• Пн. Окт 7th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Абдулла Орипов — ноёб истеъдод соҳиби…

Сен 27, 2012
Абдулла Орипов — ноёб истеъдод соҳиби…
Абдулла Орипов — ноёб истеъдод соҳиби…

Чуқур фалсафийлик, миллий руҳ, диний-ахлоқий мезонларга садоқат шоир шеърияти асосларини ташкил этади.

Ўзбек халқининг миллий тикланиши, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти катта ўрин тутади.

Ўзбекистон халқ шоири, таниқли жамоат арбоби Абдулла Орипов 1941 йили Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида дунёга келди.

Ўрта мактабни 1958 йили олтин медаль билан тугатгач, Тошкент Давлат университети филология факультетининг журналистика бўлимига кириб, уни 1963 йили муваффақият билан битирди.

Абдулла Ориповнинг ижоди талабалик йилларида бошланган бўлиб, унинг биринчи шеърлар тўплами «Митти юлдуз» 1965 йили чоп этилган.

Кейин шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1967), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1971), «Ўзбекистон», «Қасида» (1972), «Хотирот» (1974), «Юртим шамоли» (1974), «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983) шеърий тўпламлари босилиб чиқди.

Мазкур тўпламларга кирган шеърларни кўздан кечирар эканмиз, уларда шоирнинг шеърдан-шеърга, тўпламдан-тўпламга, йилдан-йилга ўсиб, ижоди баркамоллашиб борганлигига гувоҳ бўламиз.

Айниқса, 70-йиллардан кейинги асарларида ҳаёт ва инсон, жамият ва табиат ҳақидаги фалсафий мушоҳадаларининг тобора чуқурлашиб бораётганлиги сезилади.

Кучли эҳтиросли туйғулар уларда ўзининг юксак талқинини топиб боради. Бу, бора-бора теран фикр билан юксак бадиийликнинг омухтасига айланиб, шоирнинг ижодий камолотга эришганидан дарак беради.

Бунга Абдулла Ориповнинг «Сайланма» (1996) тўпламини ўқиб амин бўлишимиз мумкин. Айниқса, истиқлол ғояси, эл-юрт мустақиллиги, она Ватанни озод ва обод кўриш истаги сатрдан-сатрга парвариш топиб, ажиб бир порлоқлик ҳосил қилади.

Шоирнинг «Мен нечун севаман Ўзбекистонни», «Ўзбекистонда куз», «Куз» каби 60-йилларда ёзилган шеърларидаёқ истиқлол нурлари жилва қилгандек бўлади.

Хуллас, Ватан ва халққа меҳр-муҳаббат, табиатни севиш, ардоқлаш, имонли, виждонли инсонларга мадҳиялар ўқиш, гоҳ йиғлаб, гоҳ қувониб куйлаш шоир туйғулари уммонини ташкил этади.

Абдулла Орипов ижодининг ҳозирги босқичи яна ҳам туйғуларга бой, файзли ва сербаракадир. Жумладан, «Ҳаж дафтари» (1992) туркумига кирган шеърларида энди шоир маънавиятимиз манбаларини кашф этиш йўлидан боради. Қуръони Карим, Ҳадиси шарифлардан замонавий маънолар излайди ва топади.

У достоннавис ва драматург сифатида ҳам маълум ва машҳурдир. Хусусан, «Жаннатга йўл» достони ва «Соҳибқирон» (1996) шеърий драмаси шоирга катта шуҳрат келтирган асарлардир.

Абдулла Орипов истеъдодли таржимон сифатида Дантенинг «Илоҳий комедия» асарини ўзбек тилига юксак маҳорат билан ўгирган. Некрасов, Л.Украинка, Шевченко, Р.Ҳамзатов, Қ.Қулиев асарларини ҳам она тилига таржима қилган.

У Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи ҳамдир. 2000-2001 йилларда Абдулла Орипов асарларининг тўрт жилди нашр қилиниб, кенг китобхонлар оммасига манзур бўлди.

Ижодкорнинг шеърий мажмуалари қатор хорижий тилларга таржима қилинган ва алоҳида китоб ҳолида нашр этилган. Абдулла Орипов — ноёб истеъдод эгаси.

Чуқур фалсафийлик, миллий руҳ, диний-ахлоқий мезонларга садоқат шоир шеърияти асосларини ташкил этади.

Ўзбек халқининг миллий тикланиши, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти катта ўрин тутади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *