• Вт. Фев 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Адабиёт ва санъат» газетаси — муҳаррирлар инкубатори (Биринчи китоб, 21 боб)

Июн 30, 2017

Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com

 

“Президент эркатойининг саргузаштлари»

Биринчи китоб. 21 – боб.

 

Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.

(Mуҳаммад РAҲМOН)

 

2207

Суратда: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг махсус мухбири Исмат Хушев (саф олдида — ўнгда) Тюменда ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадаси очилиши маросимида. Делегация раҳбари — Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси, академик Пўлат Ҳабибуллаев (орқа планда).  1987-1988 йиллар…

 

«АДАБИЁТ ВА САНЪАТ» ГАЗЕТАСИ — МУҲАРРИРЛАР ИНКУБАТОРИ

 

1.

Узоқ йили бир даврада Маҳмуд Сатторов:

— Отингни сот, молингни сот, «Адабиёт ва санъат» редакциясида уч кун бўлса ҳам ишлагин экан! Ҳатто, корректор бўлиб, тегиб ўтсанг ҳам, бир кун бориб албатта Бош муҳаррир бўларкансан! Нима бало, Бош муҳаррирлик объективкасини тўлдиришда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ишлаганмисиз?» деган графа ҳам борми?! – деди ҳазиллашиб Аҳмаджон Мелибоевга.

Даврада енгил кулги кўтарилди. Ўшанда ҳазил тариқасида айтилган бу гапдан ҳамма кулганди.

Лекин бир икки йилдан бери танамда ўйлаб кўрсам, бу ҳазил остида катта ҳақиқат бор экан. Марказий газеталарда ва умуман, оммавий ахборот воситаларининг турли тармоқларида ишлаб юрган собиқ «Адабиёт»чиларни санай бошлайман.

Бармоғим етмайди…

 

2.

Мана, Иброҳим Ғафуров – «Миллий тикланиш», Маматқул Ҳазратқулов – «ЎзА», Маҳмуд Саъдий – «Ижтимоий фикр», Саъдулла Ҳаким – «Маърифат», Президент девони, «ЎзА», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», Ёқубжон Хўжамбердиев – «Ватан», ЎзТВ – «Ассалом, Ўзбекистон!», Карим Баҳриев – «Ҳуррият», «Хўжалик ва ҳуқуқ», Шодмонбек Отабоев – «Хабар», Камол Матёқубов – «Кўзгу», ЎзТВ, Жалолиддин Сафоев – «Фидокор», Ашурали Жўраев – «Муштум», «Афанди», «Ўзбекистон», Мурод Абдуллаев – «Ёзувчи», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», Аҳмад Тошхўжаев – ЎзА, Президент девони, Исмат Хушев – “Ҳаёт ва Иқтисод” – “Экономика и Жизнъ”, “Деловой партнер Узбекистана” – “Ҳамкор”, “Миллий таълим”…

Рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин.

Ушбу таниқлилар рўйхатида нобакор Исмат Хушевнинг ҳам борлигидан фахрланаман. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси мен учун ҳам том маънода ҳаёт мактаби бўлди…

 

3.

Биз Тошкентда ўқиб юрган кезларимизда талабалар ўртасида «Фалончи Абдулла Қаҳҳорнинг мактабида таълим олган, у Қаҳҳорнинг шогирдларидан» деган гаплар тез-тез қулоққа чалиниб турарди.

Қишлоқдан келган ғўр ва гўл болалар (биз қанчалик ҳақиқатпараст бўлмайлик, лекин барибир «хомаки» эдик, ҳали “қовун” бўлишимизга анча бор эди) қулоғимизга чалинадиган гапларнинг асил моҳиятини яхши англамасдик.

Ҳатто мен нодон ўйлардимки, «Ҳа, Абдулла Қаҳҳор Дўрмондаги боғ-ҳовлисида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган мактаб ташкил этган экан; бўш вақти кўп бўлган шоир-ёзувчилар ўша мактабга қатнаб таълим олар экан… ажаб, Қаҳҳор ёзувчи бўлса, умрида шеър ёзмаган бўлса, у қандай қилиб Абдулла Орипов билан Эркин Воҳидовга адабиётдан сабоқ бериши мумкин?» деб таажжубланардим.

Чунки Қаҳҳор домланинг аксарият шогирдлари 80-йилларнинг бошларида биз ёшларнинг севимли шоирларимиз сифатида қалбимиздан муқим жой олгандилар. Ёзувчининг, қанчалик улуғ бўлмасин, шоирга устоз бўлишини сира ақлимга сиғдира олмасдим…

 

4.

Кейинчалик Абдулла Қаҳҳорнинг «Ёшлар билан суҳбат » китоби қўлимга тушиб қолди (бу китоб талабалар ўртасида қўлма-қўл бўлиб юрарди-ю, лекин уни профессор Очил Тоғаевдан бошқа домлалар пропаганда қилмасди).

Китобни ўқиб адабиёт тўғрисидаги тасаввурларим остин-устун бўлиб кетди.

-Ие, Исматбой, гап буёқда экан-ку! Биз чучварани хом санаб юрган эканмиз-ку! – дедим ўзимга ўзим.

Мана, Абдулла Қаҳҳор қандай таълим берар экан:

«Ёзувчи адабиётга икки хил киради: биринчи асари билан тутаб, биринчи асари билан яшнаб киради.

Тутаб кирган ёзувчи узоқ тутайди, кўнглидан чиқариб эмас, қорнидан чиқариб асар ёзади, ёзувчилик умрининг охиригача тутайди, ҳеч қачон ёруғлик чиқариб, ҳеч кимнинг диққатини жалб қилолмайди.

Ёзувчиликка чўғдай яшнаб кирган ёзувчи асардан асарга яшнайверади. “қорнидан» чиқариб эмас, кўнглининг розига айланган нарсалар ҳақида ёниб асар ёзаверади. Бундай ёзувчилар биринчи асари биланоқ адабиёт муҳибининг диққатини жалб қилади. Ниҳоят, охирида абадий сўнмас ўтга айланади. Мен адабиёт муҳибиман, чинакам муҳибман, шунинг учун адабиётга яшнаб кирган ёшларни кўриб қувониб кетаман, қувончимни ўша ёшнинг ўзига миннатдорлик изҳор қилиб айтаман, бу яшнаган чўғни елпиш демакдир. Буни сезган талантли ёшлар менга ҳусну таважжуҳ билан қарайди…

 

5.

Адабиётда умр бўйи тутаб юрган одамлар бунга ғайирлик қилади.

Яшнаётган ёшларни менсимасликка, уларнинг шаштини қайтаришга, мени эса ўз атрофига ёмон мақсад билан ёшларни тўплаяпти, деб айблашга ҳаракат қилади.

Ёшлар, ҳар қанақа товушга қулоқ сола берманглар, ёза беринглар!
Шайх Саъдийнинг ҳикматли сўзи бор: ҳар бир ҳурган итни қува берсанг, манзилга қачон етасан?

Тутаб келаётган ёзувчилар ҳеч қачон ўз маҳалласи доирасидан ташқарига чиқмайди, лекин ўзини классик ҳисоблайди, шунинг учун буларни «маҳалла классиклари» деб аташ мумкин»…

 

6.

Қаҳҳор домланинг биз ёшларнинг «кумирлари» тўғрисида билдирган фикр-мулоҳазаларини ўқиб ниҳоятда ҳайратландим:

«Эркин Воҳидовнинг «Нидо» поэмасини олайлик. Поэманинг лирик қаҳрамони – уруш жафосини тортган, фашизмга қарши буюк жангда ҳалок бўлган одам. Унинг қалб садоси миллион-миллион кишиларнинг садоси – урушга нафрати, ҳаққоний урушда ҳалок бўлганларнинг хотирасидир.

Абдулла Орипов «Темир одам» деган шеърида мураккаб техника сиридан воқиф бўлган, лекин инсоннинг қувончи, ғам-ғуссасига келганда қулоғи кар, тили лол бўлган, йиғлаган гўдакнинг бошини силолмайдиган, онага таскин беролмайдиган одамларга таъна тошини отади.

Ўлмас Умарбеков «Севгим, севгилим…» повестида одам боласига ишонч, одамларнинг қалбининг софлиги тўғрисида завқ-шавқ билан гапиради.
Талантли ёшларимизнинг муваффақиятларига суянганимиз ҳолда, ҳар нечук буларнинг олдига каттароқ талаблар қўйишимиз керак, деб ўйлайман.

Ёшларимизнинг ўсишида катта хавф бўлмаган тақдирда ҳам, хавотирлик туғдираётган нарса нима? Юқорида зикр қилинган ёшларни кўпроқ тилга олсам ҳам, мен айтмоқчи бўлган нарса кўп жиҳатдан ҳамма ёш ёзувчиларга тааллуқлидир…

 

7.

Ҳозир омади гапни айтганда, Эркин Воҳидов билан Ҳусниддин Шарипов ўзларидаги бор куч-қувватни тўла ишга солишаётгани йўқ. Юқорида шеъри мақтов билан тилга олинган Абдулла Ориповда ўз талантига масъулиятсиз қараш ҳоллари сезилаётибди. Ўлмас Умарбековнинг биринчи йирик асари қўшиқдай қалбидан отилиб чиққан эди, ўзи яхши билмаган геологлар ҳаётидан олиб ёзган асари эса зўрма-зўраки, тасодифий чиқиб қолди.

Шукур Холмирзаев биринчи асарида ҳаётнинг бир парчасини ғоят чиройли бир табассум билан чизиб берган эди, кейинги бир асарида воқеа қидириб қолгани сезилиб турибди. Учқун Назаров кейинги ҳикояларида биринчи ҳикояси даражасига яқин ҳам боролмаётибди.
Талант учун энг хавфли шира «офарин»чиликдир.

Хайриятки, матбуотимиз, адабий жамоатчилик буни яхши тушунади. Лекин баъзан шундай ҳоллар ҳам бўлади: бир-иккита яхши шеър билан диққатни жалб қилган ёш шоира Ойдин Ҳожиевага уч ой мобайнида бир неча газета ва журнал «оқ йўл» тилади. Бу «офарин»лардан Ойдиннинг ўзи хижолат…»

 

8.

Дафъатан Абдулла Қаҳҳорнинг фикр-мулоҳазалари фақат адабиёт тўғрисида айтилаётгандек, гўё журналистика соҳасига алоқаси йўқдек туюлиши мумкин.

Лекин аслида ундай эмас. Устоз адибимизнинг ўзлари бу саволга жавоб бериб: «Ҳикоя қилган ишни очерк ҳам қила олади. Бироқ унинг воситалари, имкониятлари ҳикояга қараганда бошқачадир», дейдилар.

Яъни, фақат тасвир воситалари бир оз бошқача, холос.

Қаҳҳор домладан биз ижод принципларини ўрганамиз, ижодкор принципларини ўрганамиз ва кейинги қирқ йиллик ҳаёт тажрибасига суянган ҳолда амин бўламизки, «талантга масъулиятсиз қараш» энг катта гуноҳ бўлади, кечирилмас гуноҳ бўлади.

Демак, иймон-эътиқоди бутун ёзувчи сўз санъатининг турли-туман жанрларида қалам тебратадиган истеъдод эгаларига устоз бўлиши табиий ҳол экан…

 

9.

Қаҳҳор домла вафот этгач, у киши асос солган мактаб анъаналари «Гулистон» журналида давом эттирилди.

Айниқса бу журналга мутафаккир адибимиз Асқад Мухтор раҳбарлик қилган етмишинчи йилларда ўзбек адабиётининг навқирон авлоди айнан “Гулистон” муҳитида тарбияланади.

Хусусан, Маҳмуд Саъдий, Маҳкам Маҳмуд, Мурод Хидир, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Абдулла Шер, Сулаймон Раҳмон каби ижодкорлар бевосита журнал редакциясида ишлаб, нуқтадон Ваҳоб Рўзиматовдан (у киши Шолоховнинг “Очилган қўриқ” романини, И.С.Тургеневнинг гўзал қиссаларини ўзбек тилига қойилмақом қилиб таржима қилган) таҳрир саъати сирларини ўрганадилар…

 

Етмишинчи йилларда адабиётимизга чўлпон юлдуз мисоли чарақлаб кириб келган Ҳалима Худойбердиева, Тоҳир Малик, Шавкат Раҳмон, Мурод Муҳаммад Дўст, Тоғай Мурод, Муҳаммад Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон ва бошқа шоир – ёзувчиларнинг эл оғзига тушган илк асарлари “Гулистон” журналида чоп этилди.

Журнал ходимлари билан иқтидорли муаллифлар ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилади ва ўзига хос ижодий муҳит яратилади. “Гулистон” муҳитида тарбияланган ижодкорлар кейинчалик адабиётдан ўзларига муносиб ўрин оладилар.

Афсуски, Асқад Мухтор бош муҳаррирлик вазифасидан кетгач, “Гулистон” даги ижодий муҳит барҳам топади, ходимлари пароканда бўлиб тарқаб кетадилар…

 

10.

1982 йилда “Ёшлик” журнали ташкил этилади.

Бу журналга Эркин Воҳидов раҳбарлик қилган йилларда ажойиб “ижод мактаби” яратилади.”Гулистон” журнали паноҳида тетапоя бўлган навқирон авлоднинг ёрқин асарлари айнан Эркин Воҳидов “Ёшлик”ка раҳбарлик қилган даврда эълон қилинади ва ўз ўқувчиларини топади.

Хусусан, Тоғай муроднинг “От кишнаган оқшом”, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Галатепага қайтиш”, “Истеъфо”, “Бир тойчоқ хуни”, Эркин Аъзамнинг “Анойининг жайдари олмаси”, “Жавоб”, Хайриддин Султоннинг “Саодат соҳили”, “Ёзнинг ёлғиз ёдгори” каби қиссалари жуда катта шов шувларга сабаб бўлади.

Яна бир марта афсусланамизки, Эркин Воҳидов “Ёшлик” журналини тарк этгач, редакциядаги ижодий муҳит ҳам инқирозга юз тутади…

 

11.

Ана шундай бир пайтда эски “Ўзбекистон маданияти” газетаси тугатилиб, унинг ўрнига “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” номли саккиз саҳифалик ҳафталик газета ташкил этилади.

Бу газетага заҳматкаш адибимиз Асқад мухтор асос солади. Ижодий жамоанинг негизи ҳам Асқад Мухтор даврида шаклланади.

Асқад ака ёзувчилар уюшмасига котиб бўлиб кетгач, яна бир забардаст адибимиз Одил Ёқубов “эстафета байроқчаси”ни мустаҳкам қўлга оладилар.

Одил ака бу газетага раҳбарлик қилган йилларда мамлакатимизда “қайта қуриш” бошланган, унинг хушбўй насимлари, шамоллари республикамизга ҳам етиб келган эди.

Шу боис газета замон билан ҳамнафас бўлиб, ижтимоий онгни шакллантиришда ғоят катта вазифаларни адо этади…

 

12.

Эҳтимол, ташқарида одамларга сезилмас, лекин ҳар бир раҳбарнинг “ўз командаси” бўлади.

Хусусан, мен “Адабиёт ва санъат” газетасига ишга келган пайтларда Аҳмаджон Мелибоев гўё аҳил бир футбол командасининг Президенти ёки бошлиғи бўлса, Иброҳим Ғофуров Бош мураббий ҳисобланарди.

Маълумки, профессионал футбол клубларида бошлиқ – Президент асосан ташкилий-молиявий масалалар билан шуғулланади: четдан қимматбаҳо ўйинчиларни сотиб олишни таъминлайди, кўпроқ даромад тўғрисида бош қотиради.

Бош мураббий эса бевосита команда эришадиган натижалар учун жавобгар шахс ҳисобланади. Аҳмаджон Мелибоев билан Иброҳим Ғофуров (ўринбосар) ўртасидаги муносабат ва меҳнат тақсимотини шу маънода тушуниш керак…

 

Бундан ташқари редакцияда яна битта “тренер” бор эди.

У кишини “ички муҳаррир” дердик. Мен заҳматкаш адабиётшунос Маҳмуд Саъдийни назарда тутяпман. Маҳмуд ака “Оғзаки танқидчи” сифатида доим бизнинг пўстагимизни қоқиб юрарди…

 

13.

Команда эришадиган ютуқ ҳам, мағлубият ҳам майдондаги ўйинчиларга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.

Жумладан, Маматқул Ҳазратқулов, Мурод Абдуллаев, Ашурали Жўраев, Карим Баҳриев, Абдунаби Ҳайдаров, Бекқул Эгамқулов, Гулчеҳра Умарова, Муҳаббат Туробова, Рашид Раупов, Абдумўмин Тиловов каби ходимлар аллақачон ўзларининг ҳисобига чиройли “голлар”ни ёзиб қўйишган эди.

Улар турли мавзулардаги мақолалари билан мухлислар меҳрини қозонганди.

Энди ўша “тўпурарлар” сафига Исмат Хушев ҳам қўшилади.

Агар “яшил майдон”да ҳужумчиларни копток билан таъминлаб турадиган Миржалол Қосимов, Шуҳрат Раҳмонқуловга ўхшаган “ярим ҳимоячи”лар ҳаракат қилса, матбуотда “таъминотчи” вазифасини бош муҳаррир билан унинг ўринбосари бажаради…

 

14.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Аҳмаджон Мелибоев билан Иброҳим Ғофуровлар кўпинча “қора меҳнат” билан машғул бўлишарди.

Афсуски, газетхонлар “қора меҳнат”чиларга раҳмат айтмайди, чунки улар битта яхши мақола ёзиш учун қанчалик заҳмат чекилганини ҳам билмайдилар. Шунинг учун ҳам ўқувчилар фақат мақола муаллифига “раҳмат” айтадилар.

Меҳнатнинг ҳам, жавобгарликнинг ҳам асосий қисмини ўз зиммасига олган жафокаш инсонлар эса панада қолиб кетаверадилар…

Аслида, ҳар қандай эсда қоладиган мақоланинг ғояси ва йўналиши устозлар томонидан белгилаб бериларди.

Биз бўлсак, ўша ғоя ва йўналишни моддийлаштирардик…

 

15.

Яна бир марта эътироф этмоғим лозимки, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да эълон қилинган ва эл назарига тушган “Шолохов Ватанида”, “Номус ўғрилари”, “Қўлингиз пок, кўнглингиз оқми?”, “Прокурорни қандай қўлга туширишди?”, “Таажжуб”, “Совуқ сув сепишди”, “Иффат керакми?”, “Ижодкорга ҳурмат шуми?” каби қатор мақолаларим устозларнинг таҳрири остида чоп этилган.

Бу ҳақда муқаддам айтилди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ижодкорлар жамоасидан иборат эди. Бу ерга тасодифий келиб қолган журналистлар йўқ эди. Эҳтимол, шу боис бўлса керак, бу ерда эркин ва ҳур фикр ҳукмрон эди.

Таҳририят учун адолат, ҳақиқат – бош мезон ҳиобланарди.

Бошбошдоқлик, анархия авж олиб кетмаслиги учун раҳбариятнинг буйруқлари адо этилиши лозим.

Биз учун ҳам Бош муҳаррирнинг гапи қонун эди, лекин унинг ҳар қанақанги топшириқларини кўр-кўрона бажаравермасдик…

 

16.

Эсимда, бир марта ҳатто Бош муҳаррирнинг ўзини редакция йиғилишида муҳокама қилган эдик.

Ўшанда масала мана бундай тарзда қўилганди: “Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлмаган одам Уюшма нашри ҳисобланмиш – газетага раҳбарлик қилиши мумкинми?”.

Албатта, бунда Аҳмаджон ака назарда тутилган эди. Ўшанда ҳаммадан кўра кўпроқ мен Аҳмаджон акага “ташланган” эдим:

— Меҳнат жамоаларига бериб қўйилган сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиб, дарҳол Аҳмаджон Мелибоевни ишдан бўшатиб, унинг ўрнига Уюшма аъзоси бўлган Иброҳим Ғофуровни ёки бошқа бир кишини сайлашимиз керак, – деб таклиф қилгандим…

Бу таклифни қўллаб қувватлаган ходимлар ҳам бўлди. Лекин кўпчилик, хусусан, Иброҳим ака ҳам менинг таклифимни маъқулламади.

— Менимча, Ёзувчилар уюшмасига аъз бўлган одам бирданига истеъдодли ҳам, ташкилотчи ҳам бўлиб қолмайди. Ўша уюшмага аъзолик меҳнат қобилиятини белгилайдиган мезон ҳам бўлолмайди, – деган эди Аҳмаджон ака босиқлик билан. – Бўпти, модомики Исмат Хушевда шундай эътироз бор экан, мен келажакда буни ҳам инобатга оламан…

Дарҳақиқат, кўп ўтмай Аҳмаджон ака бизнинг эътирозимизни унутмаган ҳолда Ёзувчилар уюшмасига эъзо ҳам бўладилар…

 

17.

Ҳаёт ростдан ҳам қизиқ экан. Орадан йиллар ўтиб, ўзим ҳам Бош муҳаррир бўлдим.

Бироқ мен Аҳмаджон акага қарама қарши ўлароқ, мажлисларда бетгачопарлик қиладиган ёки топшириқларимни бажаришдан бош тортган ходимларни зудлик билан ишдан бўшатиб юборишга ҳаракат қилардим.

Мухолифат-сепаратчи ходимни ишдан ҳайдаб ҳовуримдан тушганимдан сўнг қилган қилмишимдан афсусланардим ва Аҳмаджон ака бизнинг хурмача қилиқларимизга шунча муддат қандай қилиб чидаб юрган экан деб ҳайрон бўлардим.

Очиғини айтишим керак, менда тажриба етишмасди, бағри кенглик етишмасди – худбин ва якка ҳокимликка иштиёқманд эдим…

 

18.

Қирғизистоннинг Ола буқасида туғилиб, Тошкент университетида камол топган ажойиб ва камтар инсон Аҳмаджон Мелибоев кейинчалик Ислом Каримов назарига тушиб, узоқ муддат Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлади.

Ўша пайтларда мен ҳам Бош муҳаррир эдим. Аҳмаджон аканинг қишлоғида туғилиб ўсган Аҳрор Аҳмедов деган яна бир истеъдодли журналист йигит билан биз у кишининг “Дархон” атрофидаги ҳукумат уйига тез тез бориб турардик.

Аҳмаджон ака билан биз энди илгариги гина кудуратларни унутиб, қадрдон ака ука бўлиб қолган эдик. Биз фарзандлари бевақ вафот этганида уларнинг Ола буқадаги қишлоғига таъзияга ҳам борган эдик…

Кейин йиллар ўтиб Аҳмаджон ака президентнинг давлат маслаҳатчилигидан яна “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига Бош муҳаррир бўлиб қайтдилар.

Ўша пайтлардан бўён у киши билан бирга ишлаган Хайриддин Султонов эса, мана йилгирма йилдирки, ҳануз Президентнинг давлат маслаҳатчиси…

 

19.

Хуллас, саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси юртимизда кўпчилик зиёлилар қидириб топиб ўқийдиган нашрлардан бирига айланиб қолади.

Чунки иттифоқ ва республика миқёсидаги энг долзарб муаммолар айнан шу газетада кўтарилиб чиқади.

Ўткир ижтимоий публицистика “Адабиёт ва санъат” газетасининг асосий жанрига, бош мезонига айланади.

Юрак бағри дард ситамга тўлиб кетган жафокаш халқимиз газетада эълон қилинаётган мақолалардан баҳра олар, ўз дардига малҳам топарди.

Ўша кезларда эълон қилинган Мурод Абдуллаевнинг “Исён” номли мақоласи ўзига ўт қўяётган ўзбек аёлларининг инсон боласи чидамайдиган оғир турмушига бағишланган бўлса, Карим Баҳриевнинг “Ой бориб, омон қайтмаган болам” номли мақоласида эса ҳарбий тизимда рўй бераётган зўравонликлар, қонунга хилоф ҳатти ҳаракатлар аёвсиз фош этиб ташланади.

“Э-э, кам бўлманглар, барака топинглар, бор экан-ку ҳақиқат!” деб сим қоқадиган, мактуб йўллайдиган газетхонларнинг сон саноғи йўқ эди…

Очиғини айтганда, ўзбек халқининг ғайриинсоний Марказ сиёсатига қарши маънавий руҳий исёни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси саҳифаларида ўз ифодасини топарди.

Шу сабабли шижоатли ва ҳолол журналистларнинг халқимиз олдидаги обрў эътибори ниҳоятда кўтарилиб кетади.

Энди партия ва ҳукумат ҳам журналистлар билан ҳисоблашишга мажбур бўлади…

 

(давоми бор)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *