• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий портретига шарҳ (2-қисм)

Июл 25, 2017
Исмат ХУШЕВ:
ТАРИХГА АЙЛАНГАН БОШ ВАЗИРЛАР
(Иккинчи китоб, 30-боб)
ПРЕЗИДЕНТ  ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ 
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
ИККИНЧИ КИТОБ

  

Суратда:  “Ҳаёт ва Иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (чапдан биринчи) ва Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Мирзиёев (ўнгдан биринчи) Ўзбекистон ҳукумати уйида…

 

Ўттизинчи боб
Исмат ХУШЕВ: ТАРИХГА АЙЛАНГАН БОШ ВАЗИРЛАР
(ёки Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий портретига шарҳ)

 

13.
Ориф Алимовдан кейин – Раҳмонқул Қурбонов ҳукумат раислигини эгаллаган.
Бунга қадар у – Андижон обкомининг биринчи секретари бўлган. Ўзи асли Қашқадарёнинг Қамаши районида туғилган. Билимли, ғайратли, шижоатли раҳбар деб хотирлашади.
Мен Тошкентда Бош муҳаррир бўлган йилларим у кишининг Олой бозори атрофидаги ҳовлиларига кўп   борганман. Қорачадан келган, саксон – тўқсон ёшларида ҳам кўришганда бизни маҳкам қучоқлаб, даст кўтариб,  ҳавода бир муддат тутиб туриб, сўнг оҳиста ерга тушириб қўярдилар…
Шу ёшда ҳам у кишида шунча куч ва қудрат борлигидан ҳайратимизни яширолмасдик.
Кейин йиллар ўтиб, тақдир бизни хориж юртлар томон етаклаб кетди.  Раҳмонқул ака юздан ошиб, вафот этганларини эшитдим.
Ҳукумат уни эсламади.
Давлатимиз – ўзининг давлатчилик тарихида катта из қолдирган шундай улуғ ва табаррук инсонни тириклигида ёлғондан бўлса ҳам бир маротаба бошини силаб қўймади.
Ҳатто вафот этганида ҳам собиқ ҳукумат раиси – давлатнинг бир оғиз бўлса-да, уч сатрлик таъзиясига муносиб кўрилмади…
Ана шундай улуғ ва муборак бир инсон – умрининг сўнгги йилларида, мустақиллик даврида, қадр кўрмай ўлиб кетгани менга алам қилади…
Нафақат, Раҳмонқул Қурбонов, балки Нуриддин Муҳиддинов, Ориф Алимов, Ёдгор Насриддиновалар  вафот этганларида ҳам мустақил Ўзбекистон уларни уч оғиз бўлса-да, таъзия билдириб, руҳларини шод этиб, хотиралари олдида таъзим бажо келтирмади…
14.
Раҳмонқул Қурбоновдан кейин – 1971 йилдан эътиборан Нормуҳаммад Худойбердиев Ўзбекистонда ҳукумат раиси бўлди.
У киши Бош вазирликка  – Сирдарё обкомидан келган. Бунга қадар – 1950 йиллар бошида Ленинградда кандидатлик диссертациясини ёқлаб, Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида бир муддат доцент бўлиб, дарс беришга ҳам улгурган эди.
1954 йилдан эътиборан – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи секретарига ёрдачиси, Марказқўм Қишлоқ хўжалиги бўлими мудири, Бухорода обкомнинг иккинчи секретари, Қашқадарё ва Сурхандарё қўшилганда – обкомнинг биринчи котиби, сўнг ниҳоят Марказқўмнинг  Қишлоқ хўжалиги бўйича котиби лавозимларида ишлаган.
Шароф Рашидовга қадар унинг амал пиллапояларидаги парвози ана шундай тез суратлар билан ривожланган. Ва ниҳоят Рашидов ҳокимиятга келгач, унинг қуёши бир зум сўнишга бошлаган – у Марказқўм котиблигидан – республика қишлоқ хўжалиги вазирлигига туширилган.
1970 йил охирларида  Нормуҳаммад Худойбердиев  вазирликдан –  Сирдарё обкомининг биринчи котиблигига ўтказилган.  Орадан бор йўғи бир ой ўтар ўтмай, Раҳмонқул Қурбоновнинг кутилмаганда ишдан олиниши муносабати билан ўша даврнинг энг кучли ва билимдон қишлоқ хўжалиги раҳбари сифатида – СовМин раислигига муносиб кўрилган.
Худойбердиев Бош вазирликка сайланишида – СССР Министрлар Совети раиси Николай Косыгин катта рол ўйнаган дейишади.
Худойбердиевнинг Сирдарёдаги  ўрнига эса – облисполком раиси Қудрат Аҳмедов ўтган. Бунга қадар Қудрат Аҳмедов Бекободда биринчи котиб бўлиб ишлаган.
Қудрат Аҳмедовни эса Шароф Рашидов кўтарган. У Ғофур Ғуломнинг куёви бўлган.
Шароф Рашидов Ғафур Ғуломни нега яхши кўрган?
У киши ёш боши билан – Союзга бош бўлганида Ғофур Ғулом катта обрўга эга бўлган ва Шароф акани ёзувчиларнинг турли ҳамлаларидан қўллаб қувватлаб, ҳимоя қилиб турган.
Рашидов яхшиликни қадрлай билган.
Рашидов кейинчалик Ўзбекистон раҳбари бўлганидан кейин ягона Ғофур Ғуломгагина совет даврининг энг олий тақдимоти  – Ленин мукофотини олиб берган…
Қудрат Аҳмедов ўз даврида Госпланга раис бўлганида, Ислом Каримовни ўзига ёрдамчи қилиб олган ва имкон қадар қўллаб қувватлаган.
Ислом Каримов ҳам Президент бўлганидан кейин ўз ўрнида Ғафур Ғулом авлодларини  беармон  қўллаб қувватлаб келган.
Ғофур Ғуломнинг жияни бўлган Темир Алимов узоқ пайт Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган. Қодир Ғуломов – Мудофаа вазири, Беҳзод Ғуломов – Фанлар Академияси Президенти ва ҳокозо.
Улар, хусусан Тимур Алимов Президентнинг бу ишончини қай даражада оқлагани  – бу энди алоҳида мавзу.
Биз бу мавзуларга ҳам ҳали қайтамиз…
15.
Тиниб тинчимас, билимдон ва ўта ғайратли бўлиши баробарида Нормуҳаммад Худойбердиев  – ниҳоятда қўли тоза, лекин ўз билганидан қайтмайдиган, қаттиққўл ва қайсар  одам бўлган.
Николай Федорович Тимофеев «Правда Востока» газетаси Бош муҳаррири бўлганида  – унинг ҳукумат телефони – Махсус Ҳукумат Алоқаси (СПС) ни Худойбердиев «Буларга мумкин эмас» деб ўчиртирган. Ўшанда жуда қиммат турувчи бу алоқа тизими муҳаррирларга шарт эмас деган фикр билан шундай қилинган.
СПС Бош муҳаррирлардан  фақат  «Совет Ўзбекистони» газетаси муҳаррири Мақсуд Қориев билан у кишида бор экан, холос.
Бундан норози бўлган Николай Тимофеевич Рашидовга кириб: «Мен қўлсиз ва оёқсиз бўлиб қолдим» деб шикоят қилади.
Сўнг Рашидов Худойбердиевга телефон қилган: «Ҳукумат телефони редакторларга жуда ҳам керак» деб.
Шунда ҳукумат раҳбари Нормуҳаммад Худойбердиев Ўзбекистон раҳбарига қарата: «Ё мен ишлай, ё улар ишласин!» деб ўжарлик қилган.
Жуда оғир босиқ ва ўта мулоҳазали Шароф Рашидов: «Сиз ҳам ишлайсиз, улар ҳам ишлайди. Телефонлари ҳам ишлаб туради…» деб гапни калта қилган экан экан…
16.
Худойбердиевнинг қайсар ва ўз билганидан қолмаслигига яна бир мисол: Худойбердиевга қадар ҳукумат йиғилишларида  «Главстредазирсовхозстрой» бошлиғи Нажим Раҳимович Ҳамраев ўзи қатнашмай, биринчи муовинини юбораркан.
Бу ташкилотнинг номи ўзбекча айтганда – Ўрта Осиё қўриқ ерларини ўзлаштириш Бош бошқармаси деб юритилган.  У ўрта Осиёдаги тўртта республика – Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг қўриқ ерларини ўзлаштириш билан шуғулланган ва бу тўрт республиканинг қўриқ ерлари  бевосита унинг тасарруфида бўлган.
Қозоғистон ва Россия ҳам «по совместительс тву» унга алоқадор бўлган. Қозоғистондан – 1 миллионга яқин , Россиядан – 500 минг  гектар қўриқ ер ўзлаштирилган.
Бир сўз билан айтганда Нажим Раҳимович Ҳамраев раҳбар бўлган «Главстредазирсовхозстрой» – қўриқ ерларни ўзлаштириш бўйича Жаҳон лабараторияси ҳисобланган.  Унинг оборотида 5 миллиардга яқин маблағ бўлиб, шунинг икки миллиарди Ўзбекистон учун ажратилган.
Унинг биринчи раҳбари ихтиёрида бешта шахсий ва махсус самолёт бўлган. Ҳар бир республика хизмат ваколатига кўра унга алоҳида самолет ажратиб қўйган.
«Главстредазирсовхозстрой» – КПСС Марказий Комитети Сиёсий Бюроси Қарори билан ташкил этилган бўлиб, унинг раҳбари бевосита Москвага бўйсунган.
Хуллас, Иттифоқ миқёсидаги шундай нуфузли Бошқарманинг довруғли бошлиғини Ўзбекистон Бош вазири Нормуҳаммад Худойбердиев ўзи ўтказадиган ҳукумат йиғилишларида шахсан қатнашадиган қилган…
17.
Фалакнинг гардишини кўринг: Миллатнинг шундай улуғ фарзанди Шароф Рашидов вафотидан кейин  “Ўзбеклар иши” деган мутлақ асоссиз айбнома билан ҳибсга олинди ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Унинг жиноят ишидан яхши хабардорман. Унга Гдлян гуруҳи томонидан иккита асосий “айб” қўйилган эди:
1. Н.Ж.Худойбердиев Ўзбекистонда СовМин раиси бўлиб турганда Брежнев куёви генерал полковник Чурбанов Ўзбекистонга ташриф буюрганида гўё унга қимматбаҳо “чайний сервиз” совға қилган эмиш. (У кумушдан бўлиб, тергов томонидан  50 000 сўмга баҳоланган).
2. 15 йил СовМин раиси бўлиб ишлаган шундай улуғ шахс  форишлик ҳамюрти Мазур Нишонов Арнасой районига райкомнинг биринчи котиби бўлиб тайинланганда гўёки ундан 3000 сўм пора олган эмиш…
Қўл остида Ўзбекистондай буюк давлатнинг хазинаси 15 йил унинг тасарруфида турган бўлса, миллиард миллиард оборотга эга бўлган казо казо ташкилот раҳбарлари унга эртаю кеч  таъзим қилиб турган бир пайтда шундай қудратли  шахс гўёки бир митти “қўнғизча”дан 3000 сўм тамагирлик қилган эмиш?
Бунга мен негадир ишонолмадим…
Мен ҳозир мавзудан чиқиб – Худойбердиевга қўйилган айбномалар устида баҳсга киришмоқчи эмасман. Лекин, адолат юзасидан мантиқан куракда турмайдиган бу айбномага нисбатан мутлақо норозилигим бор: Тўғри, биринчидан, Чурбанов ўз уйидан тафтиш маҳали топилган қимматбаҳо сервизни у Ўзбекистонда хизмат сафарида бўлганида ўзбек ҳукумати номидан Худойбердиев тақдим этганлигини тан олган.
Одатда, ўзбек меҳмондўстлигига кўра ҳар бир катта кичик Москва раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюришганида у ёки бу совға билан сийланганлар.
Бу анъана тусига кирган ва маълум маънода ҳозиргача ўзбек урф одатидан чиқиб кетган эмас. Қолаверса, ҳукумат раҳбари томонидан  Чурбановга қилинган бу туҳфа унинг шахсий инъоми эмас.  Бундай ҳодисалар одатда республика раҳбарияти қарори билан амалга оширилади.
Агар у жиноят саналганда ҳам бу битта ҳукумат раҳбари учун жиноят ҳисобланмайди. Бу ўз ўзидан кўриниб турган ҳақиқат.
Чурбанов кейинчалик оқланганидан кейин Худойбердиев билан ҳеч қандай олди берди қилмаганлигини тан олиб, алоҳида интервью беради.
Энди иккинчи айбномага келсак, бу “факт” – Жиззахлик мулозим Мазур Нишоновнинг ноинсоф ва номардлиги билан бевосита боғлиқ. Мазур Нишонов Арнасой туманида ҳоким бўлиб ишлаган йилларида сурункасига пахтани қўшиб ёзиш билан шуғулланади ва қўл остидаги қатор пахта заводи, совхоз директори ва ҳокозолардан пора олиб, Гдлянчилар қўлига тушганидан сўнг, у тергов билан ҳамкорлик қилиш учун Гдлян ҳузурига чиқади.
Шунда Нишонов ҳимматидан миннатдор бўлган Гдлян унинг Худойбердиев ҳамюрти эканини билгач, ундан Худойбердиевга қарши юқоридаги “кўргазма”ни талаб қилади. Ана шу “кўргазма” оқибатида Мазур Нишонов зиммасидаги жиноят баҳридан кечилади ва у терговдан озод қилинади…
Бу “қабиҳ операция”ни кейинчалик Мазур Нишонов матбуотда батафсил ёзиб чиқди. Лекин шунга қарамай, Нормуҳаммад Худойбердиев қарийб етти йил Россия турмаларида бу тўҳматнинг жабрини тортди…
Айтишларича, Худойбердиев, Усмонхўжаев ва Салимовларнинг турли уйдирмалар билан айбланиб, қамоққа олиш “сценарияси” Ўзбекистонда асосан икки раҳбарнинг фаол иштироки билан амалга оширилган эди: Бу Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи раҳбари Рафиқ Нишонов ва Рашидовга қарши оммавий ҳаракатнинг бошида турган – Расул Ғуломовлар эди…
Ўзбекистон давлатчилик тарихида ўчмас из қолдирган Нормуҳаммад Жўраевич Худойбердиев умрининг охирги йилларини ўта хокисорлик ва ёлғизликда ўтказгани маълум.
Шундай катта ва ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган улуғ бир инсон тўқсонинчи йилларнинг бошида Россия қамоқларидан озод этилганига қарамай, унга Ўзбекистонда бирор бир иш топилмади…
18.
Нормуҳаммад Худойбердиев билан биз “Герман Лопатин” кўчасидаги ҳукумат уйларида қўшни яшаганмиз.
Мен ҳар гал эрта тонгда виқор билан подьездимда кутиб турган ваҳимали хизмат машинамга ўтириб, ишга жўнаб кетарканман, кўча бошидаги газеталар киоски олдида навбатда турган Нормуҳаммад Худойбердиевни доим кўрардим. Бу ҳол деярли ҳар куни такрорланарди.
Узун бўйли, очиқ юзли, пешонаси кенг ва тепакал Нормуҳаммад ака енги калта – финка кўйлакда ҳар гал эрта тонгдан газеталар олиш учун киоска олдида навбатда турган бўларди.
Ҳукуматга бош бўлган даврда унинг олдини кесиб ўтадиган одам бўлмаган. У олиб борган ҳукумат йиғилишларига ҳеч кимнинг кечикишига йўл қўймаган.
У ўз соҳасини яхши билган, ўзи ҳам қаттиқ темир интизомга бўйсунган  ва шу боис республика раҳбарлари ва ҳукумат аъзолари орасида чексиз ҳурмат қозонган ва ҳали ҳануз Ўзбекистон ҳукумати устида гап борса, уни адолат пешвоси ва кристалдек тоза одам сифатида тилга оладилар.
Унинг раҳбарлик истеъдодига дўстлари тугул, душманлари ҳам тан берган.
Ўзбекистондаги бугунги ҳукумат широитида бундай раҳбар – анқонинг уруғи саналади…
19.
Нормуҳаммад Худойбердиевдан кейин Нишонов даври бошланиб, Ғайрат Қодиров – Ўзбекистон ҳукуматининг Бош вазири этиб тайинланган.
Бу лавозимга қадар Ғайрат Мажидович – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг саноат секретари бўлиб ишлаган.
Қодиров Бош вазир бўлганида СССРда Горбачев даври бошланиб, Москвадан эсган ошкоралик  насимлари Ўзбекистонга ҳам кириб кела бошлаган  нурафшон ва фараҳли даврлар эди.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоларидан бир гуруҳи ўшанда кооператив уй олиш учун пул тўлаб, ариза берган эдик. Кейинчалик уй қурилиши тўхтаб қолиб, пулларимизни ололмай кўп сарсон бўлдик.
Ана шундай кунларнинг бирида биз – бир гуруҳ журналистлар «Газеталар корпуси»да митинг уюштирдик. Ўша пайтларда митинг қилиш одат тусига кирган, «Бирлик» уюштирган митинглар ҳукуматни анча қўрқитиб қўйган, ёзувчи ва журналистларнинг аксар қисми эса «Бирлик»ка хайрихоҳ эди.
Журналистлар митинггидан хабар топган ҳукумат раиси Ғайрат Қодиров  – исёнчиларнинг икки вакилини қабул қиладиган бўлди. Йиғилиш Исмат Хушев билан Ғайрат Болтабоевларни вакил қилиб, Бош вазир ҳузурига йўллади.
Биз  ўшанда Ғайрат Қодиров билан биринчи маротаба кўришган, унинг кенг ва шинам кабинетида анчагача тортишиб, ниҳоят ҳукумат уйини ғалаба билан тарк этган эдик.
Кўп ўтмай Чилонзордаги Кооператив уйлардан бири  журналистлар ихтиёрига берилган эди…
Чироқчилик Абдимўмин Тиловов «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида мен билан бирга ишларди, ургутлик Темурбек («Ленин учқуни»да ишларди) ва бошқалар кейинчалик ўша уйда узоқ вақт яшашди.
Канаданинг тинч ва сокин гўшаларида яшаб, бугун яхшилаб ўйлаб қарасам, ўшанда журналист ҳамкасбларимиз ҳукумат раиси ҳузурига бир олов билан бир сувни қўшиб жўнатган эканлар: Мен ёнардим, Ғайрат ака эса оғир, вазмин, мулоҳазали эди – секин гапирарди…
“Исмат ёниб кетса, Ғайрат уни босиб, ўчириб туради… “ – деб ўйлашган бўлса эҳтимол..
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Исмат Хушев билан бирга митингчи журналистларнинг вакили сифатида музокара олиб бориш учун ҳукумат раиси ҳузурига кирган оғир, босиқ Ғайрат Болтабоев  –  узоқ йиллар Республика ГАИ Бош Бошқармасида – матбуот билан алоқа қилиш, ахборот ва пропаганда тарқатишга масъул бўлди.
ГАИ раҳбарлари у ёки бу сабаб билан ишдан бўшатилганида, агар адашмасам,  икки ё уч муддат уларнинг ўринларида И.О. бўлиб турди. Сўнг полковник унвонида пенсияга чиқарилди…
Исёнчи журналистлар вакили сифатида Бош вазир ҳузурига кирган – ўт ва олов Исмат Хушевнинг қисмати эса мутлақо бошқача тус олди.
У Ғайрат Болтабоевдан фарқли ўлароқ, бир муддат Президент орбитасидан қўним топиб, сўнг кутилмаганда метеорит каби Канада қитъасига келиб тушди…
Ҳаётда ва сиёсатда ўт олов эмас, балки оғир вазмин бўлган одам ютиши мумкинлигини мен афсуски, жуда кеч англаб етдим…
20.
Ғайрат Қодировдан кейин Мираҳмад Мирқосимов  Бош вазирликка келди.
Бу ҳали Нишонов даври эди. Мираҳмад ака ниҳоятда камтар ва камсуқум, кўнгли тоза бир инсон.
Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан кейин Нишонов кадрларини алмаштира бошлади. Жумладан, Олий Кенгаш мажлисларининг бирида  Мираҳмад аканинг ўрнига Бош вазирликка Мирсаидов номзодини таклиф қилди.
Муқобил сифатида Мираҳмад аканинг ҳам номзоди қўйилди. Лекин Ислом ака номзодларнинг ҳар иккаласига характеристика берганида, Мирсаидов ҳақида: «Мард ва жасоратли, фидойи инсон» деб айтиб ўтди.
Шу бир оғир сўзи билан у аслида кимнинг тарафида эканини маълум қилган эди.
Кўпчилик овоз билан Шукрилла Мирсаидов Бош вазирликка сайланади. Мираҳмад ака тақдирига тан бериб, қип қизарганча, ғолибни табриклаб, костюмини елкасига ташлаб, мардларча даврани тарк этган эди…
Кейинчалик унинг бу мардлигини Ислом ака унутмади.  У янги ташкил этилган Давлат  назорати Қўмитаси раиси этиб тайинланади. Бу совет давридаги Халқ контрол комитетига ўхшаш назорат идораси эди.
Илгари – Сирдарё обкомининг биринчи секретари бўлиб ишлаган Носир Маҳмудов, Виктор Хайдуров ва Тошкент шаҳар горкомини бошқарган Борис Федорович Сатинлар  – Халқ Контроли Комитетининг ундан аввалги раҳбарлари бўлишган.
Мустақиллик даврида Ислом Каримов ташаббуси билан бу идора кучайтирилиб,  Халқ назорати кейинчалик давлат назоратига айлантирилди. Идора  ҳам ҳатто президент аппарати билан бир бинода жойлашди.
Президентнинг дастлабки ғоясига кўра «Госконтрол» давлат бошлиғининг  жазоловчи («Карательный») қўли бўлиши керак эди. Шунинг учун ҳам унга илгариги парткомиссиянинг  кучи, қудрати берилган эди.
Кейинчалик бу идора ҳам, Ислом аканинг ғазабига учраб, «ликвидировать»  қилинди.
Жами Президент командаси аъзоларининг аянчли тақдири каби,  ном нишони қолмай, йўқ бўлиб кетди…

 

21.
Ниҳоят, Мираҳмад Мирқосимовнинг ўрнига Шукрилла Мирсаидов ҳукумат раиси этиб тайинланган ҳаяжонли кунларга келдик.
Бу тайинлов амалга ошган Олий Кенгаш сессияси ҳануз ёдимда. Бу ҳақда сиёсий хотиралар китобимда махсус катта катта боблар ажратилган.
Мирсаидов Бош вазир этиб тайинлангандан кейин кўп ўтмай Ислом Каримов билан уларнинг орасида пайдо бўлган адоват ва рақобат – Ўзбекистоннинг кейинги – чорак асрлик тоталитар тузумини белгилаб берди.
Мен бугун Президент билан ҳукумат раиси орасидаги ихтилоф ва можароларга тўхталиб ўтирмайман. Бу ҳақда китобда ёзилган, матбуотда айтилган, яна ёзилади ва яна айтилади…
Мазкур бобнинг аввалида айтганимиздек, Файзулла Хўжаев билан Акмал Икромов орасидаги ихтилоф, орадан эллик беш йил вақт ўтиб, Ислом Каримов билан Шукрилла Мирсаидов ўртасида қайта бош кўтарди.
Ўзбекистон тарихида МарказКомнинг биринчи котиби Акмал Икромов Халқ Комиссарлар Совети раиси Файзулла Хўжаевни Марказий Комитет сафига киритмаган бўлса, орадан эллик беш йил ўтиб, Президент Каримов Бош вазир  Мирсаидовни Ўзбекистон Олий раҳбариятидан ўзига хос ўрин олишига тўсқинлик қилди ва уни олий табақали мулозимлар рўйхатидан батамом ўчирди.
Бу билан кифояланмай, уни Олий суд курсисигача олиб борди…
Ҳар қалай Мирсаидов Бош вазир бўлганида ўз сўзи ва фикрига эга бўлган мустақил ҳукумат раиси эди. Президентнинг фикри маъқул бўлса -қувватлаган, маъқул бўлмаса – қабул қилмаган.
Айнан мана шу одиллиги ва каттага қуллиқ қилишни билмагани учун ҳам  у узоқ вақт Бош вазир бўлиб қололмади.
Аввал Вице Президент, сўнг Бош вазир бўлган тўғри сўз, мард ва чапани, ҳақиқий ўғил бола бўлган одам – кўп ўтмай урилди.
Шундай урилдики, салкам йигирма йил хорлик ва зорликда яшаб, армон ва фарёд билан бу ёруғ оламни тарк этди.
Президент – Мирсаидов фожеаси мисолида, бошқа мулозимларга – ўзи билан ўйнашиш оқибати мана шундай аянчли ва фожеавий тугашини очиқ ойдин кўрсатиб қўйгандай бўлди…
22.
Шукрилла Раҳматович Бош вазир бўлиб бор йўғи тўққиз ой ишлади, холос.
1990 йилнинг 1 ноябридан то 1992 йилнинг 13 январигача Бош вазирсиз қолган ўзбек  ҳукуматига – Вазирлар Маҳкамасининг раиси сифатида Ислом Каримовнинг ўзи бошчилик қилиб турди.
Шукрилла Мирсаидовдан кейинги Бош вазирларни хаёлан назардан ўтказарканман, ўшанда Ислом Каримов Мирсаидовдан кейин бу лавозимга энди   ҳеч қачон ўз фикри ва сўзига эга бўлган мустақил  ва довюрак, истеъдодли  кишиларни тайинламасликка онт ичган экан деб ўйлаб кетаман.
Ана шу принциплардан келиб чиқиб, икки йил эгасиз қолган ҳукуматга 1992 йилда – юмшоқ характерли, ким нима деса маъқуллайдиган, кўнгли бўш ва ўртамиёна раҳбар – “Дон маҳсулотлари” вазири Абдухошим Мўталов тайинланади.
Мирсаидов ишдан олингандан заҳотиёқ Мўталовнинг мақоми, мана шу истиқболни кўзлаб шекилли – Вице премьер даражасига кўтариб қўйилган эди…
Абдухошим ака билан биз яхши ва самимий муносабатда эдик. Президентга яқин бўлганим учунми, билмадим, у мени жуда ҳурмат қилар ва ҳар гал ҳузурига борсам, қабулхонасига чиқиб кутиб оларди.
Мен олдинги бобларда қайнотам Муқимжон ака – Шаҳрисабз “Заготзерноси”да директор бўлиб ишлаганини айтгандим. Тўқсонинчи йилларнинг бошида ҳукумат Қарори билан  Дон маҳсулотлари вазирлигига қарашли “Заготзерно” лар қошида “Иссиқ нон” цехлари ишга туширила бошланди.
Бир гал Китобга борганимда қайнотам куни кеча ишга туширилган “Иссиқ нон” цехида қип қизил қилиб пиширилган катта катта патир нонлардан беш-ўнтасини Бош вазирга совға сифатида бериб юборди.
Бу – Ўзбекистонда Абдуҳошим Мўталов  ташаббуси билан очилган “Иссиқ нон”ларнинг энг биринчиси – қалдирғочи эди. Абдуҳошим ака – қайнотамнинг бевосита вазири бўлиб, уларнинг  ўзъаро алоқали ҳам жуда яхши эди.
Эрталаб Китобдан йўлга чиққан редакциянинг яп янги “Газ-24” хизмат машинаси тўрт соат юриб, роппа роса ўн иккилар атрофида Ҳукумат уйининг олдига келиб тўхтади. Шофёрим билан циллофан елим ва қоғозларга ўралган нон ва яна совға салом сифатида бериб юборилган алланимабалоларни кўтариб, тўғри Бош вазир қабулига бордик.
Кўп ўтмай Абдуҳошим ака ичкарига кирган ёрдамчилари билан бирга қабулхонага чиқиб келдилар.
Мен билан худди эски қадрдонлардек қучоқ очиб кўришаркан, ўзларининг ташаббуси билан  “Иссиқ нон”да ишлаб чиқарила бошланган патир нонларни кўриб, ёш боладек қувонган ва ўша заҳотиёқ қабулхона телефонидан Шаҳрисабз билан боғланиб, иссиқ нон учун қайнотамга чин юракдан миннатдорчилик билдирган эдилар…
23.
Ажойиб даврлар эди ўшанда.
Қандайдир оддий бир тармоқ журналининг ёш ва олифта редактори  ҳукумат Бош вазири даврасида Ўзбекистоннинг мутлақ ҳокими даражасида иззат ҳурмат кўрган ғаройиб бир паллалар эди.
Ўшанда мен ҳукумат биносига Китобдан олиб келган иссиқ нон таъмини тотиб кўриш учун Бош вазир ўринбосарлари  Муҳаммаджон Қорабоев, Қаюм Ҳаққулов, Эркин Самандар, Бахтиёр Ҳамидов, Ўткир Султонов ва Тўлқин Мирёқубовлар унинг кабинетига ташриф буюрган эдилар.
Фақат Исмол Жўрабековгина Исмат Хушев  Қашқадарёдан олиб келган иссиқ нон таъмини тотиб кўришдан бош тортган эди, холос…
Бугун Ўзбекистон ҳукумати раиси ҳузурига муҳаррир тугул, ҳатто вазирлар ҳам иссиқ нон олиб кира олишармикан?
Умуман бугунги ўзбек ҳукумати раиси қабулида мен тўқсонинчи йилларда ўзим кўрган ва иштирок этган самимий давра ва суҳбатлар бўлишини, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари ўттиз ёшли бош муҳаррир билан бир дастурхон атрофида ўтириб, ҳозиргина Қашқадарёдан келган тонгги қаймоқ ила  иссиқ нон тановул қилишларини тасаввур қилиб кўриш мумкинмикан?
24.
Абдуҳошим Мўталов ҳукумат раиси бўлиб – уч йил ишлади.
Бу давр Ўзбекистон ҳукумати учун – қаттиққўл ва яккаҳокимликдан йироқ бўлган, самимий ва дилкаш Бош вазирга ўрганиш ва кўникиш даври бўлиб тарихга кирди.
Бу давр Ислом Каримов учун ҳам – Мирсаидов билан бўлган тўқнашувда йўқотган обрў эътиборини  бир қадар тиклаб олиш даври бўлди.
Президентга қарши чиқиш оқибати ёмон бўлишини ҳукуматда ҳамма англаб етди. Буни халқ ҳам аллақачон тушунди.
Буни фақат мухолифат тушунмади. Шунинг учун ҳам Мирсаидовнинг сиёсий  қуёши сўниши асносида  – Президент секин аста мухолифатни ҳам  ҳибс ва хорижга гирифтор қила бошлади.
Шу билан бирга ўз ҳокимиятини ҳам мустаҳкамлаб, мулозимларни секин аста “садоқат” чиғириғидан ўтказиб олди.
Бу борадаги биринчи қадам – кадрлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг ишдан олиниб, ҳибс этилиши билан бошланди.
Сўнг – Миллий Хавфсизлик Хизмати раисини янгилаш керак бўлди.
Вақтида “Мирсаидов исёнидан хабардор бўла туриб, чора кўрмаган” лик айби билан ишдан олинган Ғулом Алиев ўрнига  Рустам Иноятов  МХХ нинг янги раиси этиб тайинланади.
Мирсаидов масаласидан “аччиқ ва аламли”  хулоса чиқарган давлат раҳбарининг  “тозалаш” ва “чиғириқдан ўтказиш” компанияси 1995 йилга келиб, унинг мамлакатда мутлақ  ҳокимликни қўлга киритишига мустаҳкам замин ҳозирлади.
Бу борадаги энг муҳим қадам эса – ҳукумат раислигида ўзига мутлақ тобе одамни ушлаб туриш эканини Президент аллақачон англаб етган эди…
25.
1995 йилдан эътиборан Ўткир Султонов ҳукуматга Бош вазир этиб тайинланди.
У бу лавозимда айнан Ислом Каримов истаган одам эканини исбот қилиб,  1995 йилнинг декабридан то  2003 йилнинг декабригача – саккиз йил Ўзбекистон ҳукуматини бошқарди.
Ўткир Султонов Бош вазир бўлган йилларда Ислом Каримов Ўзбекистонда мутлақ ҳокимликни аллақачон қўлга киритиб, энди жаҳон миқёсида дунё таниган ва тан олган сиёсий лидерга айланди.
Айнан Ўткир Султонов ҳукуматга раҳбар бўлган йилларда Ўзбекистон ва унинг сиёсий раҳбари табиатида яккаҳокимликка интилиш, диктатурага  меҳр қўйиш ва тоталитар тузумга хайрихоҳлик туйғулари кўрина бошлади.
Умуман, бир одамнинг ўз лавозимида узоқ ўтириб қолиши ҳамиша яккаҳокимлик ва диктатурага олиб келишини  тарихда кўп кўрганмиз.
Бош вазир Ўткир Султонов энди ўзининг юмшоқ характери ва очиқ кўнгиллиги билан давлат раҳбарининг бу каби кескин ҳатти ҳаракати ва инжиқ табиатига жавоб беролмай қолди.
Энди ҳукуматни Ислом Каримов қош қовоғига қараб бошқариш билан бирга, унинг топшириқ ва Фармонларини сўзсиз ва кўр кўрона бажарадиган, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак – бажартирадиган иккинчи бир диктатор керак эди.
Энди замон ўзгарди.
Россия ғарб билан яқинлашиш ўрнига, тобора узоқлашиб боряпти. Араб давлатларида эсган баҳор насимлари – Ўрта Осиёга ҳам хавф сола бошлади. Афғонистон инқирози кун тартибига чиқди. Хитой эпспансияси яққол кўриниб қолди.
АҚШ ва Европа давлатлари – Россияга қарши ўлароқ – Ўрта Осиёда – инсон ҳақ-ҳуқуқлари аҳволидан қатьий назар – ўзлари учун ишончли ҳамкор ва мустаҳкам таянч излай бошлашди…
Ана шундай бир пайтда Ўзбекистон раҳбари учун энди давлат хўжалиги ва иқтисоди билан эмас, балки дунё сиёсати ва тақдири билан шуғулланиш масаласи кўпроқ аҳамият касб эта бошлади.
Энди ўзбек ҳукуматига айтгани айтган, дегани деган, лекин матбуотда ўзини реклама қилишни ёқтирмайдиган, Президентни кўрганда мум тишлаб турадиган,  унинг ҳар бир топшириғини сўзсиз  ва ортиғи билан адо этадиган янги ҳукумат раиси керак эди…
2003 йилнинг 11 декабрида ниҳоят ана шундай раис топилди.
У кутилганидан ҳам зиёд бўлиб чиқди!
(Давоми бор)

 

Суратда: Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев…

 


Суратда:  “Ҳаёт ва Иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (чапдан биринчи) ва Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Мирзиёев (ўнгдан биринчи) Ўзбекистон ҳукумати уйида…
  
Суратда: Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан “бир чашка чой”  гурунгида…
Хушев Мирзиёев билан
Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи), Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлари – Шавкат Мирзиёев, Ўктам Исмоилов, Эркин Халилов ва Нурали Қобуллар билан сессия залида, 1994 йил…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

9 шарҳ

  1. Муҳиддинов кейинчалик ўз хотираларида эътироф этишича, “Сталиннинг қабрини Мавзолейдан кўчириш масаласи бўйича КПСС Марказий Комитетининг биринчи секретари фикрига қарши чиққани учун” Н.С.Хрущевнинг ғазабига учраб, чет элларга элчи бўлиб кетади…
    Нима қилар экан СССР раҳбари Н.С.Хрущевга қарши бориб, ўзи биринчи Ўзбекистондан сиёсий бюрони аъзоси бўлган экан.

     

  2. Исмат ака отангиз жуда жушқин, фикри ўйғоқ ўз замонасини илғор шахси бўлган экан. Сизнинг характерингиздаги бази ҳислатлар отангиздан ўтган бўлса ажабмас.

     

    1. Бош вазирлар тарихини мириқиб ўқиб чиқдим. Ҳатто ҳеч бир тарихчи ҳам сиздек қизиқарли, ёрқин ифодалай олмайди. Юртимиз тарихида Исмат Хушев ўзининг ушбу бетакрор ҳотира китоблари орқали қолиши аниқ. Мен Исмат Хушевдек ёрқин истедод сохиблари бор бўлган ўзбек халқининг Шавкат Мирзиёев бош бўлган келажагига ишонаман!

4 шарҳ

  1. Qarshi

    Исмат аканинг туришини қаранг. Воҳ, воҳ… Беш кетдим.

     

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *