• Сб. Ноя 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас…

Окт 9, 2012
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас…
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас…

Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Ўзбекистон халқ шоири.

Агар дўстлар эрур содиқ, бир бирин қийратиб бўлмас,
Агар қилгил неча фитна, аларни айратиб бўлмас.
Демишлар: мору қушни бир қафасда асратиб бўлмас,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Ватан деб мен баён қилдим, аё дўстлар, мухаммасни,
Ватанни ким улуғ билди, азиз билдим мен ул касни.
Ватан деб жўш урар эрса кўтаргум бошима хасни,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Надомат бирла боққайман Ватансизларга ҳар доим,
Эгиб бошини зор йиғлар, агарчи давлати қойим,
Фақир бўлсам-да бор юртим — тожу тахтим, борар жойим.
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Боболар кечмишин ҳаргиз фаромуш айламанг дўстлар,
Ҳақиқат тонги отганда ани туш айламанг дўстлар,
Агар ким эътиқодсиздур, ани хуш айламанг дўстлар,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Диёрим Ўзбекистондур, ки андин ифтихорим бор,
Демакки, ҳур адолатлиғ давлати барқарорим бор,
Онамдек меҳрибон, мунис Ватан бор, ғамғузорим бор,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Ватан сен ҳур, йўлинг шонли, қадамни ташлагин шахдам,
Фахр-ла боққай Абдулло кўзида шодлигидан нам,
Паноҳингни тилаб Ҳақдин дилида илтижо ҳар дам,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *