Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com
“Президент эркатойининг саргўзаштлари»
Биринчи китоб. 18 – боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг махсус мухбирлари Исмат Хушев (ўнгда) ва Карим Баҳриев…
ДИЛ ДАФТАРИДАН КЎЧИРМАЛАР
(Ўзбек журналистикаси сабоқлари)
1.
Янги мақола эълон қилинса, аввало, муаллифни яқин одамлари табриклайди, фикр-мулоҳазаларни ҳам таниш-билишлар изҳор этадилар.
Лекин таниш-билишларнинг фикрлари доимо субъектив бўлади.
Шу боис дастлабки мақтовларга шубҳа билан қараш керак.
Журналистга ҳақиқий баҳони ўқувчилар беради. Айниқса, мақола қаҳрамонини ҳам, муаллифни ҳам танимайдиган ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳақиқатга яқин бўлади. Уларга ишониш мумкин…
Республикамиз матбуотидаги чиқишларим шарофати билан қандай обрў-эътиборга эришганимни ўша пайтларда шахсан менинг номимга йўлланган мактублардан ҳам билиш мумкин.
Яхшиямки, ўз одатимга амал қилиб, ўша мактубларнинг маълум қисмини асраб қўйган эканман. Айрим мактублардан намуналар келтираман.
Шулардан ҳам мен билан ўқувчиларим ўртасидаги самимий муносабат қай даражада бўлганини билиб олиш мумкин…
2.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига, шу газета махсус мухбири Исмат Хушевга.
Ҳурматли редакция!
Мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг мунтазам ўқувчисиман.
Айниқса, газета ходими Исмат Хушевнинг мақолаларини қизиқиб ўқийман.
У кишини – ҳаётда учрайдиган ҳақсизликларни очиб ташлаб, ҳақиқатни қарор топтирадиган жасоратли инсон деб биламан.
Шу боис ҳам ушбу хатни Исмат Хушевга деб ёздим…
Одил НОРКЕЛДИЕВ,
Сурхондарё вилояти, Шеробод шаҳри.
1989-йил, 29-апрелъ”.
3.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг махсус мухбири Исмат Хушевга!
Мен Тошкент шаҳар Киров районидаги 29-болалар уйида ишлайман.
Айрим мухбирлар кўр-кўрона танқид қилаётган директоримиз Ғиёс Очилов ҳақида ёзмоқчиман. У киши жуда виждонли, ҳақиқатгўй, болажон одам.
Баъзи мухбирлар шундай одамни “болаларни уради” деган ғийбатга ишониб, уни текширмасдан, аниқламасдан ёзганларига ҳайронман.
1987-йилнинг декабръ ойларида “Комсомолец Узбекистана” газетасидан мухбир келиб, болалардан камчиликлар тўрисида сўраб олди.
Улар бирдан шикоят қила бошлашди: “Этик олиб беришмаяпти… Тарбиячилар, ўз ўрнингни тозалаб ўтир, деб койишади” ва ҳоказо.
Ўша кунларда болаларга иссиқ кийимлар олиб бериш учун югур-югур давом этаётган эди.
Мухбир келиб кетган куннинг эртасида ҳатто ота-онаси бор болалар ҳам олиб кийишга қурби етмайдиган чиройли, иссиқ этиклар, палътолар болаларга тақсимлаб берилади…
Зебо ОМОНОВА,
1989-йил, 3-июлъ”.
4.
“Ҳурматли редакция!
Мен 1979-йил Тошкент Олий Милиция Мактабини битирганман. Сўнг тақсимот бўйича Қашқадарё вилояти Ички Ишлар Бошқармасига ишга юборилганман.
1984-йилда Қосимжонов ИИБга бошлиқ этиб тайинлангач, кўнглига келган ярамасликларни қила бошлади.
У ҳар куни кечаси соат тўққизда бошқармага келиб мажлис бошларди ва тонг отганда йиғилишни тугатарди, хизматчиларни шалоқ сўзлар билан ҳақорат қиларди.
Унинг буйруғига асосан вилоят районларидан дарбадарларни йиғиб келиб, Қарши ИВСига қамай бошлашди. ИВСда дарбадарларни тутқин ҳолда сақлаш асло мумкин эмас.
Уларни вақтинча ушлаб ва тарқатиб турадиган махсус бўлим бор. Дарбадарликда айбланиб ушланганлар орасида кўплаб маҳаллий миллат вакиллари, аёллар, вояга етмаган қизлар бўларди.
ИВС эса бор-йўғи йигирма кишини ушлаб туришга мўлжалланган бўлсада, аммо у ерда 8О киши тутқинликда сақланарди. Бу ерда хотин-қизлар учун махсус камералар ҳам йўқ. ИВСда қўриқчилар тўрт киши, холос.
Мен – бешинчисиман. ИВСда ҳисобга олинган одамлар кўпайиб кетгани учун ҳар камерада 20-30 киши турарди, навбат билан дам олишарди. Ҳамма камералар битлаб, кана босиб кетганди…
1985-йил 20-январъ куни мен маҳаллий миллатдан бўлган бир вояга етмаган ва яна иккита аёлни ҳужжатлари топилиб, шахслари аниқлангани учун қонун асосида озод этиб юбордим. Лекин бояги аёллардан биттаси беш кундан сўнг ўғирликка урингани учун қидирувга қўйилди.
Мени 1985-йил 8-февралъ куни ўша ҳодиса баҳонасида ишдан бўшатишди…
Мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг мухлисиман.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятига бағишланган мақолаларни қизиқиб ўқийман.
Бундай мақолаларни мухбирингиз Исмат Хушев ёзади.
Мен Исмат Хушевни танимайман, лекин қўрқмасдан, очиқ-ойдин ва дадил ёзишини қўллаб-қувватлайман.
Силардан илтимос, менинг шу ёзганларим бўйича ҳам Исмат Хушевнинг аралашувига таъсир кўрсатсангизлар.
Зора тақдирим ўзгариб кетса…»
Баҳодир ХАЛИЛОВ,
Қарши шаҳри, 1989-йил, 8-август”.
5.
“Салом, редакция бўлим мудири, ўртоқ Исмат Хушев!
Исмат ака, яқинда бир дугонам ўз турмушидан шикоят қилиб қолди. Унинг иккита фарзанди бор. Эри ёш бўлишига қарамасдан ҳеч қаерда ишламайди. Рўзғорни дугонамнинг ёлғиз ўзи тебратиб турибди.
Биласиз, ҳозир ҳар қадамда “Видеобар”лар очилган. У кимга қандай таъсир қилаяпти? Уларнинг биз учун нима қизиғи бор? Бу ҳақда ҳеч ким ўйламаяпти.
“Секс” киноларни кўрсатишиб, ёшларни йўлдан чиқариб юборишяпти. Ўша видебарлардан олинадиган моддий фойда эвазига бировларнинг оиласи бузилиб кетяпти.
Шунча йилдан бери видеобарлар йўқ эди, бинойидек ҳаёт кечириб юргандик. Ўша бало пайдо бўлди-ю, одамлар ишламай қўйди, оиласидан совуди. Кўпчилик ёшлар ғарб давлатларининг киноларини томоша қилиб, энди ўзларини тутолмайдиган бўлиб қолишди…
Ўртоқ Исмат Хушев!
Дугонам нима қилсин? Икки фарзанди билан оиласидан ажралиб кетаверсинми? У ҳозир нима қилишини билмай қолган. Эри ишлаш ўрнига ҳар куни видеобарда ўтиради. Бунинг устига ичиб келиб, уйда жанжал кўтаради, хотинини ҳақорат қилади. У ҳеч кимнинг маслаҳатига қулоқ солмайди, ўз билганидан ҳам қолмайди.
Исмат ака, дугонамга қандай маслаҳат берасиз? У нима қилсин? Илтимос, йўл кўрсатиб ёрдам беринг!
Сизга салом ва ҳурмат билан мактуб йўлловчи синглингиз
Роҳат БОЛТАЕВА,
Бухоро шаҳри, Гагарин кўчаси.
1988-йил, 16-июнъ”.
6.
“Салом дўстим Исмат!
Ишлар билан ҳормай-толмай юрибсизми? Оила-аъзоларингиз соғ-омонми? Охирги марта кўришганимизга ҳам, мана, бир ойдан ошиб кетибди.
Дўстим, севимли газетамиз саҳифаларида тез-тез кўриниб турганингиздан, кундан-кун, мақоладан-мақолага қаламингиз чархланиб, фикрингиз тиниқлашиб, қобилиятингиз ўткирлашиб бораётганидан бағоят мамнунмиз.
Шу билан бирга Сиздан доимий хавотирдамиз: менинг назаримда, бугунги кун талаблари даражасида ижод қиладиган журналист худди қалтис ўйин кўрсатаётган дорбозга ўхшайди.
Томошабинлар ундан чиройли ўйинлар, ҳаракатлар кутади. У бўлса, баъзан ўз ҳаётини хавф остида қолдириб томошабинларнинг олқишига сазовор бўлади, одамларнинг ишончини оқлайди.
Дўстим, маслакдошларимизнинг ишончи ҳамиша Сизга лангарчўп бўлин!
Биламан, ижодий жамоадаги муҳит ҳам, Сизга бевосита объект бўлаётган маъмурий идоралардаги аҳвол ҳам сокин ва осуда эмас.
Сизга ва ҳамкасбларингизга ниҳоятда масъулиятли ишларингизда омад ва жасорат, ғайрат ва шижоат ҳамиша ёр бўлсин!
“Чақалоқ ўғилмиди?” номли мақолангизни жуда яхши ёзибсиз. Бундан кейин ҳам Сиздан шунақа ажойиб ва ўткир мақолалар кутиб қоламиз.
Мен ишни ўзгартирдим. Район партия қўмитасининг йўлланмаси билан бир-неча йиллардан буён маънавий муҳити носоғлом бўлган бир мактабга директор бўлдим.
Мактаб катта – 850 нафар ўқувчимиз бор, ўқитувчилар юзтага яқин. Иш мураккаб, оғир… Лекин энг муҳими – ўз соҳам, ғайрат мўл, кайфият яхши.
Ўзингизда нима янгиликлар бор?
Қамоқхоналарга ҳам бормай қўйдингиз. Сиздан андоза олиб, яқинда “Тошкент ҳақиқати” мухбири Р.Умаров ҳам турмага бориб мақола ёзибди.
Ишқилиб, дўстим, издошларингиз ҳам кўпаяверсин!
Хайр. Сизга омад тилаб,
Нурали ЖАЛИЛОВ,
Тошкент вилояти, Бекобод райони, Зафар посёлкаси.
1988-йил, 1-ноябръ”.
7.
“Ассалому алайкум, севимли мухбиримиз Исмат Хушев!
Мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босиладиган мақолаларингизни мириқиб ўқийман. Исмим Ҳанифа, ҳозир 10-синфда ўқийман.
Сизга жуда ҳавасм келади. Ўзим 5-синфдан бошлаб адабиётга жуда қизиқаман. Очиғи, ўқитувчи бўлмоқчи эдим. Негадир муаллимликка қизиқишим сўнди.
“Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” номли кўрсатувда Дадахон Ёқубовнинг суҳбатлари мени ўзига жалб этди. Ўшадан буён мухбирликка жуда қизиқиб қолдим.
Шу орада Сизнинг ажойиботларга тўла мақолаларингиз мени бу соҳага янада маҳкамроқ боғлаб қўйди.
Яқинда “Маҳкумалар” номли мақолангиз босилган экан. Бу мақола мени жиддий ўйга толдирди. Ҳозир бу ҳақда сўз юритмоқчи эмасман. Мақола бошида кўп сафарларда бўлишингизни айтибсиз. Демак, мухбирлар кўп изланиши керак. Шундайми?
Агар мен ҳам мухбир бўлиб етишсам, кўп сафарларда бўламанми? Ахир мен қиз боламан-ку, қандоқ бўлар экан?
Шу масала мени иккилантираяпти. Илтимос, менга маслаҳат беринг.
Сизга яна бир савол билан мурожаат қилмоқчиман: мен мухбирлик ўқишига қандай тайёрланишим керак?
Ҳурматли Исмат Хушев! Сиз менга албатта жавоб ёзинг!
Чексиз ҳурмат ила,
Ҳанифа ТЎХТАСИНОВА,
Андижон вилояти, Хўжаобод шаҳри,
К.Маркс номли 4-ўрта мактаб.
1988-йил, 10-октябръ”.
8.
“Ҳурматли Исмат ака!
“Маҳкумалар” номли мақолангизни ҳаяжон билан ўқиб чиқдим. Сизни қамоқхонага кирганингиз ва маҳбуслар билан суҳбатда бўлганингизни ўқиб, сизни энг яқин маслаҳатчим деб топдим. Ўйлайманки, мендан ёрдамингизни аямайсиз. Йўқ, менга ёрдам беришингиз керак деб сизни мажбур қилмайман. Фақат менга жавоб ёзсангиз бўлди.
Ўз бошимдан ўтган гапларни ҳали ҳеч кимга, ҳатто энг яқин дугонамга ҳам айтмаганман. Табиатан шундайман. Мен – Дилором Султонова бўламан. Ёшим йигирма олтида. Чуст шаҳридаги Бадиий буюмлар фабрикасида ишлайман.
1984-йилда қамоқ муддатини ўтаб қайтган йигитга турмушга чиқдим. Бутун қишлоқ аҳли гап қилди, лекин ҳеч кимга қулоқ солмадим.
Ахир, у ҳам инсон фарзанди-ку, уни ҳам кимдир тушуниши, унга ҳаётини бағишлаши керак-ку, деб ўйладим.
Романтик хаёлларим соғлом ақлдан устун келди. Тўйимиз бўлди.
Бир ярим йил давомида ниҳоятда аҳил яшадик.
Фалокат эса ҳеч кутилмаганда содир бўлди. Ҳаётимиз остин-устун бўлиб кетди.
Эрим тўрт кун уйга келмади. Қидирдим. Микрорайонларнинг биридаги “КПЗ”да ётганидан хабар топдим. Бу воқеа 1986-йилнинг апрелида бўлган эди.
Уч ой ўтиб суд бўлди. Судга қайнонам билан бирга бордик. Ёпиқ суд уч кун давом этди. Унда на бирорта гувоҳ бор, на судланувчининг яқинлари бор. Фақат жабрланувчи ва унинг ота-онаси залга кириб ўтиришди. Ҳаётимда биринчи маротаба суд жараёнида иштирок этаётгандим.
Киноларда кўрган судлар бунга асло ўхшамасди. Эрим жиноят қодексининг 94-моддаси билан – балоғатга етмаган 12 яшар қизни зўрлагани учун 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Эрим билан бир неча марта гаплашдим, лекин у нима бўлганини очиқ айтмади. Нуқул бир гапни такрорлади: “Сени ўйлаб, сени деб шу ерда ўтиришга мажбурман, фақат сен тушунсан бўлди”, дейди.
Ўн уч йил – бу жуда катта муддат!
Биз бир-биримизни ҳурмат қилардик. Мен уни севар эдим, ҳозир ҳам севаман. Неча марта: “Ҳақиқтни айтинг, ахир, умримиз ўтаяпти”, деб ёлвордим. У бўлса: “Қўй, кераги йўқ”, дейди. Балки, у мени алдаб юргандим. Ташлаб кетишимдан қўрқиб ўз айбига иқрор бўлишдан чўчиётгандир. Агар ростдан жиноят содир этган бўлганида ҳам уни кутар эдим. Чунки, кўз очиб кўрганим – шу йигит, пешонамга ёзилгани ҳам – шу! Мен ундан нафратланмайман, унга ачинаман…
Исмат ака, нима демоқчи эканимни тушунган бўлсангиз керак.
Айтмоқчиманки, менинг эрим билан дилдан, эркакчасига гаплашадиган одам йўқ. Биламан, сизга ҳам қийин.
Хоҳлардимки, иш юзасидан УЯ-64-1 зонасига кириб қолсангиз, илтимос, қимматли вақтингизни аямай маҳбус Валихон Султонов билан суҳбатлашиб кўринг. Унинг ўзи ҳақидаги ва ўз яқинлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билмоқчиман.
Мен унга чин дилдан ачинаман. Кимнингдир ўрнига қамоқда ўтирганини, умри увол бўлаётганини сезиб турибман. Билдимки, зонага кириш мумкин экан.
Мен сиздан куйган қалб номидан илтимос қиламан ва фақат хат орқали жавоб беришингизни сўрайман деб, қиёматли синглингиз
Дилором СУЛТОНОВА,
Чуст шаҳри, 1988-йил, 13-октябръ”.
9.
“Ҳурматли Исмат Хушев!
Бу хатни Сизга нима учун ёзаётганимни ўзим ҳам билмайман. Ярим йилдан бери Сизга хат ёзаман ва… йиртаман.
Ёзганларингизнинг ҳаммасини ўқиб бораман. Мақолаларингиздаги ишонч ва ҳақиқатни кўриб, балки Сизга юрагимни очмоқчидирман.
Аслида Сизга ҳам ишончим тўлиқ эмас. Лекин юрагимдаги битмас-туганмас дардни кимгадир айтишим керак-ку!
Тунов куни ишхонада биттаси билан гаплашиб қолсам: “Ўзингизни гўлликка солиб, ҳеч нарса бўлмагандек ва билмагандек юраверинг. Шунда ютасиз”, дейди.
Ҳайрон бўлиб қолдим. Энг аламлиси шундаки, менга бу гапни оддий одам эмас, йигирма беш йиллик тажрибага эга педагог айтди…
Аёлларимиз, қизларимиз ўзларини ўлдиришяпти. 270 аёл ўзига ўт қўйди деб газетангиз бонг уряпти. Агар менинг қора кўз уч болам бўлмаганда, аллақачон ўзимни ўлдирган бўлардим.
Директоримизнинг айтганини қилмадим, унга ўйинчоқ бўлишни истамадим. Аммо мен эшитмаган гап, мен эшитмаган ҳақорат қолмади.
Қайси бирини Сизга ёзай?! Бу “сирли салтанат шаҳзодаси”нинг қайси бир кирдикорини, қайси бир хотинбозлигини Сизга айтай?!
Жуда кўп нарсалар тўғрисида Сизга ёзишим керак эди. Афсуски, ёзолмадим. Фикрларим тарқоқ. Илтимос, ўзингиз келинг! Қора кўз болаларим ҳаққи-ҳурмати бор ҳақиқатни очиб ташлашга ёрдам беринг!
Ўтиниб сўрайман, ёлвораман, хат ёзганимни ҳеч кимга айтманг, фақат келинг, илтимос.
Мен умримда ҳеч кимга айтмаган гапларимни сизга айтдим…
Маҳфуза ЖАМОЛОВА,
Бухоро шаҳри, 1989-йил, 23-май”.
10.
“Сувларинг-ей дурга дўнсин, далли дунё,
Бир ҳиммат қил, қийналганга қиммат раво
Қалқиб-қалқиб оқаётган бечорага…
Йўлдош Эшбек
Ассалому алайкум, Исмат ака!
Шу кунгача ичимдаги дардимни ҳеч ким билан ўртоқлашмаган эдим.
Биласизми, ўн саккизга кириб-кирмай жуда қаттиқ қоқилдим. Бундан кейинги ҳаётим шундай ўтиб кетаверадими?
Ўйлаб-ўйлаб ёзганларингизни ўқиб, охири Сизга айтишга қарор қилдим.
Балки, ёрдам берарсиз. Илтимос, ҳаётимни қайта қуришга ёрдам беринг!
Ўрта мактабни намунали хулқ ва олтин медалъ билан битирдим. Фарғона пединститутига ҳужжатларимни топширдим, лекин мандат комиссиясидан қайтдим. Бир йил бекор юрмай деб ишга кирдим.
Марғилон шаҳар Халқ маорифи бўлимида котиба-машинистка бўлиб ишлай бошладим.
Ҳаммаси шундан бошланди. Бу ерга яна битта қиз ҳам ишга келди. Янги ишга кирган қиз жуда енгилтак эди. Мени ҳам худди ўзидек “қайта тарбиялади”.
Ўзингизнинг миянгиз йўқмиди, деб сўрашингиз мумкин. Эс-ҳушимни йўқотиб қўйдим, нима қилаётганимни ўзим ҳам билмасдим. У мени бир йигит билан таништириб қўйди. Бу йигит ким, нима иш қилади, ота-онаси борми? Буларни сўрамабман ҳам.
Қисқаси, у билан севишиб қолдик. Ҳатто келажакдаги режаларни ҳам у билан биргалашиб тузиб олдик. Бу орада у Жиззахга ишлагани кетди. Бир йилдан сўнг қайтиб келди.
Уни энди ёмон кўриб қолдим. Чунки менга уйланмоқчи эмас. Лекин сира ҳол-жонимга қўймаяпти. “Ота-онангга ҳаммасини айтаман”, деб қўрқитяпти. У айтиши мумкин, мени шарманда қилишдан ҳам тоймайди.
Ўзининг айтишига қараганда: “Фақат битта мақсадим бор – сен билан бир кеча бирга бўлсам бас, кейин кетаверасан”, дейди.
Мен ҳали қиз боламан-ку!..
Бу хат етиб боргунча балки менинг ҳаётим ҳал бўлар. Илтимос, ёрдам беринглар! Биламан, ҳозир сиз мендан нафратланаяпсиз. Лекин нима қилай?
Ойгул АКРОМОВА,
Марғилон шаҳри, Фурқат кўчаси, 405-уй.
1988-йил, 21-октябръ”.
11.
“Ассалому алайкум, Исмат ака!
Анчадан бери газета ўқишни бас қилган эдим. Яқинда “Прокурорни қандай қўлга туширишди?” номли мақолангизни ўқиб қолдим.
Шундан сўнг бизнинг замонамизда ҳам ҳақиқатпарвар инсонлар борлигига ишондим.
Бизнинг аҳволимиз Хайрулла Остоновникидек бўлмаса-да, лекин барибир жуда аянчли.
Бизга ҳам ёрдамингиз тегармикин деган илинжда бу хатни ёзаяпман.
Мана, тўрт ойдирки ишсизман. Саккиз нафар фарзандим бор. Бошимдан ўтган воқеаларни батафсил ёзардим-у, аммо гапни нимадан бошлашни билмаяпман.
Балки, ўзингиз бир иложини топиб биз томонларга келарсиз. Шу баҳонада Хоразм ҳавосидан нафас олиб қайтардингиз.
Бизнинг бирда-бир умидимиз фақат Сиздан! Сизни орзиқиб кутишдан бошқа иложимиз йўқ.
Сизга ҳурмат билан ОТАЖОНОВЛАР оиласи,
Гурлан шаҳри, Ҳамза кўчаси, 28-уй.
1989-йил, 25-май”.
12.
“Салом ҳурматли Исмат Хушев!
Мактубимга жавоб қайтарасиз деган умидда ёзаяпман.
Мен журналистика соҳасига қизиқаман. Ўтган йили ТошДУнинг журналистика факулътетига ҳужжат топширган эдим. Имтиҳонлардан ўтдим-у, лекин мандат комиссиясидан қайтдим. Мактабга ишга кирдим.
Яна тайёргарлик кўряпман. Қўшимча адабиётлар ўқиб, тайёрланиб баъзан қийналиб қоламан. Тушунмаганларимни сўраб биламан десам бирорта ҳам журналист йўқ.
Мастчоҳ районида “Машъал” деган тожикча газета чиқади. Редакция ходимлари тожик адабиёти бўйича ҳар қандай саволга жавоб бериши мумкин, лекин ўзбек адабиётини билишмайди.
Мактаб директори адабиётдан дарс беради, лекин кўпинча вақти бўлмайди. Менинг аксарият мақолаларим ҳам тожик тилида чоп этилган.
Ҳурматли Исмат Хушев!
Журналист сифатида менга қандай қўшимча адабиётлардан фойдаланишни тавсия этасиз?
Сиздан илтимос, менга ёрдам беринг ва йўл кўрсатинг!
Салом билан , мухлис синглингиз
Гулчеҳра АЛИМҚУЛОВА,
Тожикистон ССР, Ленинобод вилояти,
Мастчоҳ райони. 1989-йил, 18-апрелъ”.
13.
“Салом ҳурматли И.Хушев!
Сиз мени танимайсиз. Лекин мен сизни матбуот орқали яхши биламан.
Аниқроғи, бошимга мусибат тушиб, Бухоро билан Тошкент оралиғи мен учун бир қадам бўлиб қолган 1987-йили пойтахт кўчаларида сарсон бўлиб юрган кезларимда кўлимга “Тошкент хақиқати” газетаси тушиб қолган эди. Унинг 1987-йил, 28-июлъ 142-сонидаги “Ўзимизникилар орасидаги бегона” номли мақолани ўқиб хийла таскин топгандим.
Сизнинг бошингизга тушган кўргуликлар олдида менинг бошимга тушган мусибатлар ҳеч нарса эмас экан.
Очиғи, Х.Назировдан ҳам, оқ ҳалат кийган кимсалардан ҳам чексиз нафратландим. Сизни излаб топиб: “Бардам бўлинг!” дегим келди.
Атай Тошкентга бордим. Лекин Сиз билан учрашиш менга насиб қилмади.
Кейин “Саодат” журналида босилган “Паркентдан келган хатлар” номли мақолангизни топиб ўқидим.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган “Номус ўғрилари”, “Иффат керакми?” номли ахлоқ ва одоб мавзуидаги мақолаларингизни ҳамда сирдарёлик ёзувчи Абдурашид Пардаев ҳақидаги суд очеркингизни ўқиб, ҳақиқат борлигига кўнглимда ишонч уйғонди.
Қаламингиз ҳамиша ўткир, ўзингиз соғ бўлинг дейман.
Сизга айтадиган раҳматларим ҳам, гап-сўзларим ҳам жуда кўп. Учрашув насиб этса, ҳаммасини ўзингизга айтаман.
Хайр, кўришгунча омон бўлинг!
Жума САФАРОВ,
Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани.
1988-йил, 25-феврлъ”.
14.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъти” нинг махсус мухбири Исмат Хушевга.
Ассалому алайкум Исмат ука!
“Прокурорни қандай қўлга туширишд?” номли тақдирнома мақолангизни ўқиб ниҳоятда ҳаяжонланиб кетдим. Эсиз, ёш ҳуқуқшунос Хайрулла Остонов…
Тепадаги иккита прокурордан ҳозир жуда-жуда нафратланаяпман.
Менга қаранг, Исматжон! Мен ҳам бир даста қоғозни кўтариб бориб, шунга қўл қўйиб беринг десам, катта боболаримиз индамасдан қўл қўйиб беришаверар экан-да. Ўша қоғозларда нималар ёзилганининг уларга ҳеч қандай қизиғи йўқми? Шошма, буни суриштириб кўрайлик-чи дейишса, биров тилларини суғуриб олармии?
Гапнинг очиғи, Хайрулланинг қисматига ич-ичимдан ачиниб ўтирибман…
Нуриддин НАЗАРОВ,
Андижон вилояти, Балиқчи тумани,
Хўжаобод қишлоғи. 1989-йил, 15-май”.
15.
“Ассалому алайкум, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг махсус мухбири, ўртоқ Исмат Хушев!
Сизга мактуб ёзишимдан мақсад шуки, “Прокурорни қандай қўлга туширишди?” номли мақолангизнинг охирги жумлалари менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Қаранг: “Энди ҳушёр бўлинг, Хайрулла ака!” дебсиз.
Демак, бировларнинг жинояткорона ҳатти-ҳаракатларидан ҳалол инсонлар ўзларини ҳимоя қилиб юришлари учун доимо ҳушёр бўлишлари керак экан-да…
Ахир, бу қандай бедодлик! Қачонгача ҳалол одамлар бу дунёда азият чекиб юришлари керак?!
Майли, қанчалик аччиқ бўлмасин, доимо ҳақиқатни ёзишгингизга тилакдошман. Соғ-саломат юринг деб, етти фарзанднинг онаси,
Муқаддас НАЗИРОВА,
Қўқон шаҳар, С.Шедрин кўчаси, 7-уй.
1989-йил, 17-май”.
16.
“Ҳурматли Исмат ака!
Мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини мунтазам ўқиб бораман. Газетада босилаётган мақолаларингиз мени беихтиёр отам ҳақида ўйлашга мажбур қилади.
Нима учун айнан сизга мурожаат қилаёганимнинг сабабини энди сезган бўлсангиз керак.
Исмат ака, агар шу хат Сизни қизиқтирса, менинг ҳаётимдаги унутилмас воқеага сабабчи бўлар эдингиз.
Ўзим Бахмал районидаги Навоий тоғ-кон комбинатида дурадгор бўлиб ишлайман. Лекин, боя эслатганимдек, отам тўғрисида сизга арз қилмоқчиман.
Отам Холмат Бўронов 1918-йилда туғилган. У оддий ишчи эди. 1971-йилда отамни 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этдилар.
1982-йилда эса яна 10 йилга қамаб юбориши. Ҳозир отам 71 ёшда, лекин ҳамон қамоқда ётибди…
Отамнинг қамалиш сабаблари қуйидагича бўлган эди. Бир неча йиллар илгари Бахмал савхозида кўпкари (улоқ) бўлади. Ўшанда совхоз директори А.Усанов одамларни айниб, алжираб ҳақорат қилади.
Шунда отам унга: “Амир Олимхон бўлсанг ҳам оғзингга қараб гапир, ҳароми!” дейди. Шундан сўнг директор отамга ўчакишиб, қасос олиш учун қулай пайт келишини пойлаб юради.
Ниҳоят, “сен одамларни мачитга тўплаб намозхонлик қиляпсан, художўйсан!” деб тўрт йилга қаматиб юборади. Ҳозир ўша мачит қайтадан таъмирланаяпти.
Директор бу бой совхозга узоқ йиллардан буён раҳбарлик қилади – қўли узун. Отам қамоқдан қайтганидан кейин ҳам директор тинч юролмади.
Гўё отам кам жазо олганидек ўзининг ҳамтовоқ жўраси бўлган машҳур бир журналистни ёллаб, унга отам тўғрисида фелъетон ёздирди ва уни “Муштум” журналида эълон қилдилар.
Кейин отам юқори ташкилотларга шикоят ёзди. Бироқ, шикоятни текширгани келган кимсалар директорнинг қилмишларини оқлаб кетаверади…
Шундай урди-сурдилар давом этаётган 1982-йилнинг 19-май куни бирдан хонадонимизга милиция ходимлари бостириб келишди ва “Ҳозир тинтув қиламиз, уйларингда кўкнори бор экан”, дейишди.
Сўнг тўппа-тўғри томорқамиздаги ташландиқ уватга бориб у ердан ярим халта кўкнори “топиб” олдилар!
Ажаб, қайси аҳмоқ катта кўча бўйидаги очиқ жойда кўкнори сақлар экан?!
Кейинчалик совхоз фаолларидан биттаси “бегуноҳ инсонга жабр қилгани” ни гапириб берди. У совхоз директорининг буйруғига асосан ярим халта кўкнорини бизнинг томорқамизга элтиб ташлаган экан.
Отам умрида кўкнори ичмаганди. Буни ҳамма биларди. Ҳатто ичкибозликни ҳам ёмон кўрарди, беш вақт намозини канда қилмасди…
Отам ҳамон қамоқда. А.Усанов эса ҳамон совхоз директори. У отамга: “Сени қамоқда чиритиб юбораман!” деб ваъда берганди.
Мен ўша ярамаснинг ваъдаси рўёбга чиқишини асло истамайман.
Агар ҳозир ҳаракат қилмасам, кейин бир умр афсусланиб юраман. Чунки кекса отам қамоқ шароитида узоқ яшамаслиги мумкин.
Исмат ака, Сиздан илтимос қиламан, бизга ёрдам беринг!
Муртазо БЎРОНОВ,
Сирдарё вилояти, Бахмал тумани, Беккелди қишлоғи.
1989-йил, 20-май”.
17.
…Хуллас, орадан ўн-ўн беш йил ўтгандан кейин ҳам “Дил дафтаридан кўчирмалар” билан танишган одамнинг юраклари эзилиб кетади.
Ўйлаб қарасам, ўша пайтларда халқимиз ҳақ сўзга, ҳақиқатга ниҳоятда ташна экан.
Қайси мавзуда бўлмасин – ҳаққоний ёзилган мақола одамларнинг қалбига етиб борарди.
Боз устига, биласизки, саксонинчи йилларда ўзбек халқининг бошига мисли кўрилмаган мусибатлар ёғилади. “Пахта иши” баҳонасида бошлаб юборилган қама-қама компаниясида ҳўлу-қуруқ баравар ёнаверди.
Умуман, ижтимоий адолат меъзонлари Марказдан юборилган “десантчилар” томонидан қўпол равишда бузилади.
Ўша пайтгача одамлар Москвадан нажот келишига, Москвадан келган ходимлар адолатни тиклаб беришларига ишониб яшаган бўлсалар, оммавий адолатсизлик авж олиб кетгач, боши берк кўчага кириб қоладилар.
Ўша пайтларда оммавий тушкунлик ҳолати рўй беради, халқимиз қалбида умид учқунлари сўна бошлайди…
Оғир кунларда мазлум халқимизнинг дардига озгина бўлса ҳам малҳам бўладиган мақолалар ёзганимдан ҳозир ҳам фахрлансам арзийди.
Илойим, елкангга офтоб теккани рост бўлсин, жафокаш халқим!
(давоми бор)