• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Президент эркасининг саргузаштлари Ислом ака билан танишув (2-3)

Июл 7, 2017
ИСМАТ ХУШЕВ
ПРЕЗИДНТ ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
ИККИНЧИ КИТОБ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Ислом ака билан Кремлда
Суратда: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг махсус мухбири Исмат Хушев (чапдан биринчи) Қашқадарё область партия комитетининг биринчи секретари, СССР халқ депутати  Ислом Каримов билан. 25 май, 1989 йил, Москва.
Шоҳга яқин бўлдим деб суюнма, эй, дил! Подшоҳга яқинлашганинг  – қиличнинг домига яқинлашганинг демакдир… 
3-боб
ИСЛОМ КАРИМОВ БИЛАН ТАНИШУВ
(Ёки бўлажак Президент билан тушган биринчи суратим тарихи)
1.
Москвада ўз ишини давом эттираётган СССР Халқ депутатларининг 1-съезди бутун дунё жамоатчилигининг диққат марказида эди.
Ҳар куни кечқурун ресторанда депутатлар учун ёзилган дастурхондаги шоҳона “ужин”дан сўнг ўз хонамизга кириб, Марказий телевидениянинг “Время” кўрсатувини томошо қилардик.
“Россия” меҳмонхонасининг йўлак ва фойеларида ҳам, ресторанда ҳам, ҳатто митинг ўтадиган “Лужники” стадионида ҳам фақат бир мавзу: Озодлик ва Янги ҳаёт ҳақида, КПСС бошчилигидаги тоталитар тузумнинг қабиҳликлари ҳақида гапириларди.
Борис Ельцин етакчиси ҳисобланган демократик руҳдаги депутатлар гуруҳи аллақачон бутун ер юзи халқларининг меҳру муҳаббатига сазовор бўлиб улгуришган эди.
Бутун дунё СССР да шу кунларда нимадир содир бўлишини билгандай, 24 соат тинмай Москвада бўлаётган воқеаларни кузатиб турарди.
Узоқ йиллардан бўён эркин сайловлар натижасида мамлакат парламентига келган янги ва ҳур фикрли депутатлар ва уларнинг Кремлнинг мўҳташам съездлар саройида олиб бораётган машваратлари дунёдаги биринчи рақамли сиёсий воқеага айланиб қолган эди…
2.
Ельцин билан “Лужники”даги митингда содир бўлган фавқулоддаги нохуш ҳодисадан сўнг мен у ерга бормай қўйган эдим. Куним асосан меҳмонхонада – шинам ва сокин хонамдаги телевизор қаршисида ўтарди.
Бир куни Тўлқин Омонов мени тушликка таклиф қилиб қолди. «Россия» меҳмонхонасининг ресторанида бошқа журналистлар қатори менга ҳам алоҳида жой ажратилганди, депутатлар ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлишиб алоҳида ўтиришарди.
Ҳар ким кўнглига маъқул келадиган одамлар билан бирлашиб «улфати чор» бўлиб олганди.
Бошқа давраларда ортиқча жой бўлмаслигини билардим. Шунинг учун ҳам бир оз ҳижолат бўлдим. Лекин Тўлқин ака:
— Юраверинг, гап бор, – деди маъноли оҳангда. – Жойдан ташвишланманг…
Маълум бўлишича, улар тўрт киши доим бирга овқатланишар экан:
Тўлқин Омонов – Қашқадарёдаги “Шўртан” газ конлари бирлашмаси бошлиғи, мен тарафини олиб ёзган мақола қаҳрамони, Ислом Абдуғаниевич Каримов – Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг биринчи секретари, Алихон Раҳматович Отажонов – Ўзбекистон Министрлар Совети раиси ўринбосари – Республика Госплани раиси, Александр Фёдорович Клепиков – Сирдарё вилояти партия қўмитасининг биринчи секретари.
Ўша кундан эътиборан А.Ф.Клепиков нима учундир бошқа даврага ўтказиб юборилди.
(Унинг нима учун бошқа даврага ўтказиб юборилгани мавзусига ҳали қайтамиз)…
3.
Биз меҳмонхонанинг юқори қаватидан пастги қаватдаги ресторанга (кўп қаватли “Россия” меҳмонхонасининг ҳар икки ё уч қаватида ресторанлар бор эди) тушганимизда, Алихон Раҳматович билан Ислом Абдуғаниевич аллақачон ўз жойларини эгаллашган ва кўҳликкина официант қизга буюртма беришаётган экан.
— Мана ўша журналист йигит – Исмат Хушев! – деб мени таништирди Тўлқин ака Омонов.
Демак, илгари ҳам бу даврада мен тўғримда гап бўлган экан деб ўйладим.
— Келинг, ўтиринг, – деди Ислом ака совуқроқ оҳангда.
Алихон Раҳматович ним табассум қилди…
Ўртага оғир сукунат чўкди. «Демак, «Сайлов сабоқлари» дан сўнг ранжиган эканлар» деб хаёлимдан ўтказдим.
Аслида, ўша мақолани ёзмаганимда яхши бўлармиди, жин урсин!
4.
Таомлар келтирилди, қадаҳлар тўлдирилди.
— Қани, кимга сўз берамиз? – деб Ислом ака ҳаммамизга бир-бир назар солди. Сўнг: – Алихон Раҳматович, марҳамат, бирор нарса денг, – деди.
Ажабо, агар бошқа обком секретари бўлганда, ҳозир ҳукумат раисининг ўринбосарига «бирор нарса денг» дейиш ўрнига аввало, яхшилаб хушомад қиларди – «пахта қўярди». Сўнгра бу кишининг шарафига қадаҳ кўтаришни таклиф этарди. Яъни, субординацияга қатъий амал қиларди ва бундай ҳолатни ҳамма табиий деб биларди.
Лекин Ислом Абдуғаниевич қолипга ёпишиб олмади, ўзини ҳийла эркин ҳис этарди.
Айниқса, Алихон Раҳматович қадаҳ сўзи айтгач, улар ўртасидаги фарқ яққол кўзга ташланиб қолди.
— Аввалом бор, қайта қуришга раҳбарлик қилаётган ҳурматли Михаил Сергеевич Горбачёв ҳамиша омон бўлсинлар! Қолаверса, СССР халқларининг интернационал дўстлиги абадий бўлсин! Мен мана шулар учун қадаҳ кўтаришларингни сўрайман! – деди Алихон Раҳматович.
Бироқ, Отажонов ароқ ичмас экан, фақат пиво хўплаб ўтирди. Ароқ ичмайдиган одамгина шунақа бемаъни тост айтса керак деб ўйладим.
Тўғри-да, орамизда ўзга миллат вакиллари бўлмаса, хўш, нима учун «интердўстлик» шарафига қадаҳ кўтариш керак экан? Бизнинг даврамизга М.С. Горбачёвнинг нима алоқаси бор? Ахир, Горбачёв бизнинг соғлигимиз учун қадаҳ кўтармайди-ку!
Эҳтимол, Алихон Раҳматович журналист ўтирган даврада расмий гапириш керак деб ўйладими ё обкомнинг биринчи секретарлари ва СССР халқ депутатлари даврасида бу одатий ҳолмиди, билмадим.
Билиб бўладими, журналист халқи оғиздан чиққан гапни дўмбира қилишни яхши кўради.
Боз устига, Исмат Хушев қашқадарёда бўлган сайлов ҳангомаларини дўмбира қилган экан.
Ичимда А.Р.Отажоновга ачиндим…
5.
Кейинги қадаҳ сўзини Ислом аканинг ўзи айтди:
— Сайловлар ортда қолди. Мана, Москвадамиз. Бизни сайлаган, бизга ишонч билдирган халқимизга минг раҳмат! – деди у киши самимий оҳангда. – Тўлқин Омонов масаласига келсак, – деб менга қараб давом этдилар, – халқ бизнинг хатомизни тузатди. Бундан ҳеч қандай фожеа ясамаслик керак. Обком ҳам адашиши мумкин. Энг муҳими, ана шу адашишни, шу хатони ўз вақтида тўғри англаб етишда. Шу масалада бизни тўғри танқид қила олган газета ва унинг жасоратли журналистларининг ишларига омад тилайман!
Қадаҳлар бўшатилди…
Очиғини айтсам, ҳар қандай гап бўлишини кутган бўлсам-да, лекин Ислом Каримовдан бунақа гап эшитаман деб асло ўйламаган эдим.
Чунки менинг назаримда обком секретарлари ҳамиша ўзларини ҳақ деб қатъий ишонадиган калондимоғ кимсалар бўлади, улар танқидни кўтара олмайди, арзимаган гап учун ҳам лов этиб ёниб кетади деб ўйлардим…
Даврада ўтирган Тўлқин аканинг чиройи очилиб кетди. Навбатдаги сўзни у киши айтдилар:
— Алихон Раҳматович, биринчидан, сизга соғлик-саломатлик тилайман, ишларингиз ҳамиша ўнгидан келаверсин! Менимча, Ислом Абдуғаниевич, бу қадаҳни Сиз учун ва умумий ишларимизнинг ривожи учун кўтарсак айни муддао бўларди, – деди Тўлқин ака…
6.
Ўтиришимиз охирлаб бораётган эди. Бир пайт Ислом ака:
— Қани, журналистлардан ҳам эшитайлик-чи, – деб қолдилар.
Мен тост айтаман деб ўйламагандим. Лекин довдираб қолмадим. Чунки Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган самимият кишининг оғзига қулф солмасди, аксинча, унинг қулфи-дилини очиб юборарди.
— Мен раҳбарлар тўғрисида нотўғри тасаввурга эга эканман. Раҳбарлар деганда катта амалдорларни, яъни Сизларни назарда тутяпман. Лекин бугун мен Сизнинг чин дилдан айтган сўзларингизни эшитиб амин бўлдимки, биз журналистлар ҳам хато қилар эканмиз. Мана, кўриб турибманки, ҳамма раҳбарлар ҳам ёппасига ёмон бўлавермас экан. Ана шу ҳақиқатни исботлаб берган Ислом Абдуғаниевич, Сиз учун, Сизнинг тимсолингизда, афсуски, раҳбарлар орасида кам учрайдиган ҳалол ва адолатли, мард ва одил сардорларимиз учун қадаҳ кўтаришни таклиф қиламан! – дедим.
Назаримда қадаҳ сўзим самимияти билан ҳаммага маъқул бўлди…
7.
Эрталаб хонамнинг эшигини тақиллатиб Тўлқин ака кириб келдилар.
— Сизни Ислом ака сўраяптилар, – деди укиши. – Биринчи қаватда кутиб турибдилар. Галстукни ҳам тақиб олинг, суратга тушсак керак.
Уёқ-буёғимни тўғрилаб дарров пастга тушдим.
Меҳмонхонанинг биринчи қаватида қашқадарёдан сайланган Ислом Абдуғаниевич бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар тўпланишиб туришган экан.
Қаердандир Аҳмаджон Мухторов ҳам келиб сафимизга қўшилди.
“Россия” меҳмонхонасининг Кремлга қарама қарши бўлган қанотида ҳаммамиз биргалашиб суратга тушдик.
Мен Ислом аканинг ёнида турган эдим. Аҳмаджон ака келиб сафимизга қўшилганидан сўнг у кишининг ҳурматини қилиб, четга ўтдим. (Сурат берилади).
8.
Суратга изоҳ:  чапдан ўнгга – Исмат Хушев, мендан бошқа ҳаммаси — СССР Олий Советининг депутатлари — Шаҳрисабздаги марказий касалхона бош врачи Фотима Бадалбоева, Яккабоғ пахтачилик бригадаси бошлиғи Санобар Раҳимова, Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримов, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Аҳмаджон Мухторов, Ғузордаги маккажўхорикорлик бригадаси бошлиғи Раъно Жонқувватова, Қамашидаги пиллакор Бибинор Раҳимова (ёки Тожинор Қаюмова), Қаршидаги “Шўртан” газ ишлаб чиқариш бирлашмаси бошлиғи Тўлқин Омонов…
Шоҳга яқин бўлдим деб суюнма, эй, дил!
Халқимизда «Подшоҳга яқинлашганинг  – қиличнинг домига яқинлашганинг демакдир…» деган гап бор.
Унинг нақадар ростлигини мана шу суратнинг бугунги изоҳи ҳам исботлаб турибди.
Бир пайтлар мамлакатнинг энг олий органи — СССР Олий Советига депутат этиб сайланган қашқадарёлик бу халқ ноибларининг бугунги тақдири менга номаълум. Улар Ислом Каримов даврида тамомила унутилишга юз тутишди.
Шаҳрисабз касалхонаси Бош врачи Фотима бадалбоева кейинчалик жиноий жавобгарликка тортилиб, маҳкамага тортилгани ҳақида эшитгандим.
«Шўртангаз» конлар Бирлашмаси Бош директори, Ғузор райкомининг собиқ биринчи секретари, собиқ СССР халқ депутатининг кейинги тақдиридан тамомила бехабарман. Тўлқин Омоновнинг қаердалиги номаълум…
Аҳмаджон Мухторов ноҳақ ишдан бўшатилганидан сўнг, ақлдан озиб, миясига қон қуйилиб, бевақт вафот этди.
Исмат Хушев бугун хорижда, сиёсий муҳожирликда.
Ислом ака эса ҳануз тахтда…
9.
Суратга тушганимиздан сўнг, Ислом Абдуғаниевич мени ёнларига чақирди.
— Космонавтлар шаҳарчасини зиёрат қилиш бугун қашқадарёликларнинг навбати экан. Менинг бу ерда қиладиган бошқа ишларим бор. У ерда расмий қабул маросими ҳам бўлади. Биздан сайланган аксарият сут соғувчи, маккажўхорикор, пахтакор, пиллакор депутатлар рус тилини яхши билишмайди. Уларни ўзингиз бош бўлиб саёҳатга обориб келмайсизми? – деди Ислом ака.
Мен у кишининг таклифига бажонидил рози бўлдим.
Сафимизга Ислом аканинг рухсатлари билан икки нафар самарқандлик ёш ва гўзал ўқитувчи аёллар ҳам келиб қўшилишди…
Қашқадарёлик депутатларга ўзим бош бўлиб, соат ўнларда Космонавтлар шаҳарчасига жўнаб кетдик.
Ўша пайтларда Москвада СССР халқ депутатлари бораётган автомобиллар ҳам худди республика раҳбарлари бораётган расмий ҳукумат кортежлари каби олди ва орқасидан «мигалка»си ёниб турадиган милиция машиналари билан қўриқлаб бориларди.
Бутун ҳаракат давомида йўллар махсус тозаланиб, яшил чироқлар ёниб турарди.
Биз ана шундай дабдаба билан «расмий ташриф»ни бошладик…
10.
Космонавтлар шаҳарчасидаги шинамгина банкетлар залида бизни кутиб олиш маросими (фуршет) бўлиб ўтди.
Делегация раҳбари сифатида менга сўз бердилар.
Ажаб, шунда беихтиёр ўзим ҳам Алихон Раҳматович Отажоновдан эшитган қадаҳ сўзларига қўшиб-чатиб нутқ ирод этдим:
— Бепоён мамлакатимизда бўлгани каби бизнинг Қашқадарё вилоятида ҳам барча жабҳаларда жиддий ислоҳотлар бошланди, қайта қуриш эпкини ҳаётимизни яшнатиб юборди. Халқимиз Горбачёв бошлаб берган инқилобий ўзгаришларни шод-хуррамлик билан кутиб олди. Қўшиб ёзиш, кўзбўямачилик каби иллатлар батамом тугатилди.
Мана, бугун биз – бир гуруҳ қашқадарёлик СССР халқ депутатлари Космонавтлар шаҳарчасига ташриф буюрдик. Бизнинг депутатликка сайланишимиз ҳам, Москвадек азим пойтахтимизга келишимиз ҳам эркин ва озод ҳаётимизга ёрқин мисол бўла олади.
Бу халқлар дўстлигининг ёрқин намунасидир! Агар ижозат берсанглар, мен интердўстлик ва Михаил Горбачёв учун қадаҳ кўтаришни таклиф қилган бўлардим! – дедим ифтихор билан.
Бир-икки қадаҳ бўшатилгач, қизғин суҳбат бошланди, савол-жавоб бўлди. Ишқилиб, куннинг қандай кеч бўлиб қолганини ҳам сезмай қолдик.
Москвага ҳам зўр дабдаба билан қайтиб келдик.
11.
Кечки овқат пайтида Ислом Абдуғаниевич қўлимни маҳкам сиқиб:
— Раҳмат! Сизни жуда мақташди, – деди. – Депутатларингиз орасида битта ўша йигит дуруст экан, тўғри фикр юритар экан, дейишди. Албатта, уларга сизнинг депутат эмаслигингизни, оддий мухбир эканлигингизни айтиб ўтирмадим, – деб илова қилдилар Ислом ака…
Маълум бўлишича, депутатларни Космонавтлар шаҳарчасига кузатиб борган олдиндаги қора «Волга» ГАИ ходимлариники эмас, балки СССР Олий Кенгашининг масъул вакилига қарашли экан.
У бизнинг барча гап-сўзларимизни жимгина эшитиб, керакли маълумотларни ён дафтарчасига қайд этиб юрган экан.
Ўша вакил «тўғри» гапимни ёдда сақлаб қолибди-ю, аммо ўзимнинг кимлигимни сўраб-суриштиришни фаромуш қилибди…
12.
Хуллас, Ислом ака мендан жуда хурсанд бўлдилар. Энди биз у киши билан анча яқинлашиб, қадрдонлашиб қолган эдик.
Москванинг ҳавоси тез-тез ўзгариб туради. Чарақлаб қуёш чиқиб турган бўлса ҳам бирдан осмонни қоп-қора булут қоплайди-ю, шаррос ёмғир қуйиб ўтади.
Баъзан эрталабдан кечгача эзиб сим-сим ёмғир ёғаверади.
Ўша куни ҳам роса ёмғир ёғди. Ислом Абдуғаниевич бироз шамоллаб қолибдилар. Мени Тўлқин Омонов орқали ўз хоналарига таклиф қилдилар.
Кирсам, қўлимга бир шиша ароқ тутқазиб:
— Эртага Михаил Горбачёв барча обкомнинг биринчи секретарларини йиғиб суҳбатлашмоқчи. Эҳтимол сўзга чиқишга ҳам тўғри келар. Ҳозир мен ётаман, шуни яхшилаб орқамга суртиб қўясиз, майлими? – дедилар илтимос оҳангида.
Обкомнинг биринчи котиби ҳадди сиғиб, илтимос қилади-ю, йўқ деб бўладими?
— Бўпти, – дедим бажону дил.
Қолаверса ўзим ҳам бу самимий ва дилкаш одамга ўрганиб қолаётган эдим. У кишининг орқа курагига ароқ суркаяпман-у, (компрессор) беихтиёр отамнинг белини босиб қўйган болалик кунларим ёдимга тушди…
Ислом аканинг баданига жиққа ҳўл бўлгунча ароқ суртдим. Устиларига адёлни тортиб, ўраб қўйдим.
— Отангиз нима иш қилади? – деб қўққисдан сўраб қолди Ислом ака фикримни туйгандай.
— Ўқитувчи эди, математикадан дарс берарди…
— Нега берарди деяпсиз? Ҳозир-чи?
— Отам урушда қатнашган одам. Барча ветеранлар каби «Сталин учун, Ватан учун!» деб ҳайқириб жангга кирган. Шу боис ҳали-ҳануз Сталинни яхши кўради, сталинпараст. Боз устига, ҳақиқатпарвар инсон, ноҳақликка асло тоқат қилолмайди. Шунинг учун район раҳбарларига унчалик ёқмасди. Ҳатто Китоб районига партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишга келган синфдоши Абдувоҳид Каримов уни райкомга масъул вазифага таклиф қилганда: «Аввало бу ердан етти кишини ҳайдасанг, кейин сен билан бирга ишлайман», деб шарт қўйган экан. Албатта, у киши отамнинг шартини бажармаган.
Кейин чекка бир қишлоқда мактаб директори бўлди. Охири: «Қирқ йил ишладим, энди ўқитувчиларнинг обрў-эътибори тўкилиб кетди» деб ўз хоҳишига кўра ишдан бўшади. Ҳозир тоғда асаларичилик билан шуғулланяпти, ҳалол меҳнати билан кун кўряпти…
13.
Ўша куни биз узоқ суҳбатлашдик.
Ислом Абдуғаниевич ўзим ва оила-аъзоларим ҳақида сўраб-суриштирди, Қаршида партияга ўтишим билан боғлиқ воқеалардан хабардор эканлар, Валерий Лозицкийни ишдан бўшатишда менинг “партиявий ишим” қўл келганини ҳам гап орасида қистириб ўтдилар…
— Қандай илтимосингиз бор? – деб сўрадилар суҳбат охирида.
Мен у киши билан илк бора танишган кунимизданоқ шундай савол берсалар нималарни сўрашни олдиндан режалаштириб қўйган эдим:
— Менинг учта илтимосим бор, – дедим. – Биринчиси, мен комсомол секретари бўлиб ишлаган Қарши Давлат педагогика институтида Анвар Чориев деган профессор бор. Адолатпарвар, яхши одам, файласуф олим. Мени партиядан ўчиришмоқчи бўлишганда қаттиқ туриб ҳимоя қилганди. Сиз обкомга биринчи бўлиб келишдан олдин у киши тўғрисида юқоридан фикр сўрашган экан. Лекин бир-иккита душманлари «Анвар кўтарилиб кетмасин» деб устидан бўҳтон уюштиришибди. Кейинги пайтларда ректор ҳам уни сиқувга ола бошлабди, Анвар Чориевга ёрдам берсангиз…
— Бўпти, мен боргандан кейин ҳузуримга кирсин. Уни яхши танийман, ҳалол ва виждонли одам деб эшитганман. Яна нима гап? – дедилар Ислом Абдуғаниевич.
— Иккинчи илтимосим шуки, Китобда вилоят сил касалликлари шифохонаси бор. Қаҳрамон Жўраев ўша касалхонанинг бош врачи, ўзи ёш, истеъдодли йигит. Лекин уни ишдан бўшатишмоқчи бўлишяпти…
— У ким экан? Нега ишдан бўшатишмоқчи?
— Сиз уни танийсиз. Шаҳрисабзда соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг анжуманида сўзга чиққанида сиз: «Бор экансиз-ку ука! Нега жим ўтирибсиз?! – деб мақтаган экансиз.
— Эсладим. Истараси иссиқ, келишган йигит. У рус тилида яхши гапирган эди. У албатта менга учрашсин. Бафуржа гаплашамиз.
— Учинчиси. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида «Прокурорни қандай қўлга туширишди?» номли мақолам чиққан эди. Ўша мақолада ёзилган йигит ҳамон ишсиз юрибди…
— Мақолангизни ўқиганман. Лекин ўша йигитни бир кўришим, кўзига бир қарашим керак, – деди Ислом Абдуғаниевич…
Ислом Каримовнинг одамларнинг кўзига тик қарайдиган одати борлигини ўшанда билган эдим: одамнинг кўзидан унинг қанақа инсон эканлигини билиб олиш мумкин экан…
14.
Орадан бир оз вақт ўтгач, Ислом Абдуғаниевич таниқли ёзувчимиз Одил Ёқубов билан бўлган бир учрашувда (бу ҳақда менга ўша учрашувда иштирок этган Мамадали Маҳмудов маълум қилган эди) мен ҳақимда гап очилиб қолганда: «У яхши йигит. Москвада қандай илтимосларинг бор деб сўрасам, ўзи бу ёқда қолиб, нуқул бировлар учун қайғурган эди» деган эканлар…
Мен Ислом Каримов билан шу тарзда танишган ва ўша заҳотиёқ бу инсонга меҳр қўйган эдим.
Ўша пайтларда мен бу одамга бемалол ишониш мумкинлигини ички бир туйғу билан ҳис қилгандим…
Звездний городокда
Суратда: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси махсус мухбири Исмат Хушев (ўртада — чапдан тўртинчи) Ислом Каримов топшириғига кўра бир гуруҳ қашқадарёлик СССР халқ депутатлари билан Космонавтлар  шаҳарчасидаги Космик кемалар зиёратида…
(давоми бор) 
Один комментарий к “Исмат Хушев: Президент эркасининг саргузаштлари Ислом ака билан танишув (2-3)”
  1. Исмат ака, ассалому алайкум. Яқин тарихимиз ва ўз ҳаётингиз ҳақида, Ўзбекистон тарихида из қолдирган шахслар ҳақида ёзилган шу асарингизнинг давомини кутиб қоламан. Асарингиз равон тилда ёзилган. Ҳавасдаман…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *