
ADABIYOT MANZARALARI
Сентябр ойида адабиёт манзаралари саҳифасида икки улуғ маърифатпарварнинг ҳикматларидан парчалар бериб борамиз.
Баҳоуддин Нақшбанд:
“Менимча,ер юзи бир тирноқ юзича катталикдадир. Орифнинг қалб кенглиги бир нарсага нисбатда бўлмайди.Чунки ерлар ва осмонлар ориф қалбига нисбатан бир нуқта кабидир.”
“Тавҳид сирига оз вақтда эришиш мумкин.Лекин маърифат сирига етишиш жуда мушкул.”
“Маърифат илмнинг устидадир”
“Бир киши етишса- бу лутфга унинг адаби сабаб бўлган.”
———————————————————————
Рауф Парфи:
“Тирик ўликзорга сен учун келди.”-Робиндронатҳ Тҳакур.
Шоир,Илҳомнинг бир қўлида ханжар,
Бир қўлида порлар зумуррат,маржон.
Қоқар вужудингнинг эшигин,очар,
У сендан мурувват кутмас ҳеч қачон.
Кўзларингнинг дарчасини очадир,
Танингга тўлдирар англанмас ғулув.
Сени фалакларга тортиб учадир ,
Борлиқни сен бирла ютмак истар у.
Ўлимнинг қоронғу қаъридан келар,
Юрагингга кирар сувайдо каби.
Сенинг журъатингни Аллоҳдан тилар,
Сенинг жасоратинг-унинг матлаби.
Ярим дунё унга керакмас фақат,
Бутун коинотни забт этмаги шарт.
9.05.03.