• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

  
ИСМАТ ХУШЕВ
UzbekDunyo@hotmail.com
ПРЕЗИДЕНТ ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ  
ИККИНЧИ КИТОБ  
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
 ред коллегия
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” — «Жизнь и экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўртада) таҳрир ҳайъатининг навбатдаги йиғилишини бошқармоқда.
Йиғилганлар – Молия институти ректори, академик Мурод Шарифхўжаев (ўнгдан биринчи), Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент  филиали директори,  иқтисод фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳмонов (чапдан биринчи), Ўзбекистон республикаси давлат статистика қўмитаси раиси Шуҳрат Ҳожимуродов (ўнгдан иккинчи), институт ректор ва проректорлари, иқтисодчи олимлар,  Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат планлаштириш Қўмитасининг масъул ходимлари. 1990 йил, Тошкент шаҳри.
7-боб
«ҲАЁТ ВА ИҚТИСОД» — “ЖИЗНЬ И ЭКОНОМИКА” ЖУРНАЛЛАРИ   
(Ёки  Мирсаидов таъбири билан айтганда “Халқни ўз ҳақини ҳисоблашга ўргатиш” ҳаракатлари)
1.
Хуллас, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро қарори билан мени Давлат режалаштириш Қўмитаси (Госплан) нинг нашри бўлмиш иқтисод журнали раҳбарлигига тайин қилишди.
Ислом Абдуғаниевич ва Шукрилла Раҳматовичлар тавсиясига кўра бу вазифага тайинланаётганимни одамлар яхши билишарди, шунинг учун ҳам номзодим ҳеч бир қаршилик ва муҳокамасиз “бир овоздан” қабул қилинган эди.
Коллективга мени таништиришди. Ўша ҳаяжонлар сира эсимдан чиқмайди.
Узоқ йиллар бош муҳаррир бўлиб ишлаган Николай Ковинов деган одамни мен боргунга қадар бошқа ишга ўтказиб юборишган экан.
Мен борганда бош муҳаррир йўқ эди, аммо мен аслида йўқ бўлган «бош муҳаррир ўринбосари» бўлдим, кейин (раҳбарлик вазифасини вақтинча бажарувчи) «и.о.» бўлдим.
Журналнинг хизмат машинаси билан «вертушка» (ҳукумат телефони) бор эди.
Ислом Абдуғаниевич айтганларидай қилиб, етмиш йил рус тилида чиқиб келган “Экономика и жизнь” (Иқтисод ва ҳаёт) журналини аввал ёпдик. Кейин Ислом ака ўргатганидай “Ҳаёт” сўзини олдинга ўтказиб («Ҳаёт ва иқтисод») қилиб, уни қайта очдик.
Журнал ёпилгани учун ҳам ҳеч ким “нега мени ишдан бўшатаяпсан?” дея олмади.
Қолаверса — мен бу журнал раҳбарлигига қаердан ва кимларнинг тавсияси билан келиб қолганимни ҳамма аллақачон сўраб суриштириб билган эди. Улар қаршилик кўрсатиш бефойдалигини тушиниб етгандилар…
 
2.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Кечагина ҳамманинг кўзига ёмон кўриниб, ҳамма жойдан қувилиб юрган йигит бирданига амалдор бўлиб қолса, одамлар ҳам 180 даражада ўзгариб қолишаркан.
Кечагина “Исмат”, «Исматчик» ёки “Исматбек” деб юрган Марказқўмдагилар энди Сизга у ёки бу масалада ҳукумат телефонидан қўнғироқ қилишганида – ўзини яқин олганлари —  «Исмат ака»,  бошқалари эса —  “Исмат Маҳмудович” деб муомала қиладиган бўлишди.
Бундай ўзгаришларни мен оддий одамлар орасида ҳам кўп кузатдим.
Улар мени Ислом Каримов туфайли одам бўлиб, мулозимлар сафига қўшилганимни яхши билишарди. Муомала ва муносабатлари ҳам шунга яраша бўларди.
Ислом Каримовнинг обрў эътибори шу даражада юқори эди ўша пайтларда.
Ким у кишининг назарига тушса, амалдорликка кўтарилса, у шак шубҳасиз ишончли ва эътиборли раҳбарлар сирасига киритилар, давлат ва ҳукумат имтиёзларига, эҳтиромларига муносиб бўларди.
Биз амалдорликнинг ижтимоий, маиший ва маънавий томонларига бу китобнинг кейинги қисмларида ҳали кўп қайтамиз…
3.
Ҳозир демоқчи бўлганим шуки, орадан йиллар ўтиб мен барча имтиёз ва амалларимдан мосуво бўлиб,  уч маротаба ҳибс этилиб,  алал оқибат  муҳожирликка юз тутганимдан кейин бошқаларга ўхшаб хорижга чиқволиб ўзимнинг барча бахтсизлик ва омадсизлигимга Ислом Каримовни айбдор  қилиб кўрсатиб, унга маломат тошини отишим, ўзимни фаришта билиб “нега мени ишдан олдинг?” деб аюҳаннос солишим мумкин эди.
Бундай қилиш менинг ҳам қўлимдан келади. Келганда ҳам жуда чиройли келади. Одамларни ишонтириб, ўз фойдамни кўзлаб, қойилмақом қилиб тақдим этишим мумкин бу воқеаларни ўз китобимда.
Лекин мен бундай қилолмайман.
Чунки мен Ислом Каримов туфайли эмас, аксинча, ўзимнинг қуюшқонга сиғмас хурмача қилиқларим, ҳатти ҳаракатларим, енгилтак ва худбинлигим боис ишдан урилдим.
Агар мен бу хатоларимни бугун очиқ ойдин тан олиб ошкор айтмасам,  унда “Исмат Хушев” бўлмай қоламан…
Ҳа, мен бугун Ўзбекистондан олис хориж элларда сарсон ва саргардон бўлиб юрган бўлсам, бунга энг аввало  ўзим айбдорман.
Омад деганлари ҳам мендан юз ўгирди. Буни ҳам айтиш керакдир, эҳтимол.
Одамлар мени худбин, мақтанчоқ, амалпараст деб ўйлашлари мумкин. Бу ҳам қайсидир маънода тўғри бўлиши мумкин.
Лекин мен ҳеч қачон виждонимга қарши бормадим. Бировнинг дўпписини бировга кийдириб, обрў эътибор қозонишга интилмадим.
Агар шу амални эплай олганимда мен бугун ҳам Президентнинг атрофида ёки ўртамиёна бир раҳбарлик лавозимида юрган бўлишим мумкин эди…
Мен ҳеч қачон яхшилик кўрган одамларимни ўз манфаатларим йўлида арзон гаровга сотиб кетмадим. Сотқин ва мунофиқ бўлишни истамадим.
Шунинг учун ҳам «емаган сомсага ҳақ тўлаш» мажбурияти елкамга тушди…
Менинг рафиқ-у, мухолифлари ҳам, мунаққид-у, мужоҳидларим ҳам буни билиб қўйишларини истардим…
4. 
Майли, эҳтиросга берилмай, яна Бош муҳаррирлик ҳаяжонларига қайтсак.
Бирин-кетин ходимларни ишдан бўшатиб, жамоани янгиладим.
Тепадагиларнинг тавсияси билан Геннадий Павлович Мара-Новикни ўзимга ўринбосар қилиб ишга олдим.
У менга қадар — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети мафкура котиби (идеология секретари) Оқил Умурзоқович Салимовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган экан.
У яхши одам эди: катталарга қуллуқ қилишни ҳам, ўз ўрнини ҳам, ишнинг кўзини ҳам яхши биларди. У журналнинг асосан русча редакциясига масъуллик қиларди.
Мактабда менга адабиётдан дарс берган, Тошкентга келганимдан кейин ҳам акалик қилиб, оғир ва ишсиз кунларимда доим ёнимда турган устозим Маҳмуд Сатторовни, ёзувчи Маҳкам Маҳмудов, Нусрат Раҳмат  ва Мурод Хидирларни ҳам журнал фаолиятига  жалб этдим.
Улардан,  Ислом ака айтганлари каби —  журнални миллийлаштириш борасида кўп ижодий ёрдам ва яхшилик кўрдим.
Бўшаб қолган ўринларга ёш ва маҳаллий ўзбек журналистларини жалб этдим.
Хуллас, 15-20 нафар янги ходимлар билан ҳамжиҳатликда биз ўзбек тилидаги янги иқтисод журналини чиқара бошладик.
Рихсивой Каримов, Дилшод Жалолов, Абдимўмин Тиловов, Матлуба Азаматова, Виктор Шолохов, Шуҳрат Иброҳимов, Шариф Маматқулов (Муҳаммад Шариф), Васила Мадумарова, Меҳринисо Алимқулова, Муқаддас Юсупова, Дилшод Қосимов, Инна Коган, Владислав Поплавский, Петр Шербак, Люба Некрасова, Ибодулла Ўсаров, Анвар Холматов, Лидия Резникова ва бошқалар янги журнал жамоасини ташкил этишди.
Эски ходимлардан саноқли кишиларнигина олиб қолдик.
Қолганларига уч ойлик маошларини бериб, «Госплан»нинг Фахрий ёрлиқ ва совға саломларини топшириб, хайр хушлашдик…
 
5.
Ҳаёт жуда қизиқ экан. Ўша пайтгача мени ишдан ҳайдамоқчи, партиявий йўл билан жазоламоқчи бўлиб юрган одамлар бирдан хайрихоҳларим – яқин «маслаҳатчиларим»га айланиб қолишди.
Шулардан бири мен муқаддам маълум муддат ишлаган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев эди.
Марказқўмдан редакцияда менинг партиявий масаламни муҳокама қилиб, сўнг ишдан бўшатишни тавсия қилган масъул ўртоқлар ҳам, Аҳмаджон ака ҳам кутилмаганда менинг садоқатли «тарафдорларим»га айланишди.
Биласиз, янги журнал ташкил этиш, унинг моҳиятини ўзгартиришнинг ўзи бўлмайди.
«Ҳаёт ва иқтисод»ни оёққа қўйиш жараёни ҳам беш-олти ой давом этди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1990 йил 5 январь сонида «Янги нашрларимиз» рукни остида «Аввал иқтисод…» номли мақолам эълон қилинади.
Менимча, бу мақола журналистиканинг бир тармоғи ҳақида тарихий маълумот сифатида ҳамон ўз қимматини йўқотган эмас…
6.
Мана ўша мақола:
«Ҳар бир эзгу ишнинг хайрли самараси бор. Қайта қуриш сиёсатининг хайрли самараларидан бири шуки, ўзбек тили — жумҳуриятимизнинг давлат тили деб эълон этилди.
Давлат тили ҳақидаги қонуннинг шарофати шуки, ўзбек тилида яна бир журнал чиқадиган бўлди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси Бюроси «Ўзбекистон ССРнинг давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 20-моддасига амал қилиб, 1989 йилнинг 23 ноябрида жумҳурият давлат тилида «Ҳаёт ва иқтисод» журналини нашр этишга қарор қилди.
журналлар
Бу журнал етмиш йилдан бери «Экономика и жизнь» номи билан рус тилида чиқиб келаётган эди. Бироқ, қайси тилда чиқишидан қатъи назар, мазкур нашр Ўзбекистондаги иқтисодий муносабатларни тартибга сола олмади.
«Ҳаёт ва иқтисод» журнали тугал оёққа туриб олмоғи ва ўз овозига эга бўлмоғи учун биз таниқли публицистлар, мутахассис ва олимлар, ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий турмуш билимдонларининг кўмагига муҳтожмиз.
Ҳозирча қуйидаги рукнларимиз мавжуд. Улардан бири «Тарих ва иқтисод» деб талади. Бу рукн остида биз Ўзбекистон тарихининг иқтисодий ҳаётга доир қирраларини ёритамиз. Суғориш тарихи, боғдорчилик ва деҳқончилик, жумладан, пахтачилик тарихи, ички ва ташқи савдо тарихи масалалари мазкур рукн табиатига мувофиқдир.
Мавзу қатъий қилиб белгиланмайди. Буёғи муаллифларнинг дунёқарашига боғлиқ. «Иқтисод ва жамият», «Иқтисод ва табиат», Иқтисод ва маданият», «Иқтисод ва маънавият ҳамда «Иқтисод ва табобат каби рукнларимиз борки, мазкур рукнлар остида биз ўз асримизнинг иқтисодий-ижтимоий, сиёсий, миллий-маданий ва маънавий манзараларини баҳоли қудрат таҳлил этишга уринамиз.
Буёғи тағин муаллифларнинг ғайрат-шижоатига, истак-жасоратига боғлиқ.
Шунинг учун таҳрир ҳайъати аъзолари сафини Нуриддин Муҳиддинов, Шукрилла Мирсаидов, Ўткир Ҳошимов, Раъно Убайдуллаева, Нурислом Тўхлиев, Нурали Қобул, Мурод Шарифхўжаев, Пирмат Шермуҳаммедов, Эркин Шайхов, Галина Ҳожибоева, Мурод Муҳаммад Дўст, Расулмат Ҳусанов, Евгений Березиков, Пўлат Ҳабибуллаев, Мирза Кенжабоев, Ғуломқодир Турсунов, Карим Баҳриев каби сиёсат, маданият, иқтисод ва илм-фан оламининг етук ва билимдон вакиллари ҳисобига кенгайтириш ниятидамиз.
Журналимизнинг ўзбек тилидаги илк сони 1990 йилнинг март ойида босмадан чиқади. Апрель ойидан бошлаб жумҳуриятимизнинг барча алоқа бўлимларида унга обуна эълон қилинган.
Битта соннинг баҳоси – 50 тийин. Олти ойга 3 сўм. Тўққиз ойга – тўрт сўм эллик тийин.
Азиз муштарий дўстлар! «Аввал иқтисод, кейин сиёсат» деб бежиз айтилмаган. Гарчи бизнинг журналимиз очнинг қорнини тўйғизиб, яланғочнинг эгнига кийим бўлолмаса-да, лекин у тегишли идораларнинг режали, илмий асосланган хулосалар асосида тўғри ишлашига туртки бўлар деб умид қиламиз.
Сизга ана шу кенг маънавий майдон ва шу баланд маънавий минбар муборак бўлсин!
Исмат Хушев,
«Ҳаёт ва иқтисод» – «Жизнь и экономика» журналлари бош муҳаррир 
ўринбосари.
 
7.
Редакциядан илова:
Газетамизнинг собиқ мухбири, фаол журналист, «Номус ўғрилари», «Иффат керакми?», «Ижодкорга ҳурмат шуми?», «Маҳкумалар», «Прокурорни қандай қўлга туширишди?» сингари кўплаб ахлоқий-маънавий мавзудаги мақолалар ва фельетонлар муаллифи И.Хушевни янги журнални нашр этишга жалб этилганлиги билан муштьарийларимиз номидан самимий қутлаймиз».
(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1990 йил 5 январь сонидан).
 
8.
Демак, журнал ҳақидаги қарор ва менинг номзодим Марказқўм Бюросида тасдиқланади.
Республикамизнинг барча газеталарида янги журналнинг йўналиши, ўз олдига қўйган мақсадлари тўғрисида менинг мақолаларим кетма-кет эълон қилинди.
Нафақат менинг мақолаларим, ҳатто «Ҳаёт ва иқтисод» журналини қўллаб-қувватлайдиган, уни халқ орасида тарғиб этишга мўлжалланган хабарлар, нуфузли инсонларнинг чиқишлари уюштирилди.
Хусусан, «Ёш ленинчи» газетасида 1990 йил 20 июль сонида «Ҳаёт ва иқтисод»га бағишланган махсус саҳифа уюштирилади.
Унда менинг муштарийларга мурожаатимдан ташқари, Ислом Каримовнинг тавсиясига кўра республика Вазирлар Кенгашининг Раиси лавозимига тайинланган Шукрулла Мирсаидовнинг «Уйғониш лаҳзаси» номли дастурий мақоласи, атоқли адибимиз Эркин Воҳидовнинг «Ҳисобли дўст айрилмас» номли мурожаати, туркиялик ватандошимиз Собир Сайхоннинг табрикномаси, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг иқтисод тўғрисидаги «Фақирлик нимадан ҳосил ўлур?» номли тарихий мақоласи ҳам чоп этилади.
Менимча, ўша пайтларда Ислом Каримов ва Шукрилла Мирсаидовларнинг жасоратли саъй-ҳаракатлари туфайли халқимиз онгида мустақиллик ғояларини тарбиялашга қаратилган дадил қадамлар ташланганини англаш учун ҳам ўша мақолаларни кўздан кечирсак, фойдали бўларди.
Зеро, шунда бу икки раҳбар аввал-бошдан Ўзбекистонни иқтисодий ва сиёсий мустақиллик томон бошлаб боришга астойдил ҳаракат қилишганини кўришимиз мумкин.
(Лекин кейинчалик уларнинг муносабати бузилиб, ораларидан “қора мушук” ўтганидан сўнг, қачонлардир республика миқёсида биргаликда бошлаган барча хайрли ва савобли ишлари (хоҳ у иқтисодда бўлсин ва ё сиёсатда) бирин кетин инқирозга юз тута борди)
 
9.
«Ҳурматли дўстлар!
Дунёда иқтисоди кучли бўлмаган ҳеч бир миллат сиёсий соҳаларда ютуққа эришмаслиги барчага маълум.
Шу нуқтаи назардан қараганда, ўз она тилингизда «Ҳаёт ва иқтисод» ойлик журналини чиқаришга уринган масъул ўртоқларга ва ходимларга раҳмат дейман ҳамда уларни шу фахрли воқеа муносабати билан қутлайман.
Собир Сайхон,
Истамбул, «Болалар дунёси»
тижорат идорасининг раҳбари».
 
10.
«УЙҒОНИШ ЛАҲЗАСИ»
Ҳисоб-китобни билган халқ хор бўлмайди. Афсуски, биз узоқ йиллар давомида иқтисодий саводсизликка гирифтор бўлдик. Шунинг учун бугун режалаштирилаётган ислоҳотлар қийинчилик билан амалга ошаётир.
Ўйлайманки, янги журнал ўз кучини элимизнинг иқтисодий билимини оширишга, халқни ўз ҳақини ҳисоблашга ўргатишга сарфлайди.
Жамиятда қарор топаётган янгиланиш муҳити иқтисодчилардан, умуман, элнинг раҳбарларидан мунтазам, изчил иқтисодий сиёсат юргизишни талаб этмоқда.
Яшириб нима қилдик, бугунги кунга биз оғир аҳволда етиб келдик. Жумҳуриятнинг қарийб ярим аҳолиси қашшоқлик даражасида кун кечирмоқда.
Ишсизлар кўпайди. Дўконларнинг пештахталари бўм-бўш. Корхоналар замонавий технология билан жиҳозлашга муҳтож.
Иттифоқ планлаштириш, нарх-навони белгилаш ташкилотлари йиллар бўйи белгиланган қилвир сиёсат натижасида деҳқончилик, чорвачилик билан кун кўриб бўлмай қолди.
Жумҳурият ҳудудида жойлашган иттифоққа бўйсунувчи корхоналар ер, сув ва ҳавони бузганлари баробари йиллар давомида бу ерларнинг, сувларнинг эгалари бўлмиш халқимизга ҳеч нарса бермадилар. Пулнинг қадри тушди.
Янгича иқтисодий сиёсатни биз ана шундай шароитда бошлаётирмиз. Ўтмиш кўзда тутаётган бозор муносабатлари ҳукуматдан юксак масъулият талаб этади.
Сир эмас, жумҳуриятимиз кўпгина кўрсаткичлар бўйича иттифоқ даражасидан паст турибди.
Шунинг учун аввал жумҳуриятимизнинг иқтисодий даражасини ҳеч бўлмаганда ўртача иттифоқ даражасига етказиб олиш тўғрисида ўйлашимиз керак.
Турғунлик иқтисодимизни инқирозга олиб келди. Энг катта фожеа шудир. Бундан қутулишнинг йўлини – ҳаёт ўзи тақозо қилаётгани иқтисодий мустақилликка ўтишдан бошлаш керак.
Халқ ўз ерига, ўз эркига эга бўлсагина эркин меҳнат қилади. Шундан кейингина фаровонлик бўлиши мумкин. Ана шунинг учун журнал халқни иқтисодий фикрлашга ўргатиши лозим.
Шу йўлда омад сизга ёр бўлсин!
Шукрулла МИРСАИДОВ,
Ўзбекистон жумҳурияти Вазирлар
Кенгаши Раиси, иқтисод фанлари доктори».
 
11.
«ҲИСОБЛИ ДЎСТ АЙРИЛМАС»
Мен иқтисодчи эмасман. Қўлимда жумҳурият бойликларининг аниқ ҳисоб-китоби йўқ. Пахтамиз, тилламиз, пилламиз, қоракўлимиз, маъданларимиз, мева-чеваларимиз, саноатимиз мустақиллик шароитида ўзимизни боқишга етадими-йўқми, буни олимларимиз мендан яхшироқ биладилар.
Улар билан баҳс қилиш ниятим йўқ. Лекин яқинда Госпланимиз раиси ўртоқ Мирсаидов ҳузурида йиғилган иқтисодчиларимизнинг хулосаси менга, ростини айтсам, маъқул бўлмади.
Уларнинг кўпчилиги иқтисодий мустақиллик биз учун ҳозирги шароитда мақбул эмас, деган фикрни айтдилар. Балки улар ҳақдир. Лекин мен ҳисоб-китоб билан эмас, ички туйғу билан, жаннат юртимиз имкониятлари ва меҳнатсевар, уддабурон халқимиз қудратига комил ишонч билан айтаманки, мустақиллик шароитида биз ҳозиргидан анча дуруст яшаймиз.
Аввало, иқтисодчиларимиз ҳисоб китоби узоқ йиллар давомида марказ томонидан ўтказилган, қон-қонимизга сингдирилган ўта ғоявийлашган “экономика” асосига қурилган. Бу иқтисодиёт инсонни мулк эркинлиги, олди-сотди эркинлиги, танлаш эркинлигидан маҳрум қилувчи иқтисодиётдир.
Сиёсатга бўйсунга илм – илм эмас, иқтисод эса иқтисод эмас.
Ҳозирги колхоз, совхоз тузумининг қулдорликдан нима фарқи бор?
Мардикор бир кунда йигирма беш сўм пул топади, уч маҳал овқати, ҳатто ичкилиги ҳам тайин. Хўжайин унга яхши муомала қилиб, кечқурун раҳмат айтади, қилган меҳнатингизга рози бўлинг, дейди.
Колхозчига эса биров бир пиёла чой тутмайди, бир сўмдан уч сўмгача пул олади, ҳеч кимдан раҳмат эшитмайди. Лекин сиёсий баҳо берилганда, мардикор эксрлуатация қилинган одам, колхозчи эса озод меҳнат кишиси бўлиб чиқади. Бу қайси мантиққа тўғри келади?
Мавжуд иқтисодиётимизда товар ва ишчи кучининг белгили баҳоси бор. Бозор йўқ жойда қандай соғлом иқтисод бўлсин?
Агар одамлар ўз ерига, мулкига, дўкон-дастгоҳига, ўзъаро ва бутун жаҳон билан алоқа қилиш имконига эга бўлсалар, турмуш тамоман бошқача бўлади.
Ҳозир биз ҳақиқатдан “қоп”дамиз. Лекин токайгача бизни мушук болаларидек қопга солиб юрадилар? Токайгача уйимизни тополмайдиган қилиб адаштирадилар?
Америка, Туркия, Афғонистон ва Араб мамлакатларида ўзбекларни кўрганман. Улар ҳамма ерда ҳам ўз уддабуронлиги, ишбилармонлиги билан анча дуруст яшайдилар.
Мен уларни кўрганда Муқимийнинг байтини эсладим:
Мулки Ҳинду Марвдан келсам топардим эътибор,
Шул эрур айбим, Муқимий, мардуми Фарғонаман…
Ватандошларимиз юртимиздаги хўжасизликдан қайғурадилар. Айниқса, боғларимизнинг кесилиб кетганидан хафа бўладилар. “Биргина субҳон ўриги, – дейди америкалик Абдирауф Мақсудий, – Ўзбекистонни боқа олади…”
Иқтисодчилар! Халқнинг кўзи, умиди Сизларда. Бизга иқтисодий мустақиллик концепциясини ишлаб беринглар. Руҳланган халқ тоғни талқон қилади.
Токайгача “ким кимни бояпти” деган савол луқмамизни заҳарлайди?
Халқимизда “Ҳисобли дўст айрилмас!” деган гап бор.
Эркин Воҳидов,
Ўзбекистон халқ шоири.
 
12.
«Ҳаёт ва иқтисод» — «Жизнь и экономика» журналлари нисбатан қисқа вақт ичида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари орасида тилга тушади.
Бунга, бир тарафдан — менинг республика раҳбарлари билан яқин алоқада эканим бўлса, иккинчи томондан — Ислом Абдуғаниевич ва Шукрилла Раҳматовичлар тавсияси билан давримизнинг бир талай атоқли кишилари, таниқли иқтисодчилар, олий ўқув юрти ректорлари  журнал таҳрир ҳайъатига аъзо қилиб олингани сабаб бўлган бўлса, эҳтимол.
Ҳатто Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ҳам иқтисод фанлари номзоди сифатида таҳрири ҳайъати аъзси этиб олинган эди.
Журналнинг ҳар бир янги сони аввал Шукрилла Мирсаидов ва Ислом Каримовлар назаридан ўтказилиб, сўнг чоп этилишини бугун ошкор айтишим керак бўлади.
Шунинг учун ҳам журнал тез орада тилга тушади, жойларда унинг обунаси кескин суръатда ошади.
Вилоят ҳокимлари, шаҳар ва район раҳбарлари журналда ўз мақолаларини чоп этиб, республика раҳбарлари  эътиборига тушишни орзу қила бошлашади.
Чунки уларнинг аксарияти Ислом Каримов ва Шукрилла Мирсаидов каби диссертация ёзиб, илмий даражага эга бўлишни исташарди.
Илмий унвонга эга бўлиш қоидаси ва Олий Аттестация Комиссияси (ВАК) тавсиясига кўра — «Госплан»нинг иқтисод  журналида мақола чиқариш шарт қилиб қўйилган эди…
13.
Мен иқтисод нашрига Бош муҳаррир бўлган даврда Ўзбекистонда бошқа журналлар ҳам чоп этилар эди.
Хусусан, «Партия турмуши», «Ўзбекистон коммунисти» — «Коммунист Узбекистана», «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги», «Мухбир» — «Корреспондент» журналлари ҳам бор эди. Лекин уларнинг ўқувчилари кўп эмас эди…
Адолат ҳаққи ҳурмати айтиш керакки, адабиёт ва санъат нашрлари билан бир қаторда «Саодат»,  «Гулистон», «Муштум» ва «Мулоқот» журналларигина одамлар орасида хийла машҳур эди, холос.
Бошқа тармоқ журналларига у қадар катта эҳтиёж йўқ эди.
«Саодат» журналига кейинги 70 йил ичида атиги учтагина Бош муҳаррир раҳбарлик қилишган.
Атоқли шоирамиз ва жамоат арбоби Зулфия опа унга 35 йил Бош муҳаррирлик қилганлар. Кейин мен ишлаган даврга келиб истеъдодли ўзбек шоираси Халима Худойбердиева «Саодат»га Бош муҳаррир этиб тайинланади.
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – республика хотин қизлар қўмитаси раиси бўлиш билан бирга улуғ шоирамиз «Саодат» журналига ҳам раҳбарлик қилардилар.
Ҳалима опадан кейин то бугунги кунга қадар  Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева «Саодат»га Бош муҳаррирлик қилиб келмоқда…
Мен Москва Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиганимда «Япония» ва «Лондон» деган рангли журналлар фаолияти билан яхши таниш эдим. Уларда берилаётган  фото суратларга қойил қолардим.
Америка журналларида берилаётган мақолалар мени доим ўзига мафтун этарди.
Мамлакатда қайта қуриш бошланган ўша кезларда Москвада чиқадиган «Огонёк» журналининг нуфузи жуда машҳур эди. Унга Анатолий Сафронов муҳаррирлик қиларди.
Энди ўзим иқтисод журналига раҳбар бўлганимдан кейин Москвада олган сабоқ ва тажрибаларимни ҳаётга тадбиқ этиш имконияти ва масъулияти олдида турардим…
14.
Ўзбекистон журналлари ҳақида гапирганда эса «Гулистон»ни ҳам алоҳида тилга олмай ўтишнинг ҳеч иложи йўқ.
Бу нашрни дастлаб олтмишинчи йилларда Иброҳим Раҳим очиб, унинг биринчи муҳаррири бўлган эди. Унинг муҳаррирлиги даврида «Гулистон» журнали Ўзбекистон матбуот органлари орасида жуда машҳур бўлиб кетди.
Расул Гамзатовнинг Эркин Воҳидов таржимасидаги «Менинг Доғистоним» номли достони унга катта обрў олиб келади.
Қолаверса, ўша даврнинг кўзга кўринган шоирлари Эркин Воҳидова ва Абдулла Ориповларнинг энг машҳур асарлари ҳам дастлаб шу журналда босилгани билан диққатга сазовор эди.
Сўнг нимадир бўлади-ю, Иброҳим Раҳим «Гулистон»га қараган бир қадар пастроқ поғонадаги «Муштум» журналига ўтказилади ва қисқа вақт ичида «Муштум» ҳам Ўзбекистоннинг энг оммабоп ва ҳаммабоп журналига айланади.
Шароф Рашидов ўлими муносабати билан шоир Зоҳиджон Обидов ёзган «Арслоннинг ўлими» номли шеърий фельетон эълон қилиниши «Муштум»нинг кулминацияси бўлди. Журналнинг ўша сонини топиш отлиққа ҳам насиб қилмас эди.
Ўз  фаолиятини эллигинчи йилларда «Қизил Ўзбекистон» газетасига Бош муҳаррирликдан бошлаган Иброҳим Раҳим — ўзбек матбуоти тарихидаги мард ва жасур Бош муҳаррирлар тимсоли сифатида то ҳануз тилга олинади…
 
15.
«Мулоқот» журнали биз истаймизми йўқми Барот Бойқобилов номи билан чамбарчас боғлиқ…
Мен Бош муҳаррир бўлган ўша даврда «Партия турмуши» журналига Туйғун Валиев, кейинчалик Болтабой Юсупов, «Ёшлик» журналига Эркин Воҳидов, «Шарқ Юлдузи»га Ўткир Ҳошимов, «Гулхан»га Худойберди Тўхтабоев,  «Коммунист Узбекистана» — «Ўзбекистон коммунисти» журналларига Рустам Нурулин, «Звезда Востока»га Георгий Владимиров, «Қишлоқ хўжалиги» журналига аввал Тўлаган Нажмиддинов, кейин Раҳим Саманов,  «Гулистон»га аввал  Асқад Мухтор, сўнг Тилаб Маҳмудов, «Мухбир» — «Корреспондент» журналларига аввал Зиёд Есенбоев, сўнг Николай Уваровлар раҳбарлик қилишарди.
Ана шу Бош муҳаррирлар сафига энди ҳеч ким билмаган ва танимаган Исмат Хушев ҳам келиб қўшилган эди.
Юқорида тилган олинган Бош муҳаррирларининг аксарияти  журналга асосан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетидаги катта иш тажрибадан сўнг келишган бўлсалар, Исмат Хушев «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг оддий мухбирлигидан келган эди…
Лекин бунга қарамай «Ҳаёт ва иқтисод» — «Жизнь и экономика» журналлари ҳам тез орада  Ўзбекистоннинг энг оммабоп журналига айланди.
Янги ташкил этилган иқтисод нашрининг қисқа вақт ичида оммавийлашиб,  эл оғзига тушиши ва тиражининг ошиб кетиши менга катта обрў келтирди.
Энди мени Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг партия Конференцияларига делагат қилиб сайлай бошлашди.
Тошкент вилоят обкомига аъзо қилишди.
Мени  — Ўзбекистон расмий ҳукумат делегацияси таркибида хориж давлатларга тез тез юборадиган бўлишди.
Номзодим Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат қилиб кўрсатилди…
16.
Кўриниб турибдики, Ислом Абдуғаниевич жуда қисқа фурсат ичида иқтисодий мустақиллик масаласини мардонавор кун тартибига қўяди.
Ш.Р.Мирсаидов Госплан раиси бўлиб турган пайтда иқтисодчиларнинг йиғилишини ўтказади.
Бироқ, Эркин Воҳидов тўғри таъкидлаганидек, иқтисодчилардан тайинли гап чиқмайди. Улар эскича фикрлайдилар, советчасига аравани қуруқ олиб қочадилар.
Шундан сўнг Ислом ака давлат тизимидан самарали фойдаланишга киришади ва ишончли одам сифатида Шукрилла Раҳматовични ҳукуматнинг янги раиси вазифасига тайинлайди.
Энди иқтисодий мустақилликни қўллаб қувватлайдиган жамоатчилик фикрини уйғотиш лозим эди. Бунда Ислом ака Эркин Воҳидовга ўхшаш илғор фикрли зиёлиларга суянади.
Чунки халқни эргаштирмасдан, боз устига, ўз куч қудратига ишонтирмасдан ҳеч қандай ўзгариш ясаб бўлмайди.
Ислом Каримов миллат келажагини кўзлаган доно раҳбар сифатида иқтисодий мустақилликка замин ҳозирлай болшлайди.
“Ҳаёт ва иқтисод” журнали эса юртбошимизнинг эзгу ниятлари йўлида баҳоли қудрат камарбаста бўлади.
Мен мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба ўзбек тилида нашр этила бошланган иқтисод журналининг биринчи Бош муҳаррири бўлганим билан фахрланаман!
401
Суратда: «Ҳаёт ва иқтисод» — «Жизнь и экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (чапдан иккинчи), Президент девони масул ходими, иқтисод фанлари доктори, профессор Тоҳиржон Иминов (чапдан биринчи), Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содир Сафоев (ўртада), Туркия республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси (чапдан учинчи), иқтисод фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳмонов (Содиқ Сафоев билан турк элчисининг орқасида) журнал ижодий жамоаси билан бўлган учрашувдан сўнг…
(ДАВОМИ БОР)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *