Суратда: Журналистлар Исмат Хушев ва Карим Баҳриев Туркия сафаридан олдин Ўзбекистон Президентининг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ҳузурида…
12-боб
ПОРАХЎРЛИК БАЛОСИ ЁКИ ТУРКИЯГА САЁҲАТ
Президент бошқарган ўта муҳим мажлисни «портлатганим» ҳақида
1.
Мен Ислом Каримов иштирок этган йиғилишларда кўп қатнашардим.
Шундай мажлислардан бири тўқсонинчи йилларнинг бошларида бўлади.
Ислом Абдуғаниевич эндигина Президентлик мақомини қўлга киритиб, янги куч ва ғайрат билан давлат тизимларини тубдан ислоҳ қилишга астойдил бел боғлаган чоғлар эди.
Давлат Божхона Қўмитаси ташкил қилиб, ўзига яқин ва садоқатли бўлган генерал Ўрайимжон Абдуғаниевни раис, Миллий Хавфсизлик Хизматида Бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаётган Юлбарс Шералиевни биринчи ўринбосар этиб тайинлаб, уларнинг олдига тизимнинг долзарб муаммоларини қатор қилиб қўйган, кеча-ю кундуз ишлашни – нима қилиб бўлса-да, давлат бюджетини тўлдиришни талаб қилган Президент энди эътиборни олий таълим муаммоларига қаратган эди.
Йиғилишга Ўзбекистон Олий ўқув юрти вазирлиги раҳбарияти билан бирга республикамиздаги аксар институт ва университет ректорлари ҳам таклиф қилинади.
Рустам Шоғуломов, Аҳмаджон Мухторов, Вилор Ниёзматов, Анвар Жўрабоев, Жаббор Раззоқов каби газета ва журнал раҳбарлари қаторида мен ҳам мазкур анжуманда қатнашган эдим.
Ислом ака тик турганча узоқ гапиради. У киши олий ўқув юртларига студентларни қабул қилиш масаласига алоҳида тўхталади.
— Қандай қилсак, олий ўқув юртларига халқимизнинг билимдон фарзандларини ҳалол йўллар билан ўқишга қабул қилиш мумкин? Қандай қилсак, олий ўқув юртларида порахўрликка барҳам бериш мумкин? Қандай қилсак, бу соҳада таниш-билишчиликка чек қўйиш мумкин? Қандай қилсак, фақат амалдор ёки пулдор одамларнинг арзандалари эмас, миллатимизнинг гули бўлган оддий меҳнаткашларнинг ўғил-қизлари ўз кучлари билан ўқишга кириши мумкин? – деган долзарб масалалар тўғрисида Ислом ака жон куйдириб узоқ гапирадилар.
Ислом аканинг ўша гаплари ҳамон ёдимда турибди…
Биласиз, у киши сидқидилдан гапиради, ёниб гапиради. – Порахўрлик бутун Ўзбекистонни, бутун миллатни хароб қилади! Порахўрлик миллатни маҳв этади, миллатни хор қилади! Агар талаба бугун олий ўқув юртига пора билан ўқишга кирса, беш-ўн йилдан сўнг мамлакат шарманда бўлади! Негаки, пора билан ўқишга кирган инсон бутун жамиятни, ҳаётни порахўрлардан иборат деб билади. Қандай қилсак, болаларимизни ҳалол йўллар билан ўқишга киритамиз? Улар замонавий илм-фан ютуқларини, хорижий тилларни мукаммал ўрганиши учун нима қилишимиз керак? – деб Ислом ака залга мурожаат қилди. – Мен сизлардан сўраяпман, хўш, нима қилишимиз керак?! – деб куйиниб яна бояги саволини такрорлайди Президент.
Ислом ака қўл кўтаришимни кутмаганмиди ва ё фикри бўлиндими, билмадим, ҳар қалай нигоҳи менга тушиши биланоқ, рухсат бермаган бўлса ҳам сапчиб ўрнимдан туриб кетдим:
— Ислом ака, мана, Сиз куйиб-ёняпсиз. Залга қараб қайта-қайта савол беряпсиз. Лекин ҳеч ким жавоб беришга шошилмаяпти. Ҳолбуки, саволингизнинг жавоби унчалик мураккаб эмас. Бу саволга жавоб бериш учун мана шу залда ўтирган ректорлардан тўртта-бештасини қамаш керак, вассалом! – дедим ҳаяжонланиб.
Ҳозирги Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент портлашларидан сўнг қайта таъмирланган биноси биринчи қаватидаги мўъжазгина зал сув қўйгандек жимиб қолди.
Бўрондан олдинги сукунатга ўхшарди бу ҳол.
Ислом ака ҳам мендан бу шижоат ва шаккокликни кутмаган эди, шекилли, ҳайрон бўлиб, қараб қолдилар.
У кишининг нигоҳларидаги норозилик аломатларини кўриб, гапларимни сал юмшатмоқчи бўлдим: – Мен айнан мана шу ректорларни қамаш керак демоқчи эмасман. Умуман, ректорларни қамаш керак демоқчиман. Эҳтимол, қамалиши лозим бўлган ректорлар ҳозир бу залда йўқдир… Ислом ака, мен Қарши педагогика институтида комсомол комитетининг секретари бўлиб ишлаган пайтимда қабул комиссиясига ҳам аъзо эдим. Ўшанда ректорнинг қўлида махсус рўйхат бўларди. Ўша рўйхатга асосан Қабул комиссиясининг барча аъзоларининг иккитадан одами институтга ҳалиги йўл билан кирарди. Ўша рўйхатларни йўқотиш керак. Демак, ректорларни қамаш керак… – деб гапимни яна қамоқхонага бурдим.
Менинг гапларим кимлар учундир сиртдан тўғридек кўринса-да, лекин Президент ўртага қўяётган масалага принципиал жавоб бўла олмасди.
Чунки Ислом ака салбий ҳолатни таг-томири билан йўқотиш учун системани – тизимни ўзгартириш ҳақида, бу соҳани тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида гапираётган эди.
Бунда тўртта-бешта ректорни қамаш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмасди…
3.
Бу — тажрибасиз ва қизиққон Отабекнинг таклифини эслатарди.
Бунга жавобан Юсуфбек ҳожи кулимсираб: «Агар Отабекнинг гапига кирадиган бўлсак, бизнинг бу ерда бош қотириб ўтиришимизга ҳеч қандай ҳожат қолмасди. Чунки ҳамма муаммони битта жаллоднинг ўзи ҳал этиб қўя қоларди», деб жавоб беради.
Буюк бобомиз Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» романида ўткир ижтимоий масалаларни енгилтаклик билан ҳал қилиб бўлмаслигини мана шундай гўзал тимсолларда кўрсатиб беради.
Жамиятдаги бундай ўткир ижтимоий ва сиёсий масалаларни ечишда оғир босиқлик ва «етти ўлчаб – бир кесиш»дек мулоҳазакорлик талаб этилишини мен кейинроқ, аста секинлик билан тушуна бошладим…
4.
Мен ўрнимдан туриб, «Ректорларни қамаш керак!» деб қўлимни ҳавода силкитганимда, кўрсаткич бармоқларим беихтиёр олдинги қаторда ўтирган пойтахтдаги бир неча нуфузли институт ректорларини сирмаб ўтган эди.
«Мени кўрсатаяптими?» — деб, уларнинг ҳам капалаги учиб кетди ва ҳамма даҳшат билан менга термулиб турарди.
Улар «Бу олдиндан Исматга топширилган» деб ўйлашди, шекилли, ўтирган жойларида ҳайкалдек қотиб қолишди.
Мен эса ҳамон «улардан бир нечтасини қамаш керак, уларни қамамагунча бу муттаҳамларни тузатиб бўлмайди» дейишда давом этардим.
Қизиғи шундаки, кўнглимдаги гапларни ёниб-жўшиб, ажиб бир ҳаяжон билан айтаётган маҳал Ислом ака, худди биринчи маротаба кўраётгандек менга ҳайрат билан тикилиб турардилар.
Шундай тажрибали ва ҳозиржавоб Президент ўша пайт кутилмаганда важоҳат билан «портлаган» шаккок журналистга нима деб жавоб беришни билмай қолдилар.
Мен эса ҳамон ўз важоҳат ва шаштимдан қайтганим йўқ. «Қамаш керакми, қамаш керак. Қамамаса бу муттаҳамларни тарбиялаб бўлмайди» деб ваъз ўқишда давом этардим.
Ажаб, Ислом ака ўшанда нималарни ўйлади экан?
У кишининг қарашларидан «Мен сендан сўраяпманми, тирмизак!» деган маънони ҳам англаш мумкин эди.
Лекин сўзларимни бўлмай эшитдилар.
Мен ўз ролимни бажариб бўлгандек, виқор билан жойимга ўтирдим.
Бунинг устига Ислом ака ҳам менинг кескин «ҳукм»ларимни гўё эшитмагандек тағин ўз гапларини давом эттириб кетдилар.
Ён-веримда Халқ хўжалиги институти ректори Саидаҳрор Ғуломов, Қишлоқ хўжалиги институти ректори Эркин Шайховлар ўтиришганди.
Суратда: Исмат Хушев (ўртада) институт ректорлари, академиклар Эркин Шайхов (чапда) ва Саидаҳрор Ғуломов (ўнгда) билан…
Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Ислом Абдуғаниевич ва Шукрилла Раҳматович тавсияси билан мен раҳбарлик қилаётган «Ҳаёт ва иқтисод» журналининг редколлегия аъзолигига сайланган эдилар.
Назаримда, улар менга нохуш қараб, ўзларини четроққа тортгандай бўлишди.
Танаффус пайтида ректорлар мени қўлтиқлаб юришарди, лекин бу сафар «падарингга лаънат!» дегандек, ҳаммаси тескари бурилиб кетди.
С.Шушкевич ва И.Каримов иштирок этган матбуот конференциясида қовун туширганим ҳақида аввалги бобда ёзган эдим.
Энди ректорлар таклиф этилган учрашувда ҳам яна бир қовун туширдим…
Трубкани кўтарсам яна Крайнов (Президентнинг биринчи ёрдамчиси) экан.
— Исмат ака, сал оғирроқ бўлиб юрар экансиз… Дипломат бўлишингиз керак… – деди у киши.
Георгий Алексеевичнинг шу гапи ҳеч эсимдан чиқмайди…
6.
Ўша учрашувдан кейин Ислом ака олий ўқув юртларида қабул тизимини тубдан ислоҳ қилишга киришади.
У пайтларда Муҳаммаджон Қорабоев Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосари эди; ижтимоий масалалар билан бирга, айнан олий ўқув юртлари билан ҳам шуғулланарди.
Тез орада М.Қорабоев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси расмий сафар билан Туркияга жўнайди.
Делегация таркибида Олий таълим вазирлиги раҳбарияти билан йигирмадан зиёд олий ўқув юрти ректорлари, Президент девони, Вазирлар Маҳкамасининг масъул мулозимлари ва олимлар қаторида бир гуруҳ ёзувчи ҳамда журналистлар ҳам бор эди.
Ажабки, уларнинг сафида мен ҳам бор эдим.
Демак, Ислом ака менинг навбатдаги қовун туширишимдан – олий таълим муаммоларига бағишланган учрашувдаги «Ректорларни қамаш керак!» деган оташин нутқимдан жиддий хафа бўлмаган экан.
Балки, Ислом ака ўша ректорлар билан ўтказган йиғилишдаги саволларига азбаройи қалбан хайрихоҳ бўлганим учун ҳам Туркиядаги ўқув тизимини ўз кўзи билан кўриб келсин деб мени ҳам рўйхатга киритиб, атайлаб имкон яратиб бергандир…
Агар хафа бўлганида мени айнан ўша «Қамалиши лозим» бўлган ректорлар билан Туркияга юбормасди…
7.
Ҳаётимнинг энг ёруғ ва унутилмас саҳифалари бўлиб шууримда мангу муҳрланиб қолган бу ғаройиб сафар йигирма уч кун давом этади.
Делегация таркибида Содиқ Сафоев, Омон Матчон (ўшанда улар Президент девонида ишлашарди), Ўзбекистон Давлат статистика Қўмитаси раҳбари Шуҳрат Ҳожимуродов, таниқли олим Шабот Хўжаев, оқсоқол ёзувчиларимиздан Мирмуҳсин ва Тўлепберган Қаипберганов, ҳуқуқшунос Акмал Саидов, сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев, журналист Карим Баҳриев ва мен бор эдик.
Туркия сафари акс этган фотосуратлар
Тошкент халқ хўжалиги институти ректори Саидаҳрор Ғуломов, Қишлоқ хўжалиги институти ректори Эркин Шайхов, Тошкентдаги жаҳон тиллари институти ректори Жамолиддин Бўронов, Шарқшунослик институти ректори Неъматилла Иброҳимов, Химия технологияси институти ректори Бахтиёр Асқаров, Тошкент Давлат Политехника институти ректори Тўлқин Комилов, Тошкент енгил саноати институти ректори Ҳалима Алимова, Фармацевтика институти ректори Саъдулла Искандаров, Биринчи ва Иккинчи ТошМИ ректорлари Турғунпўлат Даминов ва Ҳамид Каримовлар билан бирга вилоятлардаги жамики педагогика институтлари ректорлари ҳам биз билан бирга Туркияга боришган эди.
Ҳатто ўзим комсомол секретари бўлиб ишлаган Қарши давлат педагогика институтининг янги ректори Нортош Ўлжабоева ҳам биз билан бирга эди.
Ўшанда Сулаймон Демирэл — Туркиянинг Бош вазири, Турғут Ўзал эса — Президенти эди.
Буни эслаганимга сабаб шуки, Сулаймон Демирэл бизни жуда катта тантаналар билан қабул қилади.
Кейин билсам, Ислом ака бизни Туркияга олий таълим тизими билан бирга «ТЕСТ» тажрибасини ўрганиб келиш учун ҳам жўнатган экан.
Ҳозир Ўзбекистондаги барча олий ўқув юртларида ТЕСТ синовлари жорий этилган. Шуни биз дастлаб Туркиядан ўрганган эдик.
Ҳар куни институтларга бориб тажриба ўрганардик, талаба ва ўқитувчилар билан суҳбатлашардик.
Биз зиёфат берилган Қабуллар залидан чиқсак, Мирмуҳсин ака нақшинкор сарой кошинларига термулиб, ўйчан айланиб юрган экан.
У ҳали зиёфат пайтида шамоллагани чиқиб, қароргоҳдаги қадимги саркардаларнинг, давлат раҳбарларининг ҳайкалларига маҳлиё бўлиб қолибди.
Туркия Бош вазири саройидаги олтиндан ясалган ҳайкалчалар, тепага қарасангиз кўзни қамаштирувчи биллур қандиллар ростдан ҳам одамнинг хаёлини ўғирлаб, ақлу ҳушидан айириши турган гап.
Туркия Бош вазири қароргоҳи жойлашган нақшинкор бу сарой – Туркия давлати тарихидан ҳикоя қилувчи мўҳташам музейнинг ўзгинаси эди.
Билмадим, Мирмуҳсин ака делегациямиз ичкарида ҳали кўп ўтирса керак деб ўйлаган, шекилли, бемалол ва бамайлихотир қадимий саройни томоша қилаётган экан.
Биз тезгина хайр-хўшлашиб қабул ўтаётган залдан ташқарига чиқдик.
Узун ва кенг залдан чиқиб борарканмиз, ростдан ҳам туркларнинг бу ҳукумат саройи дунёнинг энг бадавлат ва тарихий музейларига ўхшашлигини сездик.
Мен Мирмуҳсин акага ҳазил қилдим.
— Мирмуҳсин ака, совғани олдингизми?- дедим тилла соатни кўрсатиб.
Ёнимизда Содиқ Сафоев, Тўлепберган Қаипберганов ва яна уч-тўртта ректорлар ҳам туришган эди.
Шу пайт Тўлепберган оға:
— Шошма, Мирмуҳсинни бир ўйнатайлик, – деди кулимсираб. – Исмат, иним, сен унга: «Сулаймон оға ҳамма билан бошини бошимизга уриштириб, бағрига босиб хайрлашди. Лекин Мирмуҳсин деган ёзувчингиз мен билан хайрлашмасдан кетиб қолди, мен ундан хафа бўлдим», деб айтди дегин. Сен айтсанг, ишонади…
Мирмуҳсин ака совғани олиб қайтиб келгач:
— Сулаймон Демирэл билан бошингизни бошига уриштириб, бағрингизга босиб хайрлашдингизми? – деб сўрадим.
-Э-э, у киши жуда хафа бўлди! Ўша оқсоқол ёзувчингиз мен билан хайрлашмасдан кетиб қолди, деди. Биз ҳам ҳайрон қолдик, Мирмуҳсин ака, – дедим сир бой бермасдан.
Мирмуҳсин эса гоҳ ўнг, гоҳ чап тиззасини Демерэлнинг дўппайган қорнига тираб, Туркиянинг оламга машҳур Бош вазирининг гоҳ ўнг бетидан, гоҳ чап бетидан тинмай ўпар эди.
Масаланинг моҳиятидан мутлақо бехабар Сулаймон Демирэл бу чаққон ёзувчининг бўйнига чирмовуқдай чирмашган қўлидан қандай чиқиб кетишини билмай атрофига аланг жаланг боқар эди.
— Мирмуҳсин кўп ичмаган эди-ку – деди унинг бу ҳатти ҳаракатини узоқдан ҳайрат билан кузатиб турарканмиз, Тўлипберган оға.
— Етар, оқсоқол, етар, ий оқшомлар Сизга, боринг энди, шерикларингиз кутиб қолди, самолёт кетиб қолади, — деб Сулаймон Демирэл ҳам бургутнинг қўлига тушиб қолган чумчуқдай бесунақай гавдаси билан тинмай типирчилар эди.
Ниҳоят, Мирмуҳсин ака бош вазирни бағридан чиқариб, мамнун бўлиб қайтиб келди.
Бу воқеани Тўлепберган оға қорақалпоқча лаҳжада жуда қизиқ қилиб, эпитетларини жой-жойига қўйиб, мароқ билан айтиб бериши мумкин…
10.
Бундан ташқари, сафар чоғида рўй берган яна бир воқеа эсимда қолган.
Биз қайси меҳмонхонада қўноқ бўлсак, ҳукумат делегацияси келди деб ҳар бир кишига алоҳида хона ҳозирлаб қўйишарди.
«Холодильник»да ҳар хил ичимликлар мўл бўлади; бир марта фойдаланишга мўлжалланган оёқ кийим, тиш ювадиган шўтка, шампунь, совунлар муҳайё қилиб қўйиларди.
Чўмилгандан кейин кийиладиган оппоқ, момиқ халат ҳам бериларди. Уни кийсангиз, жонингиз ҳузур қилади.
Меҳмонхонадан икки қаватли автобусга ўтириб жўнаб кетаётган пайтимизда яна ҳазил қилгим келди. Микрофон доим менинг қўлимда бўларди. Йўл-йўлакай шеър ўқиб борардим.
Бошқаларнинг, айниқса, Омон Матжоннинг жаҳли чиқарди-ки: «Нима учун фақат Абдулла Ориповнинг шеърларини ўқийсиз? Нима, Ўзбекистонда ундан бошқа шоир йўқми?» деб жиғибийрон бўларди.
Мен бўлсам, ўз билганимдан қолмасдим.
Чунки аксарият ректорларга Абдулла аканинг шеърлари маъқул бўларди.
Бора-бора ҳамма менга ўрганиб қолди, биз апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. «Каттага яқин» деб улар менга хушомад қилар, мендан ҳайиқишарди. Ниҳоятда эркин ва эркатой эдим…
Шундай қилиб, ҳамма автобусга чиқиб ўтиргач, микрофонни қўлимга олиб:
— Ўртоқлар, икки – уч соат йўл юриб кейинги шаҳарга борамиз, – дедим жиддий товушда. – Лекин меҳмонхонадаги ҳамма нарсаларни йиғиштириб олишимиз керак экан. Анави халатлар қолиб кетмасин. Улар фақат бир марта фойдаланишга мўлжалланган экан. Туркияликлар бизга атайлаб совға қилишган экан ўша халатларни. Агар биз совғани ташлаб кетсак, мезбонлар биздан хафа бўлади, ўзбекистонликлар бизни назар-писанд қилишмади деб ўйлашади. Шунинг учун кимки халатини олмаган бўлса, марҳамат, тезда олиб чиқсин! Биз кутиб турамиз. Сочиқлар ҳам эсдан чиқмасин! Эсдаликларни олиб кетмасак уят бўлади, ўртоқлар!
Ҳазиллашиб қўйиб, микрофонга қараб шеър ўқиб ўтирардим. Бир пайт қарасам, одамлар жомадонларини кўтариб келишяпти, баъзиларининг қопқоғидан оқ халатлар кўриниб турарди.
Мен кулиб юбордим.
Содиқ ака кўпни кўрган одам сифатида: «Эй, ўртоқлар, халатлар олиб кетилмайди! Ҳар қандай беш юлдузли меҳмонхонада шунақа халатлар бўлади. Уни кийиб, бассейнга тушиш мумкин, холос. Агар биз олиб кетиб қолсак, ноқулай бўлади. Исматжон ҳазиллашган эди», деб огоҳлантирди.
Кўпчилик: «Шунақа ҳам ҳазил бўладими! Нима, биз ёш боламизми!» деб тўнғиллаганча автобусдан қайтиб тушиб кетишади.
Айрим кишилар эса ҳеч нарса бўлмагандек индамай ўтиришарди. Мирмуҳсин ака ҳам қизариб -бўзариб ўтираверди, Тўлепберган оға эса асло сир бой бермасди…
Тошкентга келганимиздан сўнг маълум бўлдики, Мирмуҳсин ака халатни олган экан, Тўлепберган оға ҳатто сочиқни ҳам халатга қўшиб олибди – ўзлари кулиб-кулиб: «Опкелганимиз яхши бўлган экан, мазза қилиб ишлатяпмиз!» дейишди.
Орадан бир – икки йил ўтганидан кейин ҳам айрим ректорлар гоҳ-гоҳида менга телефон қилишиб: «Ҳў-ў Исматжон, жуда ўрнини топиб ҳазил қилган экансиз! Бўлмаса, қордай оппоқ, момиққина халат қаёқда эди! Ўшандан бери ҳузур қилиб, сизни дуо қилиб кийиб юрибмиз!» деб қолишади.
Мен: «Ректорлардан тўрт-бештасини қамаш керак!» деб ноўрин қовун туширган учрашувдан бошланган олий ўқув юртларининг ислоҳи борасидаги савобли иш мана шунақа ажабтовур ҳангомалар билан давом этган эди…
11.
Кейинги гал бу гўзал ва сеҳрли диёрга Вазирлар Маҳкамасидаги ташқи иқтисодий алоқалар Департаменти раҳбари Алишер Шайхов билан Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий имкониятлари хусусида маърўза қилиш учун борган эдик.
Ҳаммаси бўлиб мен Туркияга қисқа фурсат ичида уч маротаба сафар қилганман: 1990, 1991 ва 1992 йилларда.
Кейин орадан йиллар ўтиб, Туркия билан муносабатимиз тубдан ўзгарди.
Бизни ўз жигаридек иззат, ҳурмат билан кутиб олган, биз учун керак бўлса жонини ҳам беришга тайёр турган буюк Турк халқига нисбатан энди носамимийлик пайдо бўлди.
1994 йилдан эътиборан у ерда таҳсил олаётган минглаб талаба ёшларимиз ўз истакларига қарши ҳолда Ўзбекистонга чақириб олиндилар…
Буларнинг ҳаммасига сабаб: 1992 йилдан эътиборан Ислом Каримов мухолифат лидерларини бирин кетин қамаб, тазйиқ ва таъқиб қилиб, турли йўллар билан мамлакатдан қувиб чиқара бошлади.
Табиийки, Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб қўллаб қувватлаган ва унинг мухолифатга нисбатан тоқатсизлигидан ҳам биринчилардан бўлиб ранжиган Туркия ҳукумати тобора диктаторлашиб бораётган ўзбек Президентининг бу мухолифларини ўз бағрига олиб, уларга бошпана бера бошлаган эди.
Туркия раҳбариятининг айнан шу бағрикенглиги боис Ислом Каримов режими буюк турклар тимсолида энди — ўз мухолифатига қучоқ очган манфур рақибини кўра бошлади.
Ҳатто у ерда ўқиётган бир гуруҳ иқтидорли талабаларни террорчилик машғулотларида иштирок этганликда ҳам айблашди.
Хусусан, Муборак шаҳрининг собиқ ҳокими, собиқ халқ депутати, «ЭРК” демократик партияси аъзоси Мурод Жўраевни Қашқадарёлик 21 йигитни Гуржистон орқали Туркияга олиб бориб, Анвар Олтойлининг пули эвазига жангариликка ўқитганликда айблаб, қамоққа олишди.
Мана, йигирма уч йилдирки, Мурод Жўраев ҳамон ҳибсда.
Унинг китоблик ҳайдовчиси эса сил касали бўлиб қамоқдан чиқарилганидан сўнг кўп яшамай вафот этганини яқинда уйга борганимда эшитдим…
Йигирма йилдирки, Туркия билан Ўзбекистон муносабатлари ҳам ҳануз жиддий тафтиш ва тадқиққа муҳтож!
Бошни бошга қўйиб ўзини дўст қилиб кўрсатиш бошқа экан-у, лекин дўстликнинг садоқатли байроғини баланд кўтариб юриш бошқа экан.
Мен бундай дейишимга сабаб Ўзбекистон ва Туркия ўртасидан арзимаган ола мушук ўтганини баҳона қилиб, бугун Туркия ва Ўзбекистон ўртасида деярли алоқа ришталари қолмади деса ҳам бўлади.
Масалан, собиқ иттифоқнинг мустамлака ўлкаларини озодлик кунларида биринчи бўлиб олқишлаган Сулаймон Демерэлдай улуғ зотнинг бор ё йўқлигини, ўлик ва ё тириклигини бугун Ўзбекистонда биров билмайди.
Ўзбек матбуотини узлуксиз кузатиб борар экан, ҳатто мен ҳам бу ахборотдан йироқман…
Ислом Каримовнинг беқарор ва инжиқ табиатидаги бу шубҳакорлик ва зулмкорлик туфайли нафақат Туркия, балки ўзининг таъбири билан айтганда «қондош ва жондош” қўшниларимиз бўлмиш – Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам не-не бало-ю, уқубатларга гирифтор бўлганлари ҳақида вақти келиб бу давлат Президентлари ўз эсдаликларида ёзишар…
12.
Ҳали ҳануз ёдимда.
Биз Муҳаммаджон Қорабоев бошчилигидаги делегация аъзолари ўз расмий сафаримизни якунлаб, бир олам таассурот ва ҳаяжон билан Анқарадан Тошкентга учаётганимизда парвоз бекалари (стюардессалар) бизга тарқатган ўзбек газеталаридан вилоятдаги педагогика институтлари университетларга айлантирилгани ҳақида хабар топдик.
(Демак, 1992 йилнинг январь ойлари эди).
Сафимизда бизга ҳамроҳ бўлган пединститут ректорларининг ўша пайтдаги қувончларини бир кўрсангиз эди.
Улар Туркияга институт ректори мақомида бориб, қайтишда — университет ректори бўлиб қайтишаётган эди.
Уларнинг бу мақоми — биз Туркияда сайр қилиб юрган пайтда Тошкентдаги студентлар шаҳарчасида нон нархи оширилишига қарши намойишга чиққан талабаларнинг миршаблар томонидан ўққа тутилгани ва улардан икки киши ҳалок бўлгани эвазига оширилган эди…
Лекин нима сабабдан ва қандай фожеа эвазига институтлар университетга айлантирилгани уларни заррача ҳам қизиқтирмасди.
Энг муҳими улар энди институтларнинг эмас, балки университетларнинг ректорлари эдилар…
13.
Сафардан қайтиб келганимиздан сўнг ўз ҳақ ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиққан талабалар ўлимига сабабчи асл айбдорлар бир четда қолиб, Олий таълим вазири Шавкат Алимов ўз вазифасидан озод қилинганини эшитдик.
Менинг назаримда вазирликка эндигина тайинланган бу истеъдодли олим ҳукуматнинг «Вуз городок” даги лўттибозликлари қурбони бўлди.
Негаки, Шавкат Алимов — олий таълим соҳасида чин дилдан ўзгаришлар қилиш умидида жиддий ислоҳотларни амалга оширишга бел боғлаб астойдил ишга киришган эди.
Мен у кишини шахсан танирдим ва 28 ёшида Москвада докторлик ишини ёқлаган бу талантли математик Ўзбекистон учун ҳали кўп яхши ишлар қилишига астойдил ишонардим.
Лекин афсуски, у кишига бу эзгу ниятларини амалга оширишга имкон беришмади.
Шавкат Алимовдан сўнг ҳам Олий таълим вазирлари тез тез ўзгариб турди.
Лекин, мана йигирма йилки, Ўзбекистонда ҳануз бу соҳада ҳалоллик ва адолат қарор топмади.
Президент ўша — тўқсонинчи йиллар бошидаги анжуманда айтганидек — ҳануз таниш билишчилик ва ошна оғайнигарчилик, кўзбўямачилик ва порахўрлик — бугунги кунда нафақат олий, балки ўрта ва махсус таълим соҳаларини ҳам ич-ичидан емириб, миллат равнақига тўсқинлик қилиб келмоқда.
Энг ачинарлиси шуки, биз бир пайтлар Туркияга бориб ўрганиб келган олий ўқув юртларига қабул қилиш қоидалари – ТЕСТ синовлари ҳукуматнинг бугунги порахўрлигига асосий меъзон бўлиб хизмат қилмоқда.
Адолат ҳаққи-ҳурмати айтиш лозимки, ТЕСТ синовлари бир муддат порахўрлик, таниш билишчилик ва уруғ аймоқчиликни камайтиришда ижобий хизмат қилди.
Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларидаги оддий колхозчи ва ё ишчиларнинг фарзандлари ТошДУнинг ҳуқуқшунослик факультетига ва ё Юридик институтига ўз кучи билан кирибди деган гап сўзлар кўпайиб қолди.
Лекин тепадагиларга бу ёқмади шекилли, кўп ўтмай яна ҳамма нарса ўз ҳолига қайтди қўйди…
14.
Яна бояги гапга қайтсак: «ТЕСТ» синовлари ҳукуматнинг бугунги порахўрлигига асосий меъзон бўлиб хизмат қилмоқда” дедик.
Хўш, буларни қайси ҳолатларда кўришимиз мумкин?
Маълумки, Ўзбекистон Президенти Фармони билан Вазирлар Маҳкамасининг фан, соғлиқни сақлаш ва ижтимой масалалар билан шуғулланувчи комплекси ташкил этилиб, Бош Вазир ўринбосари лавозимидаги мансабдор бу соҳани назорат қилади: соҳага алоқадор бўлган барча вазирлик, қўмита ва уларнинг нашри бўлмиш оммавий ахбарот воситаларини ҳам бошқаради.
Юридик фанлари доктори, профессор Алишер Азизхўжаев бу юксак лавозимга тайинлангандан сўнг олий ва ўрта махсус таълим соҳасига алоқадор бўлган барча ҳуқуқ ва имтиёзларни мазкур вазирликлар қўлидан олиб, ўзи бош бўлган Комплекс ихтиёрига ўтказди.
Энди нафақат коллеж, институт ва университетга қабул қилиш ҳуқуқи, балки, ҳатто бир факультетдан иккинчи факультетга ёки бир институтдан иккинчи институтга талабани ўтказиш ҳуқуқи ҳам мазкур вазирликлардан олиниб, Комлекс ихтиёрига берилди.
Ўзбекистонда Туркия модели асосида ташкил қилинган Давлат Тест Маркази раҳбарини тайинлаш ва унинг фаолиятини тўла назорат қилиш ҳуқуқи ҳам мазкур Комлекс раҳбарига бериб қўйилди.
Ҳолбуки биз кўриб ва ўрганиб қайтган Туркиядаги Давлат Тест Маркази ва унинг раҳбарига ҳатто Бош вазир, Парламент ва Президент ҳам таъсир қила олмас эдилар.
Улар пухта ишлаб чиқилган жамоатчилик ташкилотлари томонидан қаттиқ назорат қилинар ва ўз фаолиятини олий ўқув юртларига қабул қилинаётган талабалар билими ва тажрибаси меъзонида очиқ ойдин ва шаффоф олиб бориш имконига эга эдилар…
15.
Йиллар ўтиб, Ўзбекистон Олий раҳбариятининг бу тадбирларни амалга оширишдан кўзлаган асосий мақсади тобора аёнлаша борди.
Ҳа, мен тўқсонинчи йиллар бошида Вазирлар Маҳкамасининг мўжазгина залида оташин нутқини эшитган Ислом Каримов чин дилдан истаганида эди, шу йўл билан ростдан ҳам порахўрлик иллатларини тугатиб, интилувчан ва истеъдодли ёшларни талабалик сафига қабул қилиш имконини яратган бўлурди.
Биз юқорида бу синовнинг дастлабки ижобий қадамлари ҳақида тўхталдик. Лекин, афсуски, бу узоқ давом этмади…
Ҳолбуки, Ислом Каримовдек кучли раҳбар бу соҳада, умуман давлат ва жамиятда порахўрлик каби ярамас иллатни йўқотиш борасида Президент сифатида чексиз ва беқиёс имкон ва имтиёзга эга эди…
Бу соҳа Ўзбекистонда нақадар гўзал ислоҳ этилавергани билан халқ орасида қабул борасидаги ташвишли гап сўзлар ҳануз тўхтамади.
Бунинг сабаблари эса жуда оддий эди. Ўша йилларда ҳукумат нашрларида Бош муҳаррир бўлиб ишлаганим боис мен ҳам шу жараённинг ичида эдим.
Нималар бўлаётганини, Президент атрофидаги амалдорлар, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Ички Ишлар вазирлиги мутасаддилари, Прокуратура ва тергов ходимлари, Олий суд, министр ва ҳокимлар, ҳукумат тизимидаги турли хизмат корчалонлари ва айниқса мафия ва коррупция намоёндаларининг арзандалари қандай қилиб олий ўқув юрти талабалари сафидан жой олаётганларини мен яхши билардим.
Ажаб, ҳаттоки Давлат Тест Маркази раҳбарлари ҳам ўқишга қабул қилиниши лозим бўлган ўз одамлари рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси Раиси (Ислом Каримов) нинг муовини бўлмиш – Бош Вазир ўринбосари назаридан ўтказиб олганларидан сўнггина амалга оширишлари мумкин эди.
Биз билан бирга Туркияга бориб келган, маълум муддат республика Давлат Тест Марказига раҳбар бўлиб ишлаган ва секин аста ҳукумат миқёсидаги бу кўзбўямачиликка қарши қўрқмай бош кўтарган физика математика фанлари доктори, истеъдодли ва ажойиб инсон Муҳаммаджон Муҳиддиновнинг бу борада бошидан кечган ажабтовур ҳангомалари вақти келиб халққа ошкор этилар деган умиддаман…
16.
Кутилмаганда ўз вазифасидан олиниб, Президент ҳузуридаги раҳбарлик ва бошқарув Академиясига юборилган Алишер Азизхўжаевнинг ўрнини Ҳамидулла Караматов эгаллади.
Яқингинада Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўрта бўғин амалдори бўлиб турган бу филолог олимнинг Президент девонида қисқа муддат ишлаганидан сўнг бирданига Бош Вазир ўринбосари – фан, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий масалалар Комлекси раҳбари этиб тайинланиши унга Президент билдирган катта ишончдан далолат эди, албатта.
Хусусан биз, адабиётчилар бу тайинловни хуш қарши олган эдик.
Негаки, таниқли ёзувчи Саъдулла Караматовнинг ўғли бўлган истеъдодли ва салоҳиятли арабшунос олимнинг республика раҳбарлигидаги фаолияти — маданият ва адабиёт аҳли равнақига хизмат қилишига умид туғдирар эди.
Лекин, минг афсуски, ҳамиша ёлғизланиб ва алданиб келаётган ижод аҳлининг бу галги умидлари ҳам чиппакка чиқди.
Алишер Азизхўжаев даврида бир оз хаспўшланиб, пардаланиб олиб борилган кўзбўямачилик ва бошқа адолатсизликлар энди очиқ ойдин бўй кўрсата бошлади.
Таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, санъат ва бошқа ижтимоий масалаларда очиқ порахўрлик бошланди.
Таниш – билишчилик ва қариндош – уруғчилик орқали мансаб ва унвон олиш, ўқишга кириш, илмий даражали бўлиш – фахр ва шарафга айлана борди.
Бир сўз билан айтганда Ҳамидулла Караматов Бош Вазир ўринбосари бўлган даврда бу тизим сарҳадларида кўзбўямачилик, коррупция ва юзсизлик бутун бўй басти билан, кенг миқёсда авж олди!
Бу орада бошқа соҳа раҳбарлари каби Олий таълим вазирлари ҳам бир неча бор алмашди…
17.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида идеология котиби бўлиб ишлаган Оқил Умурзоқович Салимов узоқ ҳибс ва ишсизликлардан сўнг, ниҳоят бир пайтлар яхшилигидан баҳраманд бўлган Ислом Каримов даврида яна раҳбарлик курсиларини эгаллай бошлади.
Партиянинг юксак лавозимида республика идеологиясини яратган пайтларда фан доктори, профессор унвонларини қўлга киритиб, жонон санъаткорларнинг суюкли “кумири”га айланиб улгурган бу сарвқомат мулозим аввал Тошкент Давлат Техника университети ректори, сўнг бирданига — Олий таълим вазири этиб тайинланади.
Соҳадаги ачинарли ва ташвишли аҳвол эса ҳануз ўша ўша – ислоҳотга муҳтож эди…
18.
2000 – йилларга келиб узоқ вақтлар Тошкент халқ хўжалиги институтида ректор бўлиб ишлаган академик Саидаҳрор Ғуломов Олий таълим вазири этиб тайинланади.
Ажабки, собиқ вазир Оқил Умурзоқович ўзининг барча имтиёзи (кабинет, хизмат машинаси ва маоши билан) янги вазирнинг маслаҳатчиси бўлиб қолади.
Тайинлов ҳақидаги Фармонга имзо чекилишидан олдин Президент суҳбатидан янги вазифалар билан бирга собиқ вазир ҳақида айни топшириқни ҳам олган Саидаҳрор ака то ишдан кетганига қадар Оқил Умрзоқович билан маслаҳатлашиб ишлади.
Улар Оқил ака билан биргалашиб соҳага оид кўпгина хайрли ва савобли ишларни қилишга улгуришди.
Бу ҳақда ўша даврда республика олий ўқув юртларида раҳбарлик қилган ректорлар вақти соати келиб, гувоҳлик беришар.
Лекин Саидаҳрор ака ҳам Оқил Умрзоқович билан бирга олий таълим соҳасини асосий муаммо – порахўрлик ва кўзбўямачилик балосидан халос этолмадилар.
Мен журналист сифатида уларнинг бу борада олиб борган баъзи сайъ-ҳаракатларидан хабардорман. Вақти соати келиб булар ҳақида ҳам ёзилар.
Аслида, бу соҳани соғломлаштириш учун айнан Саидаҳрор Ғуломов ва Оқил Салимов каби ҳалол ва виждонли кишиларни Бош Вазир ўринбосари лавозимига тайинлаш лозим эди.
Президент Фармони билан тайинланган вазирлар, ҳукумат мулозимлари, ҳокимлар ва ҳатто ички ишлар, махсус хизмат ходимлари орасида ҳам халқпарвар, адолат тарафида туриб фаолият юритишни истаган кишилар талайгина эканини айтиш ўтишни истардим.
Бундай одамлар раҳбарликда қадимда ҳам бўлган, ҳозирда ҳам бор. Лекин ачинарлиси шундаки, улар бу лавозимларида узоқ ишлай олмайдилар.
Ё турли баҳонаю сабаблар билан урилиб кетадилар ё халқни эзиб, унинг ҳисобидан яшашга кўникма ҳосил қиладилар…
Оқил Салимов ва Саидаҳрор Ғуломов – Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги ана шундай кам сонли, ҳалол ва виждонли, инсофли мулозимлардан эдилар.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, Президентга яқин бўлиб, хизмат пиллапояларида гуркираб юрган пайтларимда мен ҳам бошқа амалдор ва депутатлар каби Ҳукуматнинг биринчи рақамли касалхонасига аъзо эдим.
Мен даволанаётган бўлимнинг қўшни хонасида Саидаҳрор Ғуломовни сочлари оппоқ нуроний бир чол билан ёши анчаларга бориб қолган муштипар бир аёлнинг оёқларини галма гал уқалаб турган ҳолда тез тез учратиб қолардим.
Бу ҳол деярли ҳар куни такрорланарди. Эрталаб бир, кечқурун бир.
Ўшанда Саидаҳрор ака «нархоз”да ректор эди.
У киши ишдан олдин ва ишдан кейин шофёри билан касалхонага келиб саксонларга яқинлашиб қолган ота-онасини фарзандлик меҳри билан ана шундай эъзозлардилар.
Ректор, академик, олим одам бу вазифани уялмай, хижолат чекмай, аксинча, ажиб бир фахр ва ифтихор билан адо этарди.
Мусулмончиликнинг барча фарзларидан яхши хабардор, меҳр мурувватли ва юксак маданиятли бу инсоннинг Қуръон оятларини турли маърака ва йиғинларда ажиб бир меҳр билан ўқишларини у кишини билган, бирга ишлаган одамлар чексиз бир эҳтиром билан ҳанузга қадар эслаб юришади.
Суратда: Исмат Хушев (чапдан биринчи) Олий таълим вазири , академик Саидаҳрор Ғуломов (иккинчи), Тошкент халқ хўжалиги инстититути проректори, профессор В.В.Ким (учинчи), Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академияси Тошкент филиали ректори, профессор Қаландар Абдурахмонов (тўртинчи)…
Лекин минг афсуски, Ўзбекистон Олий таълими вазири лавозимида Саидаҳрор Ғуломовнинг фаолияти жуда қисқа давом этди…
Оқил Умрзоқович билан эса Герман Лопатин кўчасидаги Марказқўмнинг уйларида қўшни яшанамиз. Мен у киши билан ҳам жуда яқин эдим. Мазалари қочган пайтларда ҳол сўраш учун уйларига тез тез бориб турардим. Мени — у кишининг бетоб ҳолда тўшакда ётган бўлса ҳам, ҳар куни эрталаб соқолларини қиртишлаб, чиройли ва фариштали бўлиб туришлари ҳайратлантирарди…
19.
Йигирма йилдирки, Ўзбекистон Олий таълим тизими таҳлил ва тадқиққа, ислоҳот ва янгиланишга муҳтож.
Соҳани тамомила ислоҳ қилиш, уни янги ва мукаммал поғонага кўтариш, олий ўқув юртларига талабаларни қабул қилиш тизимини эса юз фоиз адолат ва диёнат мезонлари асосида қайта қуриш ва тамомила шаффоф бўлишига эришиш — бу фақат олий таълим мулозимларининг эмас, балки Ўзбекистон олий раҳбариятининг ҳам вазифасидир.
Вазифаси бўлганда ҳам – энг асосий ва бош вазифасидир!
Акс ҳолда, Олий раҳбарият қаерга қандай уруғ сочмасин – у ердан ноҳақлик ва коррупция униб чиқаверади…
Ўзбекистон Олий таълим тизимидаги муаммолар ва олий ўқув юртларига қабул ҳақида бизнинг «Ёнаётган олий даргоҳ» номли таҳлилий мақоламиз бор ва унда барча мулоҳазалар айтилгани боис, бу мавзуга ортиқча тўхталиш шарт бўлмас керак.
Буни истаган ўртоқлар «Дунё ўзбеклари» сайтидан топиб ўқишлари мумкин.
Бир сўз билан айтганда, Олий таълим бугун ҳам эртага ҳам, ўзига хос муаммолар ичида ёниши турган гап.
Токи жамоатчилик назорати шаффофлик нурини ёймас экан, бу чексиз ва тубсиз уммонда ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмайди…
Катта рахмат Исмат ака! Хакикий тарихий, тарбиявий ва албатта огох этгувчи асарким, давлат рахбарлари уз хулосаларини чикариб, тугри йулга тушсалар халкимиз ва давлатимиз сиёсати учун улкан ютук булар эди. Сизнинг ёзаётганларингиз давримиз комуси булиб колади, хеч ким нохак кораланмаган ёки ноурин макталмаган, хаттоки Президент хам бенасиб колмаганлар, танкидингиздан. Хафа булиш ноурин булиб, факат тугри хулоса чикариш колган халос! Бирон одам эътироз билдиролмайди, хакикат накадар кучлик. Таърифга тил ожиз!
“Ислом Каримовнинг беқарор ва инжиқ табиатидаги бу шубҳакорлик ва зулмкорлик туфайли нафақат Туркия, балки ўзининг таъбири билан айтганда «қондош ва жондош” қўшниларимиз бўлмиш – Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам не-не бало-ю, уқубатларга гирифтор бўлганлар”, деб айни ҳақиқат айтилган.
Мухолифатни ҳайдамади, деб Ўзбекистонни давлат сифатида биринчи тан олган Туркиядан юз ўгириш адолатдан эмас, албатта.
essiz yozuvchi va ziyuoli degan nom,ularning mehmonxonadan sochik va xalat uqirlashlarini pastkashlik deb hisoblayman
Go`zal hotiralar va suratlar uchun rahmat sizga Ismat aka. Bahtimizga doim sog bo`ling!!!
Катта рахмат Исмат ака! Хакикий тарихий, тарбиявий ва албатта огох этгувчи асарким, давлат рахбарлари уз хулосаларини чикариб, тугри йулга тушсалар халкимиз ва давлатимиз сиёсати учун улкан ютук булар эди. Сизнинг ёзаётганларингиз давримиз комуси булиб колади, хеч ким нохак кораланмаган ёки ноурин макталмаган, хаттоки Президент хам бенасиб колмаганлар, танкидингиздан. Хафа булиш ноурин булиб, факат тугри хулоса чикариш колган халос! Бирон одам эътироз билдиролмайди, хакикат накадар кучлик. Таърифга тил ожиз!
“Ислом Каримовнинг беқарор ва инжиқ табиатидаги бу шубҳакорлик ва зулмкорлик туфайли нафақат Туркия, балки ўзининг таъбири билан айтганда «қондош ва жондош” қўшниларимиз бўлмиш – Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам не-не бало-ю, уқубатларга гирифтор бўлганлар”, деб айни ҳақиқат айтилган.
Мухолифатни ҳайдамади, деб Ўзбекистонни давлат сифатида биринчи тан олган Туркиядан юз ўгириш адолатдан эмас, албатта.