
БУГУНГИ КУНЛАР
Тархий роман
I.боб. ЗАФАР
(Қайта ишланган ва тўлдирилган нашри)
—Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, — деб қўлини дуога очган Зафар отасини олис ва кутилмаган сафарга кузатиш олдидан кўз ёшлари билан дуо қиларди: — ой бориб, омон қайтинг. Музаффар келинг, отажон!
— Иншооллоҳ, ўғлим, айтганинг келсин. Ёшим бир жойга бориб қолганида, менга ҳам осон эмас. Умрингдан барака топ, — дея қўлини дуога очган Отабекнинг кўзларидан ҳам кўз ёшлари тўкилди.
— Ла ҳавла, ва ла қуввата илла биллаҳил, алийил азим, — дея дуога қўлини очган Ферузабону ўзини йиғидан тия олмас эди. У эрини бегона юртларга кузатар экан, энтикиб сўзларди: — Мени фарзандлар билан ёлғиз қолдирманг. Сиз одамлар учун, эл-юрт учун бир инсон қиладиган ишларни қилдингиз-ку? Нимага энди кетишингиз керак? Начора, ўзингизни асранг, яна соғ-саломат дийдорлашайлик. Сиз доимо болаларингиз учун кераксиз, отаси!
— Аллоҳу акбар,— Отабек юзига дуо тортди. — Айтганингиз келсин. Эсон-омон кўришиш насиб этсин. Болаларни сизга, сизни худонинг паноҳига топширдим!
Улар анчагача бир-бирларини маҳкам қучоқлаб хайрлашдилар. Ферузабону ҳалтага кийим-кечак, озиқ-овқатлар солиб, эрига тутқазди. Отабек ярим тунда уйдан чиқиб кетди. У кўчада ёлғиз кетар экан, аллақаёқдан итларнинг увиллаши эшитилар, эндгина ёғиб ўтган ёмғир йўлларни шалаббо қилган эди. Ҳаво очилиб, осмонда юлдузлар чарақларди. Гўё улар Отабекка ҳамроҳ бўлишиб, унинг ортидан эргашиб бораётгандек. У автобус бекати ўриндиғига келиб ўтирди. Кўчада машиналар қатнови анча камайган, аҳён-аҳёнда киракаш машиналар ўтиб қоларди. У бўш такси кутиб бекатда ўтирарди. У бошига тушган воқеаларни эслар экан, диққати ошар, ҳўрсинарди. Ўғли Зафарнинг армонли ва мунгли юзи унинг кўз ўнгидан сира кетмасди. Унга ҳам осон эмас. У ҳам отасининг кексайиб қолганида, ўз уйини ташлаб кетаётганидан, аниқроғи, ташлаб кетишга мажбур бўлганидан таассуфда қолди. Отабекнинг хаёлида ўғли дунёга келган бахтиёр онлар навбатма-навбат гавдалана бошлади…
Саксонинчи йилларнинг ўрталари эди. Отабек ўғил фарзанд кўриши Аллоҳ томонидан инъом этилган, кутилмаганда берилган неъмат эди. Унинг иккинчи қизи Нодира уч ойлик бўлмай онасини эммай қўйди. Қизалоқни докторга олиб бордилар, уни текшириб кўришгач, у соппа-соғ чиқди. Сўнгра аёли Ферузабонуни доктор кўригидан ўтқазишга тўғри келди. Маълум бўлишича, у яна ҳомиладор бўлиб қолган экан. Отабек куну тун иш билан машғул эди. Тележурналистликнинг ўзигахос қийинчиликлари бор. Ўша
кунларда буюк ғалабанинг қирқ йиллиги нишонланаётган бир пайт эди. Отабек Ўзбекистон телевидениесининг буюртмасига биноан “Ғалабанинг умид юлдузи” номли телеочерк тайёрлади. У шакл жиғатидан шу давргача тайёрланган кўрсатувлар ичида бутунлай янгича эди.
Отабек негадир ўғли Зафарни ўйлар экан, унинг дунёга келиши, унга исм қўйилиши ҳам ўз ижоди билан чамбарчас боғланиб кетганлигини тасаввур қиларди. Инсоннинг энг бахтиёр онлари ҳам асли–болалик. Болаликни севиш, ўша эртаклар оламини ардоқлаш катталарнинг ҳаёт мазмунига айланиши табиий.
Абу Лайс ас-Самарқандий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтади: “Абу Ҳурайра (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Пайғамбаримиз(с.а.в)дан ривоят қилади: “Отанинг ўғлига қиладиган ҳаққи учтадир: Туғилса, яхши исм қўйиш; ақл кирса, Қуръони Каримни ўргатиш; балоғатга етса, уйлантириш”. Отабек шуларни ёдига олар экан, ўғлига яхши исм қўйганини, Аллоҳ буюрган уч фарздан бирини адо этганини шукрона билан ўйлаб турарди. Зафарбек, Музаффарбек — ушбу ном Отабек томонидан тайёрланган бир қатор кўрсатувларда достон бўлган эди. “Ғалабанинг умид юлдузи” кўрсатувининг номини ўзида эзгулик йўлида музаффарлик сўраб, жангга кириб, шаҳид бўлган халқимизнинг азиз фарзандлари жасоратини ёдга олиш мақсадида кичик лавҳа кўрсатилади. Ёши саксонни қоралаб қолган Олияхон она хонадони. Хонадонда Олияхон она ва мухбир Отабек суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Қуръон тиловат қилингач, Олияхон она болаларининг отаси Воҳидхон Валиев ҳақида ҳаяжон билан сўзлар, унинг урушдан олдин ўқитувчи бўлгани, ҳам дунёвий, ҳам диний билимларни яхши билган олим одам эканини эслайди. У мактабда адабиёт фанидан дарс берган. У урушга кетганида Олияхон она ҳам ўқитувчилик қилган. Уларнинг уч фарзанди бўлиб, болаларга исмни отасининг ўзи қўйганини эслаб, кўзига ёш олади. Катта ўғлининг исми Боситхон ,у ҳозир етмиш ёшдан ошган. Отаси урушдан қайтмади. 1942 йилнинг қаҳратон-қиш кунларининг бирида Олияхон онанинг эридан қора хат келди. У қора хатни сақлаб қўйган экан. Эскириб кетган кичик сандиқни очиб, бир неча хатни Отабекка узатди. У аста уч бурчак қилиб букланган мактубларни қўлга олиб, дастлаб қора хатни ўқиди. Хат рус тилида ёзилган бўлиб, қуйидаги мазмунда эди: “Муҳтарам Олияхон Валиева, Сизнинг турмуш ўртоғингиз Воҳидхон Валиев 1942 йилнинг январь ойида Сталинград остонасидаги жангларнинг бирида қаҳрамонларча халок бўлди…”.
Иккинчи мактубни эса урушдан кейин жангчи дўсти Дилбарали Мақсудов исмли киши олиб келиб берган экан. Сталинград остонасидаги жангларнинг бирида Воҳидхон Валиев ва унинг қуролдош дўстлари душман аскарлари билан қаттиқ жанг қилган. Кутилмаганда орқадан пойлаб келган душман ҳанжар билан унинг қовурғасига уради. Шу пайт дўсти Дилбарали ака етиб келиб, винтовка учидаги найза билан душманни ер тишлатади. Икки, уч қадам нарида жароҳатланган Воҳидхон ака ётарди. Ён-атрофдаги оппоқ қор қип-қизил қонга беланган эди. Дилбарали ака дўстининг бошини кўтарди. Дўсти чап чўнтагидан бир энлик номани олиб унга тутқазди ва бу
хатни турмуш ўртоғи Олияхонга ўз қўли билан етказиб беришни Дилбарали акадан илтимос қилди. Бир оздан сўнг унинг жони узилди. Ўшанда у қирқ ёшларда эди…
Отабек ушбу мактубни қўлга олди. Унга теккан қон йиллар ўтиши билан сарғайиб кетган. Араб алифбосида ёзилган ушбу хатни Отабек ўқий олмади. Сўнг Олияхон онага узатди. Ушбу қоғозда Воҳидхон аканинг сўнгги шеъри битилган эди.
Боситхон ўғлим, соғиндим сени.
Болалигим, жаннатим, соғиндим сени.
Алҳамдулиллоҳ, бор сизлар, сизлар.
Аллоҳнинг паноҳига ёр сизлар, сизлар.
Эҳ, ширин кунларимиз ёдимга тушса агар.
Ҳаёлларим тўлғонади, тўлғонади дарбадар.
Бола ширин экан, дўстлар бола ширин шу қадар.
Бола учун жангга кирди, неча миллионлаб падар.
Сени соғиндим, юртим, соғиндим сени!
Олияхон она ушбу мисраларни ёд айтиб бердида, бир неча дақиқа сукут сақлади. Отабек ҳам жим қолди. Хонадаги сокинликни кинотасвирчи Абдусаттор Далабоевнинг овози бузиб юборди: — Суратга олинди. Яхши, яхши.
Ушбу кўрсатув ғалаба байрами куни намойиш қилинди. Уни миллионлаб томошабинлар юқори баҳоладилар.
Олияхон она каби садоқатли ёр, меҳрибон она, бир умр ёлғиз ўтган бева-бечоралар қанчадан қанча. Бу урушда жабр кўрмаган на бирорта хонадон, на бирон бир оила қолмаган, юртнинг ҳар уч кишисидан биттаси урушга сафарбар қилинган эди. Фронт ортида галабани кутишиб, миллионлаб одамлар меҳнат қилишган, жабру жафо чекканлар .
Отабек йўл бўйидаги бекатда ҳануз ўй суриб ўтирарди. Болалик, болалик. Воҳидхон аканинг фарзандлари ота меҳрига тўймай катта бўлдилар. Ўзи ўша уруш кимга керак эди? Мамлакатлар ўртасидаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишнинг иложи йўқмиди? Бугунги кунларда уруш туфайли етим қолган болаларни боқиб вояга етказган, уларга меҳр берган Шораҳмат Шомаҳмудовлар оиласига, аниқроғи, ўзбек халқи бағрикенглиги ва болажонлигига қўйилган ёдгорлик нима сабабдан Тошкент четига чиқариб ташланди? Ҳа, майли. Замонлар ўтаверади. Одамлар ўзгараверади. Лекин халқнинг эзгу фазилатлари ҳайкал бўлиб эмас, авлоддан авлодга меърос бўлиб қолаверади.
Ҳа, ўзбекларда оила, бола-чақа, қариндош-уруғлик ришталари ҳар бир инсоннинг қон-қонига сингиб кетган. Отабекнинг ҳам бутун ўй-ҳаёли оиласида ва ўғли Зафарнинг келажаги тўғрисида эди. Ўша музаффар кунларда, аниқроғи, Отабек ўз ижоди билан музаффар бўлган онларда Аллоҳ унга ўғил фарзанд инъом этди. Унинг номи Зафар бўлди .
Ўтган асрнинг 70 йилларида Ўзбекистон телевидениесида “Янгиликлар”, “Ахборот” кўрсатувлари энг асосий томошабоб дастурлар ҳисобланган. Ўша давр руҳидан келиб чиққан ҳолда пахтакорларнинг кундалик юмушлари ва муваффақиятларини акс эттирувчи «Олтин водий» кўрсатуви асосий сиёсий-публицистик дастур эди. Уни қишлоқ хўжалиги муҳарририяти томонидан тайёрланарди. Ўзбекистон телевидениесида қишлоқ хўжалиги, адабий-драматик, «Ёшлик», «Болалар», «Мусиқа», «Кино» ва ўқув кўрсатувлари муҳарририятлари мавжуд эди. «Ёшлик» студияси томонидан тайёрланган «Қишлоқ ёшлари», «Студентлик олтин даврим» кўрсатувлари намойиш қилинар, уларда ўша даврнинг масалалари ёритилар эди. Бадиий-публицистика кўрсатувлари тайёрлашга уриниш Элбек Мусаев, Муҳаммаджон Обидов, Мираббос Мирзааҳмедовлар томонидан яратилган «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи», телевизион «Романтика театри» каби туркумларнинг пайдо бщлишида кзга ташланарди.
Адабий-драматик кўрсатувлар муҳарририяти томонидан ёзувчи ва санъаткорлар ҳақидаги портрет-телеочерклар, театр ҳаётини акс эттирувчи кўрсатувларда публицистика бўлмаса ҳам бадиийлик намоён бўлар эди. Айниқса «Ёшлик» студиясининг «Телевизион минеатуралар театри» ҳажвий кўрсатуви, айтиш жоиз бўлса “ Ўзбекфильм “томонидан яратилган «Наштар» ҳажвий киножурнали саҳифаларида ҳажвий-юмористик лавҳалар, телекинофельетонлар берила бошлади. Ўша даврдаги камчилик ва нуқсонлар, муаммолар бир оз бўлсада ҳажв остига олинди. Кино кўрсатувлари муҳарририятида ҳам бадиий-публицистик кўрсатувлар яратиш сари илк қадамлар қўйилди. Чунки кино асарининг ўзи бадиийликни таъминлаш имкониятларини тўғдирар эди. Киношунос олим, профессор Ҳамидулла Акбаровнинг «Кино оламида» кўрсатуви, адабиётшунос олим Наим Каримовнинг «Кўзгуда ҳаёт» ҳужжатли фильмлар асосида тайёрланган теледастурларида бадиий-публицистик кўрсатувларнинг дастлабки учқунларини кўришимиз мумкин. Тўғрисини айтганда, бадиий-публицистик жанрлардаги кўрсатувларнинг юзага чиқишида ҳужжатли фильмлар тўғрисидаги тақризлар туртки вазифасини ўтаган.
Айниқса, кинофильмлар ёрдамида тайёрланган кинорежиссёр Собит Саидов, журналист Баҳодир Муҳамедов ва Отабек Юсуповларнинг «Оламга саёҳат», биолог Зафар Эгамбердиевнинг “Ҳайвонот оламида…”, киноҳаваскор Борий Хўжаевнинг «Киносаёҳатчилар клуби» каби туркумлари энг томошабоп телекўрсатувлар ҳисобланган.
Мусиқали кўрсатувлар муҳарририяти томонидан тайёрланадиган Анорбой Рўзиматовнинг «Марҳабо, талантлар» ва таниқли шоир ва бошловчи Анвар Исроиловнинг «Таъзим» кўрсатувлари жуда катта муваффақият қозонган.
80 йилларида эса телевидениедаги асосий кўрсатувлар матни журналистлар томонидан ёзилиб, суҳандонлар томонидан олиб бориш урф эди. Ўктам Жобиров, Даврон Зуннунов, Георгий Ирлин, Галина
Мельниковалар телевидениедаги кўрсатувларни олиб борувчи, яъни экранга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган асосий шахслар ҳисобланар эдилар.
Техникавий жиҳатдан ҳам бадиий-публицистик кўрсатувлар тайёрлаш масаласида анчагина муаммолар бор эди. Кўрсатувлар асосан студияларда суратга олинар, кичик ҳажмдаги 16 миллиметрлик, оқ-қора тасвирдаги киноплёнкаларда акс эттирилиб,кўп ҳолларда асосий воқеа ва ҳодисалар тасвири техник носозлик туфайли экран юзини кўрмай қолар эди.
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларининг охирларида бир гуруҳ ёш журналистлар ва телеижодкорлар ўзига хос янги телевизион шаклларни қидира бошладилар. Журналист Отабек Юсупов режиссёр Соли Раҳимқулов билан ижодий ҳамкорликда «Наштар билан учрашув» деб номланган кўрсатув тайёрлади. Кўрсатув «Наштар» ҳажвий киножурнали суратга олиш майдонидан репортаж тарзида олиниб, унга киножурналнинг ҳажвий лавҳалари материал сифатида ишлатилди. Ҳажвчи адиб Мухтор Худойқулов, ёзувчи Саид Аҳмад, кинорежиссёр Ғиёс Шермуҳамедов, комик актёрлар Ражаб Адашев, Бахтиёр Иҳтиёров, Омина Фаёзова ва бошқалар суратга олиш майдонида муҳбирга интервью берардилар. Ушбу майдон телевизион студияда ташкил қилинган эди. Чунки кино суратга олиш майдонига ўта катта ҳажмдаги телевизион дастгоҳларни олиб боришнинг иложи йўқ эди. Ёзилган мукаммал сценария, ундаги сюжет ва композиция, яъни воқеаларни ташкил этиш ҳамда уларни бир-бирига боғлаш, жонли сўзлаш, муҳбирнинг кутилмаганда берган саволлари ва журналистик таҳлили кўрсатувнинг ғоявий-бадиий жиҳатини мукаммал қилди. Телевизион режиссура ва монтажнинг мукаммаллиги ушбу бир соатлик кўрсатувга катта муваффақият олиб келди. Албатта, бунда сифатли кинолавҳалар ва видеомагнитафоннинг дунёга келиши, айниқса, муаллиф-журналистнинг биринчи маротаба мутахассис сифатида экранга чиқиши катта омил бўлган эди.
Саксонинчи йилларнинг бошларида, “қайта қуриш”дан олдинроқ собиқ Совет Иттифоқида сифат ва интизом масаласи кўтарилган эди. Отабек бир қатор телефельетонлар тайёрлаб, жамиятдаги нуқсон ва камчиликларни фош этди. “Меҳмонхонадаги машмашалар” деб номланган телекўрсатув Тошкент шаҳар меҳмонхона хўжалигида давлат мулкини толон-торож қилиш, порахўрлик каби иллатлар очиб ташланди.. Кейин эса, “Калаванинг учи”, “Трамвай депога боради…” каби фельетонлар томошабинларнинг эътирофига сазовор бўлди.
Чунки юқорида таъкидлаганидек, энди суҳандон, мутахассисгина эмас , балки экранда биринчи марта воқеа жойидан ҳикоя қилувчи, воқеаларни тахлил қилувчи тележурналист пайдо бўлган эди.
1985 йилда Ўзбекистон телевидениесига «БЕТАКАМ» русумли видеокамера олиб келинди. Унгача «БЦН» русумли кўчма кичик станция ишлар эди. Унинг оғирлиги юз килограммга яқин бўлиб, муҳбир ва тасвирчиларга ноқулайликлар туғдирар эди. Ундан ташқари, ёритиш жиҳозлари, овоз ёзиш жиҳозлари билан ўн нафарга яқин ижодий ва техник ходим суратга олиш жараёнида қатнашишга мажбур бўларди.
«БЕТАКАМ»нинг келиши энди қаҳрамон студияга эмас, муҳбир қаҳрамоннинг хонадонига, қаҳрамон ишлайдиган манзилларга бориши ва суратга олиши мумкин бўлиб қолди. 1985 йил янги йилга бағишланган «Янги йил оқшомида» деб номланган мусиқали бадиий-публицистик кўрсатув муаллиф ва олиб борувчи Отабек Юсупов, режиссёр Наби Раззоқов эдилар. Кўрсатув воқеалари сирдарёлик чўлқуварлар хонадонидан, ҳажвий қаҳрамон Маржон холанинг саргузаштларидан, хонанда Нуриддин Ҳайдаровнинг «Қайлардасан менинг Насибам» дея куйлаган клипидан ва бошқа тасоддифий воқеалардан иборат бўлиб, бадиий-публицистик кўрсатувнинг жанр хусусиятларини амалга ошириш имкониятини яратди.
Ўзбекистон халқи бугунги кунларда ўзининг буюк ёзувчи ва шоирлари, режиссер ва актёрлари, адабиётшунослари ҳамда етук журналистлари, таниқли кинорежиссерлари ва киномунаққидлари билан фахрланади. Уларнинг кўпчилиги Москва ва чет элларда тахсил олишган, ҳатто Тошкент давлат университети Журналистика факультети минглаб ушбу касб соҳибларини етиштирган, ўнлаб институтларда адабиёт ва санъат соҳасини битирган мутахассислар оммавий ахборот воситаларини юксак чўққиларга кўтарган эдилар. Лекин касбий ўзига хосликми? Ёки миллий менталитетми? ёки тузум шуни тақозо қилар эдими? Телевидение соҳасида журналистлар ҳамиша орқа планда бўлар эдилар. Отабекнинг Ахборот дастуридаги «Ўрик», «Она», «Хоразм ғужумлари», «Алданган бодом» каби телелавҳалари, «Ҳаёт чашмаси», «Хотиралар дарёси» каби бадиий-публицистик кўрсатувлари ва ниҳоят журналист Ўғилой Юсуфжонова, режиссер Мели Маҳкамов, тасвирчи Рафаэль Камоловлар билан ҳамкорликда тайёрлаган «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувлари журналистни, аниқроғи, Отабекни биринчи даражага олиб чиқди. Чунки замонавий техник воситалар ёрдамида кино ва телевидение санъатининг тасвир, режиссура, мусиқа, шовқин, монтаж каби унсурларидан кенг фойдаланиш, қолаверса, тележурналистнинг ходиса ва воқеалар руҳига кириши, уларни таҳлил қилиши, муаммоларни кўтариш, ечиш масалаларида ҳам ижодий услуб билан ёндашиши сюжет ва композиция масалаларига эътибор муваффақиятлар гарови бўлди. Унинг бадиийлиги, турли жанрлардаги турли фактларни бир мавзу ва ғоя атрофида бирлаштириши тамошабинлар учун кутилмаган воқеага айланди. Қолаверса, одамларни қизиқтираётган, тамошабинларни ташвишга солаётган масалаларнинг дадил акс эттирилиши унинг ғоявий таъсирини янада кучайтирди. Ўша даврдаги ижтимоий зиддиятлар ҳужжатли, публицистик асарни драматургия даражасига олиб чиқди.
«Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» туркумидаги кўрсатувлардан бири Қашқадарё вилоятида суратга олинган эди. Ушбу кўрсатувда энг долзарб масалалар образлилик ва бадиийлик билан талқин этилган. Негадир Отабек ушбу кўрсатувни ва унинг суратга олиш жараёнларини тез-тез эслар ҳатто тасвирлар кўз ўнгида жонланар эди.
«Чарҳпалак… унинг ҳаракати ҳеч ҳам тинмайдигандек туюлади. Чархпалак ёрдамида ариқ суви дехқон даласига йўл олади. Ушбу кўрсатув
беш саҳифадан иборат бўлиб, унинг ғоявий мавзуси, “умид” тушунчасига бағишланган эди. «Палахмон тоши» деб номланган саҳифасида қуйидагича образлилик бор: «Бильярд таёғи зарбидан соққалар яшил мовут ёпилган стол устида ҳар томонга сочилиб кетди. Яна бир зарб – соққалар кейинги зарбни кутиб ҳар томонда қотиб қолишди. Ниҳоят ўйинчининг маҳоратига қараганда кўпроқ эҳтимоллар назарияси иш бердими, бир соққа беиҳтиёр чуқурчага бориб тушди.
Қашқадарё областидаги «Ўзбекистон комсомоли 50 йиллиги» савхозининг собиқ бухгалтери Карим Шарипов, ана шу хўжалик бўлимининг собиқ бошқарувчиси Саман Камолов, яна бир собиқ раҳбар Эгамберди Умаровлар турғунлик йилларидаги ўз тақдирларини раҳбарлар ўйновчи бильярд тошларига қиёслашга ҳаракат қилиб кўрдилар. Бильярд ўйини манзарасида кадрлар, кишилар ўта бошлайдилар.
Карим Шарипов: «Пахтани қўшиб ёзишлар туфайли қамоққа тушдим. Лекин менга тиқиштирилган 90 минг сўмдан бир тийин ҳам ўзлаштирган эмасман. Уйимни, қандай турмуш кечираёттганлигимини ўзингиз келиб кўринг!Телекамера қаровсиз ҳовлини, дарвоза олдида мўлтираб турган, енгил-елпи кийинган болаларни, кўзлари ёшга тўла аёлни кўрсатди. Бильрд чуқурчасига эса навбатдаги соққа келиб тушди.
Саман Камолов: «Виждонан яшашга, пахтани ведемостларга қўшиб ёзмасликка, ҳосилнинг ҳақиқий миқдорини тўғри кўрсатишга ҳаракат қилдим. Тунда мени олиб кетишди. Сохта ҳужжатларга имзо чекмагунимча ўн кеча кундуз аваҳтада ушлаб туришди.
Яна телеэкранда бильярд тахтаси. Ўқлов билан урилган соққа думалаб келиб,”лоп”этиб тўрга тушди.
Эгамберди Умаров: « Хўжайинлар нима буюрса, ўшани қилганман. Шу тариқа жиноятчига айланиб қолдим».
«Пахта иши» деб номгланган, қатағон авж олган кунларда минглаб одамлар бегунох қамалаётган бир пайтда, журналист ушбу ишга қўл уришининг сабабларини қуйидагича изоҳлайман: «Дарҳақиқат, кичик амалдорлар бильярд тошига ўхшайди. Уларни отганларида, албатта чуқурчага бориб тушади. «Пахта иши»нинг оддий пахтакорга, меҳнаткашларга алоқаси йўқ. Уларни оқлаш учун ҳақиқатни аниқлаш лозим эди. «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувининг ушбу сони Қашқадарё вилоятига бағишланган эди. Ушбу кўрсатувнинг «Умид» деб номланган саҳифасида обком котиби Ислом Абдуғаниевич Каримов билан суҳбат уюштирилади. Суҳбат тугагач, И.Каримов мухбир Отабек Юсуповга юзланиб: « Сиз муҳбирларга ҳайронман. Ўзбек халқини ноҳақдан боқиманда десалар, ўғри десалар, кўзбўямачи десалар, қараб турасизларми? Мен ҳозир бир хонадонни кўрсатаман, юқоридаги гаплар туҳмат эканлигини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Қўлингиздан келса, ушбу масалани чуқур ўрганиб, оддий пахтакорларни оқлаб чиқинг. Мен ҳам сизга ёрдам бераман! » дейди. Шу тариқа, обком секретари берган мавзу ва қўллаб –қувватлаши боис мазкур
кўрсатувда ўта долзарб муаммо тилга олинади. «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатуви қатта муваффақият қозонади.
Саксонинчи йилларнинг ўрталарига келиб тоталитар тузум нурай бошлади. Жамиятдаги ўзгаришлар, демократик ҳаракатлар, муаммоларни ёритиш ва ҳал этиш йўлларини излаш каби масалалар журналистлардан жанговорликни ва долзарбликни талаб қиларди. Ўша давр матбуотида ҳам кўплаб тақризлар пайдо бўлди. АПН муҳбири Темур Низаев «Муҳбир» журналининг 1988 йил 9 сонида қуйидагича ёзади: « Вақтли матбуотда Отабек Юсуповнинг «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» туркумидаги деярли ҳар бир кўрсатувига бағишланган тақризлар эълон қилинмоқда. Бу табиий ҳол. Чунки ушбу кўрсатув ўзбек телевидениесида кўзга кўринарли воқеа бўлди. Менинг назаримда тележурналистларимиз бадиий-публицистик жанр воситаларидан фойдаланган ҳолда Республикадаги «қайта қуриш» жараёнини мушҳада қилишга илк маротаба уриниб кўрдилар. Бу кўратув билан бир қаторда тура оладиган бошқа кўрсатувлар умуман йўқ ».
Отабек тайёрлаган кўрсатувларда республикадаги ижтимоий, демографик, экологик муаммолар кенг кўтарилди. «Бухорога лайлаклар келди», «Дашнобод анорлари», «Жида гуллаганда Фарғонага келинг» каби ҳужжатли теленавелаларни тилга олиш мумкин. «Журналист» журналининг 1989 йил 5 май сонида тарих фанлари доктори К.Норматовнинг «Об этом говорит вся махалля» деб номланган мақоласида ўзбек халқи бошига тушган тоталитар тузум мусибатлари ҳақида ушбу кўрсатувдан билдик, деб ёзади. «Долзарб мавзу» рукнида берилган ушбу мақолада олим халқ бошига тушган мусибатлар, «Пахта иши» қатағонлари, Оролнинг қуриши, Тожикистон альюминий заводи муаммолари, ўзбек халқининг бағрикенглиги, унинг орзу-умидлари, урф-одатлар ойнаси орқали ёритилганлигини таъкидлайди.
Ўзбекистон телевидениесидаги 80 йилларнинг охиридаги бадиий-публицистик кўрсатувлар миллий қадриятлар тантанаси «Наврўз» узлуксиз кўрсатувида жам бўлди ҳамда оммавийлик касб этди. 1990 йил «Наврўз»и ва 24 соатлик ойнаи жаҳон кўрсатувини янги сайланган Республика Президенти Ислом Каримов томонидан қўллаб-қувватланиши сиёсатимизни тубдан ўзгартирувчи халқимиз миллий қадриятлари, ўзлигини англаши, урф-одатлари, умуман, инсонийликни, меҳр-мурувватни юксак баҳоловчи раҳбар келганлигидан далолат берди.
***
Инсон яшар экан, доимо ўтган ҳаётини сарҳисоб қилади. Отабекнинг ижоди, қаҳрамонларининг тақдири унинг ҳаёти билан бирлашиб кетгандек. Отабек мамлакатнинг энг машҳур тележурналисти деб тан олинган онларида “Унутилган қўшиқ” деб номланган телеочеркни намойиш қилган эди. “Эй, музаффар пахтакорлар, офарин!”, деб бошланадиган бу қўшиқни таниқли хонанда Зайнаб Полвонова уруш йилларида куйлаган эди. Унинг матнини шоир Туроб Тўла ёзган. Мазкур ашула халқ ичида маълум ва машҳур бўлган.
Ҳатто оддий деҳқонлар ҳам уни ҳиргойи қила олганлар. Сўзларини ёддан билишган. Пахтакорлар пахта режасини бажарганларида, бу қўшиқ уларни шарафловчи мадҳияга айланиб кетган эди. Турғунлик деб аталган совет даврининг сўнгги йилларида ушбу қўшиқ унутилиб кетган, хатто унинг ижрочиси бўлган Зайнаб Полвонова тўғрисида ҳам, унинг тақдири, ҳаёти ҳақида ҳам ҳеч қандай аниқ маълумотларни топишнинг имкони бўлмади. Ушбу телеочерк қўшиқ ҳақида эмас, унинг қаҳрамони, уруш йилларида ўз меҳнати билан, халқнинг офаринига сазовор бўлган инсон, пахтакор-звенавой Музаффар ота ҳақида эди. Бу меҳнаткаш, камтарин инсон 30-йилларда Намангандан Сирдарё вилоятига бориб қолган экан. Унинг уч фарзанди бўлиб, улар урушга кетдилар. Ота уч ўғлонидан ҳам навбатма-навбат қора хат олади. Суқсурдек ўғилларини йўқотган, кексайиб қолган ота душманга нафратини меҳнат орқали билдиради. Урушнинг ғалаба билан тугаши учун меҳнат қилади ва ҳар гектар ердан 50 центнердан пахта ҳосили кўтаради. Уруш йилларида унинг бу фидойи меҳнатини давлат юқори баҳолайди ва у “Социалистик меҳнат қаҳрамони” унвонига сазовор бўлади. Унга бағишлаб “Эй, музаффар пахтакорлар, офарин!” деб номланган қўшиқ яратилади. Аммо йиллар ўтиши билан бу қўшиқ ҳам, унинг қаҳрамони Музаффар ота ҳам бутунлай унутилади. У кексайганда фарзандларидан жудо бўлиб, азоб-уқубатлар билан дунёдан кўз юмади. Отабек ушбу телеочеркда Музаффар отанинг тилларда достон бўлган жасорати ва тақдири ҳақида ҳикоя қилар экан, ўзбек халқининг буюк меҳнати ҳам унутилган қўшиқ мисоли кўпчиликнинг ёдидан ўчиб кетаётгани, инсоннинг эзгу ишларини унутган жамият таназзулга юз тутиши мумкинлиги ҳақидаги фиарларни олға суради.
Отабек ижодининг асосий йўналиши адолатни тиклаш, инсон қадр-қимматини улуғлаш каби масалалардан иборат эди. Ўша даврларда Совет империясида Михал Сергеевич Гарбачев исмли раҳбар саҳнага чиққан, бутун мамлакатда қайта қуриш деб номлаган сиёсат амал қиларди. Россияда, Болтиқбўйи давлатларида, Грузияда қайта қуриш аллақачон қайта бузишга айланиб борарди. Шу билан биргаликда, демократик ўзгаришлар ҳар бир совет фуқаросининг кундалик ҳаётидан ўрин ола бошлаган бир палла эди. Таниқли грузин ёзувчиси Нодар Думбадзенинг “Надомат” деб номланган асари Грузияда “шов-шув”га сабаб бўлди. … Кекса грузин аёл йўлда борарди, кўча тўла одамлар ҳар томонга шошмоқдалар. Кекса она одамларни тўхтатиб сўрайди: “Болам, бу йўл қаёққа олиб боради?”. Йўловчиларнинг кўпчилиги: “билмасам, билмаймиз”, деб жавоб берадилар. Шунда кекса аёл: “Бу йўл ибодатхонага олиб борадими?”, деб сўрайди. Йўловчилар билмасликларини айтадилар. Таажжубга тушган она ўзининг бир неча дақиқа адашиб қолганини сезади ва “Воажаб… Ахир, бу йўлларнинг бирортаси ҳам ибодатхонага олиб бормаса, бундай йўлнинг кимга кераги бор.Ибодатхонага олиб бормайдиган йўл ҳалокатга олиб боради, адашибман! Одамлар ҳам адашибдилар!” деб ўз ўйи ва таажжубига жавоб топади.
Дарҳақиқат, совет даврида фуқароларнинг аксарияти ибодатхона йўлларини унутган, бизнинг элимизда масчидларнинг кўпи бузилиб ташланган, меъморий обидалар аллақачон вайронага айланиб бўлган эди…
***
Отабек йўл бўйидаги бекат ўриндиғида ҳамон хаёл сурарди. Сал кам уч миллионли аҳолиси бор шаҳарнинг қоқ ўртасида тунгги сокинлик. Йўл четидаги чироқлар остидан одам шарпаси кўринди. У яқинлашган сари қандайдир мунгли қўшиқни куйлаб келарди. Бу одамнинг кийимлари юпун, хатто кўйлаклари йиртилиб кетган эди. У секингина Отабекнинг ёнига келиб ўтирди. Отабек унга салом берди. У бир қараб қўйдида, қўшиғини давом этаверди. Ёши элликлардан ошган бу савдойи одам Отабекка ғалати туюлди. У девона мисоли қўшиғини давом эттирарди:
Мен олисларга кетяпман.
Сени излаб, сени кўзлаб, гўзал ёр!
Гўзал ёрим, кўринсангчи йўлимда,
Сенга айтар армонларим хўп, бисёр!
Сени қувлаб етолмайман, кўринсанг ҳам.
Олислардан боқиб, қочиб қоласан.
Ортингдан ҳеч келолмайман, оринсанг ҳам.
Ўн саккизда мангу қолган қиз боласан!
У Отабекка юзланиб, йўқолган нарсасини топиб олгандек, шодланиб гапра кетди:
—Ана у менинг гўзалим, ана у, — у қоронғуликни кўрсатиб, сакраб ўйинга тушар, ўша томонга югуриб кетди. Қўшиғини давом этар, орада кимдир уни чақираётганини такрорларди. У зоқлашган сари овози ҳам йўқолиб борарди…
— Ё тавба, астағфириллоҳ, Аллоҳнинг синови бу,— деган сўзлар Отабекнинг тилидан беихтиёр чиқиб кетди. — Бу одамнинг бошига оғир мусибатлар тушгани аниқ. Шу боис, телба бўлиб қолган бўлса керак. Аллоҳ ҳар бир инсонни йўлидан, ақли-хушидан адаштирмасин. Менга қолса, уйимдан узоққа ҳеч қачон кетмасдим. Йўллар, йўллар. Уларнинг бошланиши маълум, ниҳоясини Яратганнинг ўзи билади. Умуман, инсон ҳаёти ҳам мана шу йўлларга қиёс. Бу йўл текис, равон эмас. Унинг ўнқир-чўнқирлари, тош-қақирлари, чанг-тўзонлари бор. Ижодкорлик ҳам шу. У баъзан юксакликка, баъзан эса адашувга олиб келиши ҳеч гап эмас. Отабек қоронғулик ичра кўздан ғойиб бўлган ҳалиги савдойи одамни бир неча марта кўрган. Одамларнинг айтишларича, у севган ёридан жудо бўлгач, ақли-хушини йўқотиб, шу ҳолга келиб қолган экан. Ижод ҳам ана шу ошиқни эслатади. Уни йўқотган одамнинг ахволига вой. Ҳа, Отабек ҳам адшиб қолгани аниқ . У ижод билан биргаликда нисор қалбларга ёрдам бериш орзуси билан яшарди. Хайрия ва саховат ишларида фаол иштирок этарди. Баъзан
телевизион ижодидаги қаҳрамонларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилар, улар билан танишган муштарийлар ҳис этишлари учун, идрок қилишлари, уларнинг дард-армонларини ўзларининг дардлари, халқимиз армонлари эканлигини томошабинларга етказиш ниятида ўзи ҳам ана шу кўйга кирар эди. Экранда қаҳрамон кулса, кулар, йиғласа, қўшилишиб йиғларди. У фақатгина экранда эмас, ҳаётда ҳам мардона бўлишга интиларди. У ўзи учун жонкуяр журналист Отабек Юсупов образини — қиёфасини яратиб олиб, ана шу қиёфанинг руҳий қобиғидан чиқиб кета олмас, ўзини ҳам қаҳрамонлари каби кўпинча нисор сезарди, қаҳрамонлари каби эзгулик ва яхшиликка интиларди. Кўпинча ғолиб ҳам чиқар эди. Ўғли Зафарга ҳам ана шундай жасурликни, мардликни ва адолатпарварликни ўргатишга, унинг қалбида ватанга ва унинг одамларига бўлган чексиз муҳаббат уйғотиш ишқи билан ёнарди. Аммо бугунги кунларда замон тубдан ўзгариб кетган эди. Ўғли Зафар ва унинг тенгқурлари шу замонга тез мослаша олишар, кўп воқеа ва ҳодисаларга шубҳа билан ёндашар, ўзларини ҳимоя қилишни билар эдилар.
Отабекнинг ёши олтмишларга яқинлашиб қолган бўлса ҳам эски қолибда, китобларда ўқиган, ота-боболардан ўрганган эзгу фазилатлар қолипидан чиқа олмас эди. Кўп ҳолларда ўғли Зафар ҳам отасидаги ўта кўнгилчанликни сезар, ҳаммага ҳам ишонавериши ва болаларга хос самимий хислатларидан панд еб қолиши мумкинлигини айтгиси келарди. Аммо у ҳеч қачон отасининг раига қарши бора олмасди. Шу туфайли кўп нарсаларни ичига ютарди. Унга гап қайтармас, фикр ҳам билдирмас эди. Чунки отаси ўзғи Зафар учун ижодкорларга хос кўп фазилатлари билан ибрат эди. У отасидан университетларда эшитмаган, журналистик фаолиятнинг ўзига хос сир-асрорларини болалигиданоқ руҳига сингдирган эди. Аммо тижорат, хайрия, пул ва молияга алоқадор ишлар ўғлига ёқмас, отасининг чор-атрофини фирибгар, ёлғончи, очкўз ва худбин одамлар ўраб олганлигини билиб, жаҳли чиққанда икки оғиз сўз билан “фириб” ёки “фуфло” деб қўяр эди.
Зафар телевизион ижодга болалигидан қизиқар, отаси муҳбир бўлиб ишлаган пайтларида унинг ёнида юришни, суратга олиш жараёнларини томоша қилишни яхши кўрар эди. Оилавий альбомларида бир сурат сақланиб қолган экан. Уни фотомуҳбир Асқар Саматов суратга олган бўлиб, Отабек сайёҳ журналист Тошмамат Рўзибоевга микрафон тутиб, ундан интервью олмоқда. Тасвирчи Рафаэль Камолов буни суратга туширяпти. Беш ёшлар чамасидаги болакай томоша қилиб турибди. У Отабекнинг ўғли Зафар эди.
* Ота, мен ҳам журналист бўлсам, муҳбирлик қилсам бўладими? — деб сўради болакай.
* Бўлади, албатта бўлади — деди Отабек ўғлига тушунтирар экан. — Аммо бу оғир ва жуда кўп меҳнат талаб қиладиган касб. Машаққати бор, машаққати кўп, ўғлим.
* Машаққат нима?
* Ўғлим, биз бугун ана шу машаққатни суратга олаяпмиз.
Ўшанда Отабек Тошмамат Рўзибоев ҳақида “Излаганлар…” деб номланган телеочерк тайёрлаган дамлар эди. Сайёҳ журналист Тошмамат Рўзибоевнинг ўзига хос саёҳати ўз даврида улкан жасорат деб баҳоланган . Тошмамат Рўзибоев 1969 йилда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Шароф Рашидов номига В.И.Ленинниннг 100 йиллиги муносабати билан “Ленин изидан…” деб номланган саёҳатга чиқиш нияти билан мурожаат қилади. Унинг истаги ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланади. Тошкентда уни катта тантаналар билан кузатишади. У Қозоғистон орқали Сибирга, сўнгра Қозон, Нижний Новгород, Москва, Ленинград, Выборг, Ульяновск каби шаҳарларга пиёда саёҳатга чиқади. У ёлғиз ўзи тахминан ўн минг километрча масофани босиб ўтиб, йўл очеркини ёзади. Унинг бир неча йўл очерклари, таассуротлари ёш журналист Шароф Убайдуллаев таҳрири остида “Совет Ўзбекистони” газетасида чоп этилиб туради. Тошмамат Рўзибоевга ушбу саёҳат муваффақият олиб келмади. У яқинларидан узоқлашади. Оилавий муаммолар пайдо бўлади. Аниқроғи, оиласи барбод бўлди. Сафар чарчоқлари билан йўл азобини бошидан кечирган ижодкор учун ижодий изланишлари ҳам кўнгилдагидек натижа бермайди. Унинг устида давлат ҳам омадсиз одамни ҳамиша ҳам қўллаб-қувватлайвермаслиги аниқ бўлиб қолди. Катта “шов-шув” билан бошланган тадбир тез фурсатда унутилади. Орзулар саробга айланади. Совет империяси идеологияси найрангларидан қанчадан-қанча нисор қалблар азият чекди. Улардан бири “Совет Ўзбекистони” газетасининг мухбири Тошмамат Рўзибоев эди. Отабек ўшанда унинг оила аъзолари билан учрашиб, рафиқаси билан яраштиришга уриниб кўради. Кўрсатув намойиш қилингандан сўнг, одамлар яна шундай фидойи инсонлар борлигини билдилар. Бир неча йиллардан сўнг Отабек яна Тошмамат аканинг хонадонига борган эди. Маълум бўлишича, у оиласини қайта тиклай олмабди. Сайёҳ журналист Тошмамат Рўзибоев Сирдарё вилоятининг қишлоқларидан бирида ёлғиз яшаб дунёдан кўз юмиб кетибди. Бутун бир жамиятнинг инсон тақдирига шунчалар бефарқ қараганлиги Отабекни чуқур ўйга толдирган эди, ўшанда. “Излаганлар…” деб номланган ушбу телеочеркдан қолган ягона хотира, ана шу сурат.
Бу юртдан не-не журналистлар чиққан. Ҳамма ҳам Шароф Рашидов каби таниқли ёзувчи, журналист ва давлат арбоби бўлиб етишавермайди. Айтишларича, бу касбдан оғир касбнинг ўзи йўқ. Турли бахтсиз ҳодиса сабабли ҳалок бўлган шахтиёрлар сонидан ҳалок бўлган журналистларнинг сони кўпроқ экани қайд этилган. Бу оғир касбни Отабекнинг ўғли ҳам танлади. Зафар ҳам бир сўзли, қатъиятли. Лекин унга ўхшаган журналистларга талаб кам. Миллий университетнинг магистратурасини тугаллаган бўлса ҳам, ҳали тайинли иш топгани йўқ. Отабекнинг ўзи ҳам кейинги йигирма йиллар давомида бирорта таҳририятдан кўнглига ёққан, аниқроғи, қўлидан келадиган иш топган эмас. Ўзбекистон телерадио ташкилотига, Кино агентлигига, Ҳужжатли фильмлар студиясига ўз лойиҳаларини тақдим этиб, ўн йиллар давомида кўп марталаб оддий иш сўради. Аммо хеч ким унга эътибор ҳам қилмади. Бу идораларда ўшандан
буён раислар, бошлиқлар алмашаверди, Отабекка боғлиқ муаммо эса қолаверди, ечилмади. Унга ҳам алам қилади. Отаси Ёқубжон ота бод-бод такрорлаган гапни эслайди: “ Ўғлим, иложини топсанг, телестудиядан қетма, ҳатто қоровул бўлиб ишласанг ҳам розиман!” Бўзчи белбоққа ёлчимас, деган мақол журналистлар учун айтилган бўлса ажаб эмас.
1990 йилнинг 21 март куни Ўзбекистон телевидениесида биринчи марта “Наврўз” узлуксиз телемарафони ўтказилган эди. Ушбу кўрсатув ўзбек халқининг меҳр-шафқат чақириғи бўлиб, бутун элни бир мақсад сари бирлаштирди. Ёрдамга мухтож қариялар, бева-бечоралар, кўп болали оилалар, етим-есирлар, ногиронлар ва беморлар учун, энг аввало, меҳр рамзи сифатида миллионлаб сўм маблағ йиғилди. Одамларни савобли ишларга чорловчи умумхалқ бонги, айтиш жоиз бўлса, жамиятни ғафлатдан уйғотувчи азон бўлди. “Наврўз” кўрсатуви йигирма беш соату, тўққиз дақиқа бетўхтов давом этди. Кўрсатув муаллифи ва олиб борувчиси Отабек эди. Унга катта шон-шуҳрат ва муваффақият келди, элнинг улуғ олқишига сазовор бўлди. Ўша кунларнинг бирида унинг хонадонига ўнлаб мухбирлар келишди. Унинг ғарибона кулбаси одамлар билан гавжум.Мухбирлардан бири суратга олиш жараёнида унинг оила аъзолари билан суҳбатлашди. Хотини Ферузабонуга мухбир савол билан мурожаат қилди:
— Турмуш ўртоғингизнинг бу муваффақиятида Сизнинг ҳам улушингиз бор деб ўйлаймиз, шундайми?
— Билмасам. Мен уч фарзанд билан уйдаман. Ўзим туғруқхонада доя бўлиб ишлайман. Эрим қувонса, қувонамиз, истироб чекса, куямиз. Оғир экан. Худога шукур. Унинг бу ютуғи кўп марта, йиллаб қилган ижодий ишланишлари, бедор тунларининг ҳосили бўлса керак, — деб Ферузабону йиғлаб юборган эди, ўшанда. Сўнгра мухбир микрафонни беш ёшдаги Зафарга тутди:
— Ўғил бола, сен катта бўлсанг ким бўласан, ким бўлмоқчисан?
— Мен Отабек Юсуф бўламан, — деб жавоб берди у. Унинг бу сўзини миллионлаб томонабинлар кўрдилар. Баъзилар бу гап болакайга атайлаб ўргатилган, деган фикрга ҳам келди. Аслида бу ўйламасдан, кутилмаганда айтилган жавоб эди. Онаси уни шифокор бўлиши хоҳларди. Мен ўғлимнинг ҳуқуқшунос бўлишини истардим. Унинг назарида отаси энг яхши одам, эзгу ишларни қилувчи инсон. Тоғаси Шуҳрат заводда инженер бўлиб ишлайди. — Сени даданг “жиннича” телестудияда ишлайди, нима иш қилиши аниқ эмас, иш вақти ҳам белгиланмаган, кеч тунда уйга кириб келади. Баъзан неча кунлаб келмайди ҳам. Дабдурустдан сафарларга кетиб қолади, — дерди. Зафарнинг — Отабек Юсуф бўламан, — деган нияти унинг вужуди билан улғайиб, руҳи билан юксалиб борди. Шу ният сари интилди.
— Зафар, ўғлим, — деди Отабек. — Сен бошқа касбни танламайсанми? Журналистликдан бойиб кетган бирор кимсани билмайман. Ҳеч бўлмаса сартарош, чилангар ва чеварликни ўрганиб қўйсанг, ҳаётда асқотади. Мен ҳам Тошкент зилзиласи йилларида, талабалик вақтимда қоровул бўлиб ишлаганман, қурилишда плиткачи бўлиб ҳунар ўрганганман. Журналистнинг иши осон эмас. Баъзан керак бўласан, баъзан эса, кераксиз.
Кунларнинг бирида Миллий университет журналистика факультети талабалари билан Отабекнинг учрашуви бўлган эди. Учрашувда талабалардан бири унга савол билан юзланади: —Ҳурматли устоз, сизга анъанавий савол билан мурожаат қилмоқчиман. Қайта дунёга келсангиз яна, албатта, шу касбни танлайсизми?
—Саволингиз ўз жавоби билан эканлигини сезганга ўхшайсиз. Кеча телевизорда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова билан ижодий мулоқот бўлди. Кўпчилик кўрган бўлса керак. У “Яна қайта туғилсам, албатта, яна хонанда бўламан”, деди. Аллоҳ таоло яна қайтадан яшаш имконини берса мен бошқа касбни танлар эдим. Чунки журналист сифатида мен қўлимдан келганича хизмат қилдим.
Талабалар Отабекнинг сўзини давом эттиришга йўл қўймадилар. Кўпчилик бу жиддий жавобдан таажжубга тушса, кўпчилик шунчаки ҳазил жавоб деб қабул қилдилар. Талабалар ўз саволларига аниқроқ жавоб кутардилар. —Унда айтинг, қайси касбни танлаган бўлар эдингиз? “Мен прокурор бўлар эдим”. Отабекнинг бу жиддий жавобини, барча журналист талабалар тушундилар. Улар бу жавобдан қониққан эдилар.
Ўғли Зафар масаласига келсак, у ҳам ана шундай руҳда тарбияланган, қолаверса, улғайган эди. У отасининг саволига, — мен миллионлаб одамларга телевизор орқали беш ёшимдаёқ Отабек Юсуф бўламан деб ваъда берганман. Демак, журналист бўлишим керак. Сизнинг ишингизни давом эттиришим ҳаётимнинг мазмунидир. Аллоҳ ҳар бандани ўзи яратади, ўзи ризқлантиради. Бир амаллаб болаларимни боқиб оларман, — дея жавоб қайтарарди. — Иншааллоҳ болам, орзуларинг ўшалсин. Мени ва касбимни улуғлаяпсан, сени Аллоҳ улуғласин, эл-юрт эъзозласин, ижодий ютуқлар сенга хамиша ёр бўлсин, — дея Отабек ўғлини дуо қилади.
Отабекнинг ўғли ҳам Миллий университетнинг журналистика факультетида тақсил олгани учун бўлса керак, доим отасини огоҳлантирарди:
— Дада, “фалон” фандан дарс берувчи ўқитувчи талабалардан баҳо эвазига пора олади. Уни ҳеч ким ҳурмат қилмайди, — дерди.
— Нима, сен мени шундай тубанлик қилишим мумкинлигига ишонасанми? Биласанку, мени!,— Отабек ўғлини койиди.
— Йўқ. Ишонаман, аммо ўртада шайтон бор. Ахир, менинг ўқишим учун шартнома маблағини ҳам бир амаллаб тўлаяпсиз, оиламизда фақат ўзингиз ёлғиз ишлайсиз. Онам ишламаса. Менинг аҳволимни ўзингиз кўриб турибсиз.
— Ғам қилма ўғлим, мен келажакдан пора оламанми ёки сенинг юзингни ерга қаратаманми?
Буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг катта ўғли Санжардан газета мухбирлари сўраб қолишади: “Отангизнинг дунёда машҳур асарларидан қандай фалсафа ёдингизда қолган?”. У жавоб беради: “Сиз мендан отамнинг фалсафасидаги умуминсоний қадриятларни куйлагани, дунёнинг миллат ва чегарабилмас адибига айлантирди, деган жавобни кутмоқдасиз. Аммо мен унинг “Фудзиямага кўтарилиш” пъесасидаги “ бугунги кунларда инсон қандай қилиб, инсон бўлиб қолиши керак!”, деган ҳитобининг мағзини
чақишга интиламан. Асарда илгари сурилган ғоянинг қудрати ҳам шунда”,— деган эди Санжар Айтматов.
Ҳа, инсон инсонлигича қолиши керак.
Абу Лайс ас-Самарқандий “Танбеҳ-ул ғофилин” деб номланган асарида касб офати ва ҳаромдан ҳазар қилиш деб номланган бобида шундай айтади: “Бу гапни бир зоҳид тафсир қилган: Амирлар халқнинг тартибини сақлашади. Олимлар пайғамбарларнинг меъросхўрлари. Улар халққа охиратни англатиб туришади ва одамлар уларга эргашади. Қуролли аскарлар Аллоҳнинг аскарлари. Улар мусулмонлар тинчлигини сақлаш учун керак. Аммо чўпон бўрига айланса, подани ким боқади, ким сақлайди? Олимлар илмни ташлаб, дунё билан шуғулланиб кетишса, халқ кимга эргашади? Аскарлар юқори мансабга интилса ва таъма учун чиқса, халқини душмандан қандай ҳимоя қилади? Касб эгалари ҳиёнат қилсалар, одамлар улардан қандай омонлик топишади?”
Истайсизми, йўқми, журналист бу — олим, олим бўлганда ҳам ҳар куни, ҳар он, ҳар лаҳза кашф қилувчи олим. У одамларни эзгу ишларига бошлайди. Эзгулик манзили томон етаклайди. Гоҳида амирлар мисоли ўз ижоди билан халқ тартибини сақлайди, одамларни ҳалолликка чорлайди. Керак бўлса, эл бошига иш тушганида кўкрагини қалқон қилади. Чўпонларнинг бўри бўлмаслиги учун қайғуради. Агар улар ўз касбларини ташлаб кетишса, халқ кимга, нимага эргашади. Ҳақни, ҳақиқатни, адолатни топиш осон эмас. Бу йўл, ҳавф-хатарли йўл. Аммо жаннат йўлидир. Аллоҳнинг ўзи бу йўлда мададкор бўлсин. Барча ёмонликлардан ўзи асрасин. “Ўғлим Зафар муродига етсин. Иншаллоҳ, элнинг севимли ижодкори бўлсин”. Отабек шуларни ўйлаб
ўтирар эди. Унинг ёнига такси машинаси келиб тўхтади. У машинага ўтириб, номаълум томонга жўнаб кетди…
(Давоми бор)