Ғофур Раҳимовнинг қайтиши — Шавкат Мирзиёвнинг яна бир жасорати — Исмат Хушев
Июл 24, 2018
Исмат Хушев: Ғофур Раҳимовнинг қайтиши — Шавкат Мирзиёвнинг яна бир жасорати…
Ҳукмдорга бўйин эгмаган ягона олигарх
Ғофур Раҳимовнинг Ватандан бадарға қилиниши кимга керак эди?
Бу қора кучлар ортида ким турибди, уларни фош этиш кимнинг вазифаси?
Ғофур Раҳимовга оид халқаро «Қидирув» кимга керак эди?
Дунё спорт оламида қуёшдай порлаб турган одамни «қидириш» шартмиди?
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи…
1.
Нашримизда ўтган йили эълон қилинган «Ҳукмдорга бўйин эгмаган олигарх» номли мақолада Ғофур Раҳимов нима учун Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлгани, бунинг сабаб ва сабабчилари ҳақида батафсил ҳикоя қилган эдик.
Ўтган йиллар давомида биздан бошқа бирор бир нашр — на Ватандаги қарийб 1500 газета ва журнал, на хориждаги сон саноқсиз ўзбек сайтлари — Ғофур Раҳимов ҳимоясига чиқмади.
Аксинча, аксар оммавий ахборот воситалари, хусусан, «Озодлик» радиоси мунтазам равишда Ғофур Раҳимов номини қоралаш ва уни қайта ва қайта бадном этиш компаниясини авж олдириб келишди.
Айни пайтда биз Ғофур Раҳимовни турли туман аламзада шахслар ва ғаламис нашрлар иғвоси ва ғавғосидан ҳам беармон ҳимоя қилиб келдик…
2.
Чунки биз — ҳақ эдик.
Адолатсизлик ва диёнатсизлик, якка ҳокимлик ва золимлик қурбони бўлган Ғофур Раҳимовни ўз юртидан жудо қилганлар — ноҳақ эди.
Биз Ғофур Раҳимовни Каримов ва Иноятов тизими ўз Ватанидан адолатсиз равишда қувғин қилганини ҳамиша баралла айтиб келдик.
Биз бу аччиқ ва аламли ҳақиқатни золим ва яккаҳоким ҳукмдорлар ўз вазифасидан кетиб, шуҳратидан ажралганидан кейин эмас, балки анча олдин, улар ҳали ўз қудратида бўлган шонли ва суронли дамларида айта олдик.
Бизнинг ижодимизни синчковлик билан кузатиб келаётганлар — буни яхши эслашади. Бизнинг ёзган ўша шов шувли мақолаларимизни ўқиганлар — яхши билишади.
Ғофур Раҳимовни бадном қилганлар кимлигини биз юқорида айтдик.
Яна бир марта такрорлашни истардик: Нафат бугун — уруш тугаб, ғолиб ва мағлублар аниқланидан кейин, балки анча олдин — ҳали бу — тенгсиз ва беомон жанг нима билан тугаши ноаён бўлган қонли ва суронли йилларда баралла айта олдик.
Чунки биз — Ғофур Раҳимовнинг ҳақлигини, демакки, ўзимизнинг ҳам тўғри йўлда эканимизни яхши билардик.
Адолатли ва саодатли онлар келишига ишонардик…
3.
Ғофур Раҳимов — шоҳнинг чексиз қудрат соҳибаси бўлган эрка қизига қарши тура олган мамлакатдаги ягона одам эди.
У қарши турган пайтда не не «улуғ ва номдор» каслар шоҳ қизининг оёғини ўпди. Ундан «Малика» ясаб, уни салкам шаҳоншоҳнинг тахти равонига олиб чиқиб қўйишди.
Ўша номдор ва довруғли шоҳ қизи бугун турмада ўтирибди.
Агар ўшанда Гофур Раҳимовнинг ёнида яна бир икки диёнатли ва жасоратли одам турганида — Ўзбекистондаги ҳаёт ва жамият ҳам бугун бу қадар ғариб ва аянчли бўлмас эди.
Ўзбек халқи бу вайронагарчиликларга йўлиқмасди.
Яхшиям бахтимизга Шавкат Мирзиёев бор экан…
4.
Ғофур Раҳимов учун шоҳ қизига, демакки, ҳукмдорга қарши бориш осмон бўлмади.
Унинг бизнеси ўлди. Ҳамкор ва шериклари, қариндош уруғлари таланди, хонавайрон қилинди. Оила аъзолари ўзга элда, хориж ва муҳожир юртларда сарсон ва саргардон бўлди.
Лекин Ғофур Раҳимов синмади, у барибир ШАХС экан — ЛИЧНОСТЬ экан.
Ўз ватанида ноҳақликка учраган диёнатли ва жасоратли инсон — дунё миқёсидаги спорт арбобига айланди. Россия давлати уни Халқаро Жаҳон Бокс Федерациясига таклиф этди.
Бу — болалигидан бокс билан мунтазам шуғулланиб, унинг равнақи учун баҳоли қудрат жон фидо этиб келаётган Ғофур Раҳимов учун катта ишонч ва олий бир шараф эди…
5.
Халқаро миқёсда танилган битта судямиз бор — Эрматов деган.
Шунга қанча қувондик. Эрматовни бутун Ўзбекистон бир бўлиб гўё миллат байроғига айлантириб, осмонга кўтардик.
Биз бунга қарши эмасмиз. Лекин халқаро судьялар сон мингта бўлса, Жаҳон Федерацияси раислари — дунё миқёсида панжа билан саноқли.
Ғофур Раҳимов — ўзбек спорт тарихида — жаҳон миқёсида танилган ва тан олинган яккаю ягона таниқли ва довруғли спорт корчалони бўлиб абадул абад яшаб қолажак.
Лекин жаҳон миқёсидаги халқаро Бокс Федерацияси раҳбарларидан бири — ўзбек эканидан, ўзбек бўлганида ҳам таниқли ва довруғли спорт мулозими эканидан шу пайтгача фахрланишни ўзимизга ор билдик?
Яхшиям бахтимизга Шавкат Мирзиёев бор экан…
6.
Ғофур Раҳимов қаерда яшаб, қандай вазифада бўлишидан қатьий назар, ўзбек спорти ва унинг намоёндаларидан ўз марҳаматини аяган эмас.
Лекин унинг бир камтар одати бор. У ўз саҳийлиги ва саховатини ошкор қилишни ёқтирмайди. Буни билганлар бор, билмаганлар бор.
Масалан, Ўзбекистон бокс спорти байроғини жаҳонда биринчи марта энг баланд кўтаришга муяссар бўлган, етмишинчи йилларда жаҳон чемпиони бўлган Руфат Рисқиевнинг ночор ва абгор тақдрини бугун ҳамма ҳам билавермайди.
Сўнги ўн йилда унинг турмуш даражаси ҳам аянчли аҳволга келди.
Дунёни зирқиратган забардаст бокс юлдузининг оёғи сонидан кесилганидан кейин у қултиқтаёққа михланиб қолди. Бундан Президентимиз хабарсиз бўлса керак. У кишининг ёнидаги маслаҳатчи ва мулозимлар эса Рисқиевнинг миллат фахри эканини аллақачон унутиб қуйганга ўхшайдилар.
Лекин Ўзбекистондан узоқда бўлган Ғофур Раҳимов унга ёрдам қўлини чўзди. Бугун Руфат Рисқиев ўз миннатдорчилигини қандай изҳор этишни билмайди.
Узоқда бўлса ҳам — Ғофур Раҳимов бор экан, жонига оро кирди.
Мен Тошкентда бўлганимда, Ғофур Раҳимовнинг оқланганини эшитган зиёли ва ижодкорлар, ёзувчи ва шоирларнинг қувончини кўрсангиз эди.
Улар худди ўз яқинлари, жигарлари оқлангани каби Президентдан беҳад миннатдор эдилар…
7.
Яхшиям ўзбек халқнинг бахтига Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлди.
Акс ҳолда, Ғофур Раҳимовнинг бу қоронғу қисматига ҳали вери ойдинлик киритилмаган, унга ҳали вери адолат вафо қилмаган бўларди.
Жаҳон миқёсига чиққанидан кейин ҳам у Ўзбекистонда кимларгадир ёқмади. Уларнинг ичига ғулғула тушди. Улар мамлакатга қайтиб, тортиб олинган мол мулкини ва энг муҳими — пок номини талаб қилиб қолмасин деб, Ғофур Раҳимовга нисбатан ИНТЕРПОЛ орқали «ХАЛҚАРО ҚИДИРУВ»ни ўйлаб топишди.
Шу ўринда бир савол туғилади: Ғофур Раҳимовга нисбатан халқаро миқёсдаги бу сохта «Қидирув» кимга керак эди?
Дунё спорт оламида қуёшдай порлаб турган одамни қидириш шартмиди?
Жаҳон федерацияси раиси бўлса, Ўзбекистон ўзи тақдим этган бўлса, уни қидириш кимга керак эди?
Дунё миқёсидаги халқаро спорт мулозими ва арбоби пок номини бадном қилишни орзу қилганлар ҳали ўз баҳосини олган эмас.
Уни «ҚИДИРУВ»га берганлар ҳам «ҚИДИРГАНЛАР» ҳам ҳали ўз муносиб баҳосини олади деган умиддамиз.
Ичида иллати борнинг оёғи қалтирайди деб шунга айтсалар керак-да…
8.
Адолатли ва Диёнатли Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун ўзига хос журъат ва жасорат билан ўзбек халқини ёруғ ва мунаввар кунлар томон дадил етаклаб бормоқда.
Лекин, у бамисоли қудратли ЛОКОМОТИВ каби бахт ва саодат манзиллари сари шиддат билан тортиб бораётган бу вагонларни тўхтатмоқчи, орқага қайтармоқчи бўлган қора кучлар бор экан ҳали мамлакатда.
Улар истаган одамни бадном қилиши мумкин.
Локомотив мудом олдинга, айрим Вагонлар эса бошқа томонга тортаяпти.
Ғофур акага қилинган бу тўҳматнинг учини тополмайсиз?
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА:
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев юртимизда жаҳоншумул ўзгаришлар қиляпти.
Президент — Ўзбек халқини бахт саодат манзиллари сари тезроқ элтиш учун шахдам ва залворли қадамлар ташлаяпти.
Айни пайтда — Адолатни бирор дам ҳам унутгани йўқ.
Агар мабодо мамлакатнинг қаеридадир адолатсизлик ҳамон учраб утрган бўлса — Президентга етиб бормаган ҳолат бу.
Бунга энг ёрқин мисол — Ғофур Раҳимов тақдири. Бу адолат тикланиши — ҳазилакам иш эмас эди. Қаранг, «ИНТЕРПОЛ» ҳам йўқ экан, «ҚИДИРУВ» ҳам йўқ экан. Президентнинг бир имоси билан ҳаммаси йўққа чиқди.
Мана Сизга одил шоҳнинг шарофати ва хосияти!
Ҳали шундай ажойиб кунлар келадики, биз ҳаммамиз Шавкат Мирзиёев бошлаган улуғ ва муборак ишларнинг ғалаба нуқтасига етиб борганини албатта кўрамиз.
Қисқа вақт ичида кўз ўнгимизда катта бир давр ва замон ўрин алмашди.
Биз бугун буюк ўзгаришлар даврида яшяпмиз. Ўзбекистон шитоб билан ёруғ ва мунаввар манзиллар сари одим отмоқда.