• Вс. Фев 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бугун Абдурауф Парпи таваллуд топган кун…

Сен 27, 2012
Бугун Абдурауф Парпи таваллуд топган кун…
Бугун Абдурауф Парпи таваллуд топган кун…

Бугун Абдурауф Парпи таваллуд топган кун…

Баҳодир Содиқов

КЎЗЛАРДАГИ ДУНЁ

Муҳаббатни ўрганиш билан яратиб бўлмайди, унинг ўзи келади.

Муҳаббат насиб этган қалб эгасининг вазифаси эса уни сақлаб қолишдир.

Муҳаббатнинг қонуний давоми ва доимий йўлдоши бўлган жасорат ҳар қандай жасорату қаҳрамонликлардан улуғвор ҳамда гўзалроқ.

Негаки, жасорат жасорат илинжида қилинса муваффақиятли чиққан чиранишдан бошқа нарса бўлолмайди.

Муҳаббат жасорати ўзининг ғамгину,шўх, ожизу қудратли, беқарору сокин, ҳорғин сифатларига соҳиблик қилади. Кундалик маъно доирасида жасоратнинг ожизлигига , ғамгинлигига ва сокинлиги — ю хорғинлигига кўникиш қийиндай туюлади. Ахир, гўзаллик нимаси биландир янги бўлиши керак-ку. Янгилик гўзалликда доя ва эгизак ҳам, у гўзалликни туғдирар экан, қўшилиб ўзида туғилади. Шунга кўра, жасорат янгими, демак, у гўзал ҳамдир.

Ана шу ҳолатни ўзбек шеъриятининг туйғулар рассоми Рауф Парфи ижодида кўрамиз ва ундаги овоз тасвирини тинглаймиз.
Санъатга таҳлил эмас, қанот керак деган гап бор. Шу гапга амал қилиб, таҳлилий ташналигимизни қондиришдан бироз тийилган ҳолда шоирнинг «Кўзлар»ига тикиламиз. Булар осмон билан ер, армон билан шеър ўртасида муаллиқ кўзлардирки, уларга шоирнинг ўзи ҳам сиға олади! Кўзлар — бир юракнинг икки мутаносиб осмонлари, уларда дунё қадар кенглик бор. Кўзлар — энг мўжаз дунё, дунё — энг улкан кўз…

Дунё тобора эгаси ташлаб кетган садоларга ўралиб боради, садо кенгликлари Нозим Ҳикмат кўзлари билан шоирга теран назар солади. Ватан садоларга ўралган, кўзлар эса садоларни ўз бағрига олади.

Шоир ўлими табиатнинг ўзи ҳис қила оладиган митти жанозасидир. Бу жанозада беғубор ҳасратлар, бегуноҳ армонлар бешикка солиб кўмилади. Шоирнинг сўнгги ижоди ҳам бешикка солинади.

Осмон тошиб кирар кўзга,
Сиғмас кўзга, Пабло.
Бу буюк ҳасратнинг
Мазмуни ўзга, Пабло.

Наҳотки шоирни ўлдирдилар, ўликлар-а?! бунга жавоб ўрнида Пабло Неруданинг сўнгсиз тирик осмони ҳайқиради.

Инсоннинг вазифаси фақатгина бахтиёр бўлишдан иборат эмас. Баъзан шодмонлик ҳам вазифа ўрнида келади. Бахтнинг парчаси — шодлик ранг танламайди. Унинг қиёфаси фақат шодликда. Ҳар бир рангнинг ўз шодлиги бор. Шу қувончларни ўйлаб ғамга ботиш шарафли хаёлкашлик. Шодлик миллион ҳодисаларнинг хусусийси, ёлғизининг эса умумийсидир («Шодлик»).

Севгилининг сўзларини энтикиб — энтикиб тинглаётган ошиқ улардан таралаётган синиқ бир нола ёки қафас ичра уйғонган думалоқ наво симиради. Ана шу «ҳавоси сўриб олинган ҳаво» мисоли кўзларда чўкмоқ, ёниб битмоқ ёқимли бир нарса. Лаззатда ёниш ва ёниш лаззати уйғунлашган кўзлар осмонидан беомон бир куни юлдузлар учсалар қайга йиқиладилар. Юлдузларга қабр қаерда…

Кўзингнинг қаърида
юкинар излар…

Бу кўзлар мангуликнинг жисмоний дунёси, соҳилларига гуллар сочилган мангулик осмони («Дилоромниннг кўзлари»)

Севгига, севгилисига ишониш одамзотга бўлган ишончнинг энг содиқ ибтидоси. Сегига хиёнат бўладими, унинг етими бўлиб алданган ишонч қолади. Етим ишончнинг номи кўп. Севгимиз кимдандир сирғалиб ўтади, кимнингдир қалбига бизни етаклаб боради. Ахир, севги табиатнинг мангулик неъмати («Муҳаббат»).

Буюк севгига ранг изловчи , мовийликка рангин қасида ёзувчи руҳтасвир шоирнинг юраги яхшилик билан ёмонлик чегарасида ҳайратлардан қалқийди. У мангуликнинг сирли буёғини ахтаради. Унинг шу ахтаришида топиш бор эди. Уни тушунмадилар, юрагини англамадилар. Тушунилмаган юрагининг ўзи учун ҳам қандайдир нотанишроқ рангли сирини кўрмоқчи шекилли , лекин қулоқ юрак эмас эди. Ҳар ким тушунганинигина кўради(«Ван Гог»).

Сўзимиз аввалида Рауф Парфини поэтик туйғулар рассоми деган эдик. Унда ҳар бир фикрнинг ўз ранги бор, оҳанг, бўёғи бор. Фикр пластикаси ранг ва ҳаракат пластикаси билан қўшилиб кетади.

Омон Азизнинг «Кандакорлар» картинаси шеърий нусхаси гўзал чиққан. Бу ерда картинани эшитиш мумкин! Лаҳзалик оловнинг мангу ёниши, музлаган оташнинг келажакка савол ёғдириши сўзлар руҳтасвирининг муваффақияти.

Рауф Парфи шеърияти ўз шаклларини сезилмас даражада кўтарган. Айниқса, унинг сонетлари маҳзун ва гўзал сифатга эга.
Қандайдир қудратли сокинлик улардаги формани яширган, шеъриятнинг ўзигина бор. Бу шеърият шаклларни қанотларга алмаштирган!

БАҲОДИР СОДИҚОВ
(1959 — 1980)

Баҳодир Содиқов 1959 йилнинг 18 апрелида Хоразм вилояти, Шовот туманида туғулган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултетида ўқиб юрган кезларидаёқ ўзбек замонавий шеърияти хусусидаги адабий — танқидий мақолалари матбуотда эълон қилинган.

Ҳаётлик чоғларида сўфий шоирлар ижодига доир тадқиқотларининг матбуотда ёритилишига ҳукмрон мафкура монелик қилди. Вафотида сўнг «Инсонни севмоқ керак» китоби (нашрга тайёрловчи: Берди Раҳмат) ёруғлик юзини кўрди. Тадқиқотлари «Шарқ юлдузи». «Ёшлик» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида, «Камалак», «Шовот мавжлари» алманахларида босилди. Шунингдек, шеърлари ҳам баёзда ёритилган.

«Хуршид Даврон» блогидан

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *