Давлат Мадҳияси муаллифи Ориповнинг «Қурбонов» деб ўзгартирилиши тасодифми?
Бу — Абдулла Орипов руҳига ҳақорат эмасми?
Шоир ёзганидек: «Қачон халқ бўласан, эй, сен, Оломон?!!!»
1.
Яқинда буюк ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг қизларидан хат олдим. Унда фақат шу жумлалар бор эди: «Исмат ака, яна бир «хато» ўтибди нашриётда…»
Олдинига ҳеч нарсага тушунмадим. Кейин қуйидаги фотосуратни юборишди. Унда Абдулла Ориповнинг Давлат мадҳияси ёзилган бўлиб, «Мўтал Бурҳонов мусиқаси»дан кейин «Абдулла Қурбонов сўзи» деб ёзиб қўйилган эди.
Маълум бўлишича, бу кўрсатмали паннолар Ўзбекистон Миллий университети биноларида, факультет залларида кўргазмали қурол сифатида фойдаланиш учун илинган экан…
2.
Одатда бундай матнлар босмахонага тушгунга қадар нашриёт корректори, саҳифаловчиси, ижодий ходим, бўлим муҳаррири, Бошқарма бошлиғи ва ниҳоят Бош муҳаррир томонидан синчиклаб ўқилади ва шундан кейингина имзо чекиб, босишга рухсат этилади.
Қолаверса, Матбаачиликда корректор ва ревизион корректор деган вазифалар ҳам бор. Биргина матбаа маҳсулоти неча қўлдан ва неча кўздан ўтишини тасаввур қилишингиз учун айтилди бу гап.
Илгари бундай сиёсий мавзудаги нашрлар «Шарқ» матбаа концернида ва «Ўзбекистон» нашриётида чоп этиларди. Бугун бундай нашрлар ва босмахоналар кўпайган бўлиши мумкин. Лекин талаб ўша ўша ўзгармаган.
Биров истайдими, йўқми — Абдулла Ориповнинг муборак номи ва Ўзбекистон Давлат мадҳияси энди бир бирига абадул абад чамбарчас ва боғлиқ бўлади. Биз бугун олис Канададан туриб, буни кимдир атайлаб қилган ва уюштирган деган шубҳа-ю, гумондан йироқмиз.
Лекин бу қўпол хатодан қувонувчилар, шу билан ўз худбин қалбларига бир ров бўлса-да, таскин ва тасалли берувчи ҳасадгўйлар бугун Ўзбекистонда йўқ деб айтолмаймиз…
3.
Аслини олганда бундай нуфузли сиёсий маҳкамаларда ишлаб, Ўзбекистон Давлат Мадҳияси муаллифини билмаслик уят ва кечирилмас ҳолдир.
Бизнинг бугунги мақоламиздан кейин тегишли идоралар бу билан жиддий шуғулланиб, алоқадор мулозимларни жазолаши ва бу борада адолат қарор топишига шубҳа қилмаймиз. Лекин масаланинг бошқа томони бизни ўйлантириб қўйди.
Биз Ўзбекистондаги кейинги чорак асрлик даврни — ёлғонлар устига қурилган салтанат деб айтишга одатланиб қолдик. Бугун — Ўзбекистон Давлат Мадҳияси муаллифига бўлган ҳурматсизлик, аниқроғи — унинг кимлигини билмаслик — ўша ёлғон салтанат деган ўринли маломатдан нишона эмасми?
4.
Шу маънода «Абдулла Орипов» номининг «Абдулла Қурбонов» деб ўзгартирилишида бу номард ва бевафо қисматнинг ажиб бир ўйини ва уйғунлиги ҳам бордек назаримда.
Лекин аслини олганда — инсоф ва диёнат билан айтганда — Ўзбекистон мадҳиясининг расмий матнида Орипов номини ўзгартириш тугул, бу ҳақда хаёл суриш ҳам жиноятдир. Буни — Маънавий жиноят десак тўғрироқ бўлади!
Шу билан бирга катта пул эвазига чоп этилган бу қимматбаҳо панноларни фойдаланиш учун қабул қилган Миллий университет — ўзининг бугунги саводхонлигини ҳам кўратибди. Ўрта Осиё зиёлиларининг муборак даргоҳи деб тан олинган Ўзбекистон Миллий Университети бугун қай даражада саводсизлар масканига айланганидан нишона бу.
Қолаверса, бу — Миллий университет филологиясини адабиёт институтига қўшиб юборишнинг аянчли оқибати эмасми? Эртага булар — худо кўрсатмасин — Навоийни «Новвой» деб, Ҳайёмни «Хўяям» деб ёзиб чиқсалар ҳам ажабланмаслик керак…
5.
Хатони ҳеч ким атайлаб қилмайди. Бугун Ўзбекистон маънавияти ва маърифати Хайриддин Султонов бошчилигидаги бир гуруҳ саводсизлар қўлида қолган.
Балки улар саводсиз ва кўр бўлмаслиги мумкин. Лекин бу каби жиддий ва сиёсий масалада йўл қўйган қўпол хатолари, бепарволик ва лоқайдликларини — уларнинг нима қилиб бўлса ҳам пул топиш ва тижоратга ўралашиб қолганликлари билан изоҳлаш мумкин, холос.
Шунинг учун ҳам бугун бу даргоҳларда Мазмун ва Моҳиятга эътибор берадиган одам йўқ. Давлат мадҳияси муаллифига шунчалар эътиборсизлик қилишса, эртага улар истаган давлат арбобини, ҳатто Президентни ҳам шарманда қилишлари мумкин.
Бунинг учун кимдир жавоб бериши керак-ку!
6.
Халқимизда, бир ёмон бузилган соат ҳам, бир суткада икки марта тўғри бўлади, деган гап бор. Ўзбекистон Давлат Мадҳияси муаллифи «Абдулла Орипов»нинг «Абдулла Қурбонов» деб ўзгартирилиши замирида ҳаётнинг аччиқ бир ҳақиқатини ҳам кўргандек бўлдим.
Демоқчиманки, бу хатода ҳам бир ҳақиқат учқуни бор.
Адолат ҳаққи ҳурмати, айтишимиз жоизки, Абдулла Орипов ростдан ҳам замоннинг қурбони бўлди. Агар Тангрим бугун Абдулла Ориповни қайта тирилтириб, унга «Қаҳрамон Қурбоний деган тахаллус берсалар, устоз бунга қаршилик қилмасди деган хавотирдаман.
Негаки, у аслида Ўзбекистон Қаҳрамони бўлса-да, лекин ҳаётининг сўнгги даврини чин маънодаги «Қурбонлик»да ўтказди. Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Давлат мадҳияси муаллифининг Гимни билан уйғонадиган Ўзбекистонда унинг номи ва ижоди тақиқланди, расмий матбуот, радио ва телевидения эшиклари ёпиб қўйилди. Газет ва журналларда унинг шеърларини босган муҳаррирлар ишдан қувилди, ижодий учрашувлар бекор қилинди.
Ҳатто Тошкентдан Қашқадарёга боришига таъқиқ қўйилди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Давлат Гимни муаллифи яккаланди, у билан учрашган ва суҳбатлашган одамлар тазйиққа олинди…
7.
Унинг мана шу даражада таҳқир ва тазйиққа дуч келиб айтган дилрози -«Озодлик» радиоси ва унинг фидойи журналисти Абдулла Искандар зиммасига тушди.
Абдулла аканинг бу дарди, бу ҳасрати унинг тузимга ва зулмга бўлган Маломат даврига тўғри келди. Шоирнинг шонли ва суронли онлари тугаб, омад ундан юз ўгирганидан кейин — довруғли умр шами ўчганидан сўнг айтилган олий бир дард эди бу.
«Озодлик» радиосининг истеъдодли журналисти Абдулла Искандар билан бўлган шоирнинг энг сўнгги суҳбати бу аянчли фикримизни исботлайди…
Абдулла Орипов: Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим…
8.
Минг афсуски, бу адолатсизликларнинг бари шоир умрининг энг сўнгги бекатидаги ҳайратли ва ҳасратли ҳаётига тўғри келади.
Абдулла Ориповни топташ ва ҳақоратлаш ўз ўзидан бўлганмиди?
Уни бошқа ердан ёки ўзга планетадан келиб таҳқирламадилар. Ўзимиз ерга тиқдик, ўзимиз умрига зомин бўлдик. Яна бир ҳақиқатни айтай: Унинг умрига завол бўлган шахслар биринчи бўлиб унинг АҚШдан келтирилган тобутига ёпишдилар, ўзларини фидойи қилиб кўрсатдилар.
Бугун тасодифми ёки атайми, «Қурбонов» деб ўзгартирилган Орипов ростдан ҳам умрининг якунига келиб — ўзи бир умр севган ва мадҳ этган — миллат қурбони бўлди. Ўз халқининг қурбонига айланди: Бепарво халқнинг ва бепарво миллатнинг қурбони бўлди.
Буюк шоир руҳи олдидаги бу адолатсизлик учун тарих бизни кечирармикан?
9.
Энди икки оғиз сўз Абдулла Орипов бир умр ҳаёт мактаби ва дарсхонаси деб фахрланган — Ўзбекистон Миллий университети ҳақида.
Олдин Ўрта Осиё Дорилфунуни, кейин Тошкент Давлат университети ва ниҳоят бугунга келиб — Ўзбекистон Миллий университети деб аталувчи бу муборак илм даргоҳи билан Абдулла ака бир умр фахрланиб келди.
Қашқадарёнинг Косон районидаги Некўз қишлоғининг тупроқ кўчаларини чангитиб Тошкентга келган озғин ва юпин ўспиринни ўз бағрига олган бу қутлуғ ва муборак даргоҳни шоир ўзи учун чин маънодаги ҳаёт ва ижод мактаби деб биларди.
Унинг унвонлари кўп эди. Лекин ана шу буюк дорилфунун фарзанди эканлигидан доим кўкси баланд, боши осмонда эди. Бу фахр ва ифтихорни у ҳар қандай унвондан ҳам улуғроқ ва қутлуғроқ деб биларди.
Бугун шундай буюк фарзандини унутган дорилфунун жуда кўп саволларни олдимизга қўяди. Кечагина қишлоқдан келган шоирга оғирлик ва зукколик бахш этиб, этини қотирган, фалсафа уқтирган, обрў эътибор берган бу муборак даргоҳ бугун нега ўз фарзандини унутиб қўйди? Нега унинг муборак номини алмаштирганларга дашном бериш ўрнига, ҳеч нима кўрмагандек, ҳеч нарса бўлмагандек, хато ёзилган панноларни қабул қилиб олди?
Буюк дорилфунун ўз фарзандини танимаса, билмаса, унутиб қўйса, шу ҳам инсофданми? Буюк дорилфунун ўз буюк фарзанди устидан кулиб турса, бу не бедодлик бу?!
Улар бугун ким билан фахрланади? Бойвучча ва Бизнесменлари биланми? Салимбой ва Мираброрбойлар портретини йиғамизми энди?
Ўзбек халқининг миллатпарвар ва даҳо Ориповлари бир четда қолиб, пул топар ва юҳо «Қурбонов» ларга сиғинамизми энди?
Энди шуларга чўқинамизми?
Сўнгсўз ўрнида:
Бу мақолани мен Абдулла Ориповнинг «Оломонга» номли шеъри билан якунлашга қарор қилдим.
Зотан, бизнинг халқ бўлишимизни орзу қилиб, бу дунёдан армон билан ўтиб кетган буюк шоир руҳи мангу барҳаёт.
У бизни ҳамиша, ҳар сонияда кузатиб турибди.
Беҳис ва бепарво оломондан — тўкис ва даҳо халққа айланишимизни кутиб турибди…
Абдулла Орипов
ОЛОМОНГА
Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?
Суриштирганмидинг Қодирийни ё
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?
Ҳукмлар ўқулур сенинг номингдан,
Тарихлар тўқулур сенинг номингдан.
Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан?
Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,
Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон?!
1980
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
10 июнь, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада
Исмат Хушев Хьюстон (АҚШ)да Абдулла Орипов билан
[vsw id=»4QhrZMNthCQ» source=»youtube» width=»425″ height=»344″ autoplay=»no»]
Оддий фуқарога! Фикрингизга юз фоиз қӯшилган ҳолда, Сизнинг ӯзингиз ҳам шарҳ ёзишда имло қоидаларига риоя қилишингизни сӯраган бӯлардим. К билан қ, г ва ғ, у ҳамда ӯ, х -ю ҳ ҳарфлари бир биридан фарқ қилади. Узр.
Бу дунёда “шармандачилик” деган тушунча бор эканлигини ва бугунги кунда кенг тарқалганини билар эдим, лекин бу даражада тубан эканлиги ҳаёдимга хам келтирмаган эканман. Ўзбекистон миллий университети деб аталган улуг даргоҳда ишлашга ор қилган бўлардим
Juda xunuk ish bo’libdi. Abdulla Oripov Mashrab qatori dorga osilgandek bo’libdi…
Rostdanam qachon xalq bularkanmiz
Мен ҳам ҳайрон қолгандим. Фотошопга ўхшаган програмаларда ишланган деб эътибор қилмагандим. Лекин эрмак қилиш учун ҳам қай даражада бефаросат бўлиш керак экан-а?
Исмат ака, сиз бирров ютубга кириб курилган видеоларга колдирилаётган шархларни укиб курсангиз буларкан. Мен тушунардим агар компьютер ёки телефонда бирор харф тушиб колса, лекин ёзиб колдираётган сузлар шу даражада хатога бойки, ёшларимиз факат пул санаш билан банд эканлигини англаш кийин эмас. Чунки хозирги ёшлар китобдан, маънавиятдан жуда хам узоклаб кетдилар. Очиги биз укувчилик даврларимизда ёз таътилларини далада пахта ишида булсакда, кулимизга китоб олиб укишга, мутолаа килишга вакт топар эдик. Хозирги ёшлар бир кунда нечта асар укишни эмас, бир соатда канча пул топишни купрок уйлашади. Шундан келиб чикиб аминманки, Буюк шоиримизни фамилиясини адаштириш мана шундай улуг олий даргох чаласавод домла ва укитувчилар аникроги саводсизларни кулига караб колганлигини яккол натижасидир!
Жуда тўғри танқид бўлибди. Албатта, бу саводсизликнинг эмас, эътиборсизликнинг оқибати.
Унивекрситетларда шунга ўхшаганлар тез-тез учрайди. Мен 2002-2004 йилларда ТошДАУда ишлаганман. Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг сурати тагига “Мусо ал-Хоразмий” деб ёзиб қўйилганди. Бу ёзувли сурат минглаган нусхада чиқарилиб минглаган ўқув юртларида узоқ йиллар осиғлик турган.
Бу камчилик Университет йиғилишида мен: “Ислом Абдуғаниевич Каримовни, Абдуғани Каримов десак ҳам бўлаверар экан-да” деб танқид қилганимдан кейингина тўғирланди.
Сиз чет элда бўлсангиз ҳам Ўзбекистон учун бу ердаги юзлаб, минглаб журналистлардан ҳам кўпроқ иш қиляпсиз. Мен дўстларимнинг таклифи билан яқиндан бошлаб Сизнинг сайтингизга кириб турадиган бўлдим. Ўзим вилоят газетларининг бирида ишлайман. Исмимни ва юртимни албатта ошкор қилолмайман. Биз ҳар куни кимдир очиқ, кимдир пинҳона сизнинг сайтингизга беш олти мартадан кирамиз десак, ишонваеринг. Интернет ривожланган бугунги кунда ёпиқ сайтларни ҳам очиб олиш муаммо эмас. Сиз ёзаётган мақолалар бизнинг дилимизда турган муаммолардир. Уларни биз ичкарида туриб минг истаган билан ёзаолмаймиз. Сиз мақтаётган Мирзиёевга бизнинг ҳам ишончимиз кучли. Лекин ўзимизнинг вилоят миқёсида айтадиган бўлсам, муҳарриримиздан тортиб, вилоят ҳокимигача Каримов даврини қўмсаб яшашади. Улар икки дунёда ҳам Мирзиёев айтаётган янгиликларни амалга оширишни исташмайди. Ҳамма ниманидир кутиб тургандек. Раҳбарларнинг кўзларида ҳадик ва хавотир. Мирзиёевни рўкач қилиб, ўз ҳақини талаб қилаётганларни ёмон кўришади. Булар ҳаммаси бир бўлиб Президентни яна олдинги ўзанига солиб олмаса деган хавотирдаман. Яхшиям сиз бор экансиз, яхшиям Дунё ўзбеклари сайти бор. Агар Мирзиёев ростдан ҳам Ўзбекистонни ўзгартиришга бел боғлаган бўлса, энг аввало матбуотни очиб, сизга ўхшаган журналистларни ёнига олиши керак. Унинг бошқа йўли йўқ. Бу арбоблар, бу ҳокимлар уни қачалар ёмон кўришини билсангиз эди…
Нима деб изох, ёзишни х,ам билмайман. Бу суратларни ку’риб, жуда ёмон ах,волга тушдим… Буюк шоир рух,ига хиёнат бу!
4 шарҳ
Чет эллик укамга: “…К билан қ, г ва ғ, у ҳамда ӯ, х -ю ҳ ҳарфлари бир биридан фарқ қилади”
Фаросатингизга койил! Нахотки бу харфларни ёзолмаганимга компьютеримдаги клавиатурада УЗБЕК АЛИФБОСИни йуклиги сабаб булганлигига АКЛУ-ФАРОСАТИНГИЗ етмаган булса?
Менинг шархимга эътибор килганлигингиз учун эса алохида РАХМАТ!
Юкорида ёзганларимда хам юмшок х ва к (яъни q) ларни узингиз тугирлаб укирсиз деган умиддаман. Сабабини айтдим нимага шундай ёзаётганимни.
Ассалому алайкум Ҳурматли Исмат ака!
Ушбу мудҳиш ва хунук ҳамда жинояткорона жиноий харакатга шарх ёзиш учун ҳам қайта қайта ҳаракат қилиб кўрдим ва охир оқибат ўзимда куч топа олдим.
Бу ишни хато деб бўлмайди!!!
Билса ҳазил, билмаса чин деб ҳам оқлаб бўлмайди!!!
Бу бориб турган пасткашлик ва ўта оғир жиноятдир.
Бу қабиҳ иш ДАВЛАТ МАДҲИЯСИГА БЎЛГАН ХУРМАТСИЗЛИК!
Буюк шоир ҳотирасини оёқ ости қиламан деб ўйлаганлар аслида кечирилмас бир тарзда давлатга ва унинг мадҳиясига қарши оғир ва кечирилмас хиёнат қилишибдиким энди биз тегишли органлардан жавобини кутиб қоламиз!
Давлат мустақиллигининг асосий белгиларидан бири саналмиш ДАВЛАТ МАДҲИЯСИ мамлакатнинг ҳар бир фуқороси учун муқаддас бўлиши шарт.
Ҳудди шунингдек;
ЧЕГАРА БИРЛИГИ, ПУЛ БИРЛИГИ, ДАВЛАТ ТИЛИ, ДАВЛАТ БАЙРОҒИ, ДАВЛАТ ГЕРБИ ҳам бизлар учун муқаддасдир.
Улар бу ишлари билан Буюк шоир Абдулла Орипов хотирасига заррача зиён етказиша олишмади.
Аксинча ўзларнинг аслида ким эканликларини яна бир бор намоён қилишдилар холос!
Куч ишлатар тизимлари ушбу жиноятга бармоқ орасидан қарашса агар????
Мамлакатиммзда хатто богча болалари мадхияни муаллифини еддан билишади. Узбекистон Миллий унверситетидаги. Содир булган бундай холга йиглаш керак. Босмахонани катта жаримага тортиш керак. Кабул килган мутасаддиларни маошини киркиш керак. Абдулла Ориповни оила-аьзоларидан узр сурашлари лозим. Мархум таржимон устозимиз Гайбулла Ас-Саломга газетада бир суз нотугри хато езилгани учун бутун газета бошкатдан босилди, корректор хато киган экан десам. У кандай сузлигини эшитиб, бу суз сиесатда бор кимдир атайин шундай килган дегандилар. Хато устига хатолар бу келажак авлодга катта таьсир этмай колмайди. Нахотки, Абдулла Ориповни якинлари ушбу “курбоновни” курмагунча канча укувчи ва укитувчилар укиган экан…Бепарво булмайлик.
Бу ишлар яхшилик ва хикмат…чунки бир инсон хар канча буюк мутафаккир булмасин…хато килмай иложи йук…хато килувчини эса ..ортидан яхши ю ёмон гаплар айтилади..ёзилади..ва мана шу билан хато килувчини хатолари тукилади..чунки гийбат булаяпти да…Имом Бухорий хазратлари (шунчалик буюк имом)мени Аллох олдида бир донагина умид килсам буладиган амалим бор булса керак..бу хам булса,мен бировни гийбат килмадим деган эканлар.
Абдулла Ориповни сукиш..камситиш билан иш битиб ..ахвол унгланиб колмайди..яхшиси…у кишини яхши жихатларидан урнак олишга ва хатоларини такрор этмасликга уринилса айни муддао булса керак.