• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Президент эркасининг хотиралари» — «Олим бўлиш осон…» (1-китоб, 19-боб)

Июн 28, 2017

Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com

 

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари)

 

Биринчи китоб. 19 – боб.

 

Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.

(Mуҳаммад РAҲМOН)

 

389

Суратда: журналистлар Исмат Хушев (чапдан биринчи), Амирқул Каримов (иккинчи), “Ленин учқуни” газетаси Бош муҳаррири Абусаид Кўчимов (учинчи), Нархоздаги домла Абдужаббор ака (тўртинчи), таниқли шоиримиз Нормурод Нарзуллаев (бешинчи) ва Карим Баҳриев Шаҳрисабзнинг Мироқи қишлоғида ўтказилган  ёш ижодкорлар семинарида.  1987-1988 йиллар. Қашқадарё вилояти…

 

ОЛИМ БЎЛИШ ОСОН

(Одам бўлиш қийин…)

 

1.

Катта шов-шувларга сабаб бўлган яна бир мақолам тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтишни истардим.

Гулистон шаҳридаги пединститутнинг филология факулътетида таҳсил кўрадиган Флора исмли қизнинг ота-оналари бизга шикоят билан мурожаат қиладилар.

Ўша факулътетнинг декани Қўчқор Абдушукуров деган муаллим урф-одатларимизни оёқ ости қилиб, Флорани ноқонуний хотин қилиб олган экан.

Ота-оналарнинг гувоҳлик беришича, Флора ҳозир ўша кишининг уйида яшаётганди…

 

2.

Мен Сирдарёга бориб шикоятни ўрганиб қайтдим. Сўнг кўп ўтмай фелъетон ҳам тайёр бўлди.

Бош муҳарриримиз Аҳмаджон Мелибоев фелъетонни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этишга розилик беради.

Лекин шу орада “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг редактори бўлиб ишлайдиган Аҳмаджон Мухторов қандайдир йўллар билан бизда мен ёзган фелъетон босилаётганидан хабар топади.

— Адаш, бошингиз балога қолади-я! – дейди А.Мухторов. – Огоҳлантириб қўяй, охири ёмон бўлади…

А.Мухторовнинг ваҳималаридан сўнг бирдан А.Мелибоев ҳам иккиланиб қолади ва охири бу фелъетоннинг чоп этилишига қаршилик қилади…

 

3.

Маълумки, республикадаги барча нуфузли газеталар “Инқилоб хиёбони” биқинидаги етти қаватли битта бинода жойлашган.

Равшанки, икки редакция ўртасида бошланган паст-баланд гаплар дарҳол бошқа редакцияларга ҳам эшитилади.

Бу гаплардан хабар топган “Совет Ўзбекистони” газетасининг редактори Ўктам Усмонов бир куни тўсатдан мени ҳузурига таклиф қилиб қолди.

Мен Ўктам аканинг дилбар асарларини ўқиб у кишига чексиз меҳр қўйган эдим.

Оғир, босиқ, юзларидан нур ёғилиб турувчи, паҳлавон келбатли, келишган, лекин бир оз ўйчан бу кишини ҳар кўрганимда, “Гирдоб”нинг қаҳрамони Азиз Қосимовни кўргандек бўлар ва шундай ажойиб инсонлар билан бир даврда яшаётганимдан, бир бинода ишлаётганимдан ажиб бир фахр ва ифтихор туярди кўнглим.

Сўнг кўп ўтмай у кишининг чет эл сафаридан қайтиб, кутилмаганда вафот этганини эшитиб, яқин одамимдан ажралгандек узоқ муддат изтироб чекдим.

Худди ўлимини сезгандек шахдам қадам ташлаб, шошиб юрадиган Ўктам акани ҳар эслаганимда юракларим ҳали-ҳануз ўксик ва етим бир орзиқиш билан энтикиб кетади…

 

4.

Ўктам ака Сирдарё тафсилотларни эшитгач, фелъетонни ўз газетасида босадиган бўлди.

Лекин фелъетон эълон қилишдан аввал икки-учта ходимларини Гулистон пединститутига – фактларни ўрганиб келишга жўнатади.

Ходимлар сафардан қайтгач, фелъетонда келтирилган фактлар тўғрилигини тасдиқлайдилар.

“Совет Ўзбекистони”да «Исмат Хушев» имзоси билан фелъетон босилгач, орадан икки-уч кун ўтиб, Аҳмаджон Мухторов раҳбар бўлган “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида менинг фелъетонимга қарама-қарши руҳда ёзилган ва Қўчқор Абдушукуровни ҳимоя қиладиган бошқа бир мақола эълон қилинади.

Кутилмаганда катта тўс-тўполон кўтарилди. Бу тўполонга ҳатто Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ҳам аралашиб кетди…

 

5.

Орадан йиллар ўтиб бир нарсага амин бўлдимки, мен ўша фелъетонни ёзиб бекор қилган эканман. Чунки журналист  интим ишларга — бировларнинг кўрпа-тўшагига аралашмаслиги керак экан.

Мен бу аччиқ ва ҳаётий ҳақиқатни уйланиб, бола-чақали бўлганимдан сўнггина англаб етдим. Аслида, ўшандай йўналишдаги мақолаларни бошқачароқ ёзиш лозим экан.

Афсуски, ёшликка хос бўлган жўшқинлик ҳар доим ҳам журналистни тўғри йўлга бошлайвермас экан…

 

6.

Бир ҳисобда Аҳмаджон Мухторов ўша фелъетоннинг чоп этилишига қаршилик кўрсатиб тўғри қилган.

Лекин у мени ишонтирадиган, фикримдан қайтарадиган далил-дастак келтирмасдан, фақат зуғум ўтказиб қаршилик қилгани учун ҳам жангарилигим тутганди.

Бу гапларга энди ақлим етяпти, у пайтларда ақл-ҳушим бошқа ёқда эди.

Кейинчалик Аҳмаджон Мухторов менинг бу ўжарлигимни кечирмайди (бу ҳақда кези келганда махсус тўхталиб ўтаман).

Ҳозир эса ўша шов-шув сабабчиси бўлган фелъетон билан танишсак…

 

7.

Ахлоқ мавзуида

ОЛИМ БЎЛИШ ОСОН…

Сирдарё областъ Бахт посёлкасида истиқомат қилувчи Қаҳрамон она Зулфия Хасанованинг редакцияга ёзган хатидан:

“Ҳурматли релакция! Қизим Флорани яхши ниятлар билан Сирдарё Давлат педагогика институтига ўқишга қўйдим. 1985-86 ўқув йилларида қизимиз ҳақида турли миш-мишлар эшита бошладик. Гўё факулътет декани Қўчқор Абдушукуров зачёт имтиҳонларини қўйдириб бераман деб, уни қўлга олганмиш. Бошимга тош теккандек бўлди. Қизимдан сўрасам, ёлғон деди. Кейин билсам, Абдушукуров уни қўрқитиб олган экан. Бу масала 1987-йил институт партия комитетида кўрилди. Сўнг ректоратда муҳокама бўлди.

Қизим ўқишни тугатган йили Гулистон районида яшовчи Маҳмудовлар хонадонига келин бўлиб тушди. Домла қизимизни қудамизникида ҳам тинч қўймади. 1988-йилнинг 25-октябрида бизни институт партия комитетида Абдушукуров билан юзма-юз қилишди. Биз бу муттаҳам домланинг қилган ишларини партком аъзоларига рўй-рост айтдик.

Бу орада қуда томон қизимизнинг йўқолиб қолганини хабар қилди.

Абдушукуров қизимизни олиб кетибди. Шундай қилиб, Флоранинг турмуши бузилди…

Бокира қизимни бебахт қилган, бизни ғамга ботирган, кексайган чоғимизда эл-юрт олдида бошимизни эгиб, шармисор этган Абдушукуровга ким жазо беради?”

Флоранинг қайнонаси Хосият Маҳмудованинг редакцияга ёзган хатидан:

“Абдушукуров туфайли ўғлимнинг турмуши бузилди, ҳам қанча тўй харажати ҳавога учди. Уни коммунист деб эшитдик. Ахир, у бу муқаддас номга нолойиқ-ку! Бундай домланинг институтда сабоқ беришига чек қўйиш керак!”

Флоранинг қайнотаси Абдулла Маҳмудовнинг редакцияга ёзган хатидан:

“Мен Крупская номли колхозда 49 йилдан буён механизатор бўлиб ишлайман. Еттита фарзандга отаман. Оиламда шу пайтга қадар олий маълумотли киши йўқ эди. Учинчи келиним олий маълумотли эканидан қувонган эдим. Лекин бу қувонч кўпга бормади…

Колхоздан ер олиб, оилавий пудрат асосида йил-ўн икки ой меҳна қилдик. Дам олишни, курорт ва санаторийни билмадик. Яхши ниятлар билан тўй қилдик. Лекин…

Совет матбуоти ходимларига мурожаат қилишимдан мақсад шуки, бу шармандагарчиликни яхшилаб текширинглар. Токи Абдушукуровга ўхшаш ярамаслар орамизда бўлмасин!”

Флоранинг отаси, Улуғ Ватан уруши ветерани, КПСС аъзоси Жумабек Хасановнинг Сирдарё область партия комитетига ёзган хатидан:

“Бепарволигим туфайли қизимнинг тақдири ва ҳаётига доғ тушди. Доцент Қўчқор Абдушукуров унинг ҳаётини издан чиқарди. У қишлоғимизга келиб қизим Ферузага учрайди ва унга: “Синглингизни куёвдан ажратиб олинглар, мен уни севаман, унга ўтказиб қўйганман, кийим-кечаклар олиб берганман, уни бахтли қиламан”, дейди. У бу гапларни Гулистон шаҳрида яшовчи ўғлим Бахтиёрга ҳам айтади. Менинг софдил болаларим ундан бу йўлдан қайтишини, сингилларининг турмушини бузмаслигини илтимос қилишади.

Биз қудалар билан маслаҳатлашиб, институт маъмуриятига ариза билан мурожаат қилдик. Бу ҳақда Гулистон шаҳар прокуратурасидагиларни ҳам огоҳлантирдик. Лекин энди кеч эди. Абдушукуров қизимнинг турмушини заҳарлагани етмагандек, уни яшириб қўйди. Биз уч ой мобайнида қизимизни тинимсиз изладик. Милицияга мурожаат қилдик. Абдушукуров эса: “Менинг устимдан институт маъмуриятига ва обкомга қилган шикоятларингизни қайтириб олсанглар, қизингиз уйга қайтади”, деб дардимизни янгилаб юрди. Бу мунофиқ коммунистга чора кўришингизни сўрайман”.

Флоранинг 1988-йилнинг 20-октябрида институт маъмуриятига ёзган тушунтириш хатидан:

“Мен, Флора Хасанова, шу ҳақда ёзаманки, СПДИ тил ва адабиёт факулътети декани Абдушукуров устидан. Мен шу йил шу факулътетни битирдим. Ўқиб юрган пайтларим бир-иккита фанлардан баҳо қўйдириб бераман деган эди. Лекин мен унинг қора ниятларини билиб қолдим ва ўз кучим билан баҳоларни олганман. Кейин турмушга чиқдим. Тўйимизга ҳам келибди мени тинч қўймай. 9-октябръ куни опачамнинг олдига бориб: “Мен синглингни олиб қочиб кетаман. Гулистондан уй олиб қўйганман. Флора ўша ерда яшайди” депти. Мен унинг бу қилган ишларига нисбатан кескин чора кўришларингизни сўрайман. У менинг тинчгина ҳаётимга чанг соляпти, турмушимни бузмоқчи бўляпти”.

Флоранинг турмуш ўртоғи Ваҳобжон Маҳмудовнинг институт партия ташкилотига ёзган аризасидан:

“18-август куни тўйимиз бўлди. Орадан бир ой ўтгач… Абдушукуровга айтинглар, оиламни тинч қўйсин. Партия ташкилотидан илтимос қиламан, масалани очиқ-ойдин ҳал қилиб берсин. Ваҳоланки, бўлиб ўтган гаплар менга қоронғу…”

Сирдарё районидаги “Малик” совхозининг 4-бўлимида яшовчи Рашид Хасановга билдирги:

“Гулистон шаҳар ички ишлар бўлими шуни маълум қиладики, сизнинг 1988-йил 29-ноябръ ва 19-декабръ кунлари ёзилган – синглингиз Хасанова Флоранинг йўқолганлиги ҳақидаги аризангиз кўриб чиқилди. 1988-йил 5-декабръ куни синглингиз Флора Гулистон шаҳар ички ишлар бўлимига келиб, ўзининг йўқолмаганлигини айтиб, тилхат ёзиб қолдирди. Шунга асосан синглингиз Ф.Хасановани қидириш тўхтатилган.

Гулистон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи, милиция полковниги Р.Мўминов”.

Ўқитувчи Қ.Абдушукуровнинг номуносиб ҳатти-ҳаракати тўғрисида институт партия ташкилоти комиссияси хулосаси:

Комиссия барча шикоят ва аризаларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги фикрга келди:

1. Қ.Абдушукуровнинг собиқ студенткаси Ф.Хасанова шахсига бўлган доимий ва ўта қизиқувчанлиги ҳамда “ғамхўрлиги” ва бошқа ножўя ҳатти-ҳаракатлари унинг оиласи бузилишига сабаб бўлган. Оқибатда Хасановлар ва Маҳмудовлар оилалари орасида носоғлом муҳит вужудга келган.

2. Ҳар иккала оила аъзоларининг гувоҳлик беришларича, коммунист Қ.Абдушукуров томонидан Ф.Хасанова 1988-йил 25-ноябрдан эътиборан яшириб қўйилган.

3. Қ.Абдушукуров ўзини оқлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида В.Маҳмудов ва Ф.Хасанова оиласи бузилишида ректорик ва партбюро тузган текширув комиссиясини айблай бошлади. Шу мақсадда партия ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига бирин-кетин шикоятлар ёзди. Энди у бу ишга Флоранинг ўзини ҳам торта бошлади.

4. Комиссия фикрича, коммунист Қ.Абдушукуров ўз бемаъни ҳатти-ҳаракатлари билан институт жамоаси обрўйига ҳамда коммунистлар шаънига доғ туширди.

5. Комиссия Қ.Абдушукуровнинг педагог ва коммунист деган номга номуносибҳатти-ҳаракатларини тасдиқланган деб ҳисоблайди ва унинг шахсий ишини институт партия комитети Бюросида кўрилиши шарт деб билади.

Комиссия раиси – О.ХУДОЙҚУЛОВ, аъзолари – С.ЖИЯНХЎЖАЕВ, Д.ЎТАГАНОВ, Х.АБДУКАРИМОВ, Н.ТЎРАМУРОДОВ, Х.АБДУЛЛАЕВ, Қ.ЙЎЛДОШЕВ”.

МУХБИР ШАРҲИ

Бир неча ойдирки, институтда тинчлик йўқ. Қўчқор Абдушукуровнинг бормаган, шикоят қилмаган идораси қолмади. Аввалига у барча жанжаллар институт ректори Комил Эшчонов томонидан махсус уюштирилган деб айтган эди. Кейинчалик партбюро томонидан тузилган комиссия фаолиятини қоралаб, уларни адолатсизликда айблади.

Биз олдинига домлани тушунмоқчи бўлдик. Эҳтимол, воқеалар одамлар гувоҳлик бергандек эмасдир, улар бир оз эҳтиросга берилгандир деб ўйладик. Лекин институт домлалари, студентлар, раҳбарлар билан суҳбатлашиб, Флора туғилиб ўсган ва яшаган, келин бўлиб тушган хонадон соҳибларининг аламли сўзларини тинглаб, домлани ўзидан бошқа ҳеч ким тушуна олмаслигини англадик. Негаки, у фақат ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб билишни одат қилиб олган. У ўзини айблаганларга тўҳмат қилиш ва қўрқитишга анча уста бўлиб қолган…

Биз, одатда, бундай ҳолларда фақат бир кишини айблашга ўрганиб қолганмиз. Аслида, Қўчқор Абдушукуровнинг ножўя ҳатти-ҳаракатларини кўра-била туриб кескин оралар кўришга шошилмаган институт маъмурияти, хусусан, ректорат ва партия комитети ҳам баб-баравар айбдор!

Қолаверса, олдинига Абдушукуровдан шикоят қилиб, эндиликда эса ота-онаси юзига оёқ қўйиб домласининг яккаю ягона ҳимоячиси ва қалқонига айланиб қолган Флорани ҳам оқлай олмаймиз. Шуниси қизиқки, бугунги кунда Флора домланинг ёнида туриб ўз онаизоридан: “Бу кишининг гуноҳидан ўтинг, у кишига бир гап бўлса, мендан ажралиб қоласиз!”, деб тилхат талаб қиляпти. Абдушукуровнинг кўрсатмаси билан институт раҳбарларига тўҳмат тошлари отяпти. Олдинига: “Домлам менинг тинчгина ҳаётимга чанг соляпти, турмушимни бузмоқчи бўляпти”, деб институт маъмуриятидан нажот сўраган Флора эндиликда бу домланинг энг яқин кишиси бўлиб қолгани кишини таажжублантиради…

Дастлаб Сирдарёдаги воқеаларга аралашиб қолганимиздан хижолат чекдик. Хусусан, содда Флорани батамом ўз томонига оғдириб олган домланинг “бу бизнинг шахсий ишимиз, аралашишга ҳаққингиз йўқ!” деганидан сўнг узоқ сукут сақладик.

Лекин воқеалар бугунга келиб Флора ва Абдушукуровнинг шахсий муносабатидан оилалар ўртасидаги муносабатга, олий ўқув даргоҳидаги тарбияга, одамларнинг бу даргоҳга бўлган ишончларига раҳна соладиган даражага етгач, бизнинг олдинги “Бу ишга аралашиш шартмикин?” деган хижолатли гумон-ўйларимиз тарқаб кетди. Негаки, қуда-анда оилалар энди бир-бирига тиш қайрай бошлади – бирови қиз берган, бошқаси келин қилган. Бир киши туфайли чил-чил синган орзу-умидлар, турли шубҳа-гумонлар, қишлоқдан тарқалиб – институт даргоҳига етган миш-мишлар. Аслида майда туюлган, аралашиш шарт бўлмаган бу шахсий ва майда-чуйда гап-сўзлар катта фожеаларга сабаб бўлмасмикин?

Шунга ўхшаш талай аччиқ саволларга Сирдарё Давлат педагогика институтининг шу йил 11-апрелъ куни бўлиб ўтган партбюро йиғилиши муносиб баҳо берди. Бюрода доцент Қўчқор Абдушукуров КПСС аъзолигига номуносиб деб топилди. Институт коммунистларининг 14-апрелъ куни бўлиб ўтган умумий партия мажлиси ҳам Бюро қарорини тасдиқлаб, Абдушукуровни партия сафидан чиқарди. Ана шундан сўнг содир бўлган ғаройиб воқеаларни Сирдарё пединститутидагилар ҳали узоқ йиллар ҳайрат билан эслаб юрсалар керак…

Энди Қўчқор Абдушукуровнинг ғоят мураккаб ва чигал тақдирига, ҳалол ва ноҳалол ишларига сўнгги баҳо бериш Гулистон шаҳар партия комитети зиммасида. Сўнгги баҳо бериш машаққатли бўлиш билан бирга, масъулиятли ҳам. Лекин партия органлари домлани яхши билишаркан. Негаки, Қўчқор Абдушукуров Гулистон район партия комитетининг 1986-йил 26-июнъ кунги Бюро қарори билан ҳам худди шунга ўхшаш ножўя ҳатти-ҳаракатлари учун қаттиқ жазоланган экан…

Жамиятимизда оила муқаддас саналади. Унинг дахлсизлиги қонунда таъминланган. Оила фақат икки кишининггина ихтиёрида эмас. Ота-онага, болаларга, қолаверса, жамиятга дахлдор. Биз кўз ўнгимизда содир бўлаётган юқоридаги воқеаларга муносабат билдирмасак, маънавий тубанлашиб бораётган шахсларни тартибга чақирмасак, уларга тақлидчилар кўпайиб кетмасмикин? Бу ҳолда жамиятимизнинг келажагини ўйласак, ундаги оилаларнинг соғлом ва тотув яшашини таъминлашимиз керак. Зеро, жамият соғлом оилалардан ташкил топсагина, мустаҳкам бўлади!

Исмат ХУШЕВ,

СССР журналистлар союзининг аъзоси.

РЕДАКЦИЯДАН:

Журналист Исмат Хушевнинг бу материалини “аллақандай хусусий масала” деган фикр билан газетада босмаслик ҳам мумкин эди. Лекин кейинги пайтларда шунга ўхшаш воқеалар кўпайиб кетаётганлиги, баҳсли масалалар вақтида ҳал этилмагач, ортиқча ариза ва шикоятбозликлар авж олаётгани, бу ҳол кўплаб идораларнинг, шу жумладан редакцияларнинг ҳам вақтини олиб, кераксиз ишларга чалғитаётгани учун ҳам ушбу мақолани эълон қилишни лозим топдик.

Бу жанжал қарийб ярим йилдан ортиқ давом этяпти. Гоҳ редакцияга Абдушукуров келиб ўз “ҳақиқати”ни даъво қилса, гоҳ институт коллективининг ўнлаб вакиллари, гоҳ жабрланган куёв тарафи, унинг ота-оналари келишади, “наҳотки битта одамга бутун коллектив, юқори органларнинг кучи етмаса” деб норозилик билдиришади.

Дарвоқе, бу “иш” билан юқори партия ташкилотлари ҳам шуғулланишди. Аризаларни кўриш жараёнида институтда юз берган юқоридаги баҳсли ҳолатдан ташқари, яна анчагина бошқа камчиликлар ҳам борлиги аниқланди. Бу ўз навбатида студентлар – бўлажак мутахассисларни тайёрлаш сифати ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта.

Институтда юз берган ҳолатни, бизнинг фикримизча, маҳаллий ташкилотларнинг пассивлиги, шундоқ кўз ўнгларида тарбия ўчоғи бўлган катта бир коллективда маънавий ва психологик муҳит ниҳоятда пасайиб кетганига эътиборсиз қараётганлари билан изоҳлаш мумкин.

Тарбия маскани – чинакам тарбия маскани бўлмоғи керак! Гулистон шаҳар партия комитети педагогика институтида юз берган бу нохуш ҳолатни атрофлича, холис, принципиал ўрганади ва тегишли хулосалар чиқаради деб ўйлаймиз.

(“Совет Ўзбекистони” газетасининг

1989-йил 9-сентябръ сонидан).

(давоми бор)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *