
Намоз Нормўмин
(Ҳизбчилар, сўфийлар, таблиғчилар, нурчилар, акромийлар, салафийлар ва бошқалар ҳақида)
Навбатдаги мақоламизнинг ибтидосида ушбу туркумга тааллуқли баъзи нуқталарга тўхталмоқчи эдим:
1.Ушбу туркум мақолаларни баъзи яхши ниятли биродарларимиз “Ўрта, яъни Ҳақ йўлнинг ижоди” сифатида қабул қилмоқдалар. Бу бизнинг ушбу уринишимизни нотўғри талқин қилишдан иборатдир. Ҳақ йўл (ўрта йўл)нинг ижод қилиш бизнинг вазифамизга кирмайди. Зеро, бу йўл ягона ва мутлақ ҳақиқат йўли сифатида азалдан мавжуддир. Бизнинг вазифамиз аслида мавжуд бўлган бу йўлнинг моҳиятини Аллоҳ берган илм даражасида бошқаларга тушунтиришга уринишдир. Ижод эса бундай йўл аввалда умуман бўлмаган дея, уни кашф қилишга уринишни билдиради ки, бизнинг ниятимиз асло бундан иборат эмас.
2.Ҳақ йўл, яъни биз таърифлашга уринаётган ўрта йўлнинг таърифи, Каримов диктатураси Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсий тараққиётнинг бутун йўлларига тўсиқ қўйган бугунги кунда, аҳамиятсиз бўлиб кўриниши мумкин. Аммо бу диктатура Аллоҳнинг инояти билан ўртадан кўтарилиб ташланганда бундай йўлни билиш ва тадбиқ қилишнинг нақадар муҳимлиги ўз ўзидан аён бўлади. Чунки дарёнинг йўлидан тўғон олиб ташлангандан кейин сув шиддат билан қуйига оққани каби, жамиятнинг йўлидан ҳам тўсиқ олиб ташлангандан кейин турли ғоялар ва ҳаракатларнинг ўзаро кураши ва ҳатто тўқнашувлари ўртага чиқиши мумкин. Мисол сифатида айтадиган бўлсак, Каримов диктатураси тугагандан кейин жамиятда исломий, демократик, миллатчи, либерал, коммунист тоифаларнинг ўзаро курашлари ва қарама қаршиликлари ўртага чиқиши табиий ҳолдир. Ва Аллоҳ қўрисин, бундай қарама қаршиликлар қонли низоларга (яқин тарихда Тожикистонда бўлгани каби) айланиб кетиши ҳам мумкин. Бундай низоларга йўл қўймаслик учун ҳам ҳозирданоқ ҳаммани мумкин қадар қаноатлантирадиган бир йўл (низом, дастур) атрофида келишиш мутлақ зарурат, деб ўйлайман.
3.Ҳақ танимас баъзи кимсалар ушбу туркумда берилаётган мақолаларнинг моҳияти ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмасдан, уни мазах қилишда давом этмоқдалар. Афсуски, уларнинг ўзлари бу масалада бирор фикрни ўртага қўя олмайдилар. Яъни, улар бизнинг ақлимиз етмаган нарсага сиз нега қўл урасиз қабилида иш тутмоқдалар. Бундай мазахчиларга биз мусулмон сифатида шундай жавоб берамиз: Бугун сизлар кулингизлар, эртага ҳақиқат тантаъна қиладиган охират кунида биз сизнинг устингиздан куламиз иншаллоҳ…
Ушбу туркумнинг бугунги мавзуси мусулмонлар орасида турли сабаблар билан ўртага чиққан гуруҳлар, жамоатлар ва фирқалар масаласи бўлади. Бу мавзу нафақат мусулмонлар, мусулмонлар яшайдиган барча давлатлар, шу жумладан ҳали тараққиёт йўлини топиб олмаган Ўзбекистон каби янги давлатлар учун ҳам ниҳоятда муҳим ва долзарбдир. Ушбу мавзу тафсилотларининг баъзи қирралирига тўхталишдан олдин Ислом дини нима ўзи деган саволга ўз илмим даражасида жавоб беришга уриниб кўраман. Чунки бу саволга тўғри жавоб бермасдан ҳозирда мусулмонлар орасида мавжуд бўлган турли жамоат ва гуруҳларнинг ҳақиқатини тушуниб олиш осон бўлмайди…
Диннни турлича таърифлаш мумкин. Диннинг асосий таърифи унинг илоҳий ҳақиқатларга таянишидир. Илоҳий ҳақиқатлар эса инсон ақли ўзича эриша олмайдиган, аммо ақлнинг фаолият доирасига ўз таъсирини ўтказиб, унга илоҳийликка мос маъно берадиган ҳақиқатлардир. Илоҳийлик самовий, яъни Аллоҳ таоло нозил қилган ҳақиқатлар шаклида бўлгани каби, инсонлар ўзлари тўқиб олган уйдирма “илоҳийлик” шаклида ҳам бўлиши мумкин. Самовий илоҳийлик ёки самовий динлар Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига нозил қилган Таврот, Забур, Инжил ва Қуръони Каримга асосланган ва асосланади. Таврот ва Инжил келтирган ҳақиқатлар вақт ўтиши билан инсонлар тарафидан асли ўзгартирилгани маълумдир. Шунга қарамасдан бу Илоҳий Китобларга эътиқод қиладиганлар Қуръони Каримда “Аҳли Китоблар”, яъни ўзларига Аллоҳ тарафидан китоб (Таврот ва Инжил) берилганлар, дея таърифланади ва мусулмонларнинг уларга муносабатида, китоб берилмаганларга нисбатан, алоҳида қирралар мавжуд. Масалан, мусулмонларга аҳли китобларнинг баъзи таомлари ҳалолдир ва мусулмон эркаклар аҳли китоб аёлларига уйланишлари мумкин.
Самовий динларда дин ҳаёт низоми ўрнида кўрилади. Яъни, бу динларга эътиқод қилган инсонлар ўз ҳаётларининг бутун қирраларини динларининг қонун қоидаларига кўра тартиб солишга мукаллафдирлар. Ушбу қоида ҳам вақт ўтиши билан аҳли китоблар назарида ўз кучини деярли йўқотгандир. Бунинг сабаби юқорида таъкидлангани каби уларнинг ўзларига нозил қилинган Илоҳий Китобларга ўзгартиришлар киритгани ва бу туфайли эътиқодлари ва амалий ҳаётлари ўртасида турли ихтилофлар ўрин олганидир.
Бу маъно Ислом дини қадриятлари нозил бўлгандан бошлаб бугунга қадар ўзгармай келаётган ягона диндир. Маълумки, Қуръони Каримни қўришни уни нозил қилган Парвардигоримиз Ўз Олий Зиммасига олгандир.
“Ушбу Зикрни (Қуръонни) биз нозил қилдик ва албатта уни Биз Ўзимиз қўриймиз” (Ҳижр сураси 9 оят)
Қуръони Каримда Ислом дин, дея таърифлангандир. Яъни, Исломнинг диндан бошқа таърифи йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Масалан, Исломий ҳаракат, Исломий партия, Исломий давлат ва ҳакозалар кейинчалик, турли сабаблар билан ўртага чиққан таърифлардир. Уларга изоҳ беришдан олдин Исломнинг “дин”, дея аталишининг даллиларига қисқа назар ташлайлик:
“Ҳеч шубҳасиз, Аллоҳнинг наздида ягона дин Исломдир” (Оли Имрон Сураси 19)
“Кимки Исломдан бошқа дин (ни қабул қилишни) истаса, ундан бу асло қабул қилинмайди ва бундай қилганлар (Исломдан бошқа динни танлаганлар) охиратда зиёнда бўладилар” (Оли Имрон сураси 85)
“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни тамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим.” (Моида сураси 3)
Ушба далиллар, Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадислардаги шунга ўхшаш бошқа далиллар инсоният учун Аллоҳ таоло нозил қилган диннинг Ислом эканлигини исботлайди. Шундай экан, бу дин қандай дин, деган савол туғилиши ўз ўзидан тушунарлидир. Чунки бугунги кунда мусулмонлар турли гуруҳлар, жамоатлар, мазҳаблар ва давлатларга бўлиниб кетган пайтда, Исломга қизиққанлар бу диннинг асл маъносини ўрганишни истайдилар. Турли тоифаларнинг Исломни ўзларича талқин қилишлари албатта инсонларни қониқтирмайди. Айтиш керакки, бундай фирқа ва гуруҳларнинг баъзилари аллақачон Ислом доирасидан чиқиб ҳам кетганлар. Масалан, баҳовийлар, нусайрийлар, қодиянийлар каби тоифалар, Аллоҳ ва махлуқотнинг бирлигига эътиқод қиладиган сўфийлар шулар жумласидандир…
Шундай экан, Ислом динининг Муҳаммад (сав) келтирган асли шаклининг маъноси нимадан иборат, деган саволнинг туғилиши табиийдир. Юқорида Исломнинг ягона таърифининг дин эканлигини, шунинг учун ҳам Исломий ҳаракат, фирқа, партия, Исломий сиёсат (ёки сиёсий Ислом), Исломий давлат қаврамларининг (ғоя ва тушунчаларининг) Исломни тўлиқ таъриф қила олмаслигини таъкидлаган эдик. У ҳолда Исломнинг дин сифатида таърифи нимадан иборат? Бу саволга жавоб бериш учун динни қуёш ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларини (сиёсат, иқтисод, таълим тарбия, ҳуқуқ, оила ва ҳк) шу қуёшдан жон оладиган дарахтлар ҳолида тасаввур қилсак, у ҳолда диннинг ҳақиқий маъносини тушуниш жуда қулай бўлади. Яъни, қуёш (дин) ўзи жон берадиган дарахтларнинг (ижтимоий тармоқларнинг) ҳеч бири эмасдир, айни пайтда бу дарахтлар (ижтимоий тармоқлар) қуёшсиз (динсиз) ўз жонлиликларини қўрий олмайдилар ва албатта мева бера олмайдилар. Шунинг учун ҳам масалан, сиёсий Ислом ёки Исломий давлати тушунчаси Исломни дин сифатида тўлиқ тамсил қила олмайди. Бу ҳолда диннинг маънавий, илмий ва бошқа жиҳатлари иккинчи ўринга тушиб қолади ва ўз ўзидан эътиборсизлашади. Шундай экан, жамиятда мусулмонларнинг турли соҳаларда фаолият олиб бориши табиий кўрилиши билан бирга, улардан бирининг бутун ижтимоий соҳаларни тамсил қилишини иддоа қилиши тўғри эмаслиги ўз ўзидан тушунарли бўлса керак. Яъни, мусулмон сиёсатчи, мусулмон иқтисодчи, мусулмон муаллим, мусулмон ҳуқуқчи бўлиши мумкин. Аммо масалан, мусулмон сиёсатчининг ўртага чиқиб дунёда ягона мусулмон менман дейиши албатта тўғри эмасдир…
Демак, аввал инсонларнинг қалбида ўрин оладиган дин (имон, эътиқод) шу тарзда жамият ҳаётининг бутун қирраларини ўз таъсир доирасига олади ва уларга ўзинг маъносига кўра маъно беради (уларни эътиқодий ва амалий хусусиятлари билан шакллантиради). Шунинг учун Исломда ижтимоий соҳанинг бирор тармоғини диндан ажратишни тасаввур қилиб бўлмайди. Акс ҳолда бу соҳа қуёш нуридан ажралган дарахт каби мева бериш у ёқда турсин, қуриб чиришга маҳкум бўлади…
Шу ҳолда мусулмонлар орасида турли тоифалар, жамоатлар, фирқалар ва гуруҳлар қаердан келиб қолган? Албатта уларнинг ўртага чиқишининг турли сабаблари йўқ эмас. Аммо Қуръони Каримга мурожаат қилганимизда Аллоҳ таоло мусулмонларга қатъиян фирқаларга айрилмасликни, айниқса фирқаларга айрилиб, ҳар ким ўз фирқасининг йўлини мақташини ман қилганини кўрамиз:
“Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз”. (Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси–Қуръони Каримни маҳкам ушлашликдир. Шундагина нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир. Бу оятнинг ушбу жумлалари мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Қуръони Карим Аллоҳнинг ипи-арқони эканлиги ҳақида жуда ҳам кўп ҳадислар келган.) (Оли Имрон сураси 103)
“Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб ихтилофга тушиб, фирқа фирқа бўлманглар. Ана ўшаларга улуғ азоб бордир”. (Бу ояти каримада мусулмонларга аввалги умматларга ўхшаб ихтилофга тушиб, турли фирқаларга бўлиниб кетмаслик амр қилинмоқда. Бундай қиладиганларга эса охиратда улуғ азоб берилиши билдирилган)(Оли Имрон сураси 105)
“Динларида фирқа фирқа бўлиб, гуруҳбозлик қиладиганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур. (Анъом сураси 159) Бу ояти каримада гуруҳбозлик сўзининг араб тилидаги маъноси “шиа” шаклида келган. Яъни, “шиа” демак, гуруҳбоз, тарафкаш, деганидир ва бу ояти карима мусулмонларни “шиа” бўлишдан таъқиқламоқда…
“Динларида фирқаларга бўлиниб, ҳар гуруҳ ўзидаги нарсадан шод бўлганлардан (бўлманг)” (Рум сураси 32)
Бу ояти карима мушриклар ҳақида бўлса ҳам мусулмонларга турли фирқаларга бўлиниш ва бу фирқаларнинг фақат бизнинг йўлимиз тўғри дея фирқабозлик қилишлари таъқиқлангани унда таъкидган ҳақиқатдир.
Қуръони Каримнинг бу ҳақиқатлари ўртада экан, мусулмонлар орасида бундай “фирқабозлик”нинг кўплиги албатта инсонни таажжубга сабаб бўлади. Бунинг турли сабаблари борлигини юқорида таъкидладик. Бу сабабларни тарихий жараёнлар, илмий ва миллий ихтилофлар, дея умумий шаклда таърифлашимиз мумкин.
Энди бугунги мавзумиз бўлган баъзи фирқаларнинг фирқабозлиги масаласига келайлик. Масалан, “Ҳизбут таҳрир” фирқасини олайлик. Бу фирқа 20 асрда ўртага чиққан (!)лиги маълум. Нимага чиққанлиги ҳам маълум (Фаластин масаласи). Инсонларни нимага тарғиб қилишлари ҳам маълум. Яъни, бу фирқа Исломда ягона йўлнинг халифалик қуриш эканлигини иддоа қилади. Ва бунинг учун ўзларича бир низом ҳам белгилаб, мусулмонларнинг мана шу низомга кўра ҳаракат қилишларини мажбурий, дея эълон қиладилар. Аслида халифаликнинг моҳияти ушбу ҳизбчиларнинг иддоасида кўрсатилгани кабими, деган савол туғилади. Маълумки, Муҳаммад (сав)дан кейин Абу Бакр (ра)халифа бўлган (яъни пайғамбаримиздан кейин мусулмонларнинг раҳбари қилиб сайланган) эди. Аммо у кишидан кейин мусулмонларга раҳбар бўлган Умар (ра) халифа, деган унвонни қабул қилмайди ва ўзларини “Амирул мўъминин” (Мўминларнинг амири), дея аташларини амир қилган эди. Яъни, мусулмонларнинг раҳбарини ҳамма вақт ҳам халифа, дейиш шарт эмас экан. “Амир”, “Раис” каби атамалар бу маънода ишлатиши мумкин экан. Қолаверса, аввалги тўрт халифа (Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али р.анҳумлар) “Хулофаи рошидин”, яъни яхши, тўғри халифалар бўлганлар. Улардан кейин келган мусулмонларнинг раҳбарлари динни тўла тўкис тамсил қилмаганки, бунга Ислом тарихидан халифа ва султон бўлганларнинг ва ҳозирда мусулмонларга раҳбарларлик қилаётганларнинг тажрибаларидан кўплаб далил келтириш мумкин. Шундай экан, фақат халифалик қуриш мусулмонларнинг ягона ғояси бўлиши ёки бу билан мусулмонларнинг барча муаммолари ҳал бўлиши мумкинми? Албатта, бундай эмас! Ҳозирги замонда ҳам, аввалда ҳам мусулмонлардан иттифоқ бўлиш талаб қилинган. Ҳизбчиларнинг тинмай “халифалик, халифалик”, дейишларнинг асосида аслида мана шу Исломий иттифоқ туради. Яъни, бугун 60 га яқин давлатга бўлиниб кетган ва шунингдек дунёнинг барча давлатларига тарқалиб кетган мусулмонларнинг иттифоқи туради бу масаланинг асосида. Бундай иттифоқ қандай амалга ошади? Бу саволга жавобни албатта Ислом умматининг бутун вакиллари, шу жумладан умаролари (раҳбарлари) ва уламолари (олимлари) беришлари керак бўлади. Аммо бу вазифа асло “Ҳизбут таҳрир” каби бир “фирқа”, айниқса манманлик билан шуғулланадиган, фақат ўзининг билганини ўқийдиган, ўзларидан бошқаларни ўйламай нетмай “куфрда” айблайдиган “фирқанинг” вазифаси ҳисобланмайди. Яқинда менга эҳтимолан шу фирқа вакиллари юборган бир мактуб келди. Унда “фуқаровий жамият” қуришни истаганлар “куфрда” айбланади. Астағфируллоҳ, агар бундай жамиятни мусулмонлар қуришни истасачи? Фуқаровий жамият дегани бундай жамиятни қуришда ва қўришда унинг аъзолари иштирок этиши, деганидир. Яъни, мусулмонлар ҳам ўз эътиқодаларига кўра фуқаровий жамият қура оладилар. Чунки мусулмонлар фақат фуқаровий жамиятнинг зидди бўлган диктаторликлар ва подишоҳликларда яшай оладилар, деган қоида ҳеч қаерда ёзилмаган. “Ҳизбчи”илар бирор жойда ўзлари тузиб олган “халифалик” низомини кўрмасалар, ўша ерга “куфр” тамғасини уришдан асло тўхтамайдилар. Ахир, инсон гўшт еганда дарров унга ҳаром нарса едингиз, дейилмайку! Гўшт ҳаром бўлгани каби, ҳалол ҳам бўлиши мумкин. Шундай экан, жамият қуриш фикри бўлган инсонга дарров “кофир” ҳам дейилмайди. Мусулмон кишининг ўз ақидаси ва амалларига мос келадиган “фуқаровий жамиятида (диктаторлик, роҳиблик ва подишоҳлик эмас), аксинча раҳбарлари мусулмон фуқаролар тарафидан сайланадиган ва улар тарафидан фаолияти назорат қилинадиган жамиятда яшашни исташи унинг табиий ҳаққи эмасми?
Бундай жамиятлар қуришга кунимизда Туркия, Миср, Тунис каби давлатлар Тоййиб Эрдўғон, Муҳаммад Мурсий, Рошид Ғаннуший каби мусулмонлар раҳбарлигида аста секинлик билан илгариламоқдалар. Шундай экан, бу мусулмон раҳбарларни ким улар мусулмон эмас, улар қураётган жамиятлар ҳам Исломга умуман тўғри келмайди, дея олади? Буни фақат ўз фирқасининг мутаассиби бўлган “ҳизбчилар” айтиши мумкин холос…
Бу орада шуни таъкидламоқчиман: Мутаассиблик фирқачиликнинг айрилмас ва асосий шартидир. Ислом динида эса бирор масалада ҳаддан ошиш, яъни мутаассиб бўлиш таъқиқланган. “Ҳизбут таҳрир” фирқасига жуда кўп мусулмон олимлар раддиялар беришган. Биз эса бу ерда улар ҳақида юқорида айтилган гаплар билан кифояланамиз.
Худди шундай баъзи сўфийлар ҳам асло ўз билганларидан қолмайдилар. Яъни, уларга кўра Аллоҳ ҳамма нарсадир, инсондир, пайғамбардир, мавжудотдир ва ҳк. Шунинг учун ҳам инсоннинг ғояси мана шу аслига, яъни Аллоҳга эришишдан иборатдир. Бундай “фалсафа” Исломнинг тавҳид ақидасига тамоман зиддир. Чунки Ислом ақидасига кўра Аллоҳ Аллоҳ, инсон эса инсондир, яъни Аллоҳ таолонинг бандасидир. Қуръони Карим ҳеч кимнинг ва ҳеч бир нарсанинг ҳеч бир жиҳатдан Аллоҳ таолога ўхшамаслиги ва тенг бўла олмаслиги ақидасини келтирган:
“Айтинг (Эй Муҳаммад): У Аллоҳ Бирдир, Сомаддир, туғмаган ва туғилмагандир. Ҳеч нарса Унга тенг эмасдир” (Ислом сураси 1 -4 оятлар)
“Ҳеч нарса Аллоҳга ўхшамайди…” (Шуаро сураси 11)
Шундай экан, инсондан исталган нарса ҳам Аллоҳга эришиш эмас (буни зотан тасаввуфий йўл билан ҳам, тасаввур йўли билан ҳам амалга ошириб бўлмайди), Аллоҳнинг ризосига эришишдир. Аллоҳнинг ризосига эса У истаган шаклда ва фақат Унгагина эътиқод қилиш ва Унинг Ўзи амр қилган амалларни охирги пайғамбари Муҳаммад (сав)га эргашиб, амал қилиш билан эришиш мумкиндир.
Бундай сўфийларнинг ботил уринишларининг натижаси ўз вақтида Бобурнинг невараси Акбаршоҳнинг Исломни, насронийликни ва ҳинд динларини бирлаштириб (?) “Илоҳий” динни “ижод” қилиши билан якунланганди. Бундай сохта динга ўша вақтда яшаган энг машҳур сўфийлардан имом Роббоний қисман қарши чиққан, шунинг учун ҳам у бундай сўфийлар мутаассиблик билан ёпишиб олган “Ваҳдати вужуд” ақидаси ўрнига “Ваҳдати шуҳуд” ақидасини таклиф қилганди. Хўш, баъзи сўфийларнинг бундай мутассиблиги амалий ҳаётда нимадан иборатдир: Буни уларнинг тинмай қабрма қабр кезиб юришларидан билиб олса бўлади, Чунки Аллоҳ ҳамма нарса бўлгани ва ҳамма нарса, шу жумладан инсон, яъни тасаввуф шайхлари ҳам Аллоҳдан парча бўлгани учун ва мақсад Аллоҳга эришиш бўлгандан кейин, бунга фақат мана шу “шайхлар”нинг ёрдамида (уларни восита ёки робита қилиш орқали) эришиш мумкиндир. Аллоҳ ўлмайди, демак Аллоҳдан бир парча бўлган авлиё шайхлар ҳам ўлмайдилар, шунинг учун ҳам уларнинг қабри муқаддасдир, улар қабрларида бўлса ҳам тирикларга Аллоҳга эришишга ёки Унга бандалик қилишда ёрдам берадилар…Бундай ширк аралашган ақиданинг Муҳаммад (сав) Исломни келтиришларидан олдин мушрикларнинг эътиқодидан фарқ қилмаслиги ҳаммага маълумдир. Улар ҳам ўз бутларини Аллоҳга шерик қилишар ва бу шаклда тоат ибодатларини шу бутларга қилишарди. Бундай сўфий фалсафадан воз кечишнинг ўрта йўли Исломнинг соф тавҳид ақидасига эътиқод қилиш, яъни Аллоҳ таолони ягона Роб ва Илоҳ ўрнида кўриб, фақат Унинг Ўзигагина қуллик қилишдир…
Айтиш керакки, бундай ўзига хос ва ўзига мос ақида баъзи сўфийларнинг йўлидир. Чунки тасаввуфни нафс поклиги (тазкия, бу мавзуга алоҳида тўхталамиз иншаллоҳ), Аллоҳни зикр қилиш, тавба истиғфорнинг махсус йўли, дейдиган сўфий тоифалар ҳам бордир.
Хўш, Исломнинг асл ҳолида қабрларни зиёрат қилишга рухсат берилганми? Муҳаммад (сав) Исломнинг Макка босқичида, яъни жамиятда ширк ақидаси ва амаллари устун бўлган даврда қабрларни зиёрат қилишга рухсат бермаганликлари маълум. Аммо Мадинага ҳижрат қилиниб, жамиятда Тавҳид ақидаси ва амаллари устун бўлгандан кейин пайғамбаримиз (сав) мусулмонларга ўлимни хотирлаш ва марҳумларга Аллоҳ таолодан мағфират сўраш мақсадида қабрларни зиёрат қилишга рухсат берган эдилар. Демак, Исломда қабрлар муқаддас жойлар ҳисобданмайди. Чунки муқаддаслик сифати ягона Илоҳнинг, яъни Аллоҳ таолонинг Зотига хосдир. Исломда эса қабрлар ер куррасининг оддий қисми ўрнида кўрилади ва у ер марҳумлар данф қилингани учун ҳам ўлимни хотирлатувчи ва марҳумлар учун Аллоҳ таолодан мағфират исталувчи макон ўрнида кўрилади. Фақат бу ўлимни хотирлаш ва марҳумларга мағфират исташнинг ягона жойи қабрлардир, деган маънони ҳам билдирмайди. Исломда мусулмон киши бутун ибодатларни бунинг учун имкон бор бўлган барча жойда амалга ошира олади. Шунинг учун ҳам масжидлар намоз ўқийдиган махсус маконлар ҳисобланишига қарамай, мусулмонлар уйларида ва бошқа маконларда бемалол бу ибодатни адо эта оладилар…
(давоми бор)
Намоз Нормўмин
25 сентябрь 2012 йил
Номоз ака муборак мияларига бироз тин беришлари керак. Одамни қийнайдиган энг разил нарса- мияси. Худо ақл билан тушинилармикан? У одам боласининг тушунчалар доирасиги сиғадими? Яратган ЖОН билан боглиқ. Мияни ишлатаверган ва ақли сен бошқачасан дея алдаб қўйган одамлар-жонларнинг душмани.Айтайлик, Номоз ака фикр айтган одамни «Ҳақ танимас баъзи кимсалар», деб атайди. Бу Худони жони билан туйган одамнинг гапимас, қаердан бу дахшатли хулоса? Миллиардлаб одамларнинг забонидан бир сония булсин «Ё, Яратган Эгам» каломи тушмайди. Кимнинг яқинлигини Номоз ака биладиларми? Бу- Абутов, қарзовийларнинг шеригини гапи. Ёки ул зот айтадики, «Нарги дунёда биз куламиз». Яратган баримизни икки дунё шод этсин. Худо Номоз аканинг ола-була гапларига нисбатан сал бошқа фикр айтган одамни қийнаб, «Номоз қара, кулиб ол», дейишига ишонган одамни Худога жони ришталари билан боғланган одам деса бўладими?
Номоз ака одамларимизнинг барисига маълум хақиқатларни қайта-қайта айтиб, ном қозонишдан чарчамайдилар . Худо-ягона, исломда ибодатни масжиддан ташқарида хам қилиш мумкин каби илмлар одамларимизнинг деярли хаммамисининг юрагига болалигидан михланган. Аёнга баённинг нима кераги бор? Ақлингиз сизни хоритмайдими?
У киши Ватан юрак уришидан олислаб кетган ва айтадиларки «эртага Каримов кетса биз айтаётган йўлни билиш ва тадбиқ қилишнинг нақадар муҳимлиги ўз ўзидан аён бўлади». Гумонимиз бор. Биринчидан бу йўлни нималигини биров тушунмаяпти. Кейин Каримов кетса ўрнига йўл хақида ўз тушунчаси бор одам келади. У агар сиз булмасангиз, сиз ва унинг фикрлари қанчалик муштараклиги номаълум хозирча.
Баъзида ўрта йўл хакида гапираётган одамнинг чекка жойлардан гапига исбот излаши ажойиб. «…тинмай қабрма қабр
кезиб юрган» одамлар ростдан хам тариқат одамларими? Ё адашганларми? Бизнинг одамлар орасида «Аллоҳдан бир парча
бўлган авлиё шайхлар ҳам
ўлмайдилар» деган одамни сиз кўрганмисиз? Ёки «улар қабрларида бўлса ҳам тирикларга Аллоҳга эришишга
ёки Унга бандалик қилишда
ёрдам берадилар» деганлариничи? Одамлар дарддан қийналиб, бола илинжида қабрларга боришади ишонганларидан, лекин улар сўфийлармас. Шунга қарамай Яратган уларнинг дардига шифо, бешигига бола беради. Чунки бундай одамлар ЖОНИ билан Хакка талпинишади. Уларда Номоз акадаги акл йук.
Номоз аканинг нияти-айтмоқчи бўлган шох фикрларига келамиз. «Бундай жамиятлар қуришга
кунимизда Туркия, Миср, Тунис
каби давлатлар Тоййиб Эрдўғон,
Муҳаммад Мурсий, Рошид
Ғаннуший каби мусулмонлар
раҳбарлигида аста секинлик билан илгариламоқдалар». Бемаъни гап. Туркия бир йилда 300 та харбийни тузумидан хавфсираб қамайди. Эрдоган Суриядаги мусулмонларнинг қонини ичгани террорчилар тайёрлаб юборади, турклар дунё буйлаб мардикорликда. Неоомонизм гояси юрти ичидан емираяпти. Эрдоган- Обамани яловчиси. Одамларни алдаб нима қиласиз? Мурсийнинг бирон яхши ишини биров кўрмади. Харбий холатни бартараф этиш-юрт талаби эди.Миср парламенти кизлар никох ёшини 9 ёшга туширишга уринаётганини эшитамиз. Тунисда хам эл яйраётганини кўрмадик. Ака, революцияни одамлар онгига тиқиштирманг, илтимос. Ёшлар юрагида ота-оналаримиз берган Хақни асраб, дунё илмларини эгаллашсин, ўсишсин, ўзига ишонадиган бўлсин. Эл илмли бўлса озод бўлади. Тиз чўкмайди. Диктатура қаро ерга кетади. Элни илмли бўлишига уриниш керак.
Номоз ака, Тунис элини бахтли келажак сари етаклаётган Рошид Ғаннуший деган одам ким? Илтимос, айтворсангиз! Мухаммад Ғаннуший ким? Монсеф Марзуки ким?
Динга сиёсатни аралаштиришнинг хожати йук. Бу нарса билан дин булганади, инсоннинг кунгли улади, иймони заифлашади. Бемаъни сафсатабозликдан фойда булса уша сафсата сотганларга фойдаси бордир, лекин бошкаларга эмас. Динимизга эса умуман фойдасиз.
Революция учун динни курбон килишнинг хам кераги йук, окибати нима билан тугашини «ислом республикалари» мисолида куряпмиз. Баъзи уламоларимизнинг маърузалари хам сафсатага якинлашиб бормокда, ургатилган тутидан фарки колмаяпти. Бунакада ким эшитади бунака «сиёсатчи» уламоларни ?
Энг мураккаб масаланинг хам жуда оддий ечими булади. Мисол, Аллохниниг розилигини истаган бандаси унинг пайгамбарига эргашсин, суннатларига амал килсин, хаёт йулини ургансин, ва шу нарсалардан узи учун, охирати учун фойдалансин. Кайсидир бир авлиёни Аллох розилиги йулида воситачи килишнинг узи аклга сигмайди. Зотан у хам Аллохнинг бандаси. Хак таоло бандаларининг орасидан ёлгиз Росулуллох С.А.В.ни олий макомга лойик куриб, барчамизни у олий зотга эргашишимизни буюрганлигини хар кандай мумин мусулмон билади ахир. Уша авлиёлар хам ! Хар хил «кумир»ларни ихтиро килиш билимсизликдан, каллаварамликдан келиб чикмокда. Кабрларга бориб сигинганлар масаласига келсак хам шундан бошка жавоб йук. Бирор ниятига эришаётган булса Аллох насиб килгандир, кабр эмас ! Хамма нарса ниятга богликлиги хакида уйлаб куришга онги етмайдими буларни ?
Динда фиркага булинишлик ва шунга ухшаган нарсалар хам огир гунохлардан саналади, сабаб бу ишлар факат залолатга олиб келиши аник. Абдурахмон Жомий ( кадим Хуросондаги шиа-сунний можароларидан безиб ёзган булса керак) «Десалар Жомиё сен кайси мазхабдансан, юз шукрки суннийнинг итию, шианинг эшаги эмасман» деганда нимани назарда тутганлигини уламолар тушунтириб бера олармикин ? Шу каби разилликлар динни сиёсатга аралаштиришдан келиб чикмадими ? Уларга эргашганлар охиратда уларнинг бугзидан олмасмикин ?
Хуллас калом «булажак» суфийларга хам, бошка хар хил оким ва йуналишлар тарафдорларига хам, мусулмон «анархист»лар, мусулмон «демократ»лар, намозхон революционерлар, турфа хил «грантоед»ларга хам битта гап: Булмагур «кашфиёт»ларингиз билан одамларнинг бошини айлантирманглар, иймонингиз шунчалик махкам булса буладиган гапни гапиринглар.
Куп гап эшакка юк !
Намоз ут билан сувни бир бирига якинлаштирмокчидир дуневий билим эгалари канчалик дуневий илмда комил булсалар шунчалик диндан узоклашишлари табиий сабабки дин урганган одамга хамма хает жараенлари оллох томондан идора килинади деган тушунча мияга куюлади шунинг учун мусулмонлар очикдан очик хатто дуневий илм эгаларини масхара хам килишади Демакким биз болаларга канчалик дуневий илм беришга илдам булмайлик ислом дини намоендалари бунга жон жахди билан каршилик килишади
Namoz akaning so’fiylar haqidagi safsatalarini o’qib, bundan oldin Yusuf Rasul aytgan bir fikr yodimga keldi. Bu fikrlar johilning juninidan o’zga narsa emas. Johil yana jununga kelibdi.