
Марғилоннинг бир-икки аср олдинги тарихига доир маълумотлар нафақат маҳалллий тарихчилар, балки хорижлик тадқиқотчиларнинг асарларида ҳам ўз ифодасини топган. Масалан, француз тадқиқотчиси Элиза Реклю XIX асрнинг охирида Марғилон тўғрисида қуйидаги таърифни келтиради:
«Марғилон бир неча чақиримгача чўзилган боғлар билан ўралган бўлиб, унинг ҳар тарафидан гумбазлар ва масжидларнинг салобатли миноралари қад кўтарган. Ушбу шаҳар ўзининг географик жойланиши ва соғлом иқлими туфайли рус ҳукумати томонидан Фарғона ўлкасининг бўлғуси пойтахти сифатида танланган эди. Бироқ Марғилонда рус шаҳари маҳаллий шаҳар ёнида барпо этилмай ундан 15 чақирим узоқликда жойда бунёд этилди».
Элиза Реклю билан бир даврда яшаган яна бир француз сайёҳи Мари Бурдон Марғилон тўғрисида кўрган-кечирганларини ўзининг «Париждан Самарқандгача» номли китобида тилга олади:
«Биз…Марғилон шаҳридан ўтдик. Барча уйлари худди ҳаммомли уйларга ўхшаб кетади. Бекчурин жанобининг уйи Худоёрхоннинг уруғларидан бири томонидан қурилган… Серҳашам шарқона услубда безалган саройча кенг ва чиройли боғнинг ўртасида жойлашган. Ҳамма жойида ариқ бор…Бир катта ҳовузнинг атрофида қамиш девор мавжуд. Бу нарса ҳовузда чўмилганликлари учун ўраб қўйилган.
Марғилонда бир мусулмон мактабни кириб кўрдик. У Тошкентдагидек муҳаташам бўлмасада, болалар дарсларни жуда яхши ўқиётган эдилар. Янги Марғилоннинг кўчалари катта ва чиройли бўлиб қурилиш ҳолатидадир. Қалъаси шаҳарнинг охирги қисмида жойлашган.
Марғилоннинг 60 минг нафар аҳолиси бўлиб, худди Хўқанд сингари ўн икки дарвозаси бор… ушбу шаҳар Фарғона водийсидаги энг қадимги шаҳарлардан саналади».
Ўша даврларга оид рус тилида чоп этилган адабиётларда «Марғилон асосан туб аҳолидан иборат бўлган шаҳар. Аҳолиси 47 минг киши (1910 йилги маълумот)дан иборат. Марғилон гилам, ипак матолари ва мевалари ҳамда катта бозори билан муҳим савдо маркази сифатида довруғ қозонган шаҳардир», дея таъриф келтирилади.
Юқоридаги маълумотлардан кўринадики, Марғилон шаҳри ўзининг ўрта асрлардаги қадимий ҳолатини XX асрнинг бошига қадар сақлаб келган.
Нодирбек АБДУЛАҲАТОВ.
«Ўзбегим»