• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Muhammad Solih: Хотирада қолган шеър – тирикдир

Сен 27, 2012
Muhammad Solih: Хотирада қолган шеър – тирикдир
Muhammad Solih: Хотирада қолган шеър – тирикдир

ADABIYOT MANZARALARI

Ҳар бир иқтидорли шоирни “машҳур бўлиб кетиш” хавфи таъқиб этиб юради.

Таъқиб унинг адабиётдаги биринчи қадамлариданоқ бошланади.

Бу хавфдан энг талантли шоирларгина қутулиб кетиши мумкин, аммо улар ҳам бир куни қўлга тушади: 60-йиллар ўзбек шеъриятини таҳлил этган танқидчи ёш шоирлар қаторида “Р.Парфи” деган исмсиз шарифни эътироф қилган эди.

70-йилларнининг мунаққиди эса, бу таҳлилни ривожлантирди – у шоирнинг бир шеърини келтирди, мақтагандай бўлди ва … охирида “бироз мавҳум” деган гапни айтди-да, бутун танқидчиликнинг оғзига сақич солиб қўйди.

Шу орада шоир ўнга яқин оригинал ва таржима китобларни нашр этишга улгурди, бироз “енгил” тортди, негаки, унга қўйилган “мавҳум”лик тамғаси бошқаларга ҳам урила бошлади.

Гапириб чарчайдиган фақат биз эмас, баъзан сўзлар ҳам (биздан) чарчаб қолишди. Танқидчилигимизда бу ҳолдан тойган сўзлар сони анчагина.

Аммо улар орасида энг бахти қораси “мавҳум” бўлиб қолди. Бу сўзнинг маъносини ким тушунтириб беради энди? Ҳар бир нутқида уни ўн бор такрорлайдиган сўзамол муаллимми? Агар сўз – белги бўлар экан, нега у ҳеч нарсани белгиламайди?..

“Мавҳум” нима дегани, қоронғиликми, ҳавойиликми, чигалликми? Ахир, бизга мактабда “тушунилган нарсагина сўз билан белгиланади”, деб уқтиришган-ку. Ҳатто ўша “мавҳум” ҳам англанган нарсанинг белгиси эди аввал …

Абстраксия – ғоянинг ўзига кўра, унинг атрофидаги оддий эътибор чегарасидан ташқаридаги нарсаларга берилган урғу, ғояни бўрттириш усули эмасмикан?

Ҳар ҳолда, танқидчининг термин ўйлаб топиш учун ёзгани ёмон. Чунки, ўйлаб чиқарилган термин атрофида бошқа тушунчалар кўкара бошлайди; илдизи ҳавода бўлган ўсимлик униб чиқади. Қарабсизки, танқидчининг ўз боғи бор ва у ўша ўзи ўйлаб топган чаманда меҳнат қилиб юраверади. Керак мавзу эса, қаровсиз қолади.

Мен Муҳаммад Раҳмоннинг “Яшил дарё” тўпламини 1979 йилнинг энг самимий китоби, юқорида айтилган ўша “мавҳум”ликдан бутунлай ҳоли китоб деб ўйладим:

Ҳаволарга сочилмоқда
Оромижон бир атр.
Бинафшалар очилмоқда
Тупроқ ёриб қайдадир.
Очилмоқда титраб-титраб,
Рангпаргина, нафармон,
Биз болалар уни излаб,
Боғ кезамиз андармон.
-Бинафшажон, қайдасан, айт,
Кўрсатақол юзингни.
Кўмгандирсан, балки шу пайт
Хору хосга ўзингни.
Ҳатлаб-ҳатлаб юргандирсан
Ариқларни ёқалаб.
Хилватларда тургандирсан
Кўзларингни уқалаб…

(Бинафша шеъридан)

Бинафша “ариқларни ҳатлаб-ҳатлаб” юрмайди, у кўзларини ҳеч қачон “уқаламайди” деманг. Акс ҳолда, яна ўша “мавҳум”ликка юз бурган бўласиз. Бу образ. Унда кўз қамаштирадиган бир оқлик бор. У шодликнинг ранги. Балки, изтиробнинг рангидир. Ниманидир излаётган, пайпасланаётган, пора-пора бўлаётган қалб рангидир бу.

Мен ташбеҳларнинг самимиятини айтмоқчи эмасман – бунга шубҳа йўқ. Оҳангдаги самимиятни таъкидламоқчиман, холос. Зўраки сўзлардан йироқ, бири иккинчисини мунтазам тўлдириб борувчи озод сатрларни, жўнлик эмас – чинакам соддаликни айтмоқчиман.

Бу соддалик “Бинафша”нинг қофияларига ҳам сингдирилган. Улар янги бўлмаслиги мумкин, аммо табиийлиги шубҳасиз. Юксак шеърий нутқ талабларига жавоб берадиган даражада табиий. Қофиянинг ягона вазифаси – ўзининг қофия эканлигини сездирмаслигида, агар таъбир жоиз бўлса, унинг олижаноблигидадир.

Афсуски, бугун қофия ҳақида гапиргудек бўлсанг, кулги бўлишинг мумкин. Чунки, жўда кўп шоирларимиз ўзларини қофия дарсини ўтиб бўлдик, деб ҳисоблайдилар.

Менинг ўйлашимча, қофия – кашфиёт демакдир. У фақат шоир ёки ўқувчининг эрмаги бўлиб қолмай, балки, адабий тилнинг ривожи учун ҳм хизмат қилиши зарур.

Рус шеърияти мисолида кўрсак, 60 йил ичида қофия жараёни жуда кўп босқичлардан ўтди. Маяковскийнинг новаторлиги билан Пастернак ва Асеевларнинг сўнгги шеърларидаги қофия ўртасида фарқ жуда катта.

Бизнинг қофиямиз-чи, Навоий замонидан бугунга қадар нимани топди-ю, нимани йўқотди? Буни фақат “танқидчиларга ҳавола” қилиб қўйсак, уят бўлади.

Шу маънода бошқа шоирлар қатори Муҳаммад Раҳмоннинг ўз қофиялари борлиги мени жуда қувонтиради. Бу қувонч Муҳаммад Раҳмонни “ёш шоир” деб аташга йўл қўймайди.

Шоирнинг ёши йўқ. Ёш шеърида бўлади. “Воя” ёки “балоғат” сўзларини шеърга ишлатган маъқул. Шоирнинг эса, ёши йўқ. У ҳамиша кексадир. Шоир имтиёздан баланд туради.

Қаранг, “Яшил дарё” китобининг асосида мунис бир жасорат ётибди. Балки “мунис” сўзи ҳаддан ташқари юмшоқ, “жасорат” эса, қаттиқ туюлиши мумкин, аммо мен бошқа ибора тополмадим.

Чунки, шоирнинг жасорати “катта проблемалар қўйиш” билангина чекланмайди, бу жасорат ўз сезгиларидан уялмай келтирган иқрорида ҳамдир. Жасорат дегани атрофидаги ёлғончиларга дўқ уриб, бақиришгина эмас, балки, уларнинг даврасида ўтириб, ўз фикрини айтмоқ ҳамдир.

Ваҳоланки, баъзи ёзувчи ва шоирлар “одамнинг сўзи билан иши бир бўлиши керак”, деб ўгит қиладилар, аммо хотинининг қулоғига “бу адабиёт эмас сенга, ҳаётдир” деб шипшийди, ёки “ўзимни адабиётга қурбон қиляпман”, деб шеърлар ёзади-ю, ўзи эса, дуч келгандан қурбонлик талаб қилади, шеъриятдан бошқа ҳамма нарсаси бўлганлар “шеъриятдан бошқа ҳеч нарсам йўқ”, деб алдайдилар.

Лекин бу ҳoлaт Рауф Парфининг шеъриятига ҳалал беролмайди. Ҳақиқий шеърият ўзича қувноқ, ўзича исёнкор, ўзича маҳзун. Тингланг: эътибор даъво қилмайдиган бир оҳангда, ўзбек даштлари каби кенг, вазмин, қорабайир туёқларидан сачровчи товушлар маромида шеър қуйила бошлайди. Аммо бу маром алдамчи. Охирги сатрлар сизни ҳушингизга келтириб қўяди…

Исён ўз шамойилини ўзгартиришга уриниб кўрди. У муҳаббатнинг кўйлагини кийиб, ўзини кўзгуга солди, мулойим, назокатли кўринишга интилди – бўлмади. Севгининг кўйлаги унга ярашмади. Шунда у тақлиддан воз кечди. Яъни бармоқлари билан ўпа бошлади, ўтли кўзлари билан силай бошлади. Исён ўзлигига қайтди. Ўз овозидан уялмай, куйлаб юборди.

Сиз унинг қўшиғини беихтиёр ёд оласиз.

Хотирада қолган шеър эса – тирикдир. Ахир айтинг, жавонда турган китобдан ҳам улуғроқ нарса борми? Аслида, ўша китобдан ҳам ўликроқ нима бор? Ҳар қандай китоб фақат мутолаа жараёнида тирилади. Таъбир қилганда, арвоҳ бу йўқ нарса, лекин уни эсласангиз кифоя, арвоҳ қаршингизда пайдо бўлади: Ҳамлет отасининг руҳини ёнига чақирмайди, уни эслайди, холос…

Шеър давом этади.

Чўчинқираб тинглайсан. Чунки, шеърдаги фикр паришон келаётган одам олдида бурилишдан чиқиб қолган йўловчидай дафъатан:

Кўкларга етмагай нолам, ёшлигим,
Сувга чўкиб кетган болам, ёшлигим…

Дафъатанлик фақат фикрда эмас. Шаклга эътибор қилинг: бармоқда ёзилган шеър баланпарвозликка мойил, бу ҳол унинг табиатидан келиб чиқади. Аммо Рауф Парфи вазн инжиқлигини енгиб, уни ўз ҳукмига бўйсундиради, ер чиройини тарашламай, борлигича, шеърнинг бўйнига тақади. Мана бу сатрлар фикримизни ойдинлаштириши мумкин:

… Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди,
Тўкилди у. Шафақ билмас баргрезон.
Қора совуқларга отиб юборди;
Шамоллар пойида синмоқда ҳазон,
Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди.

Сўзлар кескинлиги кўҳна вазнга янги шакл мазмунини беради: “Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди”. Бу сўзлар – шоирнинг энг ичкин, энг самимий изҳоридир. Бу уч нуқта билан ажратилган бўлаклар бир-биридан юз ўгирган, аммо бир-бирини таъкидловчи учта ҳолатдир. Учта тақа-тақ ёпилган эшик , учта қайтарилган “оҳ”.

Шоир “сарғайди” сўзининг ўрнига “сарғарди” сўзини ёзади. Чунки, сўнгги сўз ҳарфларидаги зарб, кескинлик уни кўпроқ жалб этади ва иккиланмай ўшани танлайди.

Бу маҳорат ҳанжари. Шоирнинг ягона қуроли.

У умр бўйи шу ханжарни чархлаш билан овора бўлажак. Уни бировга ўқталиш учун олиб юрмайди, бу ханжар шоирнинг ўзига аталган: кун-бакун, тун-батун чархланувчи бу тиғ ўзгаларни даволаб, ўзини ҳалок этишини шоир яхши билади.

Лекин бу хабардорлик уни фаолиятдан четга тортмайди, аксинча, – илҳомлантиради, вақт, лаҳзаларнинг муваққатлигини билган шоир “кундан олмаган ҳақини тундан олади”. Демак, шоирнинг ўз осойишталиги ҳақида ўйлаб ўтиришга вақти йўқ, шеърият унинг учун тирикчилик эмас, тирикликдир.

Шоир севгисида ҳам, нафратида ҳам, ҳатто рашкида ҳам курашчи. Лекин лоқайд эмас. Лекин, ҳаёт воқеаларига қараб, қўл қовуштириб турмайди; йўқолсин лоқайдлик, йўқолсин қовуштирилган қўллар. Яшасин ҳамдардлик, изтироб, ёрдам…

Бундан ташқари шоир учун

… Бир сўз бор,
Беғубор тонг каби гўзал.
Тонг чоғи очилган ғунча каби,
Ғунчада шабнам каби мусаффо…
Бир сўз бор
Ҳақиқат сўзидан ҳам юксак,
Ҳақиқатнинг ўзидан ҳам юксак
Бир сўз бор…

(Рауф Парфи)

Бу сўз “Ватан” сўзи. “Оёғи она ерга ботиб қолган” шоир бу улуғ тушунчани шунчаки плакат шаклида ифодалашни шаккоклик деб билади.

У Ватан ҳақида ўз севгилиси, ўз онаси тўғрисида ёзгани сингари ичкин, меҳр билан юракдан кечирган туйғусини ёзади.

1979
——-

Манба: “Кўзи тийран дард” номли мақолалар тўплами,
Ғафур Ғулом нашриёти, Тошкент – 1989.

ADABIYOT MANZARALARI

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *