• Сб. Ноя 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий портретига шарҳ (1-қисм)

Июл 24, 2017
Исмат ХУШЕВ:
ТАРИХГА АЙЛАНГАН БОШ ВАЗИРЛАР
(Иккинчи китоб, 30-боб)
ПРЕЗИДЕНТ  ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ 
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
ИККИНЧИ КИТОБ

Суратда:  “Ҳаёт ва Иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (чапдан биринчи) ва Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Мирзиёев (ўнгдан биринчи) Ўзбекистон ҳукумати уйида…

 

Ўттизинчи боб
Исмат ХУШЕВ: ТАРИХГА АЙЛАНГАН БОШ ВАЗИРЛАР
(ёки Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий портретига шарҳ)
 1.
Бош вазир ибораси – Ўзбекистон давлатчилик тарихида азал азалдан  улуғвор  мақомга эга бўлиб келган.
Бу тарихнинг бир учи  буюк бобомиз Алишер Навоий Ҳазратларига бориб тақалади.
Истеъдодли шоир Муҳаммад Раҳмон ўзининг Навоийга атаб ёзган машҳур бир шеърида: “Шоҳ у – шеъриятда, Ҳиротда – вазир!” деб таъриф берган эди.
Ҳа, дарҳақиқат, Ҳусайн Бойқаро салтанати  даврида  Бош вазир бўлган Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги вазирлик рутбасидан  –  не не улуғ иморат ва кўприклар,  муҳташам қаср ва саройлар, кутубхона ва расадхоналар, китоб ва қўлёзмалар, сирли ва сеҳрли мачитлар  авлодларга – Бош вазир Навоий бобомизнинг серқирра ва бунёдкорона фаолиятидан мерос бўлиб қолди.
Тарихда арбобларнинг иккинчи умри, одатда  – уларнинг салтанат даврида қилган ишлари билан боғлиқ бўлади…
2.
Ана шундай ўзининг иккинчи умрини таъминлаган ва тарихга айланган  бош вазирлар совет даврида ҳам бўлган.
Улуғ ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлари”да: “Мозийга қараб иш тутиш – хайрлидир” деган доно бир гапи бор.
Модомики, биз Ўзбекистоннинг 13 йиллик Бош вазири Мирзиёевнинг сиёсий портретига шарҳ берар эканмиз, Шавкат Миромоновичдан олдинги Бош вазирлар фаолиятига ҳам бир қўр бир назар ташлаб ўтсак, файдадан холи бўлмаса керак.
Халқимиз Файзулла Хўжаев номини юксак эҳтиром билан тилга олади. Совет ҳукуматига қаттиқ ишонган содда Файзулла отасининг қоп қоп тиллоларини  Совет давлатига – Ленин ихтиёрига топширганлиги ҳам сир эмас.
Файзулла Хўжаев мамлакатни бошқарган 1925 –1937 йилларда бу вазифа – Халқ Комиссарлар Советининг раиси деб аталган. Ундан кейингилари эса  – Министрлар Совети раиси деб юритилган…
Фақат Файзулла Хўжаев – Ленин ишларининг давомчиси сифатида Халқ Комиссарлар совети раиси бўлиб ишлаган ва мамлакатнинг биринчи одами саналган.
1936 йилда шахсан Файзулла Хўжаев раҳбарлиги остида – Тошкентдаги ҳозирги Навоий кўчаси бошдан оёқ қайта қурилган.  Эски шаҳар билан янги шаҳарни боғловчи йўл сифатида қурилган бу биринчи шоҳкўча кейинчалик Фазулла Хўжаев номи билан аталган.
Бу кўчада биринчи маротаба трамвай ва кейинчалик троллейбуслар ҳам қатнай бошлаган…
 3.
Ленин вафотидан кейин ҳокимият Сталинга ўтгач, Халқ Комиссарлар Совети ўрнига – партия Марказий Комитети роли мустаҳкамлана борди.
Хусусан, Сталинча «Қайта қуриш»дан сўнг мамлакатда партиянинг роли кескин оширилган.  1930 йиллардан эътиборан СССРда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам Партия Марказий Комитети мавқеи – олдинга ўтиб,  Халқ Комиссарлар Совети – иккинчи планга чиқа бошлаган.
Хуллас, ҳукумат раислари ичида фақат Файзулла Хўжаевгина  республикада маълум муддат биринчи вазифани ўтаган. Кейин Компартия ҳукмронлиги бошланиб, ҳукумат раиси бўлган Бош вазирлар – иккинчи планга ўта бошлаган.
Шу тариқа мамлакатда икки ҳокимиятчилик , икки тўлқин, икки ўзъаро рақобат қилувчи куч вужудга келган ва   бу рақобат Ўзбекистондаги икки биринчи раҳбар – Файзулла Хўжаев ҳамда Акмал Икромовларнинг бешафқат ва фожеали тўқнашуви  билан тугаган.
1937 йилда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетини бошқарган Акмал Икромов  Халқ Комиссарлар Совети раиси Файзулла Хўжаевни – Республи МарказҚўмининг  сўнгги 7 съездида Марказий Комитет  таркибига киритмаган.
Ўшандан бўён Партия Марказий Комитети республикада мутлақ ҳокимликни қўлга киритган.
Лекин барибир – Ўзбекистон тарихидаги  бу рақобат бугунгача  гоҳ билиниб, гоҳ билинмай, сирли ва пинҳоний равишда давом этиб келяпти…
4.
Умуман, Ўзбекистон давлатчилиги тарихида  ҳукумат (СовМин)  раислари тақдири – Бош вазирлар масаласи алоҳида мавзу бўлади.
Булардан масалан, Файзулла отадан кейин Халқ Комиссарлари раиси бўлган собиқ Молия вазири Абдулла Каримов бир неча ой ишлаган, холос. Сўнг Файзулла Хўжаевнинг думи сифатида ҳибсга олиниб, қамоқда ўлиб кетган…
Кейин бир йилга етар етмас – Султон Сегизбоев ҳукумат раиси бўлган. Султон ака асли Тошкент вилоятидан бўлиб, қозоқ миллатига мансуб мулозимлардан эди.
1938 йилдан эътиборан  Абдужаббор Абдураҳмонов  СовМин раиси бўлиб,  роппа роса ўн икки йил ишлаган.
1951 йили Сталин  ташаббусига кўра Усмон Юсупов билан бир кунда уларни Москвага кўчиришган. Усмон Юсупов – СССР пахтачилик министри, Абдужаббор Абдураҳмонов эса  –  унинг биринчи ўринбосари бўлган.
1950 йилда Абдураҳмоновнинг ўрнига Абдураззоқ Мавлонов ҳукумат раиси этиб  тайинланган. Лекин унинг фаолияти ҳам бир йилнинг нари берисида самарасиз якун топган. Шундай бўлса-да, у киши ўз вақтида Ўзбекистон Олий Совети Президиумига раис ҳам бўлган.
Шу ўринда Ўзбекистон раҳбариятининг кутилмаганда “Москвага кўчирилиши”га бир оз аниқлик киритиб ўтиш керак бўлади.
Ўшанда  ПолитБюрода  Усмон Юсуповнинг  – Хрушчев билан тўқнашуви юз берган. Усмон ота ўша йиғилишда Сталинга – Ўзбекистондан ташқари Украинада ҳам, масалан Херсон вилоятида  – пахта экиш мумкинлигини исбот қилиб берган.
Сталин буни қўллаб қувватлаган ва Усмон Юсуповни СССР пахтачилик министри қилиб тайинлаган.
1953 йилнинг мартидаги Сталин вафотидан кейин Хрушчев ҳокимиятга келганидан кейин – биринчи бўлиб бир пайтлари Украинага пахта эктириб, Хрушчевнинг бурнини ерга ишқаган Усмон Юсуповни – Москвадан ҳайдаган ва СССР Пахтачилик министрлигини тугатган.
Уни Тошкентга дастлаб иккинчи шахс – СовМин раиси қилиб юборган. Сўнг ўз позициясини бир оз мустаҳкамлаб олгач,  олдинги жазо билан қаноатланмай, СовМин раислигидан ҳам олиб, Мирзачўлга сургун қилган.
Бунда Муҳиддинов бошчилигидаги бир гуруҳ ҳамюртларимиз ҳам Хрушчевга яхшигина кўмак беришди.
Чунки Муҳиддиновни Хрушчев СовМин раислигидан – «зам»ликка тушириб, унинг ўрнига Москвадан бўшатилган Юсуповни юборган. 1951 йилдан СовМин раиси бўлиб ишлаб келган Муҳиддинов  – Юсупов Бош вазир бўлиб келгач, унинг биринчи ўринбосари бўлиб қолган.
Хрушчев ўшанда жуда усталик билан бу икки арбобни бир бири билан уриштирган.
Усмон Юсупов СовМин раислигидан Мирзачўлга сургун қилингач, Муҳиддинов яна аввалги ўрнига – Бош вазирликка қайтарилган.
Нуриддин Акрамович  Бош вазир бўлиб 1955-йилгача ишлади.
У  бу имкониятдан фойдаланиб МарказҚўмнинг биринчи секретари Амин Ниёзовнинг ҳам тагига сув қўяди ва 1955 йилда – Ўзбекистонинг биринчи раҳбарлигини эгаллайди.
Орадан икки йил ўтиб, 1957 йил, республикада ўз мавқеини сақлаб қолган ҳолда, Москвага – КПСС Марказий Комитетининг миллатлараро сиёсат бўйича секретари бўлиб кўтарилиб кетади.
Ўрни келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, Нуриддин Муҳиддинов – Ўрта Осиё республикаларидан биринчи бўлиб – Политбюро аъзоси бўлган.
Ундан кейин бу олий рутба – Қозоғистонни узоқ йиллар бошқарган Динмуҳаммад Аҳмедович Кунаевга ҳам насиб этган…
 5.
Нуриддин Акромович Муҳиддинов – 1917 йилнинг 19 ноябрида Тошкент музофотида дунёга келган.
Улуғ Втан уруши қатнашчиси. Сталинград жангларида иштирок этган.
1946 йилдан эътиборан – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг масъул ходими.
1948 – 1950 йилларда Наманган, 1950 – 1951 йилларда Тошкент обкомининг биринчи секретари.
1951 – 1955 йилларда Ўзбекистон ташқи Ишлар вазири, Министрлар Советининг раиси ва раис ўринбосари лавозимларида ишлаган.
1955 йилдан эътиборан – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари.
1957 – 1961 йилларда КПСС Марказий Комитетининг секретари бўлган.
Айни пайтда у КПСС Марказий Комитети Президиуми (Кейинчалик – ПолитБюро) аъзоси ҳисобланган.
Муҳиддинов кейинчалик ўз хотираларида эътироф этишича, “Сталиннинг қабрини Мавзолейдан кўчириш масаласи бўйича КПСС Марказий Комитетининг биринчи секретари фикрига қарши чиққани учун” Н.С.Хрущевнинг ғазабига учраб, чет элларга элчи бўлиб кетади…
Нуриддин Акромович Муҳиддиновнинг қисқача таржимаи ҳоли шундан иборат…

 

 6.
Мен Нуриддин Акрамович Муҳиддинов ҳақида болалагимдаёқ  эшитган эдим. «Ўзбеклардан биринчи – КПСС Марказий Комитети секретари бўлган одам» деб отам кўп гапирардилар.
1988 – 1989 йилларда  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг махсус мухбири сифатида бош муҳаррир ўринбосари Иброҳим Ғофуров топшириғи асосида Нуриддин Акромович билан суҳбатлашиб, у кишидан интервью олиш бахтига муяссар бўлгандим.
Ўшанда Нуриддин Акромович Ўзбекистон тарихий обидаларини сақлаш ва эъзозлаш Қўмитаси раиси бўлиб, у кишининг идоралари Қизил Майдонда – “Анҳор” бўйидаги “Баҳор” концерт зали биносида жойлашган эди.
Кабинетларининг ниҳоятда катталиги ҳануз ёдимда қолган. Кейин билсам, бу – муқаддам ўзлари СовМин раиси бўлганда ўтирган кабинетлари экан…
У киши мени яхши бир кайфият ва очиқ кўнгиллик билан қарши олган эдилар.
Отамдан у киши ҳақида жуда кўп яхши гаплар эшитган эдим. Рост экан.
Ҳозирга қадар у кишининг ажиб бир самимият ва улуғворлик балқиб турган нуроний чеҳраси, суҳбатдошига меҳр билан боқувчи мунис нигоҳлари, оппоқ қошлари  – кўз олдимдан нари кетмайди.
У киши суҳбатдошини одоб билан, сўзларини бўлмай тинглаш қобилиятига эга бўлган зукко одам эдилар.
Энг юқори давлат ва ҳукумат лавозимларида ишлаганида ҳам шу фазилат у кишига ёр бўлганини сездим.
Орадан бир ҳафта ўтар ўтмас адабиёт газетасида менинг Нуриддин Муҳиддинов билан салкам бир саҳифалик суҳбатим босилиб чиққанида дунёда мендан бахтиёрроқ одам йўқ эди
Мени кўпам эркалатавермайдиган, ҳамиша “оғир-босиқ бўл, ўғлим!” деб койиб юрадиган қаттиққўл отам ҳам Китобдан телефон қилиб мени табриклаганидаги қувончимни бир кўрсангиз эди…
 7.
Кейин ҳам биз Нуриддин Акромович билан тез тез кўришиб турдик.
Отам бир гал Тошкентга келганларида, у киши асаларичлик билан ҳам шуғулланардилар,  ўзлари етиштирган бир пақир асал олиб бориб Нуриддин Акромович билан танишган эдилар.
Ўшанда отам мендан  ҳаётларида эҳтимол биринчи маротаба мамнун бўлган бўлсалар, не тонг!
Ўзимга айтмагандилар, лекин бошқаларга, хусусан китоблик тенгқурларига чойхонада гурунг қилиб ўтириб мен туфайли Нуриддин Муҳиддиновдай улуғ бир инсон билан танишганларини фахр билан ҳикоя қилиб берган эканлар…
Бугун энди отам ҳам, Нуриддин Акромович ҳам бу ёруғ дунёда йўқ. Улардан мен Сизга айтаётган ва ҳозир ёзаётган маҳзун хотиралар қолди, холос…

 

8.
Нуриддин Акромович Муҳиддиновдан кейин, 1955 йилдан эътиборан, Собир Камолов  – Ўзбекистон ҳукуматига бошчилик қилган. Ундан кейин Мансур Зиёевич Мирза-Аҳмедов ва Ориф Алимовлар Министрлар Советини бошқарган, Ўзбекистонда Бош вазир бўлишган.
Собир Камолов, Мансур Мирза-Аҳмедов  ва Ориф Алимовлар ҳақида уларнинг Бош вазирлик давридан айтарли эсдалик  ёдда қолмаган. Уларнинг учалови ҳам ўртамиёна раҳбар бўлишган. Бир сўз билан айтганда,  улуғ шоиримиз таърифлаганидек, улар ҳам ҳамма қатори:  «Шошиб ишга бориб, секин қайтишган…»
Камолов – ҳамма босқичларда аслида Муҳиддинов томонидан “тайинланган” раҳбар эди: 1955 йилда Муҳиддинов Ўзбекистон Компартияси раҳбарлигига ўтганда, Камолов унинг ўрнига СовМинга раис, 1957 йилда КПСС Марказий Комитети секрертари бўлганида – яна унинг ўрнига Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари этиб тайинланган эди.
КПСС Марказий Комитетига секретарь бўлиб кетаётган арбобга бундай ҳуқуқ берилган эди, албатта. Лекин ўша вақтдаёқ Ўзбекистон раҳбарлигига энг муносиб номзод табиийки Шароф Рашидов эди.
Бироқ, Шароф Рашидов номзодини ўтказмаслик учун Муҳиддинов Москвага кетишидан бир неча кун олдин зудлик билан Рашидовнинг узлуксиз чет эл «командировка»лари ҳақидаги масалани Бюро мажлисига қўйдириб, унга ҳайфсан эълон қилишга муваффақ бўлади.
Бу табиийки, Шароф Рашидовнинг республика раҳбарлигига ўтишига йўл бермас  эди…
Шу билан Муҳиддинов СовМин раиси бўлиб ишлаб турган ўз «одами» – Собир Камоловни Ўзбекистоннинг янги раҳбари бўлишига йўл очади.
Шундай қилиб Собир Камолов – Нуриддин Муҳиддиновдан кейин  Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетини бошқарган…
Табиийки, ўз салоҳиятига кўра Ўзбекистондек улкан республикани бошқариш ва айниқса унинг маданият ва маърифат масалаларига етакчилик қилиш – Собир Камолов учун оғир кечади. Чунки унинг бу тармоқлар билан деярли яқинлиги йўқ эди.
Хуллас, тез орада унинг республика раҳбарлигига номуносиб бўлган бир мунча ҳатти ҳаракатлари, жумладан, маиший соғлом эмаслиги ҳам очилиб қолади. 1959 йил март ойида Москвада ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати Декадасига Собир Камолов бошчилигидаги республиканинг  барча раҳбарлар қатнашиб, ҳамма ўз юртига ўз вақтида қайтганига қарамай, Собир Камолов Москванинг  «Барвиха»сида «муҳим ишлар» билан қолиб кетганлиги маълум бўлади.
Ўша кунлари Кремль раҳбари Никита Хручшевнинг  Камолов билан зудликда боғланиш зарурати туғилади. Тошкентга телефон қилса, уни Москвада дейишади. Москвадан изласа, уни Тошкентда дейишади…
Табиийки, Хручшев учун унинг қаерда ва нима билан машғул эканини аниқлаш катта қийинчилик туғдирмасди.
Бунинг устига Собир Камолов оиласида юз берган бир қатор воқеалар ҳам унинг сиёсий фаолиятига оғир маломатлар олиб келди.
Жумладан, унинг оиласи – Марказком биринчи котибига тегишли бўлган «Дўрмон»даги дала боғ ҳовлиси – дачани тегишли ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан қайта қурганлиги, бунда кечириб бўлмайдиган маблағ исрофгарчилигига йўл қўйганлиги, бу ерда республиканинг казо казо биринчи идораларининг биринчи раҳбарлари  номдор ва ҳусндор аёллар билан «олий мақомдаги « зиёфатлар ўтказганлиги – махфий идораларнинг диққат марказига аллқачон тушиб улгурган эди.
Мана шу сабабларга кўра унинг зудлик билан ишдан олинишидан ташқари Камолов воқеаси – Муҳиддинов карьераси учун ҳам катта зарба бўлади. Ўша воқеадан кейин Нуриддин Акрамович Муҳиддинов КПСС Марказий Комитети котиби ва Бюро аъзоси бўлиб турганига қарамай – Ўзбекистон сиёсий ҳаётига аралашув ҳуқуқидан деярли маҳрум қилинади…
Ўртоқ Муҳиддинов ўзининг баландпарвоз оҳангларда ёзилган «Кремлда ўтган кунларим» китобида гўё Сталин жасадини  Ленин мавзолейидан кўчириш масаласида Хрушчев билан  тўқнашиб қолганини иддао қилиши ҳақиқатдан узоқ бўлиб, аслида Собир Камолов воқеаси – унинг сиёсий инқирозини бошлаб берган эди.
Махфий хизмат идоралари томонидан Муҳиддинов ва Камолов гуруҳининг Ўзбекистондаги маиший ҳаёти хусусида  тўплаган кўплаб маълумотлар ҳам Хрушчев столига келиб тушади.
Хуллас, «қарғанинг палакати, бургутни ола кетди» деганларидек, Собир Камоловнинг Москвада – Кремлнинг рўпарасида қилган «ўйинлари» – унинг ва улфатларининг узоқ Ўзбекистондаги чуқур парда ортидаги маиший қилмишларини ҳам очиб юборди…
9.
Собир Камоловдан сўнг Мансур Мирза-Аҳмедов – СовМин раиси, Қўқоннинг «детдоми»да тарбияланган Ёдгор Насриддинова эса – унга ўринбосар  этиб тайинланади.
Айни пайтда Шароф Рашидов – Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси бўлади.
МарказҚўм ПартКомиссияси – Камоловнинг Бош вазирликдан олиниш жараёнида унинг барча кадрларига ҳам муносиб баҳо берилишини талаб қилади. Бу табиийки, Камолов ўрнига раис бўлган Мансур Мирза-Аҳмедовга ҳам соя солади. Шу боис у ҳам кўп ўтмай  МарказҚўмнинг битта Бюросида  Камолов билан бирга жазоланиб, сиёсий майдондан супурилиб кетади.
Маиший ҳаёти боис  ишдан урилган Камолов ўрнига Ўзбекистон биринчи раҳбарлигига келган Рашидов – Хрушчев томонидан урилиб, сиёсий майдондан мутлақо  суриб ташланган ҳар икки раҳбарни ҳам Москва олдида кўксини қалқон қилиб, ҳимоя қилади.
Айниқса  Мирза-Аҳмедовнинг бу маиший ўйинларда роли ва ўрни йўқлигини айтиб,  уни оқлаб –  Коммунал хўжалиги министри, Камоловни эса – ўша даврнинг етакчи вазирлиги бўлган – Тайёрлов министрининг биринчи ўринбосари қилишга эришади.
Мана Сизга Шароф Рашидовнинг бағри кенглиги…
10.
Мансур Мирза-Аҳмедовнинг ўрнига – Самарқанд Обкомининг биринчи секретари Ориф Алимов Ўзбекистонинг янги Бош вазири этиб тайинланади.
Ориф Алимовнинг Самарқанд обкомидан – ҳукумат раиси бўлиб келишини тушуниш учун Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети саркотиби этиб тайинланган Бюро йиғилиши тафсилотларига қайтишимиз керак бўлади.
Мазкур тарихий Бюро йиғилишида Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси Шароф Рашидов билан Самарқанд обкомининг биринчи секретари Ориф Алимов номзоди уч кун муҳокама бўлади.
МарказҚўмнинг идеология котибаси Зуҳра Раҳимбобоева сўз олиб, қишлоқ хўжалиги ходимларини кетма кет  республиканинг биринчи раҳбари қилиб сайлаш тажрибаси ўзини оқламаганини, Ўзбекистон аслида зиёлилар юрти эканини, энди бу ўринга ниҳоят зиёли одам келиши лозимлигини айтиб, ўз фикрини мисоллар билан исботлаб,  Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлигига – Шароф Рашидов номзодини таклиф қилади.
Бюро аъзоларидан Расул Ғуломов ўз сўзида: «Рашидов жуда муносиб кандидатура. Раҳимбобоева тўғри гапирди. Рашидов билан мен энг кўп бирга ишлаган одамман.  «Қизил Ўзбекистон» газетасига ҳам уни аслида мен тавсия қилганман. Лекин Рашидов жуда оғир касал. Яқинда ҳам Кремль касалхонасидан келди. Биз бу кишининг соғлигини ўйлаб кўришимиз керак. Яхшиси, буни Рашидовнинг ўзидан сўрайлик. Қолаверса, Ориф Алимов ҳам бу ўринга жуда муносиб» деган…
Шунда Рашидов сўз олиб: «Тўғри, мен оғир операциядан кейин ҳозир келдим. Ғуломов тўғри айтади – Ориф Алимов муносиб номзод. Мен ҳам у кишининг биринчи раҳбар бўлишини қўллаб қувватлайман!» деган.
Шунда Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарлиги деярли ҳал бўлиб қолган Ориф Алимов сўзга чиқиб: «Сизлар ишонсанглар, мен бу вазифани бажаришга тайёрман!» – деб гапни калта қилган…
Мана шу баёнотдан сўнг  Қамбаров деган Фарғона обкомининг биринчиси сўзга чиқиб: «Ўртоқлар, Зуҳра Раҳимбобоева айтган  гапга яна бир эътибор қилайлик.  Қишлоқ хўжалиги вакилларини сайлаб бўлдик. Мен биринчи раҳбарликка – Рашидовни муносиб деб биламан!» деган чўрткесарлик билан.
Шу таклифдан сўнг танаффус эълон қилиниб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари Мельников Роман Ефимович Москвага сим қоқиб, Хрушчев билан боғланади ва унга  Бюродаги сиёсий вазиятни маълум қилади.
Танаффусдан сўнг Шароф Рашидов ва Ориф Алимовлар номзоди овозга қўйилади ва 13 нафар Бюро аъзосининг аксарияти Рашидов номзодини маъқуллаб чиқишади…
11.
Рашидов вафотидан кейин  Нуриддин Муҳиддинов ва Расул Ғуломовлар ўз хотираларида Шароф Рашидов ва Ориф Алимовга берилган овозлар тенг бўлганини айтиб, Рашидов ўзига ўзи овоз бериб, ютиб кетди деб тарихни бузиб кўрсатишга уринишади.
Уларнинг бу иддаоси мутлақо ҳақиқатдан йироқ эди.
Хуллас, бу жуда катта мавзу.
Рашидов ҳақидаги ажойиб китоб автори – тарих фанлари доктори Саидакбар Ризаев (Монография 1992 йилда чоп этилган) ўз асарида  бу ҳақиқатлар ҳақида батафсил ёзган.
Биз эса ўзимизни чалғитмай, асосий  мавзуга қайтсак…
12.
Биз Ориф Алимовнинг кутилмаганда СовМинга раис бўлганини англаш учун бу гапларни айтаётган эдик.
Хуллас, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари этиб сайланган Шароф Рашидов бағри кенглик қилиб, ўз «рақиби» –  Ориф Алимовни ҳеч иккиланмай, Бош вазирликка таклиф қилади…
Шу ўринда яна бир гап.
Рашидов бир неча марта республиканинг уч асосий раҳбарини Ўзбекистоннинг турли регионларидан ваколатли бўлишини урғулаган.
Масалан, ўзини – Самарқанд региони вакили ҳисоблаган. (Жиззах – ҳудудий жиҳатдан ўша пайтларда Самарқандга қараган)
Фарғона региони  вакили Ёдгор Насриддинова  – Рашидовнинг ўрнига – Олий Совет Президиуми раиси бўлади.
Тошкент региони вакили Ориф Алимовни Самарқанд обкомидан – СовМин раислигига тавсия қилади.
Хуллас, Ўзбекистон регионларига Шароф Рашидов доимо бирдек эътибор бериб келган…

Исмат Хушев,

«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,

Торонто шаҳри, Канада…

2015 йил, январь…

(Давоми эртага эълон қилинади)

Один комментарий к “Исмат Хушев: Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий портретига шарҳ (1-қисм)”
  1. Ismat aka mening fikrimcha juda lof urulgan bu erda. Masalan, UzSSR ga kim 1-chi kotib bo’lishi hech qachon joylarda ovoz berish bilan hal qiqlinmagan. Bu masala har doim faqat kremelda hal bo’lgam. Shu jumladan Rashidov masalasi ham. Moskva o’zbeklarga hohlagan odamingni saylab ol deyishi bu quruq lof. Mening fikrmcha hozir ham ancha narsa o’sha erda (kremelda) hal bo’lyapti.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *