
Шоир Рауф Парфи билан тўрт дақиқа суҳбат
– Рауф ака, Сиз яшайдиган қирқинчи хона гўё карвонсаройга ўхшайди. Эшитишимча, уйингиз ҳам карвонсаройга ўхшар экан… Айтинг-чи, бемаза қовуннинг уруғи кўп бўладими?
– Сизнинг чоп этилган (менимча) барча асарларингизни ўқиганман, ҳаммасидан қон ҳиди гупуриб туради. Мен қонни танийман, бир замонлар баъзилар бошимни ёрганларида (ҳушимдан кетишдан аввал) оғзимга қуйилган бу қон ҳидини ҳеч қачон унутолмайман. Эсласам, ҳушимдан кетавераман.
Ҳазил-мутойиба яхши-да, ҳазиллашиб савол бераётганингиздан хурсандман. 40 даражали (одатда, кучли ичкилик 40 даража бўлади; шоир ўша сабилга ишора қиляпти: – Н. Б.) рақам менга, албатта, жуда ёқади, ўзингиздан қолар гап йўқ. Мана, кўриб турибсиз, бир неча йиллардан буён “қирқ”даман. Қирқ – яхши ёш (баъзи танқидчи-мунаққидлар Рауф Парфини атайин “ёш шоир” деб рўйхатларда санаб ўтарди; шоир ўша “анъана”га кесатиқ қиляпти: – Н. Б.). Карвон, Карвонсарой калималари биз учун жуда қадимий ва чексиз тарихий-маънавий силсила, улар бизнинг хотирамизни ўйиб юборади. Бу – бафуржа гаплашадиган мавзу. Карвон – узун хотиротдир. Аммо кечаги ошнамизнинг сўзига кирсак, карвонни эшак бошқарармиш.
“Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади” деган ибора чуқур тушунчали матал, албатта. Аммо унутмаслик керак, уруғи кўп, аммо мазали қовунлар ҳам бор. Тўғри, Сиз нимага шаъма қилаётганингиз тушунарли.
– Хотин-қизлардан ҳам шогирдларингиз борми, агар сир бўлмаса? кимлар?
– Бор. Сир эмас. Булар Ҳалима Аҳмад, Севара Вафо, Муҳтарама Туркой, Раҳима Андижоний, Дилором Туронли, Барно Бону…
– Каминани чақимчиликда айбламанг-у, лекин яқинда дўстим Асқар Маҳкам икковимиз Сизнинг янги шеърларингиз ҳақида гаплашиб турсак, О. Н. исмли битта гўзал қиз беихтиёр суҳбатимизга аралашиб: “Мен Рауф Парфини кўришим керак”, деб қолди туйқус. Албатта, бундан ғашимиз келди. Чунки ўша қизнинг қора қошларига, қора кўзларига, қора сочларига ва ҳатто қора чопонига биз бефарқ эмас эдик… Тез кунларда ўша қиз ҳам Сиз яшаётган “карвонсарой”га ташриф буюрса, энг кенжа шогирдингизга қандай маслаҳат берасиз? Сиз яна битта тақлидчингиз пайдо бўлишини истайсизми?
Ёнимга келадиганлар асосан шоирлар. Уларнинг ҳеч гуноҳи йўқ, лекин бадиий фаросатлари одамни ҳайратга соладиган даражада турличадир. Табиий, ҳар ким ўзининг маънавий савлатига қараб фикрлайди. Уларнинг ичида жуда иқтидорлилари кўп ва бу ҳол қувонарлидир. Булар йигитлар, қизлар бўлиши, ҳаттоки гўзал бўлишлари мумкин, жуда борса, катта қизим Муқаддаснинг ёшидадир, у институтни битирган. Ёки Муножот қизим билан тенгдошдир, у ўнинчи синфда ўқийди. Демоқчиманки, кўнглингиз тўқ бўлсин, ғашингиз келмасин. Муслимнинг кўнглини ҳазиллашиб ҳам оғритиб бўлмайди…
Тақлидчиликка келсак, бу табиий ўткинчи жараён. Айтмоқчиманки, васлингга етолмадим деб ўтиб кетмас, висолига ҳам етар, яъни – тақлид тугар. Шоир айтмоқчи, полизингизда сабзи-пиёзингиз мўл бўлса, бирор кимсадан қизғониб ўтирмайсиз. Бироқ, техник нуқтаи назардан, тақлиднинг илмий инкишофи ҳақида ўйлаш керак. Яъни, дейлик, “Кўнглим тўла ғаш” мисрасига “қонларга тўлди бағрим” деб тақлид қилиши керак, бўш келмаслиги керак тақлидчи. Мен бу гапни шошқин мисол учун айтяпман, узр. Аммо-лекин, қирқта шогирдим бор деб фахрланиб юраман (улар ҳозир менга устозлик қиладир).
– Ёзувчи Шодмон Отабекнинг гувоҳлик беришича, Сиз гоҳ Фарғонада, гоҳ Тошкент вилоятида, дам 1941 йили, дам 1942 йили “таваллуд” топар экансиз. Яна қаерларда ва қачон туғилгансиз?
– Яқин ўтмишда, яъни – биз тенгилар туғилган замонлар “ит эгасини, мушук боласини танимаган” замонлар эди. Бировнинг туғилиши, бировнинг ўлиши билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган, ҳаттоки биз тарафларда метрика олиш ҳам ҳали расм бўлмаган экан. Катта бўлганимиздан кейин кўнглимизга келган йилни айтиб юраверганмиз. Кейинчалик Ҳ. Турсунқулнинг котиби Ҳ. Азимбоевда бир дафтар бор экан, бу дафтар хўжалик дафтари бўлиб, барча жамоанинг ҳар бир аъзоси, уларнинг фарзандлари тўғрисида маълумот бор экан. Ўша дафтарда Турсунали Парпибой ўғли Мадаминов 1943 йил 27 сентябрда туғилган деб ёзилган. Ҳамид отанинг айтишича, шу сана тўғри эмиш. Демак, Парфи Муҳаммад Амин (1893-1955) ва Сакина Исабек (1913) оиласида Шўралисой қишлоғида туғилганман.
– Сизни машҳур пахтакор Ҳамроқул Турсунқуловнинг жияни дейишади. Шу гап ростми? Рост бўлса, нега деҳқончилик билан шуғулланмагансиз? Ахир, Йўлдош Охунбобоев уруғ-аймоқларингни шеър ёзсин деб Фарғона вилоятининг машҳур Водил қишлоғидан Тошкентга с у р г у н қилмагандир? Қолаверса, ота-боболарингизнинг касбини тутганингизда борми, шу пайтгача уч марта бўлмаса ҳам, ҳеч йўқ, бир марта Қаҳрамон бўлармидингиз?
– Ҳамроқул ота менга почча бўладилар. Водилдан, Намангандан, Фарғонадан, Олтиариқдан турли жойларга ўттизинчи йилларнинг охирида кўчиб келиб жамоа (колхоз) тузганлар. Аслида, шу ерга келиб жонларини сақлаганлар. Дадамнинг, Ҳамроқул отанинг эски таниши бўлган Йўлдош Охунбобоев, шубҳасиз, уларга ёрдам берган. От-от, қув-қувлардан асраган. Бобом Муҳаммад Амин Норқучоқ Фарғонада номи чиққан бойлардан бўлган. Турсунқул у кишининг қароли бўлиб, ўғли Ҳамроқул ва менинг дадам бирга ўсганлар, дўст бўлганлар. Водиллик қариялар, дадамнинг дўсти, менинг биринчи устозим шоир Абдураҳмон Водилий(1894-1965)нинг айтишича, онамнинг момоси ота ё она томонидан Ҳувайдо пиримнинг набираси экан. Дадам илмли киши бўлган, араб, форс, усмонлича ва рус тилларини яхши билганлар. Ўрис босқинидан кейин ҳам шўро идораларида тилмочлик қилганлар. Умрларининг охиригача хавотирда яшаганлар. Ҳамма ҳужжатларга (анкеталарга) саводсиз деб ёздирганлар. Саводсизнинг тирикчилиги осонроқ кечган пайтлар бўлган-да. Ёдингизда бўлса, Сталин чет эл мухбирларига мақтанар экан, Йўлдош отани назарда тутиб, бизда саводсизлар ҳам давлатни бошқараверади, деб. Дадам асосан боғбонлик қилганлар. Олмазорлар, ўрикзорлар, узумзорлар, тутзорлар – бу боғу роғлар 60-йилларда ҳам бор эди, афсуски, ҳозир ярми ҳам йўқ, бузиб, кесиб, пахта экиб ташланган.
Дарвоқе, дадамнинг тилмоч бўлганларини инобатга олсак, менга таржимонлик отакасб, отамеросдир (шоир Нозим Ҳикматнинг буюк бир китобини ўзбекчага ўгирган: – Н. Б.). Ҳеч йўқ, бир марта Қаҳрамон бўлармидингиз, дейсиз. Набижон, бу дунёда, бу ҳаётда яшашнинг ўзи қаҳрамонлик эмасми?!
– Дўстларингиз ҳам, душманларингиз ҳам Сизни Сўз устаси сифатида аллақачон тан олганлар. Мен кўпдан бери ишқий бир нарса ёзмоқчи бўлиб юрибман. Лекин сарлавҳа масаласида қатъий тўхтамга келолмаяпман. Аввал “ҚОШЛАРИ ҚАЙСАР ҚИЗ” деб бошлавҳа қўйдим. Мундоқ ўйлаб кўрсам, бунда “қайсар” сўзи “қиз”га тегишли бўлиб қоляпти. Аслида, “қайсар” “қошлар”га тегишли бўлиши керак. Негаки, мен ёзмоқчи бўлган “қиз”нинг ўзи эмас, “қошлар”и қайсар. Тўғри, ўша сарлавҳани “ҚАЙСАР ҚОШЛИ ҚИЗ” деб ўзгартиришим мумкин. Бироқ, унда ўша қизнинг қоши битта бўлиб қолади… Мен бўлсам, қизнинг қошлари жуфт эканига атайлаб урғу бермоқчиман, урғу беришни жуда хоҳлайман. Мана шундай ҳолатга дуч келиб қолсангиз, Рауф ака, сиз нима қилардингиз?
– Фаҳмимча, ёзмоқчи бўлган нарсангиз аллегорик бир нарса, шекилли. “Қошлари қайсар қиз” номи устида иккиланиб турибсиз. Қош битта бўлиши мумкин (Битта қошли киши дўст бўлмайди, дейишади.). Яхшиси, “қайсар бурун қиз” деб номласангиз бўларкан. Чунки бурун битта, ҳам қайсарлик бурунга тегишли бўлади. Ёки, эсингиздами, “Раҳм айламайсиз, қошлари қаламлар” деган қўшиғимиз бор. “Қошлари қаламлар” деб қўйинг отини. Муқимий домладан эпиграф олсангиз, асарингиз янада очилиб кетади. Ҳар ҳолда, “туғилмаган болага тўн бичма” деган гап бор. Ёзаверинг-чи, бир маърака қилиб от қўйишга чақирарсиз.
– Мишмишларга қараганда, Сиз “Муҳожир” номли роман ёзаётган эмишсиз. Қачон ишингизни тугатасиз? Насрий асарингиз Фарғонадан Тошкентга сургун қилинган “муштумзўр” (кулак) деҳқонлар тўғрисидами?
– Тўғри, “Муҳожир”нинг биринчи китобини тугатдим (биз Рауф аканинг дастхати ўзиникими-ўзиники эмасми, хуллас, аслига мос келиш-келмаслигини билиш учун атоқли адабиётшунос Иброҳим Ҳаққулга мурожаат этдик; у бир қарашдаёқ чеҳраси ёришиб жилмайди, Рауф аканинг дастхатини дарҳол таниди ва худди эски қадрдон қўшнисини кўргандек суюниб кетди, аммо “Муҳожир” романи тўғрисидаги жойга келганда: “Э-э, бўлмаган гап! Доим шунақа роман ёзяпман деб КГБ агентларини қўрқитиб юрарди! Бечора агентлар роман қўлёзмасини қидириб кўп сарсон бўлган; гўё Борис Пастернакнинг “Доктор Живаго” романига ўхшаган муросасиз руҳда ёзилган китоб чет элда чиқиб кетиб қолса, Рауф Парфига ҳам Нобел мукофоти бериб юбориладигандек доим сергак туришарди, азаматлар! Лекин Рауф ака оғзаки ижоди ҳақида хуфялар даврасида сафсата сотиб ўтиришни яхши кўрарди”, дейди Иброҳим Ҳаққул: – Н. Б.). Айтмоқчиманки, тугатганимдан кейин билдим тугатмаганимни. Бу роман-симфония. Шунақа жанр борми ўзи? Бош қаҳрамон – бастакор, бутун асар фонида бир оҳанг янграб туради. “Замона зўрники, томоша кўрники”, деган. 70–80-йиллар акс этади. Сургун қилинган муштумзўр деҳқонлар тўғрисида эмас, сургун қилинган руҳ ҳақидадир.
“Чиюхдод” деб номланган бир бобни эълон қилмоқчи ҳам бўлгандим. “Чиюхдод” сўзи луғатимизда ҳозирча йўқ, бу қисқартма сўз. Чекадиган, ичадиган, юрадиган хотиннинг дастидан дод дегани. Хуллас, қайтадан ёзяпман.
– “Тошкент ҳақиқати” ўқувчиларига янги шеърларингиздан уч-тўртта тортиқ қилмайсизми?
– Агар маъқул кўрсангиз, босаверинг. Имкониятдан фойдаланиб, барча “Тошкент ҳақиқати” ўқувчиларини муқаддас байрамимиз Наврўз билан табриклайман.
Турмушимиз бундан ҳам яхши бўлиб кетади. Соғлик-саломатлик, сабр-бардош тилаб қоламан.
– Саломат бўлинг, ишларингиз бароридан келсин!
Набижон БОҚИЙ суҳбатлашди.
08.03.1995.
«Адабиёт Манзаралари»