“Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим…”
(Миртемир)
1.
Одил Ёқубовнинг вафотини эшитиб, анча пайтгача ўзимга келолмадим. Раҳматли жуда яхши, самимий ва меҳрибон одам эдилар…
2004-йилнинг эрта баҳорида, хориж эллар сари кетишдан олдин Карим Баҳриев билан бир дона арман коньягини олиб, уйларига борган эдик.
Новомосковскийнинг Магнитагорский кўчасидаги анвойи гулларга бурканган ҳовлиларида Рамз Бобожон билан улфатчилик қилиб ўтирган эканлар.
У кишининг ўғиллари Искандар билан биз дўст эдик. У халқ хўжалиги (нархоз) институтида талабаларга дарс берарди.
Одил ака бизни кўриб “ана, Искандарнинг дўстлари ҳам келишди” деб саломимизга алик олдилар-да, суҳбатларини давом эттиравердилар. У киши бизни одатдагидай Искандарнинг олдига келишди деб ўйладилар, шекилли…
2.
Лекин биз Каримжон билан тўппа-тўғри уларнинг олдига бориб, коньякни стол устига қўйганимиздан сўнг, юзлари ёришиб кетиб, “Э-э, булар бизнинг ҳам дўстларимиз экан-ку” деб қувонч билан кутиб олган эдилар.
Ўша куни биз анча маҳалгача суҳбатлашиб ўтирдик.
Искандар институтдан ҳали қайтмаган эди, шекилли, биз унинг ҳам келишини кутиб, ўтириб қолган эдик.
Ўшанда Одил ака биринчи маротаба Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон Компартияси саркотиблигига сайлангандан кейинги илк учрашувларида мени сўраб суриштирганларини, Москвадаги СССР Халқ депутатларининг 1-съезди бўлиб ўтган кунлардаги мен билан боғлиқ баъзи ҳодисаларни хотирлаб, илиқ фикр билдирганларини ҳикоя қилиб бергандилар.
“Ўшанда мен Сизнинг отангиз ҳақида ҳам у кишига гапириб бердим, – дегандилар Одил ака. – Қашқадарёда ишлаганимда мен ҳам отаси ҳақида кўп яхши гаплар эшитганман. Исматни Қарши пединститутида партияга қабул қилишмай, ноҳақ қийнашганида, отаси Москвага – КПСС Марказий Комитетига бориб, ўғлининг ишини ижобий ҳал қилиб келганини эшитиб, Улуғ Ватан уруши иштирокчиси бўлган бундай адолатпарвар ва курашчан кекса коммунистга қойил қолганини айтиб: “Нега шундай одамнинг ўғли Тошкентда ҳануз ўз ўрнини топа олмади?!” деб сўраган эканлар Ислом ака.
(Суратда: Чапдан ўнгга – Исмат Хушев, Собит Мадалиев, Одил Ёқубов, Тохиржон Бўрихўжаев. Шверник кўчасидаги Москва давлат университети ётоқхонасида. 1980 йил).
Шу суҳбатдан сўнг Одил ака ўзининг ўринбосари ёзувчи Мамадали Маҳмудовга: “Исматга айтиб қўйинг, кўп куюнавермасин, яқинда ҳамма ишлари яхши бўлиб кетади,” – деб қувониб гапирганларини Мамадали ака менга айтган эди.
Лекин менинг кутилмаганда ҳукумат одамлари қаторига қўшилиб, амалдор бўлишимга асос ва пойдевор бўлган сиёсатчи арбоб Ислом Каримов билан санъаткор ёзувчи Одил Ёқубов ўртасидаги бу самимий суҳбат тафсилотларини мен ўша кунги ташриф асносида илк маротаба батафсил билиб олган эдим…
3.
…Одил Ёқубов Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида Бош муҳаррир бўлиб ишлаб юрган кезларида мен Ўзбекистон нашриётида куръер (нашриёт билан босмахона ўртасида қўлёзмаларни ташувчи югурдак) бўлиб хизмат қилардим.
Ишдан бўш вақт ва ё тушлик пайтларида Навоий кўчасининг 30-биносида жойлашган нашриётлар уйининг тўртинчи қаватида биз ёш ишчи ва хизматчилар Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Машраб Бобоев ва Низом Комиловларнинг ўзъаро шахмат ўйини мусобақаларини ажиб бир ҳавас ва ҳайрат билан кўп бор кузатганмиз.
Кейин йиллар ўтиб, Одил ака Асқад Мухторнинг ўрнига “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррири бўлган кезларда у киши билан бевосита учрашиб, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдик.
Унга қадар биз Одил акага яқинлашиш ва ё суҳбатлашишга журъат этолмасдик. У киши биз ёшлар учун етиб бўлмас орзу, илоҳий ва қўл етмас бир ёзувчи эдилар…
4.
Балоғат йилларида, студентликнинг олтин дамларида севгига зор хаёлларимизни остин-устун қилиб юборган “Муқаддас”, “Тилла узук” , “Биллур қандиллар” каби дилбар асарларни ўқиб, муҳаббатнинг бепоён кенгликларида шавқ ва завқ билан парвоз этарканмиз, ишқ ва вафо мавзусини ҳали ҳеч ким ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийдан кейин Одил акачалик теран ва покиза, латиф бир ҳолда таъриф ва тавсив этиб бера олмаган деб қатьий ишонардик.
Мана неча ўн йилларки, бизнинг қалбимизда Одил Ёқубовнинг дурдона асарлари боис меҳмон бўлган бу ишонч ва бу латиф туйғу ҳануз ўлган эмас…
5.
1984-йил Ростов Дон шаҳрида ҳарбий хизматни ўтаб бўлганимдан сўнг, йўл-йўлакай Михаил Шолоховнинг юрти – Вешенская станицасида меҳмон бўлиб, Ўзбекистонга қайтдим.
Сафар хотиралари асосида буюк ёзувчи билан Сталин муносабатлари хусусида “Сиёсатчи Сталин ва санъаткор Шолохов” номли бир нарсани қоралаб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бордим.
Одил ака ўшанда газета Бош муҳаррири эдилар. Ёзганларимни ўша заҳотиёқ ўқиб кўриб, бу мақоланинг манбаи борми Сизда деб сўрадилар.
Ростов шаҳридан сотиб олган Константин Прийманинг “Сталин ва Шолохов” деган суратларга тўла ҳужжатли китобини қўлларига тутқаздим.
Эртайиси куни Одил ака сафар хотираларимни “Шолохов Ватанида” сарлавҳаси остида газетада эълон қилдилар…
Кейин маълум бўлишича, “ўзлит” деган идоранинг воизи Комилов Одил ака билан Сталин масаласида анча тортишиб, Константин Прийманинг китобидаги ҳужжатларни кўрганидан кейингина, мақолани эълон қилишга изн берган экан.
Бу ҳақда Одил ака ўша Каримжон билан уйларига борганимизда “бир гап кеп қолди-да, Исматбой” деб ҳикоя қилиб берган эдилар…
6.
Талабалик йилларимизда Тошкентда биз билан бирга ўқийдиган олтиариқлик Алишер Ибодинов деган йигитнинг “Денгизчи” номли илк ҳикояси Одил аканинг “оқ йўл”и билан “Гулистон” журналида эълон қилинганида биз Алишерга жуда ҳавас қилган эдик.
Одил ака бу ёш ижодкорларни имкон қадар авайлаб, асради, ҳаётда ҳам ижодда ҳам қўллаб қувватлаб келди.
Бугун уларнинг учалови ҳам юртимизнинг таниқли ва салоҳиятли ёзувчилари бўлиб етишдилар.
Лекин бизга Одил акадан “Оқ йўл” олиш шарафи насиб этмади. Биз ёзувчи бўлолмадик…
7.
Одил ака билан асосан Москвада ўқиган пайтларимда хийла яқинлашиб, қадрдон бўлиб қолган эдик.
Ўзбек ёзувчилари Москванинг сўлим ва баҳаволи Переделкино, Малеевка, Барвиха каби СССР Ёзувчилар уюшмасига қарашли дам олиш масканларида ҳордиқ чиқаришни ёқтиришарди.
Жумладан, Одил ака ҳам.
Собит Мадалиев ўша пайтларда СССР Ёзувчилар уюшмасида Ўзбек ёзувчиларининг вакили сифатида хизмат қиларди.
Улар Одил ака билан менинг Шверник кўчасида жойлашган ётоқхонамга тез-тез меҳмон бўлиб келиб туришарди.
Бугун Сизнинг эътиборингизга ҳавола этмоқчи бўлган сурат ҳам Москвадаги ана ўша армонли кунлардан унутилмас хотира сифатида илк бор нашр этиляпти.
Унда Одил Ёқубов, Собит Мадалиев, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Бош прокурори Бўрихўжаевнинг ўғли Тохиржонлар билан мен яшайдиган университет ётоқхонасида, бир пиёла чой баҳона ўзъаро шахмат ўйини пайти акс этган…
8.
Кейин орадан йиллар ўтиб, Москва Давлат университетининг журналистика факультетини тугатиб, Тошкентга қайтдим.
Шаҳрисабз ва Қаршидаги мулозим бўлиш йўлидаги уринишларимдан сўнг яна Тошкентга – журналистикага қайтарканман, бу ерда яна Одил аканинг меҳри ва қўлловидан баҳраманд бўлган эдим.
1989 йилнинг май ойида Москвада ўтган СССР Халқ депутатларининг 1 – съездига ҳам шахсан Одил Ёқубовнинг тавсияси ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг йўлланмаси билан сафарбар этилган эдим. Бу аслида Одил аканинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган дўстим Ҳамроқул Асқарнинг ташаббуси бўлса-да, лекин унинг бевосита амалга ошишида Одил аканинг катта хизмати бор
Кейинчалик Ўзбекистон Президенти этиб сайланган Ислом Каримов билан ҳам асосан ана шу съезд кунлари яқиндан танишиб, қадрдон бўлиб қолган эдим.
Ҳаётимнинг Ислом Каримов боис маълум муддат давлат ва ҳукуматга яқин доираларда ўтганига ҳам, бугун ўйлаб қарасам, аслида Одил ака сабабчи эканлар…
9.
Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисод журналида Бош муҳаррир бўлиб юрган масрур ва шукуҳли кунларимда ҳам Одил аканинг сийловидан кўп бор баҳраманд бўлганман.
Мен ҳукуматга яқин бўлсам-да, Абдулла Орипов билан муносабатларимиз ўшанда бир оз совиб қолган пайтлар эди.
1992-йилнинг Наврўз кунларида Абдулла аканинг 50 йиллик юбилейи Алишер Навоий номли опера ва балет театрида нишонланган эди.
Кечани Одил Ёқубов бошқариб борганди.
Ўшанда мен нима жин урди-ю, Абдулла ака билан муносабатим яхши бўлмаса-да, уни табриклашга жазм қилдим.
Сўзга чиқиши мумкин бўлган ва юбилейга узоқ-яқиндан келган меҳмонлар рўйхатини Абдулла аканинг назаридан аллақачон ўтказиб олишган эди.
Менинг бу рўйхатларда, табиийки, номим йўқ эди.
Лекин мен негадир сўзлашим ва шеър ўқишим шарт деган хулосага келиб, Одил акага икки энлик хат ёзиб жўнатдим.
Билмадим, бир пайтлар Москвада инфаркт бўлганида қирқ кун ҳолидан хабар олиб турган шоир юбилейи менинг табригимсиз ўтиши алам қилдими, ҳар қалай ўшанда “мен ҳам гапиришим шарт” деган ўжар бир хулосага келган эдим…
10.
Во ажаб, хатни олган заҳоти Одил ака “Эндиги сўз навбати Абдулланинг шогирди, таниқли журналист Исмат Хушевга” деб эълон қилиб юбордилар.
Ҳолбуки, ҳали сўз навбатини кутиб турган таниқли ва аллома ёзувчилар талайгина эди.
Ажабмаски, Одил ака ҳам ўшанда Москвадаги айни воқеани эслаб, менга сўз бериб юборган бўлишлари ҳам мумкин. Чунки ўша шоир инфаркт бўлган жараён – Москвадаги ёзувчилар сеъздида у киши ҳам иштирок этган эдилар…
Зал бир лаҳза сукутга чўмди. Абдулла ака кутилмаганда типирчилаб қолди.
Одил ака эса ҳеч нарса бўлмагандек, менга табассум билан боқиб, “Бемалол, гапираверинг” деб далда бердилар.
Мен Абдулла аканинг бетакрор истеъдод соҳиби эканини айтиб, бир пайтлар ўзим яхши кўрган қизга бағишлаб ёзган ғазалларини ўқиб бердим…
Менинг “қовун туширмай” туппа-тузик гапирганимни кўрган шоир “хайрият” деб, енгил тин олади.
Лекин, барибир, эртаси куни кечки маҳал Ўзбекистон телевидениясидан эълон қилинган юбилей кечасидаги менинг чиқишим Абдулла аканинг талаби билан кесиб ташланган эди…
11.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси вазифасидан Одил аканинг ноҳақ олинишидек нохуш воқеа ҳам ҳануз хотирамда сақланиб қолган.
Биолог олим Жаҳонгир Ҳамидов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология бўйича котиби эди.
У киши бир куни Одил аканинг Дархондаги “дом”ига бориб, меҳмон бўлади.
Икки шиша коньяк ичилиб, тўрт соат давом этган “музокара”дан сўнг Одил ака “ўз хоҳишига кўра” ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беради…
Биз тўрт соат давомида Одил аканинг ўғиллари Искандар иккимиз Дархондаги пивахонада Марказқўм котиби билан улуғ ёзувчининг мулоқоти нима билан тугаркан деб юрак ютиб, пиво ичиб кутган эдик…
Мен ўшанда Девонга бориб, худди ўз отамни ноҳақ ишдан олганларидек куйиниб, эндигина Президентнинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган Мавлон Умурзоқовдан “нега бунақа бўлди, ахир, Ислом ака билан Одил аканинг муносабатлари яхши эди-ку” деб кўп сўрадим.
Шунда Мавлон ака” Шунақа бўлиши керак, Исматжон, мен бу ерда ҳеч нарса қилолмайман” деб жавоб берган эдилар…
12.
Биз мустақиллик йилларида “Ўзбекистон Қаҳрамони” бўлган Саид Аҳмад, Озод Шарафуддинов, Қаипберган Тўлипберганов, Иброҳим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби шоир ва ёзувчиларни яхши биламиз.
Лекин Одил ака ўз ижоди билан ҳам, ҳалол ва покиза ҳаёти билан ҳам уларнинг ҳар биридан бир неча поғона баланд эди.
Лекин негадир у кишига “Қаҳрамон” бўлиш насиб этмади…
Ҳолбуки, у киши бундай нарсаларга хоҳиш ҳам билдирган эмас. Парво ҳам қилмаган.
Лекин жамиятдаги бу ижтимоий ноҳақликка биз – унинг шогирдлари “парво” қилган ва бу адолатсизликдан эзилиб, қаттиқ ранжиган эдик…
13.
Бугун туни билан ўтириб, Одил акани эслаб, шу хотираларни ёзар эканман, ҳаётда менга шунча яхшилик қилган, суяб, қўллаб-қувватлаган инсонга бир пиёла чой қўйиб беролмаганимдан, кўнглини ололмаганимдан ўкинч туйдим, пушаймон қилдим.
Мен хориж юртларга кетарканман, бир оз ўтиб, аламларни унутиб қайтиб келаман, ҳали яна амалдор бўлиб, Одил акага яхшилик қилишга улгураман деб ўйлаган эдим.
Чунки, кейинги йилларда Одил аканинг ҳукуматдаги баъзи амалдорлардан бир қадар кўнгли қолганини билардим…
Ҳатто у кишининг “НАВРЎЗ” ресторанида ўтган саксон йиллик ошида ҳам мулозимлардан ҳеч ким келмаганини эшитиб, жуда қайғурдим…
14.
…Мен Одил аканинг “Диёнат”ини ўқиб профессор Нормурод Шомуродов образида ҳаётда кўп ноҳақликларни бошидан кечирган ўз отамни кўрган ва охир оқибат Одил акани ҳам худди отамдек яхши кўриб қолган эдим.
Бир кун келиб, иккинчи жаҳон уруши ва ўқитувчилик касби сочларини жуда эрта оқартирган жафокаш отам вафот этдилар.
Дунё кўзларимга тор бўлди! Тоғлар қулаб тушди елкамга! Бу номард ҳаётнинг шунақа бешафқат синовлари ҳам бор экан!
Одил аканинг “Диёнат”идаги Профессор Шомуродов вафот этганида ҳам унинг жияни Отақўзи билан баб-баробар куйган ва қайғурган эдим…
Ҳолбуки, бу воқеалар китоб эканини билсам-да, отамни қўмсаб, соғиниб, ич-ичимдан қаттиқ изтироб чеккан ва ўкинган эдим…
15.
Бугун яраларим яна янгиланди.
Бугун энди Одил акадан ҳам айрилдим.
Энди бу ёруғ дунёда ишонганим ҳам, илинжим ҳам қолмади ҳисоб…
Ҳаёт, сен ҳам англаб етасан,
Ҳеч иш келмас у пайт қўлингдан.
Сен бизларни ташлаб кетасан,
Поёни йўқ, мангу йўлингдан.
Умрин яшар бардош ва сабот,
Тарк этаман қисматларимни.
Сен бир куни кўрмайсан, ҳаёт
Сирожиддин, Исматларингни…
Лекин бугун тонгда ногаҳон нафақат Одил ака, балки шоир дўстим ёзганидек, умр ҳам ўтиб кетганини англаб етдим…
16.
Жойингиз жаннатдан бўлсин, Одил ака!
Амалидан олинганига аччиқ қилиб иродасизлик ва шаккоклиги боис, хориж эллар сари юзланган ва охир оқибат Сиздек диёнатли, буюк бир инсонни сўнгги манзил томон кузатишга ҳам ярамаган биз беоқибат ва нобакор шогирдларингизни кечиринг…
Хакикат гапни ёзибсиз ака. Мен ёш болалигимда Одил Ёкубовни “Шарк юлдузи” журналида босилиб чиккан асарларини укиб бу кишига мехрим тушган эди. Менинг фикримча халкимиз уз калбида бу кишига муносиб унвонини бериб булган. Шу халк вакилларидан бир сиз, бири мен. Сиз билан менга ухшаган у кишини севувчи, хурмат килувчи мухлислари эса миллионта. Кандайдир расмий мукофолардан кура, инсонга уз халкининг дилидан виждонан тан олиб бериладиган мукофотни урнини хеч нарса босолмайди. Илохим забардаст ёзувчимизни охиратлари обод булсин. Бу дунёда олмаган мукофотларини у дунёда, абадий дунёда олсинлар.
Хакикат гапни ёзибсиз ака. Мен ёш болалигимда Одил Ёкубовни “Шарк юлдузи” журналида босилиб чиккан асарларини укиб бу кишига мехрим тушган эди. Менинг фикримча халкимиз уз калбида бу кишига муносиб унвонини бериб булган. Шу халк вакилларидан бир сиз, бири мен. Сиз билан менга ухшаган у кишини севувчи, хурмат килувчи мухлислари эса миллионта. Кандайдир расмий мукофолардан кура, инсонга уз халкининг дилидан виждонан тан олиб бериладиган мукофотни урнини хеч нарса босолмайди. Илохим забардаст ёзувчимизни охиратлари обод булсин. Бу дунёда олмаган мукофотларини у дунёда, абадий дунёда олсинлар.