• Ср. Фев 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

РАУФ ПАРФИ ҲАҚИДА

Сен 27, 2012
РАУФ ПАРФИ ҲАҚИДА
РАУФ ПАРФИ ҲАҚИДА

Турсуной Содиқова

Шоирлар нега дарвеш бўладилар? Чунки Аллоҳ уларнинг қалб кўзини очиб, бу ёруғ дунёнинг тилини тушунадиган қилиб қўяди. Шоир чор атрофнинг ичу тошини уқа бошлайди. Бу уққан-билганлари унга оғир келади, жуда оғир келади! Ақли бу юкни кўтаролмай, юраги эса сиғдиролмай ўзига ўзи тор келиб қолади. Инсон баъзан бир кишилик ғамга чидаш беролмайди-ю, дунёнинг оҳини кўтармоқчи бўлган шоир дарвеш бўлмай ким дарвеш бўлсин! Мана бу мисраларга эътибор беринг:

Куйган дарахт бўйнига осилар,
Оқ булут, оппоқ булут,
Йиғлагани кетар кейин…

Куйган дарахт ҳасратлари шоир юрагига оқа бошлайди. Бу ҳасратлар унинг ҳам қалб яраларини қўзғотади. У дарахтга, дарахт эса унга йиғлайди. Адл қомати кўмирга айланган, қўллари илтижо билан кўкка кўтарилганча қотган дарахтга осмоннинг раҳми келади. Ва ҳаётбахш нафаси билан унга дам солмоқчи бўлади. “Мен куйиб бўлдим, қайта тирилолмайман” дея пичирлайди дарахт.

Ипакдай оқ булутлар, момиқдай оқ булутлар унинг шохларига ўралиб кўнглини олмоқчи бўлади, “мен сўниб бўлдим, қайта уйғонолмайман” дейди дарахт. Шоир булутларнинг аламдан юлқинганини ва араз-ла бош олиб йиғлагани кетганини кўриб туради. Сизнинг кўзингизга эса куйган дарахтга суянганича юрагини юпатиб ўтирган шоир кўрингандай бўлади…

Уйғонмади тоғлар, дарёлар,
Уйғонмади бу қора дунё,
Уйғонмадим сенинг кўксингда…

Бу сатрларнинг ичига кириб кўринг. “Юрагимда булбулзорим бўлса ҳам, бир муҳаббат дардида гунг бўлиб ўтаётган мендирман! Сабр тошларини йиғавериб, уларни юрагимга тахлайвериб, бу зилдай юк остида эзилиб мажруҳ бўлган бағир мана мен! Индамас ғамлару тили йўқ нолонларни дарёларга қандай дўнишини мендан сўрангиз” дейди шоир. Тоғлар бу қора дунёнинг талай ғамларини димлаб ётганини, дарёлар унинг ўркач-ўркач андуҳларини сирли сандиқларида сақлаб оқаётганини кўриб туради шоир. Унинг наздида дарёлар ухлаб оқадилар. У дарёларнинг уйқудан сесканиб туриб, чуқур-чуқур чўккан ғамларини қирғоқларга чиқариб ташлашларини истайди. Тоғларнинг уйғониб, дард айтиб, бағир бўшатишларини хоҳлайди, Ўшанда бу қора дунёнинг ранги очилармиди, ҳаёт ўшандагина камалак рангида сайраб юборармиди, кўнгиллари бўшалгач, еру осмон топишиб кетармиди деб дарвешона ўйлар қилади у! “Кунлардан бир кун менинг исмим сенинг кўксингда жаранглаб уйғонса эди, юрагингда мени исташ истаги ҳам уйғонса эди, умргинам сенинг умринг ичида уйқудан кўз очса эди!” дея осмоний хаёлларга ўранади шоир! Бу қанотли хаёллар китобхонга ҳам ўтиб боради, ўқиганки одам бир зум бўлса-да, ўзи истаган бахт бекатларида, орзулари тахтларида уйғонишни хаёл қилиб қолади. Хаёлнинг, руҳиятнинг борлиги қандай яхши! Шу имтиёз учун ҳам Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!

…Шоирлар ўзингни ўзингга танитадилар. Бирдан кимлигингни билиб қоласан: уялиб кетасан, баъзан қўрқувга тушасан, ич-ичингдан пушаймонлар қиласан! Мана бу мисраларни қаранг:

Алдадилар мени беомон,
Севиб алдадилар севганларим,
Ўлдирдилар севиб-севиб…

Бир умр илм олиб, меҳнат қилиб мақсадларингга етишиш, камолотга эришиш учун ҳаракат қилдинг. Кўзлаган даражотга етдинг ҳам! Аммо ҳайратланарлиси шуки, шунча саъи ҳаракатга яраган инсон баъзида ўзи ўзини қурбонлиққа етаклаб боради. Унинг камоли, улғайиши унинг жувонмарг бўлишига хизмат қилишини қайси мантиққа сиғдириш мумкин!? Мен ишқ савдосини назарда тутяпман. Ишқнинг ўликларга кераги йўқ! У яшашнинг, тирикликнинг безаги, ҳатто мағзидир. Аммо нақ етилганингда сени ўлдириб қўядиган ишқнинг нима кераги бор?! Сен қурбон бўлиш учун камолотга кўтарилдингми? “Бир нарсага ортиқча меҳр қўйманг, у сизни кўру кар қилади” деган ҳадис бор. Билсанг, бу огоҳлантирувчи чақириқдир, бу илоҳий эслатмадир. Пулга ружу қўйсанг, бир куни сени пул ўлдиради. Мансабга ружу қўйсанг, ўша мақомнинг энг баланд поғонасига олиб чиқиб, сени ўша ердан пастга ташлайдилар! Ишққа ружу қўйишни кўриб турибсан, у худо берган жами неъматларни кўзингга кўрсатмай қўйди, дунё овозларини эшитмай қўйдинг: кўзинг, ақлинг ухлаб қолди! Мана етиб келган марранг: “ўлдирдилар севиб-севиб” деб турибсан…

Яратганнинг сенга берган бошқа неъматларини кўрмаслик — гуноҳ, улардан роҳатланмаслик, шукрини айтмаслик — гуноҳ, сенга берилган моддий, маънавий, жисмоний имкониятлар олдида ўзингни қарздор сезмаслик — гуноҳ! Бу қарзларни узиш учун эса ўлиш эмас, яшаш ва яшаш керак, азизим! Буларнинг барини ҳисобга ол ва ишқни ҳам шу неъматларнинг бири деб бил ва юрагингнинг бир четига уни ҳам эк ва асра! Ўйла, аммо эви билан! Куй, аммо тарки дунё қилиш даражасида эмас!…

Шу уч қаторгина шеърдан шунча фалсафа қалқиб чиқади. Раҳмат, шеърият! Раҳмат, Рауфжон! Бугун сизни соғиниб эсладим, сизлаб эсладим, юракларим оқиб, хаёлларимни варақлаб излаб эсладим. Бош қўйган жойларингиз нурларга тўлсин, дўстим.

Матнни Муслимбек Мусалламов юборган

«Хуршид Даврон» блогидан олинди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *