
Карим Баҳриев
Тўсатдан — тарсиллаб ёрилар куртак,
қизарар уятдан шафтоли гули,
қарсиллаб чақилар момогулдурак,
жарликлар хўрсинар бехос қайғули,
гувиллаб саҳрода кезар эпкинлар,
чакиллаб сув келар асрий қорлардан,
сопол хумларидан чиқажак жинлар,
девлар ёпирилиб чиқар ғорлардан,
эртаклардан чиқар қанотли отлар,
кулларни титкилаб китоблар чиқар,
беланчакка сиғмас гўдаклар туғар
ойдан-да, кундан-да ҳур паризодлар,
кўр кўзлар очилар — қамашар нурдан,
гунгларнинг оғзидан тушар сақичлар,
қулфин дарвозалар очилар бирдан,
музей деворидан қулар қиличлар…
Уйғонар бўзкуртлар, уйғонар хунлар.
Воҳ, охир тугайди минг йилдан буён
нафасини ютган ернинг жимлиги –
куртаклар ёрилган шу тонг, ногоҳон,
халқимнинг ёдига тушар кимлиги…
1985