Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
ИБОДАТ
Дунёдан розиман дема ҳеч қачон,
Десанг ҳам, сўйлагил саҳрога, тоққа.
Чунки сени тинглаб, кимдир ўша он.,
«Нега розисан?», деб тутгай сўроққа.
Дунёдан норизо бўлсанг ҳам агар.,
Сўз дема, бардош қил азоб, фироққа.
Чунки сени тинглаб, кимлардир баттар,
«Нега?», деб албатта, тутгай сўроққа.
Дунё ишларига боқма ҳеч ҳайрон,
Жимгина назар сол кўҳна бу корга.
Олис кечалари ёлғиз қолган он,
Дилингни оч фақат Парвардигорга.
ЁЛҒИЗ ДАРАХТ
Адирда ўсарди ёлғиз бир дарахт,
Биров билмас эди ким эккан, қай вақт.
Унинг теграсида ҳатто янтоқ йўқ,
Ҳар ён қовжираган хасларга тўлиқ.
Саратон чилласи келса қуриқшаб,
Дарахт кўринарди саробга ўхшаб.
Саҳронинг турфа хил қушлари ғужғон,
Барглар орасида сақлар эди жон.
Қиш фасли изғирин қутурган онлар,
Қуршаб олар эди уни бўронлар.
Кўрди у гуллаган баҳорларни ҳам,
Лекин бўлди доим ёлғизлик ҳамдам.
Бир кун чақмоқ чақди, хулласи калом,
Дарахт ёниб кетди, тамом вассалом.
Тақдир, қайга борма, кўрсатгайдир бўй,
Биз адир устида қурган эдик уй.
Ўтди болалигим яхшидир, ёмон,
Олис у йилларни эслайман ҳамон.
Сира ажабланма бир ҳолга, дўстим,
Мен ўша дарахтнинг ўрнида ўсдим.
11.06.2016
ЛИФТ
Shoir daho ekan. Tangri dargohida mazza qilib yurgan hozir.