• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Нон қайда-ю, ғишт қайда? Ўзбекистонда нон нархи нега оширилди?

Сен 19, 2018
 Исмат Хушев: Нон қайда-ю, ғишт қайда?
Ўзбекистонда нон нархи нега оширилди?
Оммавий ахборот воситалари, телевидения нега бунинг сабабини халқимизга тушунтириб беролмаяпти?
Ўзбек матбуоти ўзбек халқига қачон хизмат қилади?
«Озодлик»да Шароф Убайдуллаевнинг айни мавзудаги нутқини тинглаб…
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
1.
Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлик қилиб келаётган даврдан бўён давлат ягона нон нархини оширди, холос.
Нега айнан бугунги кунга келиб ҳукумат нон нархини оширишга қарор қилди?
Нима учун бошқа нарса эмас, айнан нон нархи оширилди?
Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида, радио ва телевидения етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмагани боис, бу ҳолат одамлар орасида турли туман гап сўзлар кўпайишига сабаб бўлмоқда…
2.
Ўзбекистон қўшни давлатлар билан чегараларини очиб, ўзъаро борди келди алоқаларини мустаҳкамлаб, дўстона муносабатларини янги поғонага кўтараркан, буни фақат табриклаш ва қутлаш керак бўлади.
Хуллас, чегаралар очилди. Нима олиб ўтаяпсан деган савол йўқ. Фақат қучоқлашамиз, хайрлашамиз. Сумкасини текширолмаймиз.
Чумоли ҳам гув ёпирилса, катта катта хирмонларни йўқотади.
Қўшниларимиз болаларга совға деб Ўзбекистондан олиб кетаётган сумка сумка нон ва нон маҳсулотларини кўриб, биздаги ва қўшни республикалардаги нон нархи билан қизиқиб кўрдик.
Тожикистон ва Қирғизистонда нон нархи биздагига қараганда 3-4 баробар баландлигини билдик. Бизда шу пайтга қадар 650 сўм бўлган нон уларда 3000-4000 сўм атрофида экан.
Ҳатто дунёнинг ярмини ун билан таъминлайдиган Қозоқистонда ҳам ноннинг нархи Ўзбекистондагига қараганда икки баробар баланд экан.
Қозоқистонда азалдан минтақа бўйлаб энг кўп буғдой етиштирилгани билан, лекин ўзбеклардагидай нонвойчилик ва пазандачилик санъати ривожланмаган. Ўзбеклардагидай турли туман патир, ширмой ва кулча нонлар қилиб сотиш йўлга қўйилмаган.
Туркманистонда эса киши бошига ярим буханкадан ортиқ нон бермаслик қонун йўли билан норма қилиб белгиланибди.
Бир пайтлар, совет замонида, уруслар ароқ магазинлари олдида бир дона винога мана шундай узундан узун навбатларга туришарди.
Ашхобод нон дўконлари ва нонвойхоналар олдидаги ур-йиқит ва тўс-тўполонларни кўриб, Ўзбекистонда бу борадаги тўкин-сочинликдан қувонмаслик мумкинми?
3.
Шу билан бирга Ўзбекистонда тўқликка шўхлик қиладиганлар ҳам учраб туради.
Ҳозир юртимиздаги мусурхона ва ахлатхоналарда оғзи кашшокланган халта халта нон уюмларини кўриш мумкин.
Бир қоп мана шундай нон — ўн минг, ўн беш минг сўм туради. Уни молга олаяпти одамлар.
Ўзбекистонда нон ҳеч қачон бугунгидай оёқ ости бўлмаган, қадри бу қадар ерга урилмаган эди.
Нонни мусорга ташлабсан деб бировни жазолай олмайсиз…
4.
Ўзбекистонда бир дона хом ғишт — 1 минг 400 сўм туради.
Олиб келиб бериши билан — 1 минг 500 сўмга тушади.
Қаерга кетмон урсангиз — лой ва ғишт тайёр. Сув қўйиб, аралаштириб,  қолипга солсангиз ғишт пайдо бўлади.
Бир буханка нон эса бизда шу бугунга қадар 650 сўм бўлиб келди.
Кечаги совет даврида бир дона ғишт — 3 тийин, нон эса — 20 тийин эди. Солиштирмада, бир буханка нонга 6-7 та ғишт берарди. Мустақиллик даврига келиб битта ғиштга — 2 та нон бериладиган бўлди. Бу нотўғри.
Бу мутлақо адолатсизлик.
Бугун энди бир дона ғишт 1400 — 1500 сўм бўлган бир пайтда, бир буханка нон нархи ҳам ўшанга деярли тенглаштирилди.
Ана энди ўзингиз, бошингиздан дўппини олиб қўйиб, яхшилаб  ўйлаб кўринг — ғишт қаёқда-ю, нон қаёқда?
5.
Нон тайёрлаш жараёни эса жуда оғир ва муракаб:
Уруғ танлашингиз керак. Уни ерга сочиш, ерни шудгорлаш, бароналаш керак.
Баъзан буғдойга қурт тушади, иссиқда гармсел уриб кетади. Бунинг меҳнати ва заҳматини ҳам унутмаслик лозим.
Ниҳоят пишган буғдойни комбайн билан ўриш ва уни тегирмонга олиб келиб янчиш керак.
Яна бир марта яхшилаб ўйлаб кўринг: Ғишт қаёқда-ю, нон қаёқда…
6.
Нон Ўзбекистонда шу пайтга қадар компенсацияда эди.
Яъни уни сотиб олиш учун кам таъминланганларга дотация бериларди.
Ҳозир ҳам бу компенсация сақланиб қолган. Ҳар бир оилага, нон нархи ошгани боис, 18 минг сўмдан пул компенсация сифатида тўланади.
Бир оилада уч тўрт киши бўлса — 50-60 минг сўм қўшимча пул олади.
Давлат нон нархини оширгани билан, буни қоплаш учун халқимизга компенсация жорий этганини одамларга нега тушунтира олмаяпмиз?
7.
Нон бу улуғ ва муқаддас неъмат.
Уни исроф этмаслик керак. Ниманики нархи кам бўлса, унинг қадри паст кам бўлади, пастга тушиб кетади. Нонни текин қилиб қўйса, унинг қадри пасайиб, оёқ ости бўлади. Оёқ ости бўлган нарса — эртага танқид бўлади.
Ота боболаримиз ҳам азал азалдан ягона нонни пешонасига суртиб ўпишган. Жангга кетадиган боласининг белига нон боғлаб жўнатган. Умуман, аксарият мусулмон давлатлар нонни жуда исроф қилишади.
Нонни қадрлаш, унинг қадрини туширмаслик керак…
8.
Бир литр сув энг камида 2000 сўм туради.
Бир буханка нон 650 эди. Энди — 1200 сўм бўлди. Бунга ҳатто бир литр сув ҳам бермайди.
 Бир стакан семечка бозорда 1000 сўм. Бир буханка нон эса кечадан бошлаб 1000-1200 сўм бўлди.
Бу туришда нон етиштирувчи деҳқонга, комбайнчи ва тегирмончига,  тандирчи ва нонвой меҳнатига яраша етарли ҳақ бериб бўлмайди.
Алал-оқибат, уларнинг қўли ишдан совийди…
9.
Бугун Ўзбекистонда бир долларга 7 буханка нон беради.
Канадада эса битта нон 4-5 доллар атрофида.
Буларни ўзъаро солиштириш ва одамларга нима арзону, нима қиммат эканини, қаерда ҳаёт яхши ва ёмон эканини содда ва қишлоқ тилида тушунтириб бера олишимиз керак.
Ўзбекистон газетларида бу борада етарлича тушунтириш берилмади. Телевиденияда ҳам бирорта изоҳ ва шарҳ йўқ, унда журналистика нимага керак?
Ўзбек халқига ўзбек журналистикаси қачон хизмат қилишни ўрганади?
Сўнгсўз ўрнида:
Болалагимда нон ҳақида эшитган бир ривоят ҳали ҳануз хотирамда:
Нон тоқчада турса, ололмасангиз — қуръонни оёғингиз остига қўйиб, нонни олишингиз мумкин. Лекин нонни оёғингиз остига қўйиб Қуръонни олиш мумкин эмас экан.
Ноннинг улуғлигини кўрдингизми?
Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев бошчилигида жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширлмоқда. Нон нархини ошириб, унинг қадрини кўтариб, давлатимиз жуда тўғри қилди.
Фақат буни халққа тушунтириб бериш борасида матбуот оқсоқлик қилмоқда, холос…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
20 сентябрь, 2018 йил, Торонто шаҳри, Канада…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *