмай қўйди, – деди яна Муяссар.
Эри ҳамон сукутда. Кампир жим. Болалар ухлаб қолишди.
— Эртаю кеч ҳақиқат деб, адолат деб ишдан ҳайдалди…
— Бас қил! – деб Муяссарнинг сўзини бўлди у. – Бас қил!
Ўртага оғир сукунат чўкди. Кампир унсиз йиғлай бошлади…
Туманда уникига келишга ростдан ҳам кишилар ҳайиқади. Раҳбарларнинг қулоғига етиб бориши мумкин деб ўйлашса керак.
Туман маданият бўлимининг бошлиғи Анвар Исматуллаев журналистнинг бекор юрганнни билиб, иш таклиф қилди.
Бир ҳафта ўтар-ўтмас устидан вилоят прокуратурасига имзосиз хат тушди. Тафтиш бошланди, лекин фактлар исботланмади.
Абдурашид эса А.Исматуллаевни оғир аҳволда қолдиришни истамади. Ариза ёзиб ишдан бўшади.
Ҳа, шу кунгача имзосиз хатлар Оқ олтин туманида ана шундай қудратга эга!”
Мақоламда таниқли адабиётшунос олим, профессор Очил Тоғаевнинг фикрлари ҳам келтириб ўтилади: “Мен Абдурашид Пардаевнинг республика матбуотида эълон қилинган қисса ва мақолаларини ўқиганман. Уларда ўзига хос мунгли дард сезилиб туради. Иллатни кескин фош қилади. У ҳаётни теран кузатиб, таъсирли ифодалайди. Мен унинг ҳалол ва принципли инсон, ёрқин истеъдод эгаси эканига ишонаман”.
Газетанинг салкам бир саҳифасини эгаллаган бу мақола Ўзбекистонда катта шов-шувга сабаб бўлди.
У Сирдарё вилоят партия қўмитасининг Бюро йиғилишида менинг иштирокимда муҳокама этилди.
Оқ олтин тумани раҳбарлари қаттиқ жазоланди.
Шундай қилиб, Абдурашид Пардаев маҳаллий раҳбарларнинг зулмидан халос этилади…
15.
“ДЎСТЛИК БАЙТИНИНГ ИККИ САТРИ”.
Аслида мақола ҳам, йирик бадиий асар ҳам муаллифни қийнаб юрган қандайдир бир салмоқли фикрни ифодалаш учун ёзилади.
Назаримда, “Дўстлик байтининг икки сатри” куйидаги мулоҳазалар туфайли кўпчиликка маъқул бўлганди:
“Педагог Суюнов хонадонидан чиқар эканмиз, бир нарсадан қаттиқ ранжидик. Умр бўйи муаллимлик касбини ардоқлаб келган кишининг уйи жуда ғариб эди. Эгаси бу дунёни тарк этиб кетгач, у янада ғариблашибди.
Нега шундай? Нега яхши ва ҳалол одамлар кўпинча ночор ҳаёт кечириб, ғариб яшашади?
Мен хизмат юзасидан республикамизнинг қаерида бўлмай, ҳали бирор бир ўқитувчининг “Волга” миниб, данғиллама иморат қурганини эшитмаганман.
Ражаб ака Суюнов ҳам ҳалол ва камтарин инсонлардан эди.
Варганзаликлар қалбида у бир умр ана шундай бўлиб қолади…”
16.
“ХОРИЖ ЭЛЛАР ШАМОЛИ”.
Биз – бир гуруҳ ўзбек ижодкорлари Германия Демократик республикасига расмий сафарга боргандик. Ўша сафар таассуротларини қоғозга туширган эканман. Қизиқки, сафарда ҳам ўзим билан ўзим баҳслашиб юрган эдим.
“Бухенвалъддан оғир хаёллар билан чиқиб, Подстам конференцияси ўтказилган Цецилиенхоф саройига бордик.
1945-йилнинг июнида бу ер шахсан маршал Жуковнинг таклифига кўра уч буюк давлат раҳбарларининг учрашув жойи қилиб белгиланган.
Мана, ўша тарихий конференция зали.
Бу ерда 1945-йилнинг 17-июлидан 2-августига қадар уч буюк давлатнинг Берлин конференцияси ўтказилган.
Кейинчалик у тарихга “Подстам конференцияси” номи билан кирди.
Залнинг ўртасидаги стол устида уч хил байроқча.
Столнинг ўнг томонида Совет делегацияси жойлашган.
Ўртадаги улкан креслода делегация раҳбари – Сталин ўтирган.
Бу зал, бу стол ва стуллар қирқ йил муқаддам қандай бўлса, бугун ҳам худди шундайлигича сақланиб қолган.
Томошага келган сайёҳлар жуда кўп. Улар дунёнинг турли бурчакларидан келишган. Ҳамманинг оғзида Сталин!
Ниҳоятда зиддиятли ва мураккаб шахс.
Қачондир ана шу тарихий шахс ўтирган бўш ўриндиққа тикилганча у ҳақда ўйлай бошладим.
Бугун жуда кўп нарсалардан хабардорман. Кеча мендан бу гапларни яширишган эди. Бугун эса ошкор қилишди.
Нега шундай? Нега мени ўттиз йил алдаб келишди? Нега?
Саксонинчи йилнинг ўрталарида талабалар касаба уюшмасининг йўлланмаси билан Гуржистонга кетаётганимда отам мендан: “Гори шаҳридаги СССРда ягона сақланиб колган Сталин ҳайкали қошида суратга тушиб менга юбор” деб илтимос қилганди.
Ўшанда отамнинг бу топшириғини фахр ва ифтихор билан бажарган эдим. Бу сурат ҳозир ҳам уйимизнинг тўрида осиғлик турибди. Отам уни каттартириб олган.
Лекин мен энди ҳар сафар уйга борганимда онамдан бу суратни олиб қўйишларини илтимос қиламан. Бироқ, отамга гапира олмайман, ҳайиқаман. Сурат эса ҳануз уй тўрида осиғлиқ.
Қишлоққа ҳар борганимда Сталин ҳақида гап кетса, отамнинг қовоғи солинаверади. Сталинни қоралаш сиёсатига қўшилмаслиги юз-кўзларидан шундоққина сезилиб туради.
Лекин Германияга бораётганимни айтганимда, бу сафар у менга ҳеч қандай топшириқ бермади…”
17.
“МАҲКУМАЛАР”.
Ажаб, Ўзбекистон журналистлари орасида мен биринчи бўлиб ўша пайтгача ҳали ҳеч ким қаламга олмаган мавзу – хотин-қизлар қамоқхонасидаги ҳаёт тўғрисида ёзган эканман…
Мақоладан кўчирма:
“Журналист сифатида жуда кўп хизмат командировкаларига борганман. Турли нохуш ҳолларга гувоҳ бўлганман.
Лекин шу пайтгача бундай аянчли манзарани кўрмаган, ўттиз ёшга кириб ҳали бунчалар оғир хаёлларга толмаган эдим.
Тошкентдаги аёллар қамоқхонасига кириш жуда қийин – Ички Ишлар вазирлигидан махсус рухсат олиш керак.
Чиққач янада кийинроқ – у ерда кўрган-кечирганларингизни узоқ вақт унутолмай юрасиз.
Билмадим, бу суратларни кўриб сизнинг хаёлингиздан нималар кечаркин?
Мен эса уларнинг олдида негадир ўзимни гуноҳкор сезаман.
Нима учунлигини ўзим ҳам билмайман. Эҳтимол, эр киши бўлганим учундим…
Озодликдан маҳрум этилган хотин-қизларнинг прокуратура ва суд органларига билдирган қатор эътирозларини тинглаб, беихтиёр ўйланиб қоласиз.
Мен судъя ёки прокурор эмас, оддий мухбирман. Уларнинг ишларини ажрим қилиш, озодликка чиқариш тегишли ташкилотлар қўлида.
Лекин уларнинг ҳар бири билан гаплашиш, жиноий ишларини ўрганиб чиқиш мумкин.
Журналист ёлғиз, улар эса кўп.
Шунда беихтиёр Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 600 юзга яқин аъзоси борлиги ёдимга тушди.
Қани энди, бу адолатпарвар ёзувчиларимиз вақт топиб, озодликдан маҳрум этилганлар ҳузурига бориб улар билан суҳбатлашсалар, уларни тингласалар, модомики, ноҳақлик қилинган бўлса, ҳақ қарор топиши учун кўмаклашсалар…
Биз, одатда, аёл ҳақида сўз юритганда, муҳаббат ҳақида, гўзаллик ва нафосат ҳақида ўйлаймиз.
Ширин ва ойдин туйғуларга ошно бўламиз. Уларнинг олдида ҳамиша бурчдор ва миннатдор сезамиз ўзимизни.
Бугун янглишган, билибми-билмайми жиноятлар қилган хотин-қизлар ҳақида сўз юритдик.
Гарчи улар ҳужжатларда – “Маҳкумалар” деб аталсалар-да, уларга энди таҳқир ва маломат эмас, балки ҳамдардлик ва хайрихоҳлик керак!
Тазарру ва тавба керак!”
Ажаб, мен бу мақолани ёзган пайтда ўзим ҳам бир кун келиб мана шу маҳкумалар каби бир эмас, уч маротаба қамоққа маҳкум этилишимни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим…
18.
“ЧАҚАЛОҚ ЎҒИЛМИДИ?”
Кўчирма: “Сўнгги йилларда китобликлар район туғруқхонасида содир этилаётган нохуш воқеалар ҳақида жуда кўп гапиришяпти.
Бу ерда 1986-йил – беш аёл, 1987-йил – беш аёл, 1988-йил – бир аёл туғиш пайти оламдан ўтган.
Уларга етарли ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаган. Врачлар тажрибасизлик қилган.
Ҳатто, биз туҳруқхонада бўлган кун ҳам яна бир аёл – Дилбар Даминова туға олмай оламдан ўтди…
Нега? Нима учун ўз оёғи билан бу ерга келган шўрлик аёллар врачларнинг эҳтиётсизлиги ва ё тажрибасизлиги туфайли ҳаётдан кўз юмиши керак?
Бу саволларнинг жавоби ғоят чигал. Ғоят мушкул. Лекин бу аянчли ва фожеали якунларнинг бирортаси ҳам район прокуратураси учун таҳлил ва терговга асос бўлмаган.
Ўлим билан тугаган бу ҳолларнинг бирортаси ҳамврачларнинг айбини аниқлаш учун терговга ўтказилмаган.
Болалар ўлими эса бу ерда янада ташвишли аҳволда. Биргина ўтган йилнинг саккиз ойида 23 нафар янги туғилган чақалоқ ҳаётдан бефарқ кўз юмди.
Шу йилнинг саккиз ойида эса уларнинг сони 13 тага етди. Аммо бу ўлимлар учун ҳам ҳеч ким жавоб бермади. Ҳеч ким айбдор ҳисобланмади.
Агар биз бир районда яшаймиз деб юзхотирчиликка борсак, оналар ва болалар ўлими учун жавобгар шахсларни ҳамюрт ва таниш деб кечирсак, унда район прокуратураси ва милициясининг нима кераги бор?!
Одамлар бекордан-бекорга ўлиб кетаверса, бунинг учун ҳеч ким жавоб бермаса, район судлари нима иш қилади?..”
19.
“ҚЎЛИНГИЗ ПОК, КЎНГЛИНГИЗ ОҚМИ?”
Мақоладан кўчирма: “Биз одатда гапни қайта қуриш, ошкоралик ва демократиядан бошлашга ўрганиб қолдик. Аксарият ҳолларда эса, қилаётган ишимиздан кўра гапимиз кўпайиб кетяпти.
Турғунлик даврида ноҳалол йўллар билан раҳбар бўлиб шаклланган баъзи кишилар бугун ҳам қайта қуриш ниқоби остида ўз фаолиятларини бемалол давом эттириб келишяпти.
Эҳтимол, шунинг учун ҳам қайта қуриш бизда ҳануз талай тўсиқларга учраётган бўлса ажаб эмас…
Олдинига биз ҳам ўзимизга қадар туғруқхонада иш олиб борган беҳисоб комиссия хулосаларига, Роза Тўраеванинг ўзига ишонч руҳи балқиб турган мағрур қиёфасига, олган мукофотларига, депутатлигига ишонгимиз келди. Лекин, далиллар ўжар бўлар экан…
Самарқанддан қайтганимиздан сўнг кўп ўтмай ортимиздан шикоят хати ҳам етиб келди. Уни яна Роза Тўраева ёзган эди. У энди бизни адолатсизликда, фактларни бирёқлама текширишда айблабди.
Шу орада туғруқхона жамоаси редакциямизга телеграмма йўллаб, бизни бош врач сайловига таклиф қилди. Яна Самарқандга йўл олдик.
Роза Тўраева энди бошқа жойга – шаҳар касалхонасидаги поликлиникага раҳбарлик қилаётган экан.
Таниш-билишчилик! Ҳомийлик қилиш! Қўллаб-қувватлаш! Бунчалар яшовчан бўлмаса улар!!!
…Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Диловар Насимовна билан унинг шинамгина кабинетида узоқ суҳбатлашдик.
У киши Роза Тўраевани ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашини биздан яширмади.
Розя Тўраева ва унинг мартабали ҳомийлари туфайли жамоа ҳам, беморлар ҳам азият чекди.
Афсуски, бу носоғлом ҳолат бугунги қайта қуриш вақтида ҳам узоқ давом этди.
Ортиқ бунга йўл қўйиб бўлмайди!
Бугунги ошкоралик ва демократиянинг талаби ҳам шу!”
20.
“АРМАН ЖАРОҲАТЛАРИ”.
1988-йилнинг 7-декабръ куни Арманистонда рўй берган зилзилага бағишланган бу мақола ҳам бевосита сафар таассуротлари асосида ёзилганди.
Кўчирма: “Биз Арманистонга Ўзбекистон телевидениесининг махсус мухбирлари Дадахон Ёқубов, Бобур Алихонов ва тасвирчи Рафаэлъ Камоловлар билан бирга борган эдик.
Ленинакан шаҳридаги вайронагарчиликларни, тош тўдалари остида қолиб кетган жонсиз мурдаларни кўриб, Рафаэлъ Камолоқ ўзини ёмон сеза бошлади.
“Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” телекўрсатуви бошқарувчиси Дадаҳон Ёқубовнинг кўзларида ёш милтиллади…”
21.
“ТААЖЖУБ”
Тошкент тўқимачилик комбинатида ишчилар ҳатто мажлисларда ҳам ўзбекча гапириш ҳуқуқидан маҳрум этилгани тўғрисида ёзилган ушбу мақола ҳам шахсий кузатишларим ҳосиласи ўлароқ дунёга келганди.
Кўчирма: “Ўша куни бизга тароқлаш цехининг ишчилари ўз бошлиқлари бўлмиш Маргарита Григоръева ҳамда Муҳаббат Нуъмоновалар устидан жуда кўп шикоят қилишди.
Хусусан, Маргарита Петровна редакцияга хат ёзишни уюштирган Муҳаммаджон Мўминовга: “Миллатчилигинг учун сени КГБ га ушлаб бериш керак!” деб ҳақорат қилган.
Муҳаббат Нумонова эса мажлисда ёш ўзбек ишчилари ундан ўз она тилида гапиришини илтимос қилишганда: “Вазирлар Маҳкамасининг ўзбек тилида мажлис ўтказилсин деган қарори чиқса, кейин ўзбекча гапирамиз!” деб дилларни оғритган.
— Ўша мажлисдан буён қўлим сира ишга бормайди, – дейди алам билан Азамат Розиқов. – Қарор чиқса, кейин ўзбекча гапирамиз деб, бизнинг миллий туйғуларимизни оёқости қилишди. Муҳаббат опа ўзбек тилини мукаммал билади, лекин гапирмайди…
Тил масаласидаги бундай тенгсизлик комбинатга киришингизданоқ яққол кўзга ташланади. Сиёсий кўргазмали қуроллар ҳам, эълон ва шиорлар ҳам фақат рус тилида ёзилган.
Бирор жойда ўзбекча ёзилган бирор бир сўзни учратмадик. Ҳолбуки, комбинатда меҳнат қилаётган 12 минг ишчининг аксарият қисми маҳаллий миллат вакилларидан иборат…”
22.
“ПРОКУРОРНИ ҚАНДАЙ ҚЎЛГА ТУШИРИШДИ?”
Китоб тумани прокурори Хайрулла Остонов 1986-йил 4-август кунининг иккинчи ярмида диний маросимда (суннат тўйида) иштирок этиб, спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун республика прокурори А.В.Бутурлиннинг буйруғига асосан ишдан бўшатилади.
Ажабки, Х.Остоновга қўйилаётган айблар соғлом ақлга зид эди: тўғри, Раъно Абдуллаева замонида “диний маросимлар” қатағонга учрайди.
Бироқ, диний маросимда умуман ароқ ичилмайди, спиртли ичимликлар ислом динида ҳаром қилинган.
Шундоқ экан, демак Х.Остонов бошқа масалада “айбдор” шекилли, деган ўйда бу масалани синчиклаб ўргандим ва кутилмаган фактларга дуч келдим.
Маълумки, ўша пайтларда “пахта иши” бўйича кўплаб раҳбарлар қамалган, улардан мисли кўрилмаган миқдордаги бойликлар тортиб олиниб гоҳ давлат хазинасига топширилган, гоҳида эса Телъман Гдляннинг чўнтагига тушганди.
Фалончидан фалон кило тилло топишибди, пистончидан икки қоп пул топишибди деган миш-мишни ҳар куни эшитиш мумкин эди.
Жумладан Қашқадарёда бўлганимда Х.Остоновнинг олти кило тилло топгани тўғрисидаги воқеани айтиб беришади.
Дарҳақиқат, вилоят прокуратурасидаги ҳужжатлар орасида Остонов томонидан қўлга киритилган тилло буюмларнинг рўйхати қайд қилинганди:
“Николай даврининг беш сўмлик тилло тангалари – 297 дона, ўн сўмлик тангалар – 341 дона, етти ярим сўмлик – 3 дона, ўн беш сўмлик – 22 дона, Буюк Британия қироличаси Викториянинг тасвири туширилган ўн сўмлик тилло тангадан –9 дона, қиролича Елизавета тасвири туширилган саксон сўмлик тилло тангадан – 54 дона, қуйма ёмби – 19 дона, 56 минг 100 сўм пул…”
Шунча бойлик “Пахтакор” совхозининг (У.Юсупов туманидаги) бош ҳисобчиси Э.Азимов тинтув қилинганда топилади.
Барча бойлик расмийлаштирилиб давлат ихтиёрига топширилади.
Равшанки, бебаҳо тилло буюмлар учун терговчи Остоновга мўмай “мукофот” таклиф этилади, аммо у барча сийловларни рад этади.
Охир-оқибат эса, орадан бир йил ўтар-ўтмас ундан қасос оладилар. Яъни, “диний маросимда спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун” ишдан бўшатилади…
Шу ўринда “пахта иши” юзасидан қамалган барча раҳбарларни бегуноҳ эди, деб бўлмаслигини эслатиб ўтиш жойиз кўринади.
Ўзингиз хомчўт қилиб кўринг: биргина совхознинг бош ҳисобчиси юқоридаги рўйхатда қайд этилган шунча миқдордаги тилло буюмларни қаердан олади?
Улар ота-бобосидан мерос бўлиб қолганмиди?
Балки, ўша бойликларнинг маълум бир қисми туман ёки вилоят миқёсидаги раҳбарларга тегишлидир…
Хуллас, маҳаллий раҳбарлар узоқ йиллар давомида халқимизнинг ризқ-рўзини қийиб, жуда катта миқдорда (албатта, ҳалол йўллар билан эмас) бойлик тўплаган бўлсалар, Т.Гдляннинг каззоб лайчалари бир-икки йилдаёқ ўша бойликларни тортиб оладилар ва жиғилдонига урадилар.
Яъни, қонуний йўсинда ўғрини қароқчи уради…
“Прокурорни қандай қўлга туширишди?” номли мақолам ҳам республикада қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлади…
23.
“ГУНОҲСИЗ ГУНОҲКОР” номли мақоламда эса икки йилу тўрт ойдан сўнг узр сўраб қамоқдан озод қилинган бир инсон (Қаршилик Зарпулла Мўянов) тўғрисида ҳикоя қилинади…
24.
“ЎЗ ҚАДРИНИ БИЛИШ – МИЛЛАТЧИЛИК ЭМАС!”
Кўчирма: “Бугунги шиддатли ҳаётимиз келажак тарихчилари учун бой маънавий озуқа беради. Шубҳа йўқки, келажакда муаррихлар бизнинг ишларимизни қайта-қайта элакдан ўтказиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади. Хатоларимизни рўй-рост кўрсатиб, биримизни ерга уриб фош этиб, биримизни кўкка кўтаради.
Ҳа, агар келгусида холис тарихчилар сақланиб қолса, худди шундай қилади. Аммо, давр нуқтаи-назаридан қарасак, ҳозирги қалам аҳлига осон эмас. Чунки узоқ йиллар бизга фақат оқ, қора ранглар бор деб ўргатиб келишди.
Биз яшаган даврда кимки партия ва ҳукуматни мақола ёки шеърларида мақтамаса, ким ўз халқининг қадри ва ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилса, у миллатчи ва экстимист деган ном оларди.
Халқим дегани учун эса, халқ душмани ва ё халқ хоини ёрлиғига эга бўларди.
Ўтмишдаги улуғ давлат арбобларимиз ва даҳо мутафаккирларимизни бизга қора ёки олабўжи қилиб кўрсатишди. Онасини танимай ва тан олмай уни отиб ўлдирган манқуртга ўхшаб қолдик.
Эндигина сал ақлимиз кириб, ўзлигимизни таниб – меҳнаткаш, мўмин, доим кўнгли ва дастурхони очиқ халқимизнинг қадр -қимматини ҳимоя қила бошлаганимизда марказий матбуот нашрлари бизнинг тўғримизда яна “маҳдуд”, “миллатчи”, “дўстларини, оғаларини ҳайдаяпти”, “бу халқ айниди” деган туҳмат гапларни ёғдира бошлади.
Афсуски, булар оғзаки, шунчалик ғийбат гаплар эмас. “Труд”, “Известия”, “Союз” каби мўътабар нашрлар кетма-кет ўз саҳифаларида носоғлом шов-шув кўтариб, ўзлари билиб-билмай қардош халқларимиз дўстлигига раҳна солишмоқда…
Иттифоқ қонунларига ҳам, жумҳурият қонунларига ҳам барча миллатлар бир хилда амал қилишлари керак. Ўзбекистонда чиқарилган давлат тили ҳақидаги қонун эса ўзга миллатларнинг айрим вакилларига ёқмади.
Модомики, ўзбеклар икки тилда гапирар экан, марҳамат қилиб, бу ердаги бошқа миллатлар ҳам тенглик юзасидан иккинчи она тили – ўзбек тилини ўргансалар, бу фақат дўстона муносабатларни сақлаш ва кучайтиришга хизмат қилади.
Аммо баъзи менсимаслик кайфиятидаги “мангу меҳмонларимиз” чорак аср ёки ярим аср давомида ҳам ўзбек тилида “нон”, “сув”, “ота”, “она”, “дўстлик” деган оддий ва кундалик сўзларни ҳам ўрганиша олмади ёки ўрганишни хоҳлашмади.
“Миллатчилик” ёрлиғидан қўрқиб қолган ўзбек миллий зиёлиларининг кўпчилиги ҳатто давлат тили ҳақидаги Қонун чиққандан кейин ҳам ўзбекча гапиришдан чўчиб, барча мажлисларни ҳамон марказ тилида олиб бормоқдалар.
Бу зиёлиларнинг баъзилари ҳатто она тилини ҳам унутиб юборишган. Улар “ўзбекча гапирсак, оғаларимиз тушунмай қолади” деб ўйлашади. Айтайлик, “Пушкин кўчаси” деган ёзув тагида албатта “Улица Пушкина” деб ёзишни талаб қиладилар.
Илгари ҳамма рус тилида гапиришни ўйлаши керак эди. Миллий онги уйғонган, миллатпарвар, диёнатли одамларни “миллатчи”, “пантуркист”, “панисломист” деб бошларига не кунларни солмадилар!
Ўзининг бой ва гўзал, кўп асрли маданий меросни ўрганишга уринган миллатнинг асл фарзандларини қатағон этиб, баъзиларини ўлдириб, бошқаларини ГУЛАГ оролларида чиритиб юбордилар.
Байналминалчилик ана шундай шафқатсиз, террористик усуллардан жорий этилди.
Халқ қадрини, миллий туйғуларни таҳқирловчи ҳаракатлар ихтиёрий ёки беихтиёрий рус халқи билан боғлиқ ҳолда тасаввур қилингани учун ҳам маълум даражада ана шу халққа муҳаббат ўрнини нафрат эгаллаши, низолар чиқиши турган гап эди.
Аммо, айрим кучлар бу халқ ҳаракатларини усталик билан қўшни халқларнинг ўзъаро низоларига, қон тўкишларига айлантириб юборди.
Халқларимизнинг онгсизроқ табақалари бу хунрезликларнинг асл сабабчисини тушунолмай, бир-бирини қира бошлади…”
25.
Мана, мен журналистикага эндигина кириб келган пайтларда ёзган мақолаларимни қайтадан кўздан кечириб ўзимча қувониб ўтирибман, ҳаяжонланаяпман.
Хайриятки, бугунги кунда ўзимни уялтириб қўядиган мақола ёзмаган эканман.
Муқаддам таъкидлаганимдек, мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида устоз нималигини англадим, Иброҳим Ғофуровдан сабоқ олдим.
Университетларда ўқитиладиган дарслар ва дарсликлар бошқа бошқа нарса экан, лекин зукко устознинг амалий таълим-тарбияси мутлақо бошқача бўлар экан.
Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушади.
Бир куни Иброҳим аканинг хонасига кирсам, у киши телефонда гаплашаётган эканлар.
Эшикни аста ёпиб чиқиб кетаётган пайтимда беихтиёр айрим сўзлари қулоғимга чалиниб қолди.
Мени ҳайратлантирган нарса шу бўлдики, Иброҳим ака ўз рафиқасига “Ойдинжон” деб мурожаат қилар экан! (Машҳур ўзбек шоираси Ойдин Ҳожиева)
Қаранг, салкам чорак асрдан бери ҳамнафас бўлиб яшаётган умр йўлдошига ҳамон зўр эҳтиром кўрсатар эканлар.
Мен бўлсам, ўлдим-куйдим деб зўрға эришган ва турмуш қурганимизга эндигина бир-икки йил бўлган хотинимни аллақачон сенсирай бошлаган эдим.
Ўзимдан ўзим уялиб кетдим.
Орадан кўп ўтмай Ёзувчилар уюшмасида Иброҳим Ғофуровнинг 50 ёшга тўлиши муносабати билан анжуман бўлиб ўтди.
Ўшанда мен сўз олиб: “Биз Иброҳим акадан фақат ёзишни эмас, балки яшашни ҳам, аёл зотини эъзозлашни ҳам ўрганишимиз керак”, деб ўзим беихтиёр гувоҳ бўлган воқеани гапириб бердим.
Демоқчиманки, мен биринчи маротаба том маънода устоз кўрдим, устоздан таълим олдим.
Қолаверса, ўша пайтларда “Адабиёт” газетасида ишлаган бошқа ўртоқлардан ҳам кўп нарсаларни ўргандим.
Масалан, Аҳмаджон Мелибоев, Маматқул Ҳазратқулов, айниқса, Маҳмуд Саъдийдан ўрганган нарсаларим кейинчалик менга дасуриламал бўлди.
Машҳур адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи бор: “Талант, билим, ҳунар жиҳатидан бир даражада бўлган икки ёзувчи муҳаббат тўғрисида ёзса, шу муҳаббат ҳиссини бошидан кечиргани яхшироқ ёзади”, деганлар.
Назаримда, ўз ҳаётимда кўп бора ноҳақликка дуч келганим учунми, мудом ҳақиқатни тиклашга ҳаракат қилардим.
Кучли ёки зулм ўтказаётган томонда туриб эмас, балки кучсиз ва мазлумларнинг ёнини олиб қалам тебратардим.
Гўё менга нотаниш бўлган одамларни эмас, ўзим кўпдан бери таниган ва билган яқин кишиларимни ҳимоя қилгандек бутун қалбим ва вужудим билан воқеалар ичига кириб борардим.
Уларни мен ҳимоя қилмасам, бошқа ҳеч ким ҳимоя қила олмайди деб ўйлардим.
Одамларнинг қалбида ҳақиқатга бўлган ишонч саробга айланишини, орзу-умидлари сўниб, ҳаётдан кўнгли қолиб кетишини ўзим учун катта бир фожеа – кечирилмас жиноят деб ҳисоблардим.
Шу боис мақолаларим ўқувчиларнинг юрагига етиб борди, уларнинг қалбини ларзага солди. Тез орада минг-минглаб мухлислар орттирдим…
Биз Наргис икковимиз бир ой давомида Ялта ва Сочида дам олдик, Ботуми ва Сухуми шаҳарларини, гўзал Абхазия ва Одессани роса сайр қилдик…
(давоми бор)