• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қадрдонимиз Дада Зафар ижодидан намуналар…

Сен 27, 2012
Қадрдонимиз Дада Зафар ижодидан намуналар…
Қадрдонимиз Дада Зафар ижодидан намуналар…

ШОИР АҲЛИ ДУЭЛЬДА ЎЛАР

Зиддиятдан яралмиш олам,
Шоирлар ҳам оддий бир одам.
Ёки бугун, ёки муқаддам,
Шоир аҳли дуэльда ўлар.

Шоирман деб кўксин урган кўп,
Нелар ёзар, ёзар жуда кўп.
Фикр эмас, аниқ отар тўп,
Шоир аҳли дуэльда ўлар.

Навоий ҳам сургун қилинган,
Насимийда тери шилинган.
Машраб ё раб, дорга илинган,
Шоир аҳли дуэльда ўлар.

Булутлардек саргардон Байрон,
Ўхшаш тақдир Лермонтов ҳайрон,
Пушкин дилин ким қилган вайрон,
Шоир аҳли дуэльда ўлар.

Амирлар, подшоҳлар, қироллар,
Сўз бобида қашшоқ қароллар.
Нодира бошига нелар соларлар,
Шоир аҳли дуэльда ўлар.

Дуэль асли жангдир юзма юз,
Ортдан отар қалби сўқир кўз,
Чўлпонкушлар тирикдир ҳануз,
Шоир аҳли дуэльда ўлар.

Шоир дўстим, улкан юрагинг,
Эл корига яраш тилагинг.
Душманга ҳам умр тиладинг,
Шоир аҳли дуэлбда ўлар.

Эзгулик ва қабоҳат ҳамон,
Бир бирига душман беомон.
Қолсин учун инсондек инсон,
Шоир аҳли дуэльда ўлар.

ҲАСРАТ

Икки оғиз ҳасратим бор,
Ҳеч бўлмаса сен эшит тош.
Ахир, ётибсан-ку бекор,
Сенда метин ирода- бардош.

Тош дер,ёрилиб кетаман,
Сени тинглаб нетаман.
Тошбақага айланиб,
Ерга кириб кетаман,
Маконимга етаман.

Икки оғиз ҳасратим бор,
Ҳеч бўлмаса сен эшит, дўст,
Дард-сирим сенга ошкор,
Сўрамайман ҳеч камикўст.

Дўст дер, ёрилиб кетаман,
Илон пўстим, нетаман.
Аждарҳога айланиб,
Бор оламни ютаман,
Мақсадимга етаман.

Икки оғиз ҳасратим бор,
Эй, мен севган қиз, қулоқ сол.
Истасанг сев ёки ўлдир,
Мана юрагим, олақол.

Қиз дер, ёрилиб кетаман,
Шеъринг лағмон,нетаман.
Ҳонзодага айланиб,
Эрга тегиб кетаман,
Муродимга етаман,

Тошга айтиб ҳасратларим,
Тошбақадан совчи қўйдим.
Дўстга айтиб сир-дардларим,
Ўз кўксимни ўзим ўйдим.

Дейман, ёрилиб кетаман,
Алам қилди, нетаман.
Бошим тош, танам илон,
Энди бойиб кетаман,
Ҳасратни не этаман.

ҚАҚНУС

Афсона бор бир қуш ҳақида,
Уни элда дейдилар қақнус.
Тутқунликда ёниб кул бўлар,
Озодликда чарақлар фанус.

Темир панжаранинг ортида,
Шу тўғрида ўй сурар махбус.
Ширин ҳаёлининг тотида,
У қуш каби олган эмиш тус.

Осмонларда қилармиш парвоз,
Кўҳ тоғидан жуфтин топибди.
Гуллардан ин ясабди шоввоз,
Анқонинг уруғин тотибди.

Ҳаёл ўчди, тўрт девор ичра,
Темир эшик, қулфлар шаққиллар.
Ёнди қақнус, кулга айланди,
Этик пошналари таққиллар.

Яна жимлик, бошланди ҳаёт,
Ҳаёлларда барқ урар қақнус.
Жуфти билан куйлайди баёт,
Ножот топиб сабрдан махбус.

Дўстим ИСМАТЖОН! Мен Сиздан жуда хурсанман. Соғиндим. Романнинг 3 бобини тез кунларда юбораман.

Сизга самимий тилаклар ила Д. ЗАФАР

Александр БЛОК

ҲАДДАН ЗИЁД

Мен севаман ҳаётни ҳаддан зиёд, ҳаддан зиёд,
Тирик жонга тилагим, мангу ҳаёт,ҳаддан зиёд.

Аросатга йўл кўрсатиб, куйлаб баёт,ҳаддан зиёд,
Бўлмаганни бўлдиргим, ижодиёт,ҳаддан зиёд.

Умрим ўтиб азобда, қўрқинчли туш каби эзса,
Кимлардир бардошли деб, этарлар ёд, ҳаддан зиёд.

Александр Блок асли, дейди кам гап, маҳзун дил,
Балки босган фикр кучи, унда собот, ҳаддан зиёд.

Дерлар у борлигича, эзгулик ва нур наслидан,
Куйлагани озодлик,ҳамда шамшод, ҳаддан зиёд.

АХИР…

Майли ой нурин сочсин, тим қородир тун ахир,
Майли одамлар етсин, бахт беродир кун ахир.

Қалбимда ишқ баҳори, булутдек серхун ахир,
Ният тўла эзгулик, умримга устун ахир.

Тун қучоқлаб борлиқни,ташлайди совуқ назар,
Мени босса ғам юки, йиғладим беун ахир.

Ширинлиги алдади,заҳри қотилда суздим,
Эҳтирослар тубига, шунғидим бутун ахир.

Тонг олдидан довдираб, қаҳшайди жони таним,
Юрибман оломон-ла, адашиб маҳзун ахир.

Александр Блок орзуси, мисраларда таралур,
Балки ёруғ юлдуздай, нур сочар бир кун ахир.

БАҲОР

Баҳор чоғи кулбага томон,
Эпкин ўтди ҳувуллаб шу он,
Жаранглади қўнғироқ чунон.

У айвонга бориб урилди,
Тирқич топмай анча уринди,
Очолмасдан эшикни кўнди.

Кўтарилди кўкка у яна,
Борган жойи хилват ва пана,
Унда андуқ қилар тантана.

У ер оққайинларга макон,
Унда бир чол ясарди камон,
Қувонди у сезгани ҳамон.

Тўнкаларга сакраб чиқиб чол,
Ҳиргойи бошлади бемалол,
“Вафодорим кел, бағрингга ол!”

Ажи-бужи илдизлар қамраб,
Сақолини ўриб,ҳам тараб,
Туманларда кетдилар яйраб.

Соғинчлари жон бўлиб сингар,
Висол тўйин бугун нишонлар,
Баҳор билан кекса афсунгар.

ДАДА ЗАФАР таржимаси.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *