• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Якшанбада гилосзорга қилдик сафар («Ҳаёт ҳар ерда ҳаёт» туркумидан) — 3

Май 24, 2018
 Гилос сайли

 

“Дунё ўзбеклари”дан:
1.
Улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Онажоним, шеърият!” номли машҳур шеърида шундай сатрлар бор:
Ҳар қисматга ҳар кимнинг, Даврони сабаб бўлгай.
Шеър ун чекса шоирнинг, Армони сабаб бўлгай.
Мен фахр этсам умримнинг, Ҳар они сабаб бўлгай.
Энг олий бахтим менинг, Онажоним шеърият.
Топган тож тахтим менинг, Жонажоним шеърият.
Ўзбекистондаги даврон ва тузум сабаб, оилам, бола чақам билан Канадага келиб яшаётганимга ҳам ўн йиллардан ошиб қолди. Ўтган бу даврда Ватан ва юрт соғинчида оҳ ва ун чеккан фурсатларим, ҳасратларим кўп бўлди.
Ўзбекистонга бориб келганимдан кейин – ҳаёт ҳар ерда ҳам ҳаётлигини, одамнинг ўз яшаб турган юрти ва муҳитидан чиқиб, дунё кўриши ҳам ажиб бир саодат эканини англаб етдим.
Ватанимга бориб, ота онам, акам қабрини зиёрат қилиб келганимдан кейин, хориждаги ҳаёт ҳам кўзимга нурли ва шуурли бўлиб кўрина бошлади.
Тақдир менга муҳожирлик қисматини бежиз бермаганини, бунда ҳам Яратган Эгам – Тангрининг ажиб бир ҳикмати борлигини англаб етдим.
Энди хориждаги ҳаётим ҳам ўзига хос ажиб бир мазмун ва моҳият касб этди: Ватан ҳажрида оҳ ва ун чеккан дамлар ўрнини секин аста – ўз умримдан қониқиш ва фахр этиш туйғулари эгаллай бошлади.
Муҳожирлик ҳаётига кўникиш экан бу – энди билсам…
2.
“Дунё ўзбеклари” ўқувчиларидан ҳар куни ўнлаб хат, хабарлар, савол ва сўроқлар келади.
Саволларнинг аксарияти оилам ва фарзандларим, уларнинг орзу умидлари, қувонч ва туйғулари, ўзимнинг ижодий режаларим, орзу ва армонларим ҳақида бўлади. Мухлисларнинг  – шахсий ҳаётимга қизиқиши табиий, албатта.
Ўз юртидан – Ватанидан жудо бўлиб, тушкунлик ва умидсизлик гирдобида ғарқ бўлмай, кўтаринки руҳда яшаб юриш, ижод қилиш, дунё ўзбеклари ўқийдиган оммабоп ва ҳаммабоп нашр яратиш, унга раҳбарлик қилиш ва минг-минглаб мухлис орттириш – хорижда, муҳожиротда ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган ажиб бир саодат эканини яхши биламан.
Бу, айни пайтда – “Мен фахр этсам умримнинг ҳар они сабаб бўлғай” деган шоир фалсафасининг ҳаётий исботи ҳам бўлса, не ажаб…
3.
“Президент эркатойининг саргузаштлари” номли хотиралар китобимни, унда, хусусан, уйланиш тарихимга оид ҳаяжонли бобларни ўқиган мухлислар оилам ва фарзандларим, уларнинг Канададаги ҳаёти ҳақида кўп сўрашади.
Ўша – Китобда ёзилган, уйланишим жуда қийин бўлган, борган барча катта кичик совчиларни қайтарган бўлажак қайнотамнинг ҳузурига ўзим йиғлаб бориб, охири кўндирган ва ниҳоят уйланиш бахтига муяссар бўлган – мен суйган суюкли – Наргиз билан ҳануз биргамиз.
Икки ўғил, икки қизимиз, ҳозирча бир дона набирамиз бор…
4.
Канадада ҳаёт қандай, у ерда ҳам мева чева, боғлар борми, масалан, ўрик ва гилослар пишадими деб кўп сўрашади.
Ҳа, Канадада ҳам боғлар ва водийлар жуда кўп. Умуман бу давлат ям-яшил кенгликлар ва водийлардан, ўтлоқзор ва ўрмонлардан иборат. Атрофини денгиз ва океанлар ўраб олган гўзал ва бетакрор бир диёр.
Бу ерларда ҳам худди Ўзбекистондагидай боғ роғлар кўп, ўрик ва гилослар пишади.
Эҳ-ҳе, пишганда қандоқ…
5.
Кеча якшанбада икки машинада бир оила бўлиб Торонтодан Ниагара шаршараси тарафларга –  гилосзор боғларга сайр қилдик.
Биринчи машинада катта қизим Ҳулкар, турмуш ўртоғи ва ўғилчаси, бизнинг энг суюкли ва эркатой набирамиз билан, иккинчи машинада биз – оилам Наргиз ва қизим Чарос билан йўлга тушдик.
Исломбек ва Камронбеклар дўстлари билан бошқа жойга – денгиз бўйига жўнаб кетишди.
Канаданинг йўллари кенг ва равон. Бу ҳақда олдин ҳам ёзганман. Чарос қизим: “Сиз дам олинг, дада” деб, рулга ўтирди. Мен олдинда, қизимнинг ёнида, Наргиз орқада – маликалардек бир чиройли бўлиб ўтирибди.
Унга қараб, Тошкентда – Бош муҳаррир бўлиб юрган мулозимлик давримда хизмат машинасининг орқа ўриндиғида ястаниб ўтирган дамларимни эслайман. Чарос болалигида “Волга” билан бир оила бўлиб Тошкентдан Китобга борган бахтиёр дамларимизни, уйга яқинлашаётганда шофёрга: “Сигнал бер, ҳамма билсин Исмат Хушев Тошкентдан келаётганини” деганларимни ёд солади…
6.
Ажиб ва армонли хотиралар оғушида Торонтодан боғлар сари елдек учамиз.
Йўлнинг икки четида беҳудуд ям-яшил водийлар, кўллар ва ўрмонлар. Бу йўлларда йўл юриб чарчамайсиз. Ўзингиз ҳам, машинангиз ҳам. Ҳар бир маълум масофада ёқилғи қўйиш ва дам олиш, ҳордиқ чиқариш бекатлари Сизга мунтазир. Бу ерларда Ўзбекистондагидай бензинга навбатга туриш йўқ. Бензиндан уриб қолиш йўқ. Қўполлик ва ҳақоратни умуман эшитмайсиз.
Одамлар бир бирларига танимасалар ҳам ажиб бир табассум ва меҳр билан қарашади. Такаллуф ва таманно билан сўрашади. Илиқ ва самимий хайрлашишади.
Умуман, оилавий сайру томошоларга чиқишни азалдан яхши кўраман. Бундай пайтда кўпинча болаларим ва Наргиз мендан шеър ўқиб беришни илтимос қилишади. Шеър ўқишни жуда яхши кўраман. Абдулла Орипов ижодини деярли ёд биламан десам, ишонаверинг…

 

7.
Машинамиз Торонтонинг кенг ва равон йўлларидан шамолдек учиб бораркан, мен ўқиган шеърлар сеҳридан маст бўлган Чарос Шоҳжаҳон Жўраевнинг ашуласини қўйсам майлими деб мендан сўрайди. Зум ўтмай машина ичида сеҳрли ва салобатли, мунис ва майин бир овоз янграйди:
Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида.
Сунбул сочларини тараб ўрган қиз.
Юлдузлари яшаб висол куйида,
Тунги тушларида мени кўрган қиз…
Бу қўшиқни Ўзбекистонда эшитсангиз, эҳтимол, бунчалар қаттиқ таъсир қилмаслиги, туйғуларингизни бу қадар остин устун қилиб юбормаслиги мумкин. Лекин ўз юртингиздан бир неча ўн минг километр олисда, мутлақо бегона бир юртда Шоҳжаҳоннинг бу ашуласини, азиз ва мунис овозини эшитиш – сизга тамомила бошқача таъсир қилади.
Канаданинг йўллари ҳам худди Ўзбекистон йўлларидай гўзал ва бетакрор табиат қўйнида келиндай нозланиб турган боғ-роғлар ва яйловлардан ўтиб боради.  Табиат ўша ўша. Дарахтлар, яйловлар, кенгликлар ва ям-яшил ўтлоқлар кета кетгунча Сизни жаннат боғлари сари етаклаб бораверади. Фақат бу ерларда ҳамма нарса гўзал ва чиройли, кўриб кўзингиз тўймайди.
Ҳатто ўша – лип-лип этиб ортда қолаётган сон саноқсиз симёғочлар, столбалар, темир йўллар, бекат ва манзиллар ҳам йўлнинг икки четида дилингизга ажиб бир тароват бахш этиб туради. Ўзбекистонда эса бу ҳолат уруш вайрон этган ва бомбалаган манзарани эслатса, Канадада бунинг тамомила тескариси – атроф ниҳоятда чиройли, кўримли.
Ўзбекистоннинг гўзал ва бетакрор табиати Канаданикидан сира қолишмайди. Балки ундан ҳам чиройли ва кўркам бўлса борки, сира кам эмас. Фақат бизда табиатнинг қадрига етиш йўқ. Унга озор ва зарар етказмай, гўзал ва равон йўллар, бекат ва оромгоҳлар, кўприк ва тунеллар қуришни ўйламаймиз.
Торонтодан чиқиб, бир ярим икки соатлар йўл юргач, Ниагара шаршарасига етмай, денгизга туташган баланд темир кўприк бошланади. Ундан ярим соатлар чамаси юриб ўтилгач, кўз ўнгингизда ростакамига ҳақиқий жаннат боғлари намоён бўлади. Дунёнинг нақадар гўзаллиги, ҳаётнинг ширинлиги, умрингизнинг бутунлигини яна бир бор ич ичингиздан аниқ ва тиниқ ҳис этасиз. Қалбингизда Канадада яшаётганингиз учун ажиб бир фахр ва ифтихор ҳиссини туясиз, руҳингиз кўтарилиб, ғурурингиз уйғонади. Шуурингиз тиниқлашиб, сурурингиз рақсга тушади. Атрофингиздаги зебо табиатнинг ҳақиқий ошиғига, шайдосига, мафтунига айланиб қоласиз…
Она табиатнинг бу ажиб ҳолатини кўриб  – кўзинг қувнаб, дилинг яшнайди. Ҳаётни, умрни, тирикликни ундан қизғана бошлайсан. Шундай гўзал ва беғубор дунёда ҳечам ўлгинг келмай, абадул абад яшаги келади одам…
8.
Денгизга туташ боғлар бошланади. Бир текис қилиб экилган мевали дарахтзор плантациялари кўринади. Манзилга етамиз. Қийғос пишган гилосзорлар бизни қарши олади.
Машиналардан тушиб, ҳил ҳил пишган гилосзорга ошиқамиз. Энг биринчи бўлиб шўх ва шаддод набирам  боғ қўйнига ўзини уради. Уни кўриб ўзимнинг ҳам гилос терган болалигим ёдга тушади. Ёшлигимдан гилос теришни яхши кўрардим.
Қашқадарёнинг Китоб районида гилос дарахтлари жуда кўп эди. Қайнарбулоқ, Паландара, Бешкалтак ва Қорабулоқ қишлоқларига гилос теришга кўп борардик.
Ўрта мактабни битириб, Тошкент ва Москвага ўқишга кетганимдан кейин – болалигимдан, гилосзор боғлардан узоқлашиб кетдим…
9.
Гилос териб, гилос еб, роса яйрадик. Болаликка қайтгандай бўлдик.
Терган гилосларимизни боғбонлар махсус тахлаб қўйган картон идишларга солиб, тарозига тортдик. Боғ эгалари – фермерлар билан ҳисоб китоб қилиб, уларга раҳмат айтиб, яна йўлга тушдик.
Торонтога қайтишда денгиз бўйидаги шинамгина ресторанга кириб тамадди қилдик. Одам гавжум, таомлар жуда ширин эди. Канада халқи дам олишни, овқатланишни яхши биладиган халқ. Бу ерда ресторанлар ҳамиша одамлар билан тўла. Канадаликлар уйда кўпам овқат қилишмайди. Деярли ҳар куни, шанба ва якшанба кунлари эса ҳамиша ресторанда овқатланишади. Оила аъзолари, дўстлари ва ҳамкасблари билан асосан ресторанларда кўришиш ва дийдорлашиш анъанага айланган.
Бизда эса асосан тўй ва тантаналар, базм ва зиёфатларгина ресторан ва тўйхоналарда ўтказилади. Уйга азиз ва мўътабар меҳмон келганда, туғилган кун ва турли давралар нишонлангандагина ресторанларга бориш мумкин. Ҳозир Тошкентда қанақа, билмадим, лекин биз яшаган даврларда шунақа эди…
10.
Салқин оқшом тушиб, тун атрофга қанот ёя бошлаган сўлим ва фусункор бир паллада Торонтога кириб келдик. Бир неча юз километр йўл юрган бўлсак-да, сира толиқмадик, чарчамадик. Руҳимиз тетик, кўнглимиз завқ шавққа тўла эди.
Инсон ўз умрини роҳат ва фароғатда ўтказиши учун унга кўп нарса керак эмас. Одамнинг уйи тинч, рўзғори обод, кўнгли шод ва бағри бутун бўлса, шунинг ўзи кифоя. Унга яна нима керак?  Канада давлати ўз фуқароларига ана шундай тўкис ва фаровон ҳаётни яратиб қўйган. Бу ерда ҳеч ким ишсиз қолмайди. Ишласангиз, ҳар икки ҳафтада банкдаги ҳисоб рақамингизга ишхонадан ойлик маошингиз автоматик тарзда мунтазам келиб туради.
Канада асосан бошқа давлат ва мамлакатлардан келган фуқаро ва эммигрантлар ҳисобига ҳар йили кенгайиб, аҳолиси сони ошиб бормоқда. Канада – дунёдаги аҳолиси энг фаровон яшайдиган давлат ва мамлакатларнинг биринчи бешлигидан жой олган обод ва фаровон давлат. Тақдир бизга мана шундай ажойиб бир давлатда яшаш бахтини ато этгани учун аввало Яратган Эгамга, сўнг Президент Каримовга тасаннолар айтиб, якшанбани меҳр билан кузатиб, душанбани қарши оламиз…
11.
Бу ерда ўн икки йиллик ўрта мактабни маълум мезонлар асосида, етарли балл тўплаб, муваффақиятли битирган ёшлар олий ўқув юртларига ўша баллари ҳисобидан автоматик тарзда қабул қилинадилар. Яхши ўқиган ва юқори балл тўплаган талабалар давлат ҳисобидан ўқитилади. Бошқаларга ҳам давлат имтиёзли кредит (маблағ) ажратади.
Бу ерларда Ўзбекистондагидек олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш ва мандатдан ўтиш деган гаплар йўқ. Табиийки, пора бериш ҳам йўқ. Яна бир бор эслатаман? Ўн икки йиллик ўрта мактабда яхши ўқиган ўқувчилар ўз тўплаган балларини кўрсатиб, истаган олий ўқув юрти талабаси бўлиши мумкин.
Ўша ўн икки йил давомида тўплаган баллари  унинг олий даргоҳ талабаси бўлишига асосий мезон яратади…

 

12.
Эртага яна якшанба келади.
Яна оилам, болаларим билан табиатнинг қай бир сўлим гўшасига сайр қиламиз. Албатта, оилавий бу сайру томошоларнинг барчасини ёритиб бориш фикридан йироқмиз. Лекин сизлардан келаётган сон саноқсиз хат ва меҳру муҳаббатни ҳисобга олиб, гилосзорга қилган бу сайру томошони Сиз азизлар билан баҳам кўрдим.
Зотан, мен журналист бўлиб, бу дунёда доим элу юртнинг кўз ўнгида яшаб келдим. Оилам ва фарзандларим билан ҳамиша фахрландим. Инсон учун бу дунёда энг муҳими, энг кераклиси — унинг оиласи ва фарзандлари. Бу кўҳна ҳаёт, ҳазрати инсон умри азалдан бўён шундай давом этган, бундан кейин ҳам шундай давом этади. Подшолар, Президентлар, Қироллар ва Шоҳлар ҳам энг аввало оиласига, фарзандларига суянган. Ўшандагина улар давлат ва мамлакатни ҳам худди ўз оиласи каби — кўз қарочиғидай асраб авайлаши мумкин бўлган.
Исмат Хушевга давлат раҳбари ва ё ҳукмдор бўлиш насиб этмади. Лекин ўз оиласида, фарзандлари бағрида шоҳ ва султондай яшаш бахти унга насиб этди. Тақдир унга вафоли ва ҳаёли ёр, бири биридан гўзал икки ўғил ва икки қиз берди. Қисмат ва давру-даврон уни муҳожирликка етаклаганда ана шулар унга қанот ва ҳамдам бўлишди, сабот ва малҳам беришди…
13.
Бугун шанба, эрта яна якшанба келади. Эртага мен оилам ва болаларим билан яна Канаданинг қай бир гўзал ва бетакрор гўшасига ошиқаман.
Сиз-чи?
Эртага мен болаларимга яна жўшиб шеър ва ғазаллар айтаман. Энг биринчи бўлиб Йўлдош Эшбекнинг мана шу сатрларини ўқийман:
Биз бахтиёр бўлгаймиз хўп,
Бизни зафар қучажак.
Бошимиздан чарх айланиб,
Қалдирғочлар учажак!!!
Ҳолбуки, ҳаёт фақат яхши ва фаровон кунлардан иборат эмаслигини, унинг ўзига хос меъёр ва озорлари ҳам борлигини яхши биламан. Лекин мен болаларимни доим нурли ва мукаррам, ёруғ ва мунаввар, улуғ ва музаффар кунларга ишониб яшашларини истайман ва орзу қиламан.
Сиз-чи?
Сиз ҳам оилангиз ва фарзандларингизга шеър айтасизми? Уларнинг ҳаётдан тополмаган саволларига жавоб берасизми?
Бу дунёда инсон фақат ўзига ва ижодига маҳлиё бўлавермай, оиласи ва фарзандларига ҳам тез тез меҳр ва муҳаббатини билдириб туриши керак…
14.
Ҳаёт эса шиддат билан давом этаверади.
Кечагина ёр ҳажрида куйиб ёниб юрган, бўлажак қайнотасидан рад жавобини олгач, бутун Қашқадарё раҳбарларини оёққа турғизиб, совчиликка йўналтирган Исмат Хушев ҳам бугун, не бахт ва ё не тонгки, Исмат Бобо бўлди.
Умр шу қадар тез ва шиддат билан ўтиб бормоқда. Фақат ўзимизга маҳлиё бўлавермай, оиламий, фарзандларимиз ва барча яқинларимизнинг ҳам кўнглига қараб, уларга тез тез меҳру муҳаббатимизни билдириб турайлик. Шундоқ ҳам умр қисқа, ҳаёт эса жуда бешафқат.
Баъзан Яратган Эгам — Тангримга: «Бу дунёга келиб нима кўрдик. Энди одам бўлиб, мансабга чиққанда, тақдир бизга муҳожирликни раво кўрди. Имкон беринг, яна бир оз яшаб қолайлик» деб ялиниб ёлворгим, ҳайқиргим келади.
Ҳаёт бизга заррача ҳам вафо қилай демайди. Умр ўз манзили томон беомон отилган камон ўқидек шитоб билан учиб бормоқда…
Умр ҳам ўтади гулдурос солиб,
Унинг қайтганини ким ҳам кўрибди.
Во, ажаб, қай бир зот ўз умри қолиб,
Менинг қадамимни ўлчаб юрибди…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 15 июль, 2017 йил…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

8 шарҳ

Shukurjon
07/15/2017 at 1:26 PM (Edit)
Ajoiyib oilanhiz ko’z tegmasin. O’zinig oilasini 1- chi qoyish bu hammaning qo’lidan kelmaydi. Hammaga ozining oilasi oziga aziz. Otadan 6 bolsang vataniga yolgizsan deb bekorga aytishmagan ota-bobolarimiz. So’g boling oilangizning baxtiga.
REPLY

Tangrim
07/15/2017 at 11:08 AM (Edit)
Tangrim sizni va oilangizni har doim o’z panohida asrasin. Ukalaringizni va sigillaringizni ham unutmang. Ularning ham sizda haqqi bor.
REPLY

Мардикор
07/14/2017 at 4:08 AM (Edit)
Ака Сизни курган одам 45-50 ёш беради. Мен кафилман, агар хозир Узбекистонда булганингизда, сочингиз окариб, коринлар осилиб, ха энди бу ёги таёргарлик деб буйинга олган булардингиз… Бу бор гап, ишонинг. Сабабини айтайми? Агар узимизда яшаганингизда, биздаги муаммолар сизни камида 5 йилга каритарди. Ибн Сино агар чанг тузон булмаса инсон 1000 йил умр куради деган экан. Сиз Канадада хакикий маънода Узингизга бексиз! Бизни сингари факат миллатингиз узбек, гурурингиз узимиздаги амалдорлар томонидан ёки урис иш берувчилари томонидан камситилмайди! Сизга чин маънода хавас киламан. Факат уз хакки хукуки учун курашувчан инсонларгина МАНА ШУНДАЙ ШУКУХЛИ кунларни куришга хаклидирлар!
REPLY

Нодир
07/15/2017 at 12:14 AM (Edit)
Салгина тугирлаш: Ибн Сино “агар гард билан дард булмаганда, одам минг йил яшарди” деган экан.
REPLY

Мардикор
07/15/2017 at 2:43 AM (Edit)
Рахмат тугирлаганингиз учун. Аник маълумот учун алохида ташаккур.
REPLY

Олимжон
07/13/2017 at 2:52 PM (Edit)
Исмат ака оилангиз билан таништирганиз учун рахмат. Езганларизни укиб расмларни куриб сизда хамма нарсалар мухайе эканини хис килдим. Факат бир нарса сизга етишмайди. Бу Ватан. Оллох насиб этса бу хам булар.
REPLY

Samarqandlik
07/13/2017 at 8:20 AM (Edit)
ISMAT XUSHEV UZI YAQINLARINI MEN RASIMLARINI KO’RIB OCHIG’I HAVAS QILDIM. BAXTLI BO’LAMAN DIGAN ODAMNI UZIGA BOG’LIQ EKAN, XATTO MAMLAKAT HAM TANLAMAYDI NAZARIMDA.
REPLY

Xasan
07/13/2017 at 8:13 AM (Edit)
Ismat aka siz uz oylangiz bilan dunyoni estagan mamlakatida baxtli yshay bilasiz sababi aloxida sifatlarga ega shaxsiz.
REPLY

 

(Давоми бор)

 

чарос гилос 1

чарос гилос 2

чарос гилос 4

чарос гилос 5

чарос гилос 6

 

 

чарос гилос 7

чарос гилос 8

 

чарос гилос 9

10 шарҳ

  1. Ismat Xushev yzingizdan nur yg’ib turibdi, millatimiz baxtiga omon bo’ling, uzoq yshang. Aynan sizga uxshagan ijodkorlar xalqimizni ko’zini ochadi.

  2. ISMAT AKA! ROSTINI AYTSAM SIZGA VA OYLANGIZGA HAVASIM KELDI.

  3. Shukurjon

    Ajoiyib oilanhiz ko’z tegmasin. O’zinig oilasini 1- chi qoyish bu hammaning qo’lidan kelmaydi. Hammaga ozining oilasi oziga aziz. Otadan 6 bolsang vataniga yolgizsan deb bekorga aytishmagan ota-bobolarimiz. So’g boling oilangizning baxtiga.

  4. Tangrim

    Tangrim sizni va oilangizni har doim o’z panohida asrasin. Ukalaringizni va sigillaringizni ham unutmang. Ularning ham sizda haqqi bor.

  5. Мардикор

    Ака Сизни курган одам 45-50 ёш беради. Мен кафилман, агар хозир Узбекистонда булганингизда, сочингиз окариб, коринлар осилиб, ха энди бу ёги таёргарлик деб буйинга олган булардингиз… Бу бор гап, ишонинг. Сабабини айтайми? Агар узимизда яшаганингизда, биздаги муаммолар сизни камида 5 йилга каритарди. Ибн Сино агар чанг тузон булмаса инсон 1000 йил умр куради деган экан. Сиз Канадада хакикий маънода Узингизга бексиз! Бизни сингари факат миллатингиз узбек, гурурингиз узимиздаги амалдорлар томонидан ёки урис иш берувчилари томонидан камситилмайди! Сизга чин маънода хавас киламан. Факат уз хакки хукуки учун курашувчан инсонларгина МАНА ШУНДАЙ ШУКУХЛИ кунларни куришга хаклидирлар!

    • Нодир

      Салгина тугирлаш: Ибн Сино “агар гард билан дард булмаганда, одам минг йил яшарди” деган экан.

      • Мардикор

        Рахмат тугирлаганингиз учун. Аник маълумот учун алохида ташаккур.

  6. Олимжон

    Исмат ака оилангиз билан таништирганиз учун рахмат. Езганларизни укиб расмларни куриб сизда хамма нарсалар мухайе эканини хис килдим. Факат бир нарса сизга етишмайди. Бу Ватан. Оллох насиб этса бу хам булар.

  7. ISMAT XUSHEV UZI YAQINLARINI MEN RASIMLARINI KO’RIB OCHIG’I HAVAS QILDIM. BAXTLI BO’LAMAN DIGAN ODAMNI UZIGA BOG’LIQ EKAN, XATTO MAMLAKAT HAM TANLAMAYDI NAZARIMDA.

  8. Ismat aka siz uz oylangiz bilan dunyoni estagan mamlakatida baxtli yshay bilasiz sababi aloxida sifatlarga ega shaxsiz.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *