
БУГУНГИ КУНЛАР
Тархий роман
II. боб. ФЕРУЗАБОНУ
(Қайта ишланган ва тўлдирилган нашри)
Деворга илиниб қўйган осма саоат занжири анча пастга тушиб улгурган. Унинг бир учига илинган оғир темир урчуқ ҳар лаҳза сари пастга интилар эди. Гўё у хаёт давом этаётганлигидан Ферузабонуни огоҳ этиб турганга ўхшарди.
Ўғли Зафарбек отасини кузатгандан кейин ўз хонасига кириб, компьютерда бироз ишлади. Чироқни ўчириб, ўзини краватга ташлади. Ферузабону эса ўз хонасида мижжа қоқмай ўтирарди.
Одамнинг иши чаппасига кетса, тўхтамай пастга қараб тортиб кетаверар экан. Ҳудди деворга осиб қўйилган соатнинг урчуғига ўхшаб. Соат ишлаши учун занжирнинг иккинчи учини тортиб, муруватни тепага кўтариб қўйилади.
Ферузабону кўзини соатдан олиб, фикрларини жамлашга уринар эди. Бугунги кун содир бўлган воқеаларга ишонгиси келмасди. У кимлардан ёрдам сўрасин. Мана эри ҳам олисларга кетди. У ўзи билан бошига тушган ташвишларни олиб кетдим, деб ўйлайди.
Аммо тақдир чигаллари шунчалик маҳкам тугилганки, уни ечишга фақат Яратаган қодир. Осма соат занжири доим пастга қараб урчиқни тортиб тушаверади. Такрор,такрор ва такрор. У бунунги кунларни лаҳзаларга тақсимлаб, умр ўтаётганлиги ҳақида огоҳ этувчи “чиқ-чиқ”ини давом эттираверади. Ферузабону соат циферблатига қаради. Уни ҳаёл олиб қочди. Ҳали бомдодга анча вақт бор экан. Эри аллақачон Тошкентдан узоқлашиб кетгандир. Энди унинг юриш-туриши нима бўлади. Қамоқдан чиққанидан сўнг, бир ой давомида касалхонада даволанди. Шунча синовларга юраги бардош берармикин. Яна хуруж қилиб қолса нима қилади? Унинг таъбири билан айтганда, Ўзбекойим, шахсий табибим, шифокорим, ошпазим, меҳрибоним, жафокашимсиз. Сиз бўлмасангиз мен бу дунёда яшаб нима қиламан, деб эъзозловчи яқин кишиси йўқ. Энди нима бўлади. Бу уй-ҳовли Отабексиз ўғли Зафар иккаласини ютиб юбораётгандек. Бошига иш тушса, инсон ёлғиз қоларкан. Қани эрининг дўстларию, акалари, ижоди гурқираб, амал пиллапояларидан кўтарилаётганида парвона бўлиб, этагига ёпишган кунда-шундалар қани?! Ёнида ўралашиб юрувчи сартарошлар, расмчилар, иккитадан ҳайдовчилар қани? Ҳеч бўлмаса қариндош-уруғлар қани? Улар ҳам кўчиб кетишганми? Ҳатто бир неча марта милициядан одам келиб суриштирганидан ваҳимага тушган қўшнилар ҳам ўзни олиб қочадиган бўлиб қолишди. Менимча, бу балоларнинг асосий сабаби унинг ўта кўнгилчанлиги, одамдан одамни фарқлай олмаслиги, аниқроғи, одам ажратишни билмаганлигидир. “Саховат” дастурини амалга ошираман деб хайрия жамғармаси тузганида, унинг меҳнати ва шон-шуҳрати туфайли миллионлаб маблағлр топганида, “Гадоларнинг подшоҳи” дея улуғладилар. Атрофига йиғилган устамонлар унинг ҳузурини кўрдилар. “Гадоларнинг гадоси” бўлганида ҳатто танимай ҳам қўйдилар. Жамғармада юзага келган иқтисодий таназзулни бартараф этиш ниятида оилавий ашъёларгача сотиб бизни ҳам қашшоқ қилдилар. Ахир ўн йилдан ортиқ давр мобайнида милицияма милиция, судма суд юравериб, баъзан ҳақиқат тантанасига эришиб, баъзан хўрликларни бошидан кечириб, яхши кунларга умид қилиб юрадиган одамлар ҳам топилса керак. Яна ҳам метиндек иродаси бор экан бу одамни. Бўлиб ўтган ишларни ўйлаб, ўйга етолмайсан киши. Лекин мен ундан мингдан минг розиман. Болаларимизнинг ҳаммаси олий маълумотли бўлишди. Қизларни бир амаллаб топган-тутганларимизни йиғиб узатдик. Янги турмуш қурганимизда бир неча йил ховли сотиб олгунимизгача отамнинг уйида турганмиз. Мен туғруқхонада ишлар эдим, у бўлса, ижод билан банд эди. кечалари болалар боғчасида қоровуллик қилар, эрталаб фаррошликни ҳам ўз зиммасига олган эди. Менинг топганим рўзғорга кетарди. У эса ҳовли сотиб олиш орзусида маблағ йиғар эди. Унинг “Москва” деб номланган ёзув машинкаси бўлар эди. кўплаб ижодий ишларини қоровулхонасида ёзарди. Шундай қилиб, кичикроқ ховли сотиб олдик. Кейинчалик у ховлини сотиб ота-онам яшайдиган маҳалладан мана шу уйни ҳарид қилиб кўчиб келдик. Аввалига отам кўп йиллар бетоб ётди. Юрак ҳасталиги уни олиб кетди. Кейин эса онам инсульт бўлиб, йил давомида тўшакка михланиб ётдилар. Уларни оқ ювиб, оқ тарашимга эрим
Отабек ака барча имкониятларни яратиб бердилар. Яхши ҳам шу маҳалладан уй-жой қилган эканмиз. Мен ундан минг марта розиман. Аммо Андижонда яшайдиган қанотам, қайнонамларнинг хизматини қила олмадим. Узоқлик қурисин. Улар ҳам бирин-кетин оламдан ўтдилар. Бир армоним шу — уларнинг олдидаги келинлик бурчимни яхши бажара олмадим. Худо раҳмат қилсин. Улар меҳнаткаш, меҳрибон ўта яхши одамлар эдилар. Улар ҳамиша менинг кўнглимга қарар эдилар. Ота-оналаримиз биз учун эртак, тенгсиз ибрат тимсоли бўлиб қолди. Яхшиямки, Аллоҳ таоло буюрган беш вақт намоз бор. Ундан нажот сўрайман. Бу улуғ инсонларга яратгандан маҳфират сўраб дуо қиламан. Ферузабонунинг ҳаёлига болаларининг отаси Отабек билан боғлиқ ҳотиралар от солиб кела бошлади…
Ферузабону эри Отабекнинг сабр-тоқатига доим тан берарди. Улар иккиси танишганларида у эндигина Андижондан, аниқроғи, “Ойим” қишлоғидан келиб, ТошДУнинг журналистика факультетида ўқир экан. Ферузабону ўн уч ёшларда, тўладан келган, боқишлари жиддий бўлгани учунми, Отабек уни катта қиз деб ўйлаган эди.
–Исмингиз ким?, —деди Отабек автобуснинг олдинги ўриндиғида ўтирган Ферузабонуга. У ҳайрон қолди: “Бу қишлоқдан келган йигит, нега менинг исмимни сўраяпти?. Ғалати экан, шунақа ҳам ориқ бўладими?”. Отабекнинг икки юзига қора доғ тушган, қўллари ёрилиб кетган эди. Ферузабону жавоб қайтариш ўрнига Отабекка бир қаради-да, автобусдан тушиб кетди. Аслида, ҳеч ким, ҳеч қачон, айниқса, катта йигитлар унга гап отмаган эди-да. Ферузабону мактабдан қайтаётганида Отабек унинг йўлини пойларди. Йигит уларнинг қўшниси Эркин Ҳайитбоевлар хонадонига тез-тез келиб турарди. Эркин Ҳайитбоев Партия тарихи институти архивида раҳбар бўлиб ишларди. Унинг рафиқаси Дилбар опа эса, Ферузабонунинг отаси билан лойиҳа институтида ҳамкасб эди. Шу тариқа, Отабек билан танишиб олган. Аниқроғи, у Ферузабонунинг йўлидан тез-тез чиқиб турарди. Фозиловлар оиласи Тошкентнинг марказида, Навоий кўчасида яшар эдилар. Зилзила туфайли уларнинг уйлари ҳам вайрон бўлди. Ўшанда Ферузабонуни вайроналар ва чанг-тўзон ичидан отаси топиб чиққан эди. Уни худо сақлаган. Улар янги ҳовлига, Октябрь даҳасига кўчиб ўтишди. Ферузабону Отабекни бошқа кўрмади. Мактбни битирди. У жуда-жуда шифокор бўлишни орзу қиларди. ТошМИга ҳужжат топширди. Аммо ўқишга кириш учун етарли балл тўплай олмади. Онаси Раъно Тиллаева мактабда биология ўқитувчиси бўлиб ишларди. У қизини кимё фанидан қаттиқ тайёрлади.
—Дадаси, ахир, қизимизнинг балли фақат озгина етмабди,— деди Раъно опа. — Минг сўм беринг, ана Наргизанинг балли ҳам Ферузанинг балли билан тенг. Унинг отаси “гаплашибди”, қизининг ишини тўғирлабди.
— Бўлиши мумкин эмас. Бизнинг институтларимизда порахўрлик йўқ,— деди қатъийлик билан Ўткир ака, — бекорчи гапларни боша гапирмаларинг! Бу йил ўқишга кирмаса, янаги йил, албатта, киради. Дўстим Зокиржон болалар касалхонасида бош шифокор бўлиб ишлайди, қизимизни ҳамшира қилиб ишга олади.
Онасининг хар қанча талабига қарамасдан отаси кўнмади. Пул бергиси келмагандан эмас, албатта. Ўткир ака Тошкент Ҳудудий қурилиш илмий текшириш институтида оддий лойиҳачидан, директор ўринбосари лавозимигача ўз меҳнати ва илми билан кўтарилган. Унинг раҳбарлигида ишланган лойиҳалар бир қатор кўрик танловларда ғолиб чиққан. Яҳлит темир бетон қурилмалари ва зилзилабардош лойиҳалари Тошкент меъморчилигида кенг қўлланилган. “Ўзбекистон” меҳмонхонаси томини замонавий яхлит темир бетон қурилмаси билан ёпиш лойиҳаси ишлаб чиқаришга татбиқ қилинган. Унинг кашфиётлари Давлат мукофотига тавсия этилди, аммо мукофот рўйҳатига киритилган номлар, аниқроғи, ҳаммуаллифлар сони кундан-кунга кўпайиб кетди. Дастлаб институт директори, сўнг шаҳар ижроия қўмитаси раиси, кейин Фанлар Академиясидан ҳам илмий раҳбарлар мазкур иш бўйича муаллифлик рўйҳатига тиркалди. Шундан сўнг, Ўткир ака ўз номзодини қайтариб олди. У жуда қатъиятли ва ор-номусли одам. У бундай ноҳақликка чидай олмади. Ферузабонунинг отаси зилзиладан сўнг, оиласи учун ажратилган ер майдонига ўз қўллари билан уй солган. Бино тархини ҳам ўзи чизди.
Ўша йили Ферузабону ўқишга эмас, болалар касалхонасига ҳамшира бўлиб ишга кирди. У уз ишидан ниҳоятда мамнун эди. Ахир, бемор болаларнинг инжиқликларини кўтариш, уларга меҳрибонлик қилишдан савоблироқ иш борми, дунёда. Уларнинг соғайиб, юзларига табассум югурганини кўришдан ширинроқ хиссиётнинг ўзи бўлмаса керак. Фкрузабону болаларни дам олиш соатларида касалхона боғчасига олиб чиқар, улар билан турли ўйинлар ўйнарди. Баҳор кунларининг бирида Фкрузабону иш вақти тугагач, уйига қайтмоқчи бўлиб, автобус бекатига чиқди.. Бекатда бир йигит турар эди. У негадир Ферузабонуга қайта-қайта термулар, унинг нимадир демоқчи эканлиги билиниб турарди. Ферузабону ўзини ўнғайсиз сезди. Тезроқ бу ердан жўнаб қолш мақсадида тўғри келган автобусга ўзини урди. Ҳилиги йигит ҳам шу автобуснинг орқа эшигидан чиқиб олди. Йигит ҳамон одамлар орасидан унга термуларди. Ферузабону ҳам аста унга қўз қирини ташлади. Йигит маъюс, аммо кўркам эди. Унинг устига, мўйлов қўйиб олибди. Эгнидаги либоси ҳам замонавий эмас. Йўл-йўл шим, йўл-йўл кўйлак кийиб олган эди. Ферузабуни “Тошкентлик бўлмаса керак, шаҳарлик йигитлар бундай кийинишмайди”, деб хаёлидан ўтказди. Унинг чеҳраси танишдек туюлди. “Ким бўлди бу йигит? Юзи кўзи танишга ўхшайди. Қаерда кўрган уни?”, — у ҳеч эслай олмади. – “Балки танишмоқчидир?”. Йигит эса, мўралаб-мўралаб қарар, одамлар орасидан бир амаллаб, унинг ёнига ўтишга интилар эди.Ферузабону ўзини ўнғайсиз сезди. Кўкча мавзесига келганида автобусдан тушиб қолди. Йигит эса автобус жуда тиқин бўлгани учун тушишга улгурмади. Фкрузабону эса орқада келаётган трамвайга чиқиб, йўлини яна давом эттирди. “Ғалати бола экан, нега менга бундай термулди. Балки ўғридир. Йўғ-э, унақага ўхшамайди. Юзларидан самимийлиги сезилиб турибди. Энди мени топа олмайди”, — деб ўйлади у. Қизнинг негадир йигитга раҳми келиб кетди. Трамвайда кетаркан, унинг хаёлидан ана шундай фикрлар ўтарди.
— Кечирасиз, — дея сўз бошларди Отабек унинг ёнига келиб. Ферузабону чўчиб тушди. Беихтиёр унга гаприб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.
— Ия, сиз автобусда кетган эдингизку?
— Кейинги бекатда мен ҳам тушиб, трамвайга чиқиб олдим, — деди Отабек тортиниб.— Сиз, албатта, шу трамвайда кетаётган бўлсангиз керак деган фикр хаёлимга келди.
— Массивда ишингиз борми,— сўради қиз.
— Йўқ сизнинг ортингиздан эргашиб келдим.
* Нега?
* Мен сизни танигандек бўляпман. Исмингиз Мунира бўлса керак?
* Йўқ, Мунирани қаёқдан танийсиз? Мен унинг опаси Ферузаман.
Шу пайт, гап чала қолди. Қиз манзилига етиб келди.
— Сиз боғчада ишлайсизми, — дея охирги саволини бериб улгурди Отабек.
* Ҳа, — деди Ферузабону ва транвайдан тушди. Отабек трамвай ойнасидан термулганича қараб қолди.
* * *
Негадир Ферузабону ўша нотаниш йигит билан бўлган воқеани тез-тез эслай бошлади. У шошилинчда ўз манзилни йигитга айтмаган эди. “Бечора йигит, у мени энди ҳеч қачон топа олмайди. Исми ким эди-я?”, — деди қиз ўзига ўзи.– “Ҳа, ўша болалигида танишган талаба эди-я! Ўшанда ҳам автобусда унга гап отган, қўшни бола, қишлоқдан ўқишга келган йигит У мени шунча йил ўтса ҳам унутмабди. Манзилимни айтсам ҳам бўларкан !”
Дам олиш куни ҳам ўтди. Душанбада у яна ишга борди. Одатдагидек, шифокор бемор болаларни кўрикдан ўтказди. Ферузабону ҳамшира сифатида шифокор берган барча топшириқларни бажарди. Хордиқ олиш вақти бошлангунга қадар у болаларни касалхона боғчасига олиб чиқди. Касалхона атрофи темир панжаралар билан ўралгани эди. У не кўз билан кўрсинқи, панжара орасидан ўша йигит қараб турарди. У чўчиб тушди. Болаларни чақираман деб бурилган эди, тойиб кетди. Йигит панжарадан ошиб тушдида, қизнинг қўлидан тутиб, уни турғазиб қўйди.
–Раҳмат,— деди қиз. Уялганидан унинг юзлари қизариб кетган эди.
–Лат емадингизми?” — деди йигит, – сизни кўргим келди. Эрталаб келган эдим. Боғчада болаларингиз оз экан.
* Бу ер боғча эмас, касалхона, — деди қиз ерга қараб.
* Боғчада ишлайман, деган эдингизку?
Қиз жавоб бера олмади, сўнгра қизара-бўзара деди:
—Барибир топибсиз-да? Исмингизни ҳам билмайман.
* Ҳа, топдим. Сизнинг отингиз Феруза, тўғри топдимми?
* Ҳа. Сизникичи?
* Отабек…
* Ҳурсандман.
* Энди сизни ҳеч қачон йўқотмайман. Мен шу атрофда ишлайман.
* Қаерда?
* Телестудияда.
* Ишхонамиз яқин экан.
Шу тариқа улар тез-тез учрашадиган бўлиб қолишди. Учрашмай қолишса, почтага сўраб оладиган қилиб, бир бирларига хат қолдиришар эди. Отабек унга бутун оламни ҳадя қилишга тайёр эди. У шундай мактублар битардики, уларни ўқиган тош ҳам эриб кетарди. “ Севги мактубларига ишонма, бундай муҳаббат фақат китобларда бўлади”,— дер эди қизнинг дугоналари. Лекин қиз ўз ҳаётини шу йигитсиз тасаввур эта олмай қолди. Отабек ҳам уни бир кун кўрмаса бўлмасди. Улар учрашганларида у узундан узун сўзлар, ўз хиссиётларини фақат орзуларга тўла ширин сўзларга жойлар эди. Кунларнинг бирида Отабек унинг қўлларидан ушлаб олди. Ферзабону титраб кетди. Қизга ақл ўргатадиганлар ҳам кўп бўлди. Баъзи дугоналари: “ Бу қишлоқини бошингга урасанми, Тошкентда йигитлар қуриб қолганми?”,— деб унинг жаҳлини чиқаришарди. Одатдагидек, тушлик пайтда Отабек касалхона панжаралари ёнига келди. Унинг қўлида икки дона музқаймоқ бор эди.
* Салом Феруза, — деди Отабек ўнг қўлидаги музқаймоқни унга узатиб.
Негадир қизнинг кайфияти яхши эмасди. Жавоб қайтармай бошини имлади.
* Нима бўлди, бону, сизни ким хафа қилди?
* Йўқ, ўзим, — деди қиз ўйчан ҳолда.
* Узоқ ўйлаб кўрдим. Мен сизга турмушга чиқа олмас эканман. Уйимиздагилар онамнинг жиянига мени унаштириб қўйишмоқчи.
Шу пайт касалхона ичидан оқ халат кийган, ўрта ёшдаги аёл чиқиб келди.
— Ҳа, ука?— Отабекка юзланди ҳалиги аёл. У сўз тополмай довдираб қолди. Аёлнинг оғзи тинмасди: — Ферузани мен укамга олиб бермоқчиман,— деб шанғиллади аёл. — Ҳа, қишлоқи, кўрпангга қараб, оёқ узатсангчи, шарманда! — Бу кутилмаган ҳолдан йигит эсанкираб қолди. Бир ҳалиги аёлга, бир қизга қарарди. Қўлларидаги музқаймоқлар эриб, панжалари орасидан оқиб тушарди.
— Феруза, Ферузабону, бирор нарса денг, ҳаммаси сизга боғлиқ,— деб илтижо билан боқар эди у.
Қиз жанжал босилишини бир оз кутиб турди. Энди ҳалиги аёл ҳақоратга ўтди: — Ҳозир милиция чақираман, — деб айюҳаннос соларди у. Ичкаридан ёши элликлардан ошган киши чиқиб келди. У тўғри келиб, ҳалиги аёлга қараб деди: — Боринг, ишингизни қилинг, Ферузанинг ўз ақли бор, ўз масаласини ўзи ҳал қилади! Бу киши касалхона бош шифокори Зокиржон ака эди. Қиз ҳам ўта ноқулай аҳволда қолди.
* Майли, гаплашиб олинг-да, кейин палатангизга боринг, — деди жиддий оҳангда у. Сўнгра Отабекка бироз тиеилиб турдида, қатъий
овоз билан деди: — Ука, сиз ҳам иш пайтида ҳалақит берманг, бу ерга бошқа келманг!
Отабек ўнг қўли билан ушлаб турган музқаймоқ унинг билагигача оқиб тушди, чап қўлидагиси эса, тенг ярмидан узилиб ерга тушди. Унинг пешонасидан совуқ тер чиқиб, кўзларини ачиштириб юборди. Юздаги томчилар кўз ёшми, терми, тушуниш қийин. Қиз вазиятнинг шундай бўлишини кутмаган эди. Бирга ишлайдиган аёл ўз укасига уни мўлжаллаб юрар экан. Отабекни кўп марта шу ерда кўргач, бир адабини бериб қўймоқчи бўлибди. Боз устига, у аёлга Ферузабону “ Бир йигит орқамдан юради, унга уйдагилар мени барибир турмушга беришмайди, у тошкентлик эмас, буни қандай қилиб унга тушунтирсам экан”, — деб ёрилиб қўйган эди.Ферузабону йигитга яқинлашиб, секин-аста сўз бошлади:
— Мени кечиринг, энди сиз билан учраша олмайман. Кечиринг, хайр!
У шу гапларни айтишга айтдию, дили қақшаб, йиғлаб юборай деди. У шартта орқага бурилиб, касалхона ичкариси томон йўл олди. Хона эшиги олдига борганида Отабек томонга кўз ташлади. У муз қотиб турарди. Бироздан кейин музқаймоқлар унинг қўлидан тушиб кетди. Касалхона дарвозасига етиб келган тез ёрдам машинаси қаттиқ сигнал чаларди. Қоровул дарвозани очдида, чопиб бориб йигитнинг қўлтиғидан тортиб, бир чеккага чиқариб қўйди.
Шу тариқа бир йил ҳам ўтди. Ферузабону Боровский номидаги медиина билим юртига имтиҳонлар топширди. Ўқишга қабул қилишгач, талабалар қатори пахта теримига кетди. У Отабекни унутолмас эди. Унинг хатларини қайта-қайта ўқир, юраги орзиқар, уни кўргиси келарди. Қизбола балоғатга етгач, унинг уйи бозор бўларкан. Совчиларнинг оёғи тинмас эди. Уйидагилар “қизимиз ҳали ёш, ўқиши керак”, — деб совчиларни қайтариб юборишарди. Отабекдан эса дарак йўқ. “Агар чиндан севганида, албатта, излаб келарди”. Ферузабону курсдош дугоналари билан бирга “Панорама” кинотеатрига борди. Кинодан чиқишгач, улар “Пахтакор” метро бекати томон юришди. Телемарказ биносининг ёнидаги фаввора қизларнинг диққатини тортди. У шундай чиройли отилар эдики, ботаётган қуёшнинг заррин нурларида жилваланиб, қу1ш нурларида камалак ҳосил қиларди. Ферузабону қўлларини фавворага узатиб, гўёки камалакни тутиб қолмоқчидек, унга интилди. Қизлар ҳам томчилардан шалаббо бўлишди. Фавворанинг нариги томонида бир йигит атлас кўйлак кийган хушбичим қиз билан гаплашиб турарди. Уларга эътиборсиз боққан Ферузабону сергакланди.У қай кўз билан кўрсинки, бу Отабек эди. Унинг орзу-умидлари ва хаёлларини банд қилган ўша йигит… Қиз эсаекираб қолди. “Кетсаммикан ёки унинг ёнига борсам…” У ҳаёлига келган бу ниятидан қайтди. Метро бекатигача курсдошлари билан биргалашиб борди. Улар билан ҳайирлашгач, яна изига қайтди. Гўё у Отабек ва нотаниш қизга эътибор бермаётгандек, фавворага термулганича бир оз турди. Уларга яна ҳам яқинроқ борди. Отабек билан ҳалиги қиз нималарнидир гаплашар, у шундай чиройли кулар эдики, Ферузабонунинг назарида улар ниҳоятда бахтиёр эдилар. Фкрузабоеу ўз руҳиятида кечаётган
хиссиётларни жиловлашга ожиз қолган эди. Бевафо десинми, номард десинми, нима десин?. Унинг устига, Отабекни ўзи ҳайдаб юборган, севгисини рад этган эдику? У манашундай ҳаёллар билан бу ердан кетишга ҳозирланган эди ҳамки,. шу пайт Отабекнинг кўзи унга тушиб қолди.
* Салом Ферузабону! Бу қиз Муҳаббат, бирга ишлаймиз”, —деди Отабек. хижолат бўлганиданва уларни бир бири билан таништирди.— Бу киши Ферузабону. Муҳаббатхон, мен ҳозир кираман, сиз ажратиб қўйилган матнларни оққа кўчириб туринг.
* — Яхши,— деди Муҳаббат Ферузабонуга назар ташлар экан. Отабек бироз ўйланиб турдида, Ферузабонуга деди:
* — Яхши юрибсизми? Мана ёз, куз ҳам ўтди. Учраша олмадик. Ўзингиз…
* Биламан, мени кечиринг! Ўшанда бироз қўриққан эдим. Ўзингиз биласиз, — деди Ферузабону. У яна нимадир демоқчи бўлдию, тилига на сўз келарди, на бирор фикр. Отабек ҳам гина қилиб ўтирмади.
* Йигирма бешга кириб қолдим, — деди Отабек. — Оиламизда мендан кейин яна саккиз нафар ука-сингилларим бор. Яқинда сингилларимдан бирини турмушга узатдик. Куни кеча отам келиб кетди. Маҳалламиздан бир қизни уйдагиларимга кўрсатишибди. Унинг отаси Москвага юк таширкан. Ҳарбийда пайтимда Қозон вокзалида уларни учратиб қолган эдим. Ўшанда кичик бир қизча менга ҳавас билан қараб турарди. У мени ёқтириб қолган экан. Оилада ягона қиз эмиш. Отаси савдогар, бой-бадавлат экан. Унга осмондаги ойни сўра, олиб бераман деркан. Улар бу ҳақда ота-онамга оғиз солишибди. Отам ҳам ҳурсанд бўлибди. У қизнинг отаси “Агар куёв бола Тошкентда яшайман деса, уй ҳам олиб берамиз”, — дебди. Катта поччам мени роса қистади “Э, қўйинг, бойлиги ҳам қурисин”, — деб эътироз билдирдим. Маҳалламиздаги энг обрўли хонадон. Қизи ҳам чиройли, ҳам одобди. “Ишқи сен тентакка тушибдида”, — деб отам койиб берди.
* Рози бўла қолмабсизда, — деди Ферузабону киноя билан.
* — Мен ҳозирги қизни, Муҳаббатни отамга кўрсатдим.
* Нега Муҳаббатни?
* Ахир, Муҳаббат билан ишлаймиз, унинг устига, у ёқимли қиз, – деди Отабек ўйчан овозда. — Ундан менга турмушга чиқасизми, деб сўрадим. У эса уйдагилар билишади, деди. Одобли қиз шундай бўлади, тўғрими? Ўша куни отамни муҳарририятимиз жойлашган хонага олиб кирдим. Телевизион минеатюраларда чиқадиган артист Садир Зиёвуддинов борку? У киши кинокўрсатувларда режиссер бўлиб ишлайдилар. Отам билан менинг ҳақимда гаплашиб, унга тушунтирдилар: “Отабекни уйлантиришга шошилманг, у иқтидорли бола, ундан яхши журналист чиқади”, дедилар. Отам у кишининг муҳлиси, дарров кўнди, қўйди. Сиз шундай десангиз, биз ҳам уйлантираман деб туриб олмаймиз, мени жуда ҳурсанд қилдингиз, мен сизнинг бу қулоқсиз болага ишонганингиздан ҳурсанд бўлдим. Ўзингиз тарбиялайсизда, — деди отам. У Тошкентда ишлаб қолишимга рози бўлди.
* Сиз нима дедингиз? — сўради Ферузабону. — Мен ҳақимда ота-онамга айтганман деган эдингиз. Бу гапингиз ёлғон эканда?
* Йўқ, отам мени енгилтак деб койиб бердилар. Олдин бошқа қизнинг расмини кўрсатган эдинг, энди эса бу қизни кўрсатяпсанми, ҳали ҳам болалигинг кетмабди, деб норози бўлди .
* Мен сизга ишониб юрибман, ёзган мактубларингиз ёлғон эканда, — деди Ферузабону.
* Ёлғон эмас, чиндан, чин юракдан ёзганман, —деди Отабек, —ахир, ўзингиз рози бўлмадингизку? Зорим бору, зўрим йўқ эдида. Сиз нима қилдингиз, ТошМИга кирдингизми?
* Йўқ, Баровский тиббиёт билим юртига, фельшер акушеркалик бўлимига ўқишга кирдим. Пахтага ҳам бориб келдик. Сизнинг хатларингизни ўқиб, овундим. Эҳ сиз…. уйга совчилар келишяпти. Тошкент одатига кўра, бир йигит билан учрашувга олиб чиқишди, аммо менга ҳеч ким ёқмаяпти.
* Мен ҳам сизга ёқмадим, ўшанда, — деди Отабек.
* Сиз менга ёқар эдингиз, ёқасиз!
* Менга турмушга чиқасизми?
* Ҳа.
Отабек нимадир демоқчи бўлдию, гапини ичига ютди. Қиз у билан ҳайрлашиб, уйга қайтар экан, хаёлини аллақандай ўйлар қамраб олган эди. “Отабек нега менинг соволимга жавоб бермади?, Балки уни Муҳаббат билан унаштириб қўйишдими, балки у аллақачон мени унутгандир? Энди у билан бошқагаплашмайман. Унга линмайман ҳам. Ўзи йигитлар шунақа. Яхшиси, Муҳаббат билан кўришишим лозим. Шунда ҳамма нарса маълум бўлади, қўяди. “
Ферузабону ўзи тузган режага муофиқ, Муҳаббат билан учрашгди.
* Нима ишингиз бор эди, — сўради Муҳаббат. — Ҳа, тушундим, Отабек ака ҳақида гаплашмоқчимисиз?
* Ҳа. Чиндан ҳам уни севасизми?
* Ничего, ёмон бола эмас. Ортимдан юрибди. Бизникилар мени унга беришмайди,–деб жавоб қайтарди Муҳаббат,–у ҳали сизнинг ҳам бошингизни қотирганмиди?
* Сиз уни қанчадан буён биласиз?— сўради Ферузабону.
* Уч ойдан бери, бирга ишлаймиз. Пахтада ҳам бирга бўлдик. У менинг учун ҳам нормани дўндириб қўярди. Қишлоқиларнинг барчаси яхши пахта теради, — деди Муҳаббат Ферузабонуга бошдан оёқ назар соларкан.
—Демак, сиз уни севмайсиз?
* Йўқ, мен айтмоқчиманки, уйдагилар қарши бўлишса керак.
* Ўзингизни фикрингиз йўқми?
* Фикрим бор, у менинг фикрим. Уни ҳеч кимга айтмайман, — деди Муҳаббат, бир нарсани сир сақлаётгандай, ўзини кўрсатиб, – у ўта романтик, тўқиган эртакларига ўзи ҳам ишонади. Сал мақтанчоқроқми? Бир қарасанг, суҳандонлар кўрик танловида қатнашади, ундан ҳам ўта олмади. Бир қарасанг, сценарийлар бўйича ўтқазилган кўрик танловда ҳам қатнашибди. Телевизион театрларнинг оммавий саҳналари ҳам уники, минглаб одамлар
ичида, уни ким ҳам эслаб қоларди. Куни кеча ишга келмади, ҳайфсан олди. “Ўзбекфильм”да “Сени кутамиз, йигит” деб номланган фильм суратга олинаётган экан. Бош қаҳрамон образини машҳур артист Отабек Ғаниев ижро этган экан. Бизнинг Отабек акамиз ҳам машҳур киноактёр бўлиш ниятида, икки кун автобус ичидаги йўловчи бўлиб, оммавий саҳналарда иштирок этиб қайтибдилар. Бу саҳна яхши чиқмабди, чоғимда, яна якшанба куни киностудияга қайтиб борар эмишлар. Ишхонамизда Тоҳир Дўстмуҳамедов деган муҳаррир бор, у Отабек акани “довдир” деб масҳара қилади.
* Тоҳир Дўстмуҳамедов дедингизми?
* Ҳа, Тоҳир ака.
* Тоҳир ака бизнинг қариндошимиз бўлади. Сизларда Карим Мақсудхўжаев деган тасвирчи ҳам ишлайдими?
* Ҳа Карим ака, Ўзбекистон телевидениесининг биринчи оператори, телестудияни ташкил қилган одамлардан бири.
* У киши бизнинг яқин қариндошимиз, — деди Ферузахон, яна фикрини жамлаб, — демак, Отабек акага турмушга чиқасиз.
* Йўқ, сизга инъом этдим уни!.
* Ферузабону бошқа ҳеч нарса демади. Отабекни мендан бошқа ҳкч ким тушунмайди, унинг болаларга хос фазилати фақат менга ёқади деб ҳаёлидан ўтказди Ферузабону. Ундаги қизиқиш ва қобилият, соддадиллик ва меҳрибонлик, умуман уни борлигича ёқтиради. Отабек фақат уники, энди уни ҳеч кимга бермайди.
Бир неча кун Отабекдан хабар бўлмади. Телестудияга яқин жойда ўн биринчи сонли почтахона жойлашган бўлиб, у ерда сўраб олинадиган хатларни қолдириш мумкин эди. Улар иккиси танишганларидан буён ана шу почта ҳизматидан фойдаланар эдилар. Балки бирор нома келиб қолгандир, деб ўйлаб, Ферузабону у ерга кирди. Ҳа, кутганидек бўлиб чиқди. Отабекдан мактуб бор экан:
“Ассалому алайкум Ферузабону. Соғлиғингиз яхшими? Одатимизга кўра, сизга мактуб ёзишга қарор қолдим. Ўйлаб кўрсам, сизсиз яшай олмас эканман. Мен сизни яхши кўраман, аммо сизнинг олдингизда ниҳоятда ожиз эканлигимини тасаввур қиляпман. Нега ўшанда сизга ўз истакларимни айта олмадим. Ўзингиз ҳам бунга имкон бермадингиз. Ҳалиги аёл ким эди, нега мени ҳайдаб юборди? Мен ўша воқеани ўзингиз ташкил қилган бўлсангиз керак, мендан қутулишнинг ягона чораси шу бўлса керак деб гумон қилган эдим. Анчагача ўзимга келолмадим. Севмаганга суйкалма деганларидек, ўзимни четга олдим. Тушкунликка тушдим. Кейин мени пахтага жўнатиб юборишди. У ерда Муҳаббат билан танишдим. У ҳам самимий, чиройли қиз экан. У билан дўстлашдик. Пахтадан қайтганимиздан сўнг, унга уйингизга совчи юборсам майлими деб сўрадим. У “билмадим, уйдагилар кўнишмаса керак”, деб жавоб қайтарди. Ҳали у билан муносабатларимиз чуқурлашиб келгани йўқ. Эшитишимга қараганда, сиз у билан учрашибсиз. Нималар деганингизни блмайман-у, лекин у мен билан бутунлай тескари бўлиб қолди. Бунга мен ачинмайман ҳам. Ҳатто у “донжуан, номард”, деб хақорат
қилди. Сиз мени кечиринг, сизнинг кўзларингизда менга нисбатан меҳрни кўрдим. Агар ёзувчи бўлсам, биринчи китобим сизга бағишланади. Кеча телевизорда Ўткир Ҳошимовнинг “Баҳор қайтмайди” деб номланган телевизион-романтика театри бўлди. Уни режиссер Мираббос Мирзааҳмедой тайёрлаган. Ҳа, жуда зўр. Мен ҳам ана шундай романтика театрлари ёзиб берадиган ёзувчи бўлсам, дейман. Алимардон Тўраев образини Лутфулла Саъдуллаев ижро этмоқда. Қойил қолдим. Мен ҳам оммавий саҳналарда қатнашган эдим, аммо кўринмай қолибман. Ушбу асар Чингиз Айтматовнинг “Сарвиқомат дилбарим” қиссасига ўхшаб кетар экан. Мен ҳам Тошкентда қолиб, телевидениеда ишласам дейман, сиз билан бирга бўлсам, деб орзу қиламан. Агар мени кечира олсангиз, зудлик билан уйингизга совчи юборган бўлур эдим. Сизнинг тиббиёт билим юртига ўқишга кирганингиздан жуда ҳурсандман. Аёл киши учун шифокорликдан шарафлироқ касб борми? Мен бахтимни сизда кўряпман. Сиз гўзал ва меҳрибонсиз, сиз менинг орзуимсиз. Яратгандан сизга етишишни илтижо қилиб сўрайман.
Сизни жондан севучи, айбдорингиз Отабек”.
Ферузабону хатни ўқир экан, қўллари қалтирарди. Кўнгли алланечук бўлиб кетди. Отабекнинг мактубини бекитиб қўйди. Унинг синглиси Мунира ушбу мактубди топиб, ўқиб чиқибди.
* Турмушга чиқсанг, шу йигитга чиқ, — деди Мунира Отабекнинг хатини кўз-кўз қилиб, — зўр йигит экан, яна журналист!
* Нега хатимни олдинг, бер буёққа, бировларнинг хатини ўқишга уялмайсанми, ойимлар кўриб қолса нима бўлади, бер деяпман сенга!?
Опа-сингиллар хатни талашиб, уни йиртиб юборишди. Мунира мактабга кетгач, Ферузабону уйда бир ўзи ёлғиз қолди. У хат бўлакларини бир-бирига елим билан ёпиштираркан, ширин ҳаёлларга ғарқ бўлди. Нима қилсин, Отабекка розилик билдирсинми ёки шошиляптими, онасига қандай айтсин, деган ўйларга жавоб топишга қиз ожиз эди. Кунлар ортидан кунлар, ойлар ортидан ойлар ўтарди. Ферузабону ўқишдан чиқди, дегунча Отабекнинг ёнига шошарди. Отабек ҳам ишдан бўш вақт топди, дегунча қизнинг йўлини пойлар эди.
* Сиз телестудияда нима вазифада ишлайсиз, уйдагилар қизиқишяпти, нега телевизорда чиқмайди деб сўрашяпти.
* Мен кичик муҳаррир бўлиб ишлайман. “Оламга саёҳат”ни кўрадиларми, ўшанга муҳаррирман.
* Муҳаррир нима иш қилади, — сўради Ферузабону.
* Муҳаррир киносаёҳат, табиат масканлари, ҳайвонот олами, шаҳарлар, мамлакатлар, одамлар ва урф-одатлар, дунё мўъжизалари ҳақидаги кинофильмларни намойиш учун танлайди, уларни ўзбек тилига таржима қилади, — деб сўзлаб беради Отабек. — “Оламга саёҳат”ни таниқли кинорежисер Собит Саидов олиб боради. Ҳайвонот олами саҳифасини эса, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти ўқитувчиси Зафар Йўлчиевич Эгамбердиев олиб борадилар. Фильмларга ўзбек тилидаги овозни
бизнинг бош муҳарриримиз Баҳодир Муҳамедов берадилар. У киши менинг устозим. Мен ҳам бир неча марта овоз бериб кўрдим, лекин улар каби равон ва ишонарли ўқиб беролмаяпман.
* Сизнинг овозингиз ҳам ёқимли, тез-тез чиқиб туринг, —деди Ферузабону. — Сиз қачон кўрсатув олиб борасиз?
* Мен ҳам, албатта, чиқаман. Ҳозир журналистика факультетининг кечги кўлими бешинчи курсида ўқийман, ўқишни келгуси йилда битираман. Шундан кейин руҳсат тегса, ажаб эмас. Айтгандек, Собит Саидовнинг овозини яхши танийсиз, эсингиздами, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар…” романи, унинг фильми муқаддимасида муаллифнинг: “Мозийни унутмаслик хайрли дейдилар, мавзуни мозийдан, тарихимизнинг энг оғир ва қора кунларидан, ўтган кунлардан, белгиладим”, деган сўзларни, Собит ака ўша фильмда муаллиф номидан овоз берган эдилар. Ҳақиқий, зўр роман, ҳақиқий зўр фильм.
Ферузабону орзулар қанотида баланд-баландларга парвоз қиларди.. У гўё ўз ўй- ҳаёлларига сиғмай қолгандек, нотаниш ва сирли хислар унинг кичкинагина юрагини ёриб чиқиб кетгудек эди. Отабекни кўрмаса, соатлар кунлардек, кунлар эса йиллардек туюлар, вақт тўхтаб қолганга ўхшарди. Куни-кеча у сим қоқди, кечқурун телевизорга чиқишини айтди. “Тошкент” каналида “Жаноб олийлариннг адютанти” деб номланган кўп серияли фильм намойиш қилинар экан. Фильм бошланишидан олдин, кичик ҳикоя бўлиши, уни Отабек олиб боришини айтган эди. Ферузабону бу хабарни аввал синглиси Мунирага айтди. У бўлса, онасига бу хабарни етказди. Энг яқин дугонаси Маҳфузага ҳам Отабекнинг телевизорда чиқишни айтиб, уни “куйдириш”ни ҳам эсдан чиқармади. Бу дугонаси унга қишлоқи йигитларнинг ёлғончилиги ҳақида кўп гапирар эди. иккилантиришга ҳаракат Фильм олдидан Отабек экранга чиқди у бурро-бурро сўзлаб, фильмнинг яратилиши ҳамда унинг ижодкорлари билан таништирди. Беш, олти дақиқали кириш сўзи қизнинг қалбида қанчалар ишонч уйғотганини сўз билан таъфирлаб бериш қийин. Айниқса, уйдагилари олдида ҳам, дугоналари олдида ҳам унинг мавқеи кўтарилди. Энг муҳими, Отабекка нисбатан фахрланиб сўзлагиси келардию, бунинг иложи йўқлигини яхши тушунар эди. Учинчи куни эса Отабек экранда кўринмади. Фильмнинг учинчи қисми белгиланган пайтда кўрсатилди. Ферузабону бу ҳақда сўрамоқчи бўлдию, аммо унутди. Бер неча кун ўтгандан кейин уларнинг хонадонига Отабекнинг совчилари келишди. Тошкент одагига хос бўлмаган ҳолда, фақат эркаклар совчи бўлиб келишди. Улар учун меҳмонхонага дастурхон тузалди. Дастурхонга қўйилган ноз-неъматлар ичида Ферузабону ўз қўли билан пиширган ширинликлар ҳам бор эди. У ҳеч кимга айтмаса ҳам, ўзининг пазанда эканини меҳмонларга намойиш қилгиси келган эди-да. Совчи бўлиб келган Отабекнинг ҳамкасблари нариги хлнадан Ферузабону ва бошқаларнинг кзи тушди: “Оламга саёҳат” кўрсатувининг олиб борувчиси, кинорежиссер Собит Саидов, биолог олим Зафар Эгамбердиев ва журналист, кинокўрсатувлар муҳарририяти бошлиғи Баҳодир Муҳамедов, киномениатюралар театрининг машҳур артисти ва режиссёр Садир
Зиёвуддиновлар эди. Уларни Ферузабонунинг бобоси Фозилхўжа ота, отаси Ўткир ака ва маҳалла оқсоқоли Шожалил акалар кутиб олишди. Улар алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришди. Устоз ва ҳамкасблар Отабекнинг қандай йигит эканлиги тўғрисида гапирдилар. Ростини оширдилар, нуқсонини яширдилар, дегандек уни роса мақташди. Ота-онаси ҳақида ҳам қиёмига етказиб гапирдилар. Секин-аста қизнинг отаси гап бошлади: — Собитхон, дўстим, — деди Ўткир Фозилович босиқлик билан. — Кўнгилга олмайсиз, Отабекнинг оиласи серфарзанд деяпсиз, оилада ўн нафар фарзанд эканлар. Бундай кўп болали оилада туғилган болалар меҳнаткаш ва тартибли бўлиши табиий. Аммо уларни боқиш ва шароит яратиш учун маблағ зарур. Қишлоқда бшлғуси қудаларнинг уй-жойлари қандай экан?
— Менимча яхши, — деди Баҳобир Муҳамедов, — Отабек ҳеч нолиган эмас. Отаси Ёқубжон акани яхши биламан. Отабекни йўқлаб ишхонамизга кўп марта келганлар. Ўзлари бригадир бўлиб ишлайдилар, миришкор-пахтакор,томорқасида ҳам мевали боғлари бор.
— Нимасини айтасиз, Тешиктош, Ойим деганлари шундай дарё бўйида. Девзира гуручнинг макони. У киши хар сафар Тошкентга келганларида ўша гуручдан кўтариб келадилар.
— Мен икки оғиз Отабек ҳақида гапирай, — деди Зафар Йўлчиевич, — уни тенгдошларига солиштирсак, у зийрак, қобилиятли бола. Қишлоқ йигитлари анча тартибли бўладилар. Мен ҳатто, ичганини, чекканини кўрган эмасман. Ҳужжатли фильмларни рус тилидан ўзбек тилига ағдаришга анча қўли келиб қолди. Ундан яхши таржимон чиқади.
— Яхши журналист, ёзувчи деяверинг, — деди Собитхон ака.
— Яхши бола экан, мен ҳам жиянимдан суриштириб билдим, — деди Фозилхўжа бобо, — менинг жияним ҳам телестудияда ишлайди. Унинг исми Карим Мақсудхўжаев.
— Э, отахон, — деди Баҳодир Муҳамедов. У киши телевидениени ташкил қилганлардан бири ҳисобланади.
— Яхши-яхши, раҳмат, — деди Ферузабонунинг отаси. — Энди бир саволим бор. Билишимча, Отабек ижарада яшар экан. Уларга уй-жой масаласи қандай, янги оила қаерда яшашади? Тўғрисини айтишим керак, биз қизимизни узоққа юборолмаймиз.
— Тўғри айтасиз, Отабек сизга куёв эмас, балки ўғил бўладиган йигит, — деди Собитхон ака.
— Мен телевидениеда прафкомман, — деди Баҳодир ака, — яқинда ишхонамиз учун қурилаётган уй битади. Уч хонали квартира билан таъминлашни мен ўз бўйнимга оламан. Бизда ёшларга эътибор яхши. Отабек навбатга турганига уч, тўрт йил бўлди.
— Тўй кунини белгилаймиз, Баҳодиржон, бизга сўз беринг,— деди Зафар ака, — қачон уй олишлари мумкин?
— Менимча, октябрь ойларигача битса керак, — жавоб берди Баҳодир ака, уйчан овозда, албатта, ёш оилаларни турар жой билан таъминлаймиз.
— Гапингизга қараганда, куёв болага ишонса бўлади, — деди Фозилхўжа бобо, — келажаги бор кадр экан. Қизимиз ҳам дўхтир бўлади,
бир-бирига муносиб экан. Энди биз ҳам бир маслаҳатлашайлик. Саксонни қоралаб қолган қудам бор. Келиним Раънохоннинг отаси — Одилхўжа. У билан ҳам бир маслаҳатлашамиз. Дарров жавоб айтсак бўлмас.
— Тўғри айтасиз, — деди маҳалла оқсоқоли Шожалил ака, — куёв боланинг ота-онаси билан ҳам бир учрашсак ёмон бўлмас эди. Оиланинг мустаҳкамлиги шунда, тўғрими?
— Тўғри, биз катталарнинг асосий вазифаларимиздан бири ҳам ёш оилаларнинг тинчлиги, улар учун яратиладиган шароитлар ҳақида қайғуриш, — деди Фолзилхўжа бобо, — бизга ҳам ота-оналаримиз ёрдам беришган. Биз ҳам қараб турмаймиз, қудалар билан ҳам бир гаплашиб кўрсак.
Яхши, раҳмат, — деди Собитхон ака, — энди қариндош бўламиз. Биз куёв орқали жавобимизни етказамиз.
— Тўғри-тўғри, албатта, — деди Баҳодир ака, — ҳали яна қанча талаб қилинса, шунча келамиз.
Дастурхонга дуо қилишди, меҳмонлар ташқарига чиқишди. Мезбонлар дарвоза ёнида совчиларни кузатиб қўйишади. Уларга аниқ жавоб берилмади. Ферузабону ҳам ҳайрон эди, лекин нима ҳам дерди. Ота-оналари қандай чора белгилашса, шу бўлади.
* * *
Ферузабонунинг ота томондан бобоси Фозилхўжа ота бутунлай бошқача инсон. У киши ҳам саксонни қоралаб қолган бўлсалар ҳам ўта умидли, болаларга хос фазилатларга эга, кенг феълли одам. У кўп йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган. У кишининг битта-ю битта ўғли Ўткир ака — Ферузабонунинг падари бузруквори. Яна олти нафар аммалари ҳам бор. Ферузабонунинг ота томонидан бувиси Ҳадича ойи вафот этгач, Норпошша Фозилхўжа бобо фарзандларини ҳам ота, ҳам она сифатида бир ўзи вояга етказган. Олти қиз, бир ўғилга қайси ўгай она, ўз онасидек бўла олади? Шунча ташвишни кўтара оладиган хотинни қаердан топсин? Ҳеч бир аёл болаларнинг онасига ўхшамас эди. У мушфиқ ва меҳнаткаш аёл эди. Ўша дамларда Тошкентда зилзила содир бўлган, барча уй жойларини қайта тиклаш билан банд эди. Фозилхўжа ота хонадонига ҳам уй қуриш учун ер ажратилди. Бир томондан ўғли Ўткирнинг ҳам беш нафар фарзанди бўлиб, у ўз оиласига уй қурар, имконият даражасида отасига ҳам ёрдам берарди. Ана шундай кунларнинг бирида болаларнинг онаси Ҳадича ойи, усталарнинг емоқ-ичмоғидан хабар олар, кези келганда, ўз қўллари билан ховлини тозалар, ҳатто баъзи қурилиш ишларини ҳам бажарар эди. Ниҳоят уй деворлвари кўтарилиб, усталар тўсин ташлай бошлашди. Усталардан бири, деворнинг устига чиқди-да, катта ёғочни елкасига қўйиб кўтара бошлади. У кўтара олмади, ёғоч жуда оғир эди. Аксига олиб ўша куни унинг ёрдамчиси келмаган эди. У ёғочнинг бир учини арқонга боғлаб берсангиз бўлди, деб ойидан илтиомос қилади. Иш яримлаб олганда арқон узилиб кетади. Ғўланинг бир томони унинг кўксига келиб тушади. Бу жафокаш аёл анча вақт бетоб ётади. Ҳудди ўша жароҳатланган жойидан саратон касаллигига учраб, кўп ўтмай вафот этади. Хадича ойи
элликни қоралаб қолган бўлсада, дуркун, баланд бўйли, келишган, полвон аёл эдилар. Унинг орзуси тезроқ уйлари битса, қизларини катта тўй қилиб узатсам, дердилар. Бу ходиса хонадоннинг энг оғриқли армони ,Тошкент зилзиласидан қолган оғир хотираси эди.
* * *
Совчилар келиб кетишган куннинг эртасига, тонг сахарда Фкрузабонуларнинг хонадонига она томонидан бобоси Одилхўжа ота ўгай бувиси Санобар опа билан бирга кириб келди. Тақдирни қаранг-ки, она томонидан бувиси Норпошша ойи вафот этгач, бобоси шу аёлга уйланган эди. Бу оила ҳаёти билан боғлиқ қанчадан қанча воқеалар бўлиб ўтган. Уларни Ферузабону онасидан эшитган. Аммо катталар ўртасидаги муносабатларни у яхши тушунган эмас.
Ферузабону Санобархон опани “катта ойи” сифатида билар, уни яхши кўрар эди. Одилхўжа бобонинг тақдири ҳам ўзига хос мунгли. Бобоси бир умр устачилик билан кун кечирган. Бувиси Норпошша ойи билан турмуш қурганларидан сўнг, уч қиз дунёга келади. Уруш йилларида Одилҳўжа бобо Бекобод металлургия комбинати қурилишида ишлаган. Қизларини еру кўкка ишонмас эди. Ферузабонунинг онаси Раънохон унинг тўнғич қизи бўлиб, Зуҳра ва Дилдора исмли сингилларига онаси вафот этгандан кейин ўзи қаради. Бир йил ўтмай, отаси Санобархон опага уйланди. Қизлар билан ўгай она ўртасида жанжал чиқар, қизлардан шикоят қилиб, Санобар опа эрига чақарди. Секин-аста қизлар оиладан безидилар. Ферузабонунинг онаси Раънохон турмушга чмқиб кетди. Фозилхўжа бобо уларнинг хонадонига совчи бўлиб борганида, ўйлаб ҳам ўтирмай Ферузабонунинг отаси Ўткир акага турмушга чиқишга розилик берган эди. Аммо Одилҳўжа бобо камбағал жойдан келган совчиларга қизини турмушга беришга рози бўлмайди. Лекин Фозилхўжа бобо ўз сўзида маҳкам туриб олади. Шу тариқа, Раънохонни барибир, тўй қилиб ўғлига олиб берди. Одилҳўжа бобоси эса анча вақт куёви Ўткиржон билан аразлашиб юрди. Аммо болалар туғилгач, ярашиб кетишди. Зуҳра исмли қизи эса уйдан чиқиб кетиб, дом-дараксиз кетди. Уни анча қидирдилар, лекин топилмади. Кенжа қизи Дилдорахонни Тожикистондан топишди. Маълум бўлишича, у ўша ерда турмушга чиқиб, етти ўғил ва бир қиз кўрибди. Шу тариқа, Одилхўжа бобо турмуш икир-чикирларига эхтиёткорлик билан ёндашадиган бўлиб қолган. У ўта қаттиққўл одам эди. Шу билан бирга, ўта меҳнаткаш ҳам эди. Ғишт теришда унинг олдига тушадигани йўқ. Ферузабонинг ота-онаси қурган янги уйнинг ғиштини ҳам бобоси териб берган. Маҳалладаги энг бежирим уй ҳам уларники. Одилҳўжа бобо иккинчи қизи дам-дараксиз йўқолгандан сўнг,Қатортолдаги уйини сотишга, у ердан кўчиб кетишга қарор қилади. Одилхўжа бобонинг опаси, Ферузабонинг катта аммаси бор эди. У ҳам саксондан ошган, бева қизи
Карима ва Набираси Ёдгор билан яшар эдилар. Уеиен қизи Каримахон тўқимачилик фабрикасида тикувчи бўлиб ишларди. Уларга ишхонадан уй қуриш учун ер майдони ажратиб берилди. Одилхўжа бобо улар билан келишиб, ана шу ер майдонига ҳар икки оилага мослаб,уй қсолишга қарор қилди. Сийлаи раҳим ҳам кўнгилдагидек бўлмади. Уй битгач, Санобархон опа билан улар ўртасида жанжал чиқди. Опа-ука юз кўмас бўлиб кетишди. Шунда Одилхўжа бобо “Уйинг ўзларингга буюрмасин”, деб қарғаб, чиқиб кетади. Бошқа ердан кичикроқ ховли сотиб олиб, Санобархон “катто ойи” номига хатлатиб, ўша ерда яшар эдилар.
Ферузахониннг онаси Раънохон отаси билан турмуш қуриб, эл қатори яшаб кетишди. Одилҳўжа бобонинг қолган икки қизи тақдири турлича кечди. У ёш хотини Санобархон опа билан ёлғиз қолди. “ Катта ойи”нинг қистови билан у кексаиб қолганида туғруқхонадан ташлаб кетилган бир чақалоқни фарзандликка олди. Чақалоқ қизча эди. Уни Меҳри деб номладилар. Ферузабони бобсиникига тез-тез борар, чақалоққа қарарди. Ўшанда унинг онаси бобосидан қаттиқ ҳафа бўлган эди. “Ахир шунча набираларингиз туриб, қариганда чақалоқ боқасизми? Агар бола керак бўлса, Ферузани қиз қилиб олинг, ҳеч бўлмаса, Дилдоранинг бирорта боласини Тожикистондан олиб келиб, бола қилиб олсангиз, у ўз юртига қайтиб келган бўлармиди”, — деб отасини койирди. Негадир Санобархон опа эрининг бирорта зурриётини ўз уйига яқинлаштиришни истамас эди. Унинг бир укаси бўлиб, у опасининг даврида кайф-сафога берилган эди. Ўзбекнинг қизиқ одатлари бор. Болалар вояга етишиб, уларни уйли жойли қилиш, қиз бўлса турмушга бериш, ўғил бўлса уйлантириш мавруди келганида, қариндош уруғлар ўртасида яшириниб ётган муаммолар ва зиддиятлар юзага чиқади. Арининг ини тўзигани каби янгиболалаб кетган муаммолар барчани чақади. Ана шу ташвишлар гирдобида умримиз ўтиб кетганини ҳам сезмай қоламиз. Мана энди Ферузабонуга ҳам навбат етди. Тонг саҳардан Одилхўжа бобоси “ катта ойи”си билан кириб келди. Раънохон отаси ва ўгай онасини қарши олди.
–О, куёвлар муборак бўлсин,-деди киноя билан Санобар опа. — Биз билан маслаҳатлашмай ишни пишитибсизларда!
— Йўқ, сизлардан маслаҳат, руҳсат олмай бирор бир иш қилмаймиз, — деди Ферузабонунинг отаси Ўткир ака, — Бугун Раънохон билан сизларникига ўтмоқчи эдик. Биз совчиларга аниқ бир жавоб айтганимиз йўқ.
Одилхўжабобо қовоғини солганича жим ўтирар эди. Онаси эса уларнинг ёнига дастурхон ёзди.
— Биз совчиларнинг келишини эрталаб эшитдик, улар тушдан кейин келишди, сизларга хабар беришга улгурмадик — деди қизнинг онаси Раънохон,– Улар куёв бўлмишнинг ишхонасидан эканлар.
— Хўш, артистлар эканми?, — сўради қаттиқ қараш билан Одилхўжа бобо. Сўнгра Санобрхон опага юзланиб, — ҳалиги телевизорда чиқадиган жиянинг ,Тоҳир нима деган эди?
— Нима дерди, — деди Санобар опа, — қизинг Феруза телевидениеда ишлайдиган бир қишлоқи бола билан юрган эмиш. Қулоқсиз қиз, беандиша.!
— Сиз, ойи, ундай деманг! Сизнинг гапингизга кириб сингилларим нима бўлди, бутун бир оила нима бўлди?
— Сен, овозингни ўчир, — деб Одилхўжа бобо, — ойингнинг гапларига кирмай, нима бўлдиларинг, менга озмиди шунча кўргулик!?
— Ота, келган совчилар, манилик одамлар. Унинг устига, куёв бўлмиш одобли, келишган, истеъдодли йигит экан. Бу йил университетни тамомлаб, Тошкентда ишларкан.
— Эшитдик, эшитдик, — деди Одилхўжа бобо, — Андижоннинг қайсидир қишлоғидан экан.
Санобар опа қизишиб кетди.
— Қишлоқи, анди экан! Сизларга Тошкентдек шаҳри азимда куёв топилмабди-да? Дилдор ҳам Тожикистонга қочиб кетиб, бир мелисага тегиб олган эди, унинг куйдиргани етмайдими?
* Ойи сиз куймай қўяқолинг, — деди Ферузабонунинг онаси. Одилхўжа бобо унинг гапини кесди.
— Опам ҳам ўлиб кетди, ҳайҳотдек ҳовлида Карима биттагина ўғли билан яшайди. Ферузани ўшанга узатсанглар ҳам бўлар эди.
* Уларни гапирманг, — деди Раънохон, — ўзингиз уларникига ойда, йилда бир бормайсиз! Карима опа ҳам, ўғли ҳам сил касалига йўлиқишган. Яқинда куёвингиз уларни касалхонага ётқазиб, даволатди. Ёдгор ичавериб “алкаш” бўлиб қолибди. Карима опа ҳам ичар экан. Қўйинг, уйи ҳам қурисин!
* Бўлмаса, менинг укам Неъматилланинг ўғли, йигитмисан йигит бўлган. Унга Ферузани олиб берсак, мана шу уй-жойлар унга қолади. Гўримизга олиб кетармидик, — деди “катта ойи”.
— Анави, “алкаш” укангизми, — деди Раъно опа тутақиб, — олдинига мени тиқиштирмоқчи эдингиз, энди қизимни унинг ўғлига олиб бермоқчимисиз? Ахир бу ёшларнинг иши. Кўнгил деган гаплар бор. Қизимни “чулчут” бўлса ҳам ўзи ёқтирган йигитига бераман!
— Уялмайсанми, Раъно, — деди чол ғазабини яшириб, — Санобар ?кеча ҳалиги жиянинг Тоҳир нима деяётган эди?
— Нима дерди, у боланинг на уй-жойи, на мавқеи бор экан. У телестудияда оддий ташкачи, яъни юк ташувчи бўлиб ишлар экан. Яшаш жойи қоровулхона. Яқинда бир амаллаб, қайсидир ёзувчи, ҳа Саид Аҳмаднинг ёрдами билан кичик муҳаррир бўлибди. Ўзига ўхшаган дангаса, хаёлпараст Эркин деган дўсти билан қаёқдаги ишларни қилиб юришар экан. Ўша Эркин оғайниси, куёвнинг оти нимайди-я, оти қурсин, ҳа Отабек, Отабекни ҳеч кимдан сўрамай телевизорда чиқариб юборибди. Бир ўзини зўр одам қилиб кўрсатгиси келганда. Ишхонада иккаласини муҳокама қилишибди. Чоғимда, уларни ҳайдаб юборишса керак!
— Йўғ-э, — деди Ўткир ака, — ахир совчиликка унинг раҳбарлари келишдику, уни истеъдодли йигит деб мақташдику?
— Ўзингиз куёв болани кўрганмисиз, — сўради катта ойи, — бир балога йўлиқиб ўтирманглар, буни умр савдоси дейишади.
— Баҳодир Муҳамедов телестудиянинг прафкоми экан, яқинда Отабекка уй беришар эмиш, — Раъно опа жавоб берди.
— Мен Карим акамлардан ҳам суриштрдим, яхши бола деб айтди.
— Уни қўйинг, отангизнинг жияни ҳам бетайин, — деди чол, — бетайин бўлмаса, бир умр оператор — тасвирчи бўлиб ишлайдими? Сенинг жиянинг ҳам Тоҳирни айтяпман, ёлғончи! Ўзи артистларнинг ҳаммаси бетайин. Сиз тўғри тушунинг, ўғлим, Тошкентда уй-жой қилишнинг ўзи бўлмайди. Мана, ўзингиз ҳам, иморат соламан деб, неча йиллардан бери лой чаплайсиз. Менинг ҳам бу иморатга қанча меҳнатим синди. Санобарнинг жияти Тоҳир ҳам телестудияда ишлагани билан камбағал йигит. Ўн йилдирки, иморати битмайди. Сувоғини мен қилиб бердим. Ярим пулини тўлашга ҳам кучи етмади. Куёв бола студент бўлса, ота-онаси ҳам серфарзанд эканлар, Тоҳирнинг айтишича, улар оилада ўн фарзанд эьиш. Унга берсак, қизингизнинг боши ғурбатдан чиқмайди. Йўқ, йўқотинглар!
Шу пайт Фозилхўжа бобо кириб келди. Салом-аликдан кейин бахс давом этди.
— Сиз қуда, ҳадеб ваҳима қилаверманг, — деди Фозилхўжа бобо, — мана, мен ҳам раҳматли Ҳадичадан кейин, бир ўзим қолган қизларимни узатдим. Бири олдин, бири кейин. Худо ризқини беради. Ҳаммалари бинойдек ўз рўзғорларини тебратишяпти. Мусулмончилик аста-секинлик билан бўлади. “Ўғлингиз камбағал бўлса,уйлантиринг, худо баракасини беради”, деган гап бор. Менга шу бола ёқди. Улар, албатта, бахтли бўладилар. Сиз қуда, қизингиз Раънохонни турмушга беришда ҳам кўп ҳарҳаша қилгансиз.
— Аллоҳу акбар! Тур хотин, кетдик, — деди Одилхўжа бобо.
— Тўхтанг, тўхтанг, — қайтаришга урунди Фозилхўжа бобо, — ғазабни орқага қўйинг, ёшларни дилини оғритмайлик. Бунинг устига, фарзанд меники, менинг дуоимни олса бас. Мен ундан мингдан минг розиман. Қиз болани тенги чиқса дарров узатиш зарур, ҳар қандай ҳолатда ҳам.
— Ота тўхтанг, ойи, энди овқат тайёр бўлганди-я, — ичи тўлиб Раънохон йиғлаб юборди. Ферузабону ҳам нима қилишини билмас, ростдан ҳам, хато қилдиммикин, энди ҳаммаси барбод бўлса? деб ўйларди. Фозилхўжа бобо бироз жим турди-да, Ферузабонуни ёнига чақирди.
— Ҳафа бўлма қизим, Одилхўжа бобонг ўзи шунақа, бир ёнади-ю, ўчади. Санобар яна янги бир машмаша ўйлаб топгандир. Э, у хотиннинг гапига кириб, нима ишлар бошимиздан ўтмади. Сени хафа қилдириб қўймайман. Ўша, бола исми ким эди, ҳа, Отабек, чиндан ҳам сенга ёқадими? Феруза кўзда ёш билан розилик имосини қилди. Сўнгра келини Раънохонни чақирди. Отаси Ўткир ака эса сукут сақлаб ўтирарди.
— Бу ойимлар бошимизга шунча балони солгани етмай, энди қизимизни ҳам бахтсиз қилмоқчи чоғи. Мен розиман, шу йигитга рози бўламиз .
— Сен нима дейсан, — Фозилхўжа бобо ўғлидан сўради. Ўткир ака секин-аста жавоб қайтарди: — Сиз нима десангиз шу.
Ферузабонунинг Фозилҳўжа бобоси қўлини очиб, набира қизининг бахтини сўраб дуо қилди. Кўзига ёш олиб “раҳматли Ҳадича бувинг тирик
бўлганда қанчалик қувонган бўларди. Сен ҳудди бувигга ўхшайсан, қизим”, дея Ферузанинг бошини силаб, эркалади.
Ўша куни туни билан қиз ухлай олмади. Отабек билан бўлса бас. У тош келса, кемиришга, сув келса, симиришга тайёр эди. Ярим тунда уйғониб, ошхонага кирди. Ҳамма ухлагач, қоғоз-қалам олдида, севгилисига мактуб ёза бошлади:
“Салом Отабек ака! Совчилар келиб кетганларига ҳам бир ойдан ошибди. Биламан, уйдагилардан розилик жавобини кўзингиз тўрт бўлиб кутяпсиз. Сизлар билан ишлайдиган Тоҳир ака деган одам қандай қилиб телевизорга чиққанлигингиз, ишхонадан бериладиган уй бўлмаган гаплиги ва бошқа анча гапларни катта ойим орқали уйдагиларимга етказди. Мен барибир сизни дейман, сизга ишонаман. Бизникилар ота-оналарингизни таклиф қилишди, кутамиз. Ҳамма рози! Руслар айтганидек, с милым и в шалаше рай ( севганинг билан чайлада ҳам бахт топасан). Бизга саройлар ҳам, бойлик ҳам керак эмас. Бирга бўлсак бас…”
Бир неча кундан сўнг Отабекнинг отаси Ёқубжон ота, тоғаси Ҳалилжон тоғалар келишди. Улар билан бирга Ноҳидхон Ниёзов ва у кишининг турмуш ўртоғи Ойиста опалар ҳам ташриф буюришди. Улар Андижондан Тошкентга ўқишга келишиб, кўп йиллардан буён шу ерда истиқомат қилишар эди. Отабек таътил пайтида Ноҳидхон аканинг уй ишларига қарашиб, баъзан уларникида ҳам яшаб қолган кунлари бўларди. Бу хонадон зиёлилар оиласи бўлиб, Ноҳидхон аканинг отаси ва амакиси Ҳасан ва Ҳусан Ниёзийлар биринчи ўзбек математик ва химик олимлари бўлишган. Улар ҳам минглаб ўзбек зиёлилари қатори қатағон қилинган экан. Ойиста опа эса Андижондаги Киров номли калхоз раиси Сайфиддин Ашуровнинг қизи эди. Унинг кўмагида Ноҳидхон ака ҳам оталарининг ишларини давом эттириш имконига эга бўлиб, иқтисод фанлари доктори, профессор даражасига чиққан одам эди. Ойиста опа Тошкент урф-одатларини яхши билар, борди-келдиларни қотириб қўяр эдилар. Уларнинг келиши Ўткир акани ниҳоятда қувонтириб юборди. У институтни тугатгандан сўнг, Оққўрғон туманига ишга юборилган бўлиб, Ноҳидхон ака билан бирга ишлаган, ҳатто бир хонада яшашган эканлар. Ферузабону Отабекнинг отаси Ёқубжон отани ҳам биринчи марта кўриши эди. Аёллар ичкаридан уларнинг суҳбатига қулоқ тутишарди. Ферузабону эса кўзини зимдан Ёқубжон отага ташлади. Самимий, кўзлари катта-катта, камтар инсон эди. У тортишиб, аҳён-аҳёнда гапга қўшилиб қўярди. Бирданига ушбу мажлисни оқ ўрар, фотиҳа тўйи деб атадилар. Тўй куни белгиланди. Отабек билан Ферузабонунинг тўйлари ҳам бутунлай бошқача бўлди. Барча сарпо-суруғлар, кийим-кечакларни иккала ёш ўзлари биргаликда харид қилишди. У кам, бу кам, деган сўзлар бўлмади. Ўшанда никоҳ маъросими, яъни загсдан ўтиш маъросимига алоҳида эътибор беришга тўғри келди. Бу маъросимга Ойиста опа ўз хонадаонининг болахонасини ажратиб берди. Отабек томонидан ҳам дўстлари, ҳамкасблари айтилди. Ферузабону ўз дугоналарини таклиф қилди. Аммалари ҳам четда қолишгани йўқ. Синглиси Мунира, дугонаси Маҳфуза ва курсдогш дугоналари. Ферузабону усти очиқ “Чайка” машинасида юришни орзу қилган эди. Буни
ҳам Отабек муҳайё қилди. У телевидениеда ишлагани боис, ҳамкасб дўстлари тасвирга олдилар. “Қизил майдон”га гуллар қўйишди. Ойиста опанинг болахонаси торроқ бўлгани учун меҳмонларнинг бир қисми сиғмай қолган эди, ўшанда. Тўй маъросими Ферузабонуларнинг хонадонида ўтказилди. Ўша онларда юз берган бахтиёр лаҳзалар унутилмас воқеага айланди. Уларнинг тўйига Эргаш Каримов ва Рўза Каримовалардан тортиб, минатюра театри артистлари Садир Зиёвутдиновгача, кўзга кўриниб келаётган хонандаларгача келишди. Улардан бири , ўшанда эндигина танилиб келаётган Соат Шарипов тўйда даракашлик қилди.
Эртаси куни эрталаб Фозилхўжа бобо бошчилигида, Анжижондан келган меҳмонлар, Отабекнинг яқин қариндошлари, Ойим қишлоғига йўл олдилар. Камбағалнинг ишини худо ўнглабди, деганларидек, Ўзбекистон телевидениеси раҳбари, Ўзбекистон санъат арбоби Убай Бурхоновнинг битта қўнғироғи билан автомобиль транспорти вазирлигига янги келган “Паз” автобуси ажратилди. Ферузабону олис-олисларга, Андижон томонларга келин бўлиб кетаяпти. Автобус ичида браркан онасининг юзига термулди. Эътибор бермаган экан. Сочларига оқ оралабди. Ёнида эса мудраб саксон ёшни қоралаб қолган Фозилхўжа бобо бор эдилар. У ҳам ярим уқу, ярим уйғоқ ҳолда нималарнидир ўйларди. Ана бу аёл эса, Отабекнинг опаси Шарофатхон, ҳали ўттизга кирмай унинг юзларига ҳам ажин тушибди. Автобус йўловчилари асосан Ферузбонунинг қариндошлари, амма ва холалари, ҳамда Отабекнинг тоғаси, амакиси Юсуфжон ака ва уларнинг аёлларидан иборат эди. Қизнинг дугона ва курсдошларига уйидагилари руҳсат беришмади. Ким ҳам анча узоқ ерларга, яна тўйга ўзларининг бўйига етиб қолган қизларини юборишади? Бир ҳисобда яхши ҳам бўлди. Маҳфуза келганида яна бир камчилик топар эди. ЗАГС маъросимини ҳам у масҳара қилган эди.У“Умрим бино бўлиб, бундай маъросимни кўрмаган эдим”, деб Ферузабонунинг асабига теккан эди. Отабек усти очиқ “Чайка”ни фақат икки соатга буюртма қила олган эди. Маъросимдан кейин ҳамма ўз йўли билан уйларига тарқалишган эди.
Ферузабону вояга етгунча, Тошкетдан четга чиқмаган, ҳеч қачон бировнинг уйида қолган ҳам эмасди. Тўғри, отаси аспирантурада ўқиётган пайтда онаси билан бирга Москвага борган эди. Ўшанда у икки, уч ёшларда бўлиб, отасидан ётсираб, йиғлагани эсида. Энди эса узоқ юртларга келин бўлиб кетяпти. Кўпчилик тошкентликлар шунақа, ҳатто шундай шаҳри азимда поезд ва самалётда юрмай, умрини ўтказганлар ҳам оз эмас. Автобус Бекободдан ўтгач, Каттақўрғон сув омбори соҳили бўйлаб чўзилган йўл билан кетарди. Қанчалар катта уммон. Охири кўринмайди. Отабек эса Ферузабону билан энг орқадаги ўриндиқда ўтиришар, иккиси ҳам тенгсиз бахт ва ҳаяжон оғушида эдилар. Одамларга сездирмай Отабек унинг қўлларини маҳкам ушлар, силаб қўярди. Сўлим Фарғонанинг шаҳар ва қишлоқлари ортда қолди. Кеча Тошкент шаҳрида, Ферузабонуларнинг уйида бўлиб ўтган тўйда иштирок этишиб, анчагина ҳориб қолган меҳмону мезбонлар мудраб боришар, баъзилари эса автобуснинг силкинишини ҳам сезмас эдилар. Фозилхўжа бобо эса ўйчан ҳолда борарди: Уни Андижон
томонлар билан борди-келдиси бор. Андижонда унинг Шафоатхон исмли синглиси яшайди. Отаси Носирхўжа эшон 30-йилларда ИНКВДдан қочиб, шу томонларга яширинган. У Андижонда уйланиб, бола-чақали бўлиб, шу ерда вафот этган эди. Шу боис, Фозилхўжа бобо андижонликларга алоҳида меҳр билан қарайди. Ҳар сафар шу томонларга келганида болалигининг ўша олис суронли кунларини эслайди. Ўзининг яқинларини топгандек бўлади.
Тошкентдан келин тушириб келаётган автобус бир томони баланд қирлар, иккинчи томонида шовуллаб оқаётган дарё ёқалаб чўзилиб ётган йўлдан қишлоққа кириб келди. Отабекнинг момоси, амакисининг хотини Тожихон ая ёр-ёр бошлайди:
Андижонда ўт ёқсам,
Ўшда тутун ёр-ёр.
Бу дунёда бормикан,
Бағри бутун ёр-ёр.
Йиғлама қиз, йиғлама,
Тўй сеники ёр-ёр.
Остонаси тиллодан,
Уй сеники ёр-ёр.
Қишлоққа оқшом чўмоқда. Автобус келиб тўхташи билан қатта гулҳан ёқилди. Ҳамма тушди. Бир неча аёл Ферузабонунинг опаси, онаси автобус ичида қолишди. Расм-русумлар бошланди. Қудалар келинни бермай туриб олишди. Отабек маҳалла йигитлари билан келин ўтирган автобус томонга яқинлаша бошлади. Карнайлар наъра қилди. Бу томонларда қўшноғора ўрнига барабанлар чалинар экан.. Сўнгра дўмбиралар гумбурлади. Қишлоқ йигитлари ҳайқириқ билан куёв навкар бўлишиб, автобус эшигига яқинлашдилар. Улар эркаклар ёр-ёрни бошладилар:
Куёв келар “гуп-гуп”,
Навкар келар топ- топ”,
Суюнчими, хўп-хўп,
Укасига пичоқ топ.
“Ховвасса жуп-жуп”
“Жупланмаси жуп-жуп”.
Вақти-вақти билан йигитларнинг ҳайқириғи тўхтар, йўлтўсарларга совғалар инъом этилгач, яна давом этарди. Отабек йигитлар ичида унга яқинлашар экан Ферузабонунинг юрагига “ғулғула” туша бошлади. Унинг жуссаси нозик кўринсада, анчагина оғир эди. Назарида Отабек уни кўтара олмайдигандек. Андижонликларнинг одатига кўра, куёв келинни кўтариб, гулҳан атрофида айлантиргач,уй ичига, чимилдиққа олиб кириши лозим эди.
Ферузабону Отабекнинг қулоғига “шивирлади”: — Мени кўтармай қўяқолинг. Тошкентда етаклаб киради, — деди. Отабек ҳам йўлини топди. Уни кўтариб олиб туширдида, гулҳан атрофида уч марта етаклаб айлантирди. Улар икки томонга сафланган ёшлар ўртасидан ўтиб боришарди. Уларнинг бошларидан гуллар ва тангалар сочишарди. Йигитлар дўмбира ва барабанлар садосида “анжанча”сига ўйнар, “ҳой-ҳой, ёр-ёр”лашиб ўйинга тушардилар. Бир нафас шовқин тинди. Дарвоза остонасига гиламча, уститга эса оқ поёндоз солинди. Ичкаридан Отабекнинг онаси Эътиборхон ая бир тўп аёллар билан чиқиб келдилар. У Ферузабонунинг пешонасидан ўпди:
* Хуш келдингиз қизим, ўз уйингизга,— дедида, юзида табассум, кўзларида эса севинч ёшлари билан Ферузабонуни бағрига босди. Уларнинг ҳар иккиси учун ҳам бу ҳодиса ўта ҳаяжонли юз берди.. Эътиборхон аянинг кўзлари ҳудди Отабекникига ўхшар, ҳатто табассуми ҳам такрорланарди. Ферузабону бу аёлнинг чеҳрасида қандайдир нурни кўрди. Табиий меҳрини, гўзалликни, самимийликни кўрди. Ҳаётда шунчалар истарали одамлар борлигига иймон келтирди. Эътиборхон ая ўрта бармоғидаги мис узукни ечдида, Ферузабонуга тақиб қўйди. Бу узук унинг ягона ёдгорлиги бўлиб, турмушга чиқаётганида отаси Қосимбой ота совға қилган эди. Эътиборли қизим, деб бу мис узукни онаси Тўтихон она сандиғида сақлаб келар экан. Бу узукни Отабекнинг бувиси Тўтихон онага акаси заргарлик касбига ўрганиб, ўз қўли билан ясаб, синглиси турмушга чиқаётганида тақиб қўйган экан. Бу оилавий ёдгорликни, аслида Этиборхон ая қизларидан бирига бериши, инъом қилиши мумкин эди. Чунки бундай зебу зийнатлар фақат қизларга қолдирилган. Эътиборхон аянинг Етти нафар қизи ва уч ўғли бўлиб, қаҳрамон она унвонини олган. Унинг зебу зийнати шу ягона мис узук ва “Қаҳрамон она” медали эди. Отабек бу мушфиқ онанинг иккинчи фарзанди. Катта қизи Шарофатхон ва Отабекдан кейинги Қория ва Олия қизларини ҳам турмушга чиқарган. Аммо бугун келин тушуришга бўлган унинг улкан орзуси рўёбга чиқмоқда. Эътиборхон ая қуда бўлмиш Раънохон опа — келининг онаси билан кўришди. Сўнгра келган меҳмон аёллар билан “хуш келибсизлар”, дея қучоқлашиб сўрашди. Кейин келинни етаклаб, поёндоздан ўтдилар. Шу заҳоти йигитлар поёндозни талашиб, тортқилай кетдилар. Ҳатто бу талашувда гиламча ҳам парча-парча бўлакларга бўлиниб кетди. Ерликларнинг одатига кўра, ким поёндоз парчасини қўлга киритса, ҳудди шундай тўй кўради, орзулари ўшалади деган ишонч билан боши кўкка етади. Ферузабону юзига ёпиб олган ҳарир тўсқич остидан атрофга назар ташлади. Тўйга йиғилган тумонат одамлар бу ҳовлига сиғмас эди. Болалар чор трофдаги барча лой томларнинг устига чиқишиб, тўйни томоша қилишарди. Отабекнинг тўйига Тошкентдан артистлар келишади, деб яқин атрофдаги қишлоқлардан айтилса-ю, айтилмаса, ёшлар қатор-қатор бўлиб келар эдилар. Ферузабону пастқам, яқиндагина оқланган, пештоқлари яшил рангга
бўялган уй ичига кириб келди. Келин тушириб келган меҳмонларнинг ярми уйга сиғмади, бошқа аёллар ташқарида қолишди. Уй деворларига палаклар осилган, Эътиборхон ая келини учун нима сарпо қилган бўлса, барчаси деворга илиб қўйилган. Аёллар ёр-ёр айтишиб, келинни ўша уй бурчагига тўсилган чимилдиққа олиб киришди. Ташқаридан эркак кишининг овози келди:
* — Тўхтанглар, — деди саксон ёшлардаги бир отахон, — келин никоҳ қилинганми?, — ҳамма жим бўлиб қолди. Отахоннинг бошида қалапир дўппи. Отабекнинг айтишига қараганда, бундай дўппиларни Фарғона, Марғилонда кийишади. Оёғида маҳси. У узун соқол бўлишига қарамасдан соч-соқоли қоп-қора эди. Отахоннинг ёнида келган ўрта ёшлардаги кишини Ферузабону дарров таниди. У Отабекнинг тоғаси эди.
* Хуш келибсизлар, меҳмонлар, — сўз бошлади Ҳалилжон тоға, — азиз қудалар, мен совчиликка борган Отабекнинг тоғаси бўламан. Бу киши эса бўлмиш қудангиз Ёқубжон аканинг тоғаси Домлажон бобо бўладилар. Ёшларга дуо бериш учун атайлаб Фарғонадан, Отиариқдан келганлар. Келинимизни даврага чиқаришдан олдин никоҳлаб қўйишни изн қилдилар,— уларнинг сафига Отабекнинг амакиси Юсуфжон ака ҳам келиб қўшилди. У кеча оқшом Тошкентдаги тўй маъросимида қатнашиб, автобусда қудалар билан бирга қайтган эди. Келин билан куёвни никоҳлашдан олдин Ҳалилжон тоға икки оғиз сўз айтди:
* — Қуда, мен Отабекка ҳам, Ферузабону келинимизга ҳам битта савол билан мурожаат қилдим, сен шу билан умрингнинг охиригача яшаб кета оласанми, деб сўрадим. Иккаласи ҳам “ҳа”, деб жавоб беришди.
– Отабек болам, ўзи ажойиб, — деб сўз бошлади унинг бувиси Тўтихон она, — бир куни у бобосини кўргани келди. Ёнида келинимиз Ферузабонунинг сурати бор экан. Уни бобосига кўрсатиб, шу қизга уйлансам бўладими, деб сўради. Бобоси “ Эҳ, Дадаёр, (чол уни шундай деб эркаларди) сиз Тошкентдек шаҳри азимдан ўзингизга муносиб қиз танлабсиз.Албатта, бўлади-да!”, деб жавоб қайтарди. Сўнг Отабек мендан, “Эна бобом билан сиз бахтни қандай тушунасиз?”, деб сўраб қолди. Мен эса чолим доим гапирадиган бир гапни лўнда қилиб айтиб қўяқолдим, эр баланд келганда хотиннинг пастроқ бўлиши, хотин баланд келганда, эрнинг пастроқ туриши — ҳамма кулиб юборди. Сўнгра Домлажон бобо дуога қўлини очди:
— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, куёв яқинроқ ўтириб олинг, энди икки оғиз ваъз эшитинг.
“Бир хотин пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёнларига келиб айтди: — Эй, Аллоҳнинг элчиси, эрнинг хотини устидаги ҳаққи нима?
Ҳасан Басрий разиаллоҳу анҳу пайғамбаримиз (с.а.в)дан ривоят қиладилар: “Хотинлар билан яхши муомалада бўлинглар. Чунки улар сизларнинг олдиларингизда ёрдамчи, нафслари учун ҳеч нарсага молик эмаслар. Уларни Аллоҳнинг омонати деб олингизлар. Авратларини Аллоҳ таолонинг сўзи билан ўзингизга ҳалол қилингизлар”.
Зикр қилардиларки, Умар ибн Хаттоб олдиларига бир киши хотинидан шикоят қилиш учун келди. Эшикнинг олдига етганида Умар ибн Хаттобга хотини Умму Гулсумнинг қаттиқ гапиргани эшитилди. Ҳалиги киши: “Мен хотинимдан шикоят қилиши учун келган эдим. Бу кишида ҳам менга ўхшаган ғам бор экан”, деб ўйлаб ортига қайтди. Умар ( р.а.) уни кўриб қолидиарда, чақирдилар ва нима учун келганини сўрадилар. Ҳалиги киши “хотинимдан шикоят қилиш учун келган эдим, аммо хотинингизнинг сўзларини эшитиб, ортга қайтдим”,деди,— шунда Умар (р.а) айтдилар: “Менда унинг ҳаққи бўлгани учун қилмишларини кечириб юбораман. Аввало, у мен билан дўзаҳ орасини тўсади, у туфайли қалбим ҳаромни хоҳламайди. Иккинчидан, у менинг ҳазинабоним, агар уйдан чиқсам, қўриқчимдир. Учинчидан, у менинг кийимларимни ювиб тозалайди. Тўртинчидан, у менинг фарзандларимни тарбия қилади. Бешинчидан, у мен учун нон пиширади, овқат тайёрлайди”. Кейин ҳалиги киши “меники ҳам сизники каби, сиз кечирибсиз, мен ҳам кечираман”, —деди.
Дарҳақиқат, болаларим, Тўтихон она айтган ҳозирги гапда ҳикмат кўп. Аҳиллик оилага барака келтиради. Келин қизим — ақлли. Бу гапларнинг мағзини чақади. Сиз ўғлим, ҳеч қачон қўл кўтармайсиз. Белгиланган маҳрини доим муҳайё қиласиз.
— Отабек Ёқубжон ўғли, сиз бўтам, Ферузабону Ўткиржон қизини тан маҳрамликка олишга розимисиз?
* Ҳа …
* Ферузабону Ўткиржон қизи, сиз Отабек Ёқубжон ўғлининг тан маҳрами бўлишга розимисиз?
* …
Домлажон бобо ушбу сўзларни учинчи марта қайтарганида эшитилар-эшитилмас, “ҳа” деган товуш чиқди.
* Қизим, гувоҳлар ҳам эшитиши лозим, розимисиз?
* Ҳа.
Бу сафар Ферузабонунинг товуши титраб чиқсада, мамнунликка тўла оҳанг эди.
Тўй бўлса, ғойбидан бераркан. Мўъжазгина ховлига қўлбола қилиб ясалган стол-курсиларга уч юз нафардан ортиқ одам бир амаллаб жойлашди. Минглаб тўйга таклиф қилинган ва қилинмаган меҳмонлар тик туриб иштирок этишди. Болаларнинг “Ана! Садир ака келдилар, ана Соат Шарипов келди, ана-ана!”, деган хитоблари тинмас эди. Тўй қандай ўтди, кимлар сўзга чиқди, кимлар ўйнади, ким қўшиқ айтди, ёнма-ён бир-бирларига суяниб ўтирган икки севишган қалбнинг қулоғига ҳеч нима кирмас эди. Улар бир неча кундан бери келин-куёв тахтларида ўтиравериб ҳолдан тойиш даражасига келган эдилар. Кишлоқ болаларининг, ёш-ялангларнинг қувончларини айтмайсизми? Отабекнинг отаси Ёқубжон ота тўйни айнан август ойига белгилаганининг ҳам сабаби бор. Далаларида меҳнат қилувчи хотин-қизлар, ғўза чиканкасини тугатганларидан сўнг, пахта теримига тушишдан олдин бир неча кун дам оладилар. Қишлоқ тўйлари асосан ана шу кунларда ўтказилади.
Эрта-саҳардан яна карнай-сурнай садолари янгради. Андижонликларнинг таомилига кўра, “юз очди”, тошкентликларнинг одатича “келин салом” бошланди. Ферузабонуга атлас кўйлак, лозим ва ковуш маҳси кийдиришди, бошига оқ попукли шойи рўмол ташлашди. Унинг остидан ўралган яшил дуррачанинг юз томонидан атрофлари тўқилган рўмолчалар осилди. Аслида, ана шундай рўмолчаларни Андижон, Марғилон тарафларда қизлар ўз сеплари учун ўзлари тўқийдилар. Бу рўмолчаларни Отабекнинг сингиллари тўқиб, тўйга тайёрлашган эди. Аёллар ёр-ёр айтиб, келинпошшани олиб чиқдилар. Ҳовли ўртасида у бош эгиб, тўпланганларга уч маротаба таъзим қилди. Унинг икки томонидаги аёллар ёр-ёр бошлашди.
Синалмаган йигитга синглим тушди ёр-ёр…
Ёр-ёр эй, синлим тушди ёр-ёр…
Йиғилган хотин-ҳалажлар “Келин муборак, келин муборак!” деб қутлашди. Кейин эса Ферузабонунинг икки томонидан етаклаб чиққан аёллар, тошкентлик аёллар билан алмашдилар. Улар таомилига келтириб, келинсалом бошладилар.
Маҳалланинг сардори,
Хонадоннинг боғбони,
Бахт-иқболнинг посбони
Қайнотасига бир салом,
Ёқубжон отага бир салом!
Ёқубжон ота катта бир араб гиламини кўтариб чиқиб, келиннинг ёнига қўйди. Қўлини эса келиннинг пешонасига текказиб, “Бахтли бўлинг,болам, қўша қаринглар”, деди сўнгра қайнона — Эътиборхон аяни улуғладилар. У ҳам ўз совғасини инъом этиб, тилакларини билдирди. Бу хонадоннинг барча ўғил-қизлари, қариндош-уруғлар, амма-холалар, қўйинчи, келинсалом пешингача давом этди. Ферузабонуни унинг учун ажратилган хонага олиб киришди. Онаси Раънохон опанинг кўнгли ёришмас эди. унинг устида, Ферузабонуни тушириб келган хотинлар “Қизингизни қаерга бериб қўйдингиз!”, деб дашном айтишган. Қудаларнинг уй-жойи кўримсизлиги, чекка қишлоқдаги одамларнинг яшаш шароити аянчли эканлиги, айниқса, серфарзанд бу оиланинг бор-йўҒи бир уй, бир дахлиздан иборат кўримсиЗгина кулбаси уларни жиддий ташвишга солган эди. Тошкентга жўнаб кетиш олдидан Раънохон опа Отабекни ёнига чақирди. У кўзларида ёш билан “Қизимни сизга, сизни эса худонинг паноҳига топширдим” деб хўнграб йиғлаб юборди.
* * *
Деворга осилган соат “чик-чик” этиб умр лаҳзаларини санарди. Биринчи “чикиллаш” билан иккинчи “чикиллаш” ўртасини ҳаёт деб атасалар керак. Демак, ҳаёт дегани бир лаҳза, бир нафас кириши ва чиқиши ,инсон тақдирида
ана шу лаҳзаларнинг қай бири қайғули, қай бири қувончли келишини ҳеч кимса билмайди, билолмайди ҳам. У Яратганнинг ўзига аён. Баъзи бировлар инсон тақдирига қувонч ва қайғу мувозанат сифатида ,Аллоҳ томонидан тенг тақсимланади, дейишади. Фақат қувонч кўпайиб кетса, унга яраша ташвиш ҳам келаркан. Ташвиш кўпайиб кетса, шунга яраша ажри ҳам бор экан. Девор соатининг “чак-чак”и тинмайди. Бу соатни Отабекнинг дўсти Одилбек совға қилган. Улар Арманистон зилзиласи юз берган пайтда Ленинакан, ҳозирги Гумри шаҳрида танишганлар. Одилбекнинг касби кардиолог-шифокор. У ҳам, биринчилардан бўлиб зилзиладан жабр чеккан арман биродарларига кўмак беришга отланган. Меҳридарё одамлардан бири. Одилбек Қолдибековнинг ҳам жаҳонгашта одатлари бор. Шу-шу икки дўст ҳамиша бирга. У комсомол йўлланмаси билан ҳатто Бамга ҳам борган. Отабекнинг орзуси хайрия жамғармаси тузиб, етим-есир, кам таъминланган оилаларга, ногиронларга, қарияларга ёрдам берсам, дейди. Бу ишни аввалига беминнат ташкил қилишди. Кейинчалик уларнинг истак ва иродасидан ташқари ўз-ўзидан бу харакатлар сиёсатга айланиб кетди. Отабекнинг Арманистон зилзиласи ҳақидаги кўрсатуви, у ҳам “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” бадиий-публицистик кўрсатувлар туркумида берилган эди. У мухбир сифатида Иттифоқ Министрлар Ссоветининг раиси Ришковдан ҳам интервью олган эди, ўшанда:
“Ленинакам ва Спитак шаҳарлари зилзиладан қаттиқ талофот кўришининг сабаблари нима деб ўйлайсиз?”.
— Биринчидан, Арманистон зилзиласи саккиз баллдан ортиқ бўлди. Иккинчидан, Арманистонда асосий турар-жой бинолари тош бўлаклари билан терилади. Бу оғир материал, унинг вайрон бўлиш эҳтимоли кўпроқ, — деди Ришков ўйланиб.
* Тўққиз қаватли темир-бетон канструкцияли уйлар ҳам дош беролмаганлигининг сабаби нимада?
* Албатта, технологик хатолар ҳам бор. Сиз саволни бошқа томонга бурманг. Совет халқи зилзила оқибатларини тез суратда тўғирлайди, янги шаҳарлар пайдо бўлади, — деди Ришков.
Хорижлик бир мухбир савол берди:
— Ғарбда Совет Иттифоқи улкан ерости атом бомбаси синовини ўтказди, шу боис, ер қатламлари сурилиши натижасида зилзила юз берди, дейишмоқда.
* Но, но, бу бўлмаган гап, уйдирма!
* Илм-фан ривожланган бизнинг давримизда зилзилани олдиндан айтиб беришнинг имкони яратилмаганми?
* Мамлакатимизда ўнлаб ана шундай илмий-татқиқот марказлари бор. Айниқса, Тошкент сейсмик марказида етмиш, саксон фоиз тахминий айтиш имконияти яратилган. Аммо аниқ географик нуқтани белгилаш масаласида ҳали қилинадиган илмий-татқиқот ишлари ниҳоясига етказилмаган. Мисол учун, Газли зилзиласи олдиндан тахмин қилинган.
Ферузабону ўшанда болалар билан ўз уйига меҳмонга келган эди. эри Отабек
одатдагидек кўрсатув намойиш қилинаётганда телевидениеда бўлиши шарт эди. Улар бутун оила аъзолари билан телевизор ёнида ўтирар экан отаси Ўткир ака гап қотди:
— Ошириб юборди Ришков, азамат, — Ўткир ака асабийлашар экан, гапини давом этди. — Олимларнинг фикрларига кўра, Газли зилзиласи бу техноген ҳодиса, газ ўрнига ўз вақтида сув тўлдирилмагани оқибатида ер остида портлаш юз берган. Инсон томонидан табиатга ўтказилган зуғум жавобсиз қолмайди, албатта. Арманистон зилзиласида юзага чмққан асосий талофотларининг сабабларидан бири қурилиш технологияси бузилиши, бу ҳақда Отабек, ўз кўрсатувида тўғри фикрларни айтди. Цементнинг белгиланган миқдорда ишлатилмаганлиги, уларни ўз уй-жойларига ўғирлаб ишлатилганлиги, меъёрнинг бузилиши, электр пайвандлашнинг сифатсиз бажарилганлиги асосий сабабларидан биридир. Мен ўтказган синовлар ҳам шуни кўрсатяпти. Боғланган сим билан ўралган арматуралар занглаб йўғонлашганда ҳам бетон қоришмасини ёриб юбормайди. Натижада, унинг сифати ошади. Ундай бинолар кўп йиллар зилзилага ҳам, йиллар давомида юзага келган эрозияга ҳам дош беради. Тошкентдаги уйлар, айниқса, зилзиладан кейинги йилларда шошилинч бунёд этилганлиги туфайли сифатсиз қурилган. Бу масалаларни айтсак, институт раҳбарлари “Сиз коммунистсизку, бундай гапни ўйлаб гапириш керак”, дейишади. Аслида, мана қурилиш соҳасидаги йўл қўйилган хатоларимизнинг оқибатларини кўриб турибмиз. “Синч уйим, тинч уйим”, дейди одамлар. Ундай уйларга ҳатто темир михлар ишлатмай синчлар тикккаланган. Тошкент зилзиласида синчли уйларга талофот етмаган, етган бўлса ҳам, кам зарар кўрган эди. Бизнинг Шайхонтоҳурдаги уйимиз ҳам ғиштда қурилганлиги учун қулаб тушган. Қизим, сени ўшанда бир худо сақлаган эди.
Ферузабону ота-онаси билан анчагача суҳбатлашиб ўтиришди. Отаси Ўткиржон ака, эри Отабекнинг топқирлиги ва зеҳнлилиги ҳақида гапирганда у қанчалар фахрланди. Отасининг гапига қараганда, Отабек зилзиланинг башорат қилиш ҳақидаги халқ одатлари ва ривоятларида жон борлигини таъкидлаган эди.
— Биз кўпинча ривоятларга эътибор бермаймиз, — деб ҳикоясини давом эттирган эди Ўткир ака, — уни, ноилмий ҳодисаларни материализм инкор этади. Ҳатто унга эътибор берган олим ва ёзувчиларни космополит деган тамға билан қатағон қилишган, суриб ташлашган. Ёдимда, ТашГУда Карим Маҳмудов исмли файласуф олим бор. У кишининг “Ўзбек таомлари”, “Меҳмоннома” деб номланган китобларини ўқиганман. Бизнинг миллатимизда энг кўп нусҳада китоб чоп этган муаллифнинг ўзи йўқ. Унинг китоблари бир ярим миллион нусхадан ортиқ ,ўнлаб тилларда нашр қилинган. Унинг фикрича, яхши таом — шифобахш малҳам ҳисобланиб, ким, қаерда яшаса ўша жой сифатларига тўғри келар эмиш. Таомни тўғи истеъмол қилиш, айни вақтда саломатлик ва узоқ умр кўришнинг асоси ҳисобланади. Таом тайёрлаш ҳам фалсафа бўлибдими, таомнинг медицинага қандай алоқаси бор, деб КПСС Марказий Комитети Пленумида унинг илмий ишларини танқид қилиб Суслов деган секретарь сўзлаганидан бери унинг
ахволига вой бўлди. Ханузгача уни четлатишади, ҳатто дарсларини ҳам камайтириб юборишган. Бечора соғлиғини бутунлай йўқотди.
— Ота, — деди Ферузабону ҳавотирланиб, — Отабек аканинг ноилмий фикрлари учун жазолашмайдими?
— Менимча, жазолашмаса керак, — деди отаси, —ахир М.С. Горбачев “қайта қуриш” деб турганда, одамлар учун фойдали гапларни гапириш ўринли бўлса керак, яна билмадим. Биз томонларда ошкораликни тўғи тушунмайдиган, бир қолибга михланиб қолган амалдор тўралар ҳам ўз ўринларини осонликча бўшатиб беришадими?
Ферузабонунинг хаёлидан ҳозиргина экран орқали сўзлаган эрининг фикрлари қайта ўтарди.
…Звардиос аэропорти устидан учаётган самолётлар қўна олмай, осмонда айланарди. Севаш кўли гўё , буғ чиқаётган қозонга ўхшарди. Тун чоғида кўл атрофидаги ўрмонлар ўз-ўзидан ёна бошлади. Қушлар безовта бўлишиб, осмонга кўтарилишди. Итларнинг “хуриши” оламни тутди. Қиш бўлишига қарамай, ҳаво ҳарорати беш-ўн даражага кўтарилди. Булутли осмон қандайдир қизғиш ранг олди. Тўсатдан гумбурлаган товуш эшитилди. Қишда чақмоқ чақиши ҳосиятли эмас, дейди кексалар. Одамларнинг дили ғашт. Юрак қон-томир касалига учраган кишилар ўзларини ёмон сеза бошлашди. Эрталаб чиққан қуёш одатдагидек ёрқин эмас эди. гўё у осмонга қўтарилмай ҳозироқ ерга қулаб тушгудек, мўлтираб нур сочарди. Табиатдаги бутун жонзотлар, ҳатто ўсимликлар ҳам безовта эди. Болаларнинг кўпчилигини ғафлат босиб, мактабдан кеч қолишган, чунки уларнинг кўпчилиги беҳол эдилар. Улар туни билан оғир юк кўтарган ҳаммол мисоли жич ҳаво босимидан чарчаган эдилар. Улар ҳали яқинлашиб келаётган аждардан беҳабар эдилар. Шарқ халқларинг йил тақвимида ўн икки ойга ўн икки ҳайвоннинг номи берилган. 1988 йил охирлаб борарди. Уни Хитойда “Аждар йили”, форсларда “Наҳанг йили”, ўзбекларда эса “Балиқ йили” деб номлаганлар. Аждар йилининг сўнгги ойи. У ўз ҳаққини қолдиришни истамайди. У оч, ундан қоч! Қаёққа? Аллоҳ ўзи асрасин!
Ўт пуркаб учармиш, уч бошли аждар,
Бир ямлаб ютармиш ёшу қарини.
Эртакчи тилида эртак шу қадар,
Ростга айланармиш айтса барини.
Кетгиси келмайди аждар йилининг.
Эртакчи қайдасан, кўнглимни кўтар.
Одамийлик васфин, ардоқла инсон.
Елкангда атоммас, бешикни кўтар,
Ахир яшамоқлик эмаску осон.
Кеткиси келмайди аждар йилининг.
Ушбу шеърни Отабек Арманистон зилзиласида жафо чеккан арман халқи учун умид ва ишонч руҳида ёзган эди. Ўзбекистон хизмат кўрсатган
артист Муҳамаджон Шокиров билан ижодий ҳамкорликда қўшиқ ҳам қилинди. Уни хонанда Миразиз Муҳамедов куйлаган эди. М.Шокиров халқ куйларини биладиган, азалий анъаналарга замонавий руҳ бағишлайдиган бастакор ва ҳазил қўшиқлар ижрочиси сифатида ном қозонган. У радиода бериладиган “Табассум устахонаси”, “Телевизион мениатюралар тетри”, “Шунчаки ҳазил” каби кўрсатув ва радиоэшиттиришларга кириш куйларини ҳам басталаган. Отабек билан ижодий ҳамкорлик дўстликка айланган.
Улуғ башоратчи Ванга айтганми ёки Настрадамус, эсида йўқ, бошида қора доғи бор одам Россияга подшоҳ бўлганида, ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетар эмиш. Давлатлар ҳам инсон мисоли яшайдилар, дунёдан ўтадилар. Ҳудосизлар жабру жафога, яратганнинг қаҳрига учраганларидек, худосиз юрт ҳам, мамлакат ҳам жазога мустажибдир. Бу фикрларга Ферузабону ёши улғайиб, элликни қоралаб қолганида келди. Ҳа, эсида ,ўша суронли кунлар, Отабекнинг ҳам, унинг ҳам сиёсат-пиёсати билан иши йўқ эди. Сенинг сиёсат билан ишинг бўлмаса, сиёсатнинг сен билан иши бўлади, деганлари рост чиқди., Отабекнинг касб-кори журналистлик бўлгани боис, сиёсат олдинги қаторга чиққанда у ўз ўзидан сиёсатчига айланди.Ферузабону истайдими, йўқми оддий бир ҳамшира аёлни ҳам сиёсат, аллақачон ўз домига тортиб бўлган эди.
Совет давлатининг куни битиб бораётганлиги шу кунларда яна ҳам яққолроқ кўзга ташланиб борарди. У бемор мисоли талвасада эди. Балки ошкоралик туфайли ҳамма нарса элга ёйилиб, шундай туюлаётгандир? Олдинлари улкан воқеалар ҳам панада қолиб кетарди. Давлат нима иш қилаябди? Нима билан банд, ҳеч ким билмас эди. Фақат беш йиллик режалар, Иттифоқдаги, республикалар ўртасидаги дўстлик, маданият кунлари, ХалқароТошкент кинофестиваллари каби ҳодисаларни кўпчилик аҳоли ҳаётининг асосий воқеаси деб ўйлар эди. Эндичи? М.С.Гарбачев коммунистик раҳбарлар ичида биринчи бўлиб хотини Раиса Максимовнани етаклаб, у ёққа, бу ёққа боргани-борган. У чет элма, чет эл рафиқаси билан етаклашиб юришади. Реикьявик учрашувидан кейин совуқ урушга барҳам бериш ниятида Берлин деворини ҳам қулатдилар. Аскарларимизни Афғонистондан қайтаришди. Бизникилар бу урушда енгиб чиқадиларми, енгиладими, ҳеч ким билмайди. Кремль чоллари навбатма-навбат ўзлатга кетишди. Улар ичида энг ёши ва маҳмадонаси бўлмиш М.С.Горбачев, янги совет тузуми тузишга киришди. У ҳақда ҳам “миш-миш” кўп. Аммо Ферузабонунинг акаси Шуҳрат рус мактабида ўқигани учунми, ҳар куни, ҳар хил латифалар топиб келарди. Бир марта синфда айтган латифаси учун отаси мактабга чақиртирилиб муҳокама бўлгани эсида. Гўё у Л.И.Брежневни “Алка Пугачева давридаги кичик бир сиёсий арбоб” деб атаган эмиш. Албатта, у бу латифани кимдандир эшитиб масҳара қилиб айтиб юрган. М.С.Горбачев келдию ҳаммаси остун-устун бўлиб кетди. Бугун Совет Иттифоқида В.Висоцкий қўшиқлари янграй бошлади. Черноболь атом станцияси портлаб кетди. Сибирда газ қурвури портлади. Бамнинг қурилиши битмай тамом бўлди. Экология ва табиатни муҳофаза қилиш баҳонасида оммавий ғалаёнлар кучайди. Тибилисида солдатлар намойишчиларни ўққа тутди. Ниҳоят
Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғни талашиб уруш бошлашди. Ўлганнинг устига тепган дея Арманистон зилзиласи рўй берди. Отабек ушбу кўрсатувда инсон ҳаётининг нақадар нозиклиги, уни асраш ҳаётнинг асосий мазмуни бўлиши керак, деган ғояни олға сурди. Отабек ўзи билиб-билмай демократик ўзгаларни ўз ижодида акс эттира бошлади. “Қайта қуриш”, “ошкоралик” деган сиёсат олға сурилиб турган пайтда у халқимиз бошига тушган барча муаммоларни баралла кўтариш имкониятига эга бўлди.
“Ўзбекистон санъати ва адабиёти” газетасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов бош муҳаррир бўлган, сўнгра Аҳмаджон Мелибоев раҳбарлги остида телекўрсатувлар рейтинги эълон қилина бошланди. Ҳафталик рейтинг томошабинларнинг овози бўлиб, энг долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиққан, қизиқарли ва бадиий жиҳатдан энг яхши деб топилган кўрсатув, энг кўп овоз олар, жамоатчиликнинг олқишига сазовор бўларди. Отабекнинг таниқли режиссер Мели Маҳкамов, тасвирчи Рафаэль Камоловлар билан тайёрлаган “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви бир неча йиллардан буён биринчиликни ҳеч кимга бермас эди. Шунга қарамай, унинг на иш столи, на хонаси бор эди. Бу ёқда оила, уч бола, турмуш ташвишлари, у олган маош зўрба-зўр етарди. Яхши ҳам Ферузабону аёллар туғриқхонасида доя бўлиб ишлайди. Кейинчалик Отабекнинг илтимосига кўра, уйи яқинидаги болалар боғчасига ҳамшира бўлиб ишга ўтди. Бир томондан оилага ёрдам, иккинчи томондан, болалари ёнида бўлади. Чунки эрининг оилавий ишларга бутунлай вақт топа олмаслигини яхши билар эди.
Матбуотда СССР халқ депутатлари сайлови тўғрисидаги қонунни чуқур ўрганган Отабек ҳар бир фуқаро ўз номзодини ўзи кўтариб чиқиши мумкинлигини тўғрисидаги янгиликдан воқиф бўлди. У энэи одамларга кўпроқ нафим тегади, деган умидда ўз номзодини Фарғона вилояти, Оҳунбобоев сайлов округига қўйишга қарор қилди. Демократик ўзгаришлар шарофати билан ҳамма округларда 10-15 нафаргача номзод рўйҳатга олинган. Негадир Охунбобоев сайлов округида фақат бир нафар номзод –обкомнинг биринчи котиби Йўлдошев рўйҳатга олинган экан. Компирқа раҳбарларини ана шундай имтиёз билан сайлаш яширинча белгиланганлигини оддий фуқаролар, сайловчилар, ҳатто журналист Отабек Юсупов каби ошкоралик тарафдорлари қаёқдан билсин. Ҳамма машмашалар шундан кейин бошланди. Отабекнинг ёзявонлик Ўткам Тошмирзаев исимли дўсти бўлар эди. У савдо соҳасида ишлаган бўлиб, Ёзявонда “Ўктамобод” боғини ташкил этади. Аммо ўша пайтда район марказларини ва тузумларини қисқартириш юзасидан ҳукумат қарори бўлиб, эски чўл ҳудудида ташкил этилган Ёзявон районини Марғилон шаҳри яқинидаги Оҳунбобоев райони билан бирлаштирилиб юборилади. Натижада, ўн минглаб одамларнинг ташвиши кўпаяди. Район марказида маъмурий бинолар қурилиши учун сарфланадиган маблағлар исроф этилиши оқибатида тумандиги барча маданий ва маиший шароитларга, умуман ижтимоий масалаларга путур етади. Телевидениега тумандан келган хатни асосида Отабек журналистик суриштирув ўтказади. Шу тариқа, “Ёзявон туманлари…” деб номланган кўрсатув юзага келган муаммоларни кўтариб чиқади. Мухлислар таклифига
биноан, у ўз номзодини СССР Халқ депутатлигига шу округдан кўрсатган эди. Кўрсатув намойиш этилгандан сўнг, ушбу ҳудудни ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон ҳукуматининг қарори қабул қилинади. Аммо зудлик билан Отабекни Оҳунбобоев сайлов округидан Избоскан сайлов округига ўтказиш таклифи берилади. Отабекнинг дастурини Фарғона вилоят Партия қўмитасининг биринчи котиби ўзининг сайловолди дастури деб эълон қилади ва сайланмай туриб, бу дастур режаларини бажаради. Ёзявон қайтадан район сифатида тикланади. Отабекни Ўзбекистон Марказий комитети бўлим мудирларидан бири чақиради ва Избоскан сайлов округига ўн бешинчи номзод сифатида рўйҳатдан ўтказишга мажбур бўлишади. Район газетаси ходимлари райкомдан қўрқиб унинг номзодини қўллаб-қувватлашдан бош тортадилар. Фақат босмахонанинг ўн бир кишилик жамоаси унинг номзодини рўйхатдан ўтказадилар. Андижон вилоят партия қўмитаси котиби Орифжонов ҳам қараб турмайди. Отабек ҳеч қандай партия аъзоси эмас эди. Ҳатто “Бирлик”, “Эрк” “Халқ ҳаракатлари” партияларига ҳам аъзо эмас эди. У ўзини “горбочевчи”, “Қайта қуриш тарафдори” деб атарди. Агар омади келса, партия эмас, балки хайрия жамғармаси тузишни орзу қиларди. У соҳоват дастури билан сайловга чиққан эди. СССР халқ депутатлигига сайлов ҳаракатлари бошланган бўлиб, кечалари сайловчилар билан учрашгани кетарди. Раҳбарлар талаб қилганидек, кундузи ишда бўларди. Таниқли журналист, ёзувчи, “Оталар сўзи — ақлнинг кўзи” кўрсатувини яратган ижодкор Элбек Мусаевнинг бундан хабари бўлсада, ўзини билмаганга оларди. Ундан ходимингиз яна Фарғонанинг “расво”сини чиқарибди, қаранг, яна Отабек Ёзявонга борибди, деди ўша пайтда Ўзбекистон телерадио давлат қўмитасининг раиси Наим Ғоипов. У Отабекни хонасига чақирди.
— Келинг уртоқ Юсупов! Ўтиринг!
У буйруқ оҳангида Отабекка юзланди:–
“Бу нима қилганингиз? Яна Ёзявонга борибсиз, сизга айтишмаган эдими?
— Айтишшган эди.
— Нимани айтишган эди?
— Сайловда қатнашмаслигимни, номзодимни зудлик билан олишимни, Тошкентдан чиқмаслигимни.
— Йиғиштиринг бундай лўттивозликни!
* Қанақа лўттивозлик, ахир сайлов ҳақидаги қонунда…
* Қанақа қонун, қанақа сайлов, сизни миллатчиликда айблашяпди. Сиз ўзбек халқи хўрланди, қатағон қилинди, “Пахта иши” ҳам қатағон, дебсиз, э, Оролнинг қуриши билан сизнинг нима ишингиз бор? Тинчгина ишингизни қилсангиз бўлмайдими? Сиздан Рафиқ Нишонов ҳафа! У депутат бўлгиси келиб қолибди-да, мухбирингизни майли, уришиб қўясиз, деб менга танбеҳ берди. Анишев бўлса, бу ўзбошимча журналистларга ҳозир бас келиб бўлмайди, уни Қорақалпоққами ёки бирор сафарга жўнатиб юборинг. Ана, Москванинг Иккинчи канали энди республикаларга узатилар эмиш, ўз тилларида хоҳлаганча гапираверсинлар, бу миллатчилар, дебди.
* Сизга ким айтди, — сўради Отабек.
* Ким бўларди, ўша ҳамма Биринчи котибларнинг алмашмас ёрдамчиси Георгий Чеккабоев, — жавоб берди Наим Ғойипов, — агар яна қулоқсизлик қилиб, номзодингизни олмасангиз ишдан ҳайдайман, сизнинг Отабек Юсуфлигингизга қарамайман!
* Ҳайдасангиз ҳайдайверинг, мен барибир…
* Ие, ие, буни қаранг, — Наим Ғайипович юрагини ушлаб қолди..
Бир неча кундан кейин Отабекни Москвага “Останкино” телевидениесига юборишди. Ўн, ўн-беш кундан кейин ҳовури тушиб қайтиб келди. Сўнгра Тожикистонга Шарора зилзиласи юз берган жойга юборишди. У ердан ҳам жуда таъсирли кўрсатув тайёрлади. Бутун қишлоқни ер сурилиб, одамларни кўмиб юборган. Шарора қишлоғида фақат биттагина бешикдаги қиз чақалоқ омон қолган. Тупроқ бешикни суриб, гўё кўтариб кетгандек, ер юзасига чиқариб қўйибди. Мўъжизани қарангки, қишлоқ ўрнида лойқа аралаш бир тепалик пайдо бўлган. Унинг энг тепасида ўн кунлик чақалоқ ором олиб ухларди. Аллоҳнинг бу меҳрибонлигига бутун олам иймон келтирган эди, ўшанда. Ўзбекистондан келган инсонпарварлик ёрдами ва ижодий гуруҳ билан учрашгани Тожикистон Коппартиясининг биринчи котиби Қахҳор Маҳкамович Маҳкамов етиб келди. У меҳмонлар билан кўришгач, Отабекнинг саволларига жавоб қайтарди. Суҳбат олдидан Отабек ерга тиззалаб чўкди. Унинг ёнида барча ижодий гуруҳ Қахҳор Маҳкамовичдан тортиб, барча катта-кичик раҳбарлар, меҳмонлар бор эди. Отабек овоз чиқариб Қуръон ўқиди. Шарора қишлоғига бутун Тожикистон кўчиб келган эди, ўшанда. Биров пул билан, биров буюм, озиқ-овқатлар билан шароралик жабрдидаларга ёрдам берар эдилар.
Бу ерда кичик бир қишлоқ устига зилзила натижасида бир қир-адир сурилиб кетган эди. айтишларича, адирларнинг ўзлаштирилиши, суғориш ишлари натижасида ғовак тупроқ қатлами бўшаб қолган. Зилзила таъсирида миллион тонналарни ташкил этувчи баланд қир ҳарсангтошлари билан қишлоқ томон сурилиб кетган. Бу ҳам камдан-кам учрайдиган техноген ҳодиса эди.
Минглаб одамлар Қуръон ўқиётган Отабек ва Қахҳор Маҳкамовни узоқдан кўриб, дуога қўл очдилар. Отабек юзига дуо тортганда ўн минглаб одамларнинг “Аллоҳу акбар” деган товуши бир-бирига қўшилиб, гўё бутун оламни тутиб кетди. Сўнгра зилзиладан зарар кўрганларга ёрдам бериш тўғрисида сўз кетди. Суҳбат тожик ва ўзбек тилларида бўлди. Бу ерларга ўттизинчи йилларда фарғоналиклар кўчирилган бўлиб, уларга пахтачиликни ривожлантириш вазифаси юклатилган экан.
— Қахҳор Маҳкамович, — сўради Отабек, — Шарора деганининг таржимаси қандай бўлади?
* Менимча, “Учқун” дегани бўлса керак.
* Омон қолган чақалоқни, қизчани “Шарора” деб номласа бўладими?
* Албатта, бўлади, — жавоб қайтарди раҳбар, — янгидан бутун қишлоқни қайта қурамиз. Янги коттежлар бунёд этилади. Ўзбекистон ўн
дона уйнинг калитини топширишдек инсонпарварлик ёрдамини кўрсатмоқчи. Янги посёлкани Шарора деб номлаймиз. “Шарора” эса энди сизнинг қизингиз бўлди. Унга сиз исм қўйдингиз, у бутун юртнинг янги ҳаётга ёруғлик берувчи учқун бўлди. Ҳарорат, инсон меҳри учқуни.
Отабек Тожикистондан қайтиб келганидан сўнг яна Фарғонага, сўнгра ўн беш номзоддан бири қилиб кўрсатилгач, Избоскан сайлов округига кетди. Амалпараст тўралар вакиллар йиғилишида етарли овоз олсада, беш овоз етмади деган баҳона билан сайловда қатнашиш имконидан маҳрум қилдилар. Норасмий, миллатчи, экстремист каби тамғаларни пешонасига босдилар. Бир неча марта “Ленинград” меҳмонхонаси ертўласида кимлардир сўроқ қилишган. Митинг ташкил қилиаётган гуруҳларнинг раҳбарлари ким, ким нималар ҳақида гапиряпти, бизга етказиб турсанг, сенга ёрдам берамиз, дейишиб, дўқ-пўписалар қилишган. Мен эл яхши кўрган муҳбирман, деб жавоб берган экан Отабек, агар давлат лозим топса, мени КГБга қонуний ишга олинглар, мен ҳозирча муҳбирман. Мен сизларга маҳфий маълумотлар йиғувчи жосус эмасман. Унинг устига, ошкоралик, демократия, “қайта қуриш” эпкинлари эсмоқда. Сиз ўйлаган қатағон йиллари энди ўтмиш бўлиб қолди. Керак бўлса, халқим мени ҳимоя қилиб олади.
— Халқ ҳимоя қилади эмиш, деб киноя билан жавоб берди русийзабон шахс, — керак бўлса, шундай қиламизки, ёнингдан қора дори чиқади, тамом-вас-салом!
* Мен хатто сигарет ҳам чекмасам, деб жавоб қайтарган эди Отабек, ўшанда.–Халқ ишонмайди.
* Яна халқ дейди-я, — эътироз оҳангида деди иккинчи шахс, — шундай қиламизки, халқингнинг ўзи сени тошбўрон қилади. “Ҳамза” қилади!
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга ҳам шу балолар тухмат қилишган бўлса ажаб эмас, дея Ферузабону билан сирлашганда Отабек баъзан айтиб бўлмайдиган, уни ҳавотирга туширадиган воқеалар ҳақида “гуллаб” қўярди. Бу эса — Ферузабонни яна ҳам кўпроқ ваҳимага соларди. Унинг устига, оддийгина ҳамшира бўлишига қарамай, уни болалар боғчасидан бўшатиб юборишди. Ярим ставка қолдиринглар, дейишига ҳам қарашмади. Ўша кунларда Тўнғич қизи Дилнозабону рус мактабининг иккинси синфида ўқир эди. Унинг отаси билан бирга тайёрлаган “Мой папа — журналист” деб номланган фотоальбоми кўрик-танлов ғолиби бўлди. Ферузабону ана шу альбомни ва бўлаётган тазйиқларни қоғозга тушириб, Раиса Максимовнага — Москвага юборди. Мактуби қуйидаги мазмунда эди:
“Ҳурматли Раиса Максимовна!
Мен Юсупова Феруза Уткуровна мамлакатимизда юз бераётган “қайта қуриш” ва демократик жараёнлардан жуда мамнунман. Сизнинг турмуш ўртоғингиз М.Гарбачев раҳбарлигида олиб борилаётган ўзгаришлар асрларга татигулик жасорат эканлигини эътироф этаман. Бутун Совет халқи Сиз билан бирга, айниқса, ошкоралик, ҳар бир совет фуқаросининг қадр-қимматини кўтариш, инсонни улуғлаш пойдеворидир. Бунда, албатта, энг аввало, инсон сифатида, қолаверса, улкан олим сифатида, энг асосийси, улуғ раҳбарнинг жуфти-ҳалоли ва доимий йўлдоши сифатида сизнинг ҳам улкан
ҳиссангиз бор. Менинг турмуш ўртоғим Отабек Юсуф Ўзбекистонинг энг кўзга кўринган журналистларидан бири ҳисобланади. Уларни мамлакатимизда “қайта қуриш”нинг жарчилари деб атайдилар. Бизнинг республикамизда бундай одамлар сиқувга олинмоқда. Эрим — Отабек Юсуф сайлов ҳақидаги қонунларни бузмай, ташаббускор гуруҳ тузди. Аммо турли хил баҳона-ўйинлар билан номзодини рўйҳатга олишдан бош тортдилар. Натижада, ўн минглаб одамлар унинг тарафдорлари намойишга чиқдилар. Одамларнинг норозичилиги кундан-кунга авж олмоқда.
Менинг назаримда, калтафахм маҳаллий амалдорлар ўзларининг бу ҳаракатлари билан “қайта қуриш” ислоҳотларига зиён етказмоқдалар. Марказий комитет, М.С. Горбачев қилаётган талаб бошқа, жойларда олиб борилаётган ишлар бошқа, албатта, икки хил ёндашув минглаб одамларнинг бошига кулфат олиб келиши мумкин. Айниқса, Фарғона ва Андижонда ҳануз маъмурий буйруқбозлик, олдинган белгилаб қўйилган номзодларнигина рўйхатдан ўтказиши каби демократик ўзгаришларга номуносиб амалиёт қўлланилмоқда. Жамият аъзолари ўртасида бўлиниш юз берди, ҳокимият бир томон, халқ ва вакиллари иккинчи томонга ажралди. Биринчи томондагилар ҳокимият вакиллари бўлишига қарамай, улар демократик ислоҳотларнинг, М.С.Горбачев ҳокимиятининг ҳақиқий душманларидир. Икинчи томон эса, демократик ислоҳотларни қўллайди, аммо улар ҳам секин-аста совиб бормоқдалар, демократик ўзгариш тарафдорлари орасида турли оқимлар пайдо бўлмоқда. Уларга ҳам қаёқдандир йўлбошчилар ва ҳомийлар топиляпди. Булар орасидаги зиддият ҳақиқий ватанпарварлар, айтиш жоиз бўлса, “горбачевчилар”ни сиқиб чиқармоқда.
Эрим Отабек Юсуф оддий журналист. Унинг давлат олдидаги хизматлари юқори баҳоланган. СССР халқ хўжалиги ютуқлари Кўргазмаси олтин медалига сазовор бўлган. Зудлик билан комиссия юбориб, масалани адолатли ечиб бермасангиз, кўнгилсиз воқеалар унинг бошига ҳам, оиламиз бошига ҳам кулфат келтириши мумкин. Унинг сайловолди дастури “Саҳоват” жамғармаси тузиб, аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш, инсонпарварлик ёрдамлари кўламини маълум бир изга солиб, кўпайтиришдан иборат. Сиз каби мен ҳам ўз эримнинг саҳоватли ишларига маслаҳатгўйман. Сиздан ибрат олганман.
Сизга самимий тилаклар ила, Феруза Уткуровна Юсупова, Тошкент, 1989 йил, 12 январь.
Албатта, ушбу мактубни ёзиш фикри Ферузабонудан чиққан бўлса ҳам ундаги ғоя ва таклифларни эри Отабек киритган эди. Ушбу мактуб фақат Раиса Максимовна орқали етиб боришига ишонар эдилар. Шундай ҳам бўлди. Москвадан махсус комиссия келди. Отабекни эмас, Ферузабонуни Марказкомга чақирдилар. Амалий ёрдам беришга ваъда қилишди. Отабекни Охунбобоев сайлов Округидан Избоскан сайлов округига ўтказишиб, у ерда аввал уч нафар номзодни сайлов варақасига киритиш белгиланган эди.Аммо ўн беш номзоддан фақат икки киши рўйҳатга олинадиган бўлди. Рустамжон Усмонов, рус тили ўқитувчиси, асакалик, иккинчиси эса Пахтаободлик боғбон Олимжон Иброхимов, учинчиси, журналист Отабек Юсуф эди.
Мажлис иштирокчилари уни тўла қўллаб-қувватласаларда, саноқ кам чиққанлиги қайд этилди. Бу воқеалар видеосуратга ҳам олинган бўлиб хануз сақланмоқда. Ўзбек тилида чиқаётган газеталарда Отабек Юсуф тўғрисида, унинг сайловолди ҳаракатлари ҳақида мақола бериши тақиқланди. Фақат “Ферганская правда” газетасида “Самовыдвижение не состоялось” деб номланган мақола чоп этилиб, Отабекнинг ҳаракатлари экстремист, миллатчи, мақтанчоқ журналист сифатида қоралаган эди. Миллионлаб унинг муҳлислари бу воқеалардан хабарсиз қолган эдилар. Ўша пайтда Москвада чоп этиладиган “Литературная газета» саҳифаларида энг долзарб муаммолар ёритилар эди. Газетанинг Ўзбекистондаги мухбири Вилор Ниёзматов ҳам Отабекни қўллаб-қувватлаб, мақолалар берди, аммо уни ҳам кўпчилик оддий сайловчилар ўқиш имкониятига эга эмас эдилар.
Ферузабонуни ҳам, Отабекни ҳам бир нарса умид билан яшашга чорлаб турарди. Унинг эри ижодкор. Унинг ижодий изланишлари учун шароит яратиб бериш керак. У оилавий “икир-чикир”ларга ўралашиб қолса, кўнгилдагидек ишлай олмаслиги мумкин. У ҳар куни ишга кетиш олдидан болалари билан хайрлашар экан, “халқимга, ижодимга..”, деб кетишни яхши кўрарди. Иззат Султон ва Уйғуннинг “Алишер Навоий” драмасидаги якуний монологи гўё унинг ҳаётидан олинганга ўхшарди. Агар тайёрланган журналистик асарлари юзасидан танбеҳ эшитса ёки танқидга учраса, Ферузабону дарров сезарди. У Шекспирнинг “Гамлет”идаги “Яраландим, аммо тирикман1” деган иборани ишлатар эди. Унинг омади келиб, одамлардан яхши гапларни эшитса, у сўз бошланишдан олдин яна “Отелло” драмасидаги “Ўзи қулвачча-ю, идроки юксак” деган иборани ишлатиб, ичига сиғмас эди. Отабек хурсанд бўлганда болаларга хос фазилатлари кўриниб кетарди. Уни алдаш жуда осон, асабийлашганда ҳам “лов” этиб ёнарди-ю, “лов” этиб ўчарди. Кўрсатувлари орқасидан бир кун қувонса, эртасига азоб чекарди. Аммо у аллақачон, миллионлаб томошабинларнинг эътиборига сазовор бўлиб улгурган эди. Ферузабону кейинчалик идрок қилишича, унинг кўрсатувлари муаллифлик кўрсатуви бўлиб, унинг ижодкори ҳам, қаҳрамони ҳам ўзи эди. Бошқаларнинг муаммоларини ўз руҳиятидан ўтказмай туриб, ўзгалар дарду армонларини ўз дарди деб билмай туриб, одамлар қалбидан ўрин олиш мумкин эмас. Телевидение фақат томоша эмас, муҳлиснинг энг яқин кишиси, айтиш жоиз бўлса, сирдоши бўлиши керак, дер эди Отабек ва ҳамиша шунга интилар эди. Шу боис, ёши улуғ ота-оналар муҳлис бўлса, телевизор кўрса, менинг болам, менинг ўғлим, дер эдилар. Ёшлар эса уни идеал деб ўйлашарди: хотин-қизларга эса орзулар рамзи ҳисобланарди. У ҳар куни минглаб мактублар оларди. Уларнинг тенг ярми ишқий мактублар бўларди. Отабекка Аллоҳ шунчалик чиройли овоз берган эдики, у инсон руҳиятидан отилиб чиқаётган асал булоғига, йўқ-йўқ юмшоқ марваридга ўхшарди. Муаллифлик кўрсатувларида инсоннинг кўриниши, товуши ҳам алоҳида ўрин тутса керак, албатта.
Ўша кунларда совет армиясидан йигитларнинг қочиб кетиши ҳодисалари анча кўпайган эди. Ўзбекистондан ҳарбийга чақирилган йигитларнинг асосий қисмини қурилиш ботальонларига хизматга олар, улар
мардикор тариқасида давлат учун бепул ишлаб қайтишарди. Ўтган асарнинг 60-70 йилларида давлат томонидан оналарнинг бола туғишини рағбатлантирилиши натижасида ҳар бир оилага ўртача етти, саккиз нафардан фарзанд тўғри келиб, баъзи оилаларнинг ўн икки, ўн уч нафардан болалари бор эди. Шаҳарларда бу кўрсаткич пастроқ бўлса ҳам, қишлоқ жойларда юқори эди. Ферузахонинг кейинчалик ҳисоблаб чиқишига қараганда, Отабекнинг ота-онасида ўн фарзанд, унинг Мўътабар холасида ўн икки нафар, Ғофир тоғасида ўн етти нафар фарзанд дунёга келган эди. Бу, ўз навбатида, совет армиясининг учдан бир қисмини Ўзбекистондан чақирилган йигитлар ташкил қилиб, уларнинг кўп қисми рус тилини яхши билмас, уларнинг маълум касбий кўникмалари ҳам бўлмагани учун жойи — қурилиш қисмлари эди. Бу қисмлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган бўлиб, ҳарбий интизом, низом каби тушунчалар кўпчиликка нотаниш эди. Ҳарбийлар орасида дедовшина, яъни оқсоқол, ўзидан кўп муддат ҳизмат қилган аскарга, янги чақирилган аскар итоат қилиши деганидир. Бу армия қоидаларига зид муносабат эди. Дед деб аталувчи қонунбузарлар Ўзбекистондан келган йигитларни хўрлар эдилар. Ўзаро муштлашишлар, миллатчилик оқибатидан аскарларнинг нобуд бўлиш ҳоллари учрай бошлади.
Меҳнаткашлардан юқори ташкилотларга шикоят аризалар кўпайиб кетди. Ўзбекистон ССР Олий Совети ташкил этган махсус комиссия Узоқ Шарқ ҳарбий Округига юборилди. Улар Хабаровск ўлкаси ва Владивосток шаҳрида Тинч океани флоти ҳарбийларининг ишлари, жанговор тайёргарлиги, қисмлардаги ҳолатларни ўрганишлари керак эди. Бу катта делегацияга ошпазлардан тортиб, санъаткорларгача рўйҳатга киритилди. Телевидение орқали ёритиш масаласи Отабек Юсуф раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ зиммасига юклатилди. Хулласи калом, ушбу кўрсатувда Отабек доимгидай мазмуний ва шаклий белгиларни, услубларни қўллаганидек, бир очеркда ҳам ташвишлар, ҳам қувончлар биргаликда берилмади. Режиссер Мели Маҳкамовнинг таклифига кўра, материал кўплиги учун икки қисмга ажратилиб, биринчи куни “қувончлар” ва иккинчи куни “ташвишлар “ ёритилиб, ҳарбийда юзага келаётган таназзул ҳақида фикрлар юритилди. Мусхлислар эса муаллифдан қаттиқ норози бўлдилар. Кейинчалик Фарғона фожеаларига бағишланган репортажлар ҳам маълум бир сиёсий янги кучлар таъсирида қаттиқ қаршиликка учради. Узоқ Шарқ сафаридан қайтган Отабек ўшанда Ферузабонуга бир гапни айтган эди: “Ферузабону, сизга бир фикрни айтиб қўяқолай! Энди одамларнинг дунёқараши бутунлай ўзгариб кетди. Сизнинг Иттифоқингизга ҳам, коммунистик ғояларингизга ҳам, миллатлараро дўстлигингизга ҳам ишонмай қўйишди. Совет — энди қайта қурилмаса керак. У вайрон бўлиб, гўёки талвасада ётган бемор одамни эслатмоқда. У узоққа бормай таназзулга юз тутади…”
— Билмадим, сизга шу ҳарбийлар керакмиди, Узоқ Шарққа борманг, ўзингизни қийнаманг, деган эдим, — деди Ферузабону, — мана “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Карим Баҳриевнинг мақоласи чиқибди. Сизга тегишли жойини ўқийман. “Армияда парокандалик, тартиб ва интизом деган нарсанинг ўзи қолмади, Ўзбекистонга келаётган тобутларнинг сони кун
сайин ошиб бормоқда. Фақат “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувида эса, совет аскарлари баҳтли ва шаҳдам қадам ташламоқдалар…”.
– Э, Карим ҳам яхши тушунмабди! Бу ахир телевидение, ўша шадам қадамлар масаланинг сирти, ташқи кўриниши, ички кўриниши эса шаҳдам қадам ташлаётган керза этиклар билан янчиб ташланмоқда. Генералларнинг қаршилигига қарамай, Ўзбекистон телевидениесида биринчи марта совет ҳарбийларининг афти-ангорини, юзага келган даҳшатли муаммоларни ёритишга эришдик-ку, — деди Отабек куйиб-пишиб. Кеча Эльбада хизмат қлаётган Анвар исмли болани қаттиқ калтаклашгани оқибтида у госпитальга тушиб қолибди. Унинг онаси очлик эълон қилиб, қизил майдонга чиқибди. “Тўмарис” деб номланган хотин-қизларнинг норасмий ташкилоти фаоллари кеча мен билан учрашдилар. Мен уларга Узоқ Шарқ кўрсатувини тушунтириб бердим. “Улар гапингиз ростлигини исботлаш учун бизга ёрдам беринг, Эльбада хизмат қилаётганида калтакланган Анвар Турсуновни уйига, ота-оналари бағрига қайтариш масаласини ечишимиз керак”. Иккинчиси, унинг онаси очлик эълон қилиб, Марказком идораси ёнида ерга ётиб олганлиги учун Чуқурсойдаги руҳий беморлар касалхонасига ётқазилган. Уни у ердан чиқариб, даволатишингиз зарур дедилар. Ҳарбий прокурор билан учрашдим. Солдат хафтанинг охирида Наманганда бўлади. Чуқурсойга бориб, унинг онасини чиқариб олиб. уни уйига жунатиб юбордим.
— Бу ишингиз яхши бўлибди, — деди Ферузабону, — аслида ақлингиз етмайдиган ишларга аралашмасангиз яхши бўларди. Эсингиздами, “Афғон нидоси” кўрсатуви? Икки қўли ва бир оёғидан ажралиб, ногирон бўлиб келган аскарнинг қиссаси. Уни тўра мирзо раҳбарларнинг бефарқлигидан сақлаб қолганмиз. Ана, оддий ва нисор одамларга фойдали иш.
— Яхши, эсимга солдингиз, — деди Отабек. Йўқотган нарсасини топиб олгандек, куни-кеча Афғон жангчиси Равшан Мақсудовнинг отаси Мурод ака келдилар. Уни уйлантираётган экан. Унга соппа-соғ бир қиз турмушга чиқяпди. Тўйга айтиб кетишди. Бу ҳақда бир гўзал ривоят айтайки, ҳамма қойил қолсин. Отаси Мурод аканинг айтишича, ўғлига анчагина имтиёзлар берилибди. Уй-жойларини тиклаб олишибди. Мана энди тўй. Ўқишларини афғончи йигит давом эттираётган экан.
— Бу хайрли иш. Озмунча одамларга ёрдам бердингизми? Сиёсатларни қўйинг. Ҳа, наврўзингизчи, нима бўлди? Раъно Абдуллаева қабулида бўлдингизми? Сизни чақиртирган эканлар, — сўради Ферузабу.
* Ҳа, раисимиз Инқилоб Турсуновна Юсупова чақиртирган эканлар.
Сиз бугун соат 11 00 да Марказкомда бўлинг. Сизга Раъно Ҳабибовна Абдуллаеванинг махсус топшириғи бор экан, деб қолдилар. Гул олиб боришни унутманг,деб қўшиб қўйдилар, ҳам. Бордим, у киши хонасида кутиб ўтирган эканлар. Оппоқ шойидан либос кийган , жуда чиройли аёл эканлар. Мен ҳам оппоқ гладиолосларни танлаган эдим. Қандайдир ўртамизда самимий кайфият пайдо бўлди. У аёл мен билан раҳбар сифатида эмас, яқин одамлардек суҳбатлашди. Раъно Ҳабибовна Ўзбекистон ҳукуматининг 1986-1987 йилларда Андижон вилояти ёшларининг Жиззах чўлларини ўзлаштириш ва Фарғона водийсидаги демографик муаммоларни
ҳал қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан махсус кўрсатув тайёрлашимни айтдилар. Чўлга юборилган ёш оилалар шароит йўқлигидан, Жиззах вилояти маҳаллий амалдорларининг эътиборсизлиги оқибатида орқага, ўз юртига қайтиб кетганлилари, кўплаб ёшларнинг ҳаёти аянчли аҳволга тушганлиги, “Чўлга чиқяпман…” деган кўрсатувга бош қаҳрамон қилиб олинган Назиржон Саидов ҳаёти билан қизиқди. Чунки икки йил давомида чўлқуварлар ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлаганман. Ҳатто Раъно Ҳабибовнанинг руҳати билан Андижон вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Солижон Мамарасулов билан Жиззах Обкоми Султоновларни чўлқуварларга эътиборсизлик сабаблари ҳақида гапиришга мажбур қилганлигимни эсга солдида, ўша қарор ўйламай қабул қилинган ишларимиздан бири, деб қўшиб қўйдилар. Сўнгра бироз ўйланиб турдиларда, йиғлаб юбордилар. Рўмолчаси билан кўзларидан дона-дона бўлиб оқиб тушаётган ёшларини артдида, март ойининг охирги якшанбасига белгиланган хотира куни ҳам асосланмасдан қабул қилинди. Бу кунни Наврўз ўрнига таклиф қилган тарихчиларимиз энди мени айблашга ўтиб олдилар. Ҳатто ўзлари ҳам билмайдилар. Бу диний байрамми, ёки миллий байрамми? Бу диний байрам эмас, миллий байрам. Қайта такрорлади. Сиздан илтимос, мен Инқилоб Турсуновнага таинлаб қўйдим. Сиз Наврўзни ёқлаб чиққан журналистларимиздансиз. Наврўзни кўтаринг. Мен Марказком бўлим бошлиғи Собитхон Қурбоновичга ҳам топшириқ бердим. Сизнинг тўлақонли ижод қилишингиз учун барча шароитлар яртилади, деб айтди.
Ферузабону эрининг сўзларига қулоқ тутиб ўтирар экан “ҳа, катта раҳбарлар ҳам хато қилсалар, афсусланар эканларда”, деб хаёлидан ўтказди. Сўнгра ҳаммага маълум ва овоза бўлган “Ассалом Наврўз” деб номланган кўрсатув намойиш этилди.
Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев устидан жиноий иш қўзғатилгач, Рафиқ Нишонович Нишонов Ўзбекистон Марказий Компартиясининг Биринчи секретари бўлиб тайинланди. У узоқ ишламади. Бир томондан, экологик муаммолар, бир томондан демографик муаммолар, экстремистик ҳаракатларнинг авж олиши, қайта қуриш олдидан Ўзбекистонда бошланган “тозалов” оқибатидаги ноҳақликлар, “Пахта иши” деб номланган марказнинг мудҳиш тадбирлари. Эътиқодли кишиларни таъқиб этиш, ўз ўрнини бергиси келмаётган амалпараст тўралар, коррупция ва жиноятчиликнинг кескин даражада кучайиб кетиши, аҳолининг турмуш даражасининг пастлаб кетиши, демократик ўзгаришлар жраёнида турли сиёсий оқимларнинг хакалак отиши ва ташқи кучлар таъсирида маълум мақсадларни кўзлаган кучлар “гиж-гиж”лаши оқибатида Фарғона фожеалари юз берди. Рафиқ Нишонов СССР Олий совета раиси ўринбосари сифатида Москвага М.С.Горбачевнинг қучоғига ўзини урди. Марказий телевидение мухбирлари Фарғонада юз берган воқеаларнинг сабабини сўрашганда, у “Бозорда безориларнинг ўзаро қулпиной талашишлари оқибатида, тарафкашлик бошланиб, натижада катта жанжалга айланиб кетди”, — деб жавоб қайтарди.
Миллатлар палатаси раҳбарининг бу жавоби, месхети турклари билан ўзбеклар ўртасида юзага келган қарама-қаршилик, умуман, Ўзбекистон ССР
ва Иттифоқда юзага келган ҳокимият билан фуқаролар ўртасида авжига чиққан зиддиятни хастпушлашга интилиши эди. Бу ўйламай айтилган жавоб унинг одамлар олдида юзи қаро бўлишига олиб келди. Ана шундай вазиятда Қашқадарё вилояти Партия комитетининг биринчи котиби бўлиб ишлаб келаётган Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси раҳбари этиб сайланиши, янги даврнинг бошланишидан хабар бераётганга ўхшарди. Мамлакатнинг янги раҳбари юзага келган муаммоларнинг ечимини топиш, ўзбек халқининг миллий қадриятларини улуғлаш, ҳар бир инсонга алоҳида эътибор қаратиш, миллий ўзлигини англаш орқалигина фуқаролар ўртасида ҳамжиҳатликка эришиш мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, кенг кўламдаги ислоҳотларни бошлаб юборди. “Наврўз” — халқнинг баҳор ва табиат уйғониши байрами эканлиги, халқнинг минг йиллик анъаналарини таъқиблашни қаттиқ қоралади. Шу пайтда бир қатор жамоат ташкилотлар, Болалар фонди, Қизил Ярим ой жамияти, Меҳр-шафқат ва саломатлик жамғармаси, Гостелерадио каби ташкилотларнинг 1990 йил 21 март куни бир суткалик “Наврўз” узлуксиз кўрсатуви ташкил қилиш тўғрисидаги ташаббусларини шахсан И.А.Каримов қўллаб-қувватлади. Отабек ана шу ҳаракат лойиҳасининг муаллифи, узлуксиз кўрсатувнинг ташкилотчиси сифатида юзага чиқди. Юқорида тилга олинган жамоат ташкилотларининг раҳбарлари — академик Шабат Хўжаев, ногиронлар жамиятини тузиш ҳаракати раҳбари Содиқ Убайдуллаев, Болалар жамғармаси раиси Инқилоб Юсупова, Халқаро Қизил Ярим ой жамияти раиси Ўктам Талиповналар Отабекнинг бу саҳоватли тадбирини ҳар томонлама ёрдамлар билан қўллаб турдилар.
1990 йил 21 март соат 9 00 да бошланган “Наврўз” узлуксиз кўрсатуви 25 соату, 9 дақиқа давом этди. Уни Отабек Юсуф ва Жаҳонгир Маматовлар олиб бордилар. Узлуксиз кўрсатув бутун мамлакат халқларини эзгу ишлар ва инсонпарварлик йўлида бирлаштирган меҳр-мурувват қўнғироғига айланди. Мамлакатда янги кун келаётганидан далолат берди.
23 март куни Ўзбекистон ҳукуматида катта бурилиш юз берди. Иттифоқ республикалари ичида биринчи бўлиб, Ўзбекистон ССР Олий Совети Ислом Абдуғаниевич Каримовни Республика президенти этиб сайлади. Биринчи Президентнинг оммавий ахборот воситалари билан учрашуви бўлиб ўтди. Мухбарлардан бири: — Ҳурматли Президент, ишни нимадан бошламоқчисиз, — деди.
— Ўтган куни “Наврўз” узлуксиз кўрсатувини кўрдингизми? У Ўзбекистон тарихида унутилмас воқеа бўлди. Халқимизнинг қанчалик умидли ва бағрикенг эканлигини, ўта саҳоватли эканлигини намойиш қилди. У, айтиш жоиз бўлса, ҳалқнинг ўзлигини англашга, инсонпарварлик ғояларини улуғлашга, ўзбек халқининг миллий қадриятларини тикклашга жуда катта омил бўлди. Халқимизни мана шундай оғир дамларда эзгу ишлар сари бирлаштирди, — деб жавоб берди Президент, — менинг биринчи фармоним — Наврўз ҳақида, бу байрамни ўтказишда фидокорона меҳнат қилган ижодкорларни тақдирлашдан ўз фаолиятимни бошламоқчиман.
Отабек ҳаётида ҳам, оиласида ҳам катта муваффақиятли ўзгаришлар содир бўлди. Марафондан тушган қалам ҳақига эса, ўз қишлоғида отахонлар чойхонаси қуриб берди. Ферузабону унинг бу харакатини баҳолар экан:
– Ота-оналарингизнинг қандай кун кўраётганликлари ўзингизга маълум, ҳеч бўлса ана шу маблағлар ҳисобидан уларнинг уйини таъмирлаб берсангиз бўлмасмиди ёки ўз оиламизнинг ҳаётини бироз яхшиласангиз фойдалироқ иш қилган бўлардингиз!
— Э, қўйинг, — дерди Отабек, — ахир, ўзимиз саҳоват ҳақида бонг уриб турсагу, ўзимизга уй солсак одамлар нима дейишади?
* Ахир уларни қалам ҳақи деяпсизку?
– Барибир, ҳали одамлар бундай катта маблағни ишлаб топмаганлар дейишади, –деди Отабек тушунтириб, — ниятим, қўлимдан келганича кўп болали оилаларга соғин сигирлар ҳадя қилиш. Бу инъом узоқ вақт давомида уларнинг хонадонига барака олиб келади..
* Ўзингиз биласиз, — деди Ферузабону.
Аслини олганда, Ферузабону эрининг ишига аралашмас эди. Ахир шундай одам хато қиладими, деб ўйларди. Унга ишонар эди. Отабекка омад кетидан омад кела бошлади. У Чортоқ сайлов округидан Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланди. Унга ҳам янги сайлов қонунига кўра, ўз номзодини кўрсатиб, оғир курашлар билан эришди. Унга бу сафар бутун ҳамкасблари ёрдам беришди. Журналистлар бир бўлишса, мўлжалланган вазифаларни бажариш мумкин эди. Таниқли ёзувчи Пиримқул Қодиров ҳам Халқ депутати бўлгач, Ўзбекистон Олий совети Баймалминал ва давлат тили қўмитаси раиси лавозимига сайланган эди. У Отабекни қўмитага ишга таклиф этди. Бир неча ойдан сўнг, у Президент билан учрашди. Уни Ўзбекистон Республикаси Президентининг муҳим топшириқлар бўйича ёрдамчиси этиб тайинладилар. Ферузабону унга бир оз эътироз билдирди. Унинг фикри ожизича, ҳар қандай амал ва вазифалар ўткинчи, , ижод эса ҳамиша инсон билан қоладиган Аллоҳ инъоми эканлигини яхши билар, қайнотаси Ёқубжон ота билан унинг фикрлари бир жойдан чиқар эди.
— Болам, Ферузабону келиним тўғри гапни айтяптилар, — деган эди Ёқубжон ота, — сен ўз соҳангда озми кўпми муваффақиятларга эришдинг. Уни қадрига ета билаш керак. Амал ва пул қўлнинг кири, у ювилиб кетади. Агар иложини қилолсанг, ўз касбингни ташлама! Касб-корни ҳам худо беради. Шундай омадинг чопдими, бас шукур қилиш керак. Унинг устига, мен сени яхши биламан, руҳингда шоирлик бор. Тарихдан маълумки, бундай одамлар амалдор бўлолмайдилар, бўлса ҳам амалдорликнинг чап ва ўнг томонлари бор, уни сен қабул қилолмайсан. Ҳақиқат ва адолат деб бошингга ғавғо оширасан, душманларинг кўпаяди. Ҳаловатинг бўлмайди. Сен шошқалоқсан, ўйламай ёки вазиятни ҳисобга олсай қарорлар чиқарасан. Мен оддий пахтачилик бригадириман. Қўлимда эллик, олмиш нафар ишчи ишлайди, кези келганда, уларни бошқариш қийин бўлади-ю, ҳар бир одамнинг кўнглини топиш осон эмас, давлат иши сенинг қўлингдан келмайди, болам. Мен сенинг ўрнингда бўлганимда телестудиянинг қорувули бўлиб ишлашга рози эдим. Яна бир гап. Мен бу болани яхши биламан.
Пулнинг ҳисобини билмайди, унга интилмайди ҳам, аммо пулни ҳурмат қилиш керак. Меҳнат билан топилган маблағлар у меҳнат йиғиндиси, уни тежаш ва керакли ишларга сарфлаш лозим. Қизим Ферузахон, бу боланинг қўллари очиқ. Панжалари ораси йирик. Агар ушлаб қолмасангиз ҳолингизга вой!
Ёқубжон ота ёнидан дафтарини чиқардида, ёзиб қўйди. Унинг шундай одати бор. У амалга оширган ва келгквси режаларини кун саналари билан ёзиб қўярди. Ён дафтарин очиб, бундан ўн йил аввал деб Отабекка ўз сўзи исботини айтмоқчи бўлган эди, ўғли уялганидан бўлса керак, унинг сўзини бўлиб қўйди.
— Ота, мени кечирасиз, — деди Отабек ерга қараб, — ахир Президентимиз айтгандан кейин йўқ деб бўладими? Ўзингиз айтасизку, подшоҳнинг сўзи вожиб деб.
— Ҳа, яхши, — деди Ёқубжон ота, — лекин қуёшга яқин юрган одамлар парвона мисоли куйиб кетишлари мумкин. Энди ёш бола эмассиз, ўйлаб, орқангиздагиларни ҳам унутмай иш қилинг-да, ўғлим!.
— Ферузабону тез кунлар ичида умр йўлдоши Отабекнинг янги ишига ҳам кўникиб қолди. Энди у ижодий режалар ҳақида гапирмас, қаҳрамонларининг ўй-ташвишлари ҳақида у билан аввалгидай узундан-узоқ суҳбатлар қурмас эди. Отабек мухбир бўлиб ишлаётганида муҳлислардан минглаб мактублар олар, улар ёрдамида келгуси ижоди учун мавзу, маълумотлар, манбаалар йиғарди. “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви томошабинларнинг мактублари, арз-шикоятлари асосида тайёрланар эди. Шу боис бўлса керак, аниқ тақдирлар, аниқ маълумотлар, ҳужжатли, бадиий-публицистик туркумининг муваффақиятига асос бўларди. Энди эса мактублар ва шикоятлар сони янада кўпайди. Отабек эса уларнинг ижобий ечими устида бош қотирар эди. Ҳатто Президент девонига келаётган мактубларнинг тенг ярми Отабек Юсуф номига ёзиладиган бўлиб қолди.
Бир куни бир гуруҳ Ангрен маҳаллий телевидениеси мухбирлари Жигаристон зилзиласи оқибатлари тўғрисида махсус кўрсатув тайёрлаб, олиб келишди. Отабек ушбу лавҳани кўриб-чиқиб, масалага ойдинлик киритиш учун Жигаристонга борди. У ерда юз берган фалокат зилзила оқибатлари эмас, балки технологок ҳалокат деган фикрга келди. Зилзила оқибатларини ўрганиш ва чора кўриш учун ҳукуматнинг махсус комиссияси тузилган бўлиб, унинг раҳбари Исмоил Ҳакимович Жўрабеков, Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари эди. Уни офат юз берган жойда комиссия аъзолари билан бирга учратди. Жўрабеков негадир унга қаттиқ қараш қилиб, “Боринг! Сиз аралашманг, ишингизни қилинг, деб ҳайдаб юборди. Отабек эгаллаб турган лавозим бу ишга аралашишни тақазо этса ҳам, у ёши улуғ одамга гап қайтармади.. Тошкентга қайтиб келиб, Президент қабулхонасига кирди. Ўзбекистон коммунистик партияси марказий комитети биринчи котиби ёрдамчиси Георгий Чекабоевга (Крайнов) қабулхонада экан..Аслида эса лавозим бўйича Отабек Юсуф биринчи Президентнинг биринчи ёрдамчиси эди. Ушбу видолавҳани Отабек Георгий Чекабоевга топширди. Уни Президентга топширишдими, ушбу видеоҳужжатни Ислом Каримов
кўриб чиқдими, йўқми, бу ноъмалумлигича қолди. Г.Чекабоев И.Жўрабековлар Отабек тўғрисида нотўғри маълумотлар етказганлари кейинчалик аён бўлди.. Ўша куни тунда Отабек бир ҳолатда уйга кириб келди. Рангида ранг йўқ.
* Мен девон биноси панжарасидан ошиб ўтиб, пиёда қочиб келдим. Президент билан менинг ўртамда яхши гап бўлмади. У хонасидан чиқдида, “Нега ахмоқона ишларни қиляпсан! Кимни жиноятчи қилмоқчисан”, деб мени туртиб юборди. Мен ахир, сиз… ҳақиқатни билишингиз… деганимча қолдим. У бўлса, “Э, ёрдамчи бўлган сени! Мен сенга жиноятчи ким эканлигини кўрсатиб қўяман”, — дедида чиқиб кетди. Энди нима бўлади?
* Ўзингизни қўлга олинг, эгилган бошни қилич кесмас, — деди Ферузабону, — ростдан ҳам сиз катта лавозимларда ҳеч қачон ишламагансиз. Хато қиласиз, албатта.
— Қамаб қўйса нима бўлади, Жаҳонгир аранг қочиб қутулди. Ахир мен давлат тинчлиги, фуқаролар осойишталиги, адолат барқарорлиги учун ҳақиқий аҳвол ҳақида давлат бошлиғига етказмоқчи бўлган эдимку?
— Майли, ташвиш қилманг, бугундан кўра эртага яхшироқ фикрлайсиз, эгилган бошни қилич кесмас. Яна ҳеч нарса бўлмаганидек бораверинг, — деди Ферузабону эрига таскин бериб.
Шу тариқа кунлар, кунлар ортидан ойлар ўтаверди. Президент уни кечирди. Чоғимда, олдингидан ҳам завқ ва шавқ билан ишлай бошлади. Наврўз байрамини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳукумат комиссиясининг масъул котиби сифатида қаттиқ ишлади. Мутахассисларнинг фикрича, Наврўз мамлакат фуқаролари ўртаси ҳамжиҳатликни мустаҳкамлади, одамлар руҳини кўтарди. Ўтиш даврида фуқаролар тотувлигини таъминлашда беқиёс ўрин эгаллади.
Ферузабону ўз эрини ниҳоятда ҳалол, самимий ва меҳрибон одам сифатида ҳурмат қилади, унга ишонади.
Отабек ёрдамида ўз муаммоларини ҳал қилувчилар сони оша бошлади. Унинг қабулига одамлар ойлаб навбат кутиб кирадиган бўлишди. Бир томондан Президент қабулхонасига келувчиларнинг сони ошиб борарди. Ёрдамчи сифатида уларни асосан Отабек қабул қиларди. Яна бир томони, унинг қабулидан сўнг, кўпларнинг масалалари зудлик билан ечилар эди. У ишдан чарчаб келар, оила ва бола-чақа дегандек, оилавий вазифалар кўпинча Ферузабонунинг зиммасида бўларди. Шикоятчиларни қабул қилиб, уларнинг масалалари ечиш кундан кунга оғирлашарди. Асосан фуқаролар камбағалликдан, яшаш шароитлари оғирлигидан, уй-жойдан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг адолатсизлигидан арз қилар эдилар. Шикоят билан келувчи фуқаролар идора четда қолиб, унинг яшаш жойини ҳам билиб олдилар. Одамларнинг кети узилмас эди. Отабек уйда қабул қилмайман, деб эътироз билдирса, кўпчилик норози бўларди. У ишда пайтида баъзилар Ферузабонуга аризаларини ташлаб кетишар эди. У эрим уришади, ишхонасига боринглар, деб чарчарди. Ҳатто баъзи бир шубҳали кимсалар ҳам уй олдида пайдо бўла бошладилар.
Бир куни бир аёл келдида, — мен андижонлик қариндоши бўламан, масалам ечилди, раҳмат айтгани келдим. Агар келин, кўнглингизга олмасангиз ушбу гиламчани совға қилмоқчи эдим, — деди. Ферузабону кўнмаганига қарамай, ташлаб чиқиб кетди. У билан орқама-орқа эри уйга келиб қолди. Ферузабону воқеани айтиб берди. У гиламни кўриб, тутоқиб кетди, ғазаб билан сўкинди, “Мени онам порахўр қилиб туққан эмас”, — дедида, яланг оёғи билан кўчага гиламни кўтариб, чиқииб кетди. Ҳалиги аёлни қувиб етиб, унинг буюмини ўзига тутқазди.
Ўғли Зафар беш ёшга кирганида бир кўнгилсиз воқка юз берди. Болалар боғчаси яқин бўлгани учун у уйга ўзи ёлғиз келар эди. Бир куни у кўчадан дод солиб келдида, дарвозадан ичкарига қочиб кирди. “Аяжон, эшикни очманг”, — деб маҳкам қўллари билан тираб туриб олди ва бетўхтов дод сола бошлади.
— Нима бўлди, болам, — деб уй ичидан ҳовлига отилиб чиққан Ферузабону қўллари билан эшикни итариб турган ўғилчасига отилди. Уни бағрига босди, тинчлантирди. Кейин сўради:
* Нима бўлди?
* Эшикни қупланг, орқамдан машинада ёмонлар келишди, мени олиб кетишмоқчи, — деб у ҳамон дод соларди.
Ферузабону ташқарига чиқди, ҳеч ким йўқ. Кўча жимжит. Уларнинг ховлисига қарама-қарши томонда тиббиёт хонаси жойлашган бўлиб, деразадан бир ҳамшира аёл қараб турарди. Ферузабону имлаб, уни ташқарига чақирди. У ташқарига чиқиб Ферузабону билан кўришди.
* Синглим ҳозир бу ерда ҳеч кимни кўрмадингизми?
* Кўрдим, икки-уч кундан бери сариқ “Волга” машинаси келиб. мана шу ерда соатлаб туради. Бирортасини кутаётган бўлса керак деб ўйладим. Улар эрталаб ҳам келишган эди. Сиз болаларни боғчага олиб кетаётган пайтингизда ҳам шу ерда турган эдилар. Кечга яқин яна пайдо бўлишди. Негадир улар боғчадан келаётган ўғилчангизнинг орқасидан пўйлаб боришди. Улар сизларга таниш одамлар бўлса керак, деб ўйладим. Сўнгра ўғлингиз уларнинг юзига қарадида, дод солиб уйга қочди, улар орқасидан бироз қувлаб боришди. Бола дарвоза эшигини ёпиб олгач, орқага қайтишдида, “Волга”га ўтириб, жўнаб қолишди.
Ферузабону ниҳоятда қўрқиб кетди. Ростдан ҳам, ўғли Зафарни ўғирлаб кетишмоқчи бўлишсачи, нега? — хаёлидан ўтказди у. Эри келганида, бўлган воқеаларни айтиб берди.
— Ҳавотир олманг онаси, биз ҳеч кимга ёмонлик қилган эмасмиз, — деди Отабек унинг кўнглини тинчитиб, — қўлимиздан келса, фақат яхшилик қиламиз.
— Боламизни худо сақлабди, — деди Ферузабону бутун вужуди билан титраб, кўз ёшларини артар экан, — ўзи ишингиз ҳам жонимга тегиб кетди. Келиб-кетувчилар бутун Ўзбекистондан келишяпди. Манзилимизни кимдан, қаердан оишади, билмадим. Иложини топсак, кўчиб кетардим. Болаларим билан тинчгина яшашни истайман. Одамлар ўз оиласи билан мазза қилиб яшашяпди. Хоҳлашса, дам олгани боришади, истасалар, болалари билан
саёҳатга чиқадилар. Болалар ҳам қўрқоқ бўлиб қолишди. Ишингиз қурисин. Олдинлари фельэтондан кейинги дўқ-пўписалардан қўрқиб, болалар билан ҳеч қаёққа чиқмайдиган бўлган эдик. Озиб-ёзиб бир марта Паркентга борган эдик, Мели Маҳкамов ва Тамара опалар билан. Учрашувдан кейин бир неча маст-аласт йигитлар Отабек бизлар билан гаплашгиси келмади, деб яхшигина учрашувни жанжалга айлантиришган эди. Яхшиям ҳалиги шоир дўстингиз бор эди, Маҳмуд Тоир, кетайлик десак, Нодира қизим йўқолиб қолган эди. У боғда болалар билан ўйнаб ўзоққа кетиб қолган экан. Ҳа ўша киши одамларни тинчлантириб қолган эди. Йўқ, бу ердан кўчиб кетамиз, ота-оналаримиз ёнидан уй-жой олинг, — деди Ферузабону.
— Майли онаси, сиз айтганчалик бўлақолсин. Бу йил учинчи маротаба узлуксиз кўрсатув ўтказамиз. Энди ниятим, мустақил Ўзбекистонимизнинг биринчи қалдирғочи “Наврўз” хайрия жамғармасини тузамиз. У кам таъминланган, ёрдамга мухтож, ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳақиқий малҳами бўлади, — деди Отабек ўз режаларини хотинига тушунтирар экан. Арз айтиб келган фуқаролар қайтиб кетиш учун ҳам маблағ сураган ҳоллари бор. Агар моддий ёрдам сўраб келувчилар бўлса, Президентимиз қабулхонасидан қуруқ қайтмайдилар. Бу хонадондан ҳеч ким норози бўлиб кетиши мумкин эмас, деган эди Юсуфбек хожи Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асарида. Биз ҳам ана шу қоидага амал қиламиз. Президентимизга ғояларимни сўзлаб бердим. Қўллаб-қувватладилар. Жамғарма ҳужжатларини рамийлаштиришга буюрдилар.
Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра, “Наврўз” хайрия жамғармаси ташкил этилди. Отабекнинг орзулари ўшалгандек эди. Бир неча йил ичида хайрия жамғармаларининг сони ўндан ошди. Кичик-кичик жамоат ташкилотлари ундан ҳам кўпайиб, уларнинг сони мингдан ўтди. Унинг устига, Отабекни Президент девонидан бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан ишдан бўшатишди. Кўп марта, айтиш жоиз бўлса, ҳар йили икки мартадан иш сўраб, Телерадиокомпания раҳбариятига ариза ёзиб борди. Лекин уни бошқа телевидениега қабул қилишмади. Бўзчи белбоққа ёлчимас, деганларидек етук журналист бўла туриб, ўзига мос иш топилмаса, тинмай меҳнат ва ижод билан банд бўлган одам, ўзига маълум бўлмаган сабаблар туфайли ишсиз қолса, алам қилар экан. У ҳам анойилардан эмас, жамғармада элликдан ортиқ хусусий ва жамоат корхоналарини ташкил этди. Хайрия лотереялари чиқарди, концертлар ўтказди. Жамғарма фаоллари “Ўзимиз ишлаб топамиз, ўзимиз хайрия қиламиз!” шиорини ўртага ташладилар. Жамғарма мамлакатнинг энг кўзга кўринган ташкилотларининг бирига айланди. У Президент ёрдамчиси лавозимидан кетганидан сўнг, атрофидагилари турли наъмалар чиқара бошладилар: Отабекнинг молиявий ишлар бўйича бирнчи ўринбосари бўлиб ишловчи Мирзакатта Ҳурсандов “ҳунар” кўрсатувчиларнинг раҳбарига айланди. Улар ўртасидаги зиддият жамғармани таназзул сари етаклай бошлади. Унинг ёрдамчиларидан бири бўлиб ишлаётган Зокир Расулов деган одам эса Отабекнинг қўллаб-қувватлаши ва тавсияси билан Вазирлар
Маҳкамасига масъул лавозимига ўтган кунидан бошлаб, ўзининг собиқ раҳбарига нисбатан тайъзиқни бошлаб юборди.
Президент девонидан ишдан кетмасдан сал олдинроқ Ферузабону уйида болалар билан ёлғиз ўтирарди. Отабекнинг Саидахон исмли талаба синглиси айвонда дарс тайёрлаётган эди. Ферузабону ҳовлида болаларининг кийимларини ювиб, қуритиш учун ёнғоқ дарахтига боғланган дор томон кетар экан, буталар орасида қандайдир шарпани сезгандек бўлди. У ортига ўгрилди. Бута остидан лоп этиб, бир нотаниш кимса ўтирган жойидан тик турди. “Кимсиз, сизга бу ерда нима бор”, дея Ферузахон қўрқиб кетди. Ўнг қўлидаги кир тоғора билан унинг юзига урди. Чопиб уй ичига яшириниб, эшикни кулфлаб олди. Отабек бу мўъжазгина уйни Америкага кўчиб кетган Александр исмли одамдан сотиб олган эди. Уй пулини ҳам қарз ҳавола билан бир амаллаб тўлашган эди. Аввалги уй эгаси ойна ва эшикларни темир панжара билан мустаҳкамлаган бўлиб, ҳалиги кимса эшикни очолмай бетўхтов жаврар эди:
–Эшикни очинг, опай, менинг эрингизда ишим бор, — дея ҳалиги кимса эшикни тортар, ойна панжараларига ёпишар эди.–Кетинг деяпман, ҳозир милиция чақираман, — деб Ферузабону телефонни қўлига олди.
* Мендан қўриқсангиз, ҳозир қўшниларингиз гувоҳлигида сизлар билан гаплашаман”, — деб ёши йигирма беш, ўттизларда бўлган ҳалиги кимса бир неча дақиқа кўздан йўқолди. Ферузабону вазиятдан фойдаланиб, Отабекнинг ишхонасига қўнғироқ қилди. Телефон гўшагини ҳеч ким олмагач, телевидение раҳбари Элбек Мусаевга сим қоқди, Отабекни сўради. У кишидан Мели Маҳкамов билан бирга қандайдир тадбирга кетганлигини аниқлади. Нима қилиш керак? Унинг хаёлига шу яқин ўртада ўқувчилар саройи бўлиб, у ерда дўсти Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилмурод Исломов болаларга доирадан сабоқ беришини айтган эди. Телефон дафтарчасидан унинг уй рақамини аниқлаб, аёлидан Дилмуродни сўради. Вазиятни тушунтиргач, унинг аёли ўқувчилар саройи телефонини берди. Сим қоқди. Дилмурод бир гуруҳ дўстлари билан ишда экан.
* –Келин, қўриқманг, — деди Дилмурод, — биз ҳозир беш, ўн дақиқада етиб борамиз!
Ферузабону уй ичкарисида болаларни маҳкам қучоқлаганича қалтираб ўтирарди. Ҳа айтгандек, 02 га телефон қилсамчи, деб хаёлидан ўтказди у. Энди телефон гўшагини ушлаган эдиямки, яна ҳалиги ҳириллаган товушдан чўчиб тушди.
–Мана қўшнингиз Гена, деди босқинчилик қилиб келган кимса, — мана у сизларни чақиряпти.
–Выходите Феруза, не боетесь!
–Нет-нет , позвоните милицию, — деди Ферузабону унга қараб.
* Но он просит. Ёнида хотини: –Он заставляет нас, что бы вы вышли». Уларнинг юз -кўзидан жуда қаттиқ қўрқув ва ҳавотир
сезилиб турарди. Қуролланган бўлиши мумкин, деган хаёлдан Ферузабону чўчиб тушди. –
* Мен танидим, бандитни, мен танимдим, дея эшикни тепа бошлади беш, олти ёшлардаги Зафар, — у мени ўғирлагани келган, пичоқни беринг, мен унга кўрсатиб қўяман, — болакай уй ичидан эшикка тирмашар эди.
— Опай ,агар эрингизни бекитмаётган бўлсангиз, уни чақиринг, у ёки бизнинг таклифимизга кўнади ёки яхши бўлмайди. Сизларга ҳам, тушундингизми? Мен уни шу ерда кутиб ўтираман. Сиз бизни яхши тушундингиз, милиция чақирмайсиз, ҳаммаси яхши бўлади, —деб ҳалиги кимса қўшниларга жавоб берди. Қўшнилар хабар қилишганми, нариги ховлида сирдарёлик Бобур ва Олимжон деган йигитлар ижарага турар эдилар. Улар девордан сакраб ҳовлига тушишди. Ҳалиги кимса дарвоза ичидан қулфланиб олиб, Отабекнинг келишини кутар эди. Улар муштлашиб кетишди. Талаба йигитлар спортчи бўлишларига қарамай ҳалиги кимсага кучлари етмас эди. Бобур калтак зарбидан ерга йиқилди. Олимжон эса девордан бир сакраб, кўчага қочди. Шу пайт ўн, ўн икки нафар йигитлар билан Дилмурод етиб келди. Улар муштлашдилар. Охири ҳолдан тойган ҳалиги кимсани бошига ғишт билан уриб йиқитдилар.
* Сени ким юборди, айт аблаҳ!,— Дилмурод ундан бирор нарсани билишга интиларди. Ҳалигини кимсанинг ҳаммаёғи қонга беланди. Уни боғланглар, дея Дилмурод кир иладиган симни еча бошлади. Босқинчи бир нафас назоратсиз қолди, ўзини бехуш кўрсатиб ерда чўзилиб ётиб олган эканми, сакраб ўрнидан турди. Уни тўсган йигитларнинг иккитасини навбатма-навбат тепиб йиқитди ва икки метрли девордан кушдек учдими, сакраб кўча бошида кутиб турган машинага ўзини урди…
* Отабек уйга қайтганида унинг уйи ёнида қуролланган милиция ходимлари, космонавтларга ўхшаб темир қалпоқ кийган аскарлар турарди. Эшик олдида Ферузабону уларга бўлган воқеаларни сўзлаб бераётган эди…
— Буни ким қилган бўлиши мумкин, — деб дарров сўроққа тутди гуруҳ раҳбари. Ферузабону эрини кўриб йиғлаб юборди. Зудлик билан жиноий иш очиб, тергов ҳаракатларини бошлашимиз керак.
Отабек бироз ўйланиб турдида, жавоб айтди:
* Йўқ, керак эмас, “шов-шув” кўпайиб кетади. Яқинда Халқ депутати шоир Эркин Воҳидовнинг машинасидан отилган ўқ излари топилди. “Шов-шув”, одамлар орасида ваҳимали гаплар кўпайиб кетди, — деди Отабек, — шундоқ ҳам вазият яхши эмас. Одамларни ташвишга солмай қўяқолайлик.
* Ўзингиз биласиз, — деди гуруҳ раҳбари, у қўл остидагиларга операция тугаганлиги ҳақида буйруқ берди.
Ўша куни Ферузабону ва Отабек ухлай олмадилар. Туни билан бўлган воқеалар таъсирида гаплашиб ўтиришди. Балки буни қандайдир сиёсий кучлар ташкил қилганмикин, дея ўй суриб ўйларига ета олмадилар. Балки
жамғармадаги Хурсандовнинг иши эмасмикин, деган хаёлга ҳам боришди. Лекин бу воқеанинг сабаблари хануз номаълумлигича қолиб келади.
* * *
Девордаги осма соат “чик-чик” этади. Занжир учига осилган оғир юкли темир учуқ яна пастроққа тушган эди. Ферузабонунинг хаёли қочган эди.У соатга қараб, бомдод намози вақти бўлганлигини билдида, тайёргарликдан сўнг жойнамозга турди. Бомдод намози бошланган пайтда тонг қушларининг ҳам сайраши тинди.
Президент девонидан Отабекни ишдан бўшатганларидан сўнг ҳам қизиқ воқеалар юз берди. Ундан кўпчилик амалдорлар, таниш-билишлар ўзини олиб қоча бошладилар. Ҳамкасбларига худо берди: “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деганларидек, турли гумонлар билан уни ҳам, Наврўз жамғармаси фаоллари ҳам телевизорга чиқармай қўйдилар. Отабек бу соҳанинг юлдузи эди. юлдуз бўлиб осмонда қолиб кетди. Аммо юлдузлар шуъласи у сўнгандан кейин миллион йиллар давомида ерга етиб келганидек, муҳлислар уни ардоқлар, уни кўришни орзу қилардилар. Шу боис бўлса керак, турли “миш-миш”лар тарқади. Отабек ташкил этган жамғарма тўлақонли ишлаётганлигига қарамай, , у тушкунликка тушиб борарди. Ижодий ишлардан бутунлай маҳрум бўлди. У ўзининг кўрсатувлари учун бош қаҳрамон сифатида яратган “Отабек образи” энди телеэкранларда кўринмай қолди. Аммо ўша қаҳрамон қобиғидан чиқолмай қолган инсон, бутун фаолиятини ўз ҳаётига кўчирди. Унинг айтишига қараганда, унинг қаҳрамони энди экранда эмас, ҳаётда фаолият юргизади. Жамғармага маблағ ишлаб топиш, ёрдамга муҳтож кишиларга, ногирон ва бева-бечораларга, ҳатто қарз, кредит олиб ҳам хайрия фаолиятини тўхтатмади. Янги ташкил этган “Инсон манфаатлари” ва “Буюк келажак” хайрия чипталаридан тушадиган маблағлар, сарф-харажатларни босиб кетиши мўлжаллаган эди. аммо ички ва ташқи сабабларга кўра, бу режалар барбод бўлди. Лекин мамлакат, давлат дастурларини бажарилишига қўшган “жамғарма хиссиси” йўқори баҳоланди. Унга “Меҳнат шуҳрати” ордени топширилди. Лекин бу пайтда у анчагина хатоларга йўл қўйиб улгурган эди. Ферузабону билан унинг оилавий муносабатлари ҳам кундан-кунга совий бошлади. Энди аввалги Отабек йўқ эди. Ана шундай кунларнинг бирида, жамғармада масъул котиб бўлиб ишловчи Илҳомжон деган йигит сим қоқоиб қолди:
* Ассалому алайкум, яхшимисизлар!
* Ўзингиз яхшимисиз, — деди Ферузабону, бу кутилмаган қўнғироқдан ҳайрон бўлиб, — эшитаман, уйдагилар яхшими, ука! Анчадан бери кўринмайсиз.
Ферузабону бу йигитни яхши танир эди. Унинг отаси Фозилжон Собиров Янгийўл шаҳрида жойлашган пахта заводининг директори бўлиб ишлаган, “пахта иши” юзасидан ўн уч йилга озодликдан махрум этилган эди. Унинг ўн уч нафар фарзанди бўлиб, Илҳомжон тўнғич ўғли эди. Унинг синглиси Муяссархон Отабекни кўчада учратиб қолиб, отасининг ва оиласининг бошига тушган муаммоларини сўзлаб, ёрдам беришларини илтимос қилиб, ариза ёзган эди. Бу масалани Отабек Ўзбекистон Олий
судининг раиси Убайдулла Қурбонович Мингбоевнинг ёрдамида ҳал қилиб берган эди. Қамоқдан қайтган Фозилжон ака аввал тўғри уларнинг хонадонига келиб, дуо қилган, миннатдорчилигини изҳор қилиб кетган эди. Отабек Илҳомжонни отасининг илтимосира биноан жамғармана ишга олган эди.
— Келин ая, — деди Илҳомжон ҳавотирланиб, — бизнинг ишхонамизда Раъно исмли бир жувон ишлайди. Ундан эҳтиёт бўлиш керак, акамнинг бошини айлантириб қўйиши мумкин. Олдинлари барча маъросим ва жамғарма ўтказадиган тадбирларга кўпроқ мен борар эдим. Ҳозир акамиз фақат у киши билан борадилар.
* Чиройлими, — сўради Ферузабону, — неча ёшда. Ёш келинми?
* Ҳа тузик, ёши йигирма учларда. Акам тадбирларда гул, совға-саломни қизлар тарқатганлари чиройли чиқади, дейди.
Ферузабонунинг юрагига ғулғула тушди. Энди шу ермай турган эди, деб хаёлидан ўтказди. Эри ишдан келганида инжиқлик қилиб, уни зудлик билан ишдан ҳайдайсиз, деб туриб олди.
— Ахир сизга нима бўлди, Ўзбегойим! Мен у жувонга нисбатан ҳеч қандай алоқам йўқ, — деди Отабек норозилик билдириб, — сизга бу хабарни ким етказақолди. У аёлни мен радиода учратиб қолдим. Дикторлар, суҳандонлар кўрик-танловида қатнашаётган экан. Ўта олмабди, ёрдам бергим келди. Бизда кадрлар нозири, референт лавозими борлигини айтган эдим, келибди. Синов муддатини уч ой қилиб белгиладим. Ҳаммадан яхши ишлади, рус тили ва адабиёти институтини битирган экан. Ишларни рисоладагидек бажарди. Бир неча марта мақтаб қўйган эдим, кўпчиликка ёқмабдида. Матбуот ходимлари куни тадбирга Раъно, Лола ва Илҳом мен билан бирга борди. Ахир соврин эгаларига гулларни аёллар берганлари яхши чиқади. Мен уни қандай бўшатиб юбораман, яхши иш бўлмайди. Ферузабону ҳеч нарса гапирмади. Жаҳли чиққанда атайлаб шундай қилар, Отабекни ялинишини яхши кўрар эди. эри ҳам бу ҳақда гапни чўзиб ўтирмади. Ферузабону дард-аламларини ота-онасига, кейин эса Гулнора синглисига тўкиб солди.
— Хо, энди у киши одам бўлиб қолдлар-да, бизникида яшаган пайтда бундай эмас эдилар. Қишлоқиларнинг ҳаммаси шунақа, яхшиликни билмадиган беандиша бўлади. Мен у хотинбознинг таъзирини бериб қўяман, — деб тўнғиллай бошлади акаси Шуҳрат. Эртаси куни Отабекнинг хонада йўқлигини билиб, Ферузабону синглиси Гулнора билан ишхонага боришди.
— Сенмисан, бировнинг оиласини бузадиган манжалақи, — деб Раънони раса калтаклади. Бу воқеа дўстга ҳам, душманга ҳам тез тарқаб кетди. Отабек нима қилишга ҳам боши қотиб қолди. Раънони бўшатиб юборса у бирон жойга арз қилиши мумкин. Унда нима бўлади? Унда Раънога кечирим сўраб, бошқа муносиброқ иш топиб бергани маъқул. Отабек бу ҳақда Раънога айтгач, у кўнди. Раис ўринбосари Диловар Насимовна билан келишиб, уни Республика Хотин-қизлар ташкилотига ишга жойлашди. Бундан Ферузабону хабар топиб, у ерга ҳам бориб тўпалон килди.
— Синглим, менга қулоқ солинг, — деди Диловар Насимовна,–Отабек яхши одам, бундай номақбул ишларни қилмайди. Сизга мен раҳбар сифатида
эмас, оддий аёл сифатида маслаҳат бермоқчиман. Сиз эрингизнинг шарманда бўлишини хоҳлайсизми? Албатта йўқ, — деди Диловар опа, — яқинда катта раҳбарларимиздан бирининг хотини шундай қилди. Устидан ариза ёзди. Нима бўлди, эри ўша котибасига уйланиб олди. Ўзи эса эгаллаб турган лавозимидан четлатилди. Кимга фойда, кимга зиён. Сиз менинг гапларимга қулоқ солинг. Отабекни мен ўзим тартибга чақириб қўяман.
Ферузабону тинчигандек бўлди. Эрини юзлаб хотин-қизлардан ишқий мактуб олганда ҳам кўнгли бузилмаганлигини яхши биларди. Ростдан ҳам хато қилиб, подадан олдин чанг чиқариб қўйдиммикин, деб ўйлади. Бин неча кундан сўнг яна бир гап эштди. Ўша куни Раъно ўз оиласи билан уришиб, уйига кетиб қолган дамлар экан. Хотин-қизлар ташкилотидаги бу жанжандан хабар топган қайнонаси, у киши ҳам хотин-қизлар фаоли, педагогика фанлари доктори Тўти Ғайбуллаева эди.У киши ҳам ўғлига муносиброқ оиладан қиз топган, бир боласи билан Раънони йўқотиш пайига тушган экан. Тўти опа Ферузабону билан телефон орқали гаплашиб, Раънони, унинг онасини роса “тасвирлади”. Бўлди-бўлди, Раънога бўлди, у эри билан ажрашиб кетди. Аниқроғи, барча ташвиш ва шармандагарчилик Отабекка бўлди. Унинг тўғрисида майда гаплар кўпайди. Балки Ферузабону ҳам устасифаранглар гапига учиб, хато қилиб қўйдими? Йўқ-йўқ бу хато эмас, деб кўнглидан ўтказди Ферузабону. Бу гап-сўзлар бекорга пайдо бўлмайди. Отабек билан Раъно ўртасидаги ушбу машмашалар уларни бир-бирига яқинлаштирдики, аммо безитмади. Ферузабогуга алам қилар, нима қилсин. Кун сайин Отабекнинг унга бўлган муносабати совиб борарди. Бу не кўргулик? Кўпчилик қариндошлар, яқинлар бундай бемаъни одам билан боланг ўнта бўлса ҳам ажралиш керак, бир гап бўлар, дейишарди. У болаларни боқа олмай қолишдан қўриқмасди, негадир болаларнинг отасини ҳеч кимга бериб қўгиси келмасди. Унинг устига, Отабек ҳам ўзгарди қўйди. Ҳудди у бошқа одамга алмаштириб қўйилгандек, телбанамо эди. Кўзига болалар ҳам кўринмай қолди. У қаёқдандир жой топиб, Раънонинг олдига кетди. Унинг назарида у энди янги ҳаёт бошлайди. Унинг тақдирида туп бурилиш юз беради. Яна аввалгидек ижод зинапояларида юксакликка чиқади. Бир неча кундан сўнг ц яна ўз уйга қайтиб келди.
* Бону,— деди Отабек кўзларига ёш олиб, — мен сизсиз, болаларимсиз яшай олмайман. Агар иложини топсангиз, мен аҳмоқни кечиринг, сизлардан ажралиб қолаётганим сари тубсиз чоҳга тушиб кетаётганга ўхшайман.
Девордаги соат “чик-чик” этиб, хуфтон намози пайти бўлганлигидан Ферузабонуни огоҳлантираётганга ўхшарди. У хў-хў, улар турмуш қурганларидан буён қанчадан-қанча воқеалар бўлиб ўтди. Аммо мана шу ўттиз йил худди бугун ўтгандек. Шу лаҳзаларда — ҳозир содир бўлганидек туюлаверарди. Буюк бобокалонимиз Абдулла Қодирий мавзуни “Ўтган кунлар…”дан белгиланган бўлсалар, улар худди “Бугунги кунлар..”ни ҳикоя қилган эканлар. У кишининг мавзулари, гўёки Ферузабону ҳаётидан олинганга ўхшайди. Муаммолар эса ўша-ўша. Буни қарангки, Отабекнинг исми ҳам, балки ўша Отабек шарафига айтилганми? Йўқ у асар — “Ўтган кунлар…” ҳақида эмас, “Бугунги кунлар…” ҳақида лаҳзаларга жойлашганми?
Бу умр дегани ёки бир нафас, бир лаҳза, ўтмиш ва бугунги кунни боғлаб турувчи ҳаёт риштасими?
У ҳаёт риштаси — сен қанчалар ширин ва аччиқсан, сен қанчалар қувончли ва қайғулисан. Ҳар иккисига ҳам одам босласи сабр қилиш керак. Ҳар иккисига ҳам шукур қилиш лозим. Отабек доим бир сўзни такрорлайди:
— Агар ота-онам тирик бўлганларида, балки бундай хатоларга йўл қўмаган бўлардим.
Ферузабонунинг қайнотаси ва қайнонаси ҳам, ўз ота-оналари ҳам дунёдан ўтиб кетишди. Уларни худо раҳмат қилсин. Демак, дунё дегани ўша лаҳза, ҳаёт риштаси. Тириклик ҳам ўша ўтмиш ва келажакни боғлаб турувчи тугунда жойлашган. Ахир, тугун текис эмас. Чирмовуқ, синов деганларимикин? Ана шу синовлар Аллоҳнинг илоҳий неъмати. Демак, вақт қиёматгача Аллоҳнинг қудрати билан жойида турар экан. У ердан одамлар яшаб ўтар эканлар. Отабекнинг “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” деб номланган кўрсатувининг рамзий маънаоси шундамикин? Ферузабону хуфтон намозига тайёрлана бошлади. Нариги хонада намоз ўқиётган ўғли Зафарнинг “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деган товуши эшитилар эди. Ферузабону таҳорат олганидан сўнг, онаси Раънохон опадан қолган қора адрас либосни кийди. Камзул сифатида эса отаси вафот этганида унга теккан пахта кўйлакни кийди. Сўнгра қайнонаси келинлигида совға қилган маҳсини кийиб, Отабекнинг она томонидан бобоси Қосимбой ота совға қилган жойнамозни солди. Бу буюмлар қачонлардир оддий нарса эди. Оддий буюмлар. Эндичи, азиз ёдгорлик сифатида Ферузабонунинг энг муқаддас нарсаларига айланган. Ўшанда Отабек билан унинг бобоси ва бувисини йўқлаб борган эдилар.
— Қизим, сиз катта шаҳарларнинг фарзандисиз, — деган эди Тўти эна, сочингизни худди ўғил болалардек кесиб олибсиз, ахир соч аёл кишининг, энг аввало, зийнати, қолаверса, иффатидир. Биз катталарнинг иши айтиб қўйиш. Мана бу оқ рўмолни менга ҳам қайнонам совға қилган. Уни мана етмиш йилдан буён авайлаб сақлайман. Сиз ҳам авайланг. Энди, ёнимга ўтиринг, — унинг бошига оқ попукли рўмолни соларкан, сўзини давом эттирарди, — бу Отабекнинг бобоси ҳам, ота-оналари ҳам эркалатиб юборишган. Ёшлигида қўрқоқ бўлиб қолган. Қулоғимдан олов чиқяпди, деб “дод” соларди. Бир куни эрта тонгда дарё бўйига юзини ювгани чиққанда дарёдан “вишиллаган” товуш эшитиларди. Сўнгра дарёнинг нариги қирғоғида минглаб одамлар “ушла-ушла” деб бақираётганлари кўзига кўринади. “Дод” солиб уйга қочиб киради. Қизим Эътиборхон бу болани кўрсатмаган жойи қолмади. Сўнгра бобосининг ёнига жўнатди. Бизникида анча юрди. Катта-катта домлаларни олиб келиб ўқитдик. Бир оз ўзига келгач, уйга қайтардик. У яхши гапнинг гадоси, ёмон гаприлса, бутунлай қулоқ солмай қўяди. Бобосини кўрганда, болаларим ҳам, набира-чеваралар зириллайди. У қаттиқ қўл, полвон одам бўлган. Энди ҳозир тўқсондан ошиб мулойим бўлиб ўтирибдилар.
— Ҳой кампир, яна менинг ғийбатимни қиляпсанми, — деб овоз чиқарди Қосимбой бобо, —унинг ўрнига сандиғингда сақлаган ширинликларингдан
олиб чиқиб, Отабекнинг олдига қўй! Ўндан ортиқ болаларим, қиз-ўғилларим, ўттиз, қирқта невара-чевара ичида фақат Отабек —Дадаёр бошқача. Бошқача бўлмаса, Тошкентдек шаҳри азимда ўқиб, телевизорга чиқадиган бўладими? Тошкентдек жойдан Ферузабону қизимни келин қилиб олиб келадими?
— Ана кўрдингизми, — деди Тўти эна, — Отабекни эркалатиб юборган — унга болаликданоқ китоб бўлса бас. Бобосининг эртак ва ривоятларини эшитиб катта бўлган.
Ўқиб айтиб берадиган хикоялари бўлса бас. Неча марта айтдим, намозга ўргатинг деб, йўқ яна ривоятлар.
— Болани чалғитма, унинг ишига зараримиз тегиши мумкин. Қудам раҳматли Мир Усмон хожини ҳам мулла бўлганлари учун сургун қилишган, — деди Қосимбой бобо.
— Қизим Эътиборхони, Отабекнинг отаси Ёқубжон ўқимишли олим одамнинг фарзанди бўлганлиги учун унга турмушга берганман.Майли вақти келганда йўлини топиб олар.
—Келин, менинг насиҳатим шуки, номозга киринг, — деди Тўти эна, — шунда яна ҳам бахтли бўласиз, Аллоҳ йўлингизни очади. Отаси, қизимга мана бу эскича китобингиздан бир оз ўқиб берсам, эслаб юради.
У авайлаб токчада сақлаётган бир неча китоб ичидан усти бахмал мато билан ўралган китобни олдида, эски ўзбек тилида — араб ёзувида битилган китобни очди. Варақлай-варақлай керакли мавзуни аниқладида, кўзойнагини тақиб, ўқий бошлади. У хона ёруғи етмаганиданми, ҳарфларни баъзан англай олмаганиданми, тутулиб-тутулиб ўқирди: “Хасан Басрийдан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Намоз ўқувчи учун уч каромат бор: яхшилик, унинг бошига осмон булутларидан сепилади, малаклар уни қадамидан то осмон булутларигача ўраб олишади, фаришта, банда ким нажот топишини билса эди, намоздан ҳеч ҳам чиқмас эди, деб нидо қилади. Бу кароматларнинг ҳаммаси намоз ўқувчилар учундир”.
Қатодадан ривоят қилинади: Дониёл алайҳиссалом Муҳаммад (с.а.в.) нинг умматларини сифатладилар: айтдиларки, “ улар ўқиган намозларни агар Нуҳ қавми ўқиганда эди, дарёга ғарқ бўлмасди. Агар Од қавми ўқиганда, тугамас шамол устиларига юборилмас эди. Агар Самуд қавми ўқиганда уларни чақмоқ олиб кетмас эди. Кейин Қатода айтдилар: “ сизлар намозни ўзларингизга вожиб қилиб олинглар, чунки у мўминлар учун яхши хулқдир”.
Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Умматим раҳм кўрган умматдир. Аллоҳ ихлослари, дуолари, намозлари ва заифлари сабаб улардан балоларни даф қилади”.
Ферузабону беш вақт намозни канда қилмайди. Зафар ҳам анча ўрганиб қолди. Фақат эри Отабек эса хануз ўша-ўша. Баъзан намоз ўқийди, баъзида эса, ишлар билан бўлиб, улгура олмайди. Журналист, ижодкордан чиққан одам, қандай қилиб молиявий ишларни бошқара олсин. Раис бўлганига ҳам, салкам йигирма йил бўлибди. Кейинги пайтларда тузилган жамғармаларнинг раислари ҳам икки-уч йилда алмашади ёки жамғарманинг маблағларини ўмариб қўйиб, жиноий жавобгарликка тортилади. Отабекнинг молиявий
ишлари бўйича муовунлари тез-тез алмашади ёки қамалиб кетади. Агар бир нафас хушёрликни йўқотса борми, эпчил муовунлари албатта, нимадир қилишади ёки муаммо туғдиришади. Айниқса, Мирзакатта Хурсандовдан ўлиб қутилмаса, тирик қутила олмайди. Унинг фитналаридан худо сақласин. Жамғармада атайлаб молиявий инқирозни юзага келтиришди. Отабекни ишдан йўқотиш учун шундай фитна ва найрангларни ўйлаб топишдики, бундай фирибларни анча-бунча айғоқчилик институтлари ҳам ўйлаб ёки ишлаб чиқолмайдилар. Дордан қочиб, тўрга илиндим, деганларидек, жамғармада юзага келган камоматларни ёпаман деб, яхши ниятда ташкил этган ташкилотни сақлаб қоламан деб, аниқроғи, яхши номини сақлайман деб, кейинги ўн йил давомида нималарни бошидан кечирмади. Эри Отабек кўп нарсаларга эътибор қилмаса ҳам, қилинган ёмонликларни тез унутса ҳам, унинг муҳолифлари икки ҳислатидан устамонлик билан ўз манфаатлари йўлида фойдалана бошладилар. Кўнгилчанлик оқибатида ҳаммага ишонди. Ўзига ишонгандек, ишонувчан одамлар худбин ва фирибгарларнинг ўлжаси ҳисобланади, машҳур одамлар эса, бошқалларни ишонтиришнинг асосий воситасидир. Бундай фикрга у ҳаёти давомида, секин-асталик билан келди. Фирибгарлик ва худбинлик Чингиз Айтматовнинг “Асрга тотигулик тун…” асаридаги “Жуаньжуван” деган босқинчи қабилалардан ҳам минг марта ваҳшийроқ, аблаҳроқ, улар томонидан хотираси йўқ қилинган манқурт эса ўз онасини, Найман онаси камон билан отиб ўлдирган. Манқурт эса худбин ва фирибгарлар жодусида қарзга ботган кимсадан кўра, пашшадек беозор туюлди унга. Фирибгарликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилганларнинг кўпчилиги худбин ва ашаддий фирибгарларнинг луқмасидир. Худди қармоққа илинган балиқ мисоли алданган одамлардир. Манқурт хотирасини унутган, насл-насабини танимаса ҳам бошига мия қамраб қўйилган халтага, унга биров тегса, жони оғришини яхши сезар эди. Унда тирик жонзодга берилган сезги сақланиб қолган, аммо қарздор бўлиб қолган одам эса, ўзини йўқ қилиш даражасигача етади, ўзини ҳам аямайди. Бундай одам тириклайин ўлиқ ҳолга келиб қолади. Худбин фирибгарларнинг ўзлари эса шайтоннинг измида бўладилар. Улар “Жуаньжуан”лар каби биргалашиб, гала-гала бўлиб, ўлжа овлайдилар. Уларга на донолар сўзи, на қонунлар, на бирорта ер юзида бас келадиган нарсанинг ўзи йўқ. “Жуаньжуан”лар замонлар ўтиши билан йўқ бўлиб кетди. Лекин худбин фирибгарлар на замонни, на чегараларни, на миллат, на дину диёнатни биладилар. Улар шайтонга илакишиб, дўзаҳга кирадилар. Уларга Аллоҳ бас келмаса, инсон зоти ҳеч қачон бас келолмайди. Катта амалдор бўлиб ишлайдиган ўша Рисқихоним исмли аёл, Отабекнинг ишларига ёрдам бераман, деб, не кунларни бошига солди. Ундан фойдаланиб, Отабекка бўлган одамларнинг чексиз ишончидан фойдаланиб, уни манқуртдан баттарроқ қарз балосига йўлиқтирди. Ўзи эса, ялло қилиб, далат-ма, давлат, шахар-ма, шахар юрибди. Эх, одамлар, нима қилиб қўйдинглар. Эри Отабек ҳам тилло эмас, албатта. Билиб туриб, чоҳга тушиб кетди. Бу нима кўргилик?! Ҳеч қачон, ҳеч кимнинг хаққига хиёнат қилмаган одам, бу балога қандай йўлиқди. Аллоҳ, ўзинг асра, эрим учун ҳам тавба қилай… Кечир
парвардигорим. Мана шу уйимиз, қани энди ҳаридор чиқса-ю, сотиб эримнинг қарзини узсам. Ферузабону ана шундай хаёллар билан изтироб чекарди. Мушкулларимизни ўзинг осон қил деб, ҳудога нола қиларди. Кейинги пайтларда шу биттагина уйим бола-чақаларимга насиб қилсин деб дуо қиларди. “Фақат бола-чақаларимга насиб қилсин, Ҳудо. Уй жой топилади. Аммо бола-чақаларим билан тинч-омон яшашдан катта бахт борми ўзи” — Ферузабону шуларни ўйлар экан, эрининг бошига тушган ташвишлардан яна ҳам эзилар эди. Уйни сотсам, тезда эримнинг қарзини тўласам, тезроқ у қайтиб келса, дийдор кўришсак, дунёда бундан улуғроқ бизга Аллоҳнинг неъмати бўлмаса керак, деган фикрларни дилига тугиб қўйди. Орамиздаги жуань жуанлар унга зуғм ўтказмаса бўлгани. Унинг хаёти ўзи қизиқ, олтмишни қоралаб қолса ҳам худди ёш боладек, яхши гапга кўниб кетаверади. Ўша 90-йиллардаги буюк узулуксиз кўрсатув арафасида, бўлғувси воқеага уч кун қолганда, у Ленинободда қаттиқ автомобиль халокатига учради. Машинадагилар омон қолишди. У эса ушбу тадбирни қоғозга тушуриб улгурмаган, видеолавхаларни йиғиб қўймаган эди. Бирор бир кор хол бўлса, узулуксиз кўрсатув нима бўлар эди. Аҳир унга Отабек икки йил тайёргарлик кўрган эди. Уни алмаштиришнинг ҳам иложи топилмаган бўлар эди. Ҳудонинг ўзи раҳм қилди, бутун бир мамлакат ахлини ҳар хил бало офатлардан сақлаб қолди. Андижондаги сайловлардан бирида ҳам унинг машинаси катта йўлда тўқнашиб кетди, ҳудо сақлади. Э, Аллоҳим уни олис сафарларда ўз панохингга олгин дея ,илтижо қиларди Ферузабону.
* * *
Ферузабонунинг Одилхўжа бобоси ҳам вафот этди. Уй-жойлар “катта ойи”си боқиб олган Мехрига қолмади. Уни ижарага чиқариб, катта ойининг укаси Неъматилла ака ўғлини шу ҳовлида уйлантирди. Бир йилдан сўнг қаровсиз қолган катта ойи, Санобархон опа ҳам вафот этдилар.
Одилхўжа бобо билан уй талашган Карима опа вафот этганида унинг битаю битта ўғли Ёдгор қўшнисиникида маст ҳолда ухлаб ётарди. Эрталаб Отабек хабар олгани борса, Карима она ўлиб ётибди. Бир неча кун олдин йиқилиб, оёғи синган экан. Шифокорга олиб борадиган кимса топилмабди. Ўғли эса, хатто мастликдан ўзига келмай қўшнисиникидан чиқа олгани ҳам йўқ. Унинг онасини қариндош уруғлар сўнгги манзилга қўйиб келишди. Одилхўжа бобо билан аммалари уй талашганларида “Уйинг ўзингга буюрмасин!” деб қарғаганлиги Ферузабонунинг ёдига тушди. Ўғли Ёдгорга келин топганларида Отабек, артистларни олиб келиб ,унинг тўйини ўтказиб берган эди. Одилхўжа бобо бундан хабар топгач, Раъно куёвинг ёмон бола эмас экан, деб дуо қилган эди, ўшанда. “Мен Каримани бекор қарғаган эканман, тавбав қилдим, тавба қилдим. Бу якка-ю ягона ўғил Ёдгор ўз онасини кўмишга ҳам ярамади-я” деб Одилхўжа бобо, пушаймон бўлган эди, раҳматлик ҳеч қанча вақт ўтмай, Ёдгорнинг жасадини ўз ховлиси ёнидаги ариғдан топишди. “Қўшни, вақтинчалик келиним билан ўғлим шу уйда яшаб туришса, Ёдгорга ҳам қарашар эди, дэб илтимос қилган эди”. Отабек руҳсат берган эди. Аммо энди бу кўргилик Ферузабонунинг онаси Раънохон ойи,
қўшниларнинг қилмишидан гумонсираб қолдилар. Гўё Ёдгор ховлини уларга сотган эмиш, ахир икки ой ичида бутун бир ховлининг пулини ичиб юбормайдику. Прокуратурага мурожаат қилишди. Хужжтлар жойида эмиш. Арз қиладиган энг яқин қариндошлар бўлсагина, уй масаласини қайта кўриб чиқар эмишлар. Ёдгорнинг яқин қариндоши, ажралиб кетган хотинидан бир қизи бор эди. Ферузабонунинг ака-укалари, сингиллари бу иш билан шуғулланишмади. Аниқроғи, улар буни хоҳламадилар. Отабек эса бир икки барта прокуратурага қатнади-ю, бошқа бу иш билан шуғулланишга имкон топа олмади. У ўзиниг муаммолари билан банд эди. Ўн йил давомида адолат излаб кирмаган эшиги, ёзмаган ташкилоти қолмади. “Отангга бор, онангга бор!” Шикоятчи, ёзувчи деган лақаб орттириб олди, аммо ҳеч қандай натижа топа олмади. Адолат, эзгулик илинжида куни маломатларга қолди. Ҳаммани химоя қила олган, ҳамманинг муаммоларини еча олган инсон Бугунги кунларда бечора ва нисор қалбга, мусофирга айланди.
Ферузабону бомдод намозини ўқиб бўлгач, Отабекка ҳам Аллоҳдан мадад сўраб илтижо қилди. Унинг юзини ёруғ қилгин, умрига, рисқига барокат бергин, деб дуо қилди. Сўнгра ўғли Зафар ҳар куни қайта-қайта томоша қиладиган “Бундан йигирма йил муқаддам…” деб номланган фильмни кўришга қўйди. Уни эри Отабек, ўн йил аввал, турмуш қурганларига йигирма йил тўлганлиги муносабати билан, сизга “Тасвирли мактуб” деб олиб келиб берган эди. Уни оилавий йиғинларда томоша қилиш одат тусига кирган эди.
Телевизор экранида ёзув пайдо бўлади. “Бундан йигирма йил муқаддам…”
Усти очиқ, қора рангдаги “Чайка” автомобили, унинг хайдовчиси эллик ёшлардаги рус киши, ўртадаги ўриндиқнинг чап томонида Ферузабону, унинг эгнидаги оқ харрир капрондан тайёрланган келин либоснинг бош қисмида қизил гул, оқ харрир рўмолни шамол ўйнаб, унинг юзини очар, такрор ёпиб қўярди. Унинг гўзаллигини бутун оламга кўз-кўз қилаётгандек. Орқадаги ўриндиқда эса Ферузабонунинг Ноилахон ва Нафисахон исмли аммалари. Нафиса аммаси суратга олаётган тасвирчидан, рўмолча ушлаган чап қўли билан юзини яширишга уринар эди. Отабекнинг опаси Шарофатхон эса чап томонда ўйчан ўтирарди. Отабек хикоя бошлашидан олдин, қўшиқ янгради. Ушбу қўшиқ хали Ўзбекистон халқ артисти бўлиб улгурмаган, ёш хонанда Нуриддин Хайдаров билан эндигина дастлабки қўшиқларини ижро эта бошлаган Нилуфар Султоноваларнинг “Сени ёдда сақлайман” дуэти.
Аламларда, хижронларда сени ёдда сақладим мен…
Отабекнинг овози — “Бундан йигирма йил муқаддам. Ушбу кино лавҳалар бундан йигирма йил муқаддам суратга олинган, уни “Кўзгу” студиясининг раҳбари, Қудрат дўстим билан уйимизнинг ертўласидан топиб чиқдик. Ферузабону, ёдингиздами ўша дамлар, зилзиладан кейинги йилларда Тошкент кўчалари эндигина обод бўлаётган эди. Бу Ноила опа, бу Нафиса амма, улар хозир орамизда йўқ, худо раҳмат қилсин. Сиз ўшанда усти очиқ “Чайка”да юришни орзу қилган эдингиз. Қани энди ўшанда имконим бўлганида, бутун оламни оёқларингиз остига поёндоз қилардим.
—Бу Шарофатхон опам. У ҳозир Андижонда яшайдилар, беш фарзанд ва невара-чевараларнинг бувиси.
Сўнгра тасвирларда Тошкент шахрининг марказий майдонининг ўша даврлардаги кўринишлари. Ленин хайкалининг пиллапоя қисмига Ферузабону билан Отабек гул қўймоқдалар. Ленин хайкалининг бош томони кесиб ташланган. Куёв келин еталашиб, бир бирларини қўлтиқлаб кетишмоқда. Гул қўйганларидан кейин, Ферузабону ва Отабекнинг чор атрофини ўраб турган қариндош уруғлар, курсдош дугоналар расмга тушаётган бахтиёр онлар тасвири кўринади. Сўнгра Ферузабонунинг узоқ қариндоши, Отабекнинг хамкасби Тохир Дўсмуҳамедов, кичик бир хазил қилган харакати тасвирга олинган. Отабек кино артистларига ўхшаб, сочларини катта қилиб, ўша дамларнинг расм-русм, одатларига монанд кийнган. У одатдаги куёвлар каби қора костюмда эмас, балки оқ костюм кийган, ўнг томонига, кичик ижодкорни акс эттирувчи белги тақиб олган эди. Тоҳир ака унинг ёнига келиб, дасхат олди. Во ажаб, хаётда ҳам ана шу башорат рўёбга чиқди. У 1990-йилда Ўзбекистоннинг энг машҳур кишилари рўйҳатидан ўрин олди. Фаришта “омин” деган экан, ўшанда. Отабек яна хикоясини давом эттиради.
— Ўша дамларда майдонларга гулчамбарлар қўярдик. Замонлар ҳам ўзгарди. Эндиликда бу майдон “Мустақиллик” майдони деб номланган. Ана Мунира, ана Махфуза, ана Тохир ака! Суратга олаётган мана бу йигит эса Нурилла. Ферузабонунинг укаси эндигина биринчи синфга чиққан Ғайратжон. ҲозИр у уч нафар фарзанднинг отаси. Ўшанда Ойиста опанинг болахонасида ушбу висол байрамини ўтказган эдик. Кўпчилик меҳмонлар сиғмай қолишган эди.
Дугоналаримиз, курсдошларимиз ҳозир қаерда эканлар. Сиз оила ташвишлари, уй юмушлари билан бўлиб, улар билан бошқа учрашмадингиз.
Тасвирларда, байрам ўтаётган давра, хонанда аёл, ЗАГС дан ўтиш маросими, узук тақиш, табриклар. Сўнгра хира тасвирда 5-6 ёшлар чамасидаги тўнғич қизим Дилноза, 3-4 ёшлардаги ўртанчи қиз —Нодира ва 6 ойлик Зафар акс этади. Кейин Дашнобод анорзорларида Отабекнинг оқсоқоллар билан суҳбати, ёшлардан олинган интервьюлар кўзга ташланади.
—Мен эса журналист сифатида одамлар хизматида, шаҳар ва қишлоқларда бўлиб, қўлимдан келганча уларнинг “қувонч ва ташвишларини” шерик бўлдим. Бу Дилноза, ўшанда у беш ёшларда бўлса керак, бу Нодира, ўшанда 4 ёшда, Зафар эса 3 ёшда бўлишса керак. Мана бу тасвирда эса ўғлимиз 6 ойлик чақалоқ эди.
Вақт билганини қилади. Бу лавҳалар аллақачон таъмирлашга мухтож. Улар бахтиёр онларимиз шохиди бўлиб, иккимизнинг тенгсиз муҳаббатимиз гувоҳи бўлиб, муқаддас оиламиз хақидаги ривоят бўлиб, бола-чақаларимизга, невара-чевараларимизга ёдгорлик бўлиб қолади. Ушбу кино лавҳаларни тасвирли мактуб сифатида сизга йўлламоқдаман.
Сизга мактуб ёзарман,
Ёшликнинг у онидан…
Турфа гуллар узарман,
Ёшликнинг чор боғидан…
Тасвирларда болалар табассуми, Ферузабону Зафарни баланд кўтариб, кулаётган онлари. Сўнг у ўғлини айлантириб учирди. Ва экранга қараб қотиб қолган сурат, сукунатдан сўнг “Ўзбек мадоннаси” тасвиридаги она ва бола суратига қайта жон киради. Юқоридаги кино тасвирлар қисқа-қисқа кўрсатилади. Отабекнинг бастакор Анор Назаров билан хамкорликда яратган “Умр” деб номланган қўшиғи янграйди. У Мустақиллик майдонида хор бўлиб куйланган, “Ўзбекистон мадхиясидан” кейиги байрам очилишини бошлаб берган санъат асари эди. Отабек унинг сўзларини оилавий кино тасвирларга мухрлади.
Ўтади, одамлар дунё эшикдир,
Келади одамлар, ватан бешикдир.
Бир бешик, бир она, бир марта умр,
Ота ҳам ягона Оллоҳим қодир.
Ватан ҳам биттадир ягона нодир,
Бу жон ҳам биттадир унга фидодир.
Ферузабону хаёл оғушида кино лавҳани томоша қилиб ўтириб, у ниҳоясига етганини ҳам унутиб қўйди. Телевизор ойнасида қотиб ёзув турарди…
“Кўзгу студияси ходимлари Отабек ва Ферузабонуларга бахт тилаб қоладилар”
Фақатгина деворга осиб қўйилган занжирли соатнинг “чак-чук”и хонадаги сукунатни бузарди. Бугунги кун ҳам ўтди. У ўтган кунлардан ўрин олди. Бомдод вақти ҳам бўлди. Бўлғувси кунлар Аллоҳ измида, у ёруғ келгай, иншооллоҳ. Ферузабону жойнамозга турди. Оллоҳ Акбар!