• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Махфий Хизмат Салтанати (Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига шарҳ) (1-мақола)

Авг 17, 2018
«Дунё ўзбеклари»дан:
2017 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон махсус хизмат раҳбари, генерал полковник  Рустам Иноятов 73 ёшга тўлди.
Республика МХХ сини 1995 йилдан бўён бошқариб келаётган Раис йил охирига қадар истеъфога чиқарилиши мумкин.
Унинг ишдан кетганидан сўнг у ҳақда ёзувчилар, ўзича башорат ва кашфиёт яратувчилар кўп бўлади.
Шунинг учун ҳам биз у ҳали ўз лавозимида мустаҳкам ўтирган пайтда, у ҳақда, у раҳбарлик қилаётган энг ёпиқ ва қудратли идора ҳақида ўз сўзимизни айтишга қарор қилдик…

Исмат ХУШЕВ: МАХФИЙ ХИЗМАТ САЛТАНАТИ

 

Рустам Иноятов одамларни алдаш ва ёлғон гапиришни таржима ҳолидан бошлаган…
МХХ раиси тарихда қандай ном билан қолади?
Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига шарҳ
 
Муқаддима.
Ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун олдиндан айтиб қўйишимиз керак.
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматини 1995 йилдан бўён бошқариб келаётган Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига берилган бу шарҳ — махсус хизмат идораси салтанатининг чорак асрлик фаолиятига берилган бу баҳо — журналист Исмат Хушевнинг шарҳи ва баҳоси. Уни мутлақ ҳақиқат деб қабул этмаслик керак.  Бу бобни ўқиб, Исмат Хушев МХХ га қарши экан деб  ҳам ўйламаслик керак.  Биз МХХ нинг ўзига эмас, балки унинг бугунги сиёсатига — ўзбек халқидан душман ясаш ва яратиш сиёсатига қаршимиз. Бу бизнинг ҳақиқатимиз. Журналист Исмат Хушевнинг ўзи билган ва кашф қилган ҳақиқати, холос.
Бу идора ва унинг қудратли раиси ҳақида бошқаларда бошқача тасаввур ва бошқача ҳақиқатлар ҳам бўлиши мумкин. Биз ўз фикр ва хулосамизни барча қабул қилиши шарт деган худбинона фикрдан йироқмиз. Мақсадимиз — бу ёпиқ идора ҳақида кўпроқ ёзилиши керак. Халқимиз бу ерда қандай одамлар ишлаётганини, улар нима билан машғул эканини билишлари шарт. Ўзбек чекистлари ўз профессионал вазифалари билан шуғулланаяптиларми ёки аксинча, «Мамлакат ва давлат хавфсизлиги» ниқоби остида бошқа ишлар билан банд бўлиб қолдиларми? Уларнинг руҳияти, кайфияти яхшими, орзу умидлари борми? Оила ва бола чақаларининг аҳволи қалай? Бу оилаларнинг жамиятда тутган мавқеи ва нуфузи қандай? Улар ростдан ҳам хориж матбуоти айтаётгани каби мислсиз даражада бой ва шоҳона яшайдиларми ё бу фақат уларнинг айрим нуфузли раҳнамоларига алоқадор гапми?
Уларга чорак асрдан бўён раҳбарлик қилиб келаётган ва Ўзбекистонда махфий хизмат салтанатини яратган раҳбар аслида қандай одам? Қандай оилада туғилиб ўсган, улғайган ва камол топган?  Қаерда ўқиган ва қандай ўқиган? Унинг ота онаси кимлар, қайси соҳада ишлашган, улар аслида қандай одам эди? Рустам Иноятовнинг МХХ раиси бўлиб шаклланишида оила ва ота онанинг ўрни ва роли қай даражада? У қандай қилиб ва ким орқали Ислом Каримовнинг ишончига сазовор бўлди? МХХ раисининг Ўзбекистон биринчи Президенти билан ўзъаро муносабатлари аслида қандай бўлган?
Қолаверса, ўзбек журналистикасида ҳали ҳеч ким қўл урмаган ўта нозик ва махфий мавзуга қўл урган лейтенант Исмат Хушевнинг генерал полквоник Рустам Иноятов билан ўзъаро ва шахсий муносабатлари қандай эди? Исмат Хушев МХХ ва унинг қудратли раиси билан қандай қилиб ва ким орқали танишган? Ҳаммага ҳам ҳаётда учрашиш насиб этавермайдиган бу ёпиқ идора ва унинг биринчи раҳбари билан журналистни ким ўртада воситачилик қилиб, боғлаб турган? Умуман, МХХ раиси ва унинг ёпиқ ва қудратли идорасига Исмат Хушевнинг қандай алоқаси бор?
Унинг уч-тўрт йил бурун кутилмаганда Ўзбекистонга сафар қилишида МХХ идораси қандай рол ўйнаган? Президент Ислом Каримов, МХХ раиси Рустам Иноятов ва журналист Исмат Хушевларгагина аён бўлган бу  «сирли ва синоатли» сафар тафсилотлари қачон очиқланади? Умуман, бу ёпиқ ва хуфия идора ҳақида ёзишга Исмат Хушевнинг маънавий ҳаққи ва ҳуқуқи борми?
Биз ўз хотиралар китобимизнинг мазкур бобида ана шу ўринли саволларга баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз — бизнинг бу ёзганларимизни ўқиган халқ ҳам, ўзбек чекистлари ҳам, ҳатто Рустам Иноятовнинг ўзи ҳам келтирилган далил ва исботлар қанчалар оғир ва азобли, аччиқ ва аламли бўлмасин, ижодий изланишларимизга тан бериши ва ўзбек журналистлари ҳам, агар исташса, нималарга қодир эканини ўз раислик умрида ҳеч бўлмаса бир бор билиши ва қойил қолиши керак деб ўйлаймиз. У пенсияга чиққанидан кейин эса, унга ва унинг идорасига тош отувчи қаҳрамонлар кўп бўлади. Биз уларнинг сафида бўлишни истамаймиз.
Мард бўлсанг — рақибинг амалда, лавозимда турганида юзига гапир, кетганидан кейин эмас…
1.
Амир Темур давридан яхши маълумки давлат хавфсизлиги билан шуғулланувчи хуфия хизмати ҳамиша шаҳаншоҳнинг ўнг қўли бўлган.
Ундан ҳам аввалроқ ҳар бир салтанатда – давлат хавфсизлигини ўз зиммасига олган шахслар бўлган.
Чунки, давлат борки, унинг хавфсизлик хизмати ҳам бўлиши табиийдир.
Ҳатто, ибтидоий жамоа даврида ҳам унинг ўзига хос шакли бўлган.
Масалан, қабила бошлиғи биринчи навбатда қўриқчисига суянган…

 

2. 
Ўзбекистонда ҳам совет давридан бошлаб хуфия хизмати Феликс Эдмундович Дзержинский жанобларининг саъй ҳаракати билан Фавқулодда Комитет (ЧК) дан тортиб — Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) га қадар шонли ва суронли йўлни босиб ўтди.  
Октябрь инқилоби ғалабасидан бошлаб ҳисобга оладиган бўлсак, Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати идорасига оз мунча раҳбар келиб кетмади.
Мамлакат  танасида улар солган чандиқлар ҳам сон саноқсиз: Истеъдодли ижодкорлар Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар — НКВД томонидан ҳибсга олиниб, қатл этилдилар.
Қолаверса, ўзбек халқининг асл фарзандлари, давлат ва жамоат арбоблари Файзулла Хўжаев, Акмал Икромовларни ҳам бу хуфия хизмат машинаси ўз домига тортиб кетди…

 

3. 
Мустақилликка қадар Ўзбекистон махсус хизмат идораси раҳбарлари рус ва ё бошқа миллатга мансуб бўлиб, улар бу лавозимга фақат Москва томонидан тайинланар эди.
Ўшанда – Ўзбекистонда эрта бир кун маҳаллий миллат вакилининг хавфсизлик хизматига раҳбар этиб тайинланиши  ўзбекларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди.  
СССР Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) – 1954 йилда ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятини 1991 йилга қадар давом эттириб келди.
СССР давридаги КГБ нинг асосий вазифаси – Давлат ва ҳукумат, мамлакат хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашдан иборат бўлган.
Айни пайтда разведка ва контразведка билан шуғулланиш, жиноят қидирув ишларини олиб бориш, уюшган жиноятчиликка қарши кураш, Давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш баробарида – КПСС Марказий Комитети ва ҳукумат раҳбарларини қўриқлаш, уларни ташқи хавф хатар ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш ҳам хуфия ва мазхсус хизматларнинг асосий вазифаси ҳисобланган.
Шу билан бирга махсус хизматлар – миллатчилик, ирқчилик, “ўзга фикр” соҳиблари (инакомыслие) ва совет тузуми душманлари  (антисоветчики)га қарши курашни ҳам ўзларининг биринчи галдаги вазифаси деб билган…

 

 4.
Совет давридан то 1991 йилга қадар Ўзбекистон хавфсизлик идораси (КГБ) га – у ташкил этилганидан бўён — саккиз киши раҳбарлик қилган.
Ўзбекистон КГБ сининг энг биринчи раҳбари – Бызов Алексей Петрович бўлиб, у 1954 йилдан 1960 йилга қадар ўзбек хуфия идорасини бошқарган.
Ундан кейин Наймушин Георгий Федорович (1960-1063), Киселев Сергей Иванович (1963-1969), Бесчастнов Алексей Дмитриевич (1969-1974), Нордман Эдуард Болеславович (1974-1978), Мелкумов Левон Николаевич (1978-1983), Головин Владимир Александрович (1983-1989) ва ниҳоят Моргасов Анатолий Сергеевич (1989-1991) лар турли йилларда Ўзбекистон КГБ сини бошқариб келишган…
Кўриб турганингиздек, уларнинг орасида бирорта ҳам маҳаллий миллат вакилининг муборак исми шарифини учратмайсиз… 

 

5.
Фақат Ислом Каримовнинг жасорати ва тобора яқинлашиб қолган  Мустақиллик шарофати билан бу креслога  ўзбек миллатига мансуб бўлган жасур ва фидойи инсонлар ўтирадиган бўлди.
Ислом Каримов жасорати дейишимизнинг боиси – Ўзбекистон ҳали СССР таркибида турган пайтдаёқ у кишининг журъат ва қатияти билан махсус хизмат тизимига ўзбек миллатига мансуб бўлган генерал бошчилик қила бошлади.
Бу – Ўзбекистон Давлати Хавфсизлик Хизматининг биринчи миллий раҳбари, генерал полковник Ғулом Алиев эди. Ўрта бўйли, қорачадан келган, қадди қомати келишган Ғулом ака асли Андижондан бўлиб, ниҳоятда маданиятли ва хушмуомила инсон эдилар. Ислом Каримов обкомнинг биринчи секретари бўлиб Қашқадарёга келганда, Ғулом Алиев бу ерда вилоят КГБ сини бошқарарди.
Демоқчимизки, Ғулом Алиев Қаршида Ислом Каримов назарига тушган ва ишончига сазовор бўлган.
 Ҳали СССР тарқаб кетмаган, ҳали бирорта совет республикасида маҳаллий миллат вакили КГБ га раҳбар бўлмаган бир пайтда, Ислом Каримовнинг бу қарори Москва учун кутилмаган, ёқимсиз ва исталмаган Қарор эди, албатта.
Кейин Ўзбекистон Мустақилликни қўлга киритганидан сўнг –1991 йилдан эътиборан СССР давридаги Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) – Ўзбекистон Президенти Фармони ва Вазирлар Маҳкамаси Қарори билан – Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) га айлантирилди.
Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига шарҳ берилган «Хуфия идорада биринчи миллий раҳбар» номли бобда бу ажойиб инсон ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишингиз мумкин… 

 

6.
Лекин Миллий Хавфсизлик Хизмати тизимига “асл фидойи ўзбек” – 1995 йилдан эътиборан тайинланди десак муболаға бўлмаса керак.
Ўзбекистон чекистлари тарихида “зафарли ва шонли” йўлни бошлаб берган ҳақиқий раҳбар, биз истаймизми йўқми – Рустам Расулевич Иноятов номи билан боғлиқ.
Биз бу ҳақиқатдан кўз юмолмаймиз.
Ўтган қатор йиллардан бўён Ўзбекистонда барқарор тинчлик ва тотувлик ҳукмрон экан, бу албатта, биринчи навбатда Ислом Каримов номи билан боғлиқ эса-да, бироқ бу борада  Рустам Иноятовнинг ҳам роли беқиёсдир.
Ўзбек давлатчилиги тарихида Ислом Каримов энг юқори чўққини эгаллагани каби, Миллий Хавфсизлик Хизмати тарихида ҳам Рустам Иноятов худди шундай ўзига хос муборак шоҳсупани эгаллаб қолишига шубҳа йўқ.
Лекин қайси тарафдан – ҳамма гап мана шунда…

 

7.
Икки қўлимизни кўксимизга қўйиб, инсоф ва диёнат билан тан олишимиз керакки — Ўзбекистон МХХ да яхши ишлар талайгина.
Шу яхши ишларнинг энг яхшиси ва олий нуқтаси – мамлакатнинг тинчлиги ва осойишталиги.
Ўзбекистонда эса тинчлик ва осудалик барқарор ва муқаррарлигини, юқорида таъкидлаганимиздек, бу юртнинг душманлари ҳам инкор этолмайди.
Ана шулардан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак:
Тинчлик ва осойишталик  Ўзбекистонда абадий давом этсин! Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимларига шон шарафлар бўлсин!!!

 

8.
Бу дунёда чекистлар кўп.
 Лекин генерал полковник  Рустам Иноятов феномени – ўзбек миллий хавфсизлик тизими тарихида ягонадир.
Унинг ўзига хос ҳайратли ва ҳасратли феноменини миллий хавфсизлик хизмати мактаби ва дорилфунунларида ҳали такрор ва такрор тадқиқ этадилар, ўрганадилар, ҳайратланадилар ва нафратланадилар.
Сабоқ оладилар, аччиқ ва аламли хулоса чиқарадилар…

 

9.
 Албатта Миллий Хавфсизлик Хизмати тизимининг барча фаолияти хусусида кенг жамоатчилик мукаммал тасаввурга эга эмас.  
Бу хизмат тури табиийки, ўзига хос сир-синоатларга лиммо лим.
 Бироқ унинг асосий мезони – мамлакатнинг тинчлик ва осойишталик тарозиси билан ўлчанади.
Мана чорак асрдирки, Рустам Иноятов бош бўлган хавфсизлик тизими фаолият олиб бораётган мамлакатда тинчлик қуёши барқарор ва у ҳануз баралла нур сочиб турибди.
Буни ҳатто мамлакатнинг ҳар бир яхши қадамини кўролмайдиган рақиблар ҳам, Ватанидан жудо қилинган мухолифат ҳам тан олишга мажбур…  
Бу ҳаммаси бор гап. Бундан кўз юмолмаймиз.
Лекин Ўзбекистонда чорак асрдан бўён ҳукм суриб келаётган бу “сирли ва синоатли” тинчлик нималар эвазига қўлга киритилаётганини билсак, унинг асосий “ижодкори” қайси идора эканига эътибор қаратсак, кўп нарсалар ўз-ўзидан ойдинлашади…

 

10.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганига ҳам чорак асрдан ошди. 
Шу даврда Мустақил Ватанимизда миллион миллион янги авлод дунёга келиб, ўсиб улғайди, камол топди. Бугун ривожланган ва равнақ топаётган янги Ўзбекистон давлати Европа Иттифоқи билан бир қаторда  дунё ҳамжамиятининг энг олдинги сафларида турганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.
Лекин шунга қарамай баъзи оммавий ахборот воситаларида, хусусан, хориж ва мухолифат сайтларида Ўзбекистон махсус хизматлари шаънини асоссиз ерга уриш, улар қилаётган матонатли ва фидойи меҳнатни қадрсизлантириш каби уринишлар ҳам кўзга ташланиб турибди.
Бизни ажаблантирган ва янада ҳушёрроқ бўлишга ундаган нарса шуки, бундай бир ёқлама пропагандага жамиятимизда ишонадиган ва уни қўллаб қуватлаётган кишилар ҳам пайдо бўлмоқда.
 Айниқса, баъзи ёшларимиз махсус хизматлар фаолияти ва мақсад моҳиятини мутлақо тушунмаган ҳолда, ўта зарарли ва давлатнинг таянч асосларига тамомила путур етказадиган бундай аламзада ва бемаъни тарғибот ортидан осонгина эргашиб кетмоқдалар…
Ўзбек халқи ўз мустақиллигини осонгина, қон тўкиш ва жангу жадалсиз қўлга киритгани боис баъзи ҳолларда жамиятда Оллоҳ ато этган бу неъматнинг қадрига етмаслик каби ҳолат ва кайфиятларни ҳам кузатиш мумкин. «Дунё ўзбеклари» дастлаб бу борада  «Уруш кўрмаган миллат Ёхуд айтилмаган аччиқ ҳақиқатлар» номли туркум мақолалар эълон қилишни режалаштирган эди. 
Унда миллатимизнинг асл киёфасидаги камчиликлар, жумладан, хакикатда уруш курмаганлиги, мустакилликни хам осонгина кулга киритгани сабаб, аҳолининг бир қисми — асосан ёшларимиз  бу неъматнинг кадрига етмаётганлиги, бу жуда катта ижтимоий хавф эканлигини очиб бермоқчи бўлдик.
Шу билан бирга, бугунги кунда миллат хавфсизлиги учун масъул бўлаётган, керак булса — жонини фидо килаётган Махсус Хизмат Тизимини “разоблачать” килишлар, оммавий ахборот воситаларида коралашлар эрта бир кун давлатни таназзулга олиб келиши ҳақида ҳикоя қилишга жазм этган эдик.
Ўшанда биз Миллий Хавфсизлик Хизмати ва унинг жасоратли, фидойи ходимлари ҳақида ана шундай ширин ва ёруғ ниятларда эдик. Эрта бир кун ўзимиз ҳам бу идора ва унинг қудратли раисини қоралаб мақолалар ёзишни хаёлимизга ҳам келтирмаган, тасаввуримизга ҳам сиғдирмагандик…
11.
Шу муносабат билан кейинги йилларда Ўзбекистонда махсус хизматлар кўпроқ фитна уюштириб, озроқ қонун доирасида Конституцион тузумга қарши тажовуз, терроризм ва диний ақидапарастлик кўринишларининг олди олинганлиги ҳақидаги — шу соҳада кўп йиллар хизмат қилган юқори даражали мулозимларнинг «ўта махфий» деб номланган шахсий папкасида жамланган ҳужжат ва маълумотлар билан танишишга муваффақ бўлдик.
Унда идорада қасддан тайёрланган ва «Президент ҳузуридаги Ҳавфсизлик Кенгаши» томонидан тасдиқланган фитналар бўйича йил сайин у ёки бу жиноий модда (асосан 159) ни бегуноҳ инсонларнинг бўйнига қийноқлар қўллаб бўлса-да, юклаб қамаш лозимлиги, кўп соҳаларда нуфузли ва ҳур фикрли одамларнинг қанчасини «қора рўйхат»га тиркаш даркорлиги ҳақида махсус кўрсатмалар баёни берилган. Кейинроқ биз бундай ҳолатларни қўлимиздан келганича кенгроқ ошкор этишга ҳаракат қиламиз.
Бу «сирли ва синоатли» тилсим билан танишгач, биз юқорида тилган олган тинчлик ва осойишталик нималар эвазига қу ўлга киритилгани ойдай равшан бўлди. Айни пайтда, шу пайтга қадар биз қадрлаб, фахрланиб келган махсус хизмат идораси фаолияти ҳақидаги нурли ва мунаввар туйғуларимиз, ёруғ ва музаффар тасаввурларимиз, минг афсуски, хато эканини,  саробга айланганини англаб етдик. Уларнинг ўрнини ўлчаб бўлмайдиган чексиз бир нафрат ва маломат эгалладики, бу алам ва ситамларни мухлисларимиз билан ўртоқлашмасак, виждонимиз абадул-абад қийналади.
Бир сўз билан айтганда, биз Ўзбекистонда чорак аср — Рустам Иноятов бошчилигидаги МХХ ташкилотининг иғвогарлиги ва ёлғон сиёсати қурбони бўлганимизни, шахсий бойлик орттириш пайида ёлғон ваъдалар асосига қурилган пойдеворсиз ёлғон салтанатда яшаганимизни беихтиёр англаб етдик…

 

12.
Нега шундай бўлди? Нега чорак аср давомида МХХ ўз ҳукмронлиги ва зулмини Ўзбекистонга, ўзбек миллатига сингдиришга эришди?
Буни англаб етиш учун, энг аввало 22 йилдан бўён узлуксиз МХХ ни бошқариб келаётган Рустам Расулович Иноятовнинг таржимаи ҳолига, у ўсиб улғайган муҳит ва даврга бир назар ташласак, кўп нарсалар ўз-ўзидан ойдинлашади.
Яширмаймиз, Рустам Иноятов ҳақида бу сиёсий портретни ёзиш асносида биз у киши билан университетнинг Шарқшунослик факультетида бирга ўқиган курсдошлари, МХХ идорасида бирга ишлаган сафдошлари, ҳаётда озми кўпми ҳамсуҳбат бўлган тенгдошлари рўйхатини тузиб, узоқ давом этган изланиш ва суриштирув ишларини олиб боришимизга тўғри келди. Ижтимоий тармоқдаги юзлаб манба ва мақолалар билан танишдик. Рустам Иноятов билан Афғонистонда бирга ишлаган, Тошкент ва Москвада бирга бўлган, кейин маълум сабаблар боис Ўзбекистонни тарк этган баъзи кишилар билан дунёнинг турли нуқталарида учрашдик ва суҳбатлашдик.
Хусусан, Рустам Иноятов билан Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетида бирга ўқиган курсдоши, таниқли дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг гувоҳликлари — МХХ раисининг оддий чекистликдан раислик лавозимига қадар бўлган шонли ва суронли йўлини баҳолашда бизга яхши ёрдам берди. Мамлакатдаги бугунги муаммоларни холисона англаб етишимизга, тушунишимизга туртки бўлди.
Таниқли ҳофиз ва шоир Дадахон Хасан МХХ раисининг отаси — Расул Иноятовдан яхшилик кўрганини ҳикоя қилиб бергани — МХХ раиси қандай оилада камол топгани ва отасининг қай даражада олийжаноб ва юксак инсоний фазилатли раҳбар эканидан далолат ва шаҳодат берди…

 

13.
Рустам Иноятовнинг отаси Расул Иноятов  — Иккинчи жаҳон уруши фахрийси, ҳарбий медик, КГБ полковниги бўлган. Ўзбекистон Республикаси КГБсининг санчасти — тиббиёт ва санитария Бош бошқармасига кўп йил раҳбарлик қилган.
Бунга қадар эса у Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирлиги мулозими — учинчи Бош Бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган. Бу бошқарма олий мартабали мулозимларга ҳукумат ва давлат ҳисобидан Совет Иттифоқи ва социалистик давлатлардаги  энг сўлим ва хушманзара курортлар, дам олиш уйлари ва санаторияларига имтиёзли йўлланмалар бериш билан шуғулланган.
Раҳматли Расул ака инсон психологиясини ниҳоятда пухта ўрганган ва яхши англайдиган, одамгарчиликда беназир ва хушмуомила инсон бўлганлиги боис, республика миқёсидагина эмас, балки СССРда ҳам маълум ва машҳур эди.
У киши ўз умри давомида оддий инсонлардан тортиб — энг юқори мартабали амалдорларга, олим, ёзувчи, артист ва журналистларга ўзбекона саҳийлик ва ҳимматини,  меҳр ва мурувватини кўрсатиб, катта обрў-эътибор қозонган. Бу ҳурматли зотни каттадан кичик — Шараф Рашидовдан тортиб то Ислом Каримовгача, кичик тиббиёт ҳамширасидан тортиб бош врачларгача ҳамма баб-баробар ҳурмат қилган, қадрлаган.
Расул ака КПСС Марказий Комитети, СССР Министрлар Совети, СССР ҳудудидаги компартия обкомларининг барча (управделами) хўжалик ишлари бошқаруви раҳбарлари (бошқарув муассасалари ва кадрлар таркибининг моддий ва маиший таъминотига масъул амалдорлар) билан яқин алоқада бўлиб, дўстона ҳамкорлик қилиб келган.
Ўзбекистон КГБси кадрлари ва уларнинг оила аъзоларига тиббий ёрдам кўрсатиш баробарида КПСС аппаратининг нуфузли амалдорлари ва уларнинг оила аъзоларига республика, СССР ва ҳатто чет элнинг истаган санаторийсига: Карлови Вари (Чехославакия), Варна, Золотие пески (Болгария), Анталия (Туркия), Капри (Италия) ва бошқа курортларида дам олиб, саломатликни ўнглаш мақсадида уларга текин ёки имтиёзли йўлланма (путевкалар) ажратишда фаол иштирок этган ва жонбозлик кўрсатган.
Расул аканинг тавсияси, илтимосини ҳар қандай амалдор ўзига билдирилган юксак ишонч ва шарафдек қабул қилиб, уни доим бажонидил бажариб келган…

 

14.
Дарвоқе, бугунги МХХ раиси Рустам Иноятовнинг отаси — Расул Иноятовнинг одамгарчилиги ва инсонийлиги хусусида.
Яқинда эл суйган таниқли ҳофиз ва шоир Дадахон Хасан АҚШга келганида деярли ҳар куни телефонда суҳбатлашиб, дардлашиб турганимизни муқаддам ёзган эдим. Ана шундай дилкаш суҳбатларнинг бирида Дадахон ака менга Рустам Иноятовнинг отаси — Расул Иноятов ҳақидаги гўзал бир хотирани айтиб берган эдилар:
«Бу воқеа 1971 йил ёзида бўлган эди. Чуқур сойдаги маданий моллар базасининг бошлиғи Исмоилжон аканинг гап гаштагига қўшиқчи сифатида таклиф қилинган эдим. Ўтиришда мен ҳар турли мавзуларда қўшиқлар айтдим. Меҳмонлар мени олқишлашди. Ўтириш сўнгида азиз ва мўътабар меҳмонлардан бири Расулжон ака мени эртага ўзи ишлаётган соғлиқни сақлаш вазирлиги биносига таклиф этди. Мен рози бўлдим ва ваъдалашган пайтда Навоий кўчасидаги Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги биносининг иккинчи қаватига кириб бордим.
Расулжон ака мени илиқ кутиб олди. У киши вазирликнинг учинчи бўлимига раҳбарлик қилар экан. Биз анча суҳбатлашдик. Расулжон ака менинг қўшиқларим мухлиси эканини қайта ва қайта таькидладилар. Сўнг мени Қиримнинг Ялта шаҳридаги — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети тасарруфидаги ҳукумат Санаториясида дам олиб келишимни таклиф қилдилар. Мен рози бўлдим ва Расулжон ака ҳузуримда телефон гўшагини кўтариб Юнусов деган одамга телефон қилиб, менга ўша Санаторияда дам олишим учун йўлланма ёзиб беришини тайинладилар. Мен Расулжон аканинг бу меҳри ва мулозаматидан қувонч ва ифтихорга тўлиб тошиб, Жуковский кўчасидаги тўртинчи бошқарма биносига етиб бордим.
Юнусов мени яхши кутиб олди ва эртага пасапортимни олиб келиб йўлланмани олиб кетишимни тайинлади. Ўша ўша мен ҳар йили Октябр ойида гоҳ Ялтага, гоҳ Сочига, баьзида эса Кисловодский шаҳарларидаги «Ўзбекистон» Санаториясида оилавий дам олиб келадиган бўлдим. Мен учун ёқимли ва унумли бўлган бу жараён 1985 йилгача давом этди.
Кунлардан бир куни Расулжон ака мени Шофайизқулоқ маҳалласидаги тўйга таклиф этди. Мен созандаларим билан бирга ўша ўғил уйлантириш тўйида ҳизматда бўлдим. Расулжон ака билан салом алигимиз 1980 йилнинг ўрталаригача давом этди.  Расулжон ака 1960 йилларнинг бошида ҳофиз акам Алижон Ҳасановни ҳам Грузиянинг Кабулетти шаҳридаги санаторияда дам олиб, даволаниб келиши учун марҳамат ва мурувват кўрсатган эдилар…»

 

15.
Дадахон аканинг бу сўзларини тинглаб, ҳали ҳануз ҳеч ўзимга келолмайман. Наҳотки шундай ғамхўр ва меҳрибон, мард ва танти одамнинг ўғли шунчалар жоҳил ва зулмкор бўлиб етишса?
Ўз отаси меҳр қўйган ва мурувват кўрсатган бетакрор истеъдод соҳибини чорак аср халқдан ва саҳнадан узиб қўйса, ижод қилиши ва  қўшиқ айтишини таъқиқлаб қўйса? Бу не кўргулик бу? Бу не ноҳақлик бу, Рустам ака?
Агар раҳматли отангиз шу кунларда тирик бўлганида, Сизни МХХ раиси лавозимида амалга оширган баъзи бир ишларингиз учун аллақачон «оқ» қилиб, абадий лаънат ва маломат гирдобига улоқтирган бўларди. Ўзбекистонда ҳали ҳеч қачон зиёли ва ижодкор халқи бу қадар хор ва зор бўлмаган, матбуот ва ижод чекланмаган, тўғри ва ҳақ сўзни айтувчилар таъқиб ва тазйиққа олинмаган, ҳибс ва хорижга ҳайдалмаган эди.
Дадахон Хасан, Гулчеҳра Нуруллаева, Шерали Жўраев, Ҳалима Худойбердиева каби эл суйган истеъдодлар то бугунга қадар, Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов каби халқимиз фахру ифтихори бўлган алломалар умрининг сўнгги йилларида «уй қамоғи»га олиниб, Сиз раҳбарлик қилаётган репрессия машинаси қурбонига айландилар. Агар Сиз бу ишларни Ислом Каримов гарданига юклаб, қутулмоқчи бўлсангиз, хато қиласиз. Миллатнинг зиёли ва фидойи кишиларининг тилига буров солиб, элни қўрқув ва таҳликада ушлаб туриш,  халқни ўз ойдинларидан жудо қилиб, аросат ва жаҳолатга бошлаш — бу Сиз раҳбарлик қилган махсус хизмат идорасининг иши.
Сиз кейинги чорак аср давомида мамлакатда олиб борган зулм ва қатағон сиёсат боис — адабиёт ва санъат инқирозга юз тутди.  Матбуот ўлди. Маданият фалаж ҳолига келди. Маънавиятимиз оёқ ости бўлди. Агар бунга ишонмасангиз, «Дунё ўзбеклари»да чоп этилган: «Байроқсиз миллат ёки 21 асрда маънавиятнинг нархи хусусида» номли мақолани яхшилаб ўқиб кўринг. Зора кўзларингиз очилса.
Дарвоқе, маънавиятимиз ҳақида.  Етти пушти тоза бўлмаган одам давлат раҳбарлигига келса, бу мамлакат ва халқнинг ҳолига вой бўлиши, шўрига шўрва тўкилишини Сиз ўз салафингиз билан бирга яхшигина исбот қилиб бердинглар. Бу аламли исбот ўзбек хали учун қачон аччиқ сабоқ бўлар экан, билмадим…

 

16.
Майли, ортиқча ҳис ва ҳаяжонга берилмай, асосий мавзуга қайтсак. Рустам Иноятов туғилиб ўсган муҳит билан танишсак.
Сурхондарё вилояти аҳолисининг аксарияти ўзбек ва тожик тилларида бемалол гаплашиши кўпчиликка маълум. Расул ака асли Сурхондарёли, олий маълумотли, юқори маданиятли ва жуда хушмуомилали инсон бўлгани қаторида, тожик тилини ўзбек тилидан-да яхшироқ билган. Хотинлари рус ё-да татар миллатига мансуб бўлсалар-да, улар ҳам ўзбек ва тожик тилларини яхши ва мукаммал ўрганишган.
Оилада асосан рус ва тожик тилида гаплашишган. Бу албатта оила эркатойи Рустамга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган. У болалигидан ўзбек тилига қараганда тожик ва рус тилларини яхшироқ ва мукаммалроқ ўргана бошлаган.
Ўзига тўқ ва бадавлат оилада қийинчилик кўрмай ўсиб улғайган, тарбия олган Рустам Расулович ёшлигидан бошлаб маҳаллий элита қатнайдиган катта катта теннис клубларига аъзо бўлиб, спорт билан жиддий шуғулланган. Отасининг давлати ва имкониятидан унумли фойдаланиб, юқори даражали мулозим ва амалдорлар — Ислом Каримов, ишбилармон тадбиркор Ғофур Раҳимов ва Салим Абдувалиевлар билан яқинлашган.
Айни пайтда Рустам Иноятов хушчақчақ ва очиқ кўнгил суҳбатдош сифатида ҳам ўз тенгдошлари орасида ажралиб турган. Лекин ниҳоятда дангаса бўлган, китоб ўқишга мутлақо қизиқмаган, дарсларни тайёрлашга етарли эътибор бермаган. Баъзи бир синфдош ва курсдошларнинг гапига ишонадиган бўлсак, ўрта мактабни ҳам, университетни ҳам бир бало қилиб, отасининг обрў-эътибори билан зўрға битирган…

 

17.
Расул ака Иноятов ТошДУнинг шарқшунослик факультети декани, таниқли форсшунос олим, профессор Шоислом Шомуҳамедов (суратда) билан яхши дўст бўлган. Шу боис, 1961 йил ўғли Рустамни Шарқшунослик факультетининг  форс филологияси бўлимига ўқишга жойлаштирган.
Тожик тилини мукаммал билганлиги боис Рустам Расулович форс тилини жуда тез ўзлаштирган (тожик тили билан форс тилининг фарқини ўзбек ва қозоқ тили яқинлигига таққосласа бўлади). Лекин қанча ҳаракат қилмасин, у бошқа фанларни ўзлаштиришга билим базаси етмагани ва дарсларни сабабсиз жуда кўп қодиргани сабаб, икки йиллик академик таътил олишга мажбур бўлган.
Шу боис Рустам Расулович ТошДУнинг Шарқшунослик факуьтетини беш йилда эмас, етти йилда зўрға битирган.
1961 йил ўқишга кирган бўлса, 1968 йилда бир амаллаб  тугатган…

 

18.
Шу ўринда бугунги — Ўзбекистондаги энг ёпиқ ва махфий идора бўлмиш — МХХ раисининг университетдаги икки йиллик академотпускаси масаласига бир оз ойдинлик киритиб ўтиш керак бўлади.
ТошДУ тарихида — фанларни ўзлаштира олмаган лаёқатсиз ва қобилиятсиз талабага шунча муддатга академотпуск бериш биринчи ва охирги марта қайд этилган бўлса, ажаб эмас. Олий ўқув юрти қонун қоидаларидан хабардор кишилар яхши билишадики, академотпуск талабага асосли сабаблар бўлсагина берилади. Ўшанда ҳам фақат бир марта берилади, икки марта эмас.
Бироқ, нуфузли мансабдор отасининг ҳурматига бўлса керак, Рустам Иноятовга бир эмас, икки марта академотпуск беришади. Лекин кейинчалик, МХХ идорасида юқори мансабни эгаллаганидан сўнг бўлса керак, шарқшунослик факультетини қизил диплом билан битирганлиги хусусида унга чиройли ва сохта ҳужжат ясаб беришган.  Албатта, бунда бевосита факультет декани Шоислом Шомуҳамедовнинг хизмати катта бўлган…
(Биз МХХ раисининг таржимаи ҳоли ва Википедиядаги бошқа ёлғон маълумотларга ҳам ҳали қайтамиз…)

 

19.
Икки йиллик академотпус олган ва ўқишни зўрға битирган талабага ростдан ҳам қизил диплом берилган бўлса, алал оқибат китоб ўқишга ҳафсаласи бўлмаган, ялқов ва дангаса Рустамжонни — «Ўзбекистон МХХ раиси, генерал полковник Рустам Расулович Иноятов»га айланишида асосий  ва муҳим рол ўйнаган факультет деканининг ҳам таржимаи ҳолига бир назар ташлаб қўйсак, ёмон бўлмасди:
«Шомуҳамедов Шоислом Маҳмудович (1921.16.4, Тошкент — 2007) — шарқшунос-эроншунос олим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1978), филология фанлари доктори (1968), профессор (1970). 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1941—42).
Ўрта Осиё университети шарқ факултетини тугатган (1952). Шу университетда ўқитувчи, доцент (1958—60), шарқ факултети декани (1960—72), университетнинг илмий ишлар бўйича проректори (1972—85), Шарқ факултети (1991 йилдан Тошкент шарқшунослик институти) хорижий шарқ мамлакатлари адабиёти кафедраси мудири (1966—72), кафедра профессори (1985 йилдан) бўлиб ишлаган.
Шоислом Шомуҳамедов олим, шоир ва таржимон сифатида мумтоз ва ҳозирги замон эрон адабиёти бўйича тадқиқотлар, ўқув қўлланмалари, форс-тожик адабиёти классиклари асарларидан таржималар ва унинг ўз қаламига мансуб шеърлар, ҳикоялар тўпламларидан иборат 90 га яқин китоб яратди.
Шоислом Шомуҳамедов таржимон сифатида ўнлаб шарқ шоирлари асарларининг ўзбек халқи маънавий мулкига айланишига улкан ҳисса қўшди. Хусусан, Фирдавсий «Шоҳнома»сининг 3 жилдли янги таржимаси ва нашри (1975—79) бевосита Шоислом Шомуҳамедовнинг раҳбарлиги ва иштирокида амалга оширилди. У ҳинд, араб, рус, озарбайжон, тожик, туркман шоирлари асарларидан ҳам кўплаб нодир намуналарни ўзбек тилига таржима қилган.
Шоислом Шомуҳамедов шоир ва ёзувчи сифатида болалар ҳамда катталарга аталган, ахлоқий-таълимий, ижтимоий-фалсафий, маърифий ғояларни тарғиб этувчи ўнга яқин шеърий ва насрий асарларини нашр эттирган.
Фирдавсий номидаги халқаро мукофот лауреати (1973), «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998)»
Манба: http://ziyouz.uz

 

20.
Модомики, Шоислом Шомуҳамедов ҳақида гап кетган экан, ўрни келди — бу кишига оид баъзи фикрларни ҳам айтиб ўтмасак бўлмас.
Шарқшунослик факультетини аслида факультет қилган ҳам, унинг кейинчалик алоҳида институт бўлиб ажралиб чиқишига сабабчи бўлган ҳам айнан Шоислом Шомуҳамедов. Форс филологияси кафедраси мудири, факультет декани бўлган бу ажойиб инсоннинг обрў эътибори Ўзбекистонда ниҳоятда баланд эди.
Айни пайтда у киши раҳбарлик қилган факультетнинг республика олий ўқув юртлари орасидаги ўрни ва нуфузи ҳам ниҳоятда юксак бўлган. Бу илм даргоҳида Москва, Ленинград, ҳатто чет эллардаги олий ўқув юрти профессор олимлари тарих, география, иқтисод, фалсафа, халқаро алоқаларга оид махсус ёки факультатив дарслар ўтишар, маърўзалар ўқишарди.
ТошДУнинг Шарқшунослик факудьтетини битирган талабалар Ўзбекистоннинг энг обрўли ва истиқболли кадрлари ҳисобланарди. Уларни биринчи галда давлат бошқарув аппарати, ижроия ҳокимияти, Вазирлар Маҳкамаси ва энг муҳими — махсус хизмат идорасига таклиф қилиш одат тусига кирган эди. Шунинг учун ҳам бу факультетнинг алоҳида институт бўлиб ажралиб чиқиши — даврнинг талаби эди.
Лекин яна бир бор таъкидлашни истардикки, бунда энг аввало факультет декани Шоислом Шомуҳамедовнинг хизматлари шак шубҳасиз беқиёс бўлган…

 

21.
Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига шарҳ берарканмиз, унинг болалик ва ўспиринлик даврига, бедард ва бетакрор студентлик йилларига алоҳида эътибор беришимиз бежиз эмас, албатта. Инсон айнан мана шу даврда инсон бўлиб шаклланади — жамиятда ўз ўрнини топиш учун елиб югуради, ўқиб ўрганади, тинмай изланади.
Рустам Иноятов, кўриб турганингиздек, бу даврни отасининг соясида кўп қийналмай, озор чекмай, жафо кўрмай ўтказган. Одамнинг ҳаёт ва жамият ҳақидаги қарашлари ёшлигида қандай шаклланган бўлса, ўсиб — улғайиб, амалдор бўлганидан кейин ҳам айни шаклда — ўша тарзда давом этади.
Шу ўринда яна бир гап. Шарқшунослик факультети студенти бўлган карманалик қўли гул ошпаз йигит — Ахтам Ражабов тақдир тақозоси билан бир муддат Шоислом Шомуҳамедовнинг уйида ижарада яшаган. Домлага ва унинг оила аъзоларига ширин шакар таомлар пишириб юрган. Буни домланинг бугун барҳаёт бўлган оила аъзолари яхши билсалар керак.
Ахтам Ражабовнинг гувоҳлик беришича домланинг уйига қишин ёзин Шредер номли боғдорчилик институтининг лимонариясида етиштирилган ноёб лимонлар ва бошқа антиқа ноз неъматлар мунтазам етказиб турилган.
Ҳар сафар келтирилган бу совғаларни факультетда талаба бўлиш билан бирга деканнинг уйида хизматкорлик ҳам қилган Ахтам Ражабов қабул қилиб оларкан, улар талаба Рустам Иноятовнинг отаси — Расул Иноятов номидан юборилганига эътибор қаратган.
Икки садоқатли оғайнининг бу дўстлик ришталари, таъбир жоиз бўлса, чорак асрлик МХХ раисининг келажакдаги порлоқ истиқболига мустаҳкам замин яратган.
Бир сўз билан айтганда Рустам Иноятов таниш билиш билан ўқишга кирган ва таниш билиш билан ўқишни битирган. Алал оқибат — чорак асрдан бўён Ўзбекистон махфий хизмат салтанатига раҳбарлик қиларкан, бу давр орасида мамлакатдаги бутун ижтимоий сиёсий ҳаётни ҳам таниш билишчилик асосига қайта қурди.
Таниш билишсиз, олди бердисиз бугун Ўзбекистонда туғилиш ҳам, ўсиш улғайиш ва камол топиш ҳам, яшаш ва ҳатто ўлиш ҳам мумкин бўлмай қолди…
22.
Майли, ортиқча ҳис ҳаяжонга берилмай, мавзуга қайтсак.
ТошДУнинг Шарқшунослик факультетида ўқишни энди бошлаганданоқ, устозлари ҳам, курсдошлари ҳам Рустам Иноятовнинг отаси ва отасининг имкониятларини назарда тутиб, у албатта КГБ ходими бўлади деб ўйлашган, гап тарқатишган.
Шунинг учун баъзи студентлар қатори баъзи домлалар ҳам у билан ўйлаб, эҳтиёткорона муомала қилишган. Дарҳақиқат, махсус хизмат полковниги бўлган отаси Расул Иноятовнинг саъйи ҳаракатлари боис, Рустам Иноятов, кейинчалик КГБ зобити бўлди ва ниҳоят СНБ раиси лавозимига кўтарилди.
Биз Рустам Иноятовнинг МХХ раиси лавозимида — ўзбек халқининг маънавиятини юксалтириш» бобидаги «фидокорона хизматлари» таҳлилига ўтишдан олдин, унинг талабалик давридаги маънавий ва маиший ҳаётига чуқурроқ разм солсак, кўп нарсалар ўз ўзидан ойдинлашади.
Рустам Иноятов ТошДУнинг Шарқшунослигида ўқиган чоғлари факультет қизлари орасида анча машҳур бўлган. Хусусан, эрка ва нозли курсдош қизлар орасида унинг мавқеи баланд эди. Қадди қомати келишган, қўли очиқ, рус табиатли бу йигит ҳам студентлигида худди ўзимиздек — улфатчиликка, қизлар билан юришга, ўйин кулгуга ишқивоз бўлган. Лекин биздан фарқли ўлароқ, дарсларни ўлда жўлда ташлаб қўйган. Китобга, билим олишга умуман қизиқмаган. Ўйин кулгу, қизлар ва маишат унинг жони дили эди.
Айни пайтда Рустам Расулович курсдошлари орасида қўли очиқ, танти ва хушмуомила йигит бўлган. Қизлар талпинган давраларда харажатларни кўпроқ ўз бўйнига олган, бойваччалик қилишни хуш кўрган. Шу боис, факультетдаги энг чиройли, маишатга ўч, эрка ва танноз қизларнинг назаридан қолмаган, ҳамиша уларнинг диққат марказида турган.
Ҳар бир талабанинг курсдошлари орасида лақаби бўлгани каби, Рустамнинг ҳам ўзига хос ва ўзига мос лақаби бўлган. Уни курсдошлари ва домлалар «Гуляка» деб аташарди. Рус тилидан бу сўзни — қизлар билан юришга ўч, енгилоёқ ва саёқ юрувчи ёки серсевги йигит деб таржима қилиш мумкин…
23.
Рустам билан ана шундай қизлар бўлган жонон давраларни уюштирган ва ташкиллаштирган, шерикчилик қилган энг яқин курсдошлари Шодмон ва  Маҳмудлар кейинчалик — улфатлари Рустам Иноятов МХХ га кўтарилиб кетгач, айнан ўша давралар учун  уларни узидан узоқлаштиришга қарор   қилганини ҳам алам, ҳам армон билан эслашади.
Ислом Каримов иқтидорга келгач, катта амалдорлик даражасига эришган Рустам Иноятов Шарқшуносликнинг форс бўлимида бирга ўқиган, қизлар билан бирга «улфатчилик» қилган курсдошлари — эндиликда Москвада катта мартабага эришиб, шуҳрат қозонган Шодмон Ниёзматов, Махмуд Охунжонов ва бошқаларни назар писанд қилмай қўйган. Уларни қабул қилмаган, кўп маротаба таклиф қилишса-да, улар уюштирган курсдошларнинг маросим ва давраларига бирор марта ҳам бормаган ва қўшилмаган.
Бундай олиб қараганда, бу табиий ҳол, албатта. Ёшликда нималар бўлмайди дейсиз. Энди ёшлик ўтди. Энди Рустам Иноятов кимсан — Ўзбекистон МХХ идораси раҳбари. Генерал полковник. Президентдан кейин иккинчи одам…
Лекин бу ерда бошқа бир гап бор. Биз Рустам Иноятовнинг студентлик йилларида худди ўзимиздек қизларга ошифта ва севгипараст (рус тилида буни «любвеобыльный» дейишади) бўлганига  бежиз тўхталмадик.
Бунинг ўзига хос ва асосли сабаблари мавжуд…
24.
«Дунё ўзбеклари» нашр этила бошлаганидан бўён таҳририят почтасига МХХ дан келган мақолаларнинг аксар қисми — ўзбек мухолифати фаолларининг мактаб ва олий ўқув юртидаги талабалик йилларида маиший бузуқчиликка муккасидан кетгани, оиласи ва фарзандлари енгилтабиат бўлиб вояга етгани ҳақидаги «бўҳтоннома»лардан иборат.
Мен бу ерда, маълум сабабларга кўра, айнан қайси ўзбек мухолифати фаоллари ҳақида ёзишганини яна бир бор эслатиб, уларнинг юрагини қайта жароҳатламоқчи эмасман. Инсон қадри ва шаънини атай ерга уриб, уни жамоатчилик олдида бадном этишни мақсад қилган бундай ярамас ва ноинсоний ижод намуналари бизнинг архивимизда талайгина. Биз уларни  чоп этмаганмиз ва деярли барчасини ўша ноҳақ жабрланган мухолифат фаолларининг ўзига юборганмиз, уларни МХХнинг бу иғвогарлиги ва тўҳматидан ҳамиша огоҳлантирганмиз. Улар буни яхши билишади…
Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати инсоннинг энг муқаддас ва пок манзили — оиласи ва шаънини ҳақорат қилишда нафақат хориждаги ўзбек мухолифатини, балки ўзларига ёқмай қолган, ишончдан чиққан ўзбек мулозимлари, адабиёт ва санъат, илм- фан, ҳатто дин ва ислом олами намоёндаларини ҳам аяб ўтирмайди.
Улар орасида Ўзбекистон Олий раҳбариятининг олдинги ва ҳозирги аъзолари, собиқ ва амалдаги сенатор-у, депутатлар ҳам бор. Ишонасизми, йўқми, ҳатто олдинги Бош вазир ва бугунги Президент ҳақида ҳам бу идорадан бизга келган тўҳмат ва бўҳтондан иборат мақолалар бор. Биз уларни ҳам, табиийки, эълон қилмаганмиз.
Лекин авайлаб асраб олиб қўйганмиз. Эрта бир кун МХХ идораси раҳбарларини — давлат хавфсизлигига дахл қилувчи жиноятчилар бир четда қолиб,  оддий халққа қарши олиб борган жиноятлари учун суд қилишганида — одил маҳкамага тақдим этиш учун…
25.
Умуман, Рустам Иноятов раҳбар бўлган МХХ идораси ўз сўзи ва фикрига эга бўлган ўзбек халқининг асл ва фидойи фарзандларидан душман ясашга, уларни «террорчи», «ваҳҳобий» ва «мухолифатчи» қилиб кўрсатишга жуда ва жуда ишқивоз.
Ва энг ёмони, шантаж йўли билан, атайлаб уюштирилган, тўҳмат ва ҳақоратдан иборат уйдирма мақолар ёзиб, уларни халқ ва жамоатчилик кўзи ўнгида ёмон отлиқ қилишга, оиласи ва фарзандлари билан бирга «маиший бузуқ» деб матбуот ва ижтимоий тармоқларда бадном этишга жуда уста.
Демак, юқоридаги фикр ва мулоҳазаларни жамлаб хулоса қиламиз: МХХ ва унинг раиси ишончидан чиққани боис ишдан кетиши лозим бўлган ҳукумат вакили ва тимсоллари, мухолифат аъзоси ва фаоллари ҳақида аввал интернетда уларнинг аёлларга ўчлиги, раис курсдошларининг ибораси билан айтганда — «гуляка»лиги ҳақида иғво тарқатилади. Оиласидаги аҳли аёлининг юзсиз ва енгилтаклиги ҳақида лоф урилади. Кейин унинг ўзининг маънавий қиёфаси ҳақида ўқувчиларга ёлғон ахборот берилади.
Айнан  шунинг учун ҳам биз дунё кезиб, узоқ вақтдан бўён МХХ раиси дохил, бу идоранинг қатор генераллари шахсий ҳаёти ва фаолияти, маиший ва маънавий қиёфаси ҳақида ҳикоя қилувчи кишиларни изладик. Уларнинг гувоҳликлари, ашёвий далил ва кўрсатмаларини қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Рустам Иноятовнинг юқорида номи келтирилган курсдошлари тирик, барҳаёт. Уларнинг суҳбат ва гувоҳликлари акс эттирилган аудио ва видео тасмалар бизда мавжуд. Агар бунга зарурат ва фурсат туғилса, биз уларни керакли идора ва маҳкамаларга топширишга ҳамиша тайёрмиз.
Халқимизда: «Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ!» деган ҳикматли бир гап бор. МХХ идораси ходимлари ҳам ўзбек халқининг кўзга кўринган арбоблари ва зиёлиларини, мухолифат фаолларини «гуляка»лик масаласида айблашдан олдин ўз раисларининг ёшлик ва бебошликдаги «распутный» ҳаётига, қолаверса, ўзларининг аксар халқимиз ҳазар қиладиган маънавий қиёфасига яхшилаб бир назар ташлашса ёмон бўлмасди…

 

26.
Биз юқорида махсус хизмат идорасининг «қора рўйхати»га киритилган, унинг ишончини йўқотган мулозимлар, ҳукумат аъзолари ва мухолифат фаолларини МХХ томонидан шантаж йўли билан ёмон отлик қилиш санъати ҳақида гапирдик. Бировни ёмонлаш, унга тўҳмат қилиш, номини абадул абад лаънат ва маломатга гирифтор қилиш санъати бу идорада жуда яхши ва мукаммал йўлга қўйилган.
Кейинги йилларда бу идора томонидан «Дунё ўзбеклари»га келаётган мақола ва матнларни ўқиб, унинг психологияси, ўз рақиблари билан кураш услуби, шантаж ва бўҳтон ёғдириш усулларини бемалол билиб олиш мумкин. Бир сўз билан айтганда биз бугун Рустам Иноятов бош бўлган махсус хизмат идорасининг ёлғон сиёсат усуллари, иғвогарлиги, рақиблари билан номардларча кураш услубларини ўзида мужассамлаштирган  — «Шантаж санъати»ни ҳам яхшигина ўрганиб ва ўзлаштириб олдик.
МХХ ходимлари эса бундай кураш услубларини, ишонасизми йўқми,  КГБ мактабида, олий ўқув юртларида ўқиб ўрганишади…
27.
«Дунё ўзбеклари» ўқувчилари биладиларми, йўқми МХХ ходимлари тайёрлайдиган олий ўқув юртларида бошқа фанлар қаторида — «Шантаж санъати» дарси ҳам ўқиб ўргатилади. Дарвоқе, МХХ ходимлари тайёрлаш масаласига келган эканмиз, бу борадаги ўз фикр ва мулоҳазамизни ҳам айтиб ўтишимиз лозим.
Илгари КГБ идорасига турли соҳа ходимларини танлов йўли билан ишга қабул қилиш одат эди. Биринчи галда, Олий Милиция Академияси, Юридик институтининг юқори курс талабалари орасидан махсус хизмат идораси учун кадрлар танлаб олинган. Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг бизда ҳам МХХ ходимлари тайёрлаш масаласига жиддий эътибор берила бошланди.
Бугун Тошкентда МХХнинг иккита институти мавжуд. Бири — «Ойбек» метроси атрофида жойлашган бўлиб, унда бевосита МХХ учун кадровик офицерлар тайёрланади. МХХнинг иккинчи институти — Юнусобод бозори орқасидаги «Чинобод» санаторияси яқинида жойлашган бўлиб, бу ерда асосан Чегара Хизмати Ходимлари тайёрланади.
Бу нуфузли олий ўқув юртларига биринчи галда махсус хизмат тизимида ишлайдиган ходимлар — МХХ кадровик офицерларининг фарзандлари, Ўзбекистон Олий раҳбарияти ва унга алоқадор мулозимларнинг болалари ўқишга қабул қилинади. Қабул асосан ёпиқ ҳолда олиб борилади.
Булардан ташқари Тошкентдаги энг машҳур «Олой» бозори рўпарасида «Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш» номли МХХнинг икки йиллик Олий мактаби ҳам фаолият юритади. Бу ерда яхши ўқиган «бахтиёрлар» ва  «танкаси» борлар — энг аввало МХХга ишга қабул қилинади. Қолган — «Чиғириқ»дан ўтолмаганлар эса — Ўзбекистондаги бошқа куч ишлатар тизимларига жўнатилади. Шунинг учун бўлса керак, бу мактабни умумий қилиб: «Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш» мактаби деб аташган…
Бу мактабга МХХ генерали Мурод Отаев асос солган ва унинг биринчи раҳбари бўлган. У бир пайтлар Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши (СовБез)да котиб ҳам бўлиб ишлаган. Мурод Эргашевичдан кейин МХХ икки йиллик олий мактабига полковник Ринат Сайфуллин раҳбарлик қилди…
28.
Дарвоқе, биз МХХ идорасига хос бўлган, унинг ходимларига олий ўқув юртида махсус фан сифатида ўқитилган —  «Шантаж санъати» ҳақида гапираётган эдик. Мавзуга қайтсак. Биз юқорида тилган олган — «Ойбек» метроси атрофида жойлашган МХХ институтида бўлажак чекистлар, яъни -кадровик офицерлар учун — «Махсус оператив чора тадбирлар кўриш ва уларни амалда тадбиқ этиш» номли каттагина фан ўқитилади.
Бу фан аввал барча талабалар учун умумий тарзда ва умумий потокда ўтилади. Кейин бўлажак чекистларнинг қизиқиши, дунёқараши, интилиши ва хоҳиш иродасига қараб бўлимларга бўлиб ўргатилади. Масалан, «Иғво, бўҳтон уюштириш ва шантаж санъати», «Ўзини ўзи ўлдиришга мажбурлаш (самоубийства) ёки итнсонни ўз ихтиёри билан ўлимга олиб бориш санъати», «Алдаш ва ёлғончилик санъати», «Руҳий — (психологик)  таъсир кўрсатиш саънати», «Ижтимоий фикрларни манипуляция қилиш санъати» каби йўналишлар шулар жумласидандир…
Биз юқорида тилга олган — МХХ идорасида тайёрланган, «Дунё ўзбеклари» ва бошқа ижтимоий тармоқларга юборилган, кўз кўриб қулоқ эшитмаган ажабтовур шантажлардан иборат мақолаларнинг яратилиш тарихи ва асосларини энди бир оз тушунган бўлсангиз керак…
29.
Яна бир гап. Ўзбек чекистларининг чекистлиги қай даража ҳимоялангани ҳақида. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Рустам Иноятов бош бўлган МХХ ходимларининг Москва таъсиридан қутулаолмаётгани ҳақида.
Маълумки, ҳар қандай давлатнинг хавфсизлик хизмати ва разведкаси — бу ўша давлат ва мамлакат суверинитети учун гарант ҳисобланади. Бу ерда садоқат ва махфийлик — энг олий ва муқаддас мезон саналиши керак. Бизда Рустам Расулович Иноятовнинг саъй ҳаракати ва боқи беғамлиги билан бу миллий ва маънавий анъаналарга ҳам дарз кетди.
Ўзи учун ҳеч нарсани муқаддас деб билмаган одам — давлат ва миллатнинг хавфсизлик кафолати, ор номуси ва маънавияти каби бошқа муқаддас туйғуларини ҳам билмайди, англамайди. Буни билиш ва англаш учун эса — шу миллатни севиши, унга садоқат қўйиши лозим. Ва энг муҳими — бизни миллатчиликда айблашсалар ҳам — айтишга мажбурмиз: Унинг етти пушти ҳам тоза бўлиши шарт!!!
Бугун мен ишонч билан айта оламан: Москва Ўзбекистонни Рустам Иноятов орқали аллақачон забт этиб бўлди. Бугун Ўзбекистон махфий хизматининг Россиядан сир тутадиган, ўзи учун махфий ва муқаддас деб билган ҳеч нарсаси қолмади ҳисоб. Биз юқорида тилган олган МХХ олий мактаби ва институтларини битирган ва махсус хизмат идорасида икки-уч йил ишлаган ёш оперативник ходимлар Россиянинг уч йирик шаҳрига бориб, ФСБ мактабини ўтаб келишади. Қишлоқча ва қашқадарёча тилда айтсак, Рустам Иноятов МХХ раиси бўлгандан бўён ўзбек чекистлари Москва, Санкт Петербург ва Свердловск шаҳарларига бориб, ФСБ идораларида олти ой, саккиз ой ва бир йиллик малака ошириб, стажировкадан ўтишади.
Рустам Иноятов раислик қилаётган 1995 йилдан эътиборан Ўзбекистон МХХ идораси Марказий аппаратининг барча кадровик офицерлари, вилоятлар, шаҳар ва районлар МХХ Бошқармаси ва Бўлимларининг аксар ходимлари Россияга бориб, ФСБ мактабини ўтаб келишган. Хўш, бунинг нимаси ёмон деб ўйлашингиз мумкин. Биз ҳам шу фикрдамиз. Фойдаси бўлса борки, лекин ёмон томони йўқ. Аммо…
Ҳамма гап ана шу «Аммо..»да. Ўзбекистондан Россияга борган ўзбек чекистларининг энг аввало бармоқ излари ва кўз ўлчамлари олинади, идентификация қилинади ва махсус картотекаларга жойлаштирилади.
Масалан, Исмат Хушевнинг кўзи размери ва хусусиятлари, бармоқ излари фақат Исмат Хушевга хос. Майли, Исмат Хушев МХХ мулозими эмас, у оддий бир журналист, холос. Лекин МХХнинг оддий ходимидан тортиб, олий раҳбариятига қадар барчасининг юқоридаги «сиру асрорлари» — бу нафақат уларнинг ўзига, балки Ўзбекистон давлати, махсус хизмати ва разведкасига хос ва дахлдор эмасми? Қолаверса, бу давлат суверинетети ва хавфсизлигига бориб тақалмайдими?
Энг муҳими ва биз учун энг хавотирлиси — Россияга бориб келган МХХ идорасининг барча ходимлари  ўз «сиру асрори» билан Лубянканинг темир рўйхатига хатланган. Ўзбек разведкаси ва хавфсизлик хизматининг барча сир-асрорлари русларга маълумлиги, уларни руслар истаган пайт, истаган томонга «манипуляция» қила олиши — мени хавотирга солади…
30. 
Майли, ортиқча ҳис ҳаяжонга берилмайлик. Мавзуга қайтсак. Биз МХХга хос бўлган «Шантаж санъати» ҳақида гапираётган эдик.
Демак, СНБ мактаби ва олий ўқув юртларида бошқа фанлар билан бирга «Шантаж санъати» ҳам алоҳида фан сифатида ўқув дастурларига киритилган. Нима учун киритилганини энди англаб етгандирсиз. Бу фан аслида давлат ва мамлакат хавфсизлигига дахл қилганларга, юртимизга кўз олайтирганларга нисабатан ишлатилиши керак эди. Дунёда фақат бир давлат — Ўзбекистондагина бу фан фақат ўз халқига нисбатан ишлатилади.
Бу фан дастлаб Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги вице президенти Шукрилла Раҳматович Мирсаидовга нисбатан қўлланилган эди. Тўҳмат, бўҳтон, шантаж билан фидойи ва мард инсоннинг руҳи синдирилди, дили яраланди, номи қораланди. У ҳаммамизга — қўрқоқ ва муттаҳамлигимиз учун лаънатлар айтиб, бу ёруғ дунёдан кўз юмди. Сўнг Муҳаммад Солиҳ, Самандар Қўқонов, Гулчеҳра Нуруллаева, Дадахон Хасан, Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудов, Тошпўлот Йўлдошев, Абдураҳим Пўлатов, Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Муҳаммад Бобир Маликов, Муҳаммад Бекжон, Рустам Усмонов, Санжар Умаров,  Жаҳонгир Маматов, Юсуф Жума каби ўзбек халқининг асл фарзандлари МХХ томонидан уюштирилган «Шантаж санъати»нинг қурбони бўлишди.
Энг даҳшатлиси, Ўзбекистонда МХХ томонидан ўз гуноҳсиз фуқароларини шантаж ва репрессия қилиш сиёсати — давлат миқёсида қўллаб қувватланади. Уларнинг айби — давлатни танқид қилгани, тўғри сўзни айтгани, Ўзбекистонда демократия йўқ деб мақола ёзгани ёки «Озодлик» ва хориж матбуотига интервью бергани, холос…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 9 июль, 2017 йил…
(Давоми бор)

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *