• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: «Бош демократ» — бебошлик гирдобида…

Авг 3, 2018

ХДП раиси Хотамбой Кетмоновнинг маънавий дунёси 

Сиёсий партияларни ким назорат қилиши керак?

Партия раисларини-чи?

СНБнинг даюси — ХДПнинг раиси…

Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи

 

1.

Ўзбекистон Халқ Демократик партияси — Мустақил Ўзбекистоннинг  Ислом Каримов раҳбарлигида тузилган биринчи сиёсий партияси. ХДП -Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг барча аъзолари ва мол-мулкига эгалик қилиб, унинг меросхўри сифатида майдонга чиққан эди.

Агар ХДПга — КПССнинг Ўзбекистондаги вориси деб қараладиган бўлса, (ҳужжатларида шундай эди) бу партиянинг раҳбарлик постида — Акмал Икромов, Усмон Юсупов, Нуриддин Муҳиддинов, Шароф Рашидов, Ислом Каримов каби сиёсатда ном қолдирган таниқли ва тарихий шахслар ўтирган.

Тўғри, улар ишлаган ва яшаган даврни бугунги ХДП даври билан  тасаввур қилиб бўлмайди. Хусусан, унинг бугунги раиси билан — мутлақо.  

Хотам Кетмонов — сиёсий партия йўлбошчиси сифатида — умуминсоний ва раҳбарлик фазилатлари борасида ўз номдор ўтмишдошларининг бирор бир қиррасига ҳам яқин кела олмаслиги табиий.

  

2.

Хотам Кетмоновга қадар Халқ Демократик Партиясига — фалсафа фанлари доктори, профессор Абдулҳафиз Жалолов раҳбарлик қилган.

Ўшанда ҳам ХДПнинг обрў эътибори халқ орасида анча яхши эди.

Халқ Демократик Партияси раҳбарияти Ўзбекистондаги ҳар икки даврда ҳам ўзларини Демократик жараёнларнинг пешвоси санашган.

Энг камида ўзларини шундай тутишган.

Улар ўз ўтмишдошларидан катта ва улуғвор эстафетани олишди. Бу партия ўтиш пайтида ҳам кучли эди. Секин аста барча позициялар бой берилди.

Қачонлардир Ўзбекистон сиёсий доиралари орасида ҳукмрон мавқега эга бўлган, аъзолари жиҳатидан энг биринчи бўлиб турган бу партия бугун ўз нуфузи ва мавқеи бўйича, ажабки — энг сўнгги ўринлардан бирига тушиб қолди…

 

3.

Ҳа, Кетмонов ХДП раислигига келганидан кейин, партиянинг мавқеи ва нуфузи, сиёсий доирадаги рейтинг даражаси ниҳоятда пасайиб кетди.

Раис турли тадбир ва анжуманларда ўқийдиган нутқ ва дастурларнинг  саёз ва мантиқсизлиги партия обрў эътиборига соя солди.

Марказий Кенгаш аппаратида дўқ-пўписа, ҳақорат ва қўрқитиш, сафдошларни менсимаслик, уларга нисбатан миршабларча қўпол муомила маданияти одат тусига кирди.

Гуруҳвозлик, маҳаллийчилик, иғво ва интрига авж олди…

 

4.

Энг ёмони — кадрлар қўнимсизлиги авж нуқтага етди.

ХДП Марказий Кенгаши аппаратидаги ходимлар кейинги тўрт йил давомида тинимсиз янгиланди. Битта лавозимдаги ходим шу давр мобайнида етти-саккиз марта алмаштирилди.

Партия Марказий Кенгашида ходимларга ишлаш учун имкон берилмайди. Ишга олинган ходимларнинг бу даргоҳдаги иғво ва интрига муҳитидан юраги зирқираб, қўли ишга бормай қолган.

Ўз йўриғига юрмаган ходимни ХДП раисининг ё ўзи ҳайдайди, ёки унинг ўзи обрўйи борида бу ғурбатхонадан қочиб қолади. Партия Марказий Кенгашидаги кадрлар қўнимсизлигини текшириб кўринг деб, ходимлар бир неча маротаба Президент Девонига мурожаат қилишган.

Лекин ҳанузгача бу шикоятлар жавобсиз қолмоқда…

 

5.

Энди бевосита, факт ва далилларга мурожаат қилсак.

Биз Партия Марказий Аппаратининг тўрт нафар мулозими билан суҳбатлашдик. Уларнинг тўрталови ҳам бу сиёсий даргоҳдаги носоғлом муҳитни истаган жойда гапириб, тасдиқлаб беришга тайёр.

Биз уларнинг хавфсизлигини ўйлаб, исм-шарифларини ошкор қилишга шошилмаймиз.

Уларнинг хавфсизлигини ўйлаб, хавотир олишга эса бизда жиддий асос бор.

Бу хавотирли асосни нималарда кўришимиз мумкин?

 

6.

Бундан икки йил муқаддам сиёсий партиянинг қасоскор раиси Хотам Кетмонов ХДП Самарқанд вилояти Марказий Кенгаши раиси Камолбой Исобековни ишдан олишга қарор қилади.

Лекин бунинг учун унинг қўлида етарлича асос бўлмагани учун, СНБдаги тажрибасидан фойдаланиб, айғоқчилигини ишга солади. Яъни, собиқ СНБчига хос бўлган тўҳмат, шантаж ва бадном қилиш операциясини ишлаб чиқади.

Ажабки, у бировни эмас, балки ўз ходими ва сафдоши бўлган ХДП Самарқанд Вилоят Кенгаши раҳбари Камолбой Исобековни бадном қилиш режасини тузади. Ўз гумашталари орқали унга пора бериб, қўлга тушириш йўлини излайди.

Бунинг учун Тошкентдан Самарқандга бориб, ХДП вилоят Кенгаши биносига эмас, балки ўзи қачонлардир мансуб бўлган СНБ вилоят идорасига боради. Ўша ерда ХДП Самарқанд вилоят Кенгаши ходими Азиза (унинг асл исми фамилияси бизга маълум)ни ўша ерга чақиртириб, қўрқитиб, Камол билан бирга бўлишга ва унга пора беришга кўндиради.

Кўп ўтмай ХДП раисидек муборак лавозимдаги СНБ даюсининг шантажи амалга ошиб, Кетмоновнинг самаркандлик ҳамкори ва сафдоши Камолбой ўзи мансуб бўлган партия раиси уюштирган тўҳмат қурбони бўлади. У ҳозиргина ўзи бирга бўлган ва унинг қайсидир ишини битириб бераман деб, Азизадан олган арзимас пора билан, Хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинади.

Ўз партия раиси уюштирган тўҳмат қурбони бўлган Камолбой арзимас пул (300 АҚШ доллари) билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилади. Мана Сизга икки маротаба Президентликка номзод этиб рўйхатга олинган партия раисининг асл башараси ва жамиятда қолдирган асорати…

Мен Тошкентда — ХДП раиси томонидан СНБнинг Самарқанд вилоят Бошқармаси идорасига чақиртирилиб, қўрқитилган ва шантаж қилинган кўҳликкина Азизанинг шаҳло кўзларидан шашқатор ёш оқиб турган бу дил ноласини тинглаб, сиёсий партия раиси Хотам Кетмоновнинг бу номардлик ва қабиҳлигидан то ҳануз ўзимга келолганим йўқ…

 

7.

Орадан кўп ўтмай, Камолни тутиб берганидан кейин, ХДП раисининг кўнглига қараб, йўриғига юрмаган Азизанинг ўзини ҳам ишдан олиш керак бўлиб қолади.

Ҳамма нарса ана шундан кейин бошланади. Азиза ҳам энди ХДП раиси Кетмоновнинг асл башарасини яхши билиб олган эди. У ХДП раиси томонидан Самарқанд вилоят СНБ идораси биносида қўрқитилиб, сўнг Камолбойга тўҳмат қилишга мажбур бўлганини керакли идораларга ошкор этишга қарор қилади.

Ва бу ҳақда ХДП Марказий Кенгашидан раиснинг йўриғига юрмагани учун худди ўзига ўхшаб ҳайдалган ва Президент Порталига, сўнг судга мурожаат қилиб, ўз ишига қайта тикланган қисматдоши Лайлога мурожаат қилади.

Бундан хабар топган Кетмоновнинг «қасоскор гуруҳи» уни қўрқитиб, оғзини ёпишга муваффақ бўлишади…

Ёпиқлик қозон яна ёпиғлигича қолиб кетади…

 

8.

ХДП Марказий Кенгашининг ўша биз билан суҳбатлашган ходимлари ҳикоя қилишади:

Биринчи ходим: «Кетмонов олиб борган йиғилишларни кўриб, жуда жаҳлим чиқарди. Сиёсий партия раҳбарининг қўпол ва маданиятсизлигидан уялардим. Бир гал у: «Еврейский подход қилиш керак. Ишламасанглар ҳам ўзларингни ишлаётган қилиб кўрсатинглар.  Бу ҳам санъат!» деганини эшитиб, қулоқларимга ишонмай қолдим».

Иккинчи ходим: «Шавкат Мирзиёев номзоди ҳали Президентликка кўрсатилмаган кунларда қайсидир бир иш билан унинг кабинетига кириб қолдим. Шунда у ким биландир телефонда гаплашаётган экан: «Нималар бўляпти ўзи. Ана унинг номзодини кўрсатишаётганмиш. Буни раҳбарлар биладими?» У «раҳбарлар» деганида ўзи ишлаган СНБ идорасини назарда тутганини кейин англаб етдим…»

Учинчи ходим: «Раисимиз янги келганида йиғилишларнинг бирида: «Айтганимни қилмаган ходимларни подвалга тушириб, дубинкадан иккита едирсак,  кейин ақли киради» деганини эшитиб, рости, қулоқларимизга ишонмай, довдираб қолдик.  Кейин билсак, бу унинг ҳар кунги иш услуби экан. «Дубинка», «Панжара», «Қамоқ» деган сўзларни кўп ишлатади. Илгари СНБда ишлаганини ҳар бир сўзи ва ҳаракати билан алоҳида таъкидлаб, эслатиб туришга ҳаракат қилади…»

Тўртинчи ходим: «Бугун, рости, ХДПда ишлашга ҳам уялиб қолдик. Яқинда Марказий Кенгаш болалари —  хотин қизлар бир-бири билан жанжал қилиб, уришишди. Жуда шарманда бўлдик. Хотин қизлар бир бирига ташланади. Ҳукмдорик учун. Бутун уят ва бемазагарчилик. Ишлагани уяламиз. Бир оғиз гапирсак, раисни ўзига «бўйсудирган опа» бизни ишдан ҳайдаб юборади. Марказий Кенгашдаги бу носоғлом муҳит, иғво ва интрига ҳақида Президент Девонига бир неча бор хат ёздик, лекин чора кўрилмади…»

 

9.

ХДП Марказий Кенгаши аъзоларининг бу сўзларини тинглаб, хаёлларим паришон бўлди.

Икки маротаба Президентликка номзод қилиб кўрсатилган бу тасодифий одамнинг асл башарасини кўриб, ўйланиб қолдим.

Хўш, нега бундай бўлди?

Бу партия бугун кимнинг қўлига тушиб қолди?

Одатда сиёсий партиялар ҳаммага осилади, ҳаммани назорат қилгиси келади. Хўш, уларнинг ўзини, раисини ким назорат қилади, ким баҳо беради?

Бу саволларга жавоб топиш учун энг аввало партия йўлбошчисининг шахси, касби ва фаолиятига синчковлик билан жиддийроқ назар солишимиз керак бўлади…

 

10.

Ўзбекистон Президентлигига номзод сифатида рўйхатга олинган ва матбуотда эълон қилинган ХДП раисининг таржимаи ҳолидан кўчирма:

«Хатамжон Абдурахмонович Кетмонов 1969 йилда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилган.

Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий, 1993 йилда Андижон давлат тиллар педагогика институтини тугатган.

Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги 28-сонли ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1995-2004 йилларда Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2004-2013 йилларда Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари лавозимида меҳнат қилган.

2013 йилда Хатамжон Кетмонов Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси этиб сайланди…»

 

11.

Шу ўринда Хотам Кетмонов таржимаи ҳолига оид баъзи тушунтириш ва тўлдиришлар қилишимиз керак.

«Дунё ўзбеклари»нинг Андижондаги ишончли манбалари хабарига кўра, Президентликка номзод қилиб кўрсатилган ХДП раисининг таржимаи ҳолидаги баъзи муҳим фактлар яширилган.

Хусусан, унинг 1993 йил Андижон педагогика институтини битирганидан кейин МХХ тизимида ишлагани сир тутилган. ХДП раисининг маълум муддат Хавфсизлик тизимида ўтган бу фаолият йиллари «Ўқитувчилик» даврига ва Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасида ишлаган йилларига қўшиб юборилган.

Айни пайтда бошқа манбаларимиз Хотам Кетмонов 1995-2004 йилларда Андижон ва Фарғонада — районлараро снб тизимида ишлаганини хабар қилишди…

 

12.

Дарвоқе, СНБ ҳақида

Бу борада шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардик: Биз — СНБга қаршимиз — ДХХ га эмас. Давлат Хавфсизлик Хизмати яна олдинги мавқе ва нуфузини қайтариб олиши лозим ва шарт.

Бунинг учун Исмат Хушев ва у Бош муҳаррири бўлган «Дунё ўзбеклари» халқаро нашри қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр. Биз буни олдин ҳам айтдик, бугун ҳам айтамиз, эртага ҳам такрор ва такрор айтишга тайёрмиз.

Бугун Ўзбекистонда Ихтиёр Абдуллаев раҳбарлигида ДХХ амалга ошираётган улуғ ва муқаддас ишлар — миллат ва давлат хавфсизлиги борасида туну кун қилинаётган жасорат ва матонат — бизга бу гапларни дадил айтиш учун маънавий ҳуқуқ беради.

Биз бир ой давомида мамлакатда Президент бошчилигида ДХХ олиб бораётган — садоқат ва хиёнат, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги муқаддас курашни ўз кўзимиз билан кўрдик, унга шахсан гувоҳ бўлдик.

Буни элга билдирмаслик, ошкор қилмаслик мумкин эмас.

Журналистлик касби биздан шуни талаб қилади.

 

13.

Энди бевосита бугунги мавзуимизга — «СНБнинг даюси»га қайтсак.

Биргалашиб ХДП раисининг руҳий ва маънавий қиёфасига назар солсак.

Икки марта Президентликка номзод қилиб кўрсатилган Хотам Кетмонов  ҳақида ўйлаганимда, ажиб ҳайрат ва ҳасратга ошно бўламан.

У ҳақда — Ўзбекистон бош демократининг маънавий дунёси ҳақида қуйидаги гап сўзларни эшитиб, ўқиб, ўзингиз ҳам маълум хулосалар ясашингиз мумкин.

Кетмонов ХДП раиси бўлиб келганидан кейин вилоят ва Марказий Кенгаш аппаратларида ёш ва кўзга яқин қизларни ишга олиш одатга айланди. Тўрт йил ичида юзлаб қиз-жувонлар ишга олиниб, ишдан ҳайдалишди.

Бу ҳол айниқса ХДП Марказий Аппаратида одатий ҳолга айланди. Миш-миш, майда гап, «раисга мен яқинми, сен яқин» каби шармандали пойга ва мусобақалар авж олди.

Марказий Кенгаш ходимларининг айтишига қараганда бу идора аллақачон аёллар салтанатига айланиб қолган. Бугун ХДП Марказий Кенгашида — кимнинг ишга келиб, кимнинг кетишини ҳал қиладиган қудратли ва жозибали аёллар бор…

Сиёсий партия даргоҳида юз бераётган бу ажабтовур шармандалик учун энди ким жавоб беради? Нега унинг устидан Президент Портали ва Девонига ёзилган қатор шикоятлар то ҳануз ўз ечимини топмади?

Мамлакат Президенти олиб бораётган давлат сиёсатини оёқ ости қилиб, одамларни менсимай, қўл остидаги аёлларни дастрўмолдай алмаштириб, уларни оёқ учи билан кўрсатиб келаётган партия раисининг бу «бебошлиги» нега унинг партиядошлари ва ХДП аъзоларининг муҳокама мавзусига айланмади?

Нега?

«Президентликка номзод»ликнинг шуҳратими, «Депутатлик мандати»нинг дахлсизлик ваколатими ва ё «ХДП раислиги»нинг чексиз ва беқиёс қудратими?

Нима бу?

Бунинг учун энди ким жавоб беради?!!

 

14.

Шу ўринда сўзларимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун бир воқеани ҳикоя қилиб берамиз.

Лайло (бу исм маълум сабаблар боис ўзгартирилди) ХДП Марказий Кенгашида тинчгина ишлаб юрган эди. Янги ишга олинган гўзал бир хоним уни раисдан рашк қилиб, ишдан бўшаттиради. Ноҳақ ишдан бўшатилгани учун бундай адолатсизликка қарши бош кўтарган Лайло раиснинг бачкана ва тутуриқсиз бошқарув сиёстидан шикоят қилиб, Президент Порталига мурожаат қилади.

Уларга ХДП Марказий Аппаратида бошидан ўтган ажаб савдолар ва ишқий ғавғолар ҳақида арз қилади ва Марказий Кенгаш Бошқарувидаги раисга яқинликда гумонланган тўрт нафар ходим ҳақида ҳикоя қилиб беради.

Президент Девонидан ХДП Марказий Кенгашига бу ходимларни ишдан бўшатиш ҳақида тавсия берилади. Уч нафар ходим ўша куниёқ ишдан бўшатилади.

Лекин Лайлони ишдан бўшатган қудратли хонимни раис барибир ишдан ололмайди…

 

15.

Президент Порталига мурожаат қилгани учун ҳам Лайлони ишга тиклашга ХДП раиси шошилмайди.

Лайло ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, судга мурожаат қилади.

Кетмоновнинг қасоскор «ишчи гуруҳи» эса Лайлони шантаж қилишда  давом этади.

Лекин Лайло бу иғвогар ва шантажчи каслар ҳужумига бардош бериб, топталган ва оёқ ости қилинган ўз ҳақ ҳуқуқи учун курашни давом эттиради.

Ўн яшар гўдак боласи бўлган чиройли ва ёлғиз аёл учун ХДПнинг раисидек қудратли ва худбин мулозим билан ёлғиз курашиш осонмиди?

Мен Тошкентда Лайло билан кўришиб, унинг шаҳло ва маҳзун нигоҳларига, дилхун сир-оҳларига қулоқ тутарканман, Ҳалима Худойбердиеванинг «Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!» номли дилбар ва бетакрор сатрлари айнан Лайло сингари ўз ҳақ ҳуқуқи ва ор-номуси учун курашувчан матонатли аёлларга нисбатан айтилганига ҳам яна бир марта ишонч ҳосил қилдим…

 

16.

Ниҳоят адолат қарор топди. Лайло судда ютиб чиқди.

Мана ўша суднинг Лайло саккиз ой қон ютиб кутган Қарори:

  

Аниқлов хати жуда узун бўлгани учун ҳам биз уни бу ерда тўлиқ келтириб ўтирмаймиз. Энг муҳими Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев даврида судлар ҳам секин аста адолатли Қарорлар чиқара бошлаганини эътироф этмоқчимиз, холос…

 

17.

 

Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманлараро судининг бу оламшумул ва тарихий қарори — Ўзбекистондаги энг шуҳратли сиёсий партия ва унинг қудратли раиси устидан ўқилган Ҳукм эди, гўё. Лекин ундай бўлмади. Телефонбозлик ва мулозимлик, гуруҳбозлик ва амалдорлик, депутатлик мандати ва «дахлсизлик» ваколати яна ғолиб келди.

Лайло барибир ишга тикланмади…

 

18.

ХДП Марказий Кенгаши ва вилоят Бошқармаларида ўтган тўрт йилда беш олти марта кадрлар алмашди.

Ишдан кетишни истамаган, ўз фикри ва ақлига суяниб ишлайдиган мустақил фикрли ходимлар устидан ХДП раиси томонидан шантаж йўли билан жиноий иш қўзғаш тажрибаси кенг авж олди.

Хотамбой Кетмоновнинг шантаж ва интрига сиёсатига қарши бош кўтарган Тошкент, Бухоро, Сурхондарё, Самарқанд ва Хоразм вилоят партия Марказий Кенгаши раислари устидан жиноий иш қўзатилди. Партия раиси томонидан вилоятлардаги ўз суянчи ва сафдоши бўлган ҳамкасбларга нисбатан иғво уюштирилиб, улар тўҳмат ва интрига қурбони бўлишди.

Сўзимиз исботи сифатида биргина ХДП Хоразм вилояти Марказий Кенгаши раиси Райимбой Сабиров тақдирини олиб кўрайлик.

Муқаддам Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаган бу тажрибали ва билимли раҳбар партия фаолиятини оммалаштириш ва одамлар орасида кенг тарғиб қилиш бўйича ўз мустақил фикрига эга бўлгани учун ҳам Хотамбой Кетмоновнинг қаҳрига учрайди. Уни ишдан оломаган раис, «тирноқ тагидан кир» қидира бошлайди, Хоразмга қайта ва қайта ревизия ва текширувчилар гуруҳини юборади.

Уни қаматолмайди, лекин барибир ишдан кетишга мажбур қилди. Бундай нохолис ва золимларча бошқарув услубига қарши бош кўтарган Райимбой Сабиров Президент Девонига икки марта мурожаат қилди. Лекин натижа бўлмади. Камолбойдан кейин ҳам ўтган бир йил ичида ХДП Хоразм вилояти раҳбари бугунга қадар яна икки марта алмашди.

ХДПда кадрлар алмашинуви шу қадар тез ва рекордлик…

Ўз ходимларини ҳимоя қилиш ва руҳини кўтариш, янги марра ва курашларга илҳомлантириш ўрнига, уларни шантаж қилиб, қўрқитиш ва ҳуда беҳудага ишдан олишни афзал билган ХДП раисининг бу хурмача қилиқларига унинг партиядошлари то ҳануз чидаб келишаётганини   қандай изоҳлаш мумкин?!

Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев инқилобий ўзгаришлар қилиб, оламшумул вазифаларни амалга ошираётган бир пайтда энг кўзга кўринган сиёсий партия лидерларидан бирининг раиси ҳақида бу гап сўзларни ёзиш мен учун қанчалар оғир ва аламли эканини билсангиз эди.

 

19.

Биз ич ичимиздан ХДП тарафдоримиз.

Компартия фаолияти тугатилиб, ХДПга асос солинган тўқсонинчи йиллар бошида унинг аъзоси бўлганимизда қанчалар қувонган, бу партиянинг съезд ва Қурултой минбарларидан туриб, фахр билан маърўза қилган, унинг порлоқ келажагига сўзсиз ишонган эдик.

Бугун бизнинг бу орзу умидларимиз, маънавий дунёси бузуқ бир раис туфайли — СНБдан чиққан бир даюс туфайли саробга айланди. Бугун энди биз ХДПданмиз деб фахрланишга ўрин қолмади.

Партия карвонбошисига кўп нарса боғлиқ эканлигини айтмаслик мумкин эмас. Кетмоновнинг бу юксак лавозимда тасодифий шахс эканлиги катта хато бўлган.

Ажабки, республика раҳбариятининг аксарияти шу партияга мансуб.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Рустам Камилов ва яна бир қанча раҳбар ва мулозимлар ҳам ХДП аъзоси ҳисобланадилар…

 

20.

Хўш, нега бундай бўлди?

ХДП партия раисининг бу ножўя ҳатти ҳаракатлари ва бу ғариб маънавий дунёси учун ким жавоб беради?

Унинг партиядошлари — Марказий Кенгаш мулозимлари, Пленум аъзолари дохил катта ва нуфузли давлат  вазифаларида турган арбоблар  шу пайтга қадар — арқонидан бўшаб, жиловини йўқотган раисни нега қулоғидан ушлаб, тартибга сололмадилар? Уни партия раисига хос бўлган ахлоқ ва одоб мезонига чақиролмадилар? Давлат ва миллат манфаати йўлидаги улуғвор вазифага йўллайолмадилар? Нега улар СНБнинг бир даюси деб, ўзларининг тарихий позицияларини бой беришди?

Бунинг учун энди ким жавоб беради?

 

21.

Хотам Кетмоновнинг номзоди ХДП томонидан Ўзбекистон президентлигига икки марта қўйилган.

Бу унга ва у раҳбар бўлган партияга нисбатан ўзбек халқи томонидан кўрсатилган жуда катта ишонч эди.

У бундан роппа роса тўрт йил муқаддам ХДП раиси бўлиб келганида партия қўлтиқтаёқсиз мустақил юриб турган эди.

Кетмонов бу партияни қўлтиқтаёққа тамомила суянадиган ва ҳатто уни ташқаридан биров суяб турмаса, қаддини кўтараолмайдиган даражага олиб келди.

Бугун бу партиянинг абгор  аҳволга тушганини, унинг — биз юқорида тилга олган тарихий ворислари бир кўрганида эди…

 

22.

Партияга мен ҳам осонликча кирмаганман.

Бу ҳақда «Президент эркатойнинг саргўзаштлари» номли сиёсий хотиралар тўпламининг биринчи китобида батафсил айтилган. Уларни такрорлаб ўтириш шарт эмас.

Партиянинг тарихи қаттиқ ўйлантиради мени.

Бутун партия тарихи — бу мамлакат ва ўзбек халқи тарихи. Уни булғамаслик керак. Кетмонов ўз бежилов ва беҳаё ҳатти ҳаракатлари билан мана шу буюк тарихимизга доғ туширди. Улуғ аждодларимиз ва арбобларимиз асос солган ва алоқадор бўлган муқаддас қадриятларимизга тупурди.

Унга ишонганлар юзини ерга қаратди.

Унинг партиядошлари мен ёзган бу матнларни қандай қарши олишаркин? Улар қандай ҳазм қилишаркин бу мақолани?

Жоҳил ва қасоскор партия раҳбарининг қўлидан келган бу қабиҳ ишлари — босган нопок қадами, қинғир қийшик йўллари ва маънавий олами бутун республикани ларзага солади деб ўйлайман ва бундан сира ажабланмайман…

 

23.

Яширмайман, Кетмонов ҳақида ёзиш мен учун жуда қийин бўлди.

Аввалига жуда истиҳола қилдим. Сўнг бу мажбуриятни ўз зиммамга олишга мажбур бўлдим. Икки марта Президентликка номзод қилиб кўрсатилган бу амалдор ўзбек халқига намуна қилиб кўрсатилди.

Энди унинг сиёсий партия лидери сифатида ўз сафдошлари ва ўзбек ёшлари  учун маънавий байроқ бўлиб туришга ҳаққи йўқ деган фикрга келдим.

Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, шунча гап сўздан кейин у қандай қилиб  жамиятнинг илғор кучларини ўз ортидан етаклаши мумкин?

Ундан сафдошлар ва ёшлар нимани урганиш мумкин?

 

24.

Хотам Кетмоновнинг ХДП раислигига келиши, назаримда — собиқ СНБ нинг узоқни кўзлаб қилган шумлиги ва маккорлиги эди.

Иноятов давридаги СНБ қилган минглаб хато ишларнинг биттаси экан.

Бизда одатда раҳбарлар ишдан кетганидан кейин танқид қилинади. Биз эса ХДП раисини — ўз лавозимида бўлган қудратли пайтида танқид қилдик.

Ва шуни ҳам унутмангки, ўзбек матбуоти ва журналистикаси тарихида сиёсий партия раҳбарлари ҳали ҳеч қачон танқид қилинмаган…

 

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА:

ХДП раиси Хотам Кетмонов эртадан кечгача улуғ ва муборак қадриятлар, партиянинг муқаддас вазифалари ҳақида ваъз ўқиб келди.

Оддий инсоний тарбия ва демократик жараёнлар ҳақида эртадан кечгача сафата сотадиган одам ҳаётда мутлақо тескари иш тутиб келаётгани кечирилмас ҳолдир.

Иш бор жойда камчилик бор. Бу камчиликларни тўлдириш ва тўғрилаш мумкиндир. Лекин партия раисининг маънави оламидаги тубанлигини кечириб бўлмайди.

Бу воқеалар анчадан бўён бизғиб, ташқарига чиқолмай турган. Партия Марказий Кенгашидаги бу дим ва бўғиқ ҳаво, бу носоғлом муҳит шу пайтгача элга ошкор этилмаган, тўла тўкис ёритилмаган. Бунинг сабаби шуки — бу гап сўзларни, факт ва далилларни яшириш раҳбар учун қийин бўлмаган.

Лекин нега ХДП МАрказий Аппаратидаги бу носоғлом муҳит шу пайтга қадар шикоят қилинган нуфузли идора ва ташкилотлар томонидан текширилмади, чора кўрилмади?

Кетмонов ўз амалидан, «СНБга алоқадорман!» деган дағдағасидан яхши ва унумли фойдаланган. Биз унинг бу хурмача қилиқлари ва снбча шумликларини  ошкор этишни ўз журналистик бурчимиз деб биламиз.

Негаки, бу — мамлакатнинг маънавий оламига катта зарар. Жасоратли Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган адолат ва диёнат меъзонларига мутлақо зид!

Хотамбой Кетмоновнинг асл башарасини очиб, унинг инқирозга юз тутилишидан ҳеч қандай манфаатимиз йўқ. Лекин унинг бу даюслиги Президент олиб бораётган янгиланиш сиёсатига катта зарба эканини яхши биламиз ва шунинг учун ҳам уни ошкор этишга қарор қилдик.

Ошкор этмасликни — хиёнат деб, Кетмоновнинг бундай қутлуғ ва муборак вазифада туришини эса — жиноят деб биламиз!!!

Исмат Хушев,

«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири

Торонто-Тошкент-Торонто

30 июль, 2018 йил, Канада…

 

S.R.

Ҳар қандай журналистик тадқиқот мақола қилиб ёзилганида тўпланган барча ҳужжат ва материалларни тўлалигича қамраб ололмайди.

Шул боис ушбу материалга тааллуқли журналистик суриштирув асосида қўлга киритилган далил ва гувоҳликлар, ҳужжат ва справкалар, суд «иши»га тикилган ахборот ва баённомалар, Суд Маҳкамаси ҳукмларидан Кўчирмалар, магнит лентасига ёзилган дилнома ва ишқномалар, ХДП Марказий Кенгашидан маҳаллий ҳокимликларга юборилган у ёки бу «хоним»га уй-жой ажратиш ҳақидаги партия расмий бланкига ёзилган мактублар ва бошқа ашёвий далилларни авайлаб асраб, сақлаб қўйишга қарор қилдик.

Зарурат туғилганда бу материалларни «Дунё ўзбеклари» ҳукмига ҳавола этишимиз, Видео ва аудио тасмаларни эълон қилишимиз мумкин.

Демак мақолага сўнгги нутқа қўйилгани йўқ. Бу мавзуга яна қайтамиз…

 

S.R.

Самарқанддан яна бир хабар:

Мақола нашрга тайёрланаётган пайтда ХДП Марказий Кенгашидаги ҳамкорларимиз бизга партиянинг Самарқанд Кенгаши собиқ раиси Камолбой Исобеков Президент Шавкат Мирзиёев Амнистияси билан  муддатидан илгари ҳибсдан озод этилганини айтиб қолишди…

 

«Дунё ўзбеклари» учун махсус

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2 комментария к «Исмат Хушев: «Бош демократ» — бебошлик гирдобида…»
  1. Ha. Tushunyapman asta — sekin hayotga. Namangan vil Sog’liqni Saqlash Boshqarmasi, Namangan viloyat Davlat Sanitariya Epid. Nazorat Markazi, Namangan viloyat Prokuratasi, Namangan Vil. Xalq Qabulxonasi, Pop Tuman Hokimligi, Pop tuman Departamenti, Pop tuman DSENM va asosiy planda Respublika Dezinfeksiya Stansiyasi, Namangan Viloyati Dezinfeksiya Stansiyasi… ushbu tashkilotlarda ham shu ahvol! Bir o’zingiz harakat qilib, jurnalistik surishtirish o’tkazib bering aka, ILTIMOS!
    Namangan viloyati Korrupsiya, amalparastlik va shantaj girdobida

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *