
ёки АҚШ сафари таассуротлари ҳақида
Исмат Хушев
10.
Манхеттен — Нью Йоркнинг фахри.
Бу ерда дунёнинг истаган бурчагидан келган сайёҳ ва бизнес олами вакилларини, адабиёт, санъат ва сиёсат дунёсининг кўзга кўринган юлдузларини учратиш мумкин.
Мен олдин ҳам Манхеттенга бир неча маротаба келган ва ҳар сафар машинамнинг қаеринидир уриб, борар манзилимни тополмай, асабийлашиб кетган эдим.
Кейин билсам, Манхеттенда осмон ўпар бинолар кўп бўлгани боис машинада ўрнатилган — ҳайдовчига cпутник орқали йўл ва манзил кўрсатадиган техник жиҳоз (GPS) бу ерларда ишламас экан.
Шунинг учун ҳам бу гал бу машҳур ва маълум шаҳарга Фелодельфиядан жияним ижара (рент)га олган машинада келдик.
Манхеттеннинг борса борар, кўрса кўрар жойлари жуда кўп экан. Мен бугун улар ҳақида ҳисобот бериб, Сизнинг хаёлларингизни фаромуш қилмоқчи эмасман.
Фақат у ерга машинада бориш нотўғри бўлишини айтмоқчиман, холос.
Биринчидан «паркинг» учун жой топиш муаммо. Жой топилса ҳам аламижон пул бўларкан.
Манхеттен ва умуман Нью Йорк сафарини якунлаб, Бруклиндаги машҳур «Наргиз» ресторанида тушлик қилдик.
Олдинги гал келганимизда бу ер анча торроқ эди. Энди атрофидаги хона ҳам қўшиб олиниб, анча кенгайтирилибди.
Бу ернинг ширин ва мазали овқатлари худди ўзимизнинг «Чорсу»даги туни билан ишлайдиган ҳовлиларда тайёрланадиган миллий ва мазали таомлардан фарқ қилмасди.
Олти киши тўйиб овқатландик. Сомса, манти, кабоб, иссиқ нон, турли салатлар, норин ва лағмонлар Сизда гўё Ўзбекистонда яшаётгандек таассурот уйғотади.
Бор йўғи 200 доллар атрофида пул тўлаб, ташқарига чиқарканмиз, оқшом тушиб, кун алламаҳал бўлганига қарамай Нью Йорк шаҳри турли туман электр чироқлари ёрдамида янада гўзаллашиб, янада ёрқинроқ нур соча бошлаганига гувоҳ бўлдик.
Бу шаҳарни туни билан куни бир деб бежиз айтмас экан одамлар.
Болаларимизнинг қистови билан биз яна шаҳар марказига бориб, тунги Бродвейни томоша қилдик.
Булутларга ёндош осмонўпар бинолар, электр чироқлар ёғдусида ажиб бир гўзаллик билан порлаб турган турли туман реклама ва эълонлар, атрофингизда қушдек сузиб юрган сон саноқсиз енгил автомашиналар, такси ва от қўшилган пайтунлар ҳайратимизга ҳайрат, бу «сирли ва сеҳрли шаҳар»ни кўришга бўлган ғайратимизга ғайрат қўшарди…
11.
Меҳмонхонага қайтиб, мириқиб ухладик, яхши дам олдик.
То тонггача Нью Йорк сафарида бўлишимизга қарамай, эрталаб барвақт уйғондик.
Яна шоҳона тушлик ва яна мастона сафар кутарди бизни.
Бу гал энди Вашингтонни кўришни ихтиёр этган эдик.
Феладельфиядан Америка Қўшма Штатлари пойтахтига қадар икки, икки ярим соатда етиш мумкин экан.
Мени мафтун этган нарса яна кенг ва текис, ойнадек равон йўллар, американинг ям-яшил, мовий ва беҳудуд кенгликларга туташиб кетган гўзал табиати бўлди.
Вашингтонга бора боргунча ҳар қадамда дам олиш ва роҳатланиш бекатлари мавжуд.
Бу манзилда Сиз машинангизга бензин қўйишингиз, овқатланишингиз, магазинлардан истаган нарсангизни харид қилишингиз, Сиз учун табиат қўйнида махсус ўрнатилган юмшоқ ўриндиқ ва столларда бемалол дам олиб, ҳордиқ чиқаришингиз мумкин.
Шунинг учун ҳам борар жойингиз қанча узоқ бўлмасин, манзилга қийналмай, хуш кайфият билан етасиз.
Америка йўлларида машинада кетиб бораркансиз, худди осмондаги учар гиламда учиб юргандек ҳис этасиз ўзингизни.
Бу ерларнинг йўллари ва машиналари Сизни чарчатмайди, аксинча қанча ҳайдасангиз ҳам руҳингиз тетик, кайфиятингиз баланд ва албатта тан жонингиз роҳатда бўлади…
Американинг ана шу роҳатижон йўлларида юриб, мен беихтиёр Ўзбекистоннинг Тошкентдан Китобга қатнайдиган Катта Ўзбек Трактини эслаб кетдим.
12.
Шу тобда болалигимда ўқиган бир шеър ҳам ёдимга тушди:
Бу йўллар кўп қадим йўллардир,
Жаҳоннинг фотиҳи Искандар,
Рим қайсари Ботил, Жўжи,
Темурланг қолдириб кимсасиз из
Қон дея, қон дея босароқ кешмишдир…
Албатта, бу шеър ва унда тасвир этилган воқеа ва тарихий шахслар энди ўтмишдир. Лекин биргина шу мисралардан ҳам тарихда бизнинг йўлларимиз қандай бўлганини, не-не жангу жадалларни кўрганини маълум маънода тасаввур қилиш мумкин.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин унинг йўллари ҳам мустақил бўлиши керак эди. Яъни, совет давридаги йўллар қайта таъмирланиб, янгича, ўзгача қиёфа касб этиши лозим эди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва хайрихоҳлиги билан бунга қайсидир маънода эришилди ҳам.
Лекин бу барибир кутилган натижани бермади.
Бугун Тошкентдан келаётган дўсту биродарлар хабарига кўра, Ўзбекистон йўлларининг ҳолига маймунлар йиғлаши мумкин.
Бу ерда Тошкентдаги, пойтахт марказидаги йўлларни эмас, айнан менинг талабалик ва мулозимлик йилларим ўтган Катта Ўзбек Тракти йўлларини — Тошкентдан Самарқанд ва Бухорога, ундан кейин эса Жом орқали Қарши ва Термезга олиб борадиган қадимий йўлларни назарда тутяпман…
13.
Вашингтон бизни заррин қуёш нурларини сочганича, ажиб бир латофат ва малоҳат билан кутиб олди.
Айтиш мумкинки, Вашингтон — Нью Йоркдек ғала-ғовур ва суронли, бедор бир шаҳардан сўнг, тинч ва ажабтовур, армонли ва дилдор бир келиндек таассурот уйғотади.
Нью Йоркда одамлар қайгадир шошиб, нимагадир талпиниб, елиб-югуриб яшаса, Вашингтонда ҳамма жиддий ва сокин, шаҳар ҳам шунга мос ҳолда тинч ва осойишта, осуда ва улуғвор эди…
Ростини айтсам, оилам, жияним ва болаларимга Нью Йорк ёққан бўлса, менга Вашингтон кўпроқ ёқди.
14.
Америка Қўшма Штатлари Президентининг расмий резиденцияси бўлмиш — «Оқ уй» худди ям яшил ва мовий кенгликлар бағрида жойлашган қишлоқ дачасини эслатди менга.
«Оқ уй» сўзи журналистлар тилида расмий Америка Қўшма Штатлари Президенти маъмуриятининг тимсоли сифатида 1901 йилдан эътиборан Теодор Рузвельт тарафидан истеъмолга киритилган экан.
(Худди Россиядаги «Кремль» ва Париждаги «Елисей саройи» атамалари каби)
Биз бу бинодан атиги 150 ё 200 метр беридаги атрофи темир панжаралар билан ўралган жойда туриб АҚШ Президенти ишлаб турган хонани кўрдик.
Манбаларда ёзилган — Президентга тегишли бўлган бинонинг чап қанотидаги «Овальный кабинет» шу бўлса керак деб тахмин қилдик.
Ундаги чироқлар ёниқ турганидан, Америка байроғи кўтарилганидан Президент иш жойида эканини тахмин қилдик.
Бинога кираверишдаги майдончада беш олтита ойналари қорайтирилган «ЖИП» машиналари қатор турар, уларнинг тўрттаси йўл бошловчи, унга ҳамроҳлик қилувчи ва қўриқчиларники бўлса, иккитаси Президентга мўлжалланганини сезиш мумкин эди.
АҚШдаги «Оқ уй» атрфоида Ўзбекистон «Оқ саройи»дагидек ваҳима, сон саноқсиз қўриқчию, йўриқчилар йўқ эди.
«Оқ уй»ни томошо қилиш учун дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган сайёҳ ва меҳмонларни атиги икки нафар полиция зобити тинч ва сокин, ажиб бир табассум билан жимгина кузатиб турарди, холос.
Бу ерда Сиз истаганча суратга тушишингиз, ҳатто ўша панжараларга тирмашиб ҳам расмингизни олдиришингиз мумкин.
Бунинг учун ҳеч ким Сизни сўроққа тутиб, Ўзбекистондагидай ҳибс этиши ёки суратга оладиган жиҳозингизни мусодара қилиши мумкин эмас…
15.
«Оқ уй»нинг атрофида америкаликлар ҳаёти ва Америка сиёсатида ўз муносиб ўрнига эга бўлган унутилмас сиймолар — Жорж Вашингтон монументи, Линкольн ҳайкали ва АҚШ Конгресс ҳамда сенати жойлашган Капитолий уйи ҳам бизда катта таассурот қолдирди.
АҚШда катта сиёсий аҳамиятга эга бўлган бу тарихий ва қадимий жойлар зиёратидан сўнг мен яна Ислом Каримов билан бирга Ўзбекистон давлатчилиги ва мустақиллигига асос солган, унинг тамал тошини қўйган
мулозимлар, сиёсат ва жамоат арбоблари, депутатлар, адабиёт ва санъат намоёндалари ҳақида аламли ва армонли ўйларга толдим.
Кимдир менинг бу сўзларимни ўқиб, АҚШ даги демократия икки юз йилдан зиёд тарихга эга деб менга эътироз билдириши мумкин. Бизда ҳам шунча вақт ўтса, Сиз айтган одамларнинг ҳам номлари тикланиб, уларнинг Ўзбекистон тарихидаги меҳнатлари ўзининг муносиб баҳосини олади деб таскин ва тасалли бериши мумкин.
Нима бўлганда ҳам мен Ўзбекистон тарихидаги шонли саналар, ўтган кунларимиздаги ютуқ ва муваффақиятлар фақат Ислом Каримовнинг номи билан боғланиб, хато ва камчиликларимиз, мағлубият ва йўқотишларимиз унинг мухолиф ва рақиблари номи билан боғлиқ бўлиб қолишига қаршиман, холос.
Тарихни бузмай, унинг кўзига лой чапламай, оқни қора демай ёзиш тарафдориман.
Бизда кейинги йигирма уч йиллик тарих фақат бир кишининг номи билан боғлиқ бўлиб қолганига, мустақиллик ва давлатчилигимизга асос солган Олий Мажлис ноиблари — мустақил Ўзбекистон Парламентининг биринчи депутаталари, биринчи вилоят ва район ҳокимлари, биринчи вазир ва ҳукумат аъзолари, Бош вазирлар, Олий Кенгаш Раислари, бир сўз билан айтганда халқимизнинг не-не фидойи ва садоқатли ўғлонларининг номлари қораланиб, ўчирилиб, йўқотилиб юборилаётганига қаршиман, холос…
16.
Вашингтондан қайтишда тамадди қилиб олиш учун Балтимор шаҳридаги миллий таомлар ресторанига кириб ўтишни ихтиёр этдик.
Лекин у таъмирланаётгани боис, бошқа ўзбек ресторани тополмай яна йўлга тушишга мажбур бўлдик.
Вашингтонда биз бирорта ҳам ўзбек ресторанини учратмадик.
Ўзимизнинг қадрдон Феладельфиямизга келиб, жиянимизнинг уйида меҳмон бўлдик.
17.
Эртаси куни кун бўйи меҳмонхонада дам олдик.
Америкадаги ҳамма шаҳарларда меҳмонхоналар мавжуд бўлиб, мени ҳайратлантиргани шуки, уларнинг аксарияти мижозлар билан ҳамиша гавжум экан.
Жумладан, биз турган меҳмонхонада ҳам одам жуда кўп эди.
Лекин ажабки, уларнинг аксарияти бизнес ва бошқа ишлар билан банд бўлгани учунми, билмадим, ҳовуз ва жакузида, биллиард ва компьютер хонасида, ресторан ва барларда кўринишмасди.
Фақат кун қорайгандагина бу жойларда ҳам мижозлар кўпая бошларди.
Менинг болаларим, айниқса кенжатойим Камронбек меҳмонхонада яшашни, унинг оппоқ чойшабларига ўраниб, момиқ лўлаларига кўмилиб ухлашни яхши кўради.
Шунинг учун бўлса керак оилам унга уйда ҳам айни шароитни яратиб берганига қарамай, барибир меҳмонхоналардаги шароитни мақтайверади.
Кечга яқин Феладельфиядаги «Самарқанд» ресторанига бориб тушлик қилдик.
Тушликка бизни анчадан бўён кўришга иштиёқманд бўлган дўстимиз, «Дунё ўзбеклари»нинг ашаддий мухлисларидан бири Олимжонни ҳам таклиф қилдик.
«Кунига беш — олти марта газетангизни ўқийман!» — биз билан эски қадрдонлардай қучоқ очиб кўришаркан, Олимжоннинг биринчи айтган сўзи шу бўлди.
Унинг боладай содда ва самимий қалби, оддий ва камтарлиги, очиқ кўнгиллиги бизни мафтун этди.
«Самарқанд» ресторани ҳам бизга ёқди. Таомлари ширин экан, худди Ўзбекистондагидай…
18.
Беш кунлик сафар давомида ҳар куни эрталаб ва кечга яқин меҳмонхонадаги компьютер хонасига кириб, «Дунё ўзбеклари» дан хабар олиб, бир-иккита мақола қўйиб турдим.
Асосан ёзилган изоҳларни очиб қўйдим, холос.
Мени қувонтирган нарса шу бўлдики, сафарга кетишдан олдинги хабарномада «сайтимиз уч тўрт кун янгиланмайди» деганимга қарамай ҳар куни «Дунё ўзбеклари»га мингдан зиёд одам кириб турибди.
Демак шунча мухлис бизни унутмабди. Шунча мухлис бизни соғинибди. Шунча мухлис биздан кўнгил уза олмабди…
Ана шу меҳр, ана шу ишонч ва ана шу соғинч учун ҳам биз Сизни ҳеч қачон ранжитмаслигимиз, ишончингизни зинҳор ва зинҳор саробга айлантирмаслигимиз керак!
19.
Ниҳоят беш кунлик АҚШ сафарини тугатиб, қариндош уруғлар билан хайр хушлашиб, меҳмонханани топшириб, эрталаб тонгги еттиларда «Қайдасан, Торонто!» деб яна йўлга тушдик.
Мен азалдан оилам ва болаларим билан машинада сайрга чиқишни яхши кўраман.
Боя айтганимдек Америка Қитьасининг кенг ва равон йўллари Сизни ҳеч қачон чарчатмайди.
Дам олиш бекатларида тўхтаб ҳордиқ чиқариш, тамадди қилиш, болаларим истаган нарсаларни олиб бериш, уларнинг кўнглига қараш менга қувонч бахш этади.
Уларнинг мен ва менинг қуюшқонга сиғмас ҳатти ҳаракатим ва жиззаки табиатим туфайли Ватансиз қолган ўксик кўнгилларини кўтаришни, уларга имкон қадар малҳам ва далда беришни истайман доим.
Уларнинг менга ҳамиша ниманидир айтолмай тургандек туюлган сирли ва саволли, нурли ва ҳилолли, мунис, лекин маъюс нигоҳларига боқиб, мен ўзимни қанчалар гуноҳкор ва айбдор сезишимни билсангиз эди…
20.
Торонтога бу гал юқорида айтанимдай, жуда тез келдик. Йўл кўрсаткич (GPS)ни пуллик йўллардан ҳам юрадиган қилиб қўйганимиз учун ҳам уйга тез келдик.
Йўлда, Америка Қўшма Штатлари тугаб Канаданинг Ниагара шаршараси бошланганда ўғлимиз Камронбек қўл телефонидаги иентернат тармоғига кириб бир хушхабар айтди бизга.
У сафарда бўлган пайтда онасига бир ўртоғи учун сувенир олиб боришини айтиб, пул сўраганини оилам менга айтган эди.
Америкадан эсдалик сифатида олинган бу сувенернинг ёқимли сабаби бор экан.
Маълум бўлишича, ўғлимиз сафарга кетишдан олдин унинг номзоди бошқалар билан бирга мактаб Президентлигига қўйилган экан.
У ўқиши лозим бўлган маърўзани ўғлимиз номидан синфдош дўсти ўқиб, «Камронбек ҳозир оила аъзолари билан Америка Қўшма Штатларида «Оқ уй» ва Капитолини зиёрат қилиб юрибди, унинг номзодини қўллаб қувватлашларингизни сўрайман», дебди.
Қарангки, бошқа талабгорлар ичидан охир оқибат ўзи йиғилишда бўлмаса ҳам, ўғлимизнинг номзоди ғолиб келиб, у мактаб Президентлигига сайланибди.
Бунга эҳтимол, ўғлимизнинг мактаб радиосида ҳар кун эрталабки инглиз тилида олиб борадиган эшиттиришлари сабаб бўлгандир.
Лекин нима бўлганда ҳам ўз юртида эркин ва демократик сайловларни кўрмай, ўзга эллар сари юз тутган Исмат Хушевнинг ўзи майли, ҳеч бўлмаса энди унинг ўғли кўрсин ҳақиқий ва эркин сайлов нималигини деган ойдин бир умид, ёруғ бир ишонч юпанч беради ғариб ва шикаста кўнглимга…
(Тамом)
Сизга минг раҳмат Исмат ака. Сиз жуда ажойиб, бағри кенг инсонсиз. Ёзганларингизни бир ўтиришдаёқ ўқиб чиқади ҳар қандай одам. Сиздаги талантга гап йўқ лекин. Сизга омад ёр бўлсин доим.
«Лекин нима бўлганда ҳам ўз юртида эркин ва демократик сайловларни кўрмай, ўзга эллар сари юз тутган Исмат Хушевнинг ўзи майли, ҳеч бўлмаса энди унинг ўғли кўрсин ҳақиқий ва эркин сайлов нималигини деган ойдин бир умид, ёруғ бир ишонч юпанч беради ғариб ва шикаста кўнглимга…» Айниқса шу жумлани ўқиганимда беҳосдан тўлқинланиб кетдим. Ватанидан айрилиб, муҳожирликда юрган ўзбекларнинг айни юрагидаги сўзларни топиб айтибсиз. Қойил. Ишларингизга ривож тилайман.
Safarlaringiz juda chiroyli otibdi , hursandmiz . Ancha bolgandi korishmaganimizga , mana yana Dunyo Ozbeklari orkali korishishga muyassar bolmokdamiz . Ha , hakikatda saytingizda bugungi dunyo vokealari va boshka habarlar rang barangligi , adabiyotimiz , yozuvchi — shoirlar togrisidagi berib borayotgan ishlaringiz , yana tarihiy yozilgan makolalar , tez — tez chikib okuvchi oldida hisobot kabi orinli malumotlar berib turishingiz kopchilik dostlarimizni hushnud etayotganligi korinib turibdi . Albatta kop muammolar korgan va korayotgan bugungi otish jarayonidagi halkimizga biroz bolsada huzurlar bera olayotganga ohshamokda bu saytdagi bazi mavzular . Safaringiz hakida ozgina koshimcha fikrim bor edi . Bizlar ham Amerikada 80 — va 90 — yollar yonida yashaymizlar . Sizlardan takriban 4,5 soatlar chamasi uzoklikda . Yani demokchimanki safarlaringizda tohtab , bir piyola choy ichib otsangizlar bolaveradi … Keyingi koshimcham masjidlar hakida . Borgan shaharlaringizdagi masjidlar va u erlardagi musulmonlar va boshka millatlarning ham saklab kolgan urf — odatlari haklaridagi sizning sermahsul mulohazalaringiz yanada kizikrok bolsa kerak degan orzulardamiz . Sizlarga uksak ehtiromlar bilan Fazliddin Yokub . Amerikadan .